Ёнма-ён йўлда поезд пишиллаб келиб тўхтади. Микрофондан манқа, уйқуга қонмаган бўғиқ овоз таралди.
— Диққат, диққат! Ҳурматли йўловчилар! Иккинчи йўлда “Тошкент-Андижон” поезди келиб тўхтади. Поезд бекатда уч дақиқа туради. Қайтараман…
Перрондаги одамлар шошилиб қолди.
Акбар бир зум электропоездда ўтирганлигини, ҳозиргина унинг ҳадеганда юрмаётганлигидан тоқатсизланганини унутди. Беихтиёр рўпарасидаги вагон ойналарига тикилиб қолди. Одамларнинг ҳеч нима билан иши йўқ, бири чиқиб, бири тушяпти. Улар ҳадемай катта шаҳарга кириб борадилар. Одатдаги олағовур ҳаёт давом этади …
Орадан ҳеч вақт ўтмай, поезд хўрсиниб, йўлни бўшатди. Перронда қўлида тугун, ғижим рўмолни иягидан танғиган жувон серрайиб қолди. Жувоннинг қорни кўк ёмғирпўшни билинар-билинмас туртиб чиққанди, қоп-қора қўнғир сочлари қаттиқ танғилган рўмолга ҳам бўйсунмай шамолда тебранади, аста-аста томчилаётган ёмғир жувоннинг кифтларидан резина калишларигача чертади. Жувоннинг кўзлари олазарак бўлди.
Акбар юзини дераза ойнасига яқинлаштириб қаради, шунда у жувоннинг ниҳоятда ёшлигини ва шу ёшлиги боисдир, ғоятда зеболигини кўрди. Жувоннинг лаблари қаттиқ қимтилган, узун киприкларидан ҳозир ёш думалаб кетадиган авзойда эди. Совуқда кўкарган қўллари тугунни маҳкам тутганди.
Ёмғир тезлашди. Электропоезд ойналарини ҳовур босди. Акбар қўли билан ойнани артди. Жувон ҳамон жойида қотиб турар, назарида савалаётган ёмғирни ҳам ҳис этмасди. Акбар тўсатдан орқасига қалқиб кетди: поезд жойидан силжиди. Тезда жувон ҳам, перрон ҳам ортда қолди. Ойна ортида енгил ҳовурга бурканган далалар, уйлар, дарахтлар липиллаб ўтиб турди. Ҳар куни тиниқ кўриниб тургувчи олис тоғлар ҳам бугун ёмғир пардаси остида қолди. Бугун олис манзаралар ҳам кўринмади. Негадир Акбарнинг кўз ўнгида перрондаги ёшгина, кўҳликкина жувон, унинг қаттиқ қимтилган лаблари михланиб қолди. Хаёлига нималар келмади. Балки жувон оиласидан ҳайдалгандир, яқингинада қурган турмушидан ажралгандир. Нобоп эр, жоҳил қайнона уни оғироёқлигига қарамасдан ҳайдагандир. Ва у ҳозир нима қилишини, қаёққа боришини билмасдан эсанкираб турибди. Йўқ, йўқ, балки жувон умуман турмуш қурмагандир. Қиз балки адашгандир, бир онлик лаззатга учгандир. Ота уйини не-не кўнгил билан тарк этган, номусдан дуч келган поездга чиққан. Ҳа, ҳа, шу ҳақиқатга яқинроқ. Энди у поезддан тушиб олганча қаерга боришини билмай, довдираб турибди.
Акбар бу гал поезднинг шаҳарга қандай кириб келганини сезмай ҳам қолди. Юрагида қайтариб бўлмас истак пайдо бўлди. Эсизгина, ёнида бир парча қоғоз билан қалам ҳам йўқ экан. Қани эди, хаёлидаги ҳозиргина ўзи гувоҳ бўлган манзарани чизиб олса. Акбар тўрхалтасидаги бир даста газета-журналлар орасини титди. У ҳар кунги умрининг беш-олти соатини йўлга сарфлайди. Шу важдан ишхонасидаги кутубхоначи аёлдан йиллик газета-журналлар, китобларни сўраб олади. Йўл бўйи шуларни ўқиб кетади. Баъзан йўлдан толиққан кезлари ўзига-ўзи таскин беради: агарда шунча масофага вақт сарфламасам, бу газета-журналларни ўқимас, оламда нима гаплар бўлаётганлигидан бехабар юраверар эдим. Хайриятки, вақтни бекорга сарфламаяпман. У тўрхалта титкилаб, чизадиган бир нима тополмади. Ишхонага бориши билан ҳозиргина ўзи гувоҳ бўлган манзарани дарҳол чизиб олади. Акбар поезддан тушиши билан ишхона томон учди.
У бугун ҳамкасабаларидан атайин ўзини олиб қочди, хаёлидагини қоғозга тушириб олмаса, бутун ҳаракати зое кетади. Тез-тез қалам билан қоғозга чиза кетди: ана, намли, рутубатли тонг. Кўз илғамас, файзсиз кичик бекат, ана, резина калиш, кўк ёмғирпўш кийган, сочлари рўмолдан тўзғиб чиққан, кўзлари олазарак, лаблари қимтилган қиз… Барибир кўнгилдагидай чиқмади. “Уйга бориб, яна чизаман”, ичида ўзига-ўзи шундай деди.
Газета-журналларни кутубхоначига топширди.
— Нима берай, Акбаржон? — кутубхоначи кўзойнак ортидан унга тикилди.
— Раҳмат, ҳозирча ҳеч нарса керак эмас. Бир-икки кун дам олай.
Акбар аслида дам олмоқчи эмасди. Ахир газета-журнал ўқиб чалғиса, хаёлидаги манзара чапланади, хиралашади. У бармоқлари билан кун санади. Икки кун ишласа, шанба-якшанба дам олади. Ихтиёрида икки кун бор, насиб бўлса, ўтириб ишлайди. Фақат Мавлуда индамаса, жанжал қилмаса бўлгани. Шунинг учун ҳозир тайёргарлик кўриб қўйиш керак. “Туш пайти бозорга тушиб, бозорлик қилсам, шанба куни бекорга юрмайман. Мавлуда хурсанд бўлади, ишга ўтирсам жини қўзимайди”, ўйлади Акбар. Ва шундай қилди ҳам. Бари майда-чуйда қилинажак ишларни ҳордиқ кунларигача битирди.
Ёмғир қуйгандан-қуйди. Кўк ёмғирпўшли жувон жала остида қолди. Ёмғир қизнинг қоп-қора сочларини пешонасига ёпиштирди, кўк ёмғирпўши ивиб баданига ёпишди.
Акбар бир зумда хаёлидаги манзаранинг бир неча хилини чизиб ташлади. “Муҳими, картина қилиш, полотнога кўчириш”. У беихтиёр Ван Гогнинг “Ёмғирдан сўнг” асарини эслади. Ёмғирдан кейинги куннинг таровати, деҳқон куни манзарасини эсларкан, ичида мамнун бўлди: унинг ёмғирли кун манзараси, насиб бўлса, ҳеч кимникига ўхшамайди. Асарда ҳам манзара, ҳам инсон кайфияти бўлади. Кайфият, инсон тақдири акс этиб туради. Ҳақиқий инсоний асар бўлади.
Дастурхон теварагида жимгина овқатландилар.
— Бошлиқ билан айтишиб қолдим. — Мавлуда “Нима деркин”, дегандай, Акбарга қаради. — Қарасам, ҳар хил гаплар қиляпти.
Акбар қошиқни косага ташлади. У хотинининг ўйлаган ўйини англагандай деди:
— Сен нима дединг, эримга айтаман, дедингми?
— Нега одамни майна қиласиз? — Мавлуда тарақлатиб олдидаги косани нари сурди. — Ҳа, дедим деганимни. Бир хаёлпараст эрим бор, мен биров билан юраманми, юрмайманми, барибир. Бўпти, айтганингиз бўлақолсин, дедим.
Акбар бошини чангаллади. “Яна эски ашула бошланди. Тўхтатиб бўпсан энди”. У хотинининг ўзини беҳад севишларини ва шунинг баробарида бениҳоя қизғаниб рашк қилишларини, бу рашк то ёқа бўғишгача олиб бормаса, асло қониқмаслигини, депсиб уйни бошига кўтаришини яхши билиб олганди.
“Мавлуданинг Театр институтига киролмагани чакки бўлган-да. Агар Мавлуда актриса бўлолганида эди, бутун илҳоминию куч-ғайратини театр саҳнасига сарф-ларди-да, мен билан иши бўлмас, оила саҳнасида драма ўйнаб ўтирмасди, — ичида ўйланди у. — Аслида-ку, ўша институт остонасида учрашганлари ҳаётидаги катта хато бўлган”.
Мавлуда индамай ўтирган эрига ғазаби келди. “Шуям эрми?”
— Тўғри айтибманми? — деярли бақириб деди аёл.
— Бўпти, эртага бошлиғингнинг олдига бир борай. Мақсади нима — билмасам, юрган эканман йигит бўлиб. — Акбар астойдил шундай деди. Чунки бу машмашалар унинг жонига теккан, аёлини бир фош қилиб, аламдан чиқмаса бўлмай қолганди. Мавлуданинг бошлиқ ҳақидаги гапларни тўқиб чиқарганлигини, эрининг бунга қандай қарашини ўз кўзи билан кўргиси келаётгани унга янгилик эмасди. Ва ростдан ҳам аёлининг бошлиғи олдига борса, унинг бундай жинни хотин сизга керак бўлмаса, бизга мутлақо зарур эмас, опкетинг, дейишига ишончи комил эди.
Мавлуда эрининг сўзлари чин эканлигини билди, дастурхон йиғиштираркан, ғудранди:
— Бўлди, ўзим жавобини бериб юбордим.
Орага сукут чўкди. Хотин идишларни йиғиб олиб кетди. Ошхонада оёғига ёпишган қизчасига нималардир деб бақирди. Қизча дод солди. Нимадир синди. Бир зум ҳаммаёқ тинчиб қолди. Мавлуда шу билан аламдан чиқди.
“Хайрият, бу сафар жанжални катта қилмади, — суюнди Акбар. У расм чизадиган хонасига кираркан, бир муддат жойида тўхтаб қолди, ҳеч хаёлидаги манзарани тиклай олмади. — Бугун ҳам ҳаром бўлди”. Унинг юраги сиқилиб полотнога тикилди.
У яқинда йигирма етти ёшга кирди. Шу умри давомида фақат осойишталик истади. Жанжал-суронлардан қочиб яшади. Эсида, дадасининг ичиб келганини билди, ўртоқлариникига ёки кунлар илиқ бўлса, рўпараларидаги тепаликка қочиб кун кўрди. Тепаликдан кафтдай кўринган қишлоқ манзарасига маҳлиё бўлиб, уйдаги нохушликларни унутди. Беихтиёр расм чизиш истаги жунбишга келди. Устига-устак, тақдир унинг устидан кулгандай, чекига жанжални пулга сотиб оладиган хотин тушди. Бу ерда тепалик ҳам йўқ жон сақлайдиган. Ундан кейин бу ерни, бошлаб қўйган ишини ташлаб ҳам кетолмайди. Тўғриси, чўткаларинию бўёқларини Мавлудага ишонмайди.
Акбар хонада уёқдан-буёққа юрди. “Муҳими, Мавлуда билан олишмаслик, унга аҳамият бермаслик. Қачонлардир, кимлардандир эшитганди: одам турмуш майда-чуйдаларидан, икир-чикирларидан устун туриши керак, деб. У ҳам энди шундай қилади. Турмуш ғалваларига заррача эътибор бермайди”. Шу пайт дераза чертилди. Хаёли бўлиниб, деразага яқин борди. Деразани чертаётган ёмғир экан. Бирдан хаёлида кичик вокзал, перрондаги жувон жонланди. Акбар севиниб кетди. Шунда у барини, борлиқни унутди.
… Назарида керакли бўёқни тополмаётгандай бўлди. Нима қилса, қандай бўёқ берса, кайфият ифодаланади? Қандай чизса, аро йўлда қолган, адашган қиз портрети акс этади?
Шунча мўл ишласа-да, чизганлари барибир ўзига маъқул келмади. “Ахир хаёл билан расм чизиб бўлмайди-ку. Энг машҳур рассомлар ҳам натурадан нусха кўчиришган”. У ўзига-ўзи шундай тасалли берди. У натурачини қаёқдан топсин? Асарда ўша жувонга ўхшаш одамни топганда ҳам унга тўлайдиган маблағ қани, унинг учун шароит қани? Акбар машҳур рассом бўлса эканки, ўзининг холи устахонаси бўлса. У ҳафсаласи пир бўлиб, қўлидан чўткани ташлади. Руҳи тушди.
Икки кун ҳам “ғув” этиб ўтди-кетди. Эртага яна ишга бориши керак. Яна эрта саҳардан қора кечгача ўзи истамаган ишларни қилиши керак. У ҳеч қачон таниқли рассом бўла олмаса керак. Жуда бўлмаганда, ўртамиёна сураткаш. Илк бор қўлига қалам билан қоғоз олган, расм чизган, шу расмни уч-тўрт одамга маъқул қилдирган сураткаш борки, машҳур бўлишни орзу қилади. Шуҳратга интилиш гуноҳми, орзу қилиш айбми? Лекин орзуга эришиш нечоғли мушкул… Турмушнинг зилдай юки остидан чиқиб олиш нечоғли оғир…
Акбар шундай ўйлар билан ўзига-ўзи тасалли бераркан, юрагини қоплаган таҳлика орқага чекинди. У яна қўлига чўткани олди. Хаёлидаги тасвири тобора ўчиб бораётган перрондаги жувонни амалда тиклашга бор кучи билан тиришди.
Акбарнинг миясига тўсатдан бир фикр келиб урилди. Бу фикр нохос кўнглини ёритиб юборди. Бу фикр уни қутқарди, бу фикр келажагини чароғон қилувчи маёқ бўлди. Ахир ҳар куни бўзчининг мокисидай шаҳарга ишга бориб келавериши шартми? Ахир туссиз ҳаётида ва ниҳоят маъно пайдо бўлди-ку. Ахир у ҳамиша юрагини кемирган туйғуни — ўзлигини топди-ку. Назарида шу вақтга довур расм чизмаганига асрлар ўтганга ўхшади.У эртадан бошлаб то “Адашган қиз” асарини тугатмагунича ишга бормайди, вассалом. Сабаби: ишдан муҳимроқ иши бор. Мавлудами, билганини қилсин.
У қатъий қарорга келди.
Кеч кузнинг рутубатли тонги. Кишининг юрагини қон қиладиган ёмғир эзиб ёғяпти. Совуқ ҳовур изма-из келиб турган поездларни парда каби ўраб олди. Мана, аста поезд жилди. Поезддан тушувчилар, чиқувчилар ариди. Перронда қўлида биргина тугун тутган, юпун кийинган ёш, кўҳликкина жувон қолди. Жувоннинг сочлари рўмолга сўз бермай, шамолда тебранади. Лаблари қаттиқ қимтилган, қоп-қора кўзлари саросимада — жувон юкли.
Акбар ўзи хаёлан кашф қилган ёшгина жувон ҳаётига сингиб кетди, гўё у билан бирга нафас олди. Чўтка тутган қўллари тин олмади.
— Шундай ўтираверадиларми? — Мавлуданинг овози уни ҳушига қайтарди. У орқасига ўгирилди. Остонада қошлари чимирилган, дарғазаб хотинини кўрди, беихтиёр қўллари пастга тушди. — Сабабини билсак бўладими?
Акбар нима гаплигига тушунмагандай, хотинига тикилиб қолди.
— Нега анқаясиз? Неча кун бўлди, ишга бормайсиз, гап гапирсам анграясиз? Қилинадиган қанча ишлар ётибди, бу кишим бўлсалар, расм чизи-и-иб ўтириб-дилар. Кошки бу расм ўлгур нон берса, ош берса.
— Бас қил! — у хотинига ўшқирди, ерга чўкиб, тиззаларини қучоқлади.
У, шу гапни гапиряпсанми, эй хотин, ахир сен ўқимаган, оми аёл эмассан-ку! Бир пайтлар сен ҳам санъаткор бўлишга даъвогар эдинг-ку, дегиси келди. Аммо ҳайф сенга сўз, дегандай, энсаси қотди.
— Э! — у қўлларини силтади.
Мавлуда эрининг кайфияти бузилганини кўриб, шашти пасайди:
— Намоз аканикига бориш керакмиди? — Мавлуда юмшаб, писанда қилди.
Акбар нима гаплигига энди тушунди. Бир маҳалла наридаги Намоз ака шу кузда уй тузаб, безатяпти. Уйининг бир хонасига манзарали расм чиздирмоқчи. Ўн кунларча аввал у Акбар билан келишган эди. Бутунлай эсидан чиқиб кетибди. Унинг юраги орқасига тортди. Яна ёзнинг куни келадиган бўлди. Акбар ҳар йили ёзни орзиқиб кутади, тоғларга, қишлоқларга чиқиб, расм чизсам, деб орзулайди. Аммо орзу-орзулигича қолади . Рўзғор аталмиш ғор уни ҳам, унинг орзуларини ҳам ўз комига тортади. “Шу ёз ишласангиз, мебель, гилам оламиз. Шаҳардан уй олиб, кўчадиган бўлсак, ҳеч вақомиз йўқ”. У шундай-шундай гаплар билан тобора юрагида орзу қилган расмларини чизмай қолаверади. Кўнглидаги мунг каби, қувонч каби оҳанг борган сари ундан узоқлашиб, тарк этиб бораверади. Энди яна кўнгил орзуларидан воз кечсинми? Барини аро йўлда ташлаб, пул топишга тушсинми? Энди кўнглидаги полотнога кўчаётган ўша… ўша жувонни ташлаб кетсинми?
