Охири, қоя устига тирмашиб чиқиб олдик. Оёқ-қўлимизда мажол қуриганди. Сийрак ўт-ўланлар устига ҳарсиллаб чўзилдик. Бир неча кундан бери жағи-жағига тегмай, ҳайвонот дунёси ҳақидаги ўзининг илмий назариялари билан гаранг қилган ҳамроҳим – пойтахтлик профессорнинг ҳам аллақачон саси ўчганди. У кирчил, кенг айвонли шляпасини гоҳ кийиб, гоҳ қўлига олиб елпинар, бир инқиллаб, бир “уф-ф” тортиб белларини, оёқларини уқалар эди. Мен коржомамнинг чўнтагидан сигарет олиб тутатдим. Ютоқиб-ютоқиб бир-икки дуд тортгач, баданларимдаги зирқираш андак босилиб, чарчоғим қувилгандек бўлди.
Биз сулайиб ётган ердан теварак-атроф яққол кўриниб турарди. Бир-бирига елка тутган тоғлар, қоялар, чувалашиб кетган сийрак арчазорлар, кенг, тор даралар шундоққина қўл узатсак етадигандек эди. Кун ботар томондаги ялангликда жимир-жимир оқиб ётган сой, сой бўйидаги тоғ овулининг пастқам, тошқолоқ уйлари элас-элас кўзга ташланади.
Мени мудроқ боса бошлади. Баҳор қуёшининг илиқ тафти баданларимизга мойдек ёқиб, тобора ланжлигим ошиб борарди. Профессор қўлларини ёстиқ қилиб, шляпасини кўзига қоплаган кўйи чинакамига пинакка кетганди. Бир пайт шундоққина биқинимизда тошларнинг шақир-шуқуридан икковимиз ҳам баробар чўчиб ўгирилдик.
Ўн-ўн беш қадам нарида новча бўйли, ўсиқ сочлари тўзғин, йигирма беш ёшлар чамасидаги бир йигит қадалиб тикилиб турарди. Унинг эгнидаги эски пахталик камзул, белини сириб турган аскарча камар, елкасида қўшоғиз милтиқ, беихтиёр ҳув, кинолардаги партизанларни эслатиб юборар эди.
– Кимсизлар? – деб сўради у аллақандай дағал овозда.
– Партизанлар, – дедим энсам қотиб.
Йигит қўпол кирза этигини судраб босганча биз томон юрди. Шундоққина тепамизга келгач, яна қоққан қозиқдек туриб қолди. Профессор, диққати ошиб, аччиғнамо оҳангда:
– Муборак қўлингизни би-ир ушлаб қўйсак, – деди-да нозик, лўппи қўлларини тепасидаги “қозиқ” томон узатди.
Йигит саломлашиш эндигина эсига тушиб қолгандай, шоша-пиша биз билан қўл бериб кўришишга тушди. Мен унинг рапидадек, дағал кафтига кафт босар эканман, мулозамат юзасидан илжайиб қўйдим. Лекин нотаниш йигит илжаймади. Милтиғини елкасидан қўлига сидириб олиб, ёнимиздаги ғадир-будир харсангга орқасини қўяркан, гоҳ менга, гоҳ профессорга қадалиб-қадалиб тикилишда давом этди. Очиқ гап, унинг ўткир нигоҳларига тоб бериш қийин эди. Шунинг учун ҳам биз беихтиёр кўзимизни дуч келган томонга опқочардик. Энг ғалатиси, икковимиз ҳам узатилган оёқларимизни аллақачон йиғиштириб, ҳурматли бир зот ҳузурида ўтиргандек ювош тортиб қолгандик.
– Мен вилоят ўрмон хўжалиги бошқармасининг масъул ходими, – дедим гўё шафқат сўраётган тутқундай, – бу киши эса… катта олим, пойтахтдан келган.
Нотаниш йигит андак мулойимлашган қиёфада “маъқул” дегандек бош ирғаб қўйди. Бироқ, назаримда, “ўрмон хўжалиги”дан бошқа ҳеч вақога тушунмади, шу сабаб менга синовчан тикилиб:
– Меҳмонмисизлар? – деб сўради.
Мен қандай жавоб берсам бу турқи совуққа ёқишни ўйлаб пича чайналиб қолдим.
