Умид – ерда ётган полапон.
Расул Жумаев
I
Бу гал ҳам қарз ундира олмади. Шаҳарнинг қоқ киндигидаги гавжум бозорда дўкон очиб, олди-сотдига кўнгил қўйиб анчагина бойиб қолган, талабалик таъмини бирга тотган дўсти Ўктам ҳам мижғовланиб бир дунё баҳонани қалаштириб ташлади. Шу кунларда кичик корхона очиш ташвишида юрганини, харажат устига харажат жабрини чекаётганини, тағин тўрт-беш таниш-билиш олти ойча бурун бир ҳафта ичида қайтаришга қасамлар ичиб анчагина қарз олишганини, лекин ҳали-ҳануз қайтармай куйдириб юрганини айта-айта ҳасрат қилди. Яъниким, игна-ип тиланганнинг қаршисига йиртиқ иштон билан чиқди.
Бахтиёр қарз ундира олмаганидан ҳам кўра дўстининг нигоҳларидаги ифодадан хафа бўлиб кетди. Бу қарашларда истеҳзо, масхара қалқиб турарди. Ўл, бу кунингдан, деган маъно, дўсти ҳарчанд яширишга уринса-да, қорачиғлар туб-тубида йилтиллаб кўринарди. Ҳар ҳолда Бахтиёрга шундай туюлди.
У увушган бармоқдай бўшашиб кўчага чиқаркан томоғига тиқилган хўрликни аранг ичига ютди.
Энди нима қилади? Унга раҳми келиб, сафарга бирга олиб кетишга кўнган ҳалиги бригадирга энди нима дейди? Йўлкира тополмадим дейдими сўнариб? Қариндошлардан ҳам барибир наф йўқ. Ё нариги маҳалладаги судхўрдан қарз кўтарсамикан? Бир оз таниш-билишлиги бор, балки қарз фоизини арзонроқ қилиб берар?
Бахтиёр гўё қаён юришини билмагандек бўм-бўш чўнтакларида қўлларини мушт қилиб туккан кўйи кўча бошида ивирсиб туриб қолди. Сўнг сал наридаги таналари қуруқшаб, буришиб кетган қари тутга беҳол суянди.
Чор-атрофдан баҳор нафаси уфурарди. Ям-яшил япроқларга бурканган дов-дарахтлар енгил эпкиндан оҳиста чайқалиб турарди. Кўча бўйлаб узалиб кетган бетон ариқ лаблари ҳам ранго-ранг чечаклар, ўт-ўланлар билан қопланган.
У беихтиёр ўзи униб-ўсган Арпасой адирларини эслади. Қўй-қўзилар ортидан бўйинсалари билан чопқиллашиб юришлари кўз ўнгидан лип-лип ўтди. Юрагида силқиб турган хўрликка соғинч ҳислари ҳам қўшилиб кўзлари намланди.
Бепоён кенгликлар, юлдузли, соҳир кечалар, гоҳо қайғу, гоҳо қувонч қалққан қиёфалар, бир сўз билан айтганда, теварагида товланиб турган тириклик ўша кезлар Бахтиёрда ғалати туйғулар қўзғарди, кўнгли баъзан маъюс тортиб, баъзан шодликдан тўлқинланар эди. Кўзи кўриб, кўнгли сезган барча-барча манзараларни қоғозларда тасвирлагиси келарди. Яъниким, мусаввирликка ишқи тушмиш эди. У синфхонадан ўғирлаб чиққан бўр бўлаги билан қир этагидаги харсангтошга ҳар хил нарсаларнинг расмини чизиб ташлар, теварагига таппидай тизилган тенг-тўшлари тек қотиб унинг қўл ҳаракатларини ҳавасманд кузатишар, аҳён-аҳён қойил қолганнамо бош чайқаб, расм роппа-роса аслига ўхшаганини эътироф этишар эди. Кўп ўтмай Бахтиёрнинг иқтидори мактаб бўйича тан олинди. Ҳар байрам арафасида муаллимлар деворий газеталарини безаб беришни ундан ўтиниб сўрайдиган бўлиб қолишди. Мактаб энди-энди битай деб турган ажойиб кунларнинг бирида соч-соқоллари ўсиқ, кулранг кепкасини бошига бостириб кийган Георгий исмли рассом қишлоқ биқинидаги тевараги юлғунзор, қамишзор зовур бўйида пайдо бўлиб қолди. У рассомчилик ашқол-дашқолларини олдига ёйиб, арзон нав сигаретини тутатган кўйи кенгликлар узра шом қуйилишини соатлаб томоша қилиб ўтирар, аҳён-аҳён қаршисидаги мольбертига алланималарнидир чизгилаб қўяр эди.
Бахтиёрнинг отаси унинг олдига иккита ароқ, бир тоғора қовурдоқ кўтариб борди. Ўғлининг қоғозга туширган расмларини кўрсатди. Ўғлингиз бўладиган бола, унда даҳолик аломатлари бор, деди Георгий бўшаган шишаларга қўшилиб ўзлари ҳам юмалаб қолишган бир пайтда. Кетар чоғи пойтахтлик рассом ўзининг телефони рақамларини берди, мактабни битиргач, мени топсин, деди.
Аммо тақдир йўлланмаси бошқача экан. Амакиларидан бири Бахтиёрни қўярда-қўймай вилоят марказидаги муҳандислар тайёрловчи институтга етаклаб борди. Зўр ошноларим бор, сени ўқишга киритиб қўйишади, деди. Лекин Бахтиёр йиқилди. Талаба бўла олмади. Ва ўша куз ҳарбий хизматга чақирилди. Одатда аскарликдан йигитлар чиниқиб, қотайиб, қайралган қиличдай чатнаб қайтишади. Бахтиёр эса касалманд аҳволда қишлоғига кириб келди. У хизмат қилган қурилиш батальони заводларнинг биридан заҳарли чиқитларни вагонларга юклаш билан шуғулланарди. Бахтиёр дам сайин ўзини беҳол сезар, аҳён-аҳён боши айланиб, кўзи тиниб йиқилиб қолар эди. Хизмат тугаш арафасида аскарларни кўрикдан ўтказган врач ана шу чиқитлар касофатидан Бахтиёрнинг юрагида иллат пайдо бўлганини таъкидлади. Сенга қайғуриш, қаттиқ ҳаяжонланиш мумкин эмас, деди у бир дунё дори-дармонлар рўйхатини қўлига тутқазар экан. Врачнинг ўша огоҳлантиришларини Бахтиёр кейинчалик эслар экан, гоҳ кулгиси қистар, гоҳ энсаси қотар эди. Ахир бу дунёда ҳаяжонсиз, қайғусиз яшаб бўларканми?
Ҳарбийликдан келтирилган йўлланма шарофатидан Бахтиёр ўша муҳандислар тайёрловчи институт талабаси бўлди.
“Қуруқ чизиш-мизиш билан бундан буён тирикчилик қилиб бўлмайди, – дея яна пешгирлик қилди ўша амакиси, – келажакда нон топиб бера оладиган касбнинг этагидан тутган маъқул. Жуда чизгинг келса, инженер бўлиб ҳам бўёқ-мўёғинг билан шуғулланиб юраверасан.”
Аввал бошида амакисининг насиҳатлари Бахтиёрга ҳам жўяли туюлди, кейинчалик эса хато қилганини англади. Мусаввирлик санъатининг сеҳри йигитни бетиним ўзига чорларди. Бахтиёр ижара уйини кичик бир устахонага айлантирди. Ўқишлар ўлда-жўлда қолди. Гоҳ у, гоҳ бу домланинг кўнглини топиб курсдан курсга ўтиб юрди. Аммо чизганлари ҳам тузук баҳоланмади. Тўғрироғи, вилоят миқёсида унинг ишларини тушуниб, муносиб қадрлайдиган одам топилмади. Пойтахтга қатнаб асарларини муҳокама қилдиришга унда на пул, на фурсат бор эди. Шу орада узоқ бир қариндошларидан бирининг қизига уйланди. Ўз-ўзидан бўйнига олахуржун осилиб рўзғор билан андармон бўлди-қолди. Амал-тақал эришилган мутахассислиги бўйича иш сўраб бир-икки идорага бош суқдию, аммо ҳафсаласи пир бўлди. Иш йўқ. Димоғдор бошлиқлар олдида ҳар эгилган чоғи чўнтагидаги дипломининг қаттиқ қирралари кўксига ботиб-ботиб кетгани қолди, холос. Шу орада ҳарбийликдан орттирган касали яна бир бор енгил хуруж қилиб ўтди. Уч-тўрт кун даволанган бўлди. Ниҳоят, Арпасойнинг латланган қовунидай бўшашиб юрган шундай кунларнинг бирида омади чопиб қолди. Ўшанда лўлилар маҳалласига яқин жойда, бефайз, арзон ошхонада илимиқ шўрва ичиб ўтирарди. Ўзидан андак наридаги, афтларидан қурувчи усталарга ўхшаш хўрандалар диққатини тортди.
“Хўжайин ҳақимизни бермаяпти,” – деди улардан бири нон бўлагини оғзига соларкан.
Шериги унга таажжубланиб кўз ташлади.
“Нега, уйини бош-адоқ қуриб бердиларинг-ку?”
“Беш хонага ҳам гул чизиб чиқишимиз керак экан.”
“Ичимизда рассомимиз йўқ демадингми?”
“Бригадада ҳамма мутахассисликдан одам бўлиши шарт эмиш.”
Бахтиёрнинг қулоғи динг қотди. Ҳатто, шундоққина қаншарига келиб қўнган ноёб тур капалакни чўчитиб юборишдан қўрққандек бир нафас дамини ичига ютиб ўтирди. Сўнг секин уларнинг ёнига ўтди, ўзини таништириб бехос уларнинг гапига қулоқ солгани учун узр сўради…
…Бир оздан сўнг довдираниб-ғудраниб ёнларида ўтирган, қорамағиз, сочлари ҳурпайган, озғин йигит рассом эканлигини билиб қурувчилар аввалига ажабланиб кўз уриштиришди, сўнг баббаравар илжайишди.
Ўшанда қурувчилар эмас, аслида тақдир табассум қилган экан. Бахтиёр ўз ишини топиб олди. Қурувчилар тўпидан рассом мақомида жой олиб не бир уйларнинг деворига манзаралар, нақшлар чизиш билан шуғулланди. Нозик дид, бетизгин хаёлот маҳсули бўлган чизмалар қараганни бир зум ўзига сеҳрлаб қўярди. Бахтиёр ён-атрофга тез танилди. Унга уйини безатишни истаганлар навбат талашиб қоладиган бўлишди.
“Сенинг истеъдодингни илгари ҳеч тан олмагандим, – деди ўша раҳнамо амакиси, кунлардан бир куни Бахтиёр унинг янги қурган иморатига чизиб берган нақшларга маҳлиё тикиларкан, – ана энди ҳунарингга беш кетиб ўтирибман, ука. Аввал бошидаёқ сени Тошкентга олиб бормаганимдан афсусдаман. Сенинг жойинг пойтахтда, ука. Ҳа, майли, ҳечдан кўра кеч деган ўрисларнинг мақоли бор. Энди Тошкентга борасан. Энг зўр рассомлар билан танишиб ака-ука киришасан. Ўша ёқда ишлайсан. Мен ўзим сенга ёрдам бераман. Кетишга тараддуд кўравер…”
Бахтиёр амакисининг меҳрибончиликларига илжайибгина қўйди. Унинг энди Тошкентга боргиси йўқ эди. Тўғрироғи, бу ердаги ишини, тузуккина тушумни, иззат-обрўсини кўзи қиймади. Ахир пойтахтга борса ҳаммасини нўлдан бошлаши керак. Э-ҳе-е, катта мусаввирлар даврасига кириб олгунча яна қанча тер тўкиши керак. Айни пайтда Бахтиёрнинг бунга тобу тоқати йўқ эди. Ахир бу ерда пул топаяпти, пул! Ҳам отасининг рўзғорини, ҳам ўзини боқаяпти. Ҳийлагина хароб бўлса-да, вилоят марказидан кичкинагина ҳовли сотиб олди. Ўзи ҳам анчагина тўлишиб қолди. Эски касали тузалиб кетгандай бўлди.
“Сиз юрак хасталиги бўйича ҳисобимизда турасиз, тез-тез бизнинг кўригимиздан ўтиб туринг,” – дея зорланган маҳалла врачининг гапларига қулоқ солмай қўйди. Ҳатто баъзи бир бойвачча буюртмачилар ишдан сўнг берадиган зиёфатлардан гандираклаб аранг қайтадиган бўлиб қолди. Майхўрликка ўргана бошлади.
Бир гал бадавлат бир қассобнинг иморатини пойдеворидан тортиб томига довур битириб, яхшигина даромад қилган бригада шаҳарнинг овлоқ бир чойхонасига бош суқди. Тевараги қуюқ дов-дарахт билан ўралган бу гўша бир қарашда хушманзара, тоза-озода кўринса-да, аслида исқирт, қўланса исли жой экан. Қурувчилар очиқишган эди. Бошқа чойхона топишга хафсала қилишмади. Тубида беш-олти челак қорамтир сув қалқиб турган ҳовуз бўйидаги чорпояга ўтиришди. Кўп ўтмай таом изидан таомлар тортилди, бўшаган май шишалари бирин-кетин чорпоя тагига юмалай бошлади. Ҳовуз бўйини ғала-ғовур, мастона қийқириқлар, кулгилар тутди. Шом қўнар-қўнмас бошланган базм то тун ярмига довур давом этди.
Ўша куни Бахтиёрнинг таъби майга кўп тортмади. Икков ора-икков ора бўлиб, аллақандай икир-чикирлар ҳақида гаплашиб, баҳслашиб ётган даврани маъюс кузатиб ўтирарди. Ногоҳ унинг кўзи ҳовуз тубидаги кўлмакда балқиб турган юлдузларга тушди. Исқирт бир кўлмакда балқиб турган юлдузлар! Тун! Қоп-қора, мотамсаро дарахтзор! Кўрганлари Бахтиёрга сирли бир ҳикматлар сўйларди, фикратига сирли бир ишоралар қиларди. Унинг юрагида таниш, жуда таниш тўлқин кўтарилди. Лаззатли бир изтироб бутун шуурига силқиб кирди.
“Буни қарангла-ар!” – Беихтиёр қичқириб юборди у.
Теварагидагилар аввал рассомга, сўнг у ишора қилиб турган томонга кўз ташлашди.
“Нима? Нима гап?”
“Тинчликми?”
“Бирор нима ҳовузга тушиб кетдими?”
Айниқса энг сўнгги сўров Бахтиёрни баттар ҳаяжонлантриб юборди:
“Ҳа, қаранглар! Кўлмакка бир ҳовуч юлдуз тушиб кетибди!”
“Эҳ, бор-йўғи шуми, мен нима бало экан деб ўйлабман,” – деб мастона пўнғиллади бригадир.
Бошқалар ҳам ҳафсаласи пир бўлган кўйи ғудраниб қўйишди.
Шу тоб… шу тоб Бахтиёр теран бир туйғудан титраб кетди: ҳамиша ҳамдам, ҳамқадам, ҳамшиша мана шу одамлардан у нақадар узоқ! Нақадар бегона булар унга!
Бахтиёр бир интилиб дастурхон ўртасида турган, ичидаги ичкилик яримлаб қолган шишани бўғзидан тутди, четлари учган пиёлага тўкиб-сочиб ароқ қуйди. Сўнг довдираган кўйи тахир таъм суюқликни сипқориб юборди. Ўз-ўзлари билан овора, бир-бирига қулоқ солмай гапириб ётган шериклари унга деярли эътибор беришмади.
Бахтиёр қаршисидаги қоп-қора бўшлиққа маъюс-маҳзун тикилган кўйи жим қолди. Бир пиёла лиммо-лим ичкилик ҳам у истаган мўъжизани бермади. Ёлғизлик, теваракка бегоналик ҳисси уни тарк этмади. Бўғзини куйдириб хўрлик, алам тошиб кела бошлади. Бахтиёр ҳўнграб юбормаслик учун лабларини қимтиб, қулт-қулт ютинди. Аммо уринишлари бесамар кетди. Аввалига кўзларидан аччиқ ёш сизиб оқди, сўнг… туйқус бўғзидан бўғиқ бир сас отилиб чиқди. Маст-аласт шериклар ялт этиб у томон ўгирилишди.
“Ҳа, нима гап?! Тинчликми?”
“Бирор жойингиз оғрияптими?”
“Кайфи ошиб қолдими дейман.”
Ҳамшишаларнинг бири қўйиб-бири олиб кетма-кет сўроққа тутишлари, турткилаб-тортқилаб овутишга уринишлари Бахтиёрнинг баттар хўрлигини тоширди. Ёғ, бўёқ иси қоришиб кетган кафтларини юзига босиб баралла ҳўнграшга тушди.
“Нима бало, ақлдан оздими бу?!”
“Маишатнинг ҳам белига тепди.”
“Тўғриси, шу рассомимизга умуман тушунмадим. Бир қарасанг соатлаб лақиллаб гурунг беради, бир қарасанг кун бўйи миқ этмай хаёл сурадими-ей, ғамга ботиб юрадими-ей….”
“Ким билади, ичида бир дарди бўлса керакда бечоранинг.”
“Давай, уни ҳўнгиллатмай тезроқ уйига олиб бориб ташлайлик.”
Ўша тунда Бахтиёрнинг касали яна хуруж қилди.
“Ана айтмадимми, тез-тез кўрикдан ўтиб туриш керак деб. Сиз эса бўкиб ичиб юрибсиз” – деди маҳалла врачи, унинг товушида безовталикдан кўра тантана кўпроқ эди.
Бахтиёр ўн кунча вилоят касалхонасида даволаниб чиққан бўлди. Кетар чоғи дўхтирлар одатдагидай тайинлашди: “Сизга қаттиқ таъсирланиш таъқиқланади. Спиртли ичимликлардан мутлоқ узоқроқ юринг.”
Бахтиёр одатдагидай бош ирғаб қўйди. Ўша тунда кўрган манзараси ҳали-ҳануз унинг кўз ўнгида турарди. Касалхонадан чиқибоқ мўйқалам тутишни мўлжаллаб юрарди.
“Агар шуни ҳам эпласам, иккита зўр картинам бор бўлади!” – хаёлидан ўтказди у. – Кейинроқ Тошкентга олиб бораман. Энг машҳур рассомларга кўрсатиб мақтанаман. Йўқ, йўқ, бира тўла пойтахтга кўчиб кетаман. Фақат ижод билан шуғулланаман. Унгача иқтисодни тиклаб оламан, уч-тўрт йил ишламасам ҳам рўзғорим кечадиган даражада маблағни ғамлайман.”
Бахтиёр вилоят марказидан олган уй болохонали эди. Унга айниқса шуниси маъқул бўлганди. Бахтиёр болохонани ҳафсала билан таъмирлаб, ўзича устахонага айлантириб олди. Аҳён-аҳён елкасига тўнини елвагай ташлаб унинг ёғоч зиналарини ғижирлатиб юқорига кўтариларкан, ўзини даҳо мусаввирлардек ҳис қилар эди.
Аммо Бахтиёрнинг ўйлаганлари орзулигича қолиб кетди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас қурилиш-таъмирлаш оламида “евроремонт,” “туркча фасон,” “японча фасон” деган усуллар кенг урф бўлдию, уйларга гул чиздириш, нақш урдириш эътибордан қолди. Бахтиёрнинг бўсағасидан мижозларнинг оёғи узилди. Тирикчилик ташвиши бутун залвори билан яна унинг устига қулади. Ҳовли-жойни қайта қуриб олиш ниятида йиғиб қўйган жамғармалари ҳам йил ўтар-ўтмас соб бўлди. Бахтиёр гангиди. Қишлоғи сари жонсарак юзланди. У бир пайтлар, топармон-тутармонлик пайтлари, хотинининг не бир ҳай-ҳайлашларига қарамай қавму қариндошларига саховат кўрсатган, тўйю маъракаларида очиқ қўллик билан хизмат қилган эди. Аммо улардан мурувват бўлмади. Ҳатто катта янгаси безрайганича чақиб олди:
”Пул топиб биз билан беминнат бўлишгансиз деб қувониблар юргандик, лекин… бир кун келиб берган уч-тўрт сўмингизни пеш қилиб келасиз деб ўйламагандик…”
Бахтиёр ялт этиб янгасига, унинг ёнида сўнариб турган акасига қаради. Ахир у бир пайтлар кўрсатган кўмаги ҳақида оғиз ҳам очмаган эди! Шунчаки, озгина қарз сўраган эди, холос! У чуқур бир хўрсиниб, ҳеч нима демай, уйдан чиқиб кетди.
Ўша раҳнамо амакиси эса унинг озғин-тўзғин лошини кўргандаёқ сергак тортди. Иши юришмай, тирикчилиги кечмай қолганлиги ҳақидаги узундан-узоқ шикоятини оҳ-воҳ билан эшитди. Сўнг кўзларини ярим юмиб, хумдай бошини оҳиста чайқаган кўйи минғирлади:
“Сени дунёга машҳур рассом бўлиб кетасан деб ўйлагандим. Лекин гўрга ҳам бормадинг. Бўш-баёвлигинг панд берди…”
Амакининг иддаолари жон-жонидан ўтиб кетди. Аммо қайсарларча ўрнидан туриб кетишга нималардир монелик қилди. Гўёки елкасидан улкан тоғ босиб тургандек эди.
“Майли, уриб-сўкиб бўлсаям озроқ пул берсин,” – хаёлидан ўтказди у ердан кўз узмай. Аммо бу ўйдан юрагининг қай бир нозик томири чирт этиб узилгандай бўлди.
Амаки Бахтиёрнинг кўнглидагини пайқади-ёв, ҳар қалай афт-ангорини тириштириб чўнтак кавлади. Бахтиёр қариндошиникидан қувониб қайтди.
Отаси эса унинг йўқлаб боришини кутиб ўтирмади. Невараларини кўриш баҳонасида шаҳарга тушди. Аммо эси-дарди ўғлида эканлиги шундоққина юз-кўзидан билиниб турарди.
“Болам, қўрамда уч-тўртта кўтарам қўйим бор, хоҳласанг бир оз боқиб семиртир, хоҳласанг шу ҳолича сотиб юбор, тирикчилигингни ўнгла,” – деди у ўғлига беадоқ ҳасрат билан тикилиб.
Бахтиёр шу алфозда олти ойча кун кўрди. Сўнг эски бир танишларини ўртага қўйиб, ялиниб-ёлвориб шаҳардаги қўшма корхоналардан бирига маданий-маърифий ишлар бўлимига ўрнашди. Ҳар хил шиорлар, ҳикматнамо, мақолнамо гаплар битилган панолар тайёрлаш, лозим жойларга суратлар, йўриқномалар чизиш каби майда-чуйда вазифалар унинг зиммасига юклатилди.
“Ҳозирча синов муддати билан оламиз, маошингиз камроқ бўлади, – деди хўппа семиз, юз-кўзларига аёвсиз упа-элик чапланган аёл, – ишингиз маъқул бўлса, уч ойдан сўнг штат бўйича ҳақингизни олаверасиз…”
Ўшанда кеч кузнинг изғиринлари изғиб турарди. Совуқ. Лекин Бахтиёр қувончдан қони қизиб, кўзларида ўт порлаб уйига қайтди. Хотинига кўнгли ийиб, меҳр билан тикилди: “Матлуба, сенга раҳмат. Қийинчиликларга сабр қилдинг, камимни яшириб, кўпимни кўпиртиб кўрсатдинг.”
“Қўйинг-е, – деб пичирлади Матлуба, эрининг эриб, эркалаб қарашларидан хижолатланиб. – Нон топиб келаётган сиз-ку, мен бир ташвишингизни мингга кўпайтиришдан бошқасига ярамаётган бўлсам…”
Ўша қўшма корхонага ишга ўрнашган куни Бахтиёр учун чинакам байрам бўлди. Хотини иккиси болаларни сайрбоққа олиб чиқишди. Кечқурун уйда ош дамланди. Хуш ҳол ўрин-тўшакка чўзилишди, аммо… тун ярмида туйқус Бахтиёрнинг уйқуси қочди.
Кун бўйи юраги тошиб, қувончга қоришиб, ҳаяжонга кўмилиб юрди-я?! Нега?! Нима учун?! Бор-йўғи аллақандай корхона бўёқчиликка олгани учунми?! Наҳотки, шу даражада майдалашиб кетди?! Наҳотки, шу қадар ожиз ва нотавон одамга айланди? Чизиш-бўяш юмушини эплайдиган кадр керак экан, ана, ишга олишди, шунга нима? Манглайида даҳолик юлдузи порлаб тургани учун унга талпинишгани йўқ. Аксинча, у талпинди, ялиниб-ёлворди ўшаларга! Қандай миннатдорчилик изҳор қилишни билмай қийналди, қийпанглади! Ўша мутасаддилар уни иқтидори, истеъдоди учун арши аълога кўтаришгани йўқ, шунчаки, синов муддати билан хизматга олишди, холос. Тинкангни қуритиб ишлатишади, миннату иддаолар, бетийиқ амру фармонлар билан хўрлашади, сўнг худди лайча олдига суяк ташлагандек, қўлингга ўша моянангни тутқазишади. Судралиб уйга қайтасан! Судралиб яна ишга борасан! Бир умр шундай! Бир умр судралиб ўтасан! Шунинг учун беҳад қувониб юрибсанми?! Орзуларинг шуми сенинг!
Бахтиёр шундай изтиробли ўй-хаёллар исканжасида эзилиб ўрнидан турди. Куёвликдан қолган тўнига бурканиб ташқарига чиқди. Қуруқ совуқ беаёв забтига оларди. Аёз қисган осмонда юлдузлар дийдирабгина кўринарди.
Бахтиёр ёғоч зиналарни ғижирлатиб юқори кўтарила бошлади. Болохона! Мана унинг дунёси! Мана орзулари олами! Товуқ қўноғидек кичкинагина устахона! У пайсалланиб лампа-чироқни ёқди. Пастак, ҳар хил бўёқ ва қиринди иси қоришган ҳужра тилла тусда ёришиб кетди. Бу ерда мусаввирлик ашқол-дашқоллари тўзғиб ётибди. Ўртада мольберт. Чеккада чанг босган, уйнинг аввалги эгасидан қолган диван. Чала чизилган сурат. Ҳувв, чойхонада ҳаяжонлантирган манзара. Бахтиёр уни тугатишга улгурмаган, яна тирикчилик ташвишларига андармон бўлиб кетган.
Бахтиёр худди биров кўриб қолишидан қўрққандек теварагига тезгина аланглаб олди-да, бурчакда қийшайибгина турган, токчаларига китоблар, журнал-газеталар тахланган жавон ортига қўл чўзди.
У ҳамиша шундай қилади. Ҳориган, безиган, эзилган кезлари худди шундай болохонага чиқиб келади. Жавон ортига яшириб қўйилган, бўзга ўроғлиқ картинани ҳужра ўртасига оҳиста олиб, оҳиста очади. Кўнгли ёришиб, юз-кўзига табассум ёйилади.
Мана, унинг бебаҳо бойлиги! Юраги! Қувончи! Соғинчи! Нажоти! Орзу-умидлари! Унинг умри!
Бахтиёр бу картинасини талабаликнинг сўнгги йилида, бир ойча ижара уйидан чиқмай чизган эди. Гарчанд бу ишини ҳозирча ҳеч кимга кўрсатмаган, ҳеч кимга баҳолатмаган бўлса-да, фавқулодда ноёб бир санъат асари яратиб қўйганини ич-ичида ҳис этарди. Асарини ҳар гал кўрганида кўнглида ҳаётга ишонч ва умид қабарарди. Ҳорғинликда чарчоғи тарқаб, тушкунликда руҳи кўтарилиб, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиларди. Шунинг учун ҳам ғам-ғусса исканжасида қолган кезлари, елкасига тўнини ташлаб, худди кўк тоқига йўл олгандай, виқору салобат билан секин болохонага кўтарилар эди.
Унинг болохона томон юзланаётганини кўрган хотини ҳам ич-ичида қувонади. Чунки у тушкун, афтодаҳол эри юқоридан енгил тортиб, кўзлари илҳомдан чақнаб тушишини, худди сеҳрли гиёҳлар шарофатидан соғайган бемордай яшнашини жуда яхши билади.
Аммо ўша тун Матлуба эрининг туйқус болохонага чиқиб кетганини пайқаб ажабланди. Ахир ишга кириб, димоғи чоғ, вақти хуш бўлган эди-ку?! Нега яна ташвишланиб қолди?
Ўзи билан ўзи андармон Бахтиёр албатта, хотинининг безовталигини пайқамади. Ўша тун болохонада одатдагидан кўпроқ қолиб кетди.
Афсуски, қўшма корхонадаги фаолият ҳам узоққа чўзилмади. Эндигина синов муддати тугаб, оғзи ошга етган маҳали, арзимаган англашилмовчилик касофатига йўлиқиб ишдан ҳайдалди.
Фалокат баҳорнинг илк кунларида рўй берди. “8-март – Халқаро хотин-қизлар куни! Айём муборак аёллар!” деган битик тайёрлаб пештоққа илиб қўйиш маъмурият томонидан буюрилди. Бахтиёр туни билан ишлаб ҳаммасини рисоладагидек бажарди. Аммо… чарчоқ касриданми, ё одатдаги паришонликданми, ҳар нечук узундан-узоқ битикдаги сув-ҳаводай зарур яккаю ягона “з” ҳарфи тушиб қолибди! Бу касофат етишмовчиликни эртаси куни маъмурият пайқаб қолганда… анча кеч бўлган, корхона эшигидан кириб келган ҳар бир одам битикка кўз ташлаб улгурган эди. Дарҳол рассомнинг аризаси олинди.
Бахтиёр корхона дарвозасидан сўнгги бор мунғайибгина чиқаркан ўша тунги изтиробли ёзғиришлари лоп этиб эсига тушди: “Ношукурчилигим учун Худо мени жазолади-ёв…”
Жазонинг беаёвлари ҳали олдинда экан. Бахтиёр учун яна жонсарак кунлар бошланди. Қарзга ботди. Қариндошлар олдида сўнарди. Шу орада кимдир бирор бир таҳририятга иш топишни маслаҳат бердию, Бахтиёр ўшандай жойларга бош суқиб кўрди. Бош суқдию таҳририятларда рассомларга у қадар эҳтиёж йўқлигига тезгина амин бўлди.
“Илгарги замон бўлганда сизни бажону дил ишга олардим. Аммо-лекин… ҳозир ҳаммаёқ компьютерлашиб кетди. Менга компьютерларни зўр биладиган дизайнерлар керак…”
Бахтиёр бу ғаройиб анжомнинг сиру синоатидан бехабар эди. Лекин бир оз қунт билан ҳаракат қилса, тузуккина ўрганиб олишига ишонарди. Ҳатто шу ниятда компьютер марказлари теварагида тимирскиланиб кўрди. Ва билдики, бу ҳам анчагина вақт, харажат талаб қиладиган машғулот экан. Ҳафсаласи пир бўлди-қолди.
Эгни тушиб, этаги судралиб юрган шундай кунларнинг бирида кутилмаган учрашув рўй берди.
Ўшанда Бахтиёр эски қурувчилар бригадаси билан топишиб, уларнинг баъзи бир юмушларига қарашиб, икки-уч танга чой пули ишлаб, тинка-мадори қуриб уйига қайтиб келмоқда эди.
Ёз чилласи ҳовур пуркарди. Шаҳар ўт ёқилган тандирдай қизиб ётарди. Тирик жон ўзини соя-салқинга урган. Йўлларда қатнов сийрак.
“Бахтиярчик!”
Муюлишларнинг биридан эндигина қайрилган Бахтиёр ўз исмини эшитиб атрофига аланглади. Одатдаги паришонлиги касридан аввалига дабдурустдан ҳеч кимга кўзи тушмади, сўнг… пастқам дўкон биқинида бир бурдагина бўлиб ўтирган нусхани пайқаб, унга таажжубланиб тикилди.
“Что, меня не узнаёшь, – дея тағин гап қотди ўша нусха. – Я же Георгий, узнал. Ну-ка, подайди ко мне.”
Георгий! Наҳотки манави тасқара ўша рассом! Афт-ангори кир-чир, соч-соқоллари ўсиқ, устида чувринди кийим.
“Мени болалигимда бир мартагина кўрган, – ўйлади Бахтиёр бўшашиб юринаркан, – Э-ҳе-е, орадан қанча йиллар ўтиб кетди. Қизиқ, мени қандай таниди у?!
Георгий ялпайган жойидан жилмай унга тикилиб турарди. Бахтиёр одатдаги такаллуф юзасидан илжайди, қуюқ саломлашиш учун оғиз жуфтлади.
“Кажется, ты удивляешься, что я узнал тебя? – деб қолди дабдурустдан Георгий, – искра гениальности тебя на лбе блестит!
Бахтиёр русча гапиришга нўноқ бўлса-да, лекин тилни тузуккина тушунарди. Дайдининг эътирофи унга мойдай ёқди.
“Здраствуйте, Георгий ака,” – деди кўришиш учун қўл чўзиб. Лекин дайди алик олмади. Ҳатто Бахтиёрнинг узатган қўли ҳавода муаллақ қолди.
“Рисуешь?” – дея яна дабдурустдан сўради Георгий, унга синчков-саволчан тикилиб.
Бахтиёр каловланди. Нима деб жавоб беришини билмади.
“Оз-моз ҳаракат қиляпман,” дейишга оғиз жуфтлаб русча керакли сўзларни изладию, аммо… қаршисидаги бир жуфт кўзлардан сеҳрлангандай лол қотиб қолди. Улар ҳеч қачон аллақандай исқирт дайдиникига ўхшамас эди. Бу кўзлар мавжланаётган мовий денгиздек эди. Йўқ, бир жуфт гавҳар мисол товланиб, порлаб турарди. Ғуборсиз осмондай тип-тиниқ эди бу кўзлар! Ҳойнаҳой, ҳаётидан мамнун-масрур одамнинг кўзларигина ана шундай чарақлаб туради.
“Что умолк? – деди Георгий бир ғимирлаб қўяркан, – я спросил: рисуещь или нет?”
“Да…” – Бахтиёр аҳён-аҳён мўйқалам юргизиб турганини амал-тақал тушинтирган бўлди.
“Готовая картина есть у тебя?”
Бахтиёр яна саросималанди. Бир дона бор дейишдан уялди, қолаверса, уни бировларга кўрсатишни истамасди, қандайдир қизғанарди. Лекин шу тобда шундоққина пайдо бўлиб қолган етук мусаввирга ишини кўрсатиб, унинг фикрини билиш истаги ҳам кўнглида ғимирлаб қолди. Шунинг учун ҳам:
“Ҳа, бир дона бор,” – деди ғудраниб.
Георгийнинг кўзлари мовий-яшил рангларда товланиб кетди.
“Можно мне посмотреть, покажешь?”
Бахтиёр унинг исқирт уст-бошига киши билмас разм солиб чиқди. Бундай дайдинамо нусха билан шаҳар кўчаларида етаклашиб юришга ийманди. Бироқ барибир ўша қизиқиши қитиқлаб қўймади.
“Бўпти, юринг уйга борамиз,” – деди андак иккиланиб тургач.
Георгий бир қарашда бир пайтлар отаси олдига солиб берган кўтарам, қўтир қўйга ўхшаб кўринса-да, фавқулодда тетиклик билан дик этиб ўрнидан турди.
Хайрият, ўша куни хотини, болаларини олиб қишлоққа тўй-тўйлаб кетишган экан. Йўқса, эри эргаштириб келган мавжудотни кўриб эсидан айрилиши мумкин эди.
Георгийга Бахтиёрнинг харобгина ҳовлиси, айниқса, болохонаси ёқиб қолди.
“Самое подходящее место для творчество, для художника,” – деди теваракка аланглаб.
Бахтиёр унинг сўзларига деярли эътибор бермади. Ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётган маҳбусдек титрар, юраги гурс-гурс урар эди.
“Вот… – деди у аранг, лаблари ҳаяжондан қуруқшаб, жавон ортидан картинасини олиб, эски диванда ялпайиб ўтирган Георгийнинг қаршисига қўяркан.
Кекса мусаввир афтидан Бахтиёрнинг ҳол-аҳволини пайқади.
“Иди, пока погуляй где-нибудь минут десять, – деди ҳамдард бир оҳангда, – сам разверну и посмотрю.”
Бу таклиф ҳаяжон ва ҳадикнинг зўридан ичаклари бўшашиб безовта қилаётган Бахтиёрга айни муддао бўлди. Шу заҳотиёқ елка қисиб, юз-кўзларини кафти билан бекитиб пастга отилди. У бир пайтлар ўзига ардоқли бўлиб қолган улоқни қурбонлик учун шайлашган чоғ шундай аҳволга тушган ва шу ҳолатда дашт томон чопиб кетган эди.
Йўқ, орадан ўн эмас, ўн беш дақиқалар ўтди. Ҳожатдан чиқиб, ўзини анча босиб олган Бахтиёр бир-бир босиб яна болохонага кўтарилди. Георгий ўша картина қаршисида ёниб адо бўлаётган шамдек қийшайган кўйи қотиб ўтирарди. У ботинмайгина болохонага бош суққан Бахтиёрни пайқамади. Шу алфозда тағин икки-уч дақиқа турди, сўнг туйқус уйғонган каби илкис биқинига ўгирилди. Ўсиқ соқол-мўйлов орасида ғира-шира кўриниб турган оғзини ним очиб, Бахтиёрга умрида илк бора кўриб турган мўъжизага боққандек боқди. Сўнг оҳиста пичирлади:
“Ну-ка, дай лапу.”
Бахтиёр индамай ўнг қўлини узатди. Георгий уни оҳиста оғзига яқинлаштириб ғудранди:
“Надо целовать такие руки…”
Ёқимли муждадан мумдай эриган Бахтиёр Георгийнинг ўсиқ туклари қўлига игнадек санчилганини у қадар пайқамади.
Кекса мусаввир бир оз сурилиб ёнига ишора қилди. Бахтиёр эски диванни ғижирлатиб ўтирди. Георгийнинг андак намланган кўзлари янада тиниқ тортиб, шишадай йилтиллаб турарди.
“Прекрасная работа! Бесценная картина! Когда нарисовал это?”
“Давно…” – деди Бахтиёр минғирлаб.
Георгий ўнг биқинини ковлаштириб чувринди кийимларининг қай бир тешигидан ийғаланган сигарет қутисини олдида, андак титраётган бармоқлари билан уни очди. Қути ичида, афтидан, у-бу ердан териб олинган бўлса керак, уч-тўртта чала чекилган сигарет қолдиғи қалашиб турарди. Георгий улардан бирини шошилмай лабига қистириб тутатди.
“Но… я не могу тебе чего-нибуд посоветовать… лишь одно могу сказать: ты должен работать, ты должен творить.”
Бахтиёр русча керакли сўзларни тергилаб, тирикчилик қийнаб қўйганини, ўзини моддий жиҳатдан ўнглаб, сўнг буткул ижод билан шуғулланиш ниятида эканлигини, лекин ҳозирча ҳеч имконият бўлмаётганини айтишга чоғланиб эмранди.
Георгий бош чайқади. Афтидан, у Бахтиёр оғиз очмасданоқ нима демоқчи эканлигини англаган эди.
“Слушай… – деди у ўйчан тебраниб, – красота, искусство требует жертв… Художник всегда должен быть готовым этому… Так суждено Богом. Настоящий, гениальный художник не должен искать, ждать благ от жизни. Его талант, его свойство есть благо, есть дар Бога.”
“Бундай марҳаматнинг менга нима нафи бор, – деб юборди Бахтиёр хўрлиги келиб, – шахсан ўзим учун ҳеч қандай талабим йўқ, лекин бола-чақамни боқишим керак.”
Георгий унга хаёлчан термилиб қолди. Унинг ҳалигина чақнаб турган кўзлари алланечук хира тортган эди. Бир оздан сўнг оғир хўрсиниб ўрнидан турди.
“Ладно… по-моему, ты ешё не осознал смысл искусства, творения. Да, кстати, – кекса мусаввир Бахтиёр шоша-пиша матога ўраётган картинага ишора қилди, – не смей это продать или кому-либо подарить, ведь эта твоя жизнь.”
Георгий кетди. Бахтиёр унга нариги муюлишгача кузатиб қўйган бўлди.
Шаҳар ҳали-ҳануз ҳароратдан ҳансираб ётарди. Катта йўл бўйлаб елиб ўтаётган автолар, ғира-шира ҳовур ортида худди эриб бораётгандай туюлади. Қай бир ҳовли олдига кўлоблатиб сепилган сувдан намиққан тупроқ иси димоқларга урилади.
Бахтиёр уйига кўнгли хижил бўлиб қайтди. Шундай мусаввирни меҳмон қилолмадим, аҳволини кўра-била туриб, ҳеч қурса, қўлига уч-тўрт танга тутқазолмадим деган ўй уни қийнарди. Кейин англадики, буткул бошқа нарса уни исканжага олиб эзғилаётган экан: Георгийнинг туйқус сўнарган кўзлари, хўрсиниқлари!
Бахтиёр бўшашиб ҳовлисига кираркан, қария ишора қилган ўша хатоларини англаб олишга уринар, лекин тузукроқ хулосага келолмай тажанглашар эди.
“Аслида Георгийни уйга бошлаб келмаслигим керак эди,” – деб ўйлади даҳлиздаги кўрпача устига беҳол чўзилиб у.
Ҳа, ҳа, йўл қўйилган энг катта хато шу! Фикр олмоқчи бўлдилар, тўғрироғи, эътирофини эшитмоқчи бўлдилар. Ана, асарини мақтади, кўкларга кўтарди. Нега энди қувончдан ирғишламаяпти, осмону фалакка парвоз қилмаяпти? Дарвоқе, асари Георгийга ёқмаганда-чи, дейлик, рассом уни ерга уриб танқид қилганда-чи? Хўш, ўшанда қандай чора кўрарди? Суратни оловга ташлармиди? Ё бурдалаб улоқтирармиди?!
“Йўқ, асло! – Бахтиёр беихтиёр ғудранганича қад ростлади, юраги гурс-гурс урарди, – ахир у менинг ҳаётим, борлиғим! Георгий ҳам шундай деди. Шу гапнинг ўзи асарига энг аъло баҳо.”
Бахтиёр яна кўрпачага чўзилди. Хом ғиштдан қурилган, пасттакина даҳлиз анча салқин эди. У бир оз мизғиш илинжида ғужанак тортди. Чиндан ҳам кўзи илинган экан. Қанча ухлаганини билмайди, бир пайт енгил ғала-ғовурдан уйғониб кетди. Қараса, болалари теварагида ўтириб, унинг ухлашини томоша қилишяпти. Ўғилчаси қиқир-қиқир куляпти. Катта қизи уни жим бўлишга ундаяпти.
“Дадажон, биз келди-и-ик!” – дея қийқирганича кичик қизи унинг бағрига отилди. Қолганлари ҳам шўх-шодон унинг бўйнига осилишди.
Болалар! Унинг болалари! Қанчалар нодон, қанчалар олчоқ у! Боягина аллақандай дайдига шу жажжиларни боқаётганини айтиб ҳасрат қилди-я?! Шу дардисарлар бўлмаса, зўр рассом бўлиб кетардим, деб ўкинди-я?! Миннат қилди-я?! Қанчалар ёвуз, қанчалар худбин у?!
Бахтиёрнинг кўзларига беихтиёр ёш қалқди. Ҳўнграб юбормаслик учун қизчасининг патила-патила сочларига юз босди.
Ўша тун касаллик яна хуруж қилди. Саҳарга яқин уни “Тез ёрдам” олиб кетди. Хотини оёғи куйган товуқдай у ён-бу ёнга чопди. Ёрдам сўради. Ўша эски бригадаси оқибат кўрсатди. Бахтиёрни ёлғиз ташлаб қўйишмади. Рўзғорига ҳам ғамхўрлик қилишди.
Бахтиёр бу гал анча узоқ даволанди. Муолажалар тугагач, олиб кетиш учун хотини келди. У анча тушкун ва безовта эди. Бахтиёр ажабланиб уни саволга тутди. Матлуба ҳиқ-ҳиқ йиғлашга тушди. У палатага киришдан аввал врачга учрашган эди.
“Эрингизни эҳтиёт қилинг, агар касали яна хуруж қилгудек бўлса… ҳаётига кафолат йўқ,” – деди даволовчи врач минг бир чайналиб…
Шу нарса уни қаттиқ қайғуга солганди. Аммо Матлуба эшитганларини эрига айтмади. “Шунчаки, сизсиз қийналганимиздан йиғлаяпман,” деб минғирлаб қўйди.
Бахтиёр яна ўша бригадага бориб қўшилди. Қўшиларкан бир пайтлар уларни ўзига бегона санаб ўкиниблар юрганидан уялди. “Шулар кунингга яради-ку, шуларгина сенга, оилангга парвона бўлди-ку?!” – деган ички хитоб билан тез-тез ўзини тергаб, танбеҳ-дошномларга кўмиб ташларди. Аммо бу ҳол иштаҳа тортмаган таомни соғлиққа фойдали деб егандай бир гап эди. Бахтиёр бўйнига бўйинтуруқ солинган қирчанғидай аранг судралиб ишга борар, қурувчиларнинг саёз-сийқа гурунгларидан дарров зерикар, бир ёқларга бош олиб қочиб кетгиси келар эди. Аммо… начора. Осмон узоқ, ер қаттиқ. “Йўқ, бунинг ҳаммаси вақтинча, – деб гоҳо ўз-ўзини овутарди у, маҳмадона сувоқчига ёрдамлашиб юраркан, – тез орада кетаман бу ердан! Ўзимга муносиб иш топаману, кетаман.”
Ҳа, ҳа, тез орада бу ерлардан кетиши тайин бўлиб қолди. Лекин… бригада билан. Афтидан, қисматида қурувчилик қайд этилганга ўхшайди.
“Келгуси йил май ойларида Россияга жўнаймиз, – деб қолди бир кун бригадир, – хоҳласангиз биз билан юринг. Сиз боп юмуш ҳам топилиб қолар. Фақат хаёлпарастликни ташласангиз бўлди.”
Бахтиёр манглайида қотиб қолган қоришма юқини ўйчан ишқаларкан, бош ирғаб розичилик билдирди. Ҳатто бу сафардан қанча даромад қилишини чамалаб анча ҳовлиқиб қолди. Аммо олдида турган олис сафарнинг ҳам нағмалари кўп эди. Аввало йўл кира учун пул топиш керак. Рўзғорга ҳам икки-уч ойга етгулик маблағ ташлаб кетиш зарур.
Бригадир лутф этган пайтлар ҳали баҳоргача узоқ эди. Бахтиёр мўъжиза рўй беришини, кўзлаган маблағи топилиб қолишини кутди. Аммо мўъжиза рўй бермади. Лоп этиб баҳор ҳам келиб қўйди. Бутун борлиқ яшилликка бурканаётган бир пайтда Бахтиёр гоҳ унинг, гоҳ бунинг эшигида сарғая бошлади.
Мана, бугун қадрдон, ҳамсабоқ дўсти Ўктамни кўзлаб келган эди. Бундан ҳам қарз ундира олмади. Дўсти йиғлаб келганнинг олдига ҳўнграб чиқди.
Бахтиёр шундай эзгин ва оғир хаёллар оғушида кўча бўйида, қари тут дарахтининг қуриган, буришган танасига суянган кўйи анча туриб қолганини пайқади. Илкис уйқудан уйғонган одамдай кўзларини катта-катта очиб теваракка аланглади.
Баҳор қуёши шитоб билан уфқ сари оғиб борарди. Осмоннинг у ер-бу ерида ярага босилган пахтадай паға-паға булутлар сузиб юрибди. Кўча-кўйда қатнов авж. Автолар чинқириб ўтиб-қайтарди.
Бахтиёр нариги тарафдаги бекат томон ўтишга шайланди. Шу пайт орқа тарафда, ҳозиргина у чиқиб келган дарвоза дарчаси ғийқиллаб очилди.
– Эй, Бахти, шошма!
Бу Ўктамнинг овози эди. Бахтиёр ялт этиб унга қаради. Кўзларида умид учқунланди.
“Барибир дўстим-да, – хаёлидан кечди унинг, – қуруқ қайтаришга кўзи қиймади-ёв…”
Ўктам лапанглаган кўйи етиб келди.
– Хайрият, ҳали узоқлашиб кетмапсан…
– Шошилаётган жойим ҳам йўқ.
Ўктам оппоқ, семиз бармоқларини мушт қилиб даҳанига бир-икки текизди. Одатда у гўёки муҳим бирор гап айтмоқчи бўлса шундай қиларди. Бахтиёр буни ўша талабалик даврлариданоқ яхши билади, сергакланиб дўстининг оғзини пойлади.
