Маъсума Аҳмедова. Кечмиш ҳисоби (ҳикоя)

Уйдан асабий чиқди. Хотинига бирор нима дейишга ҳадди бўлмади. Тўғриси, гапни кўпайтирмади. Устига-устак, машинанинг аккумулятори ҳам ўтириб қолибди.
Жаҳл билан ерга тупурди. Хотинининг бетўхтов вайсашини эшитмай деб ёмғирпўшининг тугмаларини устма-уст қадаганича кўчага шошилди.
Қараса, троллейбус келяпти. Чопиб чиқиб олди. Аслида, такси тўхтатса ҳам бўларди. Энди бу троллейбус деганлари шундай тошбақаюриш қиладики, тушиб олиб яёв югуриб кетгиларинг келади. Эрталаб бир кайфиятинг бузилиб, ишинг юришмаса, тамом, охиригача юришмайди. Энди қачон етиб боради-ю… Машинага ўрганган одам, жамоат уловида юриши қийин экан. Бир қур троллейбус ичига назар солиб чиқди. Шунда қулоғига таниш, жудаям таниш овоз эшитилди. Эшитилди-ю, шуурини ағдар-тўнтар қилиб юборди.
— Мастура опа, ишга бориб турибсизми? — ёшгина овоз ёнидаги аёлдан сўроқларди.
— Ҳа, айланай, бормай бўладими. Уйдаям эзилиб кетаркан одам. Пича бетобланиб қолувдим, ўтиролмадим, сиқилиб кетдим. Бор-э, деб ишга чиқиб олдим.
У беихтиёр овоз келган томонга ўгирилди. Ўгирилди-ю, юраги орқасига қалқиб кетгандай бўлди.
У қачонлардир бир кун келиб, қизни учратишини, юзма-юз келишини ҳис қиларди. Лекин уни ҳеч қачон бундай кайфиятда, бундай рафторда кўраман, деган ўй хаёлининг бир чеккасидан ўтмаган эди.
Аёлнинг юзлари осойишта кўринарди. Чамаси, у ҳеч нимага даъвогар ҳам, умидвор ҳам эмасди. Бир пайтлар шу аёл, ҳа, бир пайтлар шу ёшгина қиз кулганича, бари ўтар-кетар, лекин хотира қолар, дерди.
Қизнинг башорати ҳақ чиқди.
Киши бориб-бориб келажак орзулари билан эмас, ўтмиш хотиралари билан яшаркан. Эсида, бари эсида. Ўшанда шундай қўшиқ бўларди:

Эҳ, кечки поезд, кечки поезд,
Севиклимни олиб кетдинг-а…

Бу қўшиқда қайғудан кўра беташвиш оҳанг, шўхчан оҳанг мужассам эди. Қуёшнинг сўнгги нурлари оламни ғарқ этаётган палла. Куй тинимсиз янграйди, шўх садолар хонани тутади. Қуёшнинг сўнгги нурлари остида, кечки поезднинг рельсларни тарақлатиб келишидан темир йўл чеккасидаги заъфарон тус девонагуллар, яшил майсалар титраб кетади. Аслида ҳеч қандай поезд рельсларни гумбурлатиб ўтмайди. Бу, шунчаки, қўшиқ қўзғаган таассурот, холос.
Теварак файзли ёз шоми ҳам эмас.
Ташқарида қор майдалаб, эзилиб ёғяпти. Буни узун симёғочларга осилган чироқлар нуридан пайқаш мумкин.
Қиз куй оҳангига монанд ирғишлайди, димоғида қўшиққа жўр бўлади.
У тўсатдан аёл ўтирган суянчиққа яқин боргиси, аёлнинг кифтларига қўлини қўйиб, ўзига қаратгиси, кечки поездни… сўроқлагиси келди. Хаёлига келган бу ўйдан ўзи уялиб кетди.
Яна… яна кенг пахтазор эсида. “Кенг пахтазор. Ҳамма далада”. Бу сийқаси чиқиб кетган иборани ўшандан ҳозирга довур бамайлихотир ишлатиб келишади. Қиз ўшанда узоқлардан унга пешвоз югуриб келди. Ҳа, ҳа, ўшанда улар, еттинчи синфдагилар пахта теришга чиқишган эди. Қиз эса олтинчи синфда ўқир, ўшанда дадасинингми, уйларидаги кимнингдир ўрнига пахтага чиққан эди.
Ҳа, ориққина қиз елиб келди-ю, қўлидаги тушликда нон билан ейман, деб олиб келган бир бош узумни унга ташлаб кетди. Хаёлида шу манзара михланиб қолди. Олислардан истиқболига югуриб келаётган нозиккина қиз… Қўлидаги узумни унга ташлаб, ортига қайтаётган қиз…
Кейин… бир сафарги куз ёдида қолган. Ўша, хотирасида қолган ягона куз.
Колхоз боғи, жарлар орасидан мунгли оқаётган сой. Дарахт шохларида тинмай “чириқ-чириқ” қилаётган қушлар. Атроф сокин. Одамзотнинг “тиқ” этган товуши эшитилмайди.
Шу қиз иккаласи жийда теришга, жийда хазанакка чиқдилар. Иккалови жийда теришга тутиндилар. Жийда дегани қани эди топила қолса. Сабаби, жийда аллақачонлар қоқилиб олиб кетилган. Фақат оёқ остида шитирлаган хазонлар орасидан чирик жийда иси гуркирайди. Баҳорда тўлиб-тошиб, кўпириб оқаётган сойда энди тиниқ сув жилдирайди. Одамлар боғлардан кўчиб кетган, ёздаги гавжум кулбалар энди ёлғиз, сўниқ.
Ҳозир ҳам қулоқлари остида ўша сукунатнинг овози жаранглайди. Улар ўшанда куз сукунатига бирга қулоқ тутдилар. Тугаб бораётган куз уларга ял-ял ёнган баҳордан аълороқ бўлди.
Ахир, қачон, қачон бу беғубор ёшлик дамларидан, бу кунлардан қайтиш бўлди? Қачон ахир?
У, хом сут эмган банда, бундан ҳам тотли онлар келажак, бундай ҳам гўзал кунлар бўлажаклигига қатъий ишонган эди.
Яна улар бир сафар тонгни бирга қарши олдилар. Эрта тонг чоғи қалбда кечган ажиб ҳисларни, кўнгил ҳолатини бирга-бирга тонгни қарши олганлар айтсин.
Қиз унинг пинжига суқилганича, ғалати ҳислар қуршовида, пичирлади:
— Айтинг, айтинг, киши ҳеч ўзи севган, ишонган нарсасига хиёнат қилмайди-я?
У ҳа, деди. Ўша пайтда ҳа, дер эди. Ҳозир-чи? Энди, орадан кўп йиллар ўтиб, англаса, қиз ўшанда ўзи ишонган-ишонмаган, шубҳа қилган саволларига ундан жавоб излаган экан.

Эҳ, кечки поезд, кечки поезд,
Севиклимни олиб кетдинг-а!

