Матлуба Юсуф Охун. Хотин (ҳикоя)

Зайнаб енги узун кўйлагини ҳилпиллатиб издиҳомдан қайтар экан, маҳалла гузаридан чиқиб келаётган оқ рангли “Нексия”ни кўриб юраги шиғиллади. Кўчани шитоб босиб ўтиб тор йўлакка қисилди. Машина ўтиб кетгачгина йўлида давом этди. Кета-кетгунча юраги тўлиқиб, кўзларидан ёш қуйилди. Уйига келгач қўлидаги тугунини қўймай туриб, айвон деворига осилган ойнага ўзини солди. Қирқ беш ёшлардаги гўзал аёл боқиб турарди кўзгуда. Фақат рўмол четидан кўриниб турган сочлари оқарган, кўзлари маъюс. Баттар хўрлиги келди. Аламидан тугунини сўри четига улоқтирди.
– Аяжон, йиғладингизми?
Чўчиб ортига ўгирилди. Беғубор ёшлигини эслатувчи дуркун қиз унга чақнаб қараб турибди. Дарров кўзларини ишқалади.
– Йўғ-эй. Тез юрганимдан терлаб кетдим, – ёлғон тўқиди қизига.
– Кийимларингизни алмаштириб озгина дам олинг, мен унгача молларга ўт солиб келаман. Ҳасан-Ҳусанлар дадамнинг ёнига кетди, – Замира шундай деди-да, чаққон юриб кетди.
Зайнаб ўзининг уст-бошига қаради. Алмаштиришга лойиқ эмас, аслида. Икки йилдан буён тўй-тўркинга авайлаб кийиб келаётган ялтироқ матодан тикилган узун кўйлак, дадаси туғилган кунига совға қилган юмшоқ рўмол, ўтган йили сут сотиб тўплаган пулига олинган енгил пойафзал. Қўшни хотинлар бунақа кийимларни ҳув анув томорқасига кийиб юришибди, аммо Зайнаб ундай қилолмайди. Барига мана шу савил қолгур гўзаллиги сабаб. Билиб айтишган экан, чирой бошга бало деб.
Зайнаб қишлоқнинг энг гўзал қизи эди. Ортидан юрмаган, ошиқ бўлмаган йигитнинг ўзи йўқ. Ҳатто шундоқ қишлоқ чегарасига улашиб кетган катта шаҳарлик йигитлар ҳам унга маҳлиё.
– Уф-ф! Сени деб ташвишим кўпайгандан-кўпаяпти, – онаси кунда бир жавраб олади. – Ўқишингга тўғри бориб, тўғри кел. Одмироқ кийин. Акс ҳолда даданг уйга қамаб, остона ҳатлатмайди. Эсон-омон эгангга топшириб олайлик.
Онаси бекорга ваҳима қилади-да. Ахир ортидан келбатидан от ҳуркадиган икки акаси пойлоқчи-ку? Улар етмагандай, аммасининг ўғли кетидан соядай пойлоқчилик қилади. Баъзан чиройидан ғурурланади, баъзан эса хафа бўлиб кетади. Айтишларича, бундай гўзаллик унга катта бувисидан ўтган эмиш. Дадаси бундан жуда фахрланиб гапиради:
– Энамиз аслзодаларнинг авлодидан бўлган. Дадаси Худоёрхоннинг саройи­да хизмат қилган. Ўша замонда ҳам катта бувингнинг харидорлари мингта бўлганмиш. Ахийри ер-сувлари кўп бойга кенжа хотин қилиб беришган экан.
– Нафасингизни ел олсин. У замонлар ўтиб кетди. Оилам, болам-чақам дейдиган эсли-ҳушли йигит бўлса ўйланиб ўтирмай бериб юбораман, – онаси дадасини тергаб қолади.
Зайнабга на дадасининг мақтанишлари, на онасининг куюнишлари ёқади. Яна бир ёқмагани – қадамида сўроқ-савол:
– Қаерга бординг? Ким билан келдинг?
Шунинг учунми, қиз пайтидаёқ бу гўзалликдан зада бўлган. Дугоналари унга ҳавас қилгани баттар жаҳлини чиқарарди. Лекин шунча одамлар орасида аммасининг ўғли Собир бошқача. Юмшоқ гапиради, кўнглига қарайди. Унинг Йўлдош деган ўртоғи бор. Иккаласи доим бирга юради. Зайнабларникига ҳам бемалол келиб-кетади. Шунинг учунми, уйидагилари тергамайди, Зайнаб бу йигитлар билан бемалол гурунглаша олади.
Бир куни Йўлдош гап топиб келди:
– Зайнаб, нариги маҳалладаги Козим бор-ку. Шепповурнинг ўғли, шу устингдан гаров боғлабди.
– Гаров? Нима деб? – Зайнабнинг энсаси қотди.
– Сени олармиш. Ундан бошқасининг духи етмасмиш.
– Эсини ебди. Дадам эшитса тилини узади, – дея Зайнаб катта кетди.
– Менимча ундай эмас! – негадир Йўлдош маъюс эди. – Козимнинг дадаси район­даги манаман деганларнинг хизматини қилади. Пули кўп. Ошна-оғайнилари ҳам. Бирорта каттакон дадангга “қизингизни шунинг ўғлига беринг” деса, ноилож кўнади-да!
– Ўла қолсин! У Козим деганларини банги дейишади-ку? – Зайнаб ҳамон бепарво эди. – Ҳамма билади, дадам шунақа болага мени лойиқ кўрмайди.
– Менга лойиқ кўрармиди? – дабдурустдан Йўлдошнинг бу саволидан қизнинг кўзлари чақнади. Ҳатто бир зум анқайиб қараб қолди. Сўнг эса хахолаб кулиб юборди:
– Сенгами? Вой, ўлиб қоламан.Туя ҳаммомни орзу қилибди-да!
Йўлдошнинг ранги оқарди. Шартта ўгирилди-да, аччиғи билан кетиб қолди. Шу кўйи уларникига бутунлай келмай қўйди. Зайнаб аввалига бироз диққат бўлди, кейин ортиқча эътибор қаратмади.
Кейин ростдан ҳам уни Козим деганларига турмушга узатишди. Зайнаб бошида бироз йиғи-сиғи қилди. Куёв томондан келган антиқа сарпо, зеб-зийнатларни кўргач, уларга қувониб тегиб кетаверди. Қанча йигитлар куйиб қолаверди.
Эри ўта рашкчи эди. Остона ҳатлаб кўчага чиқармасди. Аммо Зайнабни ўзи истаганича аҳмоқ қиларди. Келинлик пайтида эртадан кечгача худди қўғирчоқ ўйнагандек ўн хил кийинишга мажбур қиларди. Бу ҳам етмагандек у ёқ-бу ёққа юргизиб устидан пул сочарди. Зайнабга бунақа бачкана қилиқлар ёқмаса-да, эрининг айтганини бажаришга мажбур эди. Бундай томошалар қизи туғилгунича давом этди. Замира туғилгач эса:
– Сен мени яхши кўрмаганмидинг ҳали? – дея уришни одат қилди. Чиройли юзлари калтак зарбидан кўкарди.
– Анов маймоқ Каримнинг хотини полвондай ўғил туғибди. Чунки у эрини яхши кўрган. Сен-чи, сен! – Козим бўкиргандан бўкирарди.
Қани бу бадқовоқ эрга жавоб айтишга юрак бўлса? Калтагини еб қолаверарди. Бундай азоблар қизи икки ёшга тўлгунча давом этди. Бир томонда уй қамоғи, иккинчи томондан эрининг бемаъни бачкана қилиқлари жонини ҳиқилдоғига келтирса-да, тилини тишлаб яшашга маҳкум эди. Негаки, ота-онаси: “Уйга қайтиб келишни хаёлингга келтирма, эр дегани шу бўлади, чиққан қиз чийдан ташқари”, деб ҳар борганида қаттиқ-қаттиқ уқтирарди.
Овсинлари ясаниб ҳали у тўйга, ҳали бу базмга кетар, у эса мўлтираб қолаверарди. Сўнг эса ўзини ўзи еб адо бўларди:
– Ажаб бўпти, чиройимга ишониб мана шунақа дабдабаларни истадим. Бу кунимдан ўлганим яхши. Бунақа бойга теккандан бирорта кетмончига текканимда эркинроқ яшармидим? Ёки анови Йўлдошга текканимда ҳам бахтли бўлармидим?”
Баъзан хўрлиги келганида қизини қучоқлаганича ўзига ўзи гапириб йиғлаб ўтирарди. Ана шундай азобли кунларда эри иситмалаб ётган бўлди-ю тузалмас касалга чалинди. Касалхонадан бери келмай қолди. Кимдир у деди, кимдир бу деди. Аммо тузалиш ўрнига баттар оғирлашди. Барибир кўз очиб кўрган эри экан, юраги ачиди. Ўша ёмон эрни ҳам соғиниши мумкинлигини ҳис қилди. Ёнига боришга отланди неча бор. Аммо қайнотаси рухсат бермади:
– Козим “келмасин” деяпти. Борганингиз билан тузалиб қолармиди? Уйда ўтираверинг!
Дами ичида, сўзсиз бош эгди.
– Бангилиги бошига етди эрингизнинг! Энди сал енгил нафас олиб яшайверинг, тузалиши даргумонмиш, – катта овсини унга ҳамдард бўлгандек гапирди.
– Унақа деманг! Минг қилса ҳам қизимнинг отаси, илойим тузалиб кетсин! – Зайнаб эрининг тарафини олди.
– Ўла қолсин. Тўғри айтишган машойихлар, дунёда битта малика бўлсанг ҳам битта жинни эркакнинг қулисан деб. Шунга лойиқсиз шекилли, овсинжон?
Зайнаб табиатан гапдон эмасди. Шу боис, овсинига қандай жавоб айтишни билмагани учун индамай қолаверди. Ўгай онанинг қизидек довдиради, бу хонадонда. Энг ёмони, қайнакалари у ёққа ўтса ҳам, бу ёққа ўтса ҳам қошини учириб, гап ташлашарди. Қўрққанидан уй ичидан чиқмай ўтирадиган бўлди. Иложи борича рўмолга ўраниб юрарди. Бир куни тунда хонасида биров юргандек туюлиб уйғониб кетди. Шартта ўрнидан туриб чироқни ёқди. Ҳеч ким йўқ. Бироқ эшиги қия очиқ эди. Дарҳол деразадан мўралади. Қайнакаси ҳовлида айланиб юрган экан. Юрагига баттар ваҳима тушди. Эртасига қайнонасидан рухсат сўради:
– Ўғлингиз тузалгунча уйда, ота-онамнинг ёнида яшаб турсам майлими?
Қайнонаси бу хонадонга ярашган тарзда, яхши аёл эди:
– Майли, уч-тўрт кун туриб келинг. Козимжонга ўзим тушунтираман.
Хурсандлигидан еттинчи осмонга учгандек бўлди. Шоша-пиша йўлга тушди.
– Сен қандай қизсан, эринг касал бўла туриб, бу ерга келибсан! – онаси эшикдан кирар-кирмас тергаб қолди. – Кўпроқ ўшаларнинг ишини қилиб, ўтидан кириб кулидан чиқишинг керак.
Зайнаб ичидаги гапларни онасига тил келиб айта олмади. Фақат:
– Қайнонам ўзи рухсат берди, – деди.
– Бўпти, бугунча қол, эртага кетарсан!
Зайнаб ўз уйида маза қилиб ухлаши мумкин бўлгани ҳолда туни билан ўйланавериб уйқуси қочди. Айтай деса опаси йўқ, синглисига дарду ҳол қилгани билан тушунмайди. Ака-укаларига тил ёролмайди…
Тонг отиши билан онаси тандирга ўт қалади:
– Ёғли патир ёпаман, сомса ҳам қиляпман. Ўзим сени олиб бориб ташлаб келаман.
– Йўқ, кетмайман, эрим тузалгунча шу ерда қоламан! – деди уйқусизликдан қизарган кўзлари ёшга тўлиб.
– Бекоргинани айтибсан. Эринг касал ҳолида ҳам эркак. Бу ердалигингни билса минг шубҳага тушади, – онаси айтганидан қолмади.
– У ерда-чи? Акаларининг ғалати қарашларидан безиб кетдим! – Зайнаб аламидан ичидаги ваҳимасини очиқ айтди.
Онаси “ялт” этиб унга қарадию, дарров жиддийлашди:
– Сен жувонмарг, ўзинг шунақасан. Чиройинг ҳам қуриб кетсин. Бўл тезроқ, тайёрлан, кетасан!
Она-бола катта саватни кўтариб эрининг уйига етиб келганларида эса дарвоза олдида одамлар гавжум эди.