– Йўқ, – дедим, охири чинини айтишга бел боғлаб, – катталар махсус топшириқ билан юборишган. Шу атроф катта қўриқхона бўлади, биз шарт-шароитни ўргангани келдик.
Шўрим қисди-ёв, йигит бир зум илгаригидан баттар чақчайиб тикилиб қолди, сўнг:
– Қўриқхона… – деди димоғидан масхараомуз кулиб.– Кимдан нимани қўриқлайсизлар?
Мен “ҳаммаси тушунарли-ку”, деган маънода елка учириб, мулойим табассум қилдим.
– Мен овчиман, – деди йигит, сўнг яланглик томон ияги билан ишора қилиб қўйди, – мана, шу овулда яшайман…
Биз ҳали овулда бўлмаган эдик. Бироқ:
– Жа-а, зўр жойлар экан, – дея профессор гапни илиб кетди. – Одамлари ҳам оқкўнгил, меҳмондўст…
Орага пича вақт ўнғайсизлик ўрнашди.
– Сизлар шаҳарликсизлар-а? – деб сўраб қолди ногоҳ овчи йигит, алланечук сергакланиб. Биз эҳтиёткорона бош ирғаб қўйдик. Овчи йигит ерга ўйчан тикилди, назаримда, унинг ўткир кўзлари маъюс тортиб қолгандай бўлди.
– Отамни шаҳарликлар ўлдирган, – деди у пичирлаб.
– Йўғ-е, қандай қилиб, – сўрадим астойдил ажабланиб.
Профессор ҳам кўзларини айбдорона пирпиратганча овчига юзланди:
– Йўғ-е, қандай қилиб?
Овчи йигит қўл силтаб:
– Э, бу узун достон, – деб қўйди. Бироқ ўша “узун” достон”ни гапириб бергиси келаётгани юз-кўзидан сезилиб турарди. Профессор овчи йигитнинг кайфиятини дарров илғади, шекилли, яқинроқ сурилиб:
– Агар малол келмаса… айтиб беринг, – деб минғирлади.
Овчи йигит хўрсиниб бош қашлади. Сўнг негадир бизга эмас, гоҳ осмонга, гоҳ оёғи остидаги тошларга термилиб, ўзига ўзи сўзлагандай ўша “узун достон”ни бошлади…
* * *
Отам бўйи икки қулоч, қўрғошиндан қуюлгандай қорувли, қизғиш соқоли ярашиқли, серғайрат овчи одам эди. У учиб бораётган қушнинг кўзидан ура оладиган мерган бўлган, десам балким ишонмассиз. Лекин овулимизда ҳамма бунга иқрор. Отамнинг ўткир кўзларига ташланиб қолмаслик учун менман деган йиртқич жондорлар ҳам қочиб-писиб юрарди. Ҳувв, кунчиқарга қаранг, тўшида булутлар чодирдай тўшалиб ётган оқ қалпоқли чўққиларни кўряпсизми, отамнинг пойи-қадами ҳатто ўша ерларга ҳам етган, ўша одам бормас қояларда ҳам ўктам овози жаранглаган, энди бу теваракни қўя берасиз…
Мен беш қиз ичида ёлғиз ўғил эдим. Бироқ отам ҳеч қачон эркаламас, керак бўлса, тез-тез калтаклаб таъзиримни бериб турарди. Лекин барибир отамни жуда яхши кўрардим. Эсимни таниб, сонга кирган ёшимдан бошлаб отам мени ҳам тез-тез овга эргаштириб чиқадиган бўлиб қолди.