Пластинка чарчамай айланади, тинмай айланади, рельсларни тарақлатиб поезд елиб ўтади. Темир йўл бўйидаги кўм-кўк майсалар, девонагуллар ўтиб кетаётган поезд зарбидан титранади.
Қиз курсига чўкканича, рўмолчасини ўйнайди. Бир йигитга, бир ерга қарайди. Йигитнинг эса юраги негадир хижил. Ҳозир ҳам ўша пайтда нега ичи хижил бўлган-лигини, кўнглидан нималар кечганини аниқ айта олади: бу қиз унинг келажаги эмас эди! Ҳозир ўзини-ўзи топтагиси, тепкилагиси келади. Хўп, келажагинг ким бўлди, нима бўлди, галварс?!
Қиз ўшанда ётоқхона курсисига ўтириб, қўлида рўмолчасини ўйнаганича машъум ҳақиқатни айтди. Бўлгани бўлди, деди, энди нима қиламиз, деди. Ўшанда у қулоқларига ишонмади. Хонада уёқдан-буёққа юрди, бошини чангаллади.
Қиз ўрнидан турди.
— Нега бунчалик эзиласиз, нари борса… — қиз ғарибгина жилмайди.
— Нари борса, тўй қилармиз, ҳе, сени…
У шунда одобнинг барча чегараларидан чиқди. Қабиҳ сўзни оғзига олди. Ўшанда, бир оз кейин ҳам ўша ҳақорат сўзини айтганига пушаймон бўлган эди.
Қиз беихтиёр йигит қаршисига борди. Тили калимага келмади, титради. Унинг эса жаҳли бўғзига келди, қаршисида турган қизни итариб юборди.
Қиз ерга муккасидан тушди. Аста туришга интилди. У қизга қарамади, хонадан сапчиб чиқиб кетди. Эшик тарақлаб ёпилди.
Энди билса, ўшанда ёшликка, ўша кунларга хиёнат бўлган экан… Одамзот ношукур-да, ҳимматни билмайди.
Ёдида, ўшанда машъум фалокат, деб ўйлаган, даҳшатга тушган ҳодисага тунлари, кунлари чора излаганлари… Ҳозирга келиб ўзини оқлашга сабаб, чора излаяпти.
Эсида, ўша кунлари ҳамкурси: “Чиқаркансиз, бир қиз сизни сўраяпти”, деб қолди.
Шу пайт товонигача қалтироқ турди. Ичида қизни янди, койиди. Ташқари чиқди. Дилида минг бир баҳонани рўкач қилди. Деворга суяниб турган қизни кўриб, дарсдан кейин гаплашамиз, дейишга оғиз жуфтлади.
Қиз уни кўрди. Йигитга пешвоз юрди. Қизнинг ҳолатидан гўё ҳеч нима бўлмади, ҳеч ҳодиса рўй бермади.
Ўшанда у қизни танимади.
Қизнинг овози ҳозирга довур қулоқлари остида жаранглайди:
— Ҳозир, гапириб бўлай, кейин кетаверасиз. Фақат мени кечирсангиз бўлгани, — қиз ўша бир вақтлар, аҳил дамларидагидай андак ғамза, андак эркалик билан сўзларди: — Уришмайсиз-да. Ўша куни сизга ўша гапни… ҳазиллашиб айтган эдим.
— А? Нима? — Шу топ ўз овози ўзига бегона туюлди.
— Айтяпман-ку, ҳазиллашдим, деб. Агар… шундай бўлса, сиз қай аҳволга тушаркинсиз, сизга бу қандай таъсир қиларкин, деб синагандим. Шунинг учун айтгандим. — Қиз ҳеч нима бўлмагандай хуррам кулди.
Кейин, қизнинг ўша ҳолатини кўп эслади, кўп хаёлида тиклади, бўлмади. Ўшанда чин кулдими, ёлғон кулдими, билмади.
Шундан кейин у қизни асло кўрмади. Ўшанда қиз қайси гапни гапириб уни алдади — буни ҳам билмади.
Бу унга жумбоқ бўлди. Тўғри, ўшанда хавф, тўфон ўтиб кетди, зилдай масъулият юки елкасидан ағдарилди.
Кейин, эсида, жумбоқни ечмоқ умидида қизни излаб ўқиш жойига борди, тополмади. Қишлоқдан излади, топмади — қиз изсиз йўқолди.
Қишлоқдагилар, қизни шу шаҳарга ўқишга кетганича қайтмади, деди. Шаҳардан эса тополмади. Кейинчалик қишлоқдан, онаси бечора қизи дардида куйиб кетди, Мастура турмуш ҳам қилмабди, деб эшитди.
Нимаики эшитса, бари мишмиш бўлди. Мана, ҳозир орадан қанча йил ўтгач, калласини бир жойга қўйиб ўйласа, кўнглининг бир чеккасида қизнинг ўша гапи, ўша воқеа… чин бўлганлигига амин бўлади. Шунда ўзини қўйишга жой тополмайди.
Мана, аёл осойишта кетяпти. Маъюсгина, ғарибгина кетяпти, дунёдан шундай ўтяпти. Кўнгли музтар бўлди. Беихтиёр олдинга интилди. Ҳозир уни тутиб қолмаса, сўрамаса-сўроқламаса, оёғига бош урмаса, ғафлатда қолади, у дунёсию бу дунёси куяди…
У шошқалоқлик билан олдидаги одамларни итариб, ўша суянчиққа яқин борди. Чақираман, деди. Нафаси бўғзига тиқилиб қолди.
— Кап-катта одам, нега туртасиз? — ёнида турган бақалоқ хотин унга ғазаб қилди.
Шунда аёл ўрнидан қўзғалди.
— Бўпти, Мастура опа, яхши боринг.
— Бўпти, жоним, хайр.
Троллейбус “ғийқ” этиб тўхтади. Аёл ўрнидан турди, эшикка борди. Бир муддат ҳамроҳига ўгирилди.
У ҳовлиқди, жон-жаҳди билан аёл томон интилди. Шунда кўзлар тўқнаш келди. Аёл уни пайқамади. Билмади, танимади. Унинг эса сўзлашга мажоли бўлмади.
Ўткинчи-кеткинчилар йўлда тушиб қолди. Аёл ҳам тушди-кетди.
У шоша-пиша ойна томонга ўтди. Юзларини ойнага ёпиштириб қаради.
Наҳотки, уни танимай адаштирган бўлса? Наҳотки? Ахир ёнидаги ҳамроҳи ҳам, Мастура опа, деди-ку! Йўғ-э, ана, бўй-басти ҳам, юриши ҳам ўша-ўша-ку. Ана, аёл аста кетмоқда. Кулранг ёмғирпўш бари эпкиндан силкиниб-силкиниб кетмоқда.
Бошини мағрур кўтарганча, хотиржам кетмоқда.
Троллейбус ғазиллаб кетди. Шу пайт назарида аёлнинг кўзлари троллейбусга интиқ, шошилиб тикилгандай бўлиб кетди!
Ахири кулранг ёмғирпўшни кўз илғамай қолди. Анча ортда қолиб кетди.

1991.