– Биласанми… – деди Ўктам алланечук ийманган оҳангда, – сен чиқиб кетган пайтингда Тошкентдан яқин жўрам қўнғироқ қилиб қолди. Ўта ишончли бизнес ҳамкорларимиздан. Гап айланиб бугунги янги бойлар ҳаётига бориб тақалди. Дўстим айтдики, бугун элита ўртасида санъат асарларини йиғиш анъанага айланибди. Қўлда тўқилган гиламлар, тақинчоқлар дегандай. Айниқса рассомларнинг картиналарига қизиқиш катта эмиш. Ҳатто, энг ноёб, энг ҳалиги… нимайди… хуллас, энг зўр суратларни ким кўпроқ йиғиш бўйича мусобақа бор эмиш…
Ўктам муштини яна даҳанига тегизиб енгил томоқ қириб қўйди. Дўстига синовчан-саволчан тикилди.
– Шу гапни айтиш учун ортимдан югуриб чиқдингми? – деди Бахтиёр ҳафсаласи пир бўлиб.
– Ўйловдимки, бу хабар сени қизиқтиради деб… ахир, бир пайтлар чизардинг, балки ҳозир ҳам чизиб юргандирсан.
– Хўш, шунга нима?
– Нима эмиш… Тайёр асарларинг бўлса сотамиз.
Бахтиёрнинг ногоҳ кўз ўнгида ўша картинаси жонланди. Баданидан нимадир ўрмалаб ўтгандай бўлди.
– Йў-ў… сотмайман, – деб юборди у беихтиёр. Аммо товуши шу қадар заиф ва ишончсиз чиқдики, ундан ўзи ҳам қўрқиб кетди. Одатда чарчаган, эзилган ва безиган кишининг овози шундай чиқади.
– Наҳотки менга ишонмасанг, – деди Ўктам дўстининг қаршилигини ўзича тушуниб, – нарсангни сотсанг, бир тийинига ҳам кўз олайтирмай қўлингга тутқазаман. Сен мени тўғри тушунгин, мен… просто сенга ёрдам бергим келяпти.
– Йў-ў… сотмайман.
Бахтиёрнинг бу гал ҳам саси аввалгисидан баттар ожизона эшитилди. У худди нажот сўрагандай орқага тисарилиб яна ўша букчайиб-буришган тутнинг туя ўркачидай туртиб чиққан танасига суяниб олди.
Дўстининг типирчилаб тиришишлари Ўктамнинг тағин ҳам қизиқишини орттирди.
“Бу хумпарда бир гап бор-ов,” – деб ўйлади у тажрибали савдогарларга хос сезгирлик билан Бахтиёрни зимдан кузатаркан.
– Бахти, намунча қайсарлик қилмасанг… Нечта тайёр картинанг бор ўзи?
– Битта…
– Биттами?! Атиги-я? – Ўктам пихиллаб кулганича тиззаларига шапатилади. – Шунга шунча таранг қиляпсанми? Мен ўйлабманки…
– Уни жонимдан ортиқ кўраман, сотолмайман.
– Бахти, бундай ўрлик қилма. Ақлингни ишлат, қуруқ ҳавога қилич сермамагин. Сени тўғри тушунаман… Ҳар ҳолда ўз вақтида имконинг етмай яхши ижод қилолмаган бўлишинг мумкин. Балки ҳозир бошингда чинакам бахт қуши айланаётгандир. Шу картинани сотсанг, балки ишларинг юришиб кетар. Тўсатдан машҳур, бой бўлиб кетишинг мумкин, билдингми? Юртнинг энг зўр бойларидан, балки корхоналардан сенга кетма-кет заказлар оқиб келар. Ана ўшанда бемалол ижод қиладиган бўласан. Ана ўшанда ҳамма қадр-қимматингга етадиган бўлади…
Ўктам туйқус жим қолди. Чунки у билиб-билмай ўз бизнес лойиҳасини, дўстининг истеъдодидан фойдаланиш режасини ҳам айтиб юборган эди. У лабини қимтиган кўйи изтиробли ўйлар исканжасида забун бўлиб турган Бахтиёрга синовчан кўз ташлади.
“…Пайқадимикан? Йў-ўқ, у бундай тадбиркорликни тушунмайди. Лекин… уни бир амаллаб кўндиришим керак.”
– Хўш, Бахти, нима дейсан? Гапирсанг-чи, – деди Ўктам гўё ҳорғин тин олиб.
Дўстининг қизишиб тушунтиришлари Бахтиёрга ўткир малҳамдек таъсир этмоқда эди. Унинг хаёллари алғов-далғов бўлиб кетди.
“Ўктамнинг гапларида жон борга ўхшайди. Чин-да, дунёда машҳур, бой рассомлар кўп-ку! Уларнинг асарларини бадавлат кишилар сотиб олишгани учун ҳам шундай бўлган-да! Эсам, пулни ҳаводан олишганми? Мен… мен нега асаримни сотмаслигим керак? Агар у чинакам санъат асари бўлса, одамлар баҳраманд бўлсин, завқлансин, истеъдодимга қойил қолишсин! Уни уйда сақлаб ўтирганимдан нима наф?”
Дўстини зимдан кузатиб, унинг тафт теккан муздай эриб бораётганини пайқаган Ўктам тағин аврашга зўр берди.
– Кимки уйидаги бирор жиҳозни муқаддас санаб, унга сиғиниб юрса, ўша жиҳоз уйнинг ризқ-насибасига тўғаноқ бўларкан. Бир дуохон мулла менга шундай деган…
Бахтиёр ялт этиб дўстига ўгирилди. Қоқ кўксига ўқ санчилган жонивордай кўзлари безрайиб, ранг-рўйи бўздек оқарди.
– Шундаймикан…
– Э, ўша мулла ҳеч қачон алдамайди, шунинг учун мижозлари кўп, ҳар тарафдан оқиб келишади.
Бахтиёр Ўктамнинг гапларини деярли эшитмади. Ич-ичидан қўзғалган бир товуш “Худди шундай, ана, ҳаётингда кўриб турибсан-ку,” дея бутун онг-шуурида акс-садо берарди.
– Энди буёғи ўзингга ҳавола, – деди Ўктам дўстининг муқаррар таслим бўлишини пайқаб ўзини кетаётганга соларкан. – Сотсанг сот, истасанг қучоқлаб ёт… Мен шунчаки сенга ёрдам бермоқчи эдим.
Бахтиёр у томон илкис интилди.
– Тўхта!.. Дўстинг билан шу ҳақда гаплашганинг чинми?
– Сени алдаб менга зарилми?
– Нархлари… қандай экан?
– Қўрқма, сени ҳеч ким чув туширолмайди, ўртада ўзим турибман. Яхшигина нархга сотамиз. Насиб бўлса кейингиларини бундан ҳам қимматга пуллаймиз.
– Менга пул жуда зарил-да, эсам… – деб минғирлади Бахтиёр.
– Агар чиндан ҳам сотишга кўнган бўлсанг… майли, мен сенга заклат бераман.
Бахтиёрнинг чеҳраси ёришди.
– Раҳмат… келишдик.
– Гап бундай, Бахти, – Ўктам дўстининг елкасига қўл ташлади, – мен эртага Тошкентга кетаман, жуда муҳим ишларим бор. Сенинг ўша нарсангни ҳам олиб бораман. Менга бир ҳафта муҳлат берасан…
– Бир ҳафта?!
– Ҳа, нима деб ўйлагандинг, бойваччалар қачон Бахтиёрнинг асарини опкелишаркан деб кутиб ўтиришмагандир. Бориб унга-бунга кўрсатиш керак, муносиб мижоз топишим керак.
– Хўп…
– Бўпти, мен ҳозир машинамни олиб чиқаман, ғирра сеникига ўтамиз, қани, қўлни ташла.
Бахтиёр бўшашганча қўл чўзди.
II
Бу қизни ҳусндан ҳам исмдан ҳам қисган эди. Семиз, бесўнақай гавдасини гоҳ у ён, гоҳ бу ёнга ташлаб она айиқдай лапанглаб юрар, гўё дўрдоқ лабларини, ойтабоқ юзини, гўштдор бурнини биров кўриб қолиб қўрқишидан қўрққандек бошига офтобдан сарғайган оқ рўмолини маҳкам ўраб олар эди. Аслида унинг чаққонгина, саранжом-сариштали қиз эканини биров билиб, биров билмасди. Теваракдаги қиз-жувонлар унинг ғашига тегиш учун атай исмини баланд овозда тилга олишарди: “Ражаб!” Баъзилар азбаройи қизни хафа қилмаслик учун қўшимчага зўр берарди: “Ражабой… Ражабгул.” Лекин бу ҳам қулоққа “Ражаббой, Ражабқул” дегандай эшитилар, полвон қиз хижолатдан баттар бесўнақайлашар эди. Айтишларича, шундай ноқулайликлар касридан қиз мактабда ҳам ёлчитиб ўқимаган экан. Болалардан тортиб катталаргача уни мазах-масхара қилишаверганидан еттинчи синфни битириб-битирмай мактабдан оёғини узибди. Ҳатто бир-икки бор ўз жонига қасд қилишга уринган ҳам эмиш.
Бахтиёр ана шу қизни севиб қолди. Ўшанда у бошни тап-тақир қиртишлатиб ҳарбий хизматга чоғланиб юрган эди. Бир куни дайдиб кетган ола сигирини топиб келиш илинжида қишлоқ биқинидаги пахта пайкалига оралади. Бу пайтлар йиғим-терим авжи анча пасайган, пайкалларнинг у-бу еридагина қиз-жувонлар кўсак чувиб, тўкилган толаларни териб юришар эди. “Эй, рассом, бизнинг расмимизни чизиб бе-ер!” – дея чинқириб қўл силкитарди уни кўриб таниб қолганлари.
Бахтиёр ҳам хушҳоллик билан бош ирғаб қўярди.
Ўша куни у хаёлларга ғарқ бўлиб, мол излашни ҳам унутиб пайкалда хўб тентиди. Теваракдаги манзаралар, ранглар унинг юрагини ўртаб, илҳом завқини соларди. Тик турган кўйи ҳамма-ҳаммасини қоғозларда тасвирлагиси келарди.
Бир пайт у тахтадай қотиб қолди. Аттиги уч-тўрт қадам нарида, баланд ўсган ғўзалар орасида бир хилқат узун, қоп-қора сочларига кўмилиб, аллақандай ашулани хиргойи қилган кўйи кўсак чувиб ўтирарди. Ногоҳ шарпани илғаб у илкис бош кўтарди. Чеҳрасини тўсиб турган паришон сочлари икки ёнга силтаниб кетди.
Оқ рўмол остида кун кўрмаган юзлар кўпчиган хамирдай оппоқ эди. Бир жуфт қаҳрабодек кўзлар ҳуркаклик билан боқар, қалин, дўрдоқ лаблар ним очилиб титранар, гўё нелардир демоққа чоғланар эди.
Бахтиёр худди жодулангандай анча пайт қотиб қолди. Қизнинг йирик-йирик кўзларидан кўз узолмасди. Аъзои-бадани жимирлаб, юраги гурс-гурс ура кетди. Қиз ҳам шу алфозда бир муддат тек қотдию сўнг, “Вой” деганича ўрнидан ирғиб турди, каловланиб ердан рўмолини олиб бошига илди.
Шундагина бахтиёр қаршисидаги Ражаб эканини билди. Тўғрироғи, бўйи-бастидан тусмоллади. Чунки у илгари қўшни қишлоқлик бу қиз ҳақида кўп эшитган бўлса-да, ҳеч ўзини бу қадар яқиндан кўрмаган эди.
“Кечирасиз, сизни безовта қилдим – деди йигит алланечук ҳислардан томоқлари қуруқшаб, – шу атрофдан сигиримни излаб юргандим.”
Ражаб кўсак қобиқлари сочилиб ётган жўяк томон тисарилди, қат-қат, кенг кийимларининг у ёқ-бу ёғини орасталаган бўлди.
“Сиз ҳам шу бригадада ишлайсизми?” – деб яна гап қотди Бахтиёр.
“Йў-ўқ, биз олтинчиданмиз. Бир ҳафтага ҳашарга келдик,” – деди Ражаб. Шундай бўйи-бастига қарамай, унинг овози чиннидай жарангдор, момиқдай майин эди.
“Нўрма жуда каттами?”
“Йў-ўқ, кунига ўн килоча чувима топширсак бўлди.”
