ХОТИРЛАШ
Шом кирди. Бутун кун дарвозада ўтирган ҳассакашлар жойларини тарк этдилар. Дарвозага туташ илиққина ҳужрага кирдилар.
Мотамдор хотинларнинг йиғи-айтимлари ҳам тинди.
Ҳовлига осойишталик чўкди.
– Бугун чакана совуқ бўлмади-я!
– Чилла, қишнинг чилласи-да!
Ҳассакашлар ҳозир бугунги мотамни унутгандай бўлдилар, об-ҳаводан баҳс этдилар.
Хотинлар ўтирган, катта чойшаб парда қилиб тортилган пешайвонда аста гангир-гунгир овозлар эшитилди.
– Моҳира, тузукроқ чой дамлаб келсанг-чи, тур!
Ўртада оёқларини кўрпачага узатиб ўтирган кайвони хотин давра четига омонат ўрнашган бўйчан қизга юзланди. Қиз уёқ-буёққа аланглаганча эриниб чойнакни олди. Бойлаб қўйилган ипи узилганми, бирдан “шарақ” этиб, чойнак қопқоғи ерга тушди.
– Кўзингга қарасанг-чи!
Қиз даврага бир назар солди-да, чой келтириш учун пастга тушди.
– Моҳи, айвонда кимлар бор? – озғин, узун бўйли йигит қизга юзланди. У негадир бошидан дўпписини олди-да, уёқ-буёғини тузатиб, яна қайта кийди.
– Ҳамма. Амма-холаларим… – гапиргиси келмагандай жавоб қайтарди қиз.
Йигит қизнинг жавобидан қониқмай, айвон зиналаридан бир-бир кўтарилди. У зинапоядан туриб, айвонга разм солди. Сўнг бир қарорга келдими, қатъият билан айвонга чиқди. Дабдурустдан айвонда ўтирган хотинлар даврасига аланглади.
– Ке, ке, Аслиддин!
– Ия, ўзимизникилар экан-ку! – деди йигит ўнғайсизлангандай.
– Ҳамма кетди, ўзимиз қолдик,– деди деворга суянган нозиккина сарғиш хотин. Бу – аммаваччаси.
Аслиддин бу гапни эшитиб, шундоққина эшик яқинига чўкди.
– Шундай яхши кундан буюрди-я бувимга…
– Совуқ бўлсаям, кунни айтмайсанми, кунни, қуёш чарақлаб, очилиб кетди… – Тоғаваччасининг ким биландир дилдан суҳбатлашгиси келаётганини сезгандай деди бурчакдаги аёл. – Раҳматли бувим ўзиям жаннати хотин эди-да…
– Мастура опа, сизлар кўрмадинглар, ўзиям гўрнинг ичи бирдан ёришиб кетди. – деди тўлқинланиб йигит. – Ҳамма ҳайрон, аср бўлишига қарамай, гўр ичи ёп-ёруғ, ҳамма ёқасини ушлади денг.
– Ҳа, Худо раҳматига олган бўлсин… Ўзиям ажойиб хотин эди-да аммам. – деди ўртадаги кайвони хотин. – Нима қиламиз энди, орқамиздаги суянчиғимиз, паноҳимиз эди. Бир куни денг, Толибнинг оёғи синиб ётибди, Худо жазосини бергур хотини кетиб қолган. Шунда аммам мени чақириб олиб, обдан насиҳат қилдилар. Энди сен шайтонга ҳай бер-да, келинингни опке, Оллонинг тақдирига бўйсун, дедилар. Гапларига кирдим, мана, Толиб тузалди, оёққа турди, оиласи бутун бўлди. Майли, менга қарашмаса қарашмасин, ўзидан тиниб кетди.
– Эҳ, бувимнинг ўгитлари… – деб гап бошлади Аслиддин. – Бир кун денг, устамнинг инжиқликлари жонимдан ўтиб кетди, ҳунар ўрганмасам ўрганмадим-да, бор-э, деб кетвордим. Шундан бувим хабар топиб, мени сўроқлабди. Борсам, шундоқ насиҳат қилдилар… Нон есанг ҳам оғзингдаги нечта аъзо ишга тушади, шуни биласанми, дедилар. Биргина нон-а, шу нонни ейиш учун тишу оғиз, жиғилдон, ошқозон… Осонгина луқма қайда бор? Устамнинг қовоқ-димоғи деб гулдай ҳунарни ташлайсанми? Шу бувимнинг гаплари билан устамга қайта шогирд бўлдим. Ўзингиз кўринг, бугун ўзим пичоқчи уста бўлдим… Ёмонми касбим? Худога шукур, бировдан камим йўқ, элга баҳоли қудрат хизмат қилиб юрибман…
Тун алламаҳал бўлди. Гап гапга уланди. Ҳамманинг буви ҳақида ўз хотираси бор эди. Кўнгиллар бойлиги – хотиралар. Ана шу хотиралар сўйланди, ўтмиш дақиқаларни ёдлаш билан кўнгиллардаги жудолик ғами алами аригандай бўлди.
– Бир куни аммам…
БИР ТУН
Вақт неча бўлганини фарқ қилолмади. Хона ташида шивир-шивирлар тинди. У ўрнидан туриб ўтирди. Бирдан эшик очилгандай бўлди. Остонада ўғли Жаҳонгир юзида табассум билан шундай онасининг ёнгинасига ўтирди, елкаларига қўлларини қўйди:
– Мени ўлди, деб ким айтди сизга? Бекор гап! – у сесканиб теварагига аланглади.
