Мен чўлоқ бўлиб қолдим. Тўғриси, иштаҳам ҳам бўлмаяпти. Ташланган нонларга ета олмаяпман. Ана, эрталабкиси, кўлмакда бўкиб ётибди. Аввалги ҳолим бўлса, шуни олиб офтобда қуритардим. Кейин тоза жойга кўмардим. Қорним очганда ердим. Нон-ку майли, уйга ҳеч ким келмаган кунлар сувдан қийналаман. Чанқоқ зўридан муздай айвонда ё дарахтнинг соясида ётаман. Кўчанинг нариги бетидаги тегирмонга юк олиб келганлар бу уйдан кимдир чиқиб олиб келган юкини тарозида тортиб олиб қўйиши учун бир-бир чақиришади. Ҳеч ким чиқмагач, қайтиб кетишади. Шуларга уйда одам йўқлигини билдириш учун ҳуриб қўйишга ҳам қурбим етмай қолди.
Эрталабда ҳаво муздеккина эди. Ит бурчакдаги офтоб тушадиган жойга ғужанак бўлиб олди. У ориқлаб кетганди.
Лекин барибир ўтган кунларимдаги оқиш малла ит – Бўйноқ, сочлари узун қўшни қиз – Шоҳида кўз олдимга тез-тез келади. Ўша пайтлар, мазза қилиб яшагандим.
Уй кимсасиз эди.
Анча аввал хўжайин хотинини шаҳарга ишга жойлаб, энди пул кўпайтириш, шаҳардан ҳам уй олиш ғамига тушган вақтлар туман марказида ишларди. Ҳеч бўлмаганда, икки кунда бир уйда бўларди.
Хўжайин келиши билан олдига югуриб борсам, кулиб энгашарди. Энди уни кутиб оладиган мендан бошқа биров йўқ эди. Унинг кўзи ёшланарди. Мен уни соғинганимдан ёнига чопардим. Унинг юзини кўриш мени жуда қувонтирарди. Осмонга ирғишлардим. Бошқа ҳеч нарса керакмас эди. Очлигимни ҳам унутиб қўярдим.
Бу ҳақиқий соғиниш бўлса керак…
Кейин у менга овқат беришга шошилар, уйда емиш йўқ бўлса, катта йўл бўйидаги дўконга чиқиб нон олиб келарди.
Уй эгаси нонга кетиб борар экан, “Бу қиш баҳорга етмай ит ўлиб қолса керак”, деб ўйларди. Уйга қайтгач, нонни шундоқ остона ёнига қўйиб, ичкарига кириб кетар, устма-уст келаётган одамлардан кеч хуфтонгача бўшамасди. Нон ҳам ўша жойда қолиб кетарди. Бечора ит нон ёнидан у ёқдан-бу ёққа неча ўн марта ўтар, эгасининг чиқиб, ўз қўли билан беришини кутар эди.
Мана энди, хўжайин оиласи ортидан кетган, ҳафтада бир келади-ю, эшик олдида турган беморларини кўриб, қўли теккандагина менга қарайди. Беморлар уф тортишиб, бетоқат бўлиб навбатга туришади. Хўжайин уларнинг баъзилари билан қўл узатиб сўрашади-да, оёғи остида турган бўлсам ҳам, мени илғамайди. Тўғри-да, ахир одамлар одамлар-ку.
Одамлар!
Уларнинг юзлари шундай чиройли, худди иситадиган қуёшга ўхшайди. Уларнинг қўлидан кўп ишлар келади. Биз итлар одамларсиз яшолмасак керак.
Хўжайинни қидириб келганлар менга қўрқа-писа қарашади.
Аввал ҳам кўрганлар унинг яхши ит экани ҳақида бошқаларга хабар беришади.
Уларнинг кўплари эрталабдан бери эшикда тик турган бўлишади. Баъзи кунлари хўжайинни машинада олиб кетишади. У кеч келади-да, ҳеч нарсага қарамай, жой солиб ётиб олади. Мени эркалатиб бўйнимдан қучоқлашини кутаман, кейин ҳафсалам пир бўлади. Лекин у уйга кириб кетган кунлари кўнглим тўқ, мазза қилиб ухлайман.
Бир ойда бир келадиган беканинг айтишича, баҳорга чиқсам, тузалиб кетармишман. У шундай деганда, болаларнинг кичик амакиси “Эй, бунинглар баҳорга чиқмайди. Қўтир ҳам бўлиб ётибди”, деди. Жуда хафа бўлдим. Биринчи марта чўлоқ бўлишиммас-ку. Қўтир ҳам нечанчи марта тошиши.
Бировнинг бошидан ўтганини биров билармиди.
Уй рўпарасидаги тегирмонда ишлайдиганлар нонларидан қолганини ташлаб кетишар, бошқа вақт унга емиш йўқ эди.
Уйимизни яхши кўраман, менчалик яна бу уйни яхши кўрадиган йўқ. Тўғри, бекам болаларни олиб шаҳарга кўчиб кетган кунларидан кейин ҳар тўрт кунни ўтказиб, уч кунга келарди.
Унинг бундай тез-тез келишлари баҳор тугаб ёз бошлангунча давом этди.
Бека кечалари хўжайин ишда бўлганда, ҳовлига чиқиб йиғларди. Болалар ҳам “уйимиз яхши, кетмаймиз”, деб қаршилик қилган бўлишарди. Хўжайин бу тўғридаги суҳбатларда ҳар гал “Уй-жойни у ёқдаям қиламиз, аяси. Болаларни ўқитамиз. Яхши яшаймиз. Ишхонамнинг музлигини қара, белим оғрийди. Кетайлик. Бу ерда чироқ бир ўчса, эрталабгача ёнмайди. Болаларнинг ранги чиқмаяпти”, дерди. Чироқ ўчмайдиган жойларга ўзлари тиклаган уйни ташлаб кетиш ҳам осон бўлди уларга. Шуни деб кетишадими ахир?
Шаҳарда одамларни тахлаб-тахлаб ичига жо қилганича туйғулардан қисиб, лекин шароитдан ёлчитиб яшатадиган кўп қаватли уйлардан бирида тўрт болани тўрт ёққа кузатиб, ўзи пешингача номига ишга бориб келадиган бека ҳар чоршанба тушдан кейин йўлга отланар, кичик болаларнинг қаровини каттасига юз тайинлар эди. Йўлда у бирпасда ўзгариб кетган ҳаёти ҳақида ўйларди. Болалари қишлоқнинг кенг кўчаларига ўрганган. Энди бирдан тор уйга тиқилиб қийналишаётганидан кўксида бир нима жиғиллар, нотўғри қилдикми деган ҳадикда келгуси кунлари ҳақида ўйларди.
Ора-сира “Қоплон қарғамаса бўлди”, деб ҳам қўярди.
Мен болаларни яхши кўрардим. Улар ҳали айрилиш, яхши кўрган яқинларини йўқотиш нималигини билмасдилар. Ҳаммага ишонардилар. Шунинг учун ҳамма нарсага, ҳатто менга ҳам катта ишонч билан, ҳайрат билан қарашарди. Мен уларнинг бир умр шундай қолишларини истардим. Мана, мен ҳам анча босилганман. Кўрган-кечирганларим мени ҳам чўктирган. Аммо болаларни кўриб турсам, яшагим, уйни чин дилдан қўригим келарди.
Бека авваллари “Қийналамиз, шаҳарда яшаш қийин. Уй-жойни қандай ташлаб кетамиз”, дерди. Кетиш ҳақида суҳбатлашаётганларнинг атрофида ит айланар, унинг думи беихтиёр ликиллаб кетарди. Бир нималар айтгиси келарди, жуда. Хўжайинни ҳаммадан яхши кўрар, унинг машинаси катта йўлдан бурилганини биларди. Ҳаммага хабар берарди.
Бека бир куни: “Қоплонингиз бало, бошқаларнинг машинасидан сизникини ажрата олади, мен фарқлолмайман. Бунингиз ҳовлида туриб, машинангизни кўрмасдан ҳам асфальт йўлдан бурилишингиз билан эркаланиб бошқача вовуллайди”, деди. Ўшанда хўжайиннинг меҳри ийиб кетиб, олиб келган гўштидан суяк аралаш бир бўлагини Қоплонга берган, бу зўр ит, йўғимда уйимизни пойлайди, деган эди.
Эгаларимсиз ҳаётни тасаввур этолмасдим. Бу ҳовлининг кимсасиз қолиши хаёлимга сиғмасди.
Шаҳарга кетиш тўғрисидаги гаплар жуда эски, қишлоқ одамларининг баъзилари берилиб кетадиган хаёл эди. Бироқ ҳаёт тез кунда ўзгариб кетиши ҳам мумкин экан.
Бекамдан қаттиқ хафа бўлдим. Бор умидим ундан эди. Умид нима экан. Унга ишонардим. Уйларни тозалаб, ўзича қўшиқ айтиб юрганда, унинг бахтли экани билиниб турарди. Шундай яхши, ўзи ўрганган уйини ташлаб қаерга боради, дердим. Агар шу уй аввалгидек деворлари ёрилган, кўримсиз бўлганида ҳам мен уни ташлаб кетмасдим. Чунки…
Ҳа, мен ташлаб кетмасдим.
Итнинг бу уйдаги кичик қизга, кенжа ўғилга меҳри бошқача эди. Бир гал уни қўшни хотин катта тош билан урганида, кичик қиз Асила уч кунгача атрофида айланган, йиғлаган, ҳаммадан кўп меҳрибонлик кўрсатган эди.
Хуллас, ҳаммалари бирин-кетин кетишди. Ке-е-тишди. Ёлғиз қолдим. Қийинчилик кунларим бошланди. Кечқурун оч қолганим етмагандек, эрталаб ҳам хўжайиннинг ака-укалари кун ёйилиб кетганда келишар, унгача оғзимнинг сўлаги тошиб, ҳар нималар егим келар, ариққа сув келмаса, чанқоқдан аччиқ баргларни чайнар эдим. Қўшни ҳовлидаги шеригим аввалги Зийракнинг ўрнини эгаллаган Қўрқмас девор тагига келиб, мени омбир (деворнинг ариқ учун очилган жойи) орқали кўчага чиқишга, қорин тўйғазишга ундарди.
Ит эса қўшнисининг бу таклифини қабул қилмасди. Кечалари ўғирлик қилишга ғурури йўл қўймасди. У бу уйда шунга ўрганган эди. Қолаверса, ич-ичидан бундай ишлар нотўғрилигини айтиб турадиган нимадир бор эди.
Бир кеча бу кимсасиз уйда зўрға топган уйқумдан уйғониб кетдим. Ҳовлида айланма шамол учиб юрарди.
Тўғриси, шамолни унча ёқтирмайман.
Ит шамолнинг ўринсиз қилғиликларини кўп кўрган эди. Қолаверса, у ёдига энг ёмон ҳодисаларни соларди.
Шамол бекам билан болалар ётадиган уйнинг эшигини очиб бемалол ичкарига кириб кетди, кейин қайтиб чиқиб иккита устунга тортилган чилвирга ташлаб қўйилган сочиқларни олиб ташлаб, супа четида тўнтарилганича қолган бўш челакни даранглатиб ағдариб юборди. Уйнинг болохона остидаги хонасидан қани энди, аввалгидек, биров чиқиб, ҳамма нарсани ўз жойига қўйса. Йўқ. Масхарабоз шамол яна ҳовлини айланиб, қўлидан келган ҳамма номаъқул ишларни қиларди. Ойналарга тўзон ёпиштирарди. Коридор дейишадиган кичкина хонанинг эшигига тинмай ўзини уриб, очиб олгач, у ерга ифлос хазонларни олиб кириб сочиб юборар эди.
Ана шунда… бечора уйнинг йиғлаганини кўрдим мен. Эгаси яхши кўрмагани учун, иссиқ бағридан жой бериб, бари болаларини ёмғир-қордан, совуқ-иссиқдан асраб катта қилиб берганида, уни совуқ деб айблаганлари, ҳар куни саҳар туриб, тозалаб, супуриб-сидириб қўйиш ўрнига бир-икки ишларни оғир билиб, ташлаб кетиб қолганлари, уни у эгаларини яхши кўргандек яхши кўрмаганлари учун ҳув-ҳув овоз чиқариб йиғлади. Мен ҳам унга жўр бўлдим. Ичим ўртанди. Уйнинг бағри эзилишини кўриб бешбаттар бўлдим. Ахир у одамларга ўхшаб оёқ чиқариб юриб кетолмаса. Ҳеч бўлмаса, дарё бўйига бориб дардларини сувларга айтолмаса. Енгил тортиб, юзларини ювиб келолмаса. Фақат кўчага термилади. Бағрида улғайган болаларни қўмсайди. Ўғилларнинг яна тўплар тепишларини, супасини қизчаларнинг супуриб қўйишларини, ҳовли этагида пишиб тўкилаётган ёнғоқ меваларини ҳар куни олиб келиб, пешайвон бурчига ирғитиб қўйишларини, ана у ҳозир ичи қора-қура елимхалта чиқиндиларига тўлиб ётган тандирда нон ёпиш учун томдан гурс-гурс ғўзапоя ташлашларини, иссиқ нон ҳидини таратиб, саватни уйга олиб киргач, исириқ тутатиб, ҳамма ёқни айланишларини, ерни юмшатиб ҳар хил экинлар экишларини жуда истайди.
Уй ўзи севгани томондан севилмай ўксинаётган чиройли қизга ўхшарди. Ҳовли эгасиздек. Кундузлари, ҳарқалай, хўжайиннинг тегирмончи инилари кириб-чиқиб туради. Лекин кечалари ҳувуллайди. Шунда ит чидолмай увиллайди. Ҳовлини тўлдириб юрган тўрт болани, келиб-кетадиган меҳмонларни, бекасининг қора қозонга идишларни солиб ювгани-ю, унга нонларни ивитиб суяк аралаш қилиб идишига солиб берганларини, хўжайиннинг синфдошларига берадиган гапи кунларини, қўй ё хўроз сўйилган вақтларни соғинади.
Эҳ, овқат нима экан. Эгалари ҳою ҳаваслар орқасидан кетишганида беш кун томоғидан ҳеч нарса ўтмади. Оғзидан, кўзидан олов чиққандек бўлаверди. Фақат сув ичди. Хўжайиннинг иниси тегирмонини тўхтатиб, унинг олдига келиб чўккалаганча, “Қоплон, нима бўлди сенга? Касалмисан? Ё эганг кетиб қолганига хафа бўлдингми? Бўлди, бўлди. Хафа бўлма. Мен ўзим сенинг овқатингни бераман”, деб бошини силади. Эҳ, дарди биргина овқат бўлгандами? Кўчага чиқса бас. Қанча емиш керак бўлса, топарди. Лекин у бировларнинг товуғини қийратиб, тоғора тагига яширилган овқатларини очиб булғаб ўрганмаган. У – аввал Қайтмас, кейин Қоплон деб аталган бу малларанг ит одамларнинг айтишича, мард ва зотдор олабай итлар наслидан эди.
Итлар аслида бўрилар билан қондош бўладилар. Фарқлари – одамларга содиқликларида.
Одамлар эса аллақачонлар кўп нарсаларни аслиятдан ўзгартириб юборганлари ва буни донолик санаб юрганлари каби, итларнинг асл ҳаёт тарзини шундай ўзгартирганларки, энди бошқача бўлишини тасаввур қилиб бўлмайди.
Яна бир чолнинг айтишича, олабай итлар қонида қоплон қони бўларкан. Лекин елкалари шерга келбат берармиш.
Хўжайин бола-чақаси билан икки томон бўлганидан бошлабоқ иштаҳам ёмонлашган. Аввалги қувноқ, қайноқ ҳаётим анча совиган, мен кунларимни тагимга солиб қўйилган эски ҳарбий кийимга ўхшатаман.
Асли аввалда, ҳали кўп-кўп овқат еган, ўсиб бораётган вақтларимда уйимизда ризқим етарли эди. Энди ҳам уйда пешиндами, кечдами ташлаб кетадиган бир парча нонлари менинг бу кимсасиз ҳовлини дайди мушуклару очофат майналардан асрашимга етади. Бу хизматни мендан бошқа ҳеч бир жонзот, барибир эплолмайди.
Ит кимсасиз ҳовлининг ғиштсимон қопламалар ётқизилган кенг саҳни ўртасига келиб, чўнқайиб ўтирди-да, вовулласа овоз қайтарадиган пешайвонга ғамгин тикилди.
Эҳ-э, битта индамас дардкашим – уй. Яқинда бўёқдан чиқаришган эди-я. Ичида болохонага чиқиладиган пиллапояси бор хонада доим чироқ ёниб турарди. Ҳозир эса мана бу чиройли дарвоза ҳа деганда очилиб-ёпилмайди. Дарвозадан кимлар чақириб келишади-ю.
Боласи бирдан касал бўлиб қолганигами, шошиб кўтариб келганларнинг овозини эшитар экан, ўшаларга нималардир деб ҳуради, ғингшийди.
Молхона томонга яна мушук келдими, ит ўрнидан туриб чопиб кетди. Унинг дастидан товуқларнинг тухуми қолмаяпти. Хўжайин ҳафтада бир келганида, ака-укалари йиғиб қўйган тухумларни олиб кетади. Сариқ рангли идишини олиб чиқиб пешайвонда ўтирганча, ичига тухум терганида ит унинг орқасида туриб, бу ҳафта мушукдан ҳовлини қанчалик ҳимоя қилолганини чамалаётгандай бўлади. Хўжайин унинг бошини силаб-силаб қўяди, лекин аввалгидай эркаламайди. Орқасидаги қўтирига қўли тегиб кетишидан қўрқади. Ит эса, уни бир қучоқлаб қўйсам дейди.
Авваллари…
Авваллари нималар бўлганини бу ерда туғилиб ўсган тўрт бола ҳам эслашармикан. Унинг ҳам номини айтиб, бир-бирларига гапиришармикан. Улар билмайди-да, ит улар ҳали йўқлигидаги кўп воқеаларга ҳам гувоҳлигини. Уларни ит яхши тушунарди. Фақат…
Биз кимни эгамиз деб билсак, унинг хизматига содиқлик туйғуси билан туғилганмиз.
* * *
Эсимни таниганимда, биз етти кучукча Қўрғон маҳалладаги Зиёда хотиннинг ҳовлисида онамизнинг пинжига кириб, кўкрак талашиб ётардик. У ҳовлининг хўжайини биз туғилгунча дунёдан ўтиб кетган экан. Ўғли Назирбек маҳалладаги беш-олти болани битта-битта олиб кириб бизни кўрсатган эди. Жуда мақтанишни яхши кўрадиган, оғзини тўлдириб гапирадиган бола эди-да ўзиям. Онамизнинг бошини силаб ўртоқларига тинмай гапирарди.
Зиёда етти бола туғиб олиб, энди ҳеч бирини кўздан қочирмай турган она итни, “Вой бечора, намунча ориқлаб кетдинг, еттита ҳам туғасанми? Ҳеч бунақа кўпайтирвормасдинг-ку? Иккита-учта туғардинг. Ўша бўларди-да? Қийналмас эдинг-а”, дея келиб атрофида куймаланар, нима топса илинар, иссиқ атала пишириб келиб, ялоғида олдига қўярди. Кучуклар ичида тинчиб туролмайдиган Олабой бор эди. Бир куни Назирнинг амакиси итларни кўргани келиб деди: “Ит айниган кўринади. Боласи кўпайдими, айнигани. Лекин болалари зўр. Эй, мана бунисини қаранглар, ҳақиқий номи билан олабай бўпти. Наз, буни менга берасан. Ўзим катта қилиб, тоққа кўчганимда олиб кетаман”.
Олабой бир гал анча нарига совутиш учун қўйилган аталага тушиб кетиб куйиб қолди. Вой-войлаб ҳамма ёқни бузганда, беканинг Моҳидил қизи ариқда ювинтириб келди, кейин онасидан роса гап эшитди. “Юр, энди, атала ичмай ўл. Қуритиб ҳам қўярканман-да, сен арзандани”, деб оқ латтага ўраб уйга қараб юрди. Олабой додлаб, Моҳидилнинг қўлидан пастга тушмоқчи бўлганда, шериклари: “Мени ҳам олиб кетмасин”, деб чўзилиб ётган онасининг орқасига яширинишар, унинг эса латта орасида бошини ликиллатиб кетаётган Олабойга ҳаваси келарди. Қизнинг орқасидан Олабойга ҳавасланиб супагача борди.
Кейин Олабой қанча овқат еса ҳам, шерикларидан ортда қола бошлади. Аввалгидек тўлалиги йўқолди.
Назир ўша куни мени қайтариб шерикларим олдига олиб келиб ташлади. Биз туғилган ҳовлида дарвоза йўқ эди, лекин унга мосланган катта очиқ жой бор эди. Мен онам ҳам, кўча ҳам кўринадиган ўрталикка ётиб олиб катта йўлдан ўтганларни томоша қилишни яхши кўрардим. Атайин шу ерни танлаган эдим. Бирор ёмонроқ бола келиб мени кўтармоқчи бўлса ё бирор катта ит ташланса, онамнинг олдига қочишим осон бўларди. Онамдан биргина бекамиз қўрқмасди.
Она ит Зиёда нима деса, сўзсиз бажараверарди. Бека тандир олдиларини супурар экан, ит болалари билан ётган ўтинхонага келганда, “Қоч, бола-чақанг билан. Бу ерларни супуриб олай. Қара, ҳамма ёқ жун бўлиб кетибди. Оббо, ўтиннинг устига нега ўтиради бу бебошларинг. Шошмай туришсин, ҳаммасини сўраганларга тарқатвораман”, деб пўписа қиларди. Қўрқоқча деган кучук онасининг атрофидан бир қадам ҳам жилмасди. Уни онасининг эрка қизи деб билишарди.
Мен эса кўчадан эгаси билан ўтаётган итларнинг биз томонга қарашини кутар, улар билан тенгма-тенг тортишгим келар, тағин бизни писанд қилмасдан ҳовлимизга кириб келиб маҳалладаги обрўйимизни йўқ қилмасин, деб овозимнинг борича акиллар эдим. Аввалига эшик олдида бир ўзим ётардим. Кейин-кейин шерикларим ҳам менга яқин келиб, анча-мунча жойгача эркин юрадиган бўлишди. Очофат Қора билан Олабой тандирнинг нарисидаги маккажўхори поянинг ичига кириб анча вақт йўқ бўлиб кетишар, онам хавотирга тушиб, уларнинг ортидан кириб, бошлаб чиқарди.
Биз кун сайин кучга тўлиб борардик ва энди ўзимизни ҳеч нарсадан қўрқмаслигимизни ҳаммага билдиргимиз келарди. Беканинг берган овқатига ҳаммамиз бош суқиб ича бошлаганимиздан кейин онамиз ўзини тийиб бир четда турар, менимча, овқат етмай қолмасин деб ўзи оч қолар эди. Шундай пайтлар ва яна уни ёнбошлаб дам олишига қўймай эмиш учун ёпишавериб ҳолдан тойдирган кунларимиз онам секин девордан ошиб кўздан йўқ бўларди. Мен унинг бирпасдан кейин кўчадан бизга кўринмай ўтишини билардим. Онам дарвоза ўрнига яқин келганда, бошини анча эгиб олар, тез-тез юриб кетар, биз дарвозахонада ўйнаётган бўлсак, суви кам оқадиган ариқ ичига тушиб, бўйини яна ҳам пасайтириб ўтарди. У бизларни эргашмасин, деб атайин чалғитар, баъзида қўшнимизнинг девори орқали ўтиб, этакдаги дала бўйлаб қаёқларгадир кетарди. Афтидан, сира тўймай қолган кунлари ўзи овга чиқар, аввалдан шериклари билан титкилаб юрган ахлатлар орасиданми, емиш топиб еб келарди.
Бир гал Қоравой қўшни билан эргашиб чиққан Рексга ўзича қаттиқ ҳурди. Рекс баджаҳл экан. Ириллаб бир ташланган эди, қандай етиб келганини ҳеч ким билмади, онаси Қоравой билан Рекснинг ўртасида пайдо бўлиб тикка отилди. Эгаси аранг қайтариб оларкан: “Рекс билан сира уришишмасди-я. Нега итинглар бунақа бўп қолди? Вой-бў, бу кишим туғибдилар-у. Худди ҳеч кимда бола йўқдек”, деб зарда билан чиқиб кетди.
Бир куни биз олтита қолдик. Бунга мен айбдор бўлдим. Онамга раҳмим келди. Ўчоқ орқасига ўтиб йиғладим. Фойдаси борми? Кейингилари олдида бу кўргилигимиз ҳолва бўп қолди.
Қуёш сал нарига сурилгандай бўлиб, менинг кўчани кузатадиган ўрним ҳам ташқарига қараб сурилганда, анча дадил бўлиб қолган, кўчанинг уйимизнинг тўғрисидаги жойлари ҳам бизга тегишлилигини билганим учун шип этганга вовуллаб мазза қилиб юрган кунларим эди. Ўша куни Очофат Қора мени ётгани қўймай ўйнашаверди. Жиғимга текканига чидолмай ўрнимдан туриб ташландим. Ўзини зўр деб ўйламасин, дебман. Панжасига панжа урдим, думимни босган эди, сонига тишимни ботирдим. Қулоғимни тишламоқчи эди, бўйнидан босиб олдим. Бир-икки ангиллаб қочмоқчи ҳам бўлди, лекин наридан қизиқиб кузатиб турган шериклардан уялиб қолмай дедими, ўзича куч тўплаб яна тумшуғимга сакради. Бир-биримизга тикка бўлиб ташланаверибмиз-у ён-веримизга қарамабмиз. Бир маҳал қанақадир одамнинг оёғига урилиб кетдим. Нақ кўчада турибмиз экан. Қарасам, бир баланд бўйли бола мактабидан қайтаётган экан. Қора уни кўриб урра қочди, лекин сумкасини ерга қўйган ҳалиги бола икки ҳатлаб етиб олди-да, Қорани кўтариб қўйнига тиқди. Мен унга яқин тургандим, лекин у мени негадир олмади. Қайрилиб ҳам қарамади, шекилли. Тез-тез кета бошлади. Мен аввал ҳовлига қараб қочдим. Кейин боланинг ортидан югурдим. Онамни чақирдим. Лекин онам келмади, мени эшитмади. Кўчада юриш хавфли эди. Ортимга қайтдим. Маккажўхорининг этагига иш билан тушиб кетган онам қайтиб келиб, ис ола-ола биз ўйнашган жойга келди, кўчага ҳам чиқиб, бола кетган томонларга қараб узоқ-узоқ тикилди, кейин бошини эгиб ортига қайтди. Ерга ётиб олиб, хомуш тортди. Мен ҳам онамнинг пинжига кириб, сиқилмасин деб суйкалдим. Ғингшиб, ундан кечирим сўрадим. Онам мен айбдорлигимни билди. Тишлари билан пўписа қилиб, ириллаб қўйди. “Бас қил энди, ўзбошимча, қолганларни эргаштириб кўчага чиқсанг, кунингни кўрсатаман”.
Овқат еганларида энди Очофат Қоранинг ўрни билинарди. Агар у ҳозир шу ерда бўлганида ҳаммани бели, оёқлари билан ҳар ёққа суриб ташлар, товоқнинг ичига тушиб олиб, тагини битта қолмай ялаб қўярди. Эртаси эрталаб бека атала олиб келди-да, нарироқда томоша қилиб ўтирди. Кейин олдига келган Моҳидилга деди:
– Онаси қийналиб кетибди. Қоқиб ташлашяпти-да болалари.
Зиёда аталани кўпайтириб, ит ялоғига қуйишдан олдин қаттиқ нонлар топиб аталага солиб қўяр, кейин совитиб, олиб келар эди. Қора энди йўқ эди. Қаерларда экан. Ҳозир у мазза қилган бўларди. Қорни тўяётганмикин.
Кейинроқ хўжайиннинг ўғли Назир бир қанча ошнасини бошлаб тепамизга келди. Уларнинг ҳайбатидан қўрқиб кетиб, ҳаммамиз онамнинг панасига ўтиб беркиндик. Бизни олиб кетишга келишгани билиниб турарди. Ҳар бири биттадан олиб кетса, ҳар ёққа кетамиз. Онамиз нима қилади, деб дилдираб қолдим. Оқбўйин шеригимизга қўл узатган Назир уни олиб тикка бўлганда ошналари атрофини ўраб олди. Роса мақташди. Шеригимизни қўлига олган бола Назирга катта раҳмат деди.
Кейин она итга худди душманга қарагандай мўралаб қараб, секин қўйнига тиқди. Ҳаммалари олдинма-кейин бўлиб чиқиб кетишди. Икки кундан кейин болалари борган сари камайиб бораётганидан ўкиниб, йиғлагудек бўлиб ўтирган онасига далда бериш учун бўйнига осилиб чалғитмоқчи бўлди. Лекин она ит унга рўйхушлик бермай ириллаб қўйди.
Кучуклар ўсиб боргани сари, онасининг аввалги қайноқ меҳрибонликлари камайиб бораётгандай эди.
Ўша куни хаёлимда кўча томондан бир совуқ нафас, бир ёмон шамол кириб келаётгандек бўлиб, ҳадиксирай бошладим. Шунда чиндан ҳам гурс-гурс қадам товуши эшитилди. Сал ўтиб, ҳовлида иккита баланд бўйли, юзлари тиришган одамлар пайдо бўлишди. Уй эгалари билан гаплашиб бўлгач, улар биз томонга юришди.
Иккиси ҳам чўккалаб, она итдан эҳтиёт бўлганча, кучукларни битта-битта олиб, оёқлари орасини текшириб кўришди. Шерикларини кўра-кўра тандир томонга олиб ташлашди. Зиёда улардан сал нарида турганча деди:
– Сизга берадиган кучуги ҳам бор эканми?
– Назирга тайинлаганидим. Битта эркаги менга деб. Тугади, дейди. Мана бу оласини Раҳмат амакисига берганмиш. Малла эркаги ўзимизга қолди, дейди. Каллаварам-да. Шунча кун мана бу урғочиларни олиб ўтирадими? Энди итни чарчатмай боласидан айириб, яхшилаб боқиш керак. Раҳмат ака ҳам олса, тезроқ опкетсин. Бу итни насли жа тоза. Яхшилаб семириб олсин. У ёғи мени ишим. Икки-уч ой яхшилаб қаранг, опа. Кейин бир ойга олиб кетаман. Боғлаб боқаман. Ҳар қанақа итларни яқинлаштирмайман. Мен биламан бунинг вақтини. Кейинги сафар мана булардан ҳам зотдор кучуклар туғади ҳали. Ўшандан биттасини оламан.
– Шўрлик туғишга туғиб олиб қийналиб кетди. Вассачўпга ўхшаб ётибди, – деди Зиёда опа.
– Еттита туғиши бекорга эмас. Камдан-кам ит еттита туғади. Бунақа вақтда кучугини олиш керак. Ё етти кучукнинг, ё уч кучукнинг биттасини боққан одам ютқизмайди, – деди улардан иккинчиси.
– Урғочисини ҳеч ким олмайдиям. Қутижарга опчиқиб кўмворарман, – деди бошқаси.
Зиёда лабини бирпас тишлаб турди-да тандир тагида онамиз томонга ўтишга йўл тополмай, қора кийимли одамнинг гавдасидан қўрқиб унинг орқасида ғингшиганча айланаётган шерикларим ёнига чўккалаб, уларнинг бошини силади:
– Увол бўлмасмикан? Бола-ушоқ опкетар?
– Олишга-ку опкетади. Болалар нимани билади. Кейин барибир кўчага чиқариб ташлайди, тепки еб, у ер-бу ерда ўлиги қолади. Урғочи кучукларни доим кўмвориш керак. Билмабман-да, икки ойдан бери онасини қоқиб ташлабди. Кўзи очилмасданоқ йўқотиш керак эди буларни. Гавдаси бўлгани билан кўча-кўйда юриб зотини айнитиб юборади булар.
Уни айлантириб кўрган бири онасининг ёнига итқитиб юбориб:
– Бу эркак экан. Назир айтган Қайтмас-да. Яхши ит бўлади, – деб қўйди.
Бека бостирмадан қопчиқ олиб келиб бериб, ўзи яна нимагадир кетди. Мен шерикларим олдига чопдим. Улар ҳам онам томонга интилишарди. Кишилардан бири оёғи билан тинмай шерикларимни тепиб, онамдан узоқлаштириб турарди. Онам ҳам хавотирга тушган эди. Бир шеригим билан биз жуда ўхшаш эдик. У тезгина онамнинг орқасига ўтиб кетди, қопчиқнинг оғзини қайириш билан овора бўлганлар мени у билан адаштиришди. Келган одамлардан бири икки шеригим билан мени қопчиққа солди. Қопчиқнинг мен турган томонида тешикча бор экан. Ундан қарасам, онамиз ириллаб ўрнидан турди. Бироқ болаларини битта-битта олиб қўяётган одамлардан ҳеч бўлмаса олдидагисини сақлаб қолиш учун яна қорнини ерга бериб ётиб олди. Бироқ юзида шундай ғам кўрдимки, эзилиб кетдим, ана у одамларнинг оёқларини тишлагим келди.
Биз Одамнинг елкасида борар эдик. Унинг ҳамроҳи йўлда қолиб кетди. Шерикларим онамдан узоқлашаётганимизни билиб, тинмай ангиллашарди. Қопчиқ торлигидан биқинларимиз эзилиб, қийнала бошладик. Мен Калта оёқнинг панжаси тагидан бошимни ололмай жуда қийналиб кетдим.
Ниҳоят, одам бир жойда тўхтади. Ўтириб чарс этиб олов ёқиб сигарет чекди. Кетмонини тарақлатиб ер кавлади. Кучуклар ўзларини қўйиб юборақолмаганидан аччиқланар эдилар. Улар нафас олишга қийналиб, қизиб кетаётгандилар. Охири кетмон овози тўхтаб, одам энди кучукларни қоп билан кўтарганда кимдир келиб қолди.
– Нима қиляпсан? Ҳалидан бери тақ-туқ қиласан? Ҳа, кучук олиб келдингми?
– Ҳа, бўладими ковлаганим? Қара-чи, чиқиб кетмайдими?
– Ҳа, бўлар? Тош бостириб кетарсан-да. Қани, нечта буларинг?
– Қопнинг оғзини очвор. Учта.
Қопдан ерга ағдаришди уларни. Қайтмас биринчи бўлиб орқаси билан тўп этиб ерга тушди. Боши ерга ёмон тегиб ангиллаб юборди. Одамлардан бири уни шоша-пиша қўлига олиб кўтарди-да, ёнидагига деди:
– Тўхташ, бу эркак кучук-ку, жиннимисан?
– Эркакмас. Фарқига борасанми ўзи? Ҳозир қараб ажратдик. Ие, эркак-ку. Ҳа, битта шунақа эркаги бор эди.
Вай, бўламангина экан.
Уйда қолувди эркаги. Буям эркак бўлса биз адаштирдикмикан?
Бўлди менга берасан. Бу энди меники.
– Нега сенга берарканман. Эгасига нима дейман кейин? У ёқда урғочиси қолган бўлса-чи? Қани, Ҳа, бу – Қайтмас.
– Қайси бири қолгани билан ишинг нима? Мен кўриб қолмасам кўмворардинг, Тўхташ. Энди менга бу. Опкетаман.
Бекор айтибсан. Назир нақ ўлдиради. Кошки тузукроқ бола бўлса.
Улар тортишар экан, шерикларини қаттиқ тепкилаб чуқур томонга итқишар эди. Бечора иккови ҳам оғриқдан тинмай инграб, орқага интиларди.
Чуқурга биринчи бўлиб Қўрқоқча тушиб кетди. Лекин у чаққонлик билан тирмашиб қайтиб чиқди. Шунда биринчи одам унинг бошига қаттиқ тепди. У додлаб чуқурга йиқилди. Кетидан Калта оёқни ҳам туширдилар. Бу жуда ҳам аламли эди. Мен уларга ёрдам бермоқчи бўлиб қанча чопмайин, кейин келган одам қўллари билан нари суриб ташлайверди. Охири кўтариб олди. Шерикларимга ёрдам бериш учун унинг қўлларини тимдалаган эдим, у мени шошиб ерга қўйди. Биринчи одамнинг оёқлари остига чопиб бордим. У шерикларим устига тупроқ тушириб, ерни бир зумда текислаб ташлади. Энди уларнинг бўғиқ додлари пасайиб эшитилмайдиган бўлди. Охири овозлар тинди. Аммо ҳали туғишганларимнинг нафаси келиб турар, агар бу одамлар менга тегмаса, тош атрофини олд оёқларим билан кавлаб уларни чиқара олардим.
Шундай қилиб, у бирга ўйнаб юрган шериклари – опаси ва синглисидан бирпасда айрилди. Мана, яна қопда қайтяпти. Қайтмас бўлса ҳам қайтяпти. У шундай ғингшир эдики, одамлар яхши қулоқ солганларида шериклари билан кўмилиб кетгани уларнинг кўмилишини кўришимдан яхшироқ эди деётганини тушунардилар.
Одамлар эса гўё катта бир ишни қойиллатгандек хахолашиб боришяпти.
– Кучук керак деб айтиб қўйсанг, ўзим топиб берардим. Токзорда биттасиникида зотдор кучуклар бор эди. Қўрангга қўйсанг бўри-мўрининг нақ кекирдагини узиб оладиган. Эгаси учовиниям оддий уй қоровуллигига берворибди.
Улар онамнинг олдида – дарвозахонада мени қопдан бўшатишди. Малла мен туфайли омон қолиб, онамнинг ортида биқиниб ётган экан.
Бизнинг хавотирли кунларимиз бошланди. Маллани олиб кетишади, деб қўрқардик.
Назир ундан кейин ҳам ит болаларини кўпчиликка кўрсатди. Ҳар гал “Маллани ким олса олаверсин, лекин бунисини бермайман”, деб Қайтмасни қўлига олиб бошини силар эди.
Кўп кунлар ўтиб, биз анча бўй чўзиб қолдик.
Ҳамма мени Назир қўйган Қайтмас номи билан чақирар, Маллани эса ёқтиришмас эди. Биз онамиздан анча мустақил бўлган, энди қорин тўйғазиш ғамида нон талашар эдик. Кунлар совий бошлаган, ёмғирлар вақтида айвон эшиги ёпиқ бўлса, биз шалаббо бўлиб қолиб кетар эдик. Шунда узун йўлакдан чопа-чопа уйнинг пешайвонига борардик. Пешайвон токчасида тахланган эски шолча бор. Унинг усти иссиққина, чиқиб олсак, оёқларимиз совуқ қотмасди. Лекин Моҳидил опам неча марта бизни у ердан олиб лой ҳовлига ирғитиб юборарди. Ҳатто бекам ҳам раҳм қилмас, шолчани лой қилишимизни, полда из қолдириб юришимизни ёмон кўрарди. Шунда биз оёқларимиз қотиб қолса ҳам, устимиздан ёмғир ўтмаганига шукр қилиб, ариқнинг кўприкчаси остига кириб олардик ёки тандирхона бурчагида жон сақлардик. Айвон очиқ қолса, бошқа гап.
Она итга айвоннинг очиқ-ёпиқлиги фарқсиз эди. Айвоннинг деразасиз, ёруғ туширувчи жойидан бир сакраб кириб, қуёшли кунда ҳам ўша ерда ором олар, болаларининг унга ёпишишини ёқтирмасди. Уй олдидаги маккажўхори ўрилиб, қуригач, айвонга боғлаб киритишган, эрталаб ёки кечқурун Қайтмас Малла билан маккажўхорининг тиккалаб қўйилган поялари орасига кириб оларди. Бу ер ўзи илиқ эди. Шунда ҳам улар битта жойга жойлашиб, бир-бирининг иссиғида мазза қилиб ухлашар эди.
Маҳаллада одамлар кам юрадиган бўлиб қолишган, ҳаммани пахта теримига чақиришган, қолганлар тоғдан олиб келинган сигир-буқаларнинг қорнини тўйғазиш учун ўз томорқаларига андизга боғлаб, дала иши билан ўша ёқда кечгача қолиб кетардилар. Буни бир гал бир сигир ва икки бузоқни етаклаб олган Зиёдага эргашиб далага борганида билганди. Ўша кунларда Моҳидил ҳам, Назир ҳам ҳар куни пахта теришга чиқишар эди.
Далада ҳамма ёқ сап-сариқ. Аёллар соғинми, соғин эмасми, сигирларни олиб келиб, экини йиғиб олинган ерлар қирғоғидаги ажриқзорларга боғлаб боқишарди. Вақт кеткизмай, олма, олхўри дарахтларининг тагидаги буталарни чопқида чопиб, ўтин қилишарди. Айримлар ерлари бошидаги атрофи симтўр билан ўралган теракзорлар тагида пичан ўришарди. Баъзилар ловияси йиғиб кетилган ерда тўкилиб қолган ловияларни доналаб теришар эди. Аёлларнинг бир-бирларига гапиришларича, бу йил ҳаво яхши бўлиб, сел кам тушибди, мол-ҳолга зиён етмабди. Тоғдаги ёмғирлар майин бўлиб, ўт ҳам сероб бўлибди. Сигир-бузоқлар тоғдан семириб-семириб икки қорни кема бўлиб келганмиш.
Шундай кунларнинг бирида Зиёдага Малла икковиси эргашиб кетишди. Экини йиғиб олинган кенгликларда мазза қилиб юмалашиб ўйнадилар. Даладаги қуёш нури шундай ёқдики. Зиёда у ерда кун тиккага келгунча ишлаб қолиб кетди. Андиз ер этагидаги йўл бўйларидан уч боғ шувоқ супурги ўриб, тут пўстлоғи билан боғлади. Икки қўлтиғига қисганча, катта йўлга қараб юраётган эди, кучукчалар биз ҳам энди кетарканмиз, дея унга эргашишди. Йўлнинг ерлар бошидаги теракзоридан ўтиб бўлганларидан кейин ортларига қарашса, Зиёда йўқ. Қайтмас изига қайтди. Малла ҳам. Зиёда шувоқ боғларини ер бошига қўйиб, ўзи сигир-бузоқларни ариқда суғориб бошқа ўтли жойга силжитиб қўймоқда эди. У ўтган галгидек, ёш, шўх бузоқни энг охирида қозиғидан бўшатди. Тортилиб турган бузоқ қозиқ ердан чиқиши билан онасига қараб чопди-ю, арқон учидаги қозиқ аввал четдаги олмага, кейин бузоқ ортидан бораётган Зиёданинг юзига тегди. Текканда ҳам жуда қаттиқ урилди шекилли, тарсиллаган овоз эшитилди.
Бека додлаб ерга ўтириб қолди. Биз нима қилишни билмай, унга яқин бориб турардик. Шунда мен вовуллаш керак деган қарорга келдим. Менга Малла ҳам жўр бўлди. Бизни кимдир эшитиши, ёрдам бериши керак эди.
Охири қўшни далада олма дарахтларига тиккаланган жавдарпояларни ташиётган Фотима чопиб келди.
– Нима бўлди сизга, Зиёдаби? – деди у.
Зиёданинг нафаси ичига тушиб кетган, гапиролмас, юзига бошидаги рўмолини маҳкам босганича инграр эди.
Қўшни аёл югуриб бориб, онасини эмиб ётган бузоқни тортиб қозиғини нарига қоқди-да, яна Зиёданинг ёнига келди. Уни суяб уй томонга юрди. Зиёда қўллари билан юзини тўсиб, бир томонга энкайганича йўлга тушди. Шувоқ боғлари жойида қолиб кетди. Кучуклар ҳам улар кетидан юриб боравердилар. Зиёдани уйига олиб кириб сўрига ўтирғизган Фотима кўчага чопиб кимнидир дўхтирга югуртирди. Кучуклар энди ўйнашишмас эди, ҳовлига жимгина кириб, тандир ўтинхонасида ётган она ит ёнига ўтиб кетишди. Фотима опа пахтани тузли сувга ботириб олиб келди ва унинг юзига босди. Кейин Зиёда сўрига чўзилди – кўзлари орқага кетди. Ёрдам бераётган қўшни типирчилаб қолди. Зиёда ҳушидан кетиб қолган эди.
Кўчага келган “Тез ёрдам”дан оқ халатли одамлар тушиб келишди. Улар Зиёданинг юзига сув сепиб ўзига келтиришди, рўмолини олиб қозиқ теккан жойни кўришаётганда Қайтмас ҳам беканинг юзи жуда ёмон шишиб кетганини, бир кўзи беркилиб қолганини, қош-қовоқлари кўкиш-қизил рангга кирганини кўрди. Дўхтир деганлари Зиёдани олиб кетмоқчи бўлди, лекин у кўнмади.
Кечқурун пахтадан келган Назир онасининг аҳволини кўриб, аччиқланиб нималардир деб жавраб юрди. Пахтани ҳам, сигирларни ҳам сўкди. Кечроқ Зиёда иситмалаб қолди. Назир қаердандир яна бир дўхтирни айтиб келди. Бир нарсалар қила бошлашди. Бирпас ўтиб Зиёдани ичкарига ётқизиб чиққанларидан кейин дўхтир Назирга энди нималар қилиш кераклигини тайинлар экан, бирдан кучукларга кўзи тушди.
Малла шоша-пиша ўзини четга олди. Мен эса бу уйда ягона эркак кучук бўлганим учун Назирнинг мени ҳеч кимга бермаслигига ишониб, жойимда туравердим.
– Назирвой, кучук ўзингникими?
– Ҳа, ўзимники.
– Боқиб олдингми?
– Йўқ, итимиз туққан эди. Биттаси қолган.
– Жа зўр кучук экан-да. Ие, ҳозир яна биттаси кўринувдими? Ҳа, ана, яна битта бор экан-ку?
– Униси урғочи кучук.
– Итинг роса катта экан-да-а? Болалариям шунақа гавдали ит бўлади. Менга бер шу кучукни, Назирвой. Итинг сенга яна туғиб бераверади.
Назир жим туриб қолди, ҳайрон бўлди. Дўхтир яна гапга тушди.
– Менга ҳозир жуда керак-да. Ёқиб қолди, Назирвой. Берақол энди. Онангни ҳар кун келиб кўриб тураман, майлими?
Онасининг соғлиги ўртага тушганиданми, Назир йўқ деёлмади.
Назир мени зарда билан кўтариб, олиб келди. Мен қутидан чиқмоқчи бўлиб роса уриндим. Лекин Назирнинг бақувват қўлларига кучим етмади. Юрагим дук-дук урарди. Қутининг оғзини ёпаётганда Назирнинг юзи жуда ғамгин, қовоғи солиқ эди. У тез-тез қутини ёпиб, оғзини маҳкамлади.
– Дўхтир, ўтиринг машинага! Бўлинг, онаси ташланиб қолади. Кўтаринг ойнани, тез-тез! – деди у.
Мени машинанинг юкхонасига қўйганида онамнинг чопиб келганини, билдим. Онам машинани айлана-айлана менинг исимни олди-да, юкхонага яқин келди. Тинмай вовуллай бошлади: “Бу ердан бир амаллаб чиқ. Сен шу ҳовлига кераксан. Мен сенсиз нима қиламан. Бўлақол. Бир йўлини қил”. Мен онамдан ажралмасликни жуда истар эдим. Аммо билиб турардимки, биз у билан охирги марта сўзлашяпмиз. “Онажон, мен энди узоқларга кетар эканман. Сиз сиқилманг, она. Ахир шерикларимдек тириклай ерга кўмилмадим-ку, одамларнинг уйига кетяпман-ку”.
Машина юрди. Онам вовуллай-вовуллай нақ дарё бўйигача бирга келди. Машина билан тенгма-тенг юриб узоқ чопди.
Катта йўлга чиққанда машина тезлашди. Маҳалладаги одамлар машина кетидан югураётган итга қарашар, қаергача ета оларкин деб кузатишарди.
Кейин онамнинг овози узоқлардан эшитила бошлади. У энди бизга етолмай қолган эди.
Ит машина кетган йўлга қараб узоқ ўтирди. Олд оёқларини тик тутиб, қулоғини динг қилиб, ҳеч бўлмаса, машинанинг қайси йўллардан юриб кўздан йўқ бўлишини билиб қўйди. Кейин бошини эгиб, Малланинг олдига – Қайтмас билан қуйиб қўйгандек ўхшаш, лекин ҳеч ким ит қилиб боқиб олишни истамайдиган боласи ёнига қайтади. Малла бу вақтда онасининг ортидан анча йўлга келиб қолган эди. Агар у бўлмаганида ҳам она ит ўз ҳовлисига қайтарди.
Биз бир манзилга етиб келдик. Мени қоғоз қутидан олишганида ҳамма ёғи қаттиқ ва муздек цемент қилинган кичкина ҳовлига оёқ қўйдим. Ҳовли аввалги мен туғилган ҳовлидан анча тор экан. Хўжайиннинг кичкина-кичкина иккита боласи бор экан. Атрофимда пилдираб, хурсанд бўлишди.
Болаларнинг онаси уйдан чиқиб келди-да, мени кўриб:
– Вой, мунча чиройли. Қаёқдан олдингиз? Дўмбоқча экан. Қани, қўлимга олиб кўрай-чи. Бўрсиққинам-эй. Эркакми бу? Зўр-ку, – деди.
– Оти нима, дада, – деб сўради хўжайиннинг тўрт ёшли ўғли.
– Қайсармиди, Вайсармиди, эсимдан чиқиб қолди – деди хўжайин.
Ит ўша Қайтмас исми билан чақиришларини кутди, лекин ҳеч ким бу номни айтмади. Улар итга ғалати, ўзлари ҳам тушунмайдиган номларни қўйиб кўришмоқда эди. Ҳатто “Чапа” ҳам дейишди. Хўжайин ҳаммасини бир четга йиғиштириб, “Қоплон” қўямиз, дегандан кейин ҳамма жим бўлди. Бу номга Қайтмас уч кунда ўрганди.
Ўз номим билан чақиришларини жуда хоҳладим, лекин бирор марта Қайтмас номимни тилга олишмади. Мен аввалига онамни, туғилган жойимни, мен сабаб тирик қолган қўрқоқ Маллани соғиндим. Каттакон дарвозадан чиқиб олсам, уларни топаман, деб ҳам ўйладим, лекин эшик маҳкамланиб, менинг чиқиб кетмаслигим учун эҳтиёти қилиб қўйилди. Уй эгалари кечгача мен билан овора бўлишди. Улар менинг бошимни силашди. Менга бер, менга бер, деб талашишди. Шунда ич-ичимда мени бу одамларга боғлаб энди бир умр ажратмайдиган нимадир пайдо бўлди. У ичимда қайноқ бир ипга ўхшар, қорнимними, қаеримнидир ёқимли куйдирар эди. Мен бу уйдаги ҳар бир одамнинг кўзларига қараб, уларда менга аталган ғалати бир нарсани кўрар эдим. Кўзларига қараб эгаларимнинг қандай кайфиятдалигини билиб олишни биринчи марта ўша кундан ўргана бошладим.
Улар нима еб, нима емаслигимдан ҳам тортишишди. Охири ухлаш учун уйга кириб кетишди.
Ҳовли кичкина бўлса ҳам, ерга маккажўхори экилган эди. Хурмо, ўрик, ёнғоқ дарахтларининг салқини кўп эди.
Мен тунда иссиқроқ жой ахтариб, пешайвонга чиқдим, унинг тўрида палосча бор экан. Шунда ётдим. Иссиққина. Кечаси қорним оғриган эди, пешайвон бурчагига бориб қўя қолдим. Эрталаб янги бекам мени кўтариб ўша жойга олиб борди ва шапатилаб урди. Бу ер ўтирадиган жой эмас, деб уришди. Мени пастга тушириб юбориб, жунларим ёпишган палосчани қоқиб ташлади. Тушундим. Мен энди бу ерда ётмайман.
Энди пастда юрадиган, пешайвонга чиқмайдиган бўлдим.
Эртаси хўжайин итга уй қуриш учун лой қорди, кесак ташиди. Уй битди, лекин хўжайиннинг бунақа ишларга уқуви йўқлиги кўриниб қолди. Бу ичи қоронғи, бирор жойида туйнуги йўқ, дарвозага – ит қўрийдиган асосий жойга – оғзи тескари ўрнаган, ўзи пастак уйчага кириб ётиш ғалати эди.
Мен бир марта ҳам кирмадим. Хўжайиннинг ўғли бир гал мажбурлаб мени киритиб, эшигини темир тўсиқ билан ёпиб қўйди. Мен қоронғида ўтиришни истамай тинимсиз ангиллайвердим. Охири чиқариб юборди.
Бека: “Балки қишда совуқ еса кириб яшар, қўяверинглар”, деди.
Ҳовли кичкина бўлгани билан зериктирмас экан. Қиладиган ишлар кўп. Этакда товуқхона бор. Ундан нариси соғин эчкилар қамалган қўра. Деворлар паст бўлганидан қандайдир итлар ҳам кўп бўйлар, ов қилишга ўтмоқчи бўлишар экан. Лекин бундай баҳайбат итлар ҳам мен ҳуриб турганда ҳовлига яқинлашишмас, бу уйнинг эгаси бор, деб билишар эди. Бу уларнинг қўрққанидан эмас, шунчаки, қоидаси шунақа.
Мушуклар эса бошқа масала. Улар жуда айёр, сурбет бўлишади. Қайси томондан, қачон пусиб келиб қолганини билиб бўлмайди. Беканинг айтишича, хонадонга ит келишидан бир ҳафта олдин кечаси товуқхонанинг нобоп ёпилган эшигини очиб, бир мушук тўртта товуқни бўғиб олиб кетибди. Иккитаси тухумлаётган катта товуқлар экан. Бека хафа бўлиб йиғлаганмиш. Пешинда Қоплоннинг идишига шўрва суякларини ташлар экан, бошини, елкасини силаб:
– Энди ўғри мушукларнинг додини ўзинг берасан, Қоплон, – деди. Унинг сўзларини эшитар экан, ичида ўзига ишонч, кейин унга ишониб топширилаётган вазифадан ғурур туюб роҳат қилаётган эди.
Кейин-кейин ҳам, то мени ёлғиз ташлаб кетмагунларича, берган овқатларини еётганимда мени эркалатсалар, суяклар оғзимда осон эриб кетар, овқат жуда ширин туюларди.
Ўз ишимни мароқ билан бажарардим. Тунлар ухламас эдим. Мабодо мушуклар келмаслиги аниқ бўлиб сал кўзим илиниб қолганда ҳам, уй эшиги очилиб бирорталари ҳожатхонага чиқишса, уларга доим ҳушёр эканимни билдиргим келар, деворларда ҳеч қандай шарпа бўлмаса ҳам, ўша ёққа қараб вовуллаб чопар, уй эгаларини хурсанд қилар эдим. Ҳа-да, менга ишониб бемалол дам олишсин. Ахир мен бу ерда нима қилиб турибман.
Кундузлари менга анча қизиқ эди. Хўжайиннинг ўғли Илёс мен билан ўйнашишни яхши кўрарди. Мен ҳам унинг сумка кўтариб келишини кутар, келганда олдига солинган дастурхондан энг аввал менга нон ташлашига ўрганиб қолган эдим. У чойни шоша-пиша ичгач, ҳовлига чиқиб, лук деб ўйнайдиганлари – текис оқ ёғочни ирғитиб, олиб келишга ундарди. Бу ўйин менга шундай ёқардики, агар бекам ўғлини дарс қил, деб уришмаса, кечгача ўйнашга рози эдим.