Кунлар шу зайл ором ўтиб борарди. Кутилмаганда бошимизга мусибат тушди. Адашмасам, ўша кезлар ўн саккизни қоралаб қолгандим. Қорли, бўронли баҳор кунларининг бирида хонадонимизга кўргилик дориди. Вақт пешиндан оққан маҳал эди. Мен ҳовлида терлаб қор кураб ётардим. Бир пайт оғил тарафда боғлиқ ётган итимиз ирғишлаб вовуллай кетди. Сергакланиб, ярим очиқ дарвоза томон ўгирилдим. У ерда икки нотаниш – бири ўрта яшар одам, бири менга тенгқур ўспирин қунишибгина турарди. Уст-бошларидаги қимматбаҳо, пўрим кийимлари уларнинг шаҳарлик эканидан дарак берарди. Шу орада боғ тарафдан отам чиқиб келиб, улар билан кўришди, уйга таклиф қилди. Меҳмон амаки отам ортидан уй томон юра туриб мен билан ҳам ипакдек эшилиб саломлашди. Сўнг қўлтиғидаги қўппайган халтасини қўлимга тутқизди-да: “Буни ичкарига олиб киринг, жиян”, деб шипшиди. Ҳар хил ширинликлар, бир-икки қатлам аёлларбоп мато бўй кўрсатиб турган бу халта уларнинг совға-саломи эканлигини пайқадим. Аммо халта қўлимдан сирғалиб тушиб кетишига оз қолди. Ахир анови меҳмон болага беихтиёр анграйиб қолгандим-да. Ранги оппоқ, озғин, қизларникидек шаҳло, қоп-қора кўзлари чуқур-чуқур ботган, юпқа лаб, дўнгпешона бу оғайни, ҳойнаҳой, касал эди. Калласи ўз ҳолича тинмай тебраниб турарди. Орадан кўп ўтмай, меҳмонлар билан гурунг чоғи уларнинг ота-болалиги, йигитчанинг чиндан-да дардмандлиги, ҳатто тилдан қолганлиги ойдай ойдин бўлди.
Ўша кеч қўноқ учун бир эчки сўйилиб, қозонга солинди, чоғроққина меҳмонхонамизга қалин кўрпалар тўшалиб, кўпдан бери олов кўрмаган печига арча ўтин ёқилди, ишқилиб, узоқ шаҳардан кеп қолган меҳмонларнинг иззати жойига қўйилди.
Ҳа, шу оқшом уйимизга чинакам бир бегона руҳ, бегона об-ҳаво кириб келганди. Меҳмонхонамиз ота-боладан анқиётган, бизнинг димоғларга ҳали ёт бўлган, аллақандай ўткир атир ҳидига бўкиб кетди. Мен чой қуйиб узатиб ўтирарканман, меҳмонларни зимдан кузатиб-кузатиб олардим. Улар тошқолоқ деворлари ғадир-будир, пастаккина уйимизга, бурчакда осиғлик қора чироқнинг хира ёруғига кўниколмай, бесаранжом ўтиришарди. Касал бола хумдай калласи тебранган кўйи гоҳ чирсиллаб ёнаётган оловни, гоҳ чироқ шуъласида аксланаётган сояларимизни анграйиб-анграйиб кузатар, онда-сонда отамнинг юзидаги, бир пайтлар айиқ билан олишувдан қолган чандиққа қўрқа-писа кўз ташлаб оларди. Отаси эса, гўё тинчлантирмоқчидай, тез-тез унинг нозик, оппоқ қўлларини силаб-силаб қўярди. Назаримда, шундай кезлар меҳмон амакининг оқ оралаган сийрак сочлари баттар оқариб, салқи қош-қобоқлари, лаб-лунжи тағин осилиб кетгандай туюлди. У гоҳ ёнбошлаб, гоҳ чордона қуриб, отам билан суҳбатлашар, ўзини далли-ғулли кўрсатишга тиришар, аммо хаёллари паришон эди. Мен унинг узундан узоқ гап-сўзларидан катта бир идоранинг хўжайини эканини, бир ташвиш сабаб тоғу тошларга қадам босганини аранг англадим. Улар аввал овулимизни, сўнгра уйимизни топгунча хўб қийналишибди. Машиналари бу ёқларга юролмай, уни овулдан ўн чақирим наридаги геологлар қўналғасида қолдиришганмиш. Бир оқсоқ чўпоннинг кўмаги билан бизникини аранг топиб келишибди.