– Козимжон узилиб қолибди! – қўшни аёлнинг пичирлаб айтган бу хабари Зайнабнинг қулоғини қоматга келтирди гўё. Дод солиб ҳовлига кириб борди. Келинлик уйининг ўртасидаги диванда эри ётарди. Юзи оқ дурра билан ёпилган экан. Уввос солиб юзини очишга уринди, бироқ қайнонаси тўхтатди:
– Энди номаҳрамсиз, қараманг унга!
Четга ўтиб йиғлайверди, йиғлайверди. Неча кунгача гунг-соқов бўлиб, ош-нон емасдан йиғлайверди. Ахийри ётиб қолди.
– Обориб қаратинглар. Кейин келар, – бу гал қайнотаси рухсат берди.
Уйига келгач ҳам ҳадеганда тузалавермади. Эрига куйиб бемор бўлдими ёки бундан кейинги тақдирининг қоронғилигиданми, ўзи ҳам тушунмасди. Аммо юрагида англаб бўлмас ҳадик бор эди.
– Қуда тоға, энди эл-юрт олдида опкетмасак бўлмайди, – бир кун катта қайнакасининг овози эшитилди ташқаридан.
– Бориб нима қилди, эри бўлганида бошқа гап эди, – дадаси рўйхушлик бермади.
– Идда сақлаши керак, шариат бўйича. Бунинг устига укамиздан ёдгор битта бола бор, – қайнакаси салмоқли жавоб берди. – Ўзимиз қараймиз. Зайнабхон ҳам синглимиз. Тенги чиқса, балки, узатармиз. Дадам шуни истаяпти.
– Раҳмат қудаларимга, шунчалик жон куйиктирибди. Аммо… Бир-икки кундан кейин ўзим обораман, – онаси дадасини босиб жавоб қайтарди. – Хижолат бўлманглар.
Шу куни уйида қиёмат жанжал бўлди. Дадаси билан Зайнаб бир тараф, ака-укалари билан онаси бир тараф. Охир-оқибат ранглари сўлиса-да, чиройи боя­гидек ярқираб турган Зайнаб қайнота эшигига қайтди. Кунлари ҳам, тунлари ҳам қўрқувда, худди бўридан қўрққан қўзичоқдек титраб-қақшаб ўтарди. Дам у қайнакаси, дам буниси унга меҳрибон бўлиб қоларди. Зайнаб эса қайнонасининг пинжига тиқилгани-тиқилганди.
Ҳар нарсанинг чегараси бор. Зайнабнинг ҳам сабри тугади. Тўғрироғи, қайнакаси остонасини ҳатлаб ўтмоқчи бўлган тунда юз берди. Зайнаб қизини бағрига босганича бурчакка қисилиб олди. У ғаддор кириб улгурмовдики, ташқаридан қайнотасининг овози келди:
– Ким у?
Қайнакаси “шип” этиб қоронғиликка ўтиб олди. Қайнотаси унинг хонасига яқин келди. Зайнаб шошиб ўрнига бориб ётиб, ўзини ухлаганга солди. Ҳаммаёқ тинчигач эса боласининг кийимларини бир тугунга жойлади-да, бу уйдан қочди.
– Сени туғмай мен ўлай, нега ўғрига ўхшаб кечаси қочасан? Дардингни айтиб, кундузи қайтиб келсанг бўлмайдими? – онаси ҳар доимгидек уни тушунмасдан дод солди. – Номусларга ўлдирасан сен бизни.
Ким нима деб ўйласа энди Зайнабга фарқи йўқ эди. Устидан тегирмон юргизишса ҳам эриникига қайтмайди. Шундай ҳам бўлди. Қайнотаси дарғазаб ҳолда келиб роса қарғади. Қайнакалари яна олиб кетишга уринишди. Бироқ бу сафар Зайнаб қаттиқ қаршилик қилди.
– Битта шарт билан бу уйда қоласан! – катта акаси унга мушт дўлайди. – Идданг тугаши билан чолдан харидор чиқса ҳам эрга бераман!
– Нима десангиз розиман! – Зайнаб алам-аччиқда рози бўлди.
