Неча кундан бери ичи ғаш. “Нима қилсам экан?” – деган савол уни қанча вақтдан бери қийнайди.
Эрталаб уйдан қандай чиққанини билмади. Эри кеча оқшом ҳам уйга келмади. Ўғли шамоллаб қолган чоғи, қув-қув йўталди, овқатдан номига тотинган бўлиб, беҳол ётиб олди. Қизи эса хонасидан чиқмай, компьютердан бош кўтармади. Нима қиляпсан, деса, кўрмаяпсизми, ойи, дарс қиляпман-ку, дейди. Ҳали учиниб турган ўғлини ўраб-чирмаб аранг мактабга кузатди, қизи эса шунча ялинса ҳам иштаҳам йўқ дея нонушта қилмасдан ўқишга жўнади.
Мана, неча ойдирки, шу аҳвол, ҳаммаларининг кайфияти йўқ. Эри кун ўтказиб, қўйни-қўнжини тўлдириб, бозор қилиб келган бўлади. Кейин уйга бирровгина қўниб, аллақандай сафарларни важ қилганича яна қочиб қолади.
Юраги алангайи оташ бўлиб ёняпти. У нима гаплигини аллақачон сезган, барини англаб етган эди: “Эримнинг жазмани бор!”
Аёл қалби хиёнатни дарров сезади…
Қулоғига олислардан онасининг байт айтган овози чалингандай бўлади:
Кет десанг, маҳшар кетарман,
Ҳаммадан хўрлик ёмон…
Ўшанда онаси димоғида хиргойи қилган байтнинг мағзига тушуниб етмаган экан… “Бундай яшаб бўлмайди! Тезроқ эри билан гаплашиб, орани очди қилиб олиши керак, бугуноқ! Керак бўлса ажрашади, ўзини ерга уриб ўтирмайди. Эрими, ана, катта кўча, истаган томонига кетаверсин! Токи хотини, болаларининг юзини қилмай бошқасини маъқул кўрибдими, ўша топган жонони билан яшайверсин!” У ўйлаб-ўйлаб шундай қарорга келди.
Ишга келса, кабинети олдида анча одам тўпланиб қолибди. Бугун муҳим иши бор, қачон кўриб бўлади шунча аёлни? Йўқ, бекорга ваҳима қилган экан, қабул куни тугамасданоқ кўриб бўлди уларни.
– Дилдора, қаранг-чи, яна биров қолдими? – дея ҳамширасига юзланди-да, телефонини чиқариб, соатига қаради.
У эрининг ишхонасига айтмасдан бориб, гаплашиб олишни режа қилган эди. Қўнғироқ қилиб борса, эри атайин телефонни кўтармайди, кўтарсаям бирор баҳона қилиб, суҳбатни кейинга қолдиради, бу аниқ. Эрининг шундай қилишини кўнгли сезарди.
– Ҳабиба Комиловна, ҳеч ким қолмади шекилли, – ҳамшира шундай дейишини билади, бирдан эшик қия очилди, бир жувон бош суқиб хонага мўралади.
– Мумкинми? – жувон ийманибгина сўради.
– Киринг! – деди ноилож.
Ўттиз беш ёшлар чамасидаги озғингина аёл аста унинг қаршисидаги курсига чўкди. Жувон руҳсиз кўринар, анчадан бери сартарош қўли тегмаган шекилли, бир шаклга келмаган сочларини орқасига сочтўғнағич билан шунчаки йиғиб қўйганди. Эгнига ҳам туссиз кофтаю қора юбка кийган, оёғига илган туфлисининг чанги артилмаган, хуллас, унинг афт-ангори неча кунлар оғир беморга қараб ўтирган одам кепатасида, тушкун, ҳорғин кўринарди.
– Эшитаман, – у олдидаги қоғоздан кўзини узиб, аёлга қаради.
Жувон бир неча муддат нима дейишини билмай каловланиб қолди.
– Доктор… – жувон нима дейишига ҳайрондай бир ютиниб олди. – Мен…
– Гапиринг… – жувонни тезгина кўрмоқчи эди, шу сабабли унинг чайналишидан бетоқат бўлди. – Хўш?..
Жувон ахири ўзини қўлга олди. Омонат ўтирган курсига жойлашиб ўтирди. Сўнг шартта деди:
– Мен туғмоқчиман!
Жувон бу сўзларни шундай қатъият билан айтдики, у ажабланиб аёлга қаради. Худди назарида аёл сўзлари унга: “Мен ўзимни ўлдирмоқчиман!” – дегани каби жаранглади.
– А? – шундай деди-ю, кейин ичида ўзини койиди. “Аёллар доктори бўлсанг, аёл киши ҳузурингга нима учун келади? Унинг дардларидан бири – туғиш бўлса, нега ажабланасан?”
– Доктор, мен шунга сизга кўринай, анализлар бўлса топширай дегандим, – деди жувон энди осойишта. Афтидан, у ўзини босиб олган, доктор қабулига нима мақсадда келганини тушунтиришга қодир бўлиб турарди.
У одатда қабулига келган аёлларга савол бергани каби сўради:
– Ёшингиз нечада? – аёлга синчиклаб назар солди. – Болаларингиз борми?
Жувон доктордан айнан шу саволни кутгандай, безовта бўлди, ўзига келдими, бироздан сўнг деди:
– Ўттиз олтига чиқдим, иккита ўғлим бор.
“Мендан тўрт ёш кичик экан”, – негадир хаёлига шу ўй келди. Бу ўйни хаёлидан қувди-да, яна жувонни сўроққа тутди:
– Қийналасиз, ёшингиз катталик қилади, – деди зимдан жувонга разм соларкан. – Бор экан-ку ўғилларингиз, шуларни катта қилавермайсизми? Ёки қиз кўрмоқчимисиз?
Жувон каловланиб қолди, қаерга қўйишни билмагандай қўлларини асабийлик билан тортқилади. Сўнг секин деди:
– Барибир…
Унинг тоқати тоқ бўлди, телефонини очиб, яна соатга қаради: қабули тугаб қолибди, ахир бугун ўта муҳим ишни бажаришни мўлжаллаган бўлса… Бу жувоннинг бошқа дарди бор, кўриниб турибди. У қўл силтади, туғмоқчи экан, туғавермайдими, унга нима? Шошилиб: “Мана шу анализларни топшириб келинг, ана, ҳамшира ёзиб беради. Кейин сиз билан гаплашамиз”, – демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган, энди ўрнидан туришга ҳозирланган эдики, жувон чаққонлик қилиб қолди:
– Эримнинг ўйнаши бор…
У жувоннинг бу сўзларини эшитиб, ўрнига қайта ўтирди. Назарида бир онда аллақандай ҳамдардликка ўхшаш ғалати туйғу бутун вужудини қамраб олди.
– Шунинг учун туғмоқчиман, – жувон ниҳоят ичидаги борини тўкиб, енгил тортгандай докторга қаради. – Учта болани ташлаб кетолмайди.
У сўнгги қарорини қатъий айтган жувонга бошдан-оёқ қаради. Бошқа пайт бўлганида, ҳа, бундан бир йиллар муқаддам бўлганида ҳам шундай масалада қабулига кирган бу жувонга: “Синглим, сиз яхшиси, аввал психологга бир кўрининг, маслаҳатини олинг, кейин олдимга келасиз”, – дея мулойимлик билан кузатиб юборган бўларди. Лекин ҳозир…
– Бола эркакни ушлаб қолади, деб ким айтди сизга? – у қаршисида ўзига бениҳоя умид билан тикилган жувоннинг кўзларига қаради. – Ишонинг, бу йўл билан муносабатларингизни сақлаб қололмайсиз.
Бу гапларни қандай айтди, бу сўзлар тилига қайдан келди, ўзи ҳам билмайди. Яна сўзлар кўнглидан қуйилиб кела бошлади:
– Кўнгли яримларни кўпайтириб нима қиласиз? Ундан кўра эрингиз билан очиқ гаплашинг. Ҳамон сиздан ўша хотинни афзал кўрган экан, кетаверсин, оёғига ёпишманг.
Жувон унга анграйиб қараб қолди. Докторнинг бу қадар қизишиб, жон куйдириб айтган сўзларига дабдурустдан жавоб қайтара олмади.
Орага чуқур сукут чўкди.
– Сиз… ажрашинг демоқчимисиз? – аста бу сукутни бузди жувон. – Шундайми, тўғри тушундимми?
У жувоннинг чексиз изтироб зоҳир сўлғин юзларига, алам тўла кўзларига қаради.
– Бошқа нима иложингиз бор… – деб жавоб қайтарди у бўшашиб.
Яна орага сукунат тушди.
– Ундай қилолмайман, – деди орадан бирмунча вақт ўтгач, жувон ерга қараб. Кейин бошини кўтариб, докторга тик қаради: – Гапингиз тўғри, аёл кишининг ўз ғурури, ори бўлиши керак. Менга қолса, уни бир дақиқа ҳам ушлаб турмасдим. Лекин бола ҳеч қачон сизнинг кўнглингиздагини тушунолмайди. Ўзим болалар билан ишлайман, интернатда тарбиячиман. Болаларнинг ўз ҳақиқати бор, – у қизиққандан-қизиқиб, жувоннинг гапларига қулоқ тутди. – Улар ҳамма нарсага, қийинчиликларга, касалликларга чидаши мумкин, аммо оиланинг бузилиб кетганига чидолмайди. Айниқса, отаси ёки онаси ташлаб кетганини ҳазм қилолмайди. Кўнгиллари синади, аламзада бўлиб қолади. Бу воқеа уларнинг тақдирига ҳам таъсир этмай қолмайди.
У ҳайратдан қотиб қолди. Худо ҳақи, у бу ҳақда сира ўйлаб кўрмаган экан.
– Хўп, шундай экан, нега яна туғмоқчи бўляпсиз? – деди куюниб. – Ўзи оилангиз омонат, мўрт бўлиб турибди-ку…
Жувон ғарибгина жилмайди.
– Эрим жуда раҳмдил, биламан, болалар учта бўлса, ажрашишга кўзи қиймайди. Бир куни денг, – аёл бирдан хўрсинди. – Ўша аёлни… гапириб қолди. Қаранг, ўша… номини тилга олгим ҳам келмайди! Ўша хотин ёлғиз эмиш, унга қийин эмиш… бир суянчга, меҳрга муҳтож эмиш! Ахир мен, болаларим…
Жувон гапиролмасдан бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди.
У жувонга нима деб тасалли беришни билмай шошиб қолди. Нима десин, ахир ўзи юпанчга, тасаллига зор бўлса…
– Синглим, сизга бир маслаҳат берайми? – жувон билан гаплашаркан, неча ойлардан буён юрагида ботмон тош бўлиб ётган аламлари пича тарқагандай бўлди. Шунинг учунми, шу қисқа вақт ичида дардкаш бўлиб қолган бу жувонга яхши гапиргиси, тўғри маслаҳат билан ёрдам бергиси келди.
Жувон бош ирғади.
– Менинг гапимга қулоқ солсангиз, туғиладиган болага ҳам жабр қилманг. Ўзингиз сиқилиб, эзилиб юрибсиз, бу аҳволингизда бола соғлом туғилармикин? Шуни ўйланг. Ундан кўра, ўзингизга қаранг, ўғилларингизни яхши тарбияланг. Эрингиз билан ажрашасизми йўқми, ўзингиз биласиз. Агар эрингиз сиз айтгандай, раҳмдил бўлса, бола учта бўлди нима, иккита бўлди нима, ташлаб кетмайди. Мана, ўқимишли аёл экансиз, ўзингизни қўлга олинг. Бир кунлар келиб, эрингизнинг ўзи аттанг қилиб қолсин, токи сизни ким билан алмаштирганини тушуниб етсин.
Нега у бу гапларни жувонга айтди, қандай айтди, ўзи ҳам билмайди. Ё бўлмаса ўзи ич-ичдан умид қилиб юрган ўйларини ҳозир тилига чиқариб юбордими…
Жувон умид билан унга қаради. Жувоннинг кўнгли анча таскин топди шекилли, боя кириб келганидан анча осойишта, сокин кўринди.
– Ҳабиба Комиловна, вақт бўлди, мен кетаверайми? – деди бесабрлик билан боядан бери уларни кузатиб ўтирган ҳамшира.
Жувон ниҳоят докторнинг вақтини олиб ўтирганини англаб етгандай бўлиб, хижолатомуз деди:
– Узр, мен борай… раҳмат сизга…
Жувон билан суҳбатлашиб, ўзининг ҳам кўнгли анча ёришган эди.
– Яхши боринг, – деди очиқ чеҳра билан.
Жувон хонадан чиққач, у шошилмай ўрнидан турди, нарсаларини йиғиштирди. Эри билан қатъий гаплашиб олиш фикри, ажримни таклиф қилиш қарори ўз-ўзидан барҳам топган эди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 4-сон