Маматқул Ҳазратқулов. Севги сози (ҳикоя)

Ва шаббода қурғур илк саҳар
Олиб кетди гулнннг тотини.
Ҳамид Олимжон

Келишилган вақтдан ҳам ўн беш дақиқа ошди. Нега келмаяпти? Узоқ эмас, ана ишхонаси.
Нигоранинг юраги ғашлана бошлади. Бекатнинг одам камроқ томонига ўтди. Ҳозиргина чарақлаб турган қуёш юзини булут қоплади. Қулоқнинг пардасини йиртгудек бўлиб момақалдироқ гумбурлади. Нигора соатига қаради: етти ярим. Унинг кўксида нимадир узилгандай чимм этди. Юрак уриши тезлашди. Бир жойда туролмади, секин у ёқдан бу ёкқа юра бошлади. «Ишхонасига кириб чиқсаммикан. Тинчликмикан ишкилиб?.. Икки соатча бурун ўзи телефон килди-ку. Тўй масаласини гаплашиб оламиз, деди. Энди эса… Қўнғироқ қиламан…».
― Ало, Фарҳод ака…
― «Нима»?.
― Нега чиқмаяпсиз?
― «Вақт йўқ!».
― Вақт йўқ? Нега, ахир…
― «Вой мунча чўздингиз гапни. Вақт йўқ, дедим-ку. Ўртоқларим кеп қолишди».
― Шуни шундоқ айтиб қўйсангиз бўларди-ку. Бугун тўй масаласини…
― «Хотин зотини эзмалигини ёқтирмайман-да. Бун-ча ҳовлиқмасангиз! Бир кун бўлади-да шу тўй. Тўйсираб қолмасангиз бунча!.. Бошқа куни гаплашамиз, хайр!».
Нигора унинг хаёллари пардай тўзғиди. Сумкасини қўлтиғига кисганча бир-бир босиб борар, қаёққа кетаётганини ўзи ҳам билмас эди.
Чақмоқ чақди. Нигора чўчиб тушди. Бирдан ён-атрофига аланглади, хаёлини йиғиштириб олди. «Қаёққа кетаяпман, кимнинг олдига боряпман?» Хиёбон четидаги скамейкага ўтирди. Ҳозиргина рўй берган воқеалар тушидами-ўнгидами кечганини бир лаҳза англай олмай қолди. Еру-осмон қоп-қора тус олди. Нигора ўрнидан турмоқчи бўлди, аммо туролмади, узоқ ётган бемордек ҳолсиз, мадорсиз эди. Фарҳодни, у билан илк танишганини, учрашувларини эслади. Қандай бахтиёр дамлар эди. Наҳотки, уларнинг ҳаммаси энди ўтмишга айланса. Унинг шунча гаплари, шунча ваъдалари ёлғонми? Одам-зот шунчалар субутсиз бўладими? Яна йигит киши-я! Наҳотки? Ҳар гал учрашганимизда хаёл қиладиган орзуларимиз, ниятларимиз пучмиди? Шунча орзу-ҳавасларни, ваъдаларни фақат ўзининг қабиҳ ниятига етиш учун қилганмиди? Шу қадар пастликка, тубанликка борадими? Ёки ўзим шунчалар гўл, овсарманми? Унинг сўзлари ёлғон, ваъдалари пуч эканига ақлим етмадими, лаққа тушдимми?.. Бу мумкин эмас! Фарҳод ака унақамас… У ҳолда бутун нега келмади? Ўзи чақириб, яна ўзи чиқмади. Ўртоқлари келса нима қипти. Учрашадиган жойимиз шундоқ бурнининг остида эди-ку. Чиқиб шунақа бўп қолди, деса ёқасидан олармидим… Неча ойдан бери ана совчи боради, мана совчи боради, деб келади. Йўқ, бу ерда бир гап бор… «Хотинларнинг эзмалиги-ни ёмон кўраман, бунча тўйсираб қолдингиз…» Нима дегани бу? Хотин! Ахир мени… У ўкириб йиғлаб юборди, ўзини тутолмади. Юз-кўзларини рўмолчаси билан беркитиб йиғлар, бутун вужуди қалт-қалт титрар эди. Йиғлаган сари ичидан алам, ўртаниш бостириб келар, бу туйғулар кўз ёшларига айланиб сизиб чиқар эди…
Январнинг ўрталари. Ҳали кўчалардан, автобусу трамвай-троллейбуслардан янги йил шиорлари олинмаган. Магазинларнинг ойналаридаги совға кўтарган Қорбобо расмига болалар ҳавас билан термулишади. Одамларнинг кайфиятини ҳам байрам руҳи тарк этгани йўқ.