Отам, насиб этса, баҳорда қизларга сеп йиққани шаҳарга бориш тараддудида эканлигини айтганди, меҳмон амакига жон кирди. У “Тўппа-тўғри бизникига бораверинг, ўзим ҳамма хизматингизни битираман”, деб чиройли костюми чўнтагидан кафтдеккина қоғоз, тилларанг, ғалати бир ручка чиқарди. Сўнг қоғозни тиззасига қўйиб, тез-тез алланималарни ёзди-да, “Мана, менинг адресим”, дея отамга узатди. Отам мамнун бош ирғай-ирғай қоғозни олиб, уни ўзича узоқ кўздан кечирди, кейин эски, яғир телпагининг қатланган жойига қистириб қўйди. Отамнинг қилиқларини, ҳойнаҳой, кузатиб турган бўлса керак, мен касал боланинг юпқа, қонсиз лаблари қоқсуяк чаккалари томон чармдай чўзилиб кетганини кўрдим. “Ай, шаҳарлик-а, биз тоғликларнинг ғўрлигидан куласан-а”, деб ҳазиллашган бўлди отам, шекилли, у ҳам касал боланинг илжайганини пайқаб қолганди. Шу баҳона бўлди-ю, меҳмон амаки узуқ-юлуқ қилиб, ўғлининг дарди ҳақида гап қўзғади.
Шаҳарлик боланинг бундай чалажон бўлиб қолганига ҳам роппа-роса уч йил тўлибди. Қиш кунларининг бирида мактабда аллақандай касалликка қарши эмлашибди-ю, орадан чорак соат ўтар-ўтмас, бола тилдан қолиб, калласини тутиб туролмайдиган аҳволга тушибди. Бу кўргиликнинг сабабини ҳеч ким аниқ айтиб беролмаганмиш. Биров ўша эм дори меъёридан ортиб кетган деса, яна аллаким бола қаттиқ қўрққан, игна нозик асаб тўқималарини зарарлантирган, дея тусмол қилибди.
– Даво истаб бормаган жойимиз қолмади, – деди меҳмон амаки қоп-қора дераза томон хомуш тикилиб. – Не-не профессорларнинг, аъзайимхон табибларнинг остонасига бош урдик, афсус… ҳеч наф йўқ. Яқинда бир табибга учрашиб ичимиз сал ёришди, овчи тоға. У кишининг гапига қараганда, бундай касалларнинг беш-олтовини ҳеч кўрмагандай тузатиб юборган экан. “Қўрқманглар, айтганларимни оқизмай-томизмай бажарсаларинг, болангиз булбулдай сайраб кетади”, деяпти у…
Боланинг касалига худди айбдордай бош эгиб, қобоқ уюб ўтирган отамга жон кирди.
– Хўш-хўш… – деди у, – нима қилиш керак экан?
Меҳмон амаки пича жим қолди. Нозик, ингичка бармоқлари билан сийрак сочларини тароқлай-тароқлай, отамга жавдираб тикилди.
– Энди… бу ёғи сизга ҳам боғлиқ, овчи тоға, – унинг товуши тобора титраб чиқарди. – Болага тирик бўрининг иссиқ қонидан ичириш, терисини шилиб, устига ёпинтириш керак экан… – у шундай дея дағ-дағ қалтираётган қўлларини отам томон илтижоли чўзиб, тағин ҳирқиради, – “Йўқ” деманг, жон овчи тоға, довруғингизни эшитиб, атай сизни излаб келдик, ўла-ўлгунча хизматингизда бўламан…
Отам оғир сўлиш олиб, хиёл қаддини тиклади. Хонага оғир жимлик чўкди. Бурчакда милтирабгина турган чироқ баттар хира тортгандай бўлди. Бу орада меҳмон бола ёстиққа ёнбошлаб пинакка кетганди.
– Бўрини тирик тутиш қийин, – деди отам паст, хотиржам овозда.
– Ярадори ҳам бўлаверади, – деб шоша-пиша гапга қўш солди меҳмон амаки. – Табибдан сўраганман, ярадори ҳам бўлаверади, ишқилиб, жони чиқмаган, қони иссиқ бўлса, бас…
– Ярадор қилиш ҳам қийин, – деди отам тобора тундлашиб. – Бўри жуда зийрак ҳайвон.
Меҳмон тағин ялинишга зўр берди:
– Энди, бир илож қилинг, жо-он, овчи тоға, ноумид қайтарманг, хизмат ҳаққи хоҳлаганингиздай бўлади.
Отам қаншаридаги чандиғини қашиб анча пайт мум тишлаб ўтирди.