Кейинроқ бека қизи Анорани боғчага бериб ишга чиқиб кетди. Бу вақтда Илёс сумка кўтариб мактабга борар эди. Ит пешинда оч қолар эди. Қорнининг таталаганига чидолмай ҳовли атрофларини айланиб, емиш қидирар, беканинг эртароқ келиб қолишини истаб, дарвозага қарар эди. Ҳув аввал ҳали кучук эканида бир мол дўхтири унинг тепасида туриб бир гап айтганди: “Олабай итларни тўйдириш қийин. Агар уларни доим гўштга боқилса, бир ўзи бўри галасига ҳам бас келадиган кучли ит бўлади”.
Мен кун-кун очлик қийнаганда ариқ сувини ичиб кеч бўлиши, бекамнинг ўғлини эргаштириб, қизини боғчадан олиб кела қолишини кутар эдим. Эрталабда кўпроқ овқат ташлаб кетишмаганига хафа эдим. Бир куни сабр қилолмай, ертўлага тушдим ва у ердаги томорқадан олиб келиб тўкилган йирик картошкадан битта олиб чиқиб едим. Эртага бундай қилмайман. Балки, кечқурун суяклар кўп бўлса, бирортасини туш вақти учун кўмиб қўярман, деб ўйладим. Аммо эртаси куни ҳам очлик азоб бериб, яна картошка едим.
Уй эгалари итга етарли овқат беролмаётганларини тушунмасдилар. Итнинг оёқлари ингичкароқ, танаси ҳам енгилроқ эди, лекин хўжайиннинг олдига ким келмасин, “Итингиз жуда гавдали, чиройли экан”, дерди. Хўжайин ити билан ғурурланарди.
Кунлар исиганда, хўжайин соғин шохсиз эчкиларини тоққа – қирғизларга боқиш учун ташлаб келди. Энди қовун пўчоқ бўладими, бошқами, ҳаммаси итнинг ихтиёрида эди. Бека бир қўшнисига пўчоқ берганида икки кун ўтиб унинг қўзиси ўлгани ва шунинг учун балога қолганидан бери энди пўчоқларни ҳовли четидаги ўрага ташлар, уларнинг яроқлилари янгилигидаёқ итнинг назаридан ўтар, унинг қорнини тўйғазар эди.
Баъзи кунлари уйдагилар кўчадан қорни тўқ келишар, кейин, кўпда, атрофларида қанча айланса ҳам, унга парво қилишмасди. Бир гал сира чидолмади. Ўзим қўрийман-ку, ҳаққим бордир, деб айвонда товуқ энди туриб кетган жойдан битта тухумни тишлаб кўтарди. Уни идиши бор жойга олиб келиб емоқчи эди, бека кўриб қолди:
Вой, Қоплон тухум еркан! Ана, оғзида олиб юрибди! – деди у.
Илёс нималардир деб бақирди. Хўжайин анча сипо одам эди. У бирпас қараб турди-да, уни чақирди:
– Қоплон, бери кел.
Қоплон индамай унинг олдига борди.
– Тухумни мана бу ерга қўй.
У тухумни кўтарма пешайвон қирғоғига оҳиста қўйди. Ҳамма, ҳатто Анора ҳам чапак чалиб юборди. Хўжайин аввал итнинг бошини силади, кейин тухумни ердан олиб, ариқ сувида ювиб, силкий-силкий олиб кетар экан, уни мақтади, овқат беришларини буюрди.
Шундан кейин мен маккажўхори ёки картошка-пиёз экилган экинча ер ичида бир жойни танламайдиган аҳмоқ товуқлар қўйиб кетган тухумларни топиб, уларни супага олиб келадиган бўлдим. Мен бу тухумларни қайси товуқ қачон қўйишини билардим. Лекин уйга ҳамма келмагунча олиб чиқмасдим. Чунки очиқ жойда ҳакка (майна) тухумни кўриб қолиб чўқилаб кетиши мумкин эди. Айвонда товуқлар бир-бири билан ўрин талашиб тухум қўядиган жойга эса тегмасдим. Уни бекамнинг ўзи олар, доим битта тухумни товуқлар жой алмаштирмасликлари учун қолдириб қўярди.
Уйда одам бўлганида ёки эшик баъзан очиқ қолиб кетганида мен кўчага ҳам чиқар, икки-уч қўшни ошналар билан гурунглашардим. Аввал келганимда кичкина деб писанд қилмаган катта итларнинг бўйи энди меникидан пастлик қиларди. Энди мен улардан асло чўчимасдим. Биз улар билан баъзан гаражга ўтиб, унинг кенг ва кимсасиз ҳовлисида истаганча айланар эдик.
Колхоз гаражида баъзида бир тақачининг тақ-туқ қилиб, нимадир ясагани эшитилар, бир неча одамлар битта паст бўйли тақачининг оғзига тикилишарди. У кичкина нарса ясаса ҳам, худди машина ихтиро қилгандек, манманлик қилар, бир кунда иккитадан кўп нарса ясамас, илтимос қилиб келганлар: “Ахир ўн беш минутда бўласиз-ку”, деса, босқонни тап этиб гапиргувчининг оёғи остига ташлаб: “Мана, ўзинг ясаб олавер”, дер эди. У эрта саҳар келганича пешинга довур уриниб, унга навбатга туришни уддалаган одамга нимадир ясаб берганидан кейин ўша ердаги эски сўри устига кичкина, ранги ўчган дастурхонни ёзишар, тушликлари арақ ичиш билан тугарди. Улар ичиб бўлиб ҳам кета қолишмас, нималарнидир гаплашишар эди. Туриб кетганларидан кейин эса уларнинг сўриси остида бўлка нон қолдиқлари, қовун ё тарвуз пўчоқлари, колбаса четлари, гоҳида картошка димламадан қолган улуш бўларди. Қоплонга бирор полапоннинг жон аччиғида чийиллашидан ё қурбақанинг шўртанг гўштини егунча эшитишга мажбур бўладигани – ёқимсиз овоз – жон фарёдидан кўра шу узоқ кутишни талаб қиладиган емиш маъқул эди. Унинг барча маҳалладошлари ҳам ўзлари хизмат қилиши керак бўлган уйларида қоринлари тўқ эди-ю, аммо барчалари ташқаридан топиб ейилган овқатни мазалироқ ҳисоблашар эди. Баъзан шериклари гараж кўмирхонасининг пастак томига чиқиб, у-бу ерда ин қурган мусичаларнинг учирма бўлай деб турган полапонларини овлаб тушишарди. Қоплон билан қўшни дўсти Зийрак иккиси бундай қилишни истамасди. Шериклар емишларини қарсиллатиб ейишга тушганларида ич-ичидан ғашлари келиб, кайфиятлари бузилгани билан иштаҳалари очилиб кетиб, дарҳол уйга қайтишарди.
Биз иккимиз девор остига келиб бир-биримиз билан гувраниб суҳбатлашардик. Мазза эди. У уйда ҳеч ким йўқлигидан хабар берар, мени ўша ҳовлига ўтишга ундар, лекин мабодо товуқларини чўчитсам, кунимни кўрсатиб қўйишини билдирар, мен эса унинг уйига асло ўтмасдим. Чунки у билан уришиб қолишни истамасдим, кейин ўз ишим қолиб кетиши мумкин эди. Бирга кўчага чиққан кунларимизда баъзан Зийракнинг ҳам феъли айниб қолар, тирик қушларни ўлдиришдан тийилса-да, пешайвонларда қолган дастурхонларни очиб, нонини ейишдан қайтмасди. У иккимизнинг эгаларимиз қаергадир кетиб, очлик қийнаган кунларимизда мени бирор эгаси далага кетган ҳовлиларга боришга ундарди. Мен кўнмасдим. Унинг ортидан бориб қолганимда ҳам ҳовлига кирмасдим. Зийрак билан бошқа дўстим йўқлигидан дўстлашган эдим. Ахир ҳеч ким ёлғиз яшолмайди. Биз бир-биримизни яхши тушунардик.
Кейинроқ маҳалладаги энг ҳашаматли уйда турадиганлар Тоймас деган итни боқиб олишди. Қоплон Тоймас билан дўстлашди. Жуда ажойиб ит эди. Эгаларининг учта бир-бири билан уришиб юрадиган ўғиллари, кейин битта ширингина қизлари бор эди. Тоймас ҳар доим кичик қизларининг ортидан эргашиб юрар, ўғиллар билан келишолмасди. Қиз Шоҳида эди. Булоққа сувга чиқса, Тоймас бирга борарди. Мактабга кетаётганда бирга катта йўлгача кузатиб қўярди. Шоҳида камгап, босиқ ва чиройли қиз эди.
Қор ёғди. Қоплон бу бесўнақай ва қоронғи, бунинг устига сувнинг нами тепиб турадиган уйга кирмади. Бу уйчанинг ўзига яхшилик олиб келмаслигини яхши биларди.
Менга аталган қоронғи ва пастак уйдан кўра, пешайвон четида ташлаб беришган эски кийимлари устида қишни ўтказа бошладим. Бу вақтда кузда тухумдан чиққан жўжалар анча кўпайиб, товуқлар тинмай тухум қўйишар, келган бир-икки қариндошлар товуқларга қараб ҳаваси келганда бекам мақтанар, ҳозиргача ҳеч қачон бунча бўлмаганини, бунда менинг катта ўрним борлигини айтар, меҳмонлар менга ҳам ҳавас билан қарашар эди.
– Вой-бў, намунча товуқларингиз кўп? Нечта бор?
– Ҳаммаси олтмиштага етди.
– Қанақа қилиб кўпайтирасиз-а? Биз ҳам роса жўжа очтирамиз. Ё мушук олиб кетади, ё илон сўриб кетади, ё қуш кўтаради.
– Қоплонимиз зўр-да, у бўлмаса, бизда ҳам шунча бўлмас эди.
– Ҳа, итингиз яхши экан. Яхши ит рўзғорнинг баракаси дейишади-ку.
Бир куни хўжайиннинг олдига Қўрғон маҳалладан бир одам келди. У ичкарига – хўжайин касал кўрадиган уйга кириб чиққанидан кейин итни кўриб қолиб сўради:
– Итингиз бошқача эканми? Қаердан топгансиз?
– Қаердан бўларди. Жиянингиз Назир берган. Яхши ит бўлди.
– Ҳа-я, дўхтир, эсимдан чиқибди. Бу дейман, қариндош эканмиз-у. Бунинг туғишгани менда. Оти нима бунинг?
– Қоплон.
– Қоплон, маҳ. Меники Олабой. Лекин итни боқолмабсиз. Бир бориб кўринг. Олабой бунингизга иккита келади. Агар бу ўша бўлса, кичкиналигида энг йириги эди-я. Назир буни ҳеч кимга бермайман, деб олиб қолувди. Рости, боқолмабсиз. Хашаки уй ити бўпти.
– Билмасам, ўзим уйда бўлиб-бўлмайман. Болалар ҳам вақтида қарашмайди-да. Ўқиш, иш деб…
– Эссиз, хафа бўлманг мен шунақа, тўғрисини гапириб қўяқоламан. Ит ярим баравар ҳам ўсмабди. Агар менда бўлганида кўрардингиз.
– Ҳалиям боқса бўлар.
– Э-э, йўқ. Энди буни суяги қотибди. Тарбияси ҳам жойини топиб бўлган. Буни қаттиқ нонга боқибсиз-да. Бошда келиб қанақа қарашни айтсам бўларкан. Бизни хотин бозорга холодес қилади-ку.
– Ҳа-а.
– Шунга суяк-илик сероб. Ҳозир керак бўлса бунақа итларни анча-мунча пулга оладиганлар бор. Лекин бу авлод жа вафодор бўлади. Ҳалиям икки ой яхши боқинг. Хоҳласангиз сотворардингиз. Ўзим сотиб бераман. Бунақа итларнинг жойи тоғда. Қўтон қўрийдиган, бир сурувни бешикаст яшатадиган ит бу.
Менинг негадир жаҳлим қўзиётган эди. Менга қараб гапираётган одам сира ёқмаётганди. Агар шунинг ўрнида Назир бўлганида ҳам ириллаб кўчага қувиб солган бўлардим. Боқилмаганимда ҳам менга етадиган ит маҳаллада йўқ эди.
Меҳмон итнинг авзойини кўриб орқасига қарай-қарай кўчага чиқди. Бека ҳам бу гапларни эшитиб турган экан. Хўжайин эшикдан қайтиб кирганда аччиқланиб деди:
– Тавба, бировнинг ити билан нима иши бор. Хоҳласак, қаттиқ нон берамиз, хоҳласак гўшт.
– Тўғри айтяпти. Ўзим ҳам бошда бўладиган кучук деб опкелувдим. Кейин ташлаб қўйдим-да.
– Битта ит бўлса, шундоқ бўлар-да. Яна нима керак. Катта бўп кетса яна боқиш қийин бўлади.
Хўжайин беканинг гапига кулиб деди:
– Шундоғам нон беришга қизғаниб, итни қўй қилиб қўйганман, пўчоқ ейди, дегин.
Бека жаҳл билан ичкарига кириб кетди. Ит негадир хўжайиндан ҳам аччиқлана бошлади. Бошини осилтириб нари кетди. Балки у, ахир тўймаганимдан кейин, пўчоқми, бошқами, ейман-да. Лекин қўй эмасман. Мен ҳақиқий итман, деб ўйлагандир.
Барибир ўша одамнинг гапидан кейин итга тузукроқ қарайдиган бўлишди.
Бека ўчоққа уринаётиб, каттакон қадимги косанинг лабини учириб юборди. “Ҳаҳ, қуриб кетсин. Катта бувимни кўрган идиш. Мерос эди-я. Қалинлигига ишонсам, шунақа бўлиб ўтирибди”, деди у. Антиквар деб музейдан келишганида яхшигина баҳога ҳам бермаган шу табаррукни нега рўзғорга ишлатди, ўзи ҳам ҳайрон эди. Энди Қоплонга идиш бўлақолсин.
Ит эса ўз идиши олдига келди-ю, ёнида турган бегона косадаги овқатга бир қараб қўйиб нари кетди.
Менга одамлар идишида овқат солиб беришибдими?
Мен овқатга назар ҳам солмадим. Менинг ўз идишим бор. Қорним қанча оч бўлса ҳам бошқа идишдан овқат емайман, бошимни суқмайман. Ўз идишимни бекам икки марта, иккита Ҳайит байрамида, яхшилаб тозалайди. Ўшанда у одамларникидан ҳам чиройли бўлиб кетади.
Яхшики, бекам ўша куни мени тезда тушуниб, ўша овқатни ўз идишимга солиб берди.
Товуқдек беақл жонзот бўлмаса керак.
Мен товуқларни, уларнинг болаларини ит-мушукдан, жўжа кўтарадиган қушлардан асрар эдим. Яна уларнинг ўзидан рўзғорни ҳам асрашга тўғри келарди. Ҳовли четида даладан йиғиб келинган буғдой бор эди. Товуқ-жўжалар энг пастдаги қопларни чўқиб тешиб ташлашарди. Мен уларга ҳуриб-ҳуриб, худди ушлаб оладигандек ташлана-ташлана чарчаганимни хўжайинларим билишдими, охири қопларни қаттиқ брезент билан ёпиб ўраб ташлашди. Бемаъни товуқлар энди пешайвонга чиқиб, полларни ифлос қилишарди. Бекам вайсай-вайсай тозаларди. Охири мен уларни ҳовлига ўтказмасликка қарор қилдим. Бу иш мени кечгача жуда чарчатарди.
Бир куни хўжайин кўчадан гўшт олиб келди-да, деразадан қараб:
– Аяси, гўштни ол, мен кетдим, – деб супа лабида қолдирди. Бека бешикка бола белаш билан овора, эшитмай қолди.
Хўжайин супа лабида қолдирган қоғозга ўроғлиқ нарсадан бирам ёқимли ҳид келар эди. У гўшт эди. Бека сира уйдан чиқавермади. Катта товуқлар, хўрозлар гўштга яқин келиб чўқимоқчи бўлишарди. Мен уларни тинмай ҳайдардим. Охири уларни ҳовли этагига жўнатиб юбордим. Анча тинчидим. Бир маҳал уй бурчагида гўштни мўлжаллаб турган мушукни кўриб қолдим. Мен тўхтовсиз вовуллаб бекамни чақирдим. У ҳайрон бўлиб чиқиб келар экан, гўштга кўзи тушиб, менга миннатдор қаради. Гўштни уйга ташлаб чиққач, мени чақириб бошимни силади. Юзини юзимга қўйди. Кейин анча вақт менинг гўштга ҳам тегмаслигим, фақат ўз идишимдан овқат ейишим ҳақида ҳаммага гапириб юрди.
Кейинги қорлар ёғиб ўтганида болалар анча катта бўлиб қолишган эди. Қор кўп ёғиб, уйни иситиш учун бир неча ўрикларни кесиб ёқиб юборишди, ҳовлида ҳали анча ёш хурмолар билан икки туп ўриккина қолди. Бироқ қўшни ҳовлидаги каттакон ёнғоқ деворга маташиб ўсганидан, остидаги илдизлари ҳам катталашиб, девор тагини кўтариб юборган, кейин девор ёрилиб, омонатлашган экан. Ҳовлининг ўша томонидаги девор баҳорги тўхтамайдиган ёмғирлар вақтида гурсиллаб қулаб тушди.
Мен девор йиқилганидан ҳаммага хабар бердим. Бу вақтда хўжайин ҳам, бека ҳам ишда эди. Ичкаридан менинг нега вовуллаётганимга ҳайрон бўлиб чиққан болалар девор қулаб, қўшни боғлар кўриниб ётган жойга яқин келишди.
Бекага телефонда билдиришди. Кечқурун хўжайин ҳам ишдан келиб, қулаган деворга қараб, ёруғ ёз куни эмаслиги, ҳозир деворни уриб бўлмаслиги, ҳали уни тиклаш учун иложи бўлса, ёнғоқни кестириш кераклиги, девор уриш учун ҳали ғишт ҳам қуйишга тўғри келиши ҳақида гапирди. Хўжайин машинасида бориб оқ бўз олиб келди. У билан беш-олти қадам жойдаги очилиб қолган девор ўрнини тўсишди. Ҳожатхона томонга ўтганда узоқроқдаги қўшниларнинг кўзи тушмаслиги учун яхши бўлди, лекин бу тўсиқ дайди ит-мушукларнинг ўтиб келишига тўсқинлик қилолмасди.
Энди менинг ишим анча қийинлашган эди. Чунки қўшнимизнинг бизникига қараганда бир неча баробар катта боғида қиши билан одам бўлмаганидан дайди итлар кезиб юришарди. Боғнинг деворлари кекса одам ҳам ҳатлаб ўтадиган бўлиб пасайиб кетган эди. Энди бизнинг ҳовлимиздан туриб пастак деворлар билан ўралган қатор-қатор экин ерлари ва ҳовлиларни кўриш мумкин эди. Уларнинг кўпида одам яшамас эди. Фақат экин экишарди. Бўз мато ости анча очилиб қолганди. Мен ундан бемалол нариги ёққа ўтиб кетардим.
Узун-узун боғлардан биридаги ҳашамдор ҳовлида, ўша Шоҳида – сочи узун қиз кўринарди. У бир йил олдин шаҳарда ўқишни битириб келган, келиб, қишлоқнинг идора деб аталадиган ва ўзи шу қишлоқни бўлакларга бўлиб идора қиладиган жойида иш бошлаганди. Беғубор, босиққина Шоҳида улғайиб, жуда ҳам чиройли бўлганди. Маҳаллада уч девор нари қўшнининг Қоратой номли ити йўлга ётиб олса, ҳеч кимни қувламасдан ўтказмасди. Биргина шу қизга – Шоҳидага ундай қилмасди. Ўзи-ку, Шоҳидани Тоймас катта йўлгача кузатиб қўярди. Лекин баъзида Шоҳида ўзи ёлғиз ҳам ўтарди. Қиз ишга ўтиб кетаётганда Қоратой жимгина бошини эгиб турар, ўтиб кетганидан сўнг унинг кетидан чиқиб бирор нарса деб гап уқтираётган акасига эса вовуллагани вовуллаган эди. Шоҳида ҳамиша ерга қараб юрар, худди айбдорга ўхшарди. Қоплон девор очилиб қолганидан кейин ўша томонларга бемалол ўтиб юрди. Уни луқма топиш қизиқтирмасди. У ўша қўшниларнинг итлари билан нимадир тўғрисида гувранибми, имо-ишора қилибми, гаплашишни, бу ёқимли кенгликларда истаганча сайр қилишни, ошналари билан чопишиб юришни ёқтирарди.
Тоймасга кўпда ҳавас қиларди. У бир дайди итнинг таъзирини шундай бергандики, ҳамма ҳайрон қолганди. Ўзи ҳам гавдали, виқорли эди. Бир одати бор эдики, нима учраса, қорнига уриб кетаверарди. Қоплон ундан ҳеч нарсани қизғанмасди. У ишончли дўст эди. Улар Тоймас билан колхоз гаражидаги узун ва кимсасиз бинонинг ичкарисигача ҳам кириб чиқишган эди. Агар Тоймас бўлмаганида Қоплон учун бу бинолар билгисиз қолиб кетарди.
Бирдан Шоҳидаларнинг Тоймаси икки кунлаб кўринмай қолди. Эгалари, айниқса, Шоҳида уни қидириб юрди, Қоплонларникига ҳам чиқди. Бир-бирига туташиб ётган боғларда ҳашаматли уй эгаларининг Тоймасни қидирганлари, излари бормикан, деб лой ариқлар ичигача қараганлари кўриниб турарди.
Мен уни топишга астойдил киришдим. Кўнглим бир совуқ нарсани сезиб турарди. Ичим куярди. Лекин Тоймасни топа олишимга ишонардим. У жуда жасур ит эди. Усиз биз – қўшни итларнинг суҳбатлари ҳам бемаза, бирга чопишишларимиз ҳам зерикарли туюлаётганди. Ундан кейин шундай дўстимнинг бирдан йўқолиб қолиши жуда ғалати эди.
Биздан пастдаги бир ҳовлида кечалари қимор ўйнашарди. Уй эгаси асли деҳқончилик сабаб бўлиб, бошқа қишлоққа кўчиб кетган бўлса ҳам, ўзи сингари қиморбозларни олиб келиб, тунлари ўйнар, баъзи кечалар ўша томондаги ўчоқда олов ёнгани кўринар эди.
Бир гал ҳатто бу ерга тез-тез келадиган одамлардан бирининг тунда пешоб қилиш учун уй орқасига, бизнинг ён қўшнимиз Атобойнинг боғига ўтгани, кейин атрофни аланглаб, кўздан кечиргани, эртаси кечки пайтда худди ўша одамнинг маҳалладаги ёлғиз ўтирадиган Тўхтамат чол ҳовлиси этагидаги катакдан қийиллатиб товуқ олиб чиққанини кўрган эдим. Мен ҳарчанд вовуллаганим билан бу одамга яқин боролмадим. Агар бизнинг уйимиздаги катакка тегсин эди, кўрарди нима бўлишини. Одам вовуллаганим билан олдига боролмаслигимни билди, шекилли, товуқни қўлтиғига қисиб, худди ўз ҳовлисида юргандай бемалол қиморхонага ўтиб кетганди.
Ўша куни Тоймаснинг иси менга ўша қиморхонадан келаётгандай бўлди. Эски тандирхона ёнидаги ўйиқ жойдан ошиб ҳовлига тушганимда иккита уйи бор ҳовлининг чироғи ёниқ хонасида одамларнинг бошлари кўринди. Уйнинг тепасидаги мўридан қовурилган гўшт ҳиди димоғимга урилиб бутун танамни сескантириб юборди. Уй олдига бориб, деразадан мўраладим. Одамлар ўртага қоғозларни ташлаб, қимор ўйнашар, нарида нонлар ва бир товоқ қовурилган гўшт кўринарди. Бирдан менга ичкаридан Тоймас қараб тургандай бўлди. Димоғимга яна унинг ҳиди келди. Мен ис олиб ҳовлининг этагига қараб юрдим. Ҳожатхона ёнидаги кичкина бостирмага яқинлашганим сари ич-ичим ғалати бўлаверди. Тери ҳидидан бошим айланиб кетди. Эшигига қулф солинган айвонга ён тешикдан ўтдим. Ичкарида… Тоймаснинг қора кўзлари тош қотиб қолган калласи ва оёқларидан ажралмаган териси ётарди. Мен увиллаб юбордим. Унинг ҳоли шундай ачинарли эдики, ит бўлганларимга пушаймон бўлдим. Бирдан Тоймаснинг кўзлари юмилиб яна очилгандай бўлиб кетди. Мен дўстимнинг мабодо шу танасидан нарида тўппайиб ётган ичак-чавоқларсиз ҳам яшаб кетиши мумкинлигига ишониб уни тортқилаб кўрдим. Тешик олдигача тортиб келдим. Йўқ. Тери ҳам, оёқлар ҳам қотиб қолган экан. Шунда ҳам танаси оғир эди. Уни қандай енгдилар экан?
Унинг олдида қанча қолиб кетдим, билмадим. Бошимни осилтириб, Шоҳидаларнинг боғига ўтдим. Ҳовлида ҳар доимгидек Шоҳиданинг ўзи юрарди.
Қоплон кўпинча бу катта ҳовлида юмушлар билан банд Шоҳиданинг юрган йўлини изма-из кузатар эди. Қоплоннинг бекаси Шоҳидани фаришталарга ўхшатарди. У бирдан ҳовли этагига қараб, ит шарпасини илғаб қолди.
– Тоймас, ўзингмисан, – деди. Қўлидаги нарсани ерга қўйиб шу ёққа шошиб кела бошлади. Кейин уни таниб, – Ҳа, Қоплон, сенмидинг. Дўстингни излаб келдингми? Биз ҳам излаб юрибмиз. Қаёқда қолди экан. Итотарлар отганми десак, ҳеч қаерда унақа гап йўқ. Бирор игна-пигнами, дорими еб қўймадимикан. Жуда соғиндим, Қоплон, – у шундай деб, итнинг бошини силади, кейин қоғоз устига суяк қўйди. Қоплон дўстининг ўлиги устидан келганди. Кўзидан ёш оқарди, суякка қарамади. Аввалгидай Шоҳиданинг ишларини ҳам кузатиб ўтиришга тоқат қилмай ўз уйига қайтди.
Эртаси кечки пайт Қоплоннинг уйидагилар катта тараддудда у ёқдан бу ёққа чопишарди.
Ҳовлида юрар эканман, хаёлимда кун ботиб кетган бўлса ҳам, уйимизга осмондан бир нур тушиб келаётгандай бўлди. Мен ҳушёр туришим керак эди. Негадир шу вақтда кўчадан бегонани киритмай, кейин ёввойи мушукларнинг жин илашган оёқларини шу ҳовлига туширмай туришим керакдай туюлаётганди. Шу ҳушёрлигимни қўлдан бермаганимча, бир қанча вақт ўтди. Кейин ичкари уйдан бир бегона, бир бошқача товуш эшитилди. У шундай ёқимли, шундай эрка йиғи эдики, уни қайта-қайта эшитгим келаверарди. Мен оилага яна бир болача қўшилганини пайқаб қолдим. Ўзим билмай вовуллаб юбордим.
Янги болачани бир кўриб қўйиш учун сира чиқмайдиган пешайвонга оёқ босиб, эшикни итардим. Эшик очилиб кетди. Ҳамма бақириб юборди. Мен оқ латтага ўралган чақалоқни кўрдим. У жуда кичкина, ширин эди. Уй эгалари мендан ранжишмасин деб, дарҳол ўзимни орқага ташладим. Улар мени қорни очибди деб овқатлар билан сийлашди. Мен чақалоқ учун байрам қилгандек, мазза қилдим.
Энди мен яна бир бола учун куйиб-пишишим керак эди.
Бу бола ҳам қизалоқ эди.
Отини Асила қўйишган, бирам эркалатишади, кўтараман деб талашишади.
Энди бека болаларни мактабга кузатиб қўйиб, ўзи чақалоқнинг, кейин бошқаларнинг кирларини ювади. Уй ишларини бажаради. Асилани кўк аравачага ётқизиб, ўрик тагида ухлатади. Бу ўрик ошхонанинг устига соя бериб турганидан ўғри мушукларга ёрдам бериб қўярди. Нақ Қоплондек келадиган қора мушук итнинг кўзидан беркиниб, ўрик орқали ошхонага овга тушади.
Мушук бирдан ўрик устидан келиб, аравачага сакраб, Асилани чўчитиб юбормаслиги учун мен арава тагида ётаман. Орада товуқхона томонга ҳам қараб қўяман. Хўжайин ишдан бўшамайди. Унинг ишдан келиши ҳаммага байрам бўлиб кетади. У ҳам кичкина боласини кўпроқ эркалатади, менга энди аввалгидек эътибор ҳам қилмайди. Вақти ҳам йўқ. Лекин унинг болаларини эркалатгани менинг ҳузур қилишимга етади.
Кечқурун бўз тутилган девордан нариги ёққа ўтдим. Ҳозир ҳовлимиз тинч. Мен энди Тоймаснинг ўрнига унинг ҳовлисини ҳам қўриб туришим керак.
Бу гал Шоҳиданинг уй ишлари билан овора бўлиб юришини кўриб бўлмасди. Ҳовлида ўртанча акаси бор экан. Улар уч ака-ука қаерларгадир мева олиб бориб сотишарди. Эшикларига кўпда узун ва баланд машиналар келади. Ит уларнинг айвони олдида ёввойи мушукларга бир кўриниб, бу ерлар қаровсиз эмаслигини билдириб қўймоқчи бўлиб турганида ўртанча ака қора сумкасини ёнига қўйиб дафтарга нималарнидир ёзиб, ҳисоблагичда ҳисоб-китоб қилар эди.
Айвон томида сезилган шарпани ҳайдаш учун овоз чиқардим-да, ўша ёққа отилдим. Бироқ оёғимга тош келиб урилди-да, оғриқдан додлаб юбордим. Ортимга ўгирилдим. Шоҳиданинг акаси сўридан анча берида яна бир тош қидириб аланглаб турарди. Уйга чопдим. Бу менга ҳақорат эди. Шоҳида бўлганида сира шундай қилмасди. У мени ўғирликка келди деб ўйламасди.
Кўп вақт оёғимни қўёлмай юрдим. Кейин яна ўз ишимга машғул бўлдим. Бир кеча кўзимни юмган эдим, Тоймас яқинимга келгандай бўлди. “Шоҳидага қара”, деди у. Кўзимни очдим, Тоймас йўқолди.
Хаёлим ўша ҳовлида бўлиб қолди. Мен Шоҳиданинг акалари ўз ишлари билан шаҳарларга кетишганини билдим. Чунки уларнинг ислари келмаётганди.
Атир ҳидидан билдимки, Шоҳида ташқари ҳовлида нима биландир банд. Унинг елкамга шапатилаб, бўйнимни силашини истаб қолдим-да, бир кўрайин деб яна девордан ошдим. Ҳовлисига кирганимда Шоҳиданинг нафаси сезилар, лекин ўзи кўринмасди. Дарвозахона томонда шивирлаган овозлар эшитиларди. Ёруғлик тушмайдиган чекка жойлардан юриб дарвозахонага яқинлашдим. Шоҳида бир баланд бўйли йигит билан гаплашиб турарди.
Ўзи жуда ғамгин эди. Чопиб бориб бегона йигитга вовулламоқчи, керак бўлса ташланмоқчи эди, лекин Шоҳиданинг юзига қараб туриб бундай қилиш нотўғри эканини уқиб қолди. Йигит Шоҳиданинг қўлларини кафтлари орасига олиб кўзларига тикилганча нималардир дерди. Шоҳида эса ерга қараб олганди. У аввал энтикди. Кейин хўрсинди.
– Мирзоҳид ака, энди келманг. Уйимдагилар рози бўлишмас экан. Акаларим қаттиқ туришяпти. Баҳодир акамнинг синфдошига беришармиш, – Шоҳида йиғлади.
Йигит унга қаттиқ ва ўкинчли тикилди.
– Нега энди? Ахир холам келганларида “маслаҳатлашайлик-чи” дейишган экан-ку.
Қиз ерга қараб жавоб берди:
– Менга умуман яхши гапиришмаяпти. Катта акам бунақа қилса ишга ҳам бормайди, деди.
– Шоҳи, ахир кимдан хато топишяпти? Менданми, ойимданми, кимдан? Биз нега тўғри келмас эканмиз?
Шоҳида ерга қараб оғир ютиниб жим тураверди.
– Мана, ишим ҳам тайин бўлди. Худо хоҳласа, тўйимиздан кейин сизнинг ҳам ишингизни шаҳарга кўчирамиз. Бирга бориб келамиз. Акамнинг уйини битириб берсак, машина оламиз. Сизни ёнимда олиб юраман. Мен сизни бахтли қиламан. Ваъдалашганмиз-ку, Шоҳида.
Шоҳида маҳалланинг энг чиройли қизи эди. Узун сочлари орқасини тўлдириб юрарди. Унга ана шу келишган йигит тўғри келмаса, бошқа ҳеч ким, айниқса ана у Баҳодирнинг кўпда маст юрадиган синфдоши сира мос келмасди.
Улар сўзлашаётганда мен ўз хаёлимдаги келишган, чиройли итни – Бўйноқни ўйлайман. Мен уни кўрганман.
Биз итлар аслида бўрилар билан бир авлодданмиз.
Бўрилар умрининг охиригача битта шерик билан яшашади. Аслида итлар ҳам шундай яшар эдилар. Лекин одамлар уларнинг ҳаётини издан чиқариб юборишган. Бу ишлари ёзилмас ва айтилмас қонуниятга айланиб кетган. Агар ер юзидаги озиқ-овқатлар тўғри тақсимланганидами, агар Худо яратган ҳар бир жонзотнинг ризқи ерда бор эканига одамлар ишонишганидами, яна агар одамлар бундай шоҳона дастурхонлар атрофида ўтириб овқатланишга сарф этган пулларининг оз қисмини бўлса-да, пешонасида инсониятга содиқ дўст бўлиш ёзуғи бор итларга сарфлаганларидами, Қоплон билан тенг туғилган шўрлик урғочи кучуклар ерга тириклай кўмилмасди. Ҳатто Малла шериги ҳақида ҳам яхши хабар бўлмади. Илёс Қўрғон маҳаллага борган куни болалар бир урғочи итни тошбўрон қилиб ўлдиришганини кўрганини, “Бу Назирнинг ити” дейишганини отасига гапириб берди. Малла бечора бундай азоб чеккандан кўра, ёшлигида ўлиб кетгани яхши эди. Илёс ўша воқеани айтиб берган кун Қоплон тунда осмонга қараб Худодан нимадир ўтингандай увлади.
Шоҳида йигитнинг елкасига бош қўйди.
– Ҳа, Мирзоҳид ака, доим бирга бўламиз. Ваъда бераман. Сиздан бошқасига беришса, мен бу дунёда яшамайман.
– Унақа гапларни айтманг. Ким айтади сизни олий маълумотли деб? Биз бахтли бўламиз. Вақт келиб пулларим жуда кўп бўлади. Яхши яшаймиз. Мана кўрасиз.
– Мирзоҳид ака, кетақолинг. Ойим чиқиб қолсалар, тамом бўламан.
Йигит қизнинг қўлларини сиқиб қўйди-да, сўзига итоат қилиб дарвозадан чиқиб кетди.
Мен Шоҳиданинг ортидан уларнинг ҳовлисига кирдим. Шоҳида супа лабига келиб чўнқайиб ўтирди, ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Сочлари ерга сийпаланиб ётарди. Мен унинг ёнига чўкканимча нима қилишимни билмасдим. Охири у тиниб қолди. Менга қаради. Елкаларимни силади.
– Қоплон, Мирзоҳидни яхши кўраман. Ойим икки дунёда ҳам бермайман, улар ялангоёқ дедилар. Камбағаллик гуноҳми, Қоплон? Манаман деган жойлардан совчи келаётганмиш. Танлаб тегасан, танлаб бераман, дейдилар. Ахир мен ҳам инсонман-ку, Қоплон.
Энди Шоҳида кўксига қўлини қўйганча ўз-ўзига гапира бошлади:
– Мен севги йўқ бўлса керак деб ўйлардим. Одамлар бошқа туйғуларни севги деб ўйлашади, дердим. Баъзан севги деб қиёс қилганларини худбинлик деб билардим. Севги бор экан. У менинг бор вужудимни эгаллаб олди. Ҳаётнинг рангин эканини билмасдим. Севгисиз жуда оддий, кўримсиз кунларимни ўтказиб юрган эканман. Энди… мен усиз, унинг хаёлисиз бир лаҳза ҳам яшолмасам керак. Балки ҳамма одамлар ҳам дунёда фақат бошқа бир одам учун, шу одамга кўнгил боғлаш учун яралгандирлар. Ҳа, чиндан ҳам одамлар пул топиш, яхши еб-ичиш учун эмас, муҳаббат учун, муҳаббатнинг лаззатини тотиш учун яратилганлар. Қолган неъматлар уларни одамлар севган одамларига, яқинларига, ўзидан кейинги давомчиларига тортиқ қилишлари учун яратилган. Ҳатто фарзанд ҳам.