Бахтиёрнинг кетгиси йўқ эди. Гапни гапга улаб тураверишни истарди. Шу сабаб жўялироқ гап излаб пича ғимирлаб қолди. Шу пайт қизнинг ўзи жонга оро кирди.
“Армияга кетяпсизми?” – деб сўради у қия кўз ташлаб.
“Ҳа, – деди Бахтиёр тақир бошидаги бир парча кепкани пийпалаб. – Ўқишга киролмадик, энди армиясини ҳам бир кўриб келайлик-чи.”
“Ўқишга киролмай ўкингандирсиз-а?”
“Унчаликмас… шу институтга ўзи кўп ҳам ҳушим тортмади.”
“Нега бирдан ёққанига бормадингиз, масалан, рассомчиликка…”
Ражабнинг ўзи ҳақида билишини пайқаб Бахтиёр негадир севинди. Лекин амакиси зўрлаб шу институтга олиб борганини айтгиси келмади. Негадир қиз олдида шумшук, биров етаклаган томон кетаверадиган лақма бўлиб кўринишни истамади.
“Бу йил шунчаки машқ қилиб кўрдим-да,” – деб қўйди чайналиб.
Ражаб тез-тез теваракка аланглаб қўярди. Афтидан, у йигит киши билан турганини биров кўриб қолишидан чўчирди.
“Сигирингиз бу атрофда кўринмаяпти?”
Қизнинг ожизона айтган бу гапи, “Энди бу ердан кетинг,” дегандай туюлди Бахтиёрга. Лекин унинг ҳануз кетгиси йўқ эди. Ажиб, ҳузурбахш ҳислар оғушида мастона турарди.
“Сигир ҳам уйга етиб олгандир, – деди Бахтиёр қишлоқ томон эринибгина кўз ташлаб, сўнг жўяк ичига тўкиб қўйилган кўсак уюмига ишора қилди. – Келинг, сизга чувишга ёрдам бераман, шунақасигаям кўп гапириб сизни ишдан қолдирдим.”
Ражаб елка учириб, саросимали жилмаяркан, яна теварракка тезгина аланглаб қўйди.
Кўсак уюми ёнига ўтирдилар. Ражабнинг тўзғин сочлари амал-тақал ўралган рўмол қирраларидан кўпириб-тошиб енгил эпкинда ўйноқлаб турарди. Бахтиёрнинг тобора қони қизиб, юраги ҳапқириб борар, кўсак тутган қўллари бир оз титрар эди.
“Бошқалардан ажралиб қолибсиз,” – деди у қизга саволчан кўз ташлаб. Ва сўровидан пушаймон бўлди.
Ражабнинг туйқус ранг-рўйи тундлашиб бир оз жим турди, сўнг ўз-ўзига гапиргандек пичирлаб қўйди:
“Кўпчилик ичида юрагим сиқилади.”
Бахтиёр ўнғайсизликдан чиқиш илинжида қизга ёқадиган гап топишга уринди.
“Хаёл суришни яхши кўрасизми дейман менга ўхшаб?.”
“Қандай билдингиз?”
“Юзларингиз жуда тиниқ экан, хаёлкаш қизларнинг юзлари шундай нурланади.”
Ражаб эътироз билдиришга уриндию, аммо эплай олмади. Мақтовдан масрурланиб беихтиёр жилмайди. Бўртиқ ёноқларига андак қизиллик инди.
“Қўйинг-е… рассомсиз, шунинг учун чиройли гапирасиз.”
Мақтовдан мойдек эриш гали энди Бахтиёрга келди.
“Рассомлигимни қаердан биласиз?” – деди у оғзининг таноби қочиб.
“Жуда машҳурсиз. Қишлоғимиздаги мактабда ҳам сизни ўрнак қилиб кўп гапиришарди.”
Шу асно ғўзалар шитирлаб кетди. Ҳар иккиси ҳам бош кўтариб шарпа саси келган ёққа юзланишди. Не кўз билан кўрсинларки, шундоққина рўпарада йўқолган ола сигир кавшанган кўйи уларга термулиб турарди.
Улар бир-бирига ялт этиб қараб баб-баравар кулиб юборишди. Қаҳқаҳанинг зўридан Ражабнинг рўмоли сидирилиб тушиб сочлари тағин тўзиб кетди. Жарангдор, тиниқ товуши илиқ куз офтоби нурларига қоришиб кенг пайкалларга сингиб кетгандай бўлди. Кулги баробарида ич-ичидаги гўзаллик, латофат сиртга силқиб чиқдию, ялпоқ юз, дўрдоқ лаб, йирик бурун бир зум жилваланиб кетди.
Бахтиёр қизга лол қараб турарди.
Ўша куни у ола сигирини олдига солиб, пайкалдан маст одамдай довдираб қайтди. Юраги ҳали ҳеч қачон ҳис этмаган аллақандай сурурдан мавжланар, бутун вужудида ёқимли бир титроқ кезинар эди. Ўша кеч камгап-камсуқум Бахтиёр уйида ҳам, дўст-ёронлар даврасида ҳам кўп гапириб, кўп кулди. Ҳамма ҳайрон. Ҳатто отаси киши билмас оғзини ҳидлаб кўрди. Йўқ, майхўрлик қилмаган.
Ўша кеч Бахтиёр ҳузурланиб тўшагига чўзиларкан, Ражабнинг кўзлари таъқиб қилиб турганини пайқади. Ногоҳ юрагига ғусса қалқди. Уйқуси қочди. Қаҳ-қаҳ уриб кулаётган қизнинг кўзлари бот-бот хаёлида жонланди. Ражабнинг кўзлари кулмас эди! Ҳа, кулмас эди, улар ғамгин ва ўйчан боқиб турарди. Қиз ёнида лол қотиб тураркан, Бахтиёр буни аниқ кўрди, мусаввирлик сезгиси билан теран сезди! Худди шу маъюс нигоҳлар уни буткул жодулаб олган эди.
“Кўзларингни севаман, Ражаб,” – дея пичирлади йигит, қоп-қора тун қараб турган деразага тикилиб.
Ўша пайтлар аскарликка чақирилган ёш-яланглар арзанда тўпга айланар, эртаю кеч ўйин-кулги қилиб, кўча-кўйда маст-аласт изғиб юришар эди. Бахтиёр ҳар хил баҳоналар билан улардан тайсаллай бошлади. Ҳар хил баҳоналар билан пайкал томон ошиқар бўлди. У Ражаб билан деярли ҳар куни учрашарди. Ҳар учрашганда қиз қалбининг нозик қирраларини кашф қилиб, олам-олам завқ-шавққа тўларди.
Ражаб еттинчи синфдан бу ёғига мактаб бетини кўрмаган бўлса ҳам, анча ўқимишли қиз экан. У тилга олган китобларнинг кўпини Бахтиёр, ҳатто, номини ҳам эшитмаган бўлиб чиқарди. Гоҳо, қиз шундай файласуфона-шоирона гаплар айтардики, Бахтиёр уларнинг мазмунини чақолмай хижолатланар эди.
“Қўяверинг, менинг ёшимга етганда билиб оласиз, – деб куларди Ражаб, унинг каловланишларини пайқаб. – Ахир сиздан икки ёш каттаман-а…”
Шундай шавқли учрашувларнинг биридан қайтиб келаётган маҳал пайкал бошида Шойимга йўлиқиб қолди.
Шойим улардан уч йил аввал мактабни амал-тақал битирганлардан эди. Тошкентда ўқияпман деб ҳаммани лақиллатиб, ҳарбий комиссариатни ҳам чалғитиб юрган экан. Охир-оқибат сири фош бўлди. Бахтиёрлар қатори хизматга чақириқ қоғози олди.
“Бизни иснодга қўйдинг, уканг тенггилар билан армияга кетяпсан,” – деб катта акаси боплаб савалаган эмиш. Лекин Шойим сиртига сув юқтирмай, кўча-кўйда керилиб, ҳуда-беҳуда лақиллаб юрар эди.
“Қаердан келаяпсан, – деб сўради у тарғил кўзларини маккорона қисиб, пайкал четида учраб қолган ўша пайт, – Ражабнинг олдида бўлдингми?”
“Ҳа, бир оз кўсак чувишдим,” – деди Бахтиёр истар-истамас.
Шойим уятсизларча тиржайди.
“…кўрдингми, зўр нарса эканми?”
“Оғзингизга қараб гапиринг, ака… – Бахтиёр бўғзига тиқилган ғазаб ва аламдан бир зум гап тополмай энтикиб қолди, сўнг секин қўшиб қўйди, – у сиз ўйлаган қизлардан эмас.”
“Қўйсанг-чи, Ражабнинг олди очиқ, мен биламан, уни Болта мудир бузиб қўйган.”
Бахтиёрнинг қўллари мушт бўлиб тугулди. Шойимнинг қизил донача тошган башарасини мўлжаллаб уришга шайланди, лекин ботина олмади.
“Менга бунақа гапларни гапирманг,” – деди аламдан йиғлагудек бўлиб нари кетаркан.
Бироқ Ражаб ҳақидаги сассиқ сафсата шу билан тугамади. Эртаси куни кетарманлар сафдошларидан бирининг уйига йиғилишган кеч дастурхон теварагидаги гурунг яна ўша қизга бориб тақалди.
“Бекорга у чекка-овлоқ ерда кўсак териб юрмайди,–дея ҳиринглади Шойим, уй тўрида ёнбошлаб ётаркан, – талабгорларни овлайди, мазахўрак… шунинг учун семириб кетяпти.
Унинг ғийбатларини кимлардир қийқириб қувватлаган бўлди. Чой сузаётган Бахтиёр кўз остидан сафсатабоз томон бир ўқрайиб қўйдию, уйдан чиқиб кетишга шайланди.
“Манави сафдошимиз ҳам… – Шойим жонсарак Бахтиёрга ишора қилди, – таъмини татиб кўрган.”
Даврада кулги-қийқириқ авжланди. Бахтиёрнинг қизариб-бўзариб,”Бекор гап” дея пўнғиллаши ғала-ғовур ичида деярли эшитилмади.
Ширакайф кетарманлардан бири шу орада овозини баралла қўйди.
“Жуда тўғри қилган. Ахир бу рассом. Рассом одам шундай-шундай кўриб турмаса, яланғоч аёлни қандай чизади?!”
Гурр этиб кўтарилган кулгидан меҳмонхона вассажуфтларигача зириллаб кетди.
Бахтиёрдан “ғинг” деган садо чиқмади. Аввалига бир-икки норизо типирчилаб қўйган бўлса-да, кейинчалик кулгиларга илжайган кўйи қўшилиб ўтирди. Ражабни ошкора ҳимоя қилишга ботина олмади. Балчиқдай бижғиб турган мана бу гап-сўзлар эрта-индин чин чиқиб, эл-улус олдида шарманда бўлишидан қўрқди.
“Булар бекорга бундай дадил гапирмайди-ку, – деб ўйлади у ўша кеч ғашланиб уйига қайтаркан, – ростдан ҳам Ражабнинг бир балоси борга ўхшайди.”
Ўша тун Бахтиёр тўлғаниб чиқди. Хаёлида қарама-қарши ўйлар чарх урар, кўнгли алғов-далғов эди. Қизни ҳар эслаганида вужудида ёқимли ҳислар жунбишга келарди. Охир-оқибат кўнглининг туб-тубида ғимирлаб, пайт пойлаб юрган асл ният отилиб юзага чиқди.
“Шу пайтгача бирор қизни ўпиб ҳам кўрганим йўғ-а, – деб ўйлади у ёстиқни тўшига тортиб, – агар анави гаплар чин бўлса…уни мен ҳам…”
Аммо Бахтиёр ўз хаёлидан ўзи уялиб кўрпага бурканиб олди.
Эртаси куни тағин Ражабга рўбарў бўлган пайт, қизнинг маъюс-маҳзун қароғларига кўзи тушдию, тун бўйи тўлғаб чиққан фитнакор ўйларидан баттар уялиб, ўз-ўзидан нафратланиб кетди. Аммо бу кўпга чўзилмади. Суҳбат қизиган сайин йигит қони ҳам қизиб, қизнинг гоҳ бўлиқ кўкракларидан, гоҳ тиниқ, лўппи юзларидан кўз узолмай, гапидан адашиб, дудуқланиб қолар эди.
“Тошкентга тоғамникига борганимизда музейга кирганмиз, – деб эслаб қолди Ражаб ийманиб, – яланғоч хотинларнинг портретини кўриб роса уялганмиз, қаёққа қочаримизни билмай қолганмиз.”
