Қумри холанинг эчкиси подадан қайтмади. Адашганми, оёғи лат еб йўлда ётиб қолганми – худо билади. Пешонаси кафтдекина қашқали соғин эчки эди; товоқдаги қаймоғига нон ботириб бамисоли нишолда ердингиз, қатиғини хурмачадан пичоқда кесиб олардингиз. Шундоқ зотли тўсатдан ғойиб бўлса! Совуқ хабардан қўни-қўшни йиғилишиб, у дейишди, бу дейишди, подачи болани қистовга ҳам олишди, бола бечора ўламан саттор, ҳеч нарса пайқамадим, деб жовдираб тураверди. Битта ногирон оёғини тақимига босганча, чекароқда эшакдан тушмай ўтирган Мўминтой аканинг кўнглидан нималар ўтмади: минг-минг қўй-қўзини кундасига бошлаб келиб, ўзи чап беришни уддалаган эчки зоти адашадиган анойи эмас. Йўлда қолиб кетиши ҳам даргумон. Майиб эчкини дорга чиқариб қўйилсами, икки оёқда ҳам пилдираб хавф-хатардан эсон-омон ўтиб олади. Эпчиллигию, қувлиги демаса, ҳаммага илакишиб кетадиган жонивор!
– Ё алҳазар, – деди йиғилганлардан бири Мўминтой акага юзланиб, – осмонга учдими, ерга кирдими?!
Мўминтой ака қўлларини кенг ёзиб, осмонга нигоҳ ташлаб қўйди. Ҳар эҳтимол, ёш-яланг вақтни бой бермай ёнларига подачи болани олишиб излагани кетишди, улар ҳам анча хаёллаб ҳафсалалари пир бўлиб қайтишди.
…Қумри хола деворга суянганча дардига қоврилиб ёлғиз қолди.
– Қумри, қўрғонга кирақол, – деди Мўминтой ака, – ноумид шайтон, ҳали замон ўзи кириб келса ажабмас.
Қумри хола ён-атрофи тўкилиб товоқнинг оғзидеккина жойи омон қолган дўнгликка чўққайганда Мўминтой ака мулзам тортди: кимларнинг ҳожатини деб шу жойдан ўтмайди, хом сут эмган банда, супачанинг аҳволини пайқамаяпти!
Эшакни оғилхонага қамаб пешайвон зинасида тизза уқалаб ўтирган Мўминтой акага хотини ошхонадан ажабланиб қаради.
– Ҳой, юқорига чиқинг, ош ланж бўлди.
– Эрининг қўзғалмаганини кўриб, тавба, эчкига шунча азами, бир товоқ сут чиқариб тураман, деб қўйди.
– Алжирама, хотин, – ўшқирди Мўминтой ака ўгирилиб, – эчки, бир муштипарнинг овунчоғи, ёлғизлиги бўлинмасди; ўт юларди, терт қорарди, сут соғарди… Озиб-ёзиб қорасини кўрсатган шаҳардаги арзандасига халта-халта қурт жўнатарди…
– Ҳовучлаб пул бериб турибди-ку, арзандаси, – дея оғзидан бехос чиққан гапга иззат тортиб хотини ёнига келиб чўққайди.
Эри хўрсинди.
– Сирасини айтай, хотин, одам боласи, айниқса кексайганда бир ҳовуч – тилло тангага эмас, бир мисқол меҳрга муҳтож бўларкан.
– Мунча доносиз, – ҳазил-ҳузул билан хотини қўзғалди, – тура қолинг,
овқат маҳал бўлди. Ўзимнинг ҳам юраккинам туздай ачиди, ачиганда қандоқ… Ҳовурингизни босай деган эдим.
Эр-хотиннинг гангур-гунгур суҳбатлари бугун қовушмади. Хотини қавиғи чала кўрпачани қўлга олди. Мўминтой ака мол-ҳолга қараб, эшик тирқишидан кўчага мўралади. Қумри хола ҳамон супачада мушшайиб ўтирарди. Қишлоққа қўли эгри одам ораладими, йўғ-э, ғашланиб ёта-ёта кўзи илинса эчки, тушига кирибди. Қишлоқ этагида азим сойда бир ҳовуч эски увададай қалқиб-қалқиб келармиш. Сувнинг ўрамасидан чиқа олмай, шўрлик, йиғламсираб овозининг борича маърармиш… Шўнғиб, қутқарибди-ю, сўлоқмондай эчкини қучоқлаганча ҳаллослаб югурармиш. Суюнчига Қумри хола бир хурма қатиқ билан товоқда қурт олиб чиққанмиш…
– Ҳой, нафасингиз бежо, ёнбошланг, – деди хотин. Уйқу тортиб Мўминтой ака битта кўзини аранг очди.
– Ётмай, қаёқларда санқиб юрипсан?!
– Қумрини зўр-базўр қўрғонга киритдим, – деди хотини ёнига чўзилиб.
…Қумри хола остонадан нарига ўта олмади. Оёқ остида ўрмалаган қурт-қумурсқанинг ҳам ўрни бўлади, дейишади. Оғилхонанинг ланг очиқ эшигига қараб олислардан эчки овози келаверди-ю, каловлаб яна жойига чиқиб чўққайди. Жониворнинг таърифига тил ожиз эди. Ҳамма нарсани биларди, ҳаммасига тушунарди. Подадан қайтганда оёқларига суйкалиб эркаланса хола бўйнидан қучоқлаб силаб-сийпалашдан чарчамасди. Елини тирсиллаб кетган эчки оғилхонага бориб холани пойларди, хаёлласа, маъраб чақирарди – гапирай деса тил-оғзи йўқ эди жониворнинг! Қайси овлоқда чўккалаб қолди, шўрлик, қаёқларда тентираб юрибди?! Холанинг термилиб толиққан кўзлари ёшланди. Мўминтой ака айтмоқчи, ноумид шайтон, зора йўл топиб ўз оёғи билан кириб келса!
Хола алламаҳал ичкарига кириб ётганча кун ёйилганда турса! Эчкини соғай деб, шошганча товоқ кўтариб пастга тушганда ҳувиллаган оғилхонага қараб туриб қолди: келмапти, жонивор, келса дарров овоз бермасмиди?!
Каловлаб кўчага чиққанда сувалган супачани кўриб хаёлига Мўминтой ака келди: воажаб, тиниб-тинчимаган одам қачон улгурақолди?! Мунчалар меҳр-оқибатли кимса, мунчалар-э, аввалам бор, Худойим, қолаверса, Мўминтой ака сабаб ёлғизгинаси бугун ўйнаб-кулиб юрган бўлармиди! Эсласа оёқ-қўли бўшашади, эсласа вужуди совуқ титроқ босади, йиллар ўтиб ҳам, ўзига келолмайди.
Қарию ёш ёппасига далага чиқарди.
Қаровчилари бўлмаган баъзи жувонлар чақалоқларни чойшаб билан орқаларига боғлашиб тонг саҳардан ўтоққа тушишарди. Кун қизиқда эни камбар, туби чуқур ариқ бўйида тарвақайлаган тутнинг қуюқ соясига келиб бола эмизишар, шу баҳона ўзлари ҳам нафасларини ростлаб, яна жазирама далага қайтишарди. Каттароқларининг оналари егуликларини олдиларига қўйиб, болаларининг белларига бўшгина ўралган чизимчани узун ташлаб учини тутга боғлаб қўйишса ҳам олазарак бўлиб олисдан қараб туришарди. Қумри хола ҳам куннинг оловселидан асраб ўғилчасини соя-салқин жойда бирпас-яримпас қолдира бошлади. Қўшни эгатда трактордан қолган лахтак ерларни юмшатиб юрган эрига жилла ёқмаса ҳам иложсизликдан индамас, аламини кетмондан оларди. Бола янги жойга кўникиб тинчгина ўйнаётган кунларнинг бирида коптоги ариққа юмалаб кетди. Белидаги тасмадан осонгина сирғалиб, орқасидан қувди. Мўминтой ака шу жойдан ўтаётиб чўкаётган болакайни қутқардию, ўзи мук тушганча ётиб қолди. Жон-жаҳдда ариққа сакраганда пичоқни дамидай қирра тошга тизза билан тушган экан, анчагача сув бетида қалқиб-қалқиб қон оқди. Касалхонада уч ой ётиб ҳассага таяниб чиқди. Ҳали узоқ-яқинга эшакда бориб-келиб юришининг сабаби ҳам шунда.
Эрининг сочлари тегирмонга кириб чиққан одамдай бир кечада оқарди. Иш-кучига яраб юрган гунгурсдай одам ҳапқириб, ғалати энтикадиган бўлиб қолди. Азим туп тут ён-атрофи чим билан тўсилса ҳам эрининг кўнгли тўлмайди.
– Қўрғон орқаси ҳайҳотдай майдон, – деди бир куни, – ярмига олма, нок экайлик, ярмига пахсадан бостирма солай, эшитган борки ҳашарга келади. Далага чиққан хотин-халаж ёш боласини шу ерга олиб келсин, ўзлари галма-гал, оз-оздан кўз-қулоқ бўлишса, бола боладай ўсади, боғ ҳосилга кирса, болаларнинг тушлигини кўтаради, нима дединг?
Инсон умрининг мисқоли ҳам ўлчоғлик экан. Эрта кўклам майдонга бир дунё кўчат экиб… ёз чиллада, зўриқдими, эри далада йиқилди. Тошдай қотиб қолган чангалидан кетмон дастани суғириб олишди.
… Кўлмакларда пўпак босган лойқа сувлар оқиб кетди, ортга қайтмас оқиб кетди.
Оғилхонада қолган икки-уч туёқни хола бовлаб-тўшлаб кўпайтирди. Ўғли қарчиғайдай йигитча бўлиб, ўқийман деганда овунчоққа битта улоқча олиб қолди. Ҳамма мол-ҳолни сотиб пулини қўлига берди. Бир қиш қаҳрли келиб, бетоб ўғлини кўргани борса ранг-рўйи бир ҳолатда! Қишлоққа олиб келди. Эчки сути кони даво деб, янги соққанидан уч маҳал товоқ-товоқ ичирса, салда қувватга кириб олийгоҳни ҳам тамомлади. Аллақайси корхонага ҳисобчиликка ҳам жойлашди. Қарангки, раҳбарнинг бир яқини ўғлини ёқтириб қолиб тўй-томоша билан бева қизини берса! Қумри хола тўйга боролмади. Насиб қилмаган экан, бетоб эди. Мўминтой ака билан хотинини юборди.
Ўғли ҳар келганда, чолдеворхонада эчки қучоқлаб ўтирасизми, ойи, ҳовли-жойни сотиб, шаҳарга олиб кетай, дейишини қўймасди. Қумри хола маъюс жилмайиб, кўп нарсага ақлинг етмайди, ёшсан, отанг арвоҳи маконини излаб юрасинми, деб кўнглидан ўтказди. Авваллари тузуккина келиб-кетиб юрган ўғлининг оёғи бора-бора товсилиб қолди. Қумри хола уйли-жойли бўлди, ўзидан тинсин деб овунар, воажаб, озиб-ёзиб ўғли эшикдан келса, жонивор дарров таниб ёнидан жилмасди. Қайтаётганда югурганча тепаликка чиқиб, машинаси ўтган ёз қад кўтарган хашаматли мактаб биносини айланиб сойни янги семон кўпригидан ўтгунча ажабтовур қараб қоларди!
Саховатли одамлар ҳамқишлоқлари армонини эслашиб, қолаверса Қумри холанинг раъйи билан мўлжалдаги янги боғча биносига қўрғон орқасидаги боғни маъқул кўришди. Майдончага икки-уч машина ғишт тўкилганда, холанинг хаёли иш деганлари бундоқ бўпти, хотин, деб эри шу атрофда айланиб юргандай бўлдию чўққайганча нокка суяниб юм-юм йиғлади; ёруғ кунларга етолмаган шўрликнинг охирати обод бўлсин!
– Ойи!!
Қумри хола юраги қинидан чиққудай сесканиб ўгирилди. Кўзлари бежо ўғлини кўриб:
– Вой, болам, – деди бўшашиб, – тинчликми, тинчмисан?!
– Сиздан сўрай, ойи, – ўғли титраб қақшаб ғишт уюмларига қаради, – бу нима қилганингиз?!
– Ҳой, шайтонга хай бер, нималар деяпсан?!
– Бегона одам уй-жойини, бойваччалар минган машинани қизига хатлаб берди, шу машинада келиб ҳолингиздан хабар олиб турибман. Қайнотамнинг иши ғалвирдан ўтиб турган пайтда чалдеворхонангизнинг арзимас чақаси ярасига малҳам бўлармикан деган, эдим! Уйимнинг юқори қаватидан, хоҳланг беш хона ажратиб берсам, қариганда, деразадан шаҳарни томоша қилиб ўтирмасмидингиз?!
– Хах, нодон, болам, – афсусланиб Қумри хола бош тебратди, – одам дунёга томоша қилгани эмас, яшагани келади – бандасининг оёғи ердан узилмасин, болам, жонимни сўра, аямайман, аммо дадагинангнинг васиятини қандоқ хатлаб ўтай, қандоқ?!
– Қанақа васият, қани ўша васият, кўрсатинг! – Ўғли қўл силтаганча бурилиб кетди. Машинанинг титраб гувиллаган овози бора-бора тинди. Қумри хола карахт аҳволда қўрғонга ўтганда пешайвон зинасида ётган бир даста пулга кўзи тушди.
Ғам-ташвиш қурғур қўшалоқ келаркан; якка ягона қувончи дилини вайрона қилди, мана овунчоғи эчки подадан қайтмади.
…Хотинидан эшитган-билганлари Мўминтой акани ҳайратга солди.
– Ўша куни ўғли келган эканми, нега аразлаб кетипти?!
– Эски хархаша шекилли, – деб қўяқолди хотини.
Мўминтой ака кийим-бошини алмаштириб чиқди.
– Ҳа, қаёққа? – сўради хотини безовталаниб, – она-бола орасига зинҳор туша кўрманг, ўзлари муросага келишсин.
Мўминтой ака индамай, оқсоқланганча чиқиб кетди ва оқшомга яқин кўзлаган манзилга етиб келди.
Усти парча-парча қизил тунукали қуббасимон ёпилган уч қават бино ҳашами анча-мунча ўзгарган эди. Ён-атрофи ранг-баранг мармар тошли дарвоза пештоқида қўлбола тақа, исириқ, бир шода гармдори – ҳай-ҳай ёмон кўздан асрасин! Дарвоза саҳни ҳам бир текис йўнилган чорси оппоқ мармар тошдан. Кўчанинг ариғию, йўлкаси бино олдидаги гулзорга тушган. Мармар устунчаларга ўрнатилган чўян панжаралар билан ҳар томондан тўсилганига одамлар қишин-ёзин машина тинмаган катта йўлдан қатнашса керак! Симёғочнинг машаладай ёруғида гулзордаги антиқа фонусларни беҳуда ёнишига ажабланиб турганда ёнига зулукдай қоп-қора машина келиб тўхтади. Шошқалоқлаб дарвозадан чиққан увоққина одам эшигини очди. Калта малла сочли, қалин камаридан бир қарич юқориси яланғоч аёл ярим юзини тўсган қора ойнакдан бегона одамга бир қараб, ёнига ўгирилган эди, қўл қовуштириб турган хизматкор Мўминтой акани суриштира бошлади.
– Кечагина чўнтак қаппайтириб пул ташлаб келди, шекилли, – аёл ажабланиб дарвозага бурилганда Мўминтой ака бўлак юмушда келганини эшитгач, ёнида пилдираб бораётган хизматкорга бир нима деб кириб кетди.
– Отахон-е, ҳамқишлоқман денг, – хизматкорнинг турқи-таровати ўзгариб, қаршидаги пастроқ ҳовлига бошлаб кирди. Шох-шаббаси салқиган катта ўрик остидаги шинамгина чорпояга ўтказди. Дастурхон ёзди. Шипиллаганча ташқаридан ярим коса овқат олиб келди.
– Қайноталарининг муборак таваллуд кунларини дала ҳовлиларида нишонлашди, супрақоқдиси кеча шу ерда ўтди, уч юз бедана сихга тортилди, тарақа-туруқ мушакбозлик бўлди денг, олинг, насиба, қозонда бир чўмич шўрваси қолган экан.
Хизматкор дали-ғули одам экан, бирпасда кўнглини тўкиб солди. Меҳмон атойи худо, бемалол ҳордиқ олсин, деб ўзлари истиқомат қиладиган ҳовлига олиб кирипти. Мўминтой аканинг юз ифодасидан ўзгача маъно англаб, бу жойнинг озмунча юмуши борми, дея бирма бир санай кетди. Жиҳозлари антиқа ўн саккиз хонани артиб-тозалашнинг ўзи бўладими?! Ҳовлидаги қатор панжараларнинг бирида: икки дона товус, товланиб йўрғалашларига қараб тўймайсиз. Бошқасида учта оҳу, биттаси яқинда болалади. Машойихлар аёл кўзларини нечун жониворникига қиёслашларини энди пайқапти. Ёнидаги тўтиқушларни-ку қўяверинг. Махсус хоналарда боқилаётган қулоқлари супра халтадек баҳайбат зотли итларнинг емиши, қаровичи?
– Худойимдан ўргилай, – хўрсинди хизматкор, – ҳаммасини бир йўла бермас экан, қани биттагина фарзанд ато қилса…
Мўминтой ака ажаб хаёлларда қолди. Эри-хотин икки фарзандлик ҳам бўлишсин, ҳар беш хонада бир йилдан туришса, уч ярим йилдан сўнг юқори қаватнинг охирги хоналарида истиқомат қилишар экан! Одам дунёга тўла-тўкис яшагани келади, аммо…
– Кўзларимга асло ишонмайман, – қучоқ очиб эшикдан кирган арзанда хаёлларини тўзитиб юборди, – нега ўжар онажонимни ҳам ола келмадингиз?
Эшикка бориб қолган хизматкорини тўхтатди.
– Ҳой, кўса, жаннатмаконимизни кўрдиларми?
– Мухтасар таърифини эшитдилар, томошаси эртага қолди.
– Шундоқ қил, – арзанданинг тузуккина кайфи борга ўхшарди.
Мўминтой ака тутириқсиз гап-сўзлардан ғашланиб арзанданинг кўзларига тик қаради.
– Эчки қани?
– Нима?!
– Гўлликка солма, эчки қани, овунчоғидан айрилган онанг жинни бўлаёзди.
Арзанда ҳазилакам эсанкирамади, ўтирган жойида бир неча бор қўзғалиб қўйди, ниҳоят, Мўминтой аканинг қаҳрли нигоҳига бардош бераолмай:
– Оббо, қўтир эчкини машмашаси шунчами? – деб қўйди. – Қишлоқдан қайтаётсам, лаънати олисдан пайқаб қолди. Подадан ажраб қувди. Узилиб кетай десам, нотекис йўл, машина қийналади. Анча жойда тўхтаб ҳайдамоқчи бўлдим, ётиб олди, урдим, тепдим, қани йўл бўшатса! Зора онамнинг кўнгиллари юмшаса, деган яхши хаёлда юкхонага босдим.
Келинингизнинг асаблари бўшроқ. Эчкини кўриб “йўқот ажинани” деб туриб олди! Вақт топиб, подага қўшаман, дейишимга қарамай, йўғимда дадасига айтипти, қайнотам серзардороқ одам, келибоқ қизининг авзойини кўриб, эчкини шартта мошинага босибди…
Арзанда кайфи тарқаб хомушланиб қолди.
– Ҳа?! – деди сабри тугаб Мўминтой ака.
– Топшириб юборипти.
– Қаёққа?!
– Қушхонага.
Мўминтой ака биров товонига мих қоққандай сапчиб кетди.
– Нима, нима дединг?!
– Келинингиз… ҳаво алмаштириб келиши ҳамон қишлоққа битта эмас, иккита эчки ташлаб келаман, қаёққа?!
Қолинг, деб арзанда анча жойга эргашиб борди… Мўминтой ака чароғон кўчаларда тентираганча кўнгли хуфтон тортиб, эрталабки автобус билан қишлоққа қайтди.
Қамти келмай деб Қумри хола эшигини четлаб ўтаётганда қўрғондан ўзи чиқиб қолди.
– Эсон-омон келдингизми, – деди хомуш – билсам, йўлдан қайтарардим.
Хола бошқа кўринмади, ётиб қолди. Иссиқ-совуғига хотини қараб турди. Орадан ҳафта ўтиб Мўминтой ака зиёратга кирганда Қумри хола уни танимади. Эр-хотин ўғлига хабар беришса, ўғли дам олишдан қайтмапти…
Мудом холаникига кириб чиқиб, олдида ўйнаб юрадиган уч-тўрт ёшли қўшни болакайнинг “бувим ухлаб қолган, амакижонлар, олиб кетманг” деб тобутнинг орқасидан шайтонлаб югурганлари одамларни ларзага солди. Мўминтой ака белбоғини боланинг белига танғиб, қўлидан етаклади.
Ўн кунлар ўтиб шўппайганча арзанда кириб келди. Ҳовлининг ўртасида чўққайиб, бошини пешайвон зинасига қўйганча, ўксиб-ўксиб йиғлади. Майдонда ғишт тераётган усталар қўрғонга йиғилишиб тиловат қилишди.
Арзанда юқорига кўтарилмади, жойида қола қолди. Мўминтой аканинг хотини кичкина тугунча билан бўғзигача тўла бўз халтани ичкаридан олиб чиқиб олдига қўйди.
– Берган пулларингизни йиғиб қўйган эканлар, – деди тугунчани суриб.
Арзанда қарамади.
– Манавининг хати бор, – деганига бўз халтадан олган катак дафтарнинг ярим варағига хасталикда битилган ҳарфлари беўхшов хатга қараб лаблари титрай бошлади, қоғозни ғижимлаб улоқтирди, зинанинг тошларига бошини чунонам қарсиллатиб урса, пешонасидан қон сачраб кетди! Сўнг, гандираклаб тураётганда пайқамай, тирсаги билан бўз халтани ағдариб юборди, ер билан битта қурт бўлди. Дунё машмашаларига тушуна олмай, чеккароқда турган болакай ердан битта қурт олиб, оғзига солди, қолганини чўққайиб дўпписига йиға бошлади.
Мўминтой ака ғижимланган қоғозни тиззасида кафти билан текислаб кўз ташлади.
– “Болагинам, ёлғизим, чироқчим, видолашиш насиб этмаса… мингдан-минг сендан розиман. Онага бола, болага она ширин Дунёдан отагинангнинг ёнига ёруғ юз билан кетсам ҳам кўнглим сенда! Талабалигингда сени оёққа турғазган эчки сутидан бир халта ёғли қурт тайёрлаб қўйганман, анчага етади. Ёнингда иккита-иккита олиб юрсанг, очиққан-очиққанда оғзингга соласан – кони фойда, болам” – нимиққан кўзлари хиралашиб Мўминтой ака қолганини ўқий олмай турганда арзанда орқага қайтиб қўлидан хатни олди. Қоғозни авайлаб кўкрак чўнтакка солишдан аввал бир-бир кўзларига босди, лабларига тегизди.
Мўминтой ака супачада бошларини чангаллаган арзанданинг ёнига чиқиб чўққайди, оғир сукутдан сўнг унинг сўниқ аянчли овози эшитилди.
– Уйдан кетдим, бутунлай…
Сабабини Мўминтой ака сўрамади.
– Қайнотамнинг ҳалигача набира кўрмадим дегани… тошдай ботди.
Арзанда аламли хўрсиниб қўйди; минг айланиб, минг айланиб, минг ўргилган онаси, онажони бўлганда, бағрига босиб, ўксиган кўнглини тоғдай кўтармасмиди! Кўзлари ажабтовур жавдираб қучоқларини очганча қаршилашларини қўмсаб, соғиндики! Ўкириб йиғлагудай бўлиб ўрнидан турди. Мўминтой ака ҳамроҳ бўлмоқчи эди, арзанда бош чайқаб, онасининг қабрига кетди.
Мўминтой ака жунбишга келиб қараб қолди; ҳей, ким айтипти ким, она кўнгли тоғу тошни эритаркан. Оламдан ўта туриб ҳам она зоти бешафқат дунёга меҳрини ташлаб кетаркан!