Совчилар кўп келди. Аксарияти “қизини ташлаб кетсин” деган шартни қўйишди. Ҳозирги эри эса “боласи учун оламан” деган гапни айтди. Зайнаб ўйлаб ўтирмай рози бўлди. Чунки ота уйига сиғмай қолганди. Ҳали онаси, ҳали ака-укалари арзимаган нарсадан жанжал чиқариб, унинг устига бўҳтонларни ағдаришдан чарчашмасди. Ҳамма ишнинг бошида онаси тургач, ёлғиз дадасининг қўлидан нима келарди?
Хулласи, эрини унинг уйига келгач кўрди. Басавлат, суяги бузуқ, қўполгина. Машина тузатадиган уста экан. Эртадан-кечгача қорамойга беланиб юради. Гап­лари ҳам мулойим эмас. Дастлабига Зайнаб уни танлаганига афсусланди. Баъзан тунлари уйғониб кетар, ёнида ётган эрига қараб бу уйдан узоқларга қочиб кетгиси келарди. Бироқ биринчи эрининг калтаклари эсига тушгач, бунисининг феъл-атворига, юриш-туришига кўникишга уринди. Уни уриб-сўкмаса, қизига меҳрибон бўлса, яна нима керак? Кўнгилга битта уриб, сабр билан яшайверади-да.
Аста-секин иккинчи турмушига кўнди. Ҳатто, ундан Худойим бериб, Ҳасан-Ҳусан фарзанд кўрди. Эгизакларини бағрига боса туриб, раҳматли эри Козимни эслади. Эрини яхши кўрган хотинлар ўғил туғармиш. Наҳотки, қорамойга беланиб юрадиган эрини яхши кўрган бўлса?
…Мана, рўзғорга ўралашиб йиллар ўтаяпти. Бир кун уч боласини етаклаб ота уйидан қайтаётганида ёнидан машина ўтди. Чангида қолди. Ичида астойдил койинди. Худди уни эшитиб қолгандек машина нарироққа бориб тўхтади ва ҳайдовчи бошини чиқариб:
– Опа, узр, кўчамиз жа чанг-да! – деди.
Ва ҳар иккиси қотди-қолди. Чунки рулда Йўлдош эди. Зайнаб беихтиёр у томонга қараб юрди. Машина олдига келгач, ичкарига кўз қирини ташлади. Қоратўридан келган, чиройи ҳам унча кўзга ташланмайдиган аёл антиқа кўйлакда солланиб ўтирибди. Хотини!
Йўлдош қайта гапирмади. У ҳам бошқа қарамади. Шу куни уйига келиб роса тўлиб-тошиб йиғлади. Кўнгли бўшагач, кўзгу олдида ўтириб астойдил пардоз қилди. Пориллаб кетди. Ва бу гўзаллигини эридан аввал қўшни эркак сезди: “Зай­набхон, қанийди сиздай хотиним бўлса?” деса бўладими?
У худди биров орқасига тепгандай уйига қочди. Анчагача ўпкасини боса олмади. Кейин эса… ҳар куни ясаниб юрадиган бўлди. Эри хурсанд эди.
– Онаси, бундоқ ўзингга қараб юрсанг бўларкан-у?
“Гўл бўлмай ўл!” – деди ичида. Қўшни эркакка нозланиб қарайдиган бўлди. У ҳам бемалол эшикдан кириб келадиган одат чиқарди. Бир куни эса ўша эркакнинг балоғатга етиб қолган Замирага суқланиб қараётганини кўриб қолди. Наф­рати томоғидан тошиб тилига кўчди:
– Бу ер сизга карвонсаройми? Камбағал бўлсак баломи, бизнинг ҳам дарвозамиз бор!
Қўшни эркак ҳушёр тортди. Зайнаб эса дарҳол Худойимга тазарру қилди. Ахир, хиёнатга бир қадам қолганди. Астағфуриллоҳ! Қизига яхшироқ қарамабди-я? Катта бўлиб қолибди. Онасига ўхшаб чиройли бўлмаса-да, дуркунгина. Сал қолса унинг бахтига зомин бўларди.
Яна эски кўйлагига бурканди. Пардозни унутди. Чиройини ҳам.
Бугун йўлда келар маҳал оқ “Нексия”дан бекорга қочмади. Бу ўша – Йўлдош. Қарагани билан энди ҳаммаси бефойда. У бегона, бу бегона. Кўзгуга термилгани ҳам бефойда. Чиройлими, гўзалми, хотин. Қорамойга беланган бир эркакнинг хотини…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 6-сон