Ўғли бирдан онасининг ёнидан турди-да, хонада уёқдан-буёққа юра бошлади.
– Ўша куни нима бўлди, биласизми? Болалар билан гаплашдик, билмаган эканман, Маҳмуднинг Латифада кўнгли бор экан. Ўзи нима гап, десам, бир тавбангга таянтирмасамми сени, дейди. Шу десангиз, бир тўда болаларни ҳам эргаштириб олибди. Қарасам, бари ўзимизнинг болалар. Ҳей, болалар, ақлинглар борми, десам ҳам миқ этишмайди. Улар мени…
Ўғли қўлларини силкиганча ўша куни нималар бўлганини қизғин ҳикоя қила бошлади. У қўлларини чалмаштирди, кейин бориб хона бурчида турган курсига ўтириб олди.
– Ойи, сиз сира хавотир олманг, ҳаммаси жойида! – ўғли бирдан ўрнидан турди, онасига яқинлашди: – Мана, менга ҳеч нима қилмаган, ҳаммаёғим бут-бутун…
Жаҳонгир қўллари, оёқларини узатди, онасига кўрсатди:
– Мана, мана…
У сапчиб, ўрнидан туриб кетди. Бориб, хона чироғини ёқди. Хонани аланглаб қаради, атрофда ҳеч ким йўқ эди.
– Жаҳонгир болам!
Кўксидан фарёд отилиб чиқди.
Бир маҳал эшик очилди.
– Опа! – бирдан қаршисида ташвишли қиёфадаги синглисини кўрди.
– Ой-йи! – зорланган бу кенжа ўғли.
У кирувчиларга олазарак қаради.
– Ўзингни қўлга ол, Назокат! – шундай деди кейин хонага кириб келган эри. – Шундай куяверсанг, уёқда ўғлимизга қийин бўлади.
Эрининг бу гапларидан у ўзига келгандай бўлди. Эри ўғлини: “… уёқда”, деди! У бу гапга ишонгиси келмай, кирувчиларга нажот билан бир-бир қаради.
– Йўқ, йўқ!
Бу сўзлар унинг остонадагиларга берган жавоби бўлди. Бу сўзларда наинки ғам-андуҳ, она оҳу ноласи, қарғиши, фарзанди қотилларидан олинмаган интиқом ҳислари мужассам эди.
Ўғли Жаҳонгир билан, ўғли Жаҳонгирсиз ўтган яна бир тун…
ЭЪТИРОФ
Шу кунларда кайфияти йўқ эди. Унинг бундай руҳсизлиги боисини бир ўзи эмас, яқин-атрофидаги бари яқинлари-ю, таниш-билишлари билади. Эрининг жазмани бор! Худди бирор айб иш қилгандай, одамларга кўринолмай қолди. Ҳа, аксар аёлларнинг назокат, нафосат танловидан Зебо исмли нотавон аёл – ўзи ўтолмай қолди! Мағлуб бўлди!
Осмонда булутсиз кун борми, жазмансиз эр борми? Дугонаси Ҳамиданинг кулиб-кулиб айтадиган шундай гаплари бор эди. Жуда шайтон-да Ҳамида! Бу кечага мана шу дугонаси Ҳамиданинг қистови билан келди. Кейинроқ даврага кириб келган уни ўтирганлар сезиб-сезмай қолди. Узоқдан Ҳамида дугонасини кўриб, олдига келди, шивирлаб сўрашди. Кейин пастроқда ўтирган малоҳатли аёлга имо қилди.
– Ана унга қара, ўша… – қулоғига шипшиди дугонаси.
У дугонаси шивирлаб кўрсатган жувонга разм солди. Аёл бошини мағрур кўтарганча қаддини тик тутиб ўтирарди. Ён томондан аёлнинг нақшин юзи кўринди, орқасида долчинранг сочлари мавжланди. Ёнидаги ҳамроҳи жувонга бир нималар дея эгилди, у бирдан бошини кўтарди, ўгирилиб, орқасига қаради. Шунда у аёлнинг юзини кўрди. Бу юзда осойишталик, мамнуният ҳислари акс этди. Ним табассум қилган бу чеҳрада ўзига, мислсиз назокатига бўлган ишонч қанчалар жам эди! У ҳозир ўзига ҳайрон қолди: бу аёлдан нега нафратланмади? Нега? Нега неча-неча тунлар ўзига азоб берган, умид билан бир ёстиққа бош қўйган эрининг суюкли ёрига айланган маккора аёл қиёфасини кўра туриб, юзини ўгирмаяпти, рақибасини илгаригидай ёмон кўрмаяпти?
Беихтиёр зимдан ўзини бу жувон билан таққослади: асабий, ҳамиша ўзини камситилгандай жонсарак, безовта бўлган, эр хўрлигидан маҳзун Зебо… Балки илк бор ўзига сиртдан разм солди: у рақибасининг устун жиҳатларини кашф этди, эътироф этди!
Беихтиёр ана шу эътирофдан енгил тортди, бутун вужудини неча оқшомлар эзган хиёнат алами бирдан тарқагандай бўлди: у мардона тан олди!
Эҳтимол ана шу эътироф синган, эзилган аёл иродасига эш бўлар, яна ким билсин…