Нигора учрашувга сал кечикиб келди.
― Қизларнинг одати йигитларни куттириш экан-да, ― деди Фарҳод жилмайиб. ― Яна бироз келмасангиз музлаб колардим.
― Ҳечқиси йўқ. Сиз унча-мунчага музламайсиз. Борди-ю музласангиз ўзим эритиб оламан.
― Мени эритишга нафасингиз етармикан?
Нигора ҳам бўш келмади.
― Шу қадар қаттиқ эмасдирсиз.
Кулишди;
― Йўқ, унчалик қаттиқ эмасман, – деди Фарҳод қўлидаги пакетга ишора қилиб. ― Мана эриб келдим.
― Нима ҳаракат?
― Биласизми, Нигорахон, бир таклиф бор. Йўқ деманг.
― Қани, аввал эшитайлик.
― Совуқни кўриб турибсиз. Бу совуқда киноям унча ёқмайди. Хўп десангиз бир жойга борамиз.
― Қаерга, билсак бўладими?
― Менинг бир ўртоғим бор…
― Туғилган кунгами?
― Бердисини айтгунча уриб ўлдирманг. Ўша ўртоғим уйининг калитини менга бериб кетган. Ҳар замонда хабар олиб турарсан, деб. Ўзи Москвага кетган, иш билан. Ҳеч ким йўқ, икковимиз гаплашиб ўтирамиз. Музика қўямиз. Майда-чуйда олганман, сиз овқат пиширасиз. Қани кўрайлик-чи, қанақа пазанда экансиз.
Нигора майин жилмайди:
― Мени синаб кўрмоқчимисиз?
― Синовмас-ку, ҳар ҳолда…
― Менимча, бу синовингиздан қийналмай ўтсам керак.
― Кетдикми?
― Қандай бўлар экан?
― Қандайи борми, жуда яхши бўлади-да, иссиқина уйда суҳбатлашиб ўтирганга нима етсин.
― Негадир оёғим тортмаяпти.
Фарҳод унинг қўлтиғидан олди.
― Қўйсангиз-чи, шунақа эскича гапларни. Қим айтади сизни замонавий қиз деб.
― Бировнинг уйига бориб ўтириш… Эгаси йўқ… Қандайдир ғалатида.
― Юринг-юринг, ― деди Фарҳод уни олдинга бошлаб, ― биров эмас, менинг ўз уйимдек гап. Бўлмаса менга калитини ишониб бериб кетармиди. Ёки гапимга ишонмаяпсизми? ― У чўнтагидан калит олиб кўрсатди. ― Мана…
Ўртоғининг уйи Қорақамишда экан. Тўртинчи қаватда, уч хонали. Жиҳозлар, буюмлар чет элники, қимматбаҳо, хоналар ҳашамдор.
—Ўртоғингиз яхши турар экан. Бирга ишлайсизларми?
—Узумини енгу боғини сўраманг, Нигорахон. ― Фарҳод қўлидаги нарсаларни столга қўя бошлади. ― Бошқа жойда ишлайди. Бизнинг маошларга каноат қиладиганлардан эмас у…
Нигора уйни кўздан кечираркан сўради:
― Бола-чақаси қаерга кетган?
― Қизиқсиз-а, Нигорахон. Унинг бола-чақаси… йўқ, чақаси бор, боласи йўқ.
― Нега? ― ҳайрон қолди Нигора. ― Уч хонали уйда ёлғиз ўзи турадими?
― Оббо, сизни боғчада тарбиячи десам, туппа-тузук терговчи ҳам экансиз-ку. Болалари бор эди, ҳозир йўқ. Хотини кетиб қолган. Ундан кейин, йўлини топган одам битта ўзи уч хонали эмас, тўрт хонали уй ҳам олаверади. Оғайним ана шунақа йўлини биладиганлардан.
Нигоранинг юрагига аллақандай шубҳа соя ташлади. «Сен дўстинг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтиб бераман. Наҳотки? Йўғ-э, ундай бўлиши мумкин эмас…» У зимдан Фарҳодни кузатди. Йигит чаққонлик билан масаллиқ тайёрлар эди.
― Хўш, Нигорахон, нима овқат ясаймиз? Тергов тугади шекилли…
Нигора индамади. Оҳиста бориб радиоприёмник қулоғини буради. Концерт бўлаётгаи экан:

Сен сози муҳаббатсан, гулшанда гули раъно,
 Ишқингни кўча-кўйда юргувчи гадо қилма..,
Иккови биргалашиб димлама пиширишди. Фарҳод коньякни очди.
― Мен ичмайман, Фарҳод ака.
― Озгина-озгинадан.
― Барибир.
― Ҳув анави куни ичувдингиз-ку.
― Унда туғилган кунингиз бўлгани учун озгина ичувдим.
― Бугун ҳам жиндаккина, кўп эмас. Бусиз ғалати, нимадир етишмаётгандай кўринади. ― Коньяк тўлдирилган биллур қадаҳни Нигорага узатди. ― Қани, олинг. Сизнинг соғлиғингиз учун!..
Аста-секин қадаҳлар бўшади. Гап-гапга қовушди, қулфи диллар очилди. Юзлар лола рангини олди. Қайноқ бўсалар газак ўрнига ўтди. Бир-биридан ширин орзулар, хаёллар. Уларнинг чеки-чегараси йўқ. Тўйдан кейинги сайёҳатлар… Улар ҳозир бетон уйнинг тўртинчи қаватида эмас, осмону фалакда, парқу булутлар устида, турфа орзулар оғушида эдилар. Дунёда улардан бахтли, улардан шод одам йўқ эди гўё…
Нигора ўрнидан туриб сочларини тўғрилади. У йигитга қарай олмасди. Фарҳод ичкилик, севгидан сархуш.
―Энди нима бўлади? ― Нигоранинг овози титраб чиқди. Йигит индамади. Қиз аста ортига ўгирилиб, унга қаради. Фарҳод нигоҳини бир нуқтага қадаганча миқ этмай ётарди. Унинг бу қадар бамайлихотирлиги қизнинг дилига шубҳа солди. У саволини яна такрорлади. ― Нима бўлади энди?
Фарҳод жойидан туриб ўтирди:
―Ҳеч нарса. ― Негадир унинг товуши ҳиссиз, туйғусиз эшитилди. ― Эртами-кечми, барибир бир кун бўладиган иш-да.
― Лекин ҳар ишнинг вақти-соати бор.
― Вақти-соати бугун экан-да, ― деди Фарҳод илжайиб.
― Бугун эмас эди…
― Нима, менга ишонмайсизми? Бўлмаса нега рози…
Нигора ялт этиб Фарҳодга қаради. Унинг бу қарашида ҳайрат, ажабланиш, савол, айни чоқда нафрат мужассам эди.
― Фарҳод ака?!
Фарҳод қизнинг сочлари ёйилиб турган елкасидан қучди,
― Ҳазиллашаяпман, жоним.
 Қиз турган кўйи;
― Бу ерга олиб келишдан мақсадингиз шумиди?!
 Юрагим бир балони сезган эди-я.
―Қалбингга қулоқ сол, деб бекорга айтишмаганда.
Қиз йигитнинг қўлларини силтаб ташлади:
― Уялмайсизми?.
― Асабийлашманг, азизим. Бу гаплар хазил. Сал кунлар илисин, совчилар боришади. Баҳорда тўй қиламиз. Хавотир олманг, ҳаммаси изига тушади.
…. Ўша гапга ҳам тўрт ой бўлди. Ҳамон совчилардан дарак йўқ. Қайтанга муомаласи ўзгариб бормоқда. Баъзан учрашувга ҳам келмайди, кейин турли баҳоналар топади. Олдинги ширинсуханлик йўқ, орзу қилишлар, хаёл суришлар камайган. Нигора Фарҳод билан ўтказган дамларини бирма-бир таҳлил қила бошлади. Унинг ҳар бир ҳаракатидан, гап-сўзларидан сунъийлик, ясамалик қидира кетди. Нега шу пайтгача эътибор бермадим? Одамнинг боши тошга теккандан сўнг кўзи очилар экан-да… Бугун бунақа муомала. Муддаоси нима? Наҳотки, мени лақиллатиб юрган бўлса?
Нигора ўзи билан ўзи олишар, ёмғирга ҳам эътибор бермас эди.
Оғир хўрсиниб ўрнидан турди. Ҳали вақт эрта эса-да, ҳаво айнигани учун қоронғу тушиб қолди. Нега боя индамадим? Шартта олдига кириб бориб, очиқ-равшан гаплашиб олсам бўларди-ку. Ниятингиз нима, деб сўрасам еб қўярмиди. Ўзим ўлгудай ланж, кўнглим бўш-да.
Ёмғир кучайди. Ҳаш-паш дегунча усти ҳўл бўлди. «Тезроқ уйга кетиш керак…» Бекатнинг соябони остида ёмғирдан паналади. Совуқданми, аламданми дағ-дағ титради. Икки кўзи автобус йўлида. Негадир машиналар сийрак, кўча жим-жит. Ҳатто қўрқинчли. Нигора нима қиларини билмай қолди. «Нариги кўчага ўтиб, таксига ўтириб кетарман».
Кўчани кесиб ўтаётган эди, бир машина олдига келиб қаттиқ тормоз берди. Ғилдиракларининг чийиллаганидан у қўрқиб кетди. Ҳайдовчи ойнадан бошини чиқариб бақирди:
―Ҳой, таъвия, кўзингга қараб юрсанг ўласанми?! Ёмғирда базўр тўхтатиб қолдим. Акс холда, дабдаланг чиқарди. Сен-ку гўрга, аммо менинг бешта боламни Ойшахоланг боқадими.
У сўкина-сўкина машинасини юргизиб кетди. «Бугун нима жин урди мени… Эсон-омон уйга етиб олсам майли эди…»
Аксига олиб такси ҳам кўринмайди. Тезроқ кела колсайди, деб ичини ит тирнайди. Бир томондан совқотиб кетди, иккинчи томондан, акаси бир тишини арра, бир тишини болта қилиб ўтиргандир. Мўлжалдан сал кеч қолса, ўша куни Нигора сўроғу маломатдан қутулмайди. Фарҳод билан муносабатини акаси билмайди. Билса гўштини қийма-қийма қилади. Шу боис Нигора учрашувга кам чиқади, унда ҳам кундузи. Акасига ўртоғимникига бориб келаман, дейди. Ота-онаси унчалик тергамайди, қайтанга акасини сал босиб туришади. Бироқ акаси на отасию, на онасининг гапига қулоқ солади. Ҳадеб Нигорани суриштиргани-суриштирган! Қаерга бординг, қачон бординг, қанча ўтирдинг, қачон келдинг… «Бугунам акамдан эшитадиганимни эшитаман..»
 Ниҳоят, бир машина тўхтади. Бироз юргач, Нигора пулини тайёрлаб қўймоқ ниятида, сумкасини очди. У ёғини титкилади, бу ёғини титкилади. Пул йўқ. «Кундузи бор эди-ку… Тушликда мен тўламадим… Ҳа, дарвоқе, Ҳалима қарз олувди. Расво бўпти-ку. Энди нима қиламан?» У сездирмай ҳайдовчига назар солди. Ёшгина, келишган йигит. Тўғрисини айтса кўнар. Уйдан олиб бераман, дейди-да.
― Кечирасиз, ― деди Нигора тутилиб. ― Пулимни йўқотиб қўйибман. Уйдан олиб чиқиб берарман.
Ҳайдовчи унга савол назари билан бир қаради-да, индамай йўлида давом этди.
Йўл четида турган икки йигит қўл кўтарди. Машина тўхтади.
― Юнусободгача…
―Чиқинглар.
Машина жилди. Кабинани бир зумда ароқ ҳиди тутди.
― Уф, хайрият-эй, ― деди йигитлардан бири, ― ётгунча одамни тоза хуноб қилди-да.
― Қаердан олиб келдингиз? ― деб сўради ёшроғи.
― Ишхонасидан. Роса ичди ўзиям. Оёқда туролмайдиган бўлиб қолди. Базўр таксига солиб келдим.
― Фарҳод ака ўзи кейинги пайтда кўп ичадиган бўлиб қолди-да, ― деди ёш йигит.
Фарҳод номини эшитиб Нигоранинг эти жимирлаб кетди, «Наҳотки, ўша бўлса, Фарҳод аканинг ўртоқларимикан?» У индамай йигитларнинг гапига қулоқ осди.
― Бир неча марта айтдим, мунча ичиш нима зарил сенга, дедим. Қаёқда, қулоқ солмайди, дардим кўп, билмайсан, дейди.
― Нима дарди бор экан?
― Э, гапда, ўзи соғ-саломат, бола-чақаси эсон-омон…
Нигора устидан бир пақир совуқ сув қуйгандай сезди ўзини. «Хотини, бола-чақаси… Наҳотки, мени алдаб юрган бўлса… Йўқ, булар бошқа одам ҳақида гапираяпти. Фарҳод ака унақалардан эмас…»
― Боя нима дейди-я, бир қизни яхши кўраман, шунга уйланмоқчиман, дейди. Эсингни йиғ, дедим, учта болангни ўйласангчи, дедим. Ичиб олиб роса эзмалик қилди, ҳозиргина қўнғироқ қилди, тўй масаласини гаплашамиз, чиқинг деди, чиқмадим, дейди. Ичавериб мияси айниб қолганми нима бало. Қайси аҳмоқ қиз қараб турган экан бу кишимга тегаман деб…
Нигоранинг қулоқлари чиппа битди. Кўзлари кўрмай қолди. Еру осмон чирпирак мисоли айланиб кетди. Таксида кетаётганини ҳам унутди. Инграб юборди. Ҳайдовчи сезди, сезди-ю, совқотган шекилли, деб ўйлади. Нигора иродасини қўлга олди. Бутун кучини тўплади. Бегоналар олдида сирини фош қилишдан ўзини тийди, тия олди. Лекин шу лаҳзада унинг кўзига жамики эр-как зоти ёмон кўриниб кетди. Орқада ўтирган икки йигит ҳам, ҳатто мана бу таксичи ҳам худбин, ёлғончи, мунофиқ. Булар ҳам кимнидир алдаган, бадном қилган… Нигоранинг назарида бутун ер юзини алдамчилик, разиллик, шахсий манфаат, шахсий хузур-ҳаловат ташвиши қоплаб олгандай эди.
Такси трамвай йўлидан ўнгга бурилди.
― Шу ерда бизни туширинг, ― деди ёшроқ йигит. Улар тушиб кетишди.
Нигора миқ этмас, миясида турфа фикрлар ғужғон ўйнарди.
«Нима қилиб юрибман ўзи? Нега у ёқ-бу ёққа қарамадим? Шунчалар ҳам лақма бўладими одам деган! Бола-чақаси бор эркак билан… Унинг хотини, болалари олдидаям гуноҳкорман… Эҳ, каллаварам… Мана сенга севги. Мана сенга тўй! Тўй эмиш, аза де, аза! Рост-да, бу кунингдан кўра ўлганинг яхши эмасми!»
 У ўзи билан ўзи олишар, аммо овозини чиқаришнинг, дардини тўкиб солишнинг иложи йўқ эди.
Келажак, ширин орзулар ҳақида эмас, ёши бир жойга борган кампирлар каби ўтмиши, яқин ўтмиши борасида ўй сурарди. Бу ўйлар орасидан нурли тарафини тополмас, бир-биридан баттар дилини хуфтон этарди. Уйлаган сари бир ҳақиқатга ишончи комил бўлиб борарди: ғишт қолипдан кўчган, кўнгил пиёласи дарз кетган. Синиқ пиёла кимга керак!
Ҳайдовчига қаради. У икки кўзи йўлда, чапдастлик билан рулни бошқариб борарди.
― Уйланганмисиз?
Бу савол оғзидан қандай чиқиб кетганини Нигоранинг ўзи ҳам сезмай қолди. Томдан тараша тушгандай берилган бу саволдан ҳайдовчи ҳам гангиб қолди. Ялт этиб Нигорага қаради.
― Йўқ, нимайди?
Нигора ўзининг саволидан ўзи хижолат чекди.
― Шунчаки ўзим… Севган қизингиз борми?
― Бор, ― деди ҳайдовчи йигит астагина.
― Чиройлими?
― Қайсидир китобда ўкиганман, ҳар кимнинг севгани ўзига энг чиройли кўринаркан.
Нигора индамай қолди. Бироздан сўнг яна деди:
― Астойдил яхши кўрасизми?
― Саволингиз қизиқ бўлди-ку.
―Менинг гапларимга ажабланманг, лекин сиздан илтимос, севган қизингизни бир умр севинг, ардоқланг. Ахир одам боласи, айниқса, йигит умрида лоақал бир одамни бахтиёр килиши керак-ку. Бировни бахтсиз, бад-ном килиш осон, бу ҳар қандай аҳмоқнинг ҳам қўлидан келади. Аммо ўзгаларга бахт ато этиш… Буни ҳаммаям эплаёлмайди… ― Унинг лаблари титраб кетди, йиғлаб юборди.
Ҳайдовчи Нигоранинг гапларидан, ҳолатидан ҳайрон. «Кўринишдан ёш қизга ўхшайди. Гаплари бунақа… Ким ўзи бу?… Пулим йўқ, дейди. Ўзи сувга тушган мушукдек шалвираб қопти… Йиғлайди… Қаёқдан келаяпти..:»
Машина тор кўчага кирди. Рўпарадаги кўк дарвоза олдида бир киши сигарет чекиб турарди. Таксининг чироғи тўғри унга тушди.
― Ана, акам туриптилар, ― деди Нигора. ― Ҳозир пулингизни олиб бераман.
―Керак эмас, ― деди ҳайдовчи. Тезроқ ундан қутилиб кетишни ўйларди.
Нигора таксидан тушиши билан акаси бақира кетди:
― Шу маҳалгача каерда санғиб юрибсан, ярамас?!
― Ака, шошманг, пулимни йўқотиб қўйдим. Таксига пулини беринг.
― Тушиб қолган пулим йўқ. ― У машинасини буриб олаётган таксичига ўдағайлаб кетди. ― Ҳали одамларни текинга ташийдиган бўлиб қолдингизми? Шунақа олижанобман денг. Сиз ҳам шу ернинг одамимисиз ёки осмондан тушганмисиз? Ер юзида бунақа саҳоватли одамни кўрганим йўқ ҳали.
―Менга нима дейсиз, ака.Оддий таксичи бўлсам, вазифамни бажардим…
Нигора зор қақшаб акасига ёпишди:
― Ака, ахир бу йигитга нега бақирасиз? Бу бечора менга яхшилик қилди.
―Учир овозингни! Уйга кир! Уйда гаплашаман сен билан. ― Таксичига юзланди. ― Йўқол бу ердан! Иккинчи қорангни кўрмайин бу маҳаллада.
Нигора пиқ-пиқ йиғлаганча дарвозадан ичкарига кирди. Ҳайдовчи ҳеч нарсага тушунолмай таксининг бошини катта кўча томонга бурди: «Ғалати одам экан-ку. Ҳа, майли, ҳар хил одам бор-да, бу дунёда. Ҳали синглиси шўрлик ҳам эшитадиганини эшитади…»
У машинасига қаттиқ газ берди. Катта кўчага чиққунча таксининг орқа чироқлари тор йўлакни қизғиш нурлари билан ёритиб кетди…
Ёмғир тинган, майин шамол эсар, у булутлар галасини ҳайдар эди.
Қўшни кўчадан карнай-сурнай навоси эшитилди. Орқасидан йигитларнинг шодон қийқириғи осмонга кўтарилди.
Булар таксичи йигитга севги сози каби туюлди. Шу тобда у севган кизини кўргиси, унинг сўзларини эшитгиси келди… Машина рулини ўша қиз яшайдиган маҳалла томонга бурди…