— Бориб айт, эримнинг зарур ишлари чиқиб қолди, кела олмайди, де.
— Нима-а?
— Шу. Мен картинани тугатмагунимча ҳеч қаёққа бормайман. Сен айтмасанг, ўзим бориб айтаман.
— Сиз ахир йигитмисиз? Лафзингиз борми? — Мавлуданинг нақ жони ҳалқумига келди. У сира-сира Акбардан бундай қилиқни кутмаган эди. — Эй, сизга катталикни ким қўйибди? Олдин энгил-бошингизга кийим илинг-да, кейин катталик қилинг, ия.
Акбар ўзини тутолмай қолди.
— Қани, чиқ, чиқиб кет! — у бир қўли билан хотинини эшик томон итарди, бир қўли билан расмни муҳофаза қилди.
— Нега мени ушлайсан, қўйвор! — Мавлуда беихтиёр сен-сенлаб кетди. — Ҳали мени итдай ҳайдайдиган бўлдингми? Сен-а?
Мавлуда бир юлқиниб, эрининг қуршовидан чиқди-да, жон-жаҳди билан оёғидан шиппагини олиб, расмга қараб отди.
Шиппак учиб бориб, нақ кўк ёмғирпўшли жувонга тегди.
Учиб бориб, жувоннинг ҳозир йиғлаб юборай-йиғлаб юборай деяёзган рафтордаги юзига, маҳкам қимтилган лабларига тегди.
Шиппак зарб билан урилиб, бўёқларни чаплаб юборди.
Зарб билан урилиб, расм чизилган матони тешиб кетди.
Зарб билан урилиб, жувоннинг башарасини жароҳатлади.
Жароҳатдан тирқираб қон оқди…
— А-а! — Акбарнинг томоғидан бир нидо отилиб чиқди.
У беихтиёр бошини чангаллаганича ўтириб қолди. Мавлуда нима бўлганига энди ақли етгандай, саросимада қолди. Орага оғир сукунат тушди.
— Яхшиси, кет, — ҳарсиллаганича деди Акбар бошини кўтармай.
— Нега мен кетарканман, ўзинг кет, — деди Мавлуда ўзини тутиб олиб.
— Мен кетайми? Бўпти! — Акбар шаҳд билан ўрнидан турди.
Энди уни бу уйда ҳеч қандай куч тутиб туролмас эди.
Кеч куз шамоли бадан-баданни тешиб юборгудай изиллайди. Олис-олислардан паровозлар гудоги чалинади. Вокзал биносидаги чироқ ҳозир-ҳозир ўчиб қолади-гандай липиллайди. Саёқ ит ичкарига кирмоқчи каби искаланади. Қоровул чол саёқ итга қўлига тушган консерва банкани отади. Ит вангиллаб жўнайди. Ташқарида мов бўлган мушуклар қийиллайди, янги туғилган чақалоқлар каби чирқиллайди.
Акбар кўз очиб юмгунча бор-йўғини ўғри тўнаб кетган одам кепатасида қатор тизилган яхдай курсиларга ўзини ташлади.
Бир муддат кўзи илинди. Ҳушидами, тушидами, бўғиқ, манқа овоз таралди: “Диққат, диққат! Ҳурматли йўловчилар! Иккинчи йўлда “Тошкент-…” поезди келиб тўхтади. Қайтараман…”
Шунда кимдир елкасига аста қўлини қўйди. У сесканиб орқасига ўгирилди. Қаршисида рўмолни иягидан боғлаган, бир қўлида тугун, эгнида кўк ёмғирпўш, оёғида қора калиш, ёшгина жувон турибди. Жувон қорни билинар-билинмас ёмғирпўшни туртиб чиққан, узун-узун киприкларидан оққан томчи ёш йилтиллайди, лаблари маҳкам қимтилган.
— Болам, эшикка рўпара ётманг, елвизак. Тағин шамоллаб қолманг. — Қоровул чол Акбарнинг кифтидан аста туртди.
Акбар сапчиб ўрнидан турди. Теваракка бир қур назар солди, ўзига келди.
Узоқ-яқиндан хўрозлар узун-қисқа қичқириб, саҳарни қаршилади. Тонг ёришиб келди.
Олис-олислардан рельсларни тарақлатиб поезд бекатга яқинлаша бошлади.
1993