Отам Тўхтамурод Аҳмедов хотирасига бағишлайман
Нимадир керак бўлиб, эски қутиларни титкилади. Шу маҳал қути ичи аралаш-қуралаш бўлиб, бир нарса гиламга тушиб, юмалади. У эгилиб, қўлига олди: ялтироқ, яшил тугма. Кўнгли ёришди. Беихтиёр ёдига беғубор талабалик йиллари, олис етмишинчи йиллар ортида қолган ёшлик даври тушди.
* * *
Шундоқ ёнгинасидаги курант соати ўн бешта кам олтига келиб бонг урди. Ҳаво тунд, совуқ. У биргина енгил кўйлакда, устида кўк рангли жун жемпер. Худога шукр, кийимлари яп-янги. Бу йил ўқишга кирди, онаси авжи пишиқчилик пайти ҳовлидаги шотутни терди, бозорга укасини жўнатиб, соттирди, пулига ана шу кўйлак билан жемперни олиб берди. Янги кийим яхши-да. Кийсанг, ўзингни эркин сезасан, кайфиятинг ҳам кўтаринки бўлади, муҳими, атрофдагиларнинг камситгандай назарларини пайқамайсан. Қиз кийиб олган кийимлари тузуклиги учун ҳам автобус бекатида бемалол тураверди. Кун эса совуқ эди, ахир декабрь кирди.
Мана, қор ҳам учқунлаб турибди, автобусдан эса дарак йўқ. Эти жунжикди. У жемперини баданига яхшилаб ўраб олди: ана энди совқотмайди. “Мен совқотмаяпман, сираям”, – ўзига-ўзи қатъий шундай деди. Бу сўзлар ёрдам бердими, совуқни сезмай қўйди.
Бекатда анчадан бери унга ҳамроҳ бўлиб турган она-ўғил автобус кутиб чарчадими, ўринларидан туриб, пиёда кетишди, нарироққа бориб, такси тутишди-ю, жўнаб кетишди. Энди автобус бекатида якка ўзи қолди. Курант соати яна бонг урди.
Қор учқунлари ҳавода чирпирак бўлиб ўйнади. Бошини кўтариб, курантга қаради. Қор учқунлари кўзларига кирди, қорни кафтлари билан артиб, соатга яна қаради: миллари олтини кўрсатиб туриб қолди. Ҳозиргина учқунлаган қор энди расмана ёға бошлади.
Изғирин турди, совуқ жун жемперини тешиб ўтиб, баданига қадалди: “Йўқ, мен совқотмаяпман!” Қиз бекатда у ёқдан-бу ёққа юрди, назарида вужуди илиди. Бир, икки, уч… Ҳа-я, нега хаёлига келмаган экан, юриб санаса, вақт ҳам ўтади, совқотмайдиям. Санайвериб, икки юзтага етказган эди ҳамки, узоқда, ёғаётган қор тўзони ортида автобус кўринди-да, қор пардасини ёриб ўтиб, бекат сари яқинлашиб келаверди.
Қиз қувонганидан сакраб кетаёзди: мана, ахири автобус ҳам келди, у бўлса сира-сира совқотмади!
* * *
Куни кеча бўралаб ёққан қор бугун буткул эриди, совуқ ташлади. Ачиниш аралаш кибрли назар билан боққан ўзига тўқ хонадон қизлари бўлмиш айрим курсдошлари энди унинг биргина жигарранг кўйлагу кўк жемперда юришига аҳамият бермай қўйдилар. Балки улар бунга кўникишгандир? Қиз ўжарлик билан қўл силтади: энди шулар ола қарайди, деб ўқишга ҳам келмасинми? Ҳечам-да!
У совқотмайман, дея биргина кўйлагу жемперда ҳафтани салкам поёнига етказди. Ниҳоят шанба куни етиб келди.
Талаба зоти борки, уйга борар кунни интиқ бўлиб кутади. Аввало соғинч, кейин уйдагилар меҳри, ҳали дилидан кетмаган ўсмирлигу болалигининг ширин лаҳзалари, қадрдон жойлар ҳавоси, айтинг, кимни чорламаган?
Автостанциядан уйи томон шошилди: тез юрганидан нафаси ўпкасига тиқилаёзди. Азбаройи тез юрганидан терлаб ҳам кетди, исиб, жигарранг кўйлаги баданига ёпишди. Ана, ана, олисдан уйи кўринди!
Узоқдан укалари-ю, сингиллари унга пешвоз югурдилар: “Ана, опачам келяпти!”
Уни катта хушхабар кутаётган экан! Ука-сингиллари шошиб, ҳовлиқиб, ундан суюнчи олмоққа чоғландилар:
– Опача, опача, дадам сизга пальто сотиб олдилар!
– Шундай чиройли, ям-яшил! – шошиб, ҳовлиқиб деди синглиси Фазилат.
– Ўзиям қиммат, олтмиш тўрт сўм экан! – деди катталардай, худди киссасидан нақ олтмиш тўрт сўм чиқариб, пальто сотиб олгандай укаси Неъмат.
– Энди ҳадеб менга у керак, бу керак, деб хархаша қилавермай яхши ўқиларинг, дедилар ойим. Ахир опангга пальто сотиб олдик, дедилар! – насиҳат қилганнамо деди синглиси Адолат. – Битта биз эмас, сиз ҳам яхши ўқинг!
Улар шу зайлда қувонишиб, ҳовлиқишиб уйга кириб келишди. Қиз пойафзалини еча солиб, уйга кирди. Юраги севинчга тўлди, тўлқинланиб питирлади: энди унинг ҳам пальтоси бор!
Дадаси, ойиси билан наридан-бери кўришиб, пальтони кийиб кўришга ошиқди. Ҳа, Фазилатнинг мақтаганича бор экан, пальто ям-яшил, шундай чиройли, шундай чиройли! Тугмалари ялтироқ, кўзни олиб товланади, ёқалари ҳам бежирим! Иссиқ! У пальтони ечгиси келмай уй ичида айланди.
– Ёқдими, қизим? – сўради дадаси мамнун жилмайиб.
– Ёқмайдими! – деди у дадасига миннатдорлигини қандай билдиришни билмай.
У ўша қишда ҳам, ундан кейинги қишларда ҳам чинакамига сира совқотмади. Ҳозиргача ўша яшил пальто тафтини ҳис қилади. Бундан кейин умрида қанча-қанча пальтолар кийди, лекин ҳеч бири эсида қолмади.
Ҳозир ўйласа, ўша яшил пальто биргина унинг эмас, оиладаги ука ва сингилларининг зиммасига ҳам масъулият юклаган экан: аввало яхши ўқиш, яхши юриш, тарбияли, одобли бўлиш, борини тежаш, барига қаноат қилиш…
Ҳа, мана, орадан қирқ-қирқ беш йиллар чамаси вақт ўтибди. У ўша пайтлар бу туйғуларни ҳозиргидай ҳис қилмаган эди чоғи: аслида яшил пальто оиладаги ҳаммага, айниқса, унга бир синов, қилажак яхши ишлари, сабрларига ибрат бўларли мукофот бўлган экан.
У қўлидаги тугмани авайлаб яна қутига солиб қўйди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 4-сон