– Яхши, – деди ниҳоят. – Қани, тонг отсин-чи, у ёғига ҳам худо пошшо… бир гап бўлар. – Сўнг менга юзланди: – Меҳмонларга ўрин-тўшак қилиб бер, болам.
Эрталаб чўчиб уйғонганимда кун хийла ёришган, дераза ортида чумчуқлар чирқиллашаётган эди. Қунишиб ташқари чиқдим. Отам ов анжомлари сақланадиган омборхонада куймаланиб ётарди.
– Уйғондингми, – деди менга кўзи тушгач, – Қашқақоядаги бўри уяси эсингдами, саҳар бориб текшириб кўрдим, қанжиқ бўри овга чиққан, қайтишида уриб олсак бўлади, шошилиш керак, болам.
Отам сўнгги сўзларини айтаётганда кўзларида алланечук учқунлар порлаб, бурун катаклари овчилик илҳомидан титраб кетди.
Биз шошилинч йўлга отландик. Меҳмон ота-болани эшакка миндириб, ўзимиз яёв жўнадик. Ён-атроф оппоқ, қалин қор билан қопланган. Ҳаво очиқ. Тоғлар ортидан чарақлаб бўй кўрсатаётган баҳор қуёши нуридан қор юзаси сим-сим зардек товланади, қадалиб қараган кўзларни қамаштиради. Биз сийрак арчазорларни оралаб ўтган сўқмоқ бўйлаб дам сайин юқорилаб борардик. Мен меҳмонларга, айниқса, анови касал болага тез-тез кўз ташлаб қўярдим. Калласидаги қусурини айтмаса, у сира дардмандга ўхшамасди. Кўзлари чақнаганча теваракка ютоқиб термулар, эшак устидан узалган кўйи қорга беланган арча баргларини тортқилаб-тортқилаб ўйноқлар, ўзича мамнун илжаяр, ишқилиб, димоғи чоғ эди. Афтидан, у қаёққа кетаётганимизни билмас, тўғрироғи, бунга аҳамият бермасди.
Охири, бир соатдан кўпроқ қичаб йўл юргач, кўзланган манзилга, Қашқақоя этагига етиб келдик. Биздан хийла илгарилаб кетган отам чимрилган кўйи бетоқат кутиб турарди. “Бу ёғига ҳаммамиз яёв борамиз”, деди у. Мен эшакни панароқ бир арча шохига боғлаб келдим. Улкан-улкан арчалар, харсанг тошлар оралаб тағин жўнадик. Орадан яна чорак соатлар вақт ўтди. Биздан беш-олти қадам илгари кетаётган отам бирдан ёнбошлаб, ўзини харсанг панасига олди, бизга ҳам “пусинглар” ишорасини қилди. Негадир унинг ранги бўзариб, кўзларига ўйчанлик соя ташлади. “Об-бо, кечикдик, – деб бош чайқади отам, биз пусиб унга яқинлашгач. Қанжиқ бўри овдан қайтибди”. Мен ўзим аввалдан яхши биладиган, бўри уя қурган қиялик томон пойлаб кўз югуртдим. Ҳа, биздан юз-юз эллик қадам нарида, чоғроққина кунгай ялангликда кулранг бўри тумшуғини оёқларига қўйиб, хотиржам чўзилиб ётар, теварагида митти-митти тўрт боласи бир-бирини тортқилаб ўйноқларди. Мен ҳам овчиликдан унча-мунча хабардорлигимдан қалтис вазиятга йўлиққанимизни англадим. Бўрига айни маҳал ҳеч бир тарафдан яқин бориб бўлмасди! Мунча масофадан туриб аниқ нишонга олиш, амри маҳол эди. Устига устак, ёнида болалари… Бундай пайт менман деган овчи ҳам ўқ узишга ботинолмайди. Ичи-ташим музлаб отамга ўгирилдим. Отам қаншаридаги чандиғини қашлаб буткул ўйга чўмганди. Бу орада меҳмон амаки ҳам мўралаб бўриларни илғади, сўнг ҳеч вақога тушунмай, гоҳ бизга, гоҳ теваракка қизиқсиниб аланглаб турган ўғлига имо-ишора билан, “Ана, у ёққа қара”, деб шипшиди. Касал бола ҳам бизга тақлидан, ҳаммамизни ташвишлантириб қўйган томон писиб мўралади.
Бироқ унинг ориқ, оппоқ юзига бизникидек ўйчанлик инмади, қайтам, кўзлари порлаб, илжайган кўйи томошага берилиб кетди. Ҳатто ирғишлаб ўрнидан туриб кетишига оз қолди, отаси уни аранг панага тортди, имо-ишора билан пўписалар қилди, бу қилиғи яхши эмаслигини уқтирди.
Отам қўлидаги милтиғини обдон кўздан кечирди, белидаги узун тиғли пичоғини пайпаслаб қўйди, ов хуржунини мен томон сурди, Унинг қандайдир қатъий қарорга келганини тушундим. “Қўрқма, ўғлим, ҳали ҳеч қачон уятга қолмаганмиз”, деб қулоғимга шипшиди отам, сўнг олға эмаклаб кетди. Биз уни ҳаяжон билан кузата бошладик. Отам тағин йигирма-йигирма беш қадамлар оралиққа тошлар оралаб пусганча ўрмалаб борди. Кейин “лип” этиб ўрнидан турди-да, тўппа-тўғри бўрилар томон юрди! У милтиғини орқасига яширишга тиришарди. Отам беш-олти қадам қўяр-қўймас, қанжиқ бўри бошини шаҳд билан кўтариб ўгирилди. Ҳатто биз ҳам унинг отамга қаҳрли тикилган кўзларини, диккайганча пирпираётган қулоқларини яққол кўрдик. Бўричалар эса ҳуркиб, онасининг пинжига суқилди. Отам бўриларни ногоҳ учратиб қолгандек, бир зум қотди-да, ўнг томондаги арчазорга ўзича қоча бошлади. Она бўри у томон қуюндай қўзғалди. Бақувват, узун оёқлари остидан қор сачратиб уч-тўрт сакрашдаёқ отамга яқинлашди. Шу пайт отам илкис орқага бурилди. Бурилди-ю, бирдан ўқ овози гумбирлади. Биз жон ҳолатда кўкка бир сапчиб қулаётган бўрининг сержун бўғзидан тирқираб қон отилиб кетганини яққол кўрдик. Кулранг жондор шундоққина отамнинг кирза этиклари ёнида қор тўзғитганча чирпирак тўлғониб қолди. Отам эҳтиёткорлик билан ўзини четга тортиб қичқирди:
– Идишни опке-е-ел!
Мен хуржундан сопол косани олиб, жону жаҳд билан олға отилдим-у, кўз очиб юмгунча отам олдида пайдо бўлдим. Шу пайт… шу пайт тоғу дараларни аччиқ бир қичқириқ тутиб кетди. “А-а, а-а!”
Биз “ялт” этиб овоз келган ёққа қарадик. Қарадиг-у, кўзларимизга ишонмадик. Ахир, бу товуш, бу аччиқ қичқириқ ўша шаҳарлик боланики эди!
“А-а-а-а!” – у шундай чинқириқ билан қоқила-сурилганча биз томон югургилади. Отам иккимиз анграйиб қолдик. Меҳмон амаки бир зум каловланиб турди-да, шодон қийқириб ўйноқлай кетди: “Тилгинангдан, овозингдан болам…”.
Шаҳарлик бола пихиллаб-хириллаб жон бераётган она бўрига гандираклаган кўйи яқин келди. Унинг калласи аввалгидек тебранмас, қоп-қора кўзлари чақчайиб боқар, юпқа, қонсиз лаблари яна бир қичқириққа ҳозирлангандай пир-пир учарди. Бола чалажон жондорга, ўқ овози гумбурлагандаёқ бўри болалари тирқираб қочган уя томон бир зум ола-кула боқиб тургач, шаҳд билан отамга юзланди. Юзланди-ю, мутлоқ соғлом бир товушда ваҳимали шанғиллай кетди:
– Нега отдингиз, нега? Энди болалари нима бўлади?
Шу орада қувончдан энтикканча етиб келган отаси ўғлини қучоқлаб, “тилингдан, тилингдан…” дея ўпишга уриниб кетди. Бироқ бола, гўё тузалганидан пушаймондек, отасининг қўлларини силтаб ташлаб, гоҳ чалажон бўрига, гоҳ отамга чақчайганча қараб турарди. Меҳмон амак эса ҳовури босилмай, ҳансираган кўйи, пўрим пўстинининг ички чўнтагидан бир даста пул чиқариб, қийқирганча отамнинг бошидан сочиб юборди. Яна бир дастани ғоят чаққонлик билан менинг серямоқ чўнтагимга тиқиб юборди.
Шу пайт отамнинг қоп-қора терга ботган кўйи дағ-дағ титрашга тушганини ногоҳ сезиб қолдим! Милтиқ, ҳалигина мен узатган сопол коса аллақачон ерпарчин бўлиб қорга қоришиб ётарди. “Ота-а!” – дея беихтиёр қичқириб юбордим, бирдан ичу ташим музлаб. Аммо отам жавоб бермади, гоҳ оёқлари остида сўнгги нафасини олаётган она бўрига, гоҳ шаҳарлик болага жавдирай-жавдирай қон сачраган қор устига беҳол ўтириб қолди. Мен илкис олға отилиб, унинг елкаларидан қучдим. “Ота-а, бизни қўрқитманг, ота!” У қалин-қалин лабларини қимтиб-қимтиб гапирмоқчи бўлди, бироқ уддалай олмай қўл силтаб қўйди. Мен шунда… шунда аччиқ бир ҳақиқатни англадим: отам тилдан қолганди!
Шаҳарлик бола кўзлари баттар олайиб, беихтиёр орқага тисарилди. Сўнг бир инграниб, ваҳима билан овул томон чопа кетди.
Меҳмон амаки ҳамон ўша қувонч қалқиб турган товушда: “Ия-ия, овчи тоға, сизга нима бўлди? Ҳазиллашманг-ей”, деб отамга парвона бўла бошлади.
Мен кўз олдим қоронғилашиб унга қичқирдим: “Йўқо-о-ол, отамни едиларинг!”. Беихтиёр пайпасланиб ердан милтиқни олдим. Меҳмон амаки, “ия, жиян, ўзингизни босинг, одам отишнинг жавобгарлиги бор-а?!” дея ғудраниб, қалт-қалт титраганча орқага тисарилди, сўнг, ўнгланиб ўғли ортидан йўрғалаб қолди.
Мен буткул ўзимни йўқотиб, эсанкираб қолгандим. Отам овулга қайтишни истамасди. Ёлвориб етакламоққа чоғлансам, қўлларимни силтаб ташлаб, “ўзинг кетавер” дегандай имо-ишора қилар, харсангларнинг бирига омонатгина чўнқайиб, узоқ-узоқларга жавдираб термулар эди. Ваҳима босиб йиғлаб юбордим. Бир пайт орқамдан қадам товушлари эшитилгандай бўлди. Қарасам, уч-тўрт овулдош ҳовлиқиб келишяпти. Таниш одамларни кўриб, негадир, баралла ҳўнграб юбордим.
Улар овул оралаб ғалати-ғалати қиёфада орқа-олдига қарамай ўтиб бораётган ота-болани кўриб қолишган экан. Ажабланиб, сўраб-суриштиргач, бизнинг меҳмонлар эканини билишибди. Сўнг, овулдошлар, “Бу ерда бир сир бор-ов”, деган шубҳа билан тўппа-тўғри уйимизга боришганмиш. Энам бизнинг меҳмонларни бошлаб Қашқақояга чиқиб кетганимизни, ҳамон қайтмаганимизни, ўзи ҳам юраги хижил тортиб хавотирланаётганини айтибди. Овулдошлар ўзаро маъноли кўз уриштириб, дарҳол Қашқақоя томон жўнашибди.
Ўша кун кечга яқин чалажон отамни бир амаллаб уйга орқаладик. Мен йўл-йўлакай узуқ-юлуқ қилиб уларга бўлган воқеани айтиб бердим. Овулдошларни ҳам алланечук ваҳима босди. Улардан бири “Овчини қон тутган”, деса, яна бири “ўша шаҳарлик боланинг касали юққан”лигига шаъма қилди.
Отам бир пайтлар чин овчилар ё қоядан учиб, ё йиртқичлар билан олишиб ўлим топишини менга уқтирар, ҳатто бу ҳақида қизиқ-қизиқ чўпчаклар айтиб берар, бир кун келиб, ўзи ҳам шундай ажалга йўлиқишига ишониб ғурурланар эди. Отам ўша тундаёқ қўл-оёғи тарашадек қотиб, кўрпа-тўшакка михланиб қолди. Орадан бир ҳафта ўтгач, жон берди. Мен ўшанда отамнинг гўё қисматидан, ўлимидан розидай, юз-кўзида алланечук табассум қотиб қолганини кўрдим…
* * *
Овчи йигит “энди тамом”, дегандай бирдан жимиб қолди.
– Ҳа, ҳаёт шунақа аччиқ, – деди оғир бир сўлиш олиб профессор, гўё азадордан кўнгил сўрагандай. – Хафа бўлманг, ука…
Мен ҳам ўзимча, “Ҳа, тақдир-да, тақдир”, деб минғирлаб қўйдим. Лекин кўнглимнинг бир чети хирагина ёришиб турарди: чунки “узун достон” мен қўрқиб кутгандан бошқача хотима топди. Боя овчи йигит, “Отамни шаҳарликлар ўлдирган”, дегани учун “узун достон” давомида муқаррар бир пичоқбозликни, отишмани кутгандим. Йўқ, худога шукр, ундай бемаза бўлиб чиқмади. Шу сабаб овчи йигитнинг кўзини шамғалат қилиб, шерикка шипшидим:
– Бу ўлимда шаҳарликлар “ни причём-ку”…
Гапим ёқмади, шекилли, профессор бир чимирилиб қўйди. Сўнг қўл соатига кўз ташлаб, “кечикяпмиз” ишорасини қилди.
– Энди ука, бизга рухсат, – дедим сипогарчиликни қўлдан бермай. – Ҳувв, сой бўйида шериклар, машина кутиб қолди.
Овчи йигит ўз хаёлларига шунчалар берилиб кетган эканки, беихтиёр чўчиб тушди. Икковимизга уйқусираётгандай бир-бир қараб чиқди…
– Кетасизларми?
Биз бош ирғаб, ўрнимиздан қўзғалдик. Қўл-оёқлари, бели худди меникидек ҳамон зирқираб ётган бўлса керак, профессор юзларини аянчли буриштириб, ихраб юборди.
– Ҳалиги, – деди овчи йигит ўрнидан қўзғаларкан бир менга, бир шеригимга кўз ташлаб, – қўриқхона қуришларинг чинми?
Мен тағин қандай жавоб овчига ёқишини билмай чайналиб қолдим. Профессор, ҳар қалай профессор-да, дарров мўлжални тўғри олди:
– Э, ҳаммаси хом гап, ука, – деди у ўзича бепарво қўл силтаб, – ҳеч ташвиш тортманг.
Овчи йигит чиппа-чин ишонди, шекилли, юз-кўзида шодлик шарпалари кезинди.
Биз хайр-хўшлашиб, эҳтиёткор қадамлар билан пастга – ялангликка туша бошладик.
– Ғалати одамлар экан-а, – дедим ҳиринглаб.
Профессор чақир тошлар, сертикан ўт-ўланлар билан қопланган сўқмоқчадан кўз узмай, “ҳим-м” деб қўйди.
Ниҳоят, ялангликка эндик. Мен қўрқа-писа бундан чорак соат аввал ўтирган томонимизга – қоя чўққисига кўз ташладим. Кўз ташладим-у, “Ановини қаранг!” деб юбордим, беихтиёр шеригимни турткилаб. Хаёлчан кетаётган профессор бир чўчиб, мен ишора қилган ёққа аланглади.
Қоя чўққисининг тик қирғоғида, туртиб чиқиб турган харсанг устида овчи йигит мағрур қад кериб турарди.
– Нима бало ўзини ташламоқчими у? – дедим чинакамига хавотирланиб. Чунки унинг овчилар қандай ўлим топиши ҳақида айтганлари ҳамон қулоғим остида жаранглаб турарди.
– Йў-ўқ, – деди профессор ўйчан, – овчи бизни кузатиб қўйяпти. То манзилга етгунимизча шундай тураверади у.
Биз хотиржам бурилиб йўлда давом этдик…
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 11-сон