Шу вақт уй эшиги очилди. Шоҳиданинг жаҳлдор онаси чиқиб келди. Шоҳида шоша-пиша ўрнидан турди. Ёнидаги обдастани кўтариб, ариққа қараб юрди. Ит эса секин қоронғи четга ўтиб, уй томонга кетди.
Мен ҳар куни Тоймаснинг уйидан хабар олар, хонадоннинг йигитлари уйда бўлган кунлари эҳтиёт бўлардим. Мирзоҳид яна кўп марта келди. Бирда гаплаша олди, бирда йўқ.
Охирги марта учрашганларида Шоҳида узоқ йиғлади.
– Мени кечиринг, Мирзоҳид ака. Битта ҳаётимни ҳам ўзим ҳал қилишга кучим етмас экан. Мен энди чиқолмайман, – деди.
Мирзоҳид ундан кейинги кунларда ҳам ҳар куни келди. Ҳар куни кутди.
Кечалари Мирзоҳиднинг Шоҳидалар дарвозаси олдида турганини кўриб раҳмим келиб кетарди. Кейинроқ уйимиз олдидан ўтиб кетаётганда унинг шамоллаб қолганини, тинмай йўталаётганини билдим. Шундай бўлса ҳам, Мирзоҳид ҳар куни Шоҳидани чақириб гаплашиш учун келарди. Бу вақтларда Шоҳидани ишга ҳам юборишмаётганди. Мен кўп бор бу йигитнинг яқинига келдим, лекин ёрдам беролмадим. Шоҳида энди ҳовлида ҳам кўринмасди. Мен уни кўриш учун боғ томондан девор тагига ҳам кўп келдим. Чунки баъзида Тоймас кўзимга кўриниб унга берган ваъдамни эсимга соларди.
Кундузи ўз вазифамни тугатиб, энди ўтиришни ўрганган Асиланинг рўпарасида чўзилиб олган эдим, у эмаклаб палосчадан чиқиб менга яқинлашди. Қиқирлаб кулиб, жунимдан тортди. Аввал индамагандим, лекин унинг қўллари кичкина бўлгани билан кучли экан, шундай тортдики, мен ҳов деб унинг қўлидаги жунларимни оғзим билан тортиб олдим. Шунда нарида ҳовли супуриб юрган бекам бақириб чопиб келди. Асила чинқириб йиғлаб юборди. Агар бекам бақирмаганида у йиғламасди. Бекам Асилани кўтариб олиб, мени шу яқин орада турган ўтин бўлаги билан қаттиқ урди. Мен ангиллаб бостирмага чопдим. Бирпасдан кейин ҳовлига машинасини ҳайдаб хўжайин кирди. Унинг олдига чиққим, у билан сўрашгим келди.
Бека эса дарров унга итнинг ёввойилашиб қолгани, Асилани қўрқитиб юборгани, уни тишлаб олишига бир бахя қолгани, ҳар куни ертўладан картошкани бека қанча олиб чиқса, у ҳам шунча олиб чиқиб еётгани, кечалари дайди бўлиб боғ ошиб кетиб қолаётгани, ўз ишини бажармаётгани тўғрисида роса шикоят қилди. Хўжайин Қоплоннинг юзига ҳатто қарамади. У ранжиган эди. У бу гаплар балки нотўғридир, деб ўйлаб ҳам кўрмади.
Одамлар шунақа, кўрганларига эмас, эшитганларига осонгина ишонадилар.
Хўжайин мени жеркиб пастга ҳайдади. Наҳотки, менинг болани тишлаб олишим мумкинлигига ишонишса. Ахир мен Асиланинг қўли тегмасидан кетишим ҳам мумкин эди, фақат унинг мазза қилиб ўйнаётганига халақит бергим келмаганди.
Ейдиган овқатимга унча эътибор қилмай қўйишди. Шунга яраша менинг ҳам иштаҳам пасайиб, идишимдаги озгина ювундини охиригача ичгим келмай қолдирадиган бўлдим.
Ҳар куни кеч кирганда уйдан чиқиб, Шоҳидаларнинг боғига ўта бошладим.
Ўртадаги деворнинг қулаганига кўп вақтлар бўлиб, бу орада кунлар икки марта жуда қизиб совиган бўлса-да, ҳамон ўртада кир бўлиб, кўп жойи йиртилиб кетган бўз латта осилиб турарди.
Хўжайин ён қўшниси билан деворни тиклаш тўғрисида келиша олмаган эди.
Иккинчи боғ деворига яқинлашганимда Шоҳидаларнинг ҳовлисидан йиғи ва шовқин эшитилди. Мен девордан секин ошиб ўтиб, қоронғи бурчакдан ҳовлига қарадим. Уй олдига тўшалган палос ўртасида сочлари ёйилиб кетган Шоҳида тиз чўкиб ўтирар, тинмай йиғларди. Ўнг билагини маҳкам ушлаб олганига қараганда калтак еганга ўхшарди. У ўтирган жойида Илёснинг ўйинчоқлари ичидаги малика ҳайкалчага ўхшарди. Шу ўтириши ҳам унга жуда ярашарди. Онаси икки тиззасига қўлларини таяганча унинг юзига яқин келиб тинмай бақирар, икки акаси икки томонда тик туришарди.
Она ўзининг овози жуда баланд бўлиб узоқларга эшитилмаслиги учун сал пасайтириб гапирар, лекин важоҳати ёмон эди.
– Мен сени эр топишга жўнатганмидим ўқишга? Еганинг елим бўлгур. Бу кунингдан ўлиб қўя қолсанг бўлмайдими? Нимасига учасан ўша ялангоёқнинг? Вой ер ютсин сени! Сени туққунча ит туғсам бўлмасмиди. Одамлар нима дейди, кун кўрмагур! Вой-ей, қайтволдим, Худойим! Тавба қилдим. Уфф! Вой бошим-ей!
Шоҳиданинг аҳволи ачинарли эди. Кейин онанинг бундай қиздан кўра ит туғишга рози бўлгани ҳам ғалати эди, итнинг орини келтирадиган эди. Итларнинг айби нималигини тушуниб бўлмасди.
Катта акаси ҳам сўкина-сўкина қатъий деди:
– Бўлди. Бас қилинг, ойи. Мен охирги гапни айтдим. Эртага тайёргарлигингизни кўринг. Нон синдирилади. Бунингизга қараб ўтираверасизми? Ғиринг деса, ўзим сўйиб ташлайман. Тамом. Давай, кир уйга! Ана у кетингда итдек эргаштирганингни кўрсам, билиб қўй, яшашидан умид қилма!
Шоҳида, шундай чиройли, беғубор қиз, ўрнидан туриб зўрға-зўрға чўлоқланиб уйга кириб кетди. У кўп калтак еган экан. Мен пастак деворлардан ўтиб уйга қайтар эканман, кўзимдан ёш оқарди.
Мен кейинги кунлар туни билан, кундузи ҳам ухламадим. Шоҳиданинг аранг, судралиб уйга кириб кетгани, инграгани хаёлимдан кетмасди. Бунинг устига кўз юмсам Тоймаснинг қиёфаси менга яқинлашар, ҳушёр бўлишга ундарди.
Эрталаб бўз парда тагидан ўша ҳовлига қарадим.
Баланд пешайвонда Шоҳида белини нима биландир боғлаб олганча судралиб уриниб юрарди. Супа лабида олд оёғига бошини қўйиб ётган ит йиғлади. Бека келиб итга тикилди. Хўжайинни чақирди:
– Бунинг кўзи оғриб қопти шекилли. Зокир акани олиб келасизми?
– Аяси, битта зўр ит топиб қўйдим. Пешинга опкелади. Бир-икки кун юрсин-чи. Агар яхши чиқса, буни бирортага берворамиз.
Бу сўзларга ишониб бўлмасди. Қайси айби учун? Наҳотки уни шу уйдан, ширинтой болалардан, бошқа ҳамма нарсадан, кейин Тоймас дўстининг ҳовлисига кўзқулоқ бўлиш вазифасидан айиришади? Нега энди? Унингдек қайси ит бу ишни уддалайди? У ҳозиргача ёмон ит бўлдими? Ҳа, қорни тўймаганда ертўладан олибми, пишганда ҳовлидан ковлабми, картошка егани рост, лекин шунинг учун уни сургун қилишлари тўғрими?
Чиндан ҳам пешин маҳали мотоциклда бир қора кучукни опкелиб ташлаб кетишди. Ўзи кайфиятим ёмон эди. Баттар бўлди. Мен бир четда ётар эканман, бекамнинг, болаларнинг янги кучукни яхши кўриб эркалашларидан хўрлигим келар эди. Охири кучукни ўрганиб бўлишди шекилли, ҳаммалари бошқа ишларга чалғишган вақтда кучук менга қараб интилаверди, оёқларим тагига келди. У мендан меҳрибонлик сўрагандай бўлди. Мен эса ундан ҳовлимни, ўз ўрнимни қизғанаётгандим. Ириллаб, қаттиқ ҳуриб уни ҳайдаб юбордим. Бу вақтда хўжайин кўчадан кириб келаётган экан. Менга пўписа қилди. Баттар хафа бўлдим. Кўчага чиқиб, тегирмон қурилаётган томонга ўтиб ётиб олдим. Кўп вақтим араз била кўчада, тегирмон эшиги тагида ўта бошлади.
Икки кун ўтиб мени беканинг акасига бериб юборишди. Унинг катта ўғли бўйнимга арқон солиб уйига олиб кетди.
Мен ноилож бегона ҳовлига келдим. Бу ҳовли шундай кенг эканки, уни айланиб қўриш учун анча меҳнат қилишга тўғри келаркан. Энди қандай яшаркинман. Уйимни қандай унутсам экан, деб ўйга ботиб занжирда бир кунни ўтказдим. Уй эгаларининг мени қўйиб юборишларини кутдим. Агар ҳовлида айланиб юрсам, ишларим кўпайиб, унутишим осонроқ бўлар дедим. Бироқ уларнинг бундай мақсади йўқ экан. Мен боғлоқда турарканман. Эрксизлик мени баттар расво ҳолга солганди. Мен иштаҳамни йўқотдим. Уйдаги беш одам ҳам мени бирдай жойи алмашгани учун овқат емаётганга чиқарганди. Бугун бўйинбоғимнинг занжирга қаттиқ латта билан боғланганини кўриб қолдим. Тунда ўша латтани ғажий-ғажий бўшалдим-да, ўз уйимга чопиб кетдим. Кўчамизга бурилганимда хурсандликдан танамга сиғмаётгандим. Дарвоза ёпиқ экан. Бироз турдим-да, бошқа йўллар билан уйга киришни режа қилдим.
Ундан аввал – Шоҳиданинг аҳволини билиш учунми ё шунчакими, уларнинг дарвозасига келди. Саҳар маҳалидаёқ эшик олдида одам кўп эди. Машинага бир нарсаларни юклаётган эканлар. Ичкаридан одамларнинг “тўй, тўй” деб гапирганлари эшитилди. Ит Шоҳидани кўришга қанча уринса ҳам, фойдасиз бўлди. Бир марта кўзи унинг онасига тушди. У бошини боғлаб олган, афтидан, қон босими ошган эди.
Дарвозамиз олдига қайтдим. У ҳали ҳам очилмаганди. Бизнинг кўчадан кейинги кўча орқали кириб, қиморхона ёнидаги очиқ оралиқдан паст деворли боғларга ўтдим-да, осонгина ҳовлимизга кириб келдим. Янги кучук пешайвонда юрарди. Мен ҳеч қачон қадам босмайдиган, агар товуқлар чиқиб кетса ҳам пастдан туриб уларга вовуллайдиган жойларда у бемалол айланиб юрганди. Мен чидолмадим. Уни пастга тушишга, ўз жойини билишга ундаб бақирдим. У қўрқиб пастга чопди. Чеккадаги каттакон ёғоч қути тагига кириб олди. Унга жой қилиб беришган кўринади. Кейин қути тагида хавфсиз эканини билиб, чиранганча вовуллашга тушди.
Унинг аҳволи жуда кулгили эди.
Уйдан бека билан хўжайин чиқиб келди. Улар Қоплонни кўриб ҳайрон, ҳатто хурсанд бўлишди. Бироқ ит уларнинг олдига бормади. Хафа эди. Барибир хўжайин чақириб олди.
– Занжирингни уздингми, Қоплон? Бизни соғинибсан-да ё яхши овқат беришмадими?
Қани энди унга тушунтироладиган тили бўлса экан. Хўжайин ҳам ғалати. Асли бошдан ўзи бу олабай итга етарли овқат бериб келмаганини билмас эди у. Асли ит нима учун қайтгани, нега у ёқда яшолмаганини тушунса эди у. Наҳотки Қоплон меҳр қўйган хўжайин яшаш маъносини фақат яхши еб-ичиш деб ўйлайди-а?
Эрталаб янги борган уйимдаги катта ўғил яна мени олиб кетишга келди. Бекам норизо қиёфада менга яқинлашиб, кўзларимга қаради. Бу гал мени кўзи қиймаётган эди. Лекин барибир жиянини кутдирмай менинг бўйинбоғимни ушлади. Жим туравердим. Чунки у мен қўлидан неча йиллар овқат еган бекам эди. Унинг буйруқларига сўзсиз итоат қилардим. Бўлмаса итлик шаънимга оғир иснод бўларди. Агар боғлаб беришмаганида, ана у индамас болага ўзимни тутқизиб ўтирмасдим. Кетаётганимда бекамнинг кўзида ёш кўрдим. Унинг ғамгин кўриниши кўз олдимдан кетмай қолди. Мен хурсанд эдим. Ширин ўйга ботгандим. Негаки бекам менинг ана у арзанда кучукдан яхшироқ эканимни тушунган эди.
Мана, мени яна занжирда олиб кетишмоқда. Бўйнимдан боғлашса, мен нимага ҳам ярардим. Энди ҳеч нарсага қизиқишим қолмаётганди. Судралиб борар эканман, бирдан кўчамиз бошида турган Шоҳидани кўрдим. Унинг олдига чопиб боргим келди. Бироқ занжир тортилиб, бўйнимни қийиб юборди.
У дугонаси билан кулиб гаплашиб турар, қандайдир муҳим ишни ҳал этаётганди. Шоҳиданинг тақдирга тан берганига ишониб бўлмасди. У эса негадир хафа эмасди. Балки, бир камбағалдан қутулганига хурсанддир. Одамлардан ҳамма нарсани кутса бўлади. Лекин Шоҳида…
Яна аввал бир неча кун овқат еб-емай ўтирган жойимга ўрнашдим. Энди кўп нарса қийнарди. Бу каттакон ҳовлининг деворлари менинг бўйимдан сал баландроқ эди холос. Дайди ит ва мушуклар истаган вақтда изғиб юришар, менинг бу ерда бор ё йўқлигим аҳамиятсиз эди. Мен ҳаётдан узилиб қолгандек бўлардим. Нега яшаётганимни тушунмас, кунларим маъносиз эди. Баъзи тунлари кўзимга Тоймаснинг қиёфаси яқин келаверар, у мени яна нималаргадир ундагандек бўларди. Ана шунда мен яна Шоҳидани эслардим. Шоҳидани эслаганимда кўз олдимга ўзим кўнгил қўйган Бўйноқ келарди. Уни бекамнинг ортидан қўшниникига усталарига овқат олиб чиқаётганда эргашган маҳалим кўргандим.
Бека ҳовлида ишлаётган усталарга “Ҳорманглар”, деб, кейин лаганда ўроғлиқ овқатини уй эгасига узатган, икки аёл бирпас гаплашиб ўтиришган, кейин ўша қўшни аёл бекага омборхона орқасидаги бостирма тагида болаларини ўйнатиб юрган итини кўрсатган эди. Унинг тўртта кучукчаси бор экан. Бири – ўша, Қоплон билган, жунлари бекасининг момиқ пальтосини эслатадиган, лекин ялтираб турадиган Бўйноқ эди. Қоплон уни кўриш учун бека ташқарига чиқса, ўша уйга борармикан деб ҳар гал эргашарди. Бироқ бекаси ҳадеганда у ҳовлига киравермасди. Бўйноқни у атиги уч марта кўрди. Охирги кўришида Бўйноқ анча улғайган, жуда Қоплоннинг бўйига етолмаса ҳам, дуркун бўлиб ўсиб қолган эди. Кейин бир гал бекасини ўша Бўйноқнинг эгаси чақирди. У нимадандир хавотирда эди. Унга Қоплон ҳам эргашди.
– Қўшни, ҳозир итотарлар келар экан. Итлар қутураётганмиш. Одамга зарар қилармиш. Итингизга паспорт олмаган бўлсангиз, барибир отиб ташлайди, дейишяпти, – деди аёл куюниб.
Бека Қоплоннинг яхшиямки паспорти борлиги, маҳаллий уколларни ҳам вақтида олиб туришини айтиб, бошқа гапларга ўтиб кетган эдики, ташқаридан қурол кўтарган уч одам кириб келиб қолди. Қоплон Бўйноқ билан ҳали кўришмаган ҳам эди.
Одамлар уй бекасига шундай тушунтиришдики, у итларининг отилишига рози бўлиб қўя қолди. Уларнинг бири Қоплон ҳақида сўрамоқчи бўлиб унга тикилди. Қоплон бир хавфни сезгандай беканинг оёғи остига келган эди, бека ерга чўкди-да, Қоплонни олд оёқлари билан қўйнига олди. Бека чиқиб кетишни уддалолмаётганди. Энди нима бўлиши уни қизиқтириб қўйган эди. Айвондан аввал она итни, кейин кучукларни битта-битта олиб чиқиб девор тагида отиб ташлашди. Қоплон ҳар ўқ отилганда ерга чўккалаб олган беканинг қўлтиғи орасига кириб кетар эди. Бека ҳам ҳар гал бир сапчиб тушар, ҳалигина бидирлаб турган одам тилдан қолгандек гапирмас, орада “Войй, Оҳҳ”, деб қўярди. Охирида Бўйноқни олиб чиқишди. Қоплон Бўйноққа тикилди. У ўқ овозидан қаттиқ қўрқиб кетган эди. Кўзларини ола-кула қилиб, олиб чиққан одамнинг қўлларидан чиқиб қочишга интиларди. Одамлар ўқ отишдаги маҳоратларини Бўйноқда намойиш қилмоқчи бўлишган экан. Бири уни осмонга ирғитди, иккинчиси унга қулаётган жойида ўқ отди. Бўйноқ яна юқорига отилиб, бир айланиб, тўп этиб ерга тушди. Оғзидан қони сачраб кетди.
Қоплон шитоб билан қуролли одамлар томонга сакради, тинмай вовуллай бошлади. Бека шошиб қолди. Югуриб келиб Қоплонни қучоқлади-да, жунидан тортқилаб ташқарига қараб юрди. Эшикка уч-тўрт қадам қолганда кўтариб ҳам олди. Ташқаридагина чидолмай ерга қўйди, лекин итини бошлаб шоша-пиша уйга чопди, дарвозани қулфлади.
Маҳаллада ҳамма ваҳима ва саросимада қолган эди.
Хуфтонда Қоплон увлаб нола қилди.
Мен Бўйноқдан айрилдим. У одамзот қўлида нобуд бўлди.
Бекамнинг айтишича, урғочи итларининг отилишига уй эгасининг ўзи ҳам рози бўлганмиш. Чунки урғочи ит уйда турса, арлонлар боғ ошиб келаверармиш. Уйдан барака кетармиш.
Шундай қилиб Қоплон Бўйноққинасидан айрилиб қолди.
Энди Қоплон Шоҳидани ҳам кўролмас, у бегона уйда эди. У ерга занжирлангани билан тобора ҳаётдан узилиб бораётгандек ва бу аҳволда энди узоқ давом этиб бўлмайдигандек эди. Янги бека уйда жуда кам бўларди. Бир куни у дарвоза томондан ким биландир суҳбатлашиб кела бошлади.
Менга худди ҳозир нимадир юз берадигандек туюлаётган эди. Негадир кўча томонга қарагим келар, ўша ёқда нимадир яхши нарса кўриниши керакка ўхшарди. Қарасам, менинг севимли бекам келибди. Занжир етганича ирғишлаб юбордим. Жуда хурсанд бўлдим. Уни соғинган эдим. Бекамнинг тезроқ ёнимга чўкишини, бўйинларимга шапатилаб, бошимни силашини истардим. Унинг қўлларидан танамга қувват, меҳр ўтарди. Мен ана шунга зор бўлиб кетгандим.
Бекамнинг жияни кўчадан бир ёғоч яшик олиб кирди. Ундан анча катта бўлиб қолган Тўрткўзни олиб ҳовлига қўйиб юборишди. Ҳайрон эдим, лекин Тўрткўзнинг менга кулгандек боғловсиз бемалол юриши ғашимга тегиб, ҳуриб юбордим, уни тезроқ кетишга, даф бўлишга ундадим. Менинг неча йиллар ҳар ёққа чопиб ҳимоя қилган ҳовлимни эгаллагани етмагандек, энди бу ерга келиб, мен сенинг аввалги эгангга эрка итман, дегандек гердайиб юришига чидолмаётгандим.
– Тўрткўз боғлоқлик туришга яхши. Барибир қўйиб юбормайсизлар-ку, кеннойи, – деди Қоплоннинг аввалги бекаси. – Уйларнинг ичига ҳам кириб кетавериб безор қилди.
– Майли, Илёсбек, аввал занжирдан қўйвормай, Қоплонни машинангизга жойлаб олинг, кейин буни бизга боғлаб берарсиз, – деди уй бекаси.
Бека аввал берилган итини яна қайтиб олаётганидан хижолатда эди.
Ўз уйимга қайтдим. Болалар мени хурсанд кутиб олишди. Мана, уларга яна керак бўлибман. Хўжайин мени эркалатди.
– Барибир Қоплонга ҳеч бир ит етолмас экан, – деди хўжайин.
Мен мағрур эдим. Қаддимни тик тутиб ҳовлини айланиб юрдим. Бу нодон одамларнинг мени билишлари учун анча иш керак бўлди-я.
Мен яна қадрдон уйимда ўзимга ҳар бир бурчаги таниш жойлардан кўз узмай, товуқларни ҳимоя қилиб юравердим.
Уйнинг рўпарасида тегирмон тинмай вариллаб ишлар эди.
Иккита хонаси бор.
Мен тегирмонни ҳам қўриқлайман. Ёз куни бўлгани учун мен кўпроқ кўчада чўзилиб ётар, одамларнинг тегирмонга келиб-кетишларини кузатар эдим. Бир куни тегирмон қаршисида кўчада ётган эдим, Шоҳида биров билан уйига қараб келаётганини кўрдим. Ёнидаги ўша Мирзоҳид эди. Уларга чопиб бордим.
Улар турмуш қуришган экан. Онаси қандай рози бўлди экан? Акалари-чи?
Бироқ яхшилаб қаралса, Шоҳида озиб-тўзиб кетганини кўриш мумкин. Ерга қараб, индамай келяпти. Эри велосипед етаклаб олган. Унинг ҳам юзлари сўлғин эди. Уйида ҳеч ким ҳалигача Шоҳида билан яхши гаплашмас эди. Ўша куни ҳам онаси қизини куёви билан келган бўлса-да, яхши кутиб олмади. Шоҳида нима қилишини билмай, супурги олиб у-бу ерни супурган бўлди, ўзи чой тайёрлаб, олиб келган нарсаларини дастурхонга қўйиб, онасини чақирди, кейин ерга қараганча, Мирзоҳидга чой қуйиб узатди. Онаси боғ этагида қандайдир ишга ўзини машғул кўрсатиб юраверди.
Ўша куни кечгача менга ҳеч нарса ёқмай, ичим хира бўлди. Тегирмончилар ишни тугатиб кетишаётганда уларни кузатиб, хўжайиним олдида турган эдим, Шоҳидаларнинг дарвозаси очилгандай бўлди. Мен хўжайиннинг орқасидан уйга кирмай ўша ёққа қараб юрдим. Кеч кириб энди қоронғи тушаётган эди. Шоҳида билан унинг велосипед етаклаб олган эри кўчага чиқишди.
Эшикни ёпаётган онасини Шоҳида тўхтатди. Она бош силкиб “Нима дейсан?” дегандек имо қилди.
– Ойи, ану кулранг плашчимни олиб кетсам майлими? Ўзингиз учинчи курслигимда олиб берувдингиз-ку. Ишга кийсамми девдим.
– Плашч обермадими бойваччаларинг? Ойлигингни тутамлаб берасан-ку?!
Она шундай деб осмонга кеккайганча уйга кириб кетди. Чап қўлида плашчни олиб чиқди. Шоҳида унга қўл узатган эди, она уни велосипед орқа ўриндиғи устида баланд тутиб турди-да ўнг қўлида ёндиргич чақиб плашчга тутди. Кийим лов этиб ёна бошлади.
– Ойии.
Шоҳиданинг йиғламсираган овози эшитилди. Она ёнаётган плашчни велосипед ўриндиғига ташлаб юборди. Мирзоҳид кийимни тортиб пастга олди. Ерда силкиб ўчирди. Она эса аллақачон ичкарига кирган эди. Дарвоза қарс этиб ёпилди.
Мирзоҳид кийимни четдаги симёғоч тагига авайлаб қўйди. Улар кета бошладилар. Мирзоҳид Шоҳиданинг елкасидан қучиб борар, овутар, ҳадемай пули кўп бўлишини, унга ҳамма нарса олиб беришини, онасидан хафа бўлмаслик кераклигини, вақти келиб ҳаммаси изига тушишини паст овозда тушунтирарди.
Кайфиятим расво бўлди. Шоҳиданинг онасини баттар ёмон кўриб қолдим. Агар уйимизга чиқса, барибир тишлаб оламан.
Эртасига Шоҳидаларнинг дарвозаси томонга бордим. Бир четдаги гўнг уюми орқасида маҳалламизнинг энг дайди кучуги Йўлбарс офтобда ётарди. Унга яқин бордим. У Шоҳиданинг ярми куйган кийими устига чиқиб олган эди. Мен Йўлбарсни қувиб юбордим. Кийимни тишимда тортқиладим. Бир четга олиб қўйгим келди.
Кейинги экин экиш вақтида бека уйга яна бир чақалоқ олиб келди. У ўғил бола эди. Бунақа одамлар ҳеч қаерда йўқдай, уларга фақат Қоплонгина мос келадигандай туюлиб, уларни жон дилдан яхши кўраверди у. Ўша йил ҳовлига эккан картошкаларини чопиқ қилган вақтда ён қўшни билан келишиб, бўз матоси майдаланиб тушиб кетай деб қолган очиқ жойни баланд девор қилиб тўсиб ташлашди.
Мен энди ошналарим билан тунда изғиб вақтимни чоғ қилишга чиқолмас, баъзида кундуз кунлари бир-икки бекорчи итлар билан кўча айланиб қўярдим. Гараж бузилиб, ўрнига бир мактаб қурилган, унинг деворлари баланд, ўтиш имкони йўқ эди. Бизни мактаб ичкарисида қандай жойлар, нималар борлиги жуда қизиқтирарди.
Мен уйда кенжатойни яхши кўрардим. У мен билан ҳаммадан кўп ўйнарди. Боғчадан келганда менга конфетлар берар, мени чўзилиб ётишга, орқа оёқда тик туришга, велосипед баллони орасидан ўтишга ундар, бу ўйинлар мени ҳам, уни ҳам жуда завқлантирарди. Биз бир-биримиздан ҳеч қачон ажралмаймиз, деб ўйлардим.
Хўжайин аллақандай ажойиб ҳаммом қурадиган устанинг бўшашини кутиб, ҳовлини тоғ тошларига тўлдириб юборган вақтларда икки болани боғчага ташлаб ишга кетганича кечқурун келадиган бека бир куни бирпасда қайтиб келди. Шошиб уйга кириб кетди. Кейин махси-калиш, кўкиш кўйлак, қора жемпер кийиб, дока ёпиниб чиқди-да, хўжайинга қўнғироқ қилди.
– Дадаси, эртароқ келасизми? Шоҳиданинг эри бўлмай қопти… Ҳа… Ҳа… Оққон экан, деб эшитувдим менам… Соат тўртга чиқаришар экан. Кечикманг, хўп.
Кейин бека супага ўтириб йиғлади. У Шоҳидани яхши кўрарди. Ўқишни битирадиган йиллари “Шу қиз жиянимга тегса эди”, деб юрарди.
Менинг кўз олдимга яна отилган ўқдан тикка учиб ерга тушган, кейин оғзидан қони отилиб кетган Бўйноқ келди. Унинг қорачиқларида менинг аксим қотиб қолган эди ўша куни.
Мен яна увладим. Қўшни аёлнинг “Овозингни ўчир”, деб ҳовлига тош отишларига ҳам қарамай увлайвердим.
Қоплон ҳам Шоҳида ҳам бахтли эдилар. Улар покиза меҳр ва севгини билардилар.
Бахтсиз ҳам эдилар. Севги уларнинг дунёсига сиғмаганди.
Кунлар иссиқ, бека энди ишдан дамга чиқиб, ҳаммом устасига икки-уч маҳал овқат пиширар, менинг ҳам товоғим ҳамиша тўла эди. Ичим негадир ғаш, кўзимни юмсам, аввал Бўйноқ, кейин баҳорда ўлиб қолган Зийрак, кейин Тоймаснинг қўйхонада ётган калласи келарди. Мен ҳамма ҳам бир кун ўлишини тушуниб турардим.
Ҳаммом қурамиз деб ён томон деворини бузишгач, менга яна кенг боғлар томонга йўл очилганди. Энди аввалги дўстларнинг кўпи йўқ, ёш итлар энг бемаза қилиқларни қилиб, боғларда юришар, ити бор ҳовлиларга ҳам ўғирликка тушишар, улар итларнинг шарт бўлган тутумларини билмасдилар. Биладиганлари эса эски нарса деб парво қилмасдилар.
Уйига қайтиб келган Шоҳида чўпдай озган, яна аввалгидай, ҳовлида судралиб, уриниб юрарди. Беканинг айтишича, унинг боласи ҳам туғилибоқ нобуд бўпти. Икки акаси бир кунда уйланиб, тезда марказга кўчишган, энди биргина бўйдоқ, олифта акаси қолган эди. Дадаси хотинидан ўлгудай қўрқарди. Икки-уч кунда бир ортиғи билан ичиб, судралиб кириб келар, уйда бақир-чақир авжига чиқарди.
Ҳовлисида Шоҳидадан бошқа ҳеч ким йўқ кунлар неча марта унинг олдига яқинлашдим, лекин Шоҳида мени кўрса ҳам, ҳеч нима демас, гапирмас, эркаламас, суяк ҳам ташламасди. У уй ишини тугатиш билан овора эди. Кўзида ҳеч бир маъно йўқ эди.
Бир кеча кўзимга Тоймас кўринди. У мени деворнинг нариги томонида чақирарди. Нариги дунёга чақиряптимикан дедим. Бор-э, нима бўлса бўлар, деб, ҳаммомнинг бўйим баравар бўлиб қолган деворидан боғ томонга ирғидим. Тоймас йўқ эди.
У яна Шоҳидаларнинг деворига келди. Онаси Шоҳидани уришарди.
– Якка ўтмай қаро ер бўлгур. Яхши гапга кўнмасанг, ёмон гапга кўнмасанг. Ёшлигингда оёғимнинг тагида бўғиб ўлдириб қўя қолсам бўлмасмиди. Шунча куйгиликлар йўқ эди-я. Одамлар нима дейди. Онани гапига кирмасанг, Худоё… Берган сутларимга… Э Худойим, минг марта тавба қилдим!
Шоҳида индамай устунга суяниб турарди. Она ичкарига кирди. Қиз ҳам ерга тикилганча, калишини судраб ортидан кириб кетди. Онанинг яна овози эшитилар, лекин нима деётганини тушуниб бўлмасди.
Уйга қайтдим. Товуқхона томондаги шарпани сезиб чопиб бордим, борлигимни билдирдим.
Ҳаммом битди. Хўжайин, бека, болалар устани кузатиб бўлиб, унинг ичига кириб бирам хурсанд бўлишар эди. Бека ўз зиёфатида дугоналарига таъмирланган уйи, ажойиб ҳаммомини кўрсатиб роса мақтанди.
Эртаси тегирмонга келган арава ортида турган катта итни кўриб қолдим. Олдига чиқмаслик мен учун иснод бўларди. У ҳаддини билмай, менга ҳуриб, ичкарига яхшиликча кириб кетишимни айтди. Мен эса бу кўча, тегирмон, унинг ҳовлиси менинг ҳудудим эканлигини билдирдим. Итлик шартларини билмайдиган мақтанчоқ ит экан. Роса олишдик. Ортимизда эгаларимиз ҳайҳайлашар, лекин ҳозир уларга қарайдиган вақт эмасди. У қулоғимни қонатганда чидолмадим. Дуч келган жойига тиш ботирдим. У ҳам қараб турмади. Юмалаб-юмалаб каналга тушиб кетибмиз. Яхшиям сув кўп эмасди. Иккимиз ҳам сузиб-сузиб чиқдик-да, икки томонда ҳовримиздан тушдик.
Мен неча кунлар ерга оёқ қўёлмай юрдим.
Қоплон тузалишига оз қолганда сўри тагида ётар, унинг тепасида чой ичиб ўтирган бека хўжайинга дерди:
– Шоҳидани Маҳкамга беришибди. Эртага ундоқ-мундоқ қилиб тўйча қиворишаркан.
– Нима? Маҳкамга? Жиннимисан? Шоҳидани-я?
– Ҳа, Тошби опам энди менинг айтганимга тегади. Ўзи айтганига бериб кўрдик, деди.
Деворлар баланд бўлиб кетган, Қоплон Шоҳида томонга ўтолмаётганди, хабар ҳам ололмаётганди.
Туни билан ўша ёққа ўтишни мўлжаллаб ётди.
Негадир хаёлимга тишлари орасидан қони сизиб чиққан Бўйноқ келаверди. Мен у билан хаёлан гаплашар, искашар эдим. У менга эркалангандек бўлар, кейин ортимдан юр дегандек имлаб, қандайдир яшил майсазорларга бошларди.
Ичимда бир сезги пайдо бўлди. Осмонга қарадим. Юлдуз кўп эди, лекин аллақайси томонлардан қоп-қора бир бўрон учиб келаётгандай. Шоҳидани кўргим келиб деворлар тагида роса айландим. Ўтишнинг асло иложи йўқ эди.
Бирдан кўз олдимда Тоймас пайдо бўлди. У менга бир қараб қўйиб, тандир устига сакради. Ундан нариги боққа ўтиб кетди. Мен тушундим. Тандирнинг ичида нон пишганида биринчи марта чиқиб, бекамдан гап эшитганимдан кейин қайтиб қадам қўймагандим. Тоймаснинг руҳи учун у кўрсатган йўлдан юрдим. Шоҳида яна ҳовлида эди. У қора халат кийганча девор тагида турарди. Бирдан мени кўриб қолди. Икки қўлини узатди. Унга яқин бордим. Ўнг қўлимни ўнг қўлига ташладим, сўрашдим. У жилмайди. Чўккалаб, бўйнимдан қучоқлади. Кейин ғалати овозда шивирлади:
– Қоплон, мен яшаб бўлдим. Энди кетаман. Мирзоҳид акамнинг олдига. Тоймаснинг олдига кетаман. Ўз ҳолимга қўйишмаяпти, Қоплон. Менинг болам ўғил эди. У тирик эди, Қоплон. Уни йўқ қилишди. Ўлдига чиқаришди, Қоплон. Сен одамларни билмайсан. Улар ваҳший. Улар тишлаб олади. Улар қутурган, Қоплон. Мен Мирзоҳид акамга хиёнат қилолмайман. Боламни эҳтиёт қил дегандилар. Қўлимдан келмади, Қоплооон.
У менга гапираверди. Аҳволи ёмон эди. Йиғлай бошладим. Унинг овози сал кўтарилди:
– Мен бахтлиман, Қоплон. Мени севдилар. Мен ҳам севдим. Дунёда севмай яшайдиган одамлар ҳам бор. Уларнинг махлуқлардан ҳеч бир фарқи йўқ, Қоплон. Улар охурга овқат деб ўзини урган ҳайвонларга ўхшайди. Йўқ, нотўғри айтдим. Ҳайвонлар бировнинг кўнглига озор бермайдилар. Уни урмайдилар. Уни тириклай ўлдирмайдилар. Ҳамиша эгаларининг кўзига қарайдилар, мени яхши кўрармикан дейдилар, қўлига қарайдилар, овқат берармикан дейдилар.
Шоҳида ўксик-ўксик йиғлади. Ич-ичидан ғамли фарёдлар отилар эди.
У супа четида бирпас ўтирди. Кейин омборхонага кириб кетди. У ердан арқон билан икки оёқли кичкина ўриндиқ олиб чиқди.
Девор бўйлаб юрди. Унга эргашдим. Энди кўрибман, у ялангоёқ экан.
Боғнинг этагига яқин жойдаги катта олма дарахтига арқонни ирғитиб, сиртмоқ тайёрлади.
Бунақа сиртмоқни Атовой аканинг боғида ити касал бўлганда “Қутурди” деб арқонга осишганида кўргандим. Ити Бўрибосар роса қийналиб, хириллаб ўлган эди.
Мен Шоҳиданинг халатидан судраб уни қоронғиликдан уйга қайтармоқчи бўлдим. Барибир фойдаси бўлмади. У ҳув авваллари ўзи ўтириб олиб пиёз, сабзи тўғрайдиган ўтиргичига яланг оёқларини қўйиб сиртмоққа қўл юборди. Мен уйга қараб чопдим. Мусиқа овози эшитилиб турган кичик акасининг деразаси ёнига бориб овозимнинг борича вовулладим. Эшик олдида оқ кроссовка турарди.
Деразадан оқ шим билан оқ жемпер кийган акаси Ихтиёр қаради-да, итга муштини дўлайтириб яна ўтириб олди.
Мен ўзимни эшикка урдим. Фойдаси бўлмади. Деразага ташландим. Ихтиёр ташқарига чиқди. Тинмай вовуллаб турган бўлсам ҳам, аввал Шоҳида кириб кетадиган уйнинг эшиги пойгагига қаради. Кейин менга “Йўқол”, деб эски ботинкани отиб юборди. Мен чап бериб яна унинг юзига тик қараб вовуллайвердим.
У сал чўчиди. Шоҳида кирадиган уй эшигига қараб “Шоҳи, мана бунингни қара. Ўргатиб расво қилдинг. Очидан ўлганми”, деди-да эшикни қарс этиб ёпиб олди.
Мен уйнинг бекаси билан хўжайини ётадиган эшикка ўзимни урдим. Кейин Шоҳиданинг олдига чопдим.
Арқон унинг бўйнида эди. Тинмай типирчилар, ўнг қўли билан бўйнининг юқорисидаги арқонни маҳкам ушлаб тепага интилар, оғриққа чидолмай иҳрар, қаттиқ хириллар эди. У Қоплонга ўгирилгандай, итдан нажот кутгандай бўлди. Охири унинг қўллари икки томонга тушиб халатини юлқилай бошлади. Сўнг, қўллар тўхтовсиз қалтиради, салдан кейин тахтадек бўлиб қолди. Кўзлари катталашиб бир жойда – итнинг кўзларида қотди.
Мен яна уй томонга чопдим. Дадаси енгил кийимда ҳовлига чиқиб қайтиб кириб кетаётган экан. Унинг кийимидан тортмоқчи бўлдим. У қўрқиб орқага чекинди. Уйга ўзини урди.
Ичкаридан унинг қаттиқ овози эшитилди:
– Ташқарига чиқма. Дўхтирнинг ити қутурибди. Шоҳиям чиқвормаса бўлди.
– Вой ўлсин. Шулар ит боқмаса кимнинг кўнгли қолувди. Бир соатдан бери шу ерда-я. Номери йўқми? Чақирайлик! Опчиқиб кетсин! Ихтиёр чиқса нима бўлади? Тишлаволади-ку! Ҳаҳ ит боқмай ўл!
Мен Шоҳиданинг эшик олдида қолган шиппагини тишлаб олиб келиб уй деразасига урдим. Тирноқларим зарбидан дераза чарсиллаб кетди.
Ичкаридан аввал қўрқинчдан додлашлар, кейин аёлнинг қарғашлари эшитиларди.
Орада “Болалар чиқиб кетмаса бўлди”, деган сўзлари эшитиларди.
Боғ ҳам, уй ҳам қора жимликка чўкиб кетди.
Мен Шоҳиданинг олдида қолдим. Унинг танаси тунги кучли шамолда тебранарди. Шамол уни мазахлаётганини кўриб жаҳлим чиқар эди. Шамол унинг узун сочларини ҳар ёққа тўзитар эди. Шамол одобсиз ва бағритош эди. У ёқ-бу ёққа чопардим. Шамолни қувлардим, уни ҳайдаб солгим келар, худди у кетса Шоҳидага озор етмай қоладигандек тиришар эдим. Увлайвердим, йиғлайвердим.
Ҳамма итлар ёмон ҳодисани сезишган, шунинг учун беш-олтита боғ бирлашиб, деворлари янаям пасайиб кетган кимсасиз кенгликларда уларнинг бирортаси кўринмасди…
Ғира-ширада оҳ-воҳлар билан Шоҳидани ерга олишди.
Мен уларнинг дарвозасидан чиқиб, аранг судралиб уйимиз олдига келдим. То бекам ташқарини тозалашга чиқмагунча шу ерда пойлаб ётдим.
Қоплон Шоҳидани йўқотган эди.
Шоҳида Қоплон болалигида буткул яхши одамни тасаввур қилганичалик яхши одам эди.
Итлар энг яхши одамларни биладилар, яхши-ёмонни фарқлашда одамлар алданишлари мумкин.
Энди кўз олдимга дўстим Тоймас ҳам келмай қўйди.
Ҳамма нарса ортда қолди.
Одамлар қилар ишни қилиб қўйиб, кейин афсус билан умр ўтказадиган жонзотлар бўлишаркан.
Бировлари гуноҳ қилмагунча тинчишмас экан. Гуноҳ қилгандан кейин эса қолган ҳаётини тавба билан ўтказаркан. Гуноҳ қилиш пешонасига ёзилганларнинг ҳаёти икки қисмдан иборат бўларкан. Гуноҳгача ва гуноҳдан кейин. Гуноҳгача улар ҳаёт лаззатини фақат шу гуноҳда кўришаркан. Гуноҳдан кейин эса ҳақиқий ҳаёт лаззати ва кўнгил ҳаловати гуноҳ қилмаган кунларида қолганини тушунишаркан.
Дунё шунақа-шунақа экан.
Итлар бўри бўлиб туғилиб, ит бўлиб яшашаркан.
Уларнинг кўпайиб кетиши одамларга хавф туғдираркан. Одамлар дунёга сиғмай қолишдан, ўз емишлари кам бўлиб қолишидан чўчишаркан.
Одамлар ўзлари энг очкўз махлуқ бўлсалар-да, бир-бирларини очкўзликда айбламоқчи бўлишса, “Ит” деб ҳақорат қилишаркан.
Ғалати бўлишаркан одам деган махлуқлар.
Аммо мен бутун умримда улар деб ёниб-куйдим, соғиндим, уларга интилдим, уларни кутдим.
Эгаларимни эртаю кеч кутганимда, уларнинг бирдан пайдо бўлганини кўрганларим – менинг энг яхши пайтларим эди.
* * *
Мана, атрофимда қанот чиқарган итлар – менинг оғаларим учиб юришибди. Уларнинг овозларини атрофимда биров бўлганида ҳам эшитмасди. Билдимки, уларни фақат мен кўра оляпман, чунки улар фақат мени деб бу ерга учиб келишган. Танамдаги оғриқлар кетди. Ҳа, ўша оғаларим кўрингани заҳоти танамнинг азобли оғриқларидан қутулдим. Мен иккита дунё ўртасида бўлсам керак.
Қачонлардир бека ён қўшни ҳақида, “Дунёдан ўтаётганда жуда азоб чекди, бечора. Бола-чақасини ташлаб кетгиси келмади, шекилли”, деган эди. Шу гапдан бир неча соат олдин, қўшни кампир жон талашиб ётганида Қоплон жуда безовта бўлиб, тинмай ҳурган эди. Марҳумни уйлари олдидан олиб ўтишаётганда осмонларга қараб увлаган эди.
Ўрталикда туриб қолиш ҳам осон эмас экан. Ахир мен ҳали ҳам ҳовлимизни кўриб турибман. Баланд девор томондан этакдаги қўшнининг очкўз ўғри мушуги юриб келяпти. Мени илғамади. Мен эса, ҳатто оғзимни очишга ҳам қодир бўлмай қолибман. Энди нима бўлади? Менсиз товуқ бечораларнинг ҳоли нима кечади? Тухумютар мушук яна ялтиллаб юраверади. Хўжайин тўлмай қолган идишга қараб, ҳайрон бўлади, томлардан, айвон туйнукларидан тухум қидиради, кейин терилиб ётган пўчоқларга дуч келиб, уф тортади. Болаларига бир идиш тўла эмас, беш-олтитагина тухум олиб боради. Ҳовлида девор тешигидан сиғиб ўтиб келган безори дайди итлар кезиниб юради. Пешайвондаги йўлгиламчани кир-чир оёқлари билан босади, одобсизлик билан ҳамма эшикларни итариб кўради. Энг ҳурматли меҳмонлар кирадиган уйнинг қулфи йўқ. У ерни оча олса, кейин чиройли гиламларни босиб, қанд солинган ликопларни пастга тушириб, ичидагиларни еб, ҳамма ёқни расво қилади. Товуқлар жўжаларини асролмай, қақағлаб фарёд қилади. Болаларини бир марта олиб ўрганган майна битта ҳам қўймай кўтариб кетади, кейин шундоқ қўшни ҳовлидаги ёнғоқ устида жўжани чийиллатиб паққос туширади. Бирпасдан кейин қўшни ҳовлига бир тутам пат билан жўжанинг калласи тушиб келади. Эҳ, шўрликлар. Менсиз неча-неча жўжаларнинг ёш жони увол бўлади.
Ана у қизил хўроз ҳам жуда жангари чиқди. Ўзим ҳайҳайлаб турардим. Энди ёшроқ хўрозларнинг бўйнини қонатиб ташлайди.
Тегирмончилар дастурхонни энди товуқларга қоқишади, товуқлар ейилмаган катта нон бўлакларини четга олиб қўйишни билишмайди. У ёқдан-бу ёққа нонни тепиб ҳам ўтишаверади.
Наҳот энди қаровсиз, кимсасиз қолиб кетса бу ҳовли.
Бир гал бекамнинг айтишича, ўлаётган одамларни охирги вақтда қиблага қаратиб қўйишар экан.
Бир маҳаллар хўжайин намозни кун ботишга қараб ўқирди.
Қачондир қаттиқ шамол бўлиб анча-мунча нарсани учириб кетганида вафот этиб кетган қўшни – Майрам хола: “Бу шамол қибладан келди, қибладан келган шамол қаттиқ бўлади. Бир маҳаллар шунақа шамол эсганки, нақ бўрон дердингиз. Қанча-қанча томларни кўтариб юборган, одамларга ҳам зиён етган. Одамларнинг кўп нарсалари йўқ бўлиб кетган. Анча мол-ҳоллар нобуд бўлган”, деган эди. Кейин жўхори олиб чиққан товоғини чертиб, эсига тушиб қолган бир қўшиқни айтиб, кўзига ёш олган эди:
Қибладан келган шамол
Райҳонимни қуритди.
Бемаҳал келган ўлим
Суйганимдан аритди.
Ит бу қўшиқни эшитганда алланечук бўлиб кетган, оҳиста увлаб юборган, икки қўшни унга қараб кулиб қўйишган эди.
Ана, учиб кетяпман. Учиб кетиш қандай осон экан. Ҳамма оғриқлардан бир лаҳзада қутулдим. Танам қолди. У менга жуда оғирлик қилаётган экан. Енгил бўлиб қолдим. Оғриқлардан ўтиш учун танани қолдиришнинг ўзи етарли экан. Тириклигимда катта пашшаларни яқинимга йўлатмасдим. Ўзимни хафа қилдириб қўймасдим. Бирор жойимни чақса ҳуриб юборардим. Мана, ҳозир секин-секин учиб борар эканман, танамга ёпишиб ётган пашшаларнинг кўпайиб кетгани ва улар истаган жойимдан чақаётганини кўрдим. Йўқ, бу тана энди меники эмас. У ҳеч нарса энди. Ерда қолиши керак. Пашшаларга қараб билдимки, бу дунёда орттирганларим шу дунёда қолаверар экан. Танам ҳам шу ернинг ўзида бошқа майда махлуқлар ҳаёти учун керак бўлар экан. Ҳеч нарса бу занжир дунё ҳалқаларидан узилиб кетолмас экан. Энди улар танамни кўмишади. Эртароқ топишсин-да. Бир маҳаллар менинг овунчоғим бўлган Мош мушук аянчли миёвлаб, уни заҳарлаганларни қарғаб-қарғаб ўлганида хўжайин унинг танасини чуқур ковлаб кўмган эди. Меникини ҳам шундай кўмади. Лекин хўжайин қачон келса экан. Бугун эмас, эртага келади-ку. Унгача танамнинг ҳиди чиқиб кетар. Ёзда ўтин остида бир товуқ ўлганда ҳиди жуда ёмон чиққан эди. Ишқилиб, ўлигим қолиб кетмасин-да. Хўжайин бошимда йиғлармикан. Йиғламасин. У хафа бўлса, мен… қийналаман.
Танамни ташлаб чиққанимга қанча вақт бўлди, лекин кўзларим кўряпти. Ҳа, ҳа, ердаги танамдан туриб кўряпти. Ҳали бироз кўриб тураман шекилли. Ерда “ўлди” дейилганидан кейин ҳам кўз билан кўриш мумкин экан-да.
Ҳа, мана энди юқоридан кўряпман холос.
Мен ўзга бир дунёга кетяпман. Оғриқсиз дунёга. Мана, қанотли итлар аввалида уч-тўрт улуғвор қиёфали итлар ортидан онам учиб кетяпти, кейин уч оғам. Ортида қанотлари ҳам кичкина кучуклар…
Онамдан аввалдаги итлар… Улар ҳам бизга қариндош бўлишса керак. Ортга қайтишни истасам ҳам энди бунинг имкони йўқ.
Хайр, менинг ҳовлим. Мени кечир. Сени қўриқлолмай ухлаб қолган кунларим, қўшнининг ўғли Мадамин ўғирликка чиқиб, ҳамма ёқни остин-устун қилганда, боғлоқда қолдирилганим учун уни қувиб сололмаганим, шерикларим билан айлангани чиққан вақтларимда қаровсиз қолдирганларим, бир гал боқувга қўйилган қўйнинг эшик бузиб чиққанини уйдагиларга билдиролмаганим-у қўй кўп ем, еб эрта сўйилгани, жуда оч қолиб кетганим ва уйга уч кунлаб ҳеч ким келмаганда, қасамларимни бузиб, ошхонада кўвачада қолиб кетган эски толқонни очиб еганларим, ҳаммаси учун кечир. Бекамни, болаларни, хўжайинимни жуда соғингандим. Кенжатойнинг шодон кулгисини неча ойлаб эшитмадим. У қайси уйларга кулиб бераётган экан. Лоақал охирги кунимда шу атрофда – ўз уйларида, ёнимда бўлишса бўларди.
Дунё ҳаваслари шунчалик ҳам қаттиқ бўларкан, шафқатсиз бўларкан.
Хайр, ҳаёт.
Бекамнинг бир гапини эсладим: “Жаннатга содиқ итлар кирар экан, китобда ўқидим”.
Мен, албатта, улар айтган мангу яхши дунёга – ўша жаннатга кираман. Мен жаннатнинг қандайлигини ҳозир ҳам кўра оламан. Жаннатда одамлар ўз итларини ташлаб кетмайдилар. Йўлларига зор қилмайдилар. Эшикларни ёпиб ташлаб, сувсиз қолдирмайдилар. У ерда ширин ва тиниқ сувлар мўл бўлади. Ҳа, биламан: бир марта бемор аёл дуо қилганда эшитиб олганман. “Жаннатнинг кавсар сувларидан насиб этсин”. Ҳа, у ерда ҳеч ким офтобда қайнаб кетган кўлмак сувларни ичмайди. Мен ўша ерда ўз уйимга жуда ўхшайдиган бир уйга эга бўламан. Эгаларим билан юзлашаман, кенжатой билан ўйнайман, сакрашаман. Унинг шўх кўзларидан нима демоқчи эканини билиб оламан, худди аввалгидек. Хўжайинимнинг ёнида бўламан. Улар яхши одамлар. Улар ҳали кўп яшашади, кўп ишлар қилишади, лекин барибир ҳеч адашмай жаннатга боришади. Биз яна улар билан кўришамиз, у ёқда бирга бўламиз.
Ана, менда қанот пайдо бўлди.
У ёқда… мени отим билан чақиришармикан?
Мен… Қоплонман.
Эртаси хўжайин кўчадан кира солиб, Қоплонни чақирди. Ит кўринавермагач, шошиб, ҳовли этагига юрди. Унинг устига келиб, очиқ кўзларига тикилди, ҳўнграб йиғлаб юборди. Жунларини силади. Қўтиридан жирканмади. “Агар шу ойлар ичида менга қараб чопиб келган бирор кун қучоқлаб кўришганимда бечора қандай севинарди-я”, деб ўйлади у.
Чуқур ковлаб, итни кўмди. Кейин тегирмондаги иниларини чақириб келди. Улар йиғиштирилиб келгунча ўзи хумдек шишиб хун бўлиб йиғлади.
– Нима дейсан? – дейишди унга инилари.
– Кел бу ёққа, ўтирларинг. Қуръон ўқийман.
– Жиннимисан? Итга Қуръон нимайкан? Ёмон бўлади.
– Ўтир деяпман сенларга!
Орқасига қайтиб кетаётган ука қайтди. Акалари ёнига ўтирди. Қуръон ўқилаётганда тегирмончилар кўрсаткич бармоқларининг орқасини тишлаб, кулгидан ўзларини аранг тийиб туришарди. Фотиҳа юзга тортилиб, инилар ўринларидан туришганидан кейин тез-тез юриб чиқишар экан, хахолаб кулиб кета бошлашди.
Уй эгаси тинмай йиғларди. Энди уни йўлига чопиб чиқиб кутиб оладиган, қўлини тутса, қўл ташлайдиган, рўзғорнинг баракасини ушлаб турган ва яна одамнинг ақли етиб хизматларини санаб беролмайдиган ит ҳовлида йўқ эди. Кейинроқ ҳам узоқ вақтгача хўжайин уни айвонданми, бостирмаданми, ертўладанми чиқиб келадигандек аланглайверди.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 9-сон