“Уларни рассомлар аслига қараб чизишган, – деб билағонлик қилди Бахтиёр, – санъатда шунақа усул бор…”
“Ўлсин-е, бунақа усули…”
Бир пайт улар чувиётган кўсак соб бўлиб қолди. Ражаб яна териб келиш учун ўрнидан турди. Бироқ увушиб қолган бўғинлари оғирликни кўтара олмай ногоҳ ортга қалқиб, жўяк ичига гурсиллаб йиқилди.
“Ия, эҳтиёт бўлинг!” – деб ирғиб ўрнидан турди Бахтиёр кўмакка ошиқиб. Лекин ҳовлиққанидан ғўзапояга қоқилиб… узун этакларига ўралашган кўйи ўрнидан туришга уринаётган қиз қучоғига қулади. Шусиз ҳам бутун гурунг давомида бутун вужуди таранг тортиб, эҳтироси жўшиб турган навқирон жон ортиқ чидаёлмай, бўртиқ ёноқлардан ўпиб олди! Ва яна лаблар сари талпинди. Аммо Ражаб бир силтаниб Бахтиёрни осонгина устидан сидириб ташлади.
“Ҳаддингиздан ошманг,” – деди қиз қизариб-бўзариб. Сўнг гандираклаган кўйи ўрнидан туриб, уст-бошларини орасталади.
Бахтиёр нима қиларини, нима деярини билмай қолди. Унинг кўзлари ҳирсдан ёниб яна Ражабга ташлангиси келарди. Аммо журъат этолмади.
“Сизнинг суратингизни чизмоқчи эдим,” – деб ғудранди аранг.
Ражаб ялт этиб унга юзланди.
“Ниманинг эвазига? – Сўнг ғамгин пичирлаган кўйи қўшиб қўйди. – Менинг суратимни чизиш сизнинг қўлингиздан келмайди.”
Қиз чувима солинган этакни елкасига ташлаб нари кетди.
Бахтиёр тағин уч-тўрт кун Ражабнинг кўзига кўринишга уялиб юрди. Лекин кечаю кундуз у ҳақда ўйлар, қандайдир оҳанрабо уни қиз томонга тобора тортқиларди.
Тиз чўкиб кечирим сўрашим керак, севишимни айтишим керак, деган ўй унинг онг-шуурида изғиб юрарди. Бу орада аскарликка жўнаш муддати ҳам етиб келди.
Бахтиёр туман марказидаги ҳарбий идорадан қайтиб келдию, яна пайкал оралади.
“Бугун чиқмаган бўлса-я?! Уларни бошқа пайкалга олиб кетишган бўлса-я?!” – деган хавотирдан юраги ҳапқирар, негадир ўкириб йиғлагиси келар эди.
Бахтиёр теваракка жонсарак аланглади. Шип-шийдам, пати кетган палосдек пайкалнинг кун ботар томонида тўзиб юрган қиз-жувонларга кўзи тушдию, кўнгли бир оз таскин топди. Сўнг катта зовур ёқасидаги ғўзалар баланд ва қуюқ ўсган қарта ёққа юзланди. Чунки Ражабни одатда шу тарафда кўпроқ учратарди. Бахтиёр қадамини тезлатди.
Куз офтоби ҳорғин ва ўйчан йилтиллаб турарди. Гўё ундан нур ўрнига занг ёғилаётгандек, дов-далалар сарғиш-қизғиш тусга қоришиб маҳзун ястаниб ётарди. Хазонлар шитирлаб-шивирлаб, ҳавода бир зум муаллақ қотган кўйи оҳиста ер бағирлайди.
Ана, ана у! Ражаб жўяклар оралаб хаёлчан кўсак териб юрарди. Бахтиёр қийқириб қиз томонга қўл силтади. У ҳам товуш таралган тарафга тикилиб турди-да, қўлини ҳавода тўлғади. Сўнг этакларини йиғиштириб пешвоз юргандай бўлди.
Бахтиёр қувончдан гўё қанот қоқиб учди.
“Мендан хафа эмассиз-а, хафа эмассиз-а, Ражаб! Сиз ҳар қандай гўзалдан гўзалсиз, Ражаб! Бир умр ёнингизда бўлсам дейман! Бир умр кўзларингизга термилиб ўтирсам дейман! Мен сизни севаман! Ҳозироқ бориб олдингизда тиз чўкаман, юрагимда борини тўкиб ташлайман!…”
Бахтиёр ич-ичида шундай ҳайқириб, икки кўзини қиздан узмай югургилар экан, ғадир-будир эгатларда бир-икки қоқилиб кетди.
Ҳаво алланечук илиқ ва майин эди. Унда-мунда илашиб қолган мезонлар шўх-шодон ўйноқларди.
Улар юзма-юз келдилар. Оралиқ уч-тўрт қадам қолганда худди биров буйруқ бергандай бараварига тўхташди. Баравар жилмайиб бир-бирига бош ирғаб саломлашган бўлишди.
“Ҳорманг.” – деди Бахтиёр товуши титраб.
“Бор бўлинг, ўзингиз ҳорманг,” – деди Ражаб гўёки шивирлаб.
Бахтиёр туйқус бўшашиб, саросималаниб қолди. Боягина ич-ичида чарх урган хитоблари қайларгадир тумандай тўзиб кетди. Ўрнини алланечук ҳадик-ҳаяжон эгаллади.
“Мен… биз эртага жўнаяпмиз,” – деди у бир дона қовжироқ ғўза баргини қўлида эзғилаб.
“Қаёққа?! Армиягами?!”
“Ҳа.”
Ражаб ногоҳ кичрайиб кетгандай бўлди. Юз-кўзида синиқ бир табассум қотиб қолди. Титраётган қўллари билан кофта тугмасини ғижимлаб, кўзларини узоқ-узоқларга олиб қочди.
“Ой бориб омон келингизлар.”
Бахтиёр довдираган кўйи қиз томон юрди. Ражаб унга чўчиб бир назар ташладию, аввал андак тисарилди, сўнг ўқ ариқ бўйига, ажриқзор устига ўтириб қолди.
“Сизга хат ёзиб турсам майлими?” – деди Бахтиёр унинг рўпарасига чўкиб.
Ражаб маъюс бош чайқади.
“Йўқ, акамларнинг қўлига тушиб қолса ёмон бўлади. Хат ёзиб сизга зарилми?”
“Мен сизни севиб қолдим… сизни соғинаман.”
Бахтиёр шундай дедию, юраги гурс-гурс урган кўйи кўзларини чирт юмиб олди. Назарида, Ражаб, ирғиб туриб юзига тарсаки тортиб юборадигандек эди. Лекин қиз ҳорғин, эзгин бир тарзда кулди.
“Севги нималигини биласизми ўзи, йигитча?”
“Билмасдим… энди билдим. Сизни соғинаман.”
Ражаб хаёлчан жилмайди. Сўнг чирмаб ўралган рўмолини ечиб, бошини бир тўлғаб сочларини тўзғитиб юборди.
“Мана, соғинсангиз, яхшилаб кўриб олинг.”
Бахтиёрнинг томирларига олов ўрмалади. Қизнинг юз-кўзларига термилиб, уни хаёлан эркалаб пичирлади.
“Сиз чини билан сулувсиз, Ражаб…”
Қиз ўзича шарақлаб кулди. Аммо бу кулгиси алланечук сохта, зўраки эканлиги шундоққина сезилиб турарди.
“Мен сизнинг суратингизни чизаман,” – деди Бахтиёр энтикиб.
“Менинг суратимни?! Ҳув, ўша кунгидай усулда чизмоқчимисиз?”
“Йў-ўқ, нималар деяпсиз, Ражаб, – дея Бахтиёр ҳовлиққанча эътироз билдиришга киришди. – Ўлай агар, сиз тенгсиз гўзалсиз, сиз… – Бахтиёр қай бир китобдан ўқиб ёқтириб қолган иборани эслаб, секингина қўшиб қўйди. – Сиз мангуликка дахлдорсиз. Одамлар сизнинг суратингизни кўриб чинакам гўзалликни ҳис этишади.”
“Э-э, Бахтиёр, жуда олиб қочасиз-а, эрта-индин ўладиган ҳеч бир тирик жон мангуликка дахлдор бўлолмайди. Шулар қатори мен ҳам…”
Ражабнинг сўнгги сўзлари шу қадар сўниқ ва ғамгин эшитилдики, Бахтиёр бир оз чиройли гапираман деб қизга озор етказганидан афсусланди.
“Кечирасиз, билмабман.”
Ражаб кенг манглайини қоплаб турган сочларини силтаб ташлаб, яна синиқ жилмайди.
“Мангуликка дахлдор нарсаларни чизгингиз келяптими?”
“Ҳа.”
“Унда севгининг суратини чизинг. Боя ўзингиз айтган соғинчнинг суратини чизинг. Шафқатни чизинг. Ана шулар абадий. Ана шулар ҳамиша қадрли.”
Бахтиёр нима деярини билмай қолди. Қизнинг доно маликаларга хос жумбоқли гаплари уни яна бир карра довдиратиб қўйганди.
“Тўғриси… бунга ҳали ёшлик қиламан-ов… лекин қачонлардир чизишга сизга ваъда бераман.”
“Мен эса чиза оламан… хоҳласангиз ҳозир чизиб кўрсатаман,” – деди Ражаб кафтлари билан юзини яшириб.
“Қани энди шундай қилсангиз.”
“Кулмайсизми?”
“Йўқ, нега куларканман.”
“Ҳеч кимга айтмайсизми?”
“Қасам ичиб…”
“Бир умр эслаб юрасизми?”
“Бир умр…” – деб ғудранди Бахтиёр аллақандай соҳир ҳислардан юраги тошиб.
“Мана, сизга ўша сурат,” – деди Ражаб илкис бош кўтариб, юзини қоплаб турган сочларини силтаб ташларкан.
Ногоҳ қизнинг йирик-йирик, тип-тиниқ қорачиқлари сув теккан қаҳрабодай йилтиллаб турарди. Дўрдоқ лаблари қимтилиб, гўштдор бурни титраб, кўзларидан марвариддек ёш томчиси силқиб чиқди. Силқиб чиққан ёш бўртиқ ёноқлар устида дурдай товланиб бир зум турдию сўнг оқиб кетди. Тағин кўзларидан шаффоф томчи сизиб чиқиб, тағин ёноқларда қалқиб қолди.
Лол қотиб турган Бахтиёрнинг юраклари ўртаниб беихтиёр қиз томон қўл чўзди.
“Ражаб, йиғлаяпсиз-ку, Ражаб?!”
“Тегманг менга… Илтимос, энди кетинг…”
“Сизни йиғлатиб…”
“Илтимос, кетинг… мени десангиз, кетинг.”
Бахтиёр довдираганча ўрнидан турди. Турдию, яна ялт этиб Ражабга юзланди.
Қиз кўзидан томчи-томчи ёш силқиб, дудоқларида бир зум-бир зум дурдай товланиб туриб қоларди.
Худди шу манзара олис бир ўлкада хизмат қилиб юрган аскарни икки йил таъқиб қилиб турди.
Икки йил Бахтиёр ўша маржон-маржон ёшлар таъмини танглайида татиб юрди.
Ҳарбийликдан қайтиб келгач, Бахтиёр зимдан Ражабни суриштирди. Улар бир йилча аввал ота юрти бўлган Жамбулгами, Тарозгами кўчиб кетишган экан. Аскар йигит манзилга элтувчи яккаю ягона уловдан қолиб кетган йўловчидай “уҳ” тортиб тўшакка қулади. Ўша куни унинг ҳарбийликдан орттириб келган касали енгил бир хуруж қилди.
Орадан йиллар ўтди. Бироқ ўша пайкалда кечган кунлар қанчалар узоқлашган сайин, қиз дудоғида қалққан ўша маржон-маржон ёш шунчалар яқин келар, шунчалар рангли, шунчалар тиниқ кўринар, Бахтиёрга севги ва соғинч, шафқат ва умид ҳақида теран ҳикматлар сўйлар эди. Охир-оқибат, дард-изтироблар силсиласида унга мўйқалам тутқазиб, мольберт ёнига ҳайкалдай турғизиб қўйди. Талабаликнинг сўнгги йилида Бахтиёр ўзининг “Бир томчи ёш” деб номланган картинасини яратди…
…Сарғиш-қизғиш ранглар. Қақраб-қуриб, тарс-тарс ёрилган Ер шари. Ер шари устида бир ёнини булут тўсган Қуёш балқиб турибди. Булут тўсган Қуёшу Ер ўртасида бир томчи оби-раҳмат биллурдай товланади.
…Йўқ, йўқ! Бунда мутлақ бошқа манзара. Кўриб турганимиз Ер шари эмас, қақраб-қуриб, тарс-тарс ёрилган, томирлари бўртиб чиққан Юрак. Юрак устида булут тўсган Қуёшмас, булутдек тўзғин соч бир ёнин тўсган Кўз! Севги, соғинчга, шафқат-умидга лиммо-лим Кўз! Кўз ва қақроқ Юрак ўртасида… олмосдай товланган Ёш!..
Бахтиёр ана шундай сермазмун, серҳикмат асар яратган эди! Унда ранглар ингроғи баралла тараларди. Унда абадият, мангу дард, мангу савол ғужанак бўлиб ётарди. Бу асар кўрган кўздан бир томчигина ёш талаб қиларди.
Бахтиёр буни жону жаҳоним, умрим мазмуни деб биларди. Ҳатто, Георгий ҳам кўзлари кўм-кўк денгиздай мавжланиб худди шундай деган эди.
Ана энди бу асар йўқ! Бахтиёрнинг бахти, оғир дамларида умид-ишонч бахш этувчи, юпатиб овутувчи сирли дунёси йўқ энди! Ўктам бойвачча уч кун бурун авраб-алдаб Тошкентга олиб кетди. Айёр тулкининг харидори ҳам тайин бўлса керак, киприк қоқмай юз доллар гаров пули ҳам узатди. Мана уч кундирки Бахтиёрнинг ҳаловати йўқ. Ахир уй бўм-бўш, болохона бўм-бўш, юрак бўм-бўш! Бутун дунё ҳувиллаб қолди. Аммо Бахтиёр ана шундай бўм-бўш, ҳувиллаган дунёларга сиғмайди. Овунч излаб, юпанч излаб эртаю кеч, кўча-кўйда изғийди, тунлари болахонага қамалиб ўз-ўзини сўроқ қилиб чиқади.
Мана, ҳозир ҳам ўша эски диванга ялпайиб, бир пайтлар чала-ярим қолган суратига маъюс термилиб ўтирибди. Лекин у қаршисида чала-ярим умрини, чала-ярим бахтини кўриб хўрсинади. Ўктам бойвачча берган пулни олиб қувончдан ял-ял яшнаган Матлуба ҳам энди эрининг ҳол-аҳволидан хавотирда, врачнинг ваҳимали сўзлари қулоғида бот-бот жаранглаб, гоҳ у, гоҳ бу баҳона билан болохонага тез-тез чиқиб қўяди. Ўйловдан чалғитиш илинжида эрини гапга солишга уринади. Бахтиёр кўнгил учун сохта илжайиб, бир балолар деган бўладию, ғусса қалқиб турган кўзларини олиб қочади.
Мана, Матлуба ҳозиргина тушиб кетди. Бахтиёр зина томон ўғринча аланглаб, жавон ортига яшириб қўйган ароғидан қуйиб ичди. Ич-ичига ўрмалаган оловдан дард-аламлари яна ҳам равшан кўриниб кетди.
“Мен хиёнат қилдим! Ўзимга, Худо берган истеъдодимга хиёнат қилдим. Санъатга хиёнат қилдим!” – дея хаёлан хитоб қилди у, чала ёнган тарашадай тиришаркан.
Бу кўргулик қачон бошланди? Ҳа, эслади, амакисининг уйига гул чизиб берган кундан бошланди. Ўша куни сотқинлик бутун бўй-басти билан намоён бўлди. Пойтахтга кетишга амакиси даъват этганида, унинг устидан ич-ичида кулди, жарақ-жарақ пул топаётганидан кибрланди. Йўқ, йўқ, хиёнат анча аввал, ана шу асарни яратган пайтиёқ ниш кўрсатган экан! Ахир, “Бир томчи ёш” Ражабники-ку?! Ўша қизнинг қордан тоза қалби, севгиси учун тўккан кўзёшлари шарофатидан пайдо бўлди-ку бу асар! Эвазига нима бера олди шўрликка? Ҳатто ўша кетарманлар йиғинида мардона туриб уни фисқу фасоддан ҳимоя қила олмаганди. Ўшанда ҳам ўзини , фақат ўзини ўйлаган эди! Йўқ, Ражаб унинг марҳаматига зор эмас. У ўша кўз ёшлари билан бахтли! Бунда эса ўша нарса ҳам йўқ.
Бахтиёр андак довдираган кўйи ароқдан яна қуйиб ичди. Хира тортган кўзи ўнгида туйқус Георгий жонланди. Ҳатто, унинг уст-бошидан анқиётган қўланса ҳид димоғига урилгандай бўлди.
Георгий! Донишманд қария, чинакам санъаткор! Эндигина унинг гаплари маъносини теран англаб турибди. Муюлишда учрашиб қолишган пайт, у Бахтиёр билан саломлашмади, ҳол-аҳвол сўрашмади. “Рисуешь?” – унинг илк саволи худди шундай жаранглади. Чизиш – Георгийнинг назарида чин санъаткор учун соғ-саломатлик белгиси, қолганлари майда-чуйда, холос. Бу-чи, нима қилди? Қарияни илк кўргандаёқ ундан жирканди, ичкиликка пул, бошпана сўраб дардисар бўлади, деб ўйлади. Асарини мақтаганда эса олчоқларча илжайди, унга ҳатто бир пиёла чой қуйиб узатмади. Эҳ, Георгий! Кўзларига қара унинг, кўзларига! Тақдиридан мамнун-масрур порлаб турибди! Яратганга берган истеъдоди учун шукронаси бу! У ўз исқирт афт-ангори, қўланса иси билан ҳаёт устидан, сохта, ғирром, нафси ўпқон жамоат устидан ғалаба қилган! Бу-чи, бу? Гўёки оилапарвар эр, меҳрибон ота! Ўз ожизлигини, ношукурчилигини тирикчилик тирриқлиги билан хаспўшлашга уринган нотавон! Бўпти, шундай ҳам бўла қолсин, саккиз йилдан бери фаровонлик учун курашган бўлсин, лекин нимага эришди? Қани ўша тўкин-сочин рўзғор? Қўлидан ҳеч нарса келмади-ку, турмушини ўнглай олмади-ку?! Бу ҳам камдай, ўзи жону жаҳоним, умрим мазмуни деб юрган асарини ҳам сотди! Арзимаган чақага сотди!..
Бахтиёр истеҳзоли илжайган кўйи яна шиша томон интилди. Шу пайт дарвоза ортига аллақандай енгил машина шитоб билан келиб тўхтади.
“Ким бу ярим кечаси келган, – хаёлидан ўтди Бахтиёрнинг, – Ўктамми? Йў-ўқ, бир ҳафтага муҳлат олган у. Демак… ҳа, анави бригадир бўлса керак, сафарга ҳозирлигини билиш учун келган.” – Бахтиёр шишани шоша-пиша яна жавон ортига яшириб, диванга ўтирди. Гўё, чала-ярим сурат устида ишлаётган киши бўлди.
Дарвоза тақиллади. Машина шарпасидан сергакланиб аллақачон ҳовлига чиққан Матлуба ожизгина “ҳозир” дедию бориб темир эшикни очди.
– Рассом уйдами?
– Ҳа.
– Ухлаб қолмадиларми ҳали?
Бахтиёр Ўктамнинг овозини таниб, ҳангу-манг бўлиб қолди: “Ия, уч кунда ҳал қилиб қайтибдими?”
Зум ўтмай болохона зинаси оғир-оғир ғижирлай бошлади. Бахтиёр беихтиёр ўрнидан туриб кетди.
– Салом бердик, жаноб рассом.
Ҳансираган кўйи ичкарига бош суққан Ўктамнинг товушида, семиз афт-ангорида норозилик, миннат-иддао салқиб турарди.
– Келинг, дўстим.
– Ол, бу матоҳингни, – деди Ўктам пишқириб.
Шундагина Бахтиёр у қўлтиқлаб олган нарсага эътибор берди. Асар! Асар қайтиб келибди! Аммо… аммо муаллиф негадир бундан хурсанд бўлмади. Таажжуб-ташвиш тўла кўзларини диванга ўзини ҳарсиллаб ташлаган Ўктамга тикди.
– Нима гап? Нима бўлди?
– Гўр бўлди, бало бўлди… Опкетар пайтим бир кўзим тушиб ўзим ҳам ўйладим-а, шунақа жиннича нарсани биров олармикин дедим-а… эсиз шунча меҳнатим.
Ўктам надомат билан бош чайқаган кўйи ёнидан сигарет чиқариб тутатди. Бир-икки босиб-босиб дуд тортди.
– Илтимос, сал тушунарлироқ… – деб минғирлади Бахтиёр чайналиб.
– Ўктам у томонга бир чақчайиб олди.
– Тўғриси, ўтган йили бир Георгий деган дайди рассомни фирмага, қоровулликка ёллаган эдим. Кунлик ярим шиша вино эвазига. Ўша сени роса мақтаганди, кўкларга кўтарганди. Шунинг учун ишларингга қизиққандим, аниқроғи, фойда келтиришига юз фоиз ишонгандим…
Ўктам бош чайқай-чайқай яна босиб-босиб дуд тортди.
– Тошкентга бордингми ўзи? – деб эҳтиёткорона сўради Бахтиёр.
– Бордим! Шарманда бўлдим! – туйқус қичқириб юборди Ўктам. – Нарсангни кимга кўрсатсам, қаҳ-қаҳ уриб кулади. Биттаси, бу нима, вакцинами, деб сўрайди. Биттаси виски томчисими бу, деб пиқиллайди. Нима бало, поликлиникадан заказ олиб чизганмисан буни? Хуллас, дўстим бу асарингнинг харидори йўқ! Тушундингми, харидор йўқ бунингга!
Бахтиёр чап қўлтиғи остида таниш, жуда таниш оғриқ қўзғалганини пайқади. Қўл юбориб ўша жойни секин сийпалаган бўлди. Миясига эса Ўктамнинг сўнгги сўзлари тўқмоқдек уриларди: “Харидори йўқ, харидори йўқ!..”
Шу асно унинг кўз ўнгида яна Георгий жонланди. “Буни сота кўрма,” деган илтижоси қулоқлари остида жаранглаб ўтди.
“Донишманд қария! – Изтироб билан ўйлади у оғриқдан тиришиб. – У билган, бу асарга талабгор топилмаслигини Георгий англаган. Шунинг учун мени огоҳлантирган…”
Ўктам диванга бесаранжом ястанган кўйи ҳануз бош чайқаб нималарнидир чамаларди.
– Сен ҳам эл қатори яланғоч аёлларни чиз, тоғ-боғ манзараларини чиз, – деб минғирлади у худди ўз-ўзига гапиргандай, – ўшанақа расмлар мода экан элита ўртасида. Яхши кетади. Ана, артистларнинг портретини тайёрлаб бер. Ҳеч қурса, ўзлари учун сотиб олишади. Бунақа нарсангнинг…
– Харидори йўқ, – деб пичирлади Бахтиёр синиқ илжайиб.
Ўктам унга бир ўқрайиб қўйди. Сўнг чуқур тин олди.
– Хуллас, гап бундай, дўстим. Бунақа нарсангга баъзи бир чет эллик ўзингга ўхшаш девоналар қизиқади. Ўшаларни пойла. Алдаб-сулдаб яхшигина пуллайсан. Йўқ, яхшиси савдолашгали ўзимни чақир, ёрдам бераман. Хў-ўш… энди-и… менинг заклад пулимни қайтарсанг… Мен аслида сенга яхши бўлсин деб…
Шу пайт Бахтиёр ғалати бир товушда пихиллаб кулди. Кула-кула диваннинг бир четига шилқ этиб ўтириб қолди. Ўктам чўчиб ёнига ўгирилди.
– Эй, Бахти, эй… – деди Ўктам дўстининг бўздай оқарган ранг-рўйидан хавотирланиб, – эй, ҳазиллашдим, пулни қайтаришинг шарт эмас… Бизнинг бизнесда бундай гап йўқ..
Бахтиёр жавоб бермади. Унинг ҳовуз тубидаги кўлмакдай йилтиллаб турган қорачиғлари туйқус хира тортди. Сизиб чиққан бир томчи ёш ёноғида туриб қолди.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 3-сонидан олинди.