Зарнигор қанча жон куйдирмасин, Исфандиёр жаҳлидан тушмади. Шу кунлари унинг миясида биттагина ўй чарх уради, ўғри мушукдан ўч олиш — на кундузи ҳаловати бор, на кечаси. Ўзиям бир нарсага аҳд қилса, бирёқли қилмагунча тинчимайди.
Зарнигор эрининг майдачилигидан куйиб, бирор кимга дардини ёзолмай фиғони фалак кунлари ойиси:
— Қўй, куйинма қизим, чекмаса, ичмаса, бирор суюқоёққа илашмаса, рўзғорим деса, яна нима керак сенга? Шукур қил, қизим, — дейди.
— Чеккани, ичгани яхши эди. Иштон бити! Ошхонага ҳам аралашади, босган қадамингни санайди. Болаларни зир титратади. Менга ишонмайди. Қиши билан ейдиган салатларгача, ичадиган компотларгача ўзи қилади. Ўтган йилги тайёрлаганларини ҳали еб адо этганимиз йўқ!
— Яхши-ку! Рўзғоринг бут, бозор-ўчар билан ишинг йўқ. Зорланма!
Зарнигорнинг зорлангани билан нимаям ўзгарарди. У эрининг феълини яхши билади. Ҳар бир тийин ҳисобда бўлиб қолган бу замонда эрнинг шундай бўлгани балки маъқулдир… Барибир Зарнигор эрини бошқа эркаклардай уйнинг ички майда-чуйда ишларига аралашмасдан, кўчадан гурсиллаб кириб келишини қўмсайди.
Исфандиёр Зарнигор ўйлаганчалик хасис эмас, аммо қўли очиқ ҳам эмас. Бари нарсанинг ўлчамли бўлишини, тежаб ишлатилишини истайди. Мол боқиб кўрди, емини етказолмай қийналди. Қараса, уйда чиқинди кўп, етти хазинанинг бири деб товуқ боқишга хуруж қилди. Лекин пешонасига товуқ боқиш битмаган эканми, ўзининг таъбири билан айтганда, зотдор товуқ тухумидан сайлаб ўн бир донани бир бостирди. Эрталаб товуқхонадан хабар олса, она товуқ мунғайибгина бир чеккада турибди. Бир донаям тухум йўқ. Исфандиёр ҳайрон бўлди, негаки, кеча ўзи қулфлаган, эрталаб ўзи очди. Товуқ остидаги тухумлар йўқ. Кимдан сўраб, кимдан алам олишини билмай дилтанг бўлди. Қўшниси Марайим ота тухумларингни илон ютган деди. Исфандиёр ишонқирамади, лекин товуғи тагига яна тухум бостириб пойлади. Тутса мажақлаб ташламоқчи эди. Йўқ, илондан дарак бўлмади.
Унинг илонни пойлаётганидан хабар топган Мара-йим ота «чакки қиласан, Исфандиёр, ҳар қайси махлуқ ўз ризқини ейди, магарам кўрсанг, илонга озор берма, хосияти ёмон, бадбахтлик келтиради, ёшлигимда кўрганман, қўшнимиз уй илонини чопиб ташлаб, машина авариясига учраган, уйига ўғри тушди, рўзғори пароканда бўлди», деди. Исфандиёр отанинг сўзларини шунчаки, расмиятчилик юзасидангина эшитди. У бундай ирим-сиримларга ишонмайди, чўпчак дейди.
Ниҳоят, жўжалар эсон-омон дунё юзини кўрди. Исфандиёр ўзида йўқ шод. Жўжаларга қараб ҳавас қилади, бири-биридан чиройли, кун-кунора санайди. Бироқ, қувончи узоққа бормади, уларнинг сони кундан-кунга камайиб борди. Барча ишини йиғиштириб, жўжаларига қирон келтираётган, унинг орзу-ҳавасини поймол этаётган махлуқ тўғрисида бош қотира бошлади. Ушласа бас, одамми у, илонми, мушукми адабини беради, бўғиб ташлайди, аламидан чиқади. Тамом, вассалом.
Бошқа бир ҳовли эркаси бўлмиш Қора мушук бугун эрталаб ёнида Арслонини кўрмай бироз ҳайратланди. Қаерларда қолди экан? Кечаси дайдиб, бирор гўшада қолиб кетадиган эмасди. Қора мушукнинг уйқусини биров бузмаслиги учун ёнидан бир қадам жилмас, айниқса, унинг қорни қаппайиб, қўриққа муҳтож вақтида бундай йўқ бўлиб кетиши сира ақидасига сиғмади.
Кўзларидан кундуз кунлари ҳам ўт чақнайдиган, борлиқ вужудидан куч ёғилиб, урғочи мушук зоти борки, бир қараганда эс-ҳушини оғдириб ташлайдиган Арслон янглиғ шижоатли бу ёш мушук билан ўрталаридаги яқинликдан, ўзига мустаҳкам суянчиқ борлигидан Қора мушукнинг ҳам юриш-туришида киброналик, ўзга бир жозиб навозишлик пайдо бўлди.
Суюклисининг оқ оралаган кўкрагига бошини қўйиб қуёшламада эркаланиб ётишини кўрган қай бир ғаламислар ҳасаддан ўзларини қўярга жой тополмай, тонггача миёвлашганлари сари Қора мушук аввалгисидан ҳам кўркамлашиб, наинки ўз ҳудудидаги, балки олис-яқин ўрамлардаги эркак мушукларнинг юрагига ўт солар, уларнинг бу ўрамга яқинлашишга юраклари бетламаганидан ўзини янада маснади маъво сезар, ташқари боғ-роғларни суюклиси билан айлангиси келар, негаким у ҳар қандай ман-ман деган мушукниям бир ҳамлада ғажиб ташлашга қодир. Чиройли, келишган, қувватлини севиш ҳамиша иккинчи томонни азобга солган. Қора мушукнинг хўрлиги келди.
Бу вақтда Арслондай шижоатли мушукнинг аҳволи чидаб бўлмас даражада хароб эди. Аралашмаса балки ҳеч гап йўқ эди. Ақли ноқислик қилди. Суюкли қора мушуги олдида тинчгина мизғиб ётган эди. Не бўлдию ён девор тепасида ўзидай чайир, бироқ сал ёшроқ мушук унинг оромини бузди. Аввал ҳам уни бир-икки бор кўргандай эди, аммо бу ерда нима қилиб юрганига онги етинқирамай, хириллаб қўйди. У кекирдагингни кўпам чўзаверма, дегандай кучлироқ хириллади. Арслондай шижоатли мушук аста ўрнидан туриб, хўмрайганча унга яқинлаша борди. У девордан тушиб қочди, бу қувди. У эски уйнинг томи усти билан қочиб қай бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлди. «Ҳаҳ, қўлимга тушарсан», дея бўйнини осилтирганча қайтаётган эди, бошқа бир пастак том устида оғзида жўжа билан барваста бир мушук пайдо бўлди. Демак, жўжа ўғирлаб, қавмига иснод келтиряпти.
Арслон шижоатли мушукнинг ҳайвонлик қонида ўғри мушукка нисбатан ғазаб уйғонди ва бехосдан унга ташланди. Ўғри мушукнинг кучи етмаслигига кўзи етдими, оғзидаги жўжани ташлаб қочди. Жўжа потирлаганча том устида чийиллай бошлади. Ана шунда бизнинг қаҳрамоннинг баъзи махлуқларга хос бўлмаган раҳмдиллиги тутиб кетди ва жўжани оғзига қисганча ўғри мушук чиққан том тешигидан пастга, товуқхонага тушди. Жўжани ўз қавмига қўшиб энди томга ирғайман деганида Исфандиёр неча кунлардан бери ўғри мушукни тутиш учун тайёрлаб қўйган мосламаси билан хиппа босиб ушлади.
Одамнинг қўлига тушган ҳар қандай ҳайбатли ҳайвон ҳам бирпасда таноби тортилиб, мулойимлашиб қолади. Қазноққа тортилишидан бехабар арслон шижоатли мушук қилган яхшилиги учун мукофот олиши ўрнига бу қадар оғир жазога тортилиши етти ухлаб тушига кирмаган эди.
Исфандиёрнинг кўзлари қонга тўлди. Мушукни тўрга солиб товуқхонадан ташқарига олиб чиқди-да, ҳар эҳтимолга қарши керак бўлиб қоларсан дея деворга суяб қўйган болтани қўлига олди. Жон ҳолатда типирчилаётган, дарғазаб мушукни кўз очиб юмганча тўрттала оёғини чопиб ташлади ва боғ девори ортидаги ялангликка улоқтирди. Шундаям унинг кўнгли жойига тушмади.
— Чакки қилибсиз, бир-икки жўжани деб мушук бечоранинг жонини қийноққа солибсиз. Қайси бир авлиё этагида ухлаб ётган мушукни уйғотмаслик учун, пешини кесиб ўрнидан турган экан, дейдилар. Чакки қилибсиз, дадаси.
Зарнигорнинг сўзлари оғзида қолди.
— Ўғри мушукнинг жазоси шу! Мен авлиё эмасман.
— Биратўла ўлдириб қўяқолсангиз ҳам бўларди.
— Бировнинг молига кўз тикканга бу ҳам оз.
Зарнигор эрига гап уқтириш бефойдалигини билганидан бошқа индамади. Юрагининг туб-тубидан мушукка ачиниши баробарида қандайдир нохуш ғам-сириштликдан унинг эти жунжиккандай, андак саросималаниб турди.
Исфандиёр улкан савашда катта бир жасорат кўрсатиб қўйгандай жўжаларга дон сепди, ненидир хиргойи қилиб, ҳозиргина содир этган хунрезликда ҳақиқат у тарафида эканлигига ўзини ишонтирмоқчи бўлар, жўжаларини кўз қорачиғидай асраш, улар жонига қасд қилувчи ҳар қандай душманниям янчиб ташлашга камарбасталигини намойиш этиш учун анчагача товуқхонадан чиқмай айланиб юрди.
Қора мушук суюклисини ортиқ кутишга тоқат қилолмай, керишибгина ўрнидан қўзғалди. Кўча бошида қай бир жинсдошининг анойи миёвлашидан сесканиб, асаблари таранглашди. Унга бошқа бир мушукнинг фарёдли миёви қўшилишидан қавмига оғирроқ фалокат оралаганидан юраги гурсиллаб ура бошлади. Эгалари эшикларини очган бўлсалар ҳам ичкарига киришга, бирор нарса тамадди қилишга рағбати бўлмади, бир-бир одим ташлаб кўча томон кетди. Ташқарига чиқибоқ бир қарашда англадики, нотинчлик шунчаки сабукмас, улкан фожианинг ҳиди келаётганидан қадамини тезлатди. Қавми орасида энг кекса Ола мушук йўлида пайдо бўлди-да, бошини осилтирганча уни фожиа содир бўлган жойга эргаштириб кетди.
Дунёда биз билиб-билмаган сир-синоат бисёр экан. Ҳар тарафдан йиғила бошлаган катта-кичик мушуклар бошларини осилтириб, ҳар ер-ҳар ерда чўккаладилар. Тўрт оёғидан қон оқиб, у ёқдан-бу ёғига зўр бериб ағдарилишга уринаётганидан хижолатланибми, Арслон шижоатли мушук бу мудҳиш фожиада ўзининг бегуноҳлигини қавмига англатмоқ учунми, талвасага тушмай, ҳар қайсига ёлворишнишин боқмай, аста кўзларини юмди. У ожизлигини кўрсатмаслик учун не қиларини билмай, кўзларини қайта очиб осмонга тикилди. Атрофида дўсту душман баравар, қай бирлари ун чиқармай, қай бирлари энди ҳис-ҳаяжонига эрк бериб, уввос солиб йиғлаётганидан хўрлиги келди. Қора мушукка мен беайбман, дегандай жовдираб боқди.
Қора мушук учун ҳозир унинг айбли, айбдормаслиги эмас, оёқларидан тинмай қон оқаётган вафодорининг бу аянчли аҳволига кўмаклашиш дарди устун эди. У жон ҳолатда суюклисини ялаб, юлқай бошлади. Унинг тўрт оёғини бараварига ялаб, дардига малҳам бўлмоқлик илинжида ўзини ўнғайлади, кейин оғирини ташламай бағрига босди. Кекса мушук ишораси билан бари мушуклар тарқала бошлади. Ёшроқ, жаҳлдор мушуклар Исфандиёрнинг товуқхонаси устига чиқиб, бири олиб, бири қўйиб, намойишкорона миёвлашди.
Қора мушук майиб суюклисини беозоргина юнгидан тишлаб, овлоқроқ жойга судраб борди. Қон аста сизаётган оёқларини ялади, ўпди. Қон бироз тўхтагани билан оғриқ зўридан инграй бошлаган ёрига қандай ёрдам қилишини билмай тўрт тарафга аланглайди, нажот излайди. Кўмак истаб, эгалари олдига кетса бунинг ҳоли не кечишига ақли етмайди. Унинг қулоғига нелар деб шивирлади. Мушук тилини мушук тушунади. Арслони бошини ирғагандай бўлди. У аста уйи томон кетди. Ҳамишаги батартиб уйда унинг афтода ҳолига эътибор қилишмади. Ҳар кимнинг олдига бориб, ёрдам истар қарашлари билан боқди, лекин одамларнинг ҳам наинки ҳайвон зотига, балки ўзи-ўзлигигаям ҳа деганда қайишавермаслик дардига гирифтор бўлаётган бир вақтда Қора мушукнинг одам наслидан хафа бўлиши ноўрин эди. Ўзининг ризқидан бир тишламгина нонни оғзига қисганча Арслони олдига шошилди.
Ҳолдан тойганча хириллаб ётган муҳаббатига тик боқолмади. Кўзларидан ёш ўрнига оқаётган қонни тўхтатолмай, унинг оқ оралаган кенг кўкрагига бошини қўйди. Шунда Арслонининг кўзларидан илк бор ожизлик ёшлари сизиб чиқа бошлади. Қора мушук учун энди бу энг оғир жазо эди. Осмонга қараб нидо қилди.
Ўғри мушукдан қутулдим, энди бирор махлуқот товуқхона тугул, боғ девори олдига яқинлашолмайди, деб Исфандиёр нотўғри ўйлаган экан. Қайтага энди унинг ҳаловати батамом бузилди. Ҳар тусдаги мушуклар дастидан боши балога қолди. Ҳар куни қоронғи тушгандан тонг оқаргунча улар навбатма-навбат келиб қулоқларни батангга келтириб чинқиришади. Томдан-томга сакрайвериб қўни-қўшниларниям озорга қўя бошлашди.
Бир оқшом Исфандиёр ёмон туш кўрди. Ёнида кимсасиз тандир гуриллаб ёниб ётибди. Олови осмонларга ўрлаб, қоронғи дунёни ёритиб, ён атрофга қутқу солади. Қаердан ҳам кўкракларига оқ оралаган чайир бир мушук пайдо бўлди. Оғзида недир бор. И-е! Исфандиёрни ўзи-ку! Англолмади, мушукни биров қувдими, ё биров унга тош отдими, бирпас тандир устида муаллақ турди-да, Исфандиёрни олов ичига ташлаб юборди. «До-о-од!», деганча уйғониб кетди.
Исфандиёр ўрнидан оғир қўзғалди. Нохуш туши таъсириданми, ўзини ёмон ҳис этганча аста турди ва ҳар кунгидай эрталабки одатини тарк этмади. Товуқхона тарафга йўл олди. Иккита жўжанинг бўғизланганини кўриб фиғони фалакка ўрлади. Энди у чўқмор таёқ ясаб мушук зотига қирон келтириш учун тайёрлик кўра бошлади.
Мушуклар буни сезишдими, қасдма-қасдига кўпайгандан-кўпайиб, Исфандиёрнинг батамом тоқатини тоқ қила бошлашди. Шу оқшом қоронғи тушиши билан Исфандиёр чўқморини кўтариб жадаллик билан томга кўтарила бошлади. Фалокат оёқ остида деганлари тўғри экан, шу оқшом аксига олиб, Ой булутлар ортига яширинди. Шошганда лаббай топилмас деганларидай, бир ёнда мушукларнинг чинқириғи, бир ёнда жўжаларнинг безовталиги, ён қўшни итининг вовуллаши асносида Исфандиёр томга чиқдим-чиқдим деганда шоти қийшайиб, тик бўйи бетон йўлакчага йиқилди. Жон ҳолатда «До-о-од!», дея қичқирди. Мушукларниям, итниям овози ўчди. Худди унинг йиқилишини кутиб тургандай атрофга оғир жимлик чўкди.
Мана неча кундирким, Қора мушук Арслони олдидан кетмай азобларини тенг тортяпти. Қай бир мушуклар келиб далда бергандай айланиб-айланиб кетишади, бирлари узоқ ўтириб қолади. Бу оқшом Қора мушук учун энг оғир кечди. Арслони узоқ ингради ва батамом ҳолдан тойди. Булутлар орасидан бир кўриниб, бир кўринмай кетаётган Ой шуъласидан унинг нурсиз кўзларига боқиш нақадар оғирлигидан қаттиқ эзилди. Суюкли вафодори охирги марта бир «хиҳ», дедию жон берди. Уфқ юзи бир ёришиб, сўнди.
Исфандиёр бақириб-бақириб, гоҳ ҳушига келди, гоҳ ҳушидан кетди. Ичкарида телевизорни қаттиқ қўйиб ўтиришган бўлишса керак, унинг фарёдини ҳеч ким эшитмади. Бир вақт қараса айвон ўртасида ётибди. Оқ халатли эркагу аёл устида парвона бўлиб, укол қилишяпти. Зарнигор, болалари атрофида гирдикапалак. Кўп қон йўқотибди, деганларини элас-элас эшитди. Исфандиёр яна ҳушидан кетди.
Исфандиёрни шифохонага олиб кетишди. Бировлар тўртинчи қаватдан йиқилиб лат емаганда, Исфандиёрнинг бир қаватчаям келмайдиган, бешоти чиқса ҳам бўладиган томдан йиқилиб, ўнг қўли билан ўнг оёғи синганига, чап қўли билан чап оёғи қаттиқ лат еганига ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди.
Азалдан жонсарак, ҳовлиқма одамга дард ёпишмасин, бир азоби ўн чандон бўлиб бораверар экан. Муздек сув сўрайди. Ютоқиб ичмоқчи бўлади, ичидаги олов бир қултумгина сувниям ёндириб юборади, нафаси ичига қайтиб, анчагача ўзини ростлай олмайди. Жон талвасасида қийналаётганини кўрган аёли қандай ёрдам беришни билмай тўрт тарафга бошини уради. Исфандиёр «Эй Азроил, жонимни олақол!» — дея хитоб қилишга ҳоли келмайди.
Олти ой деганда бандаликни бажо келтирди. Шу оқшом қаро тун қўйнида кўтарилган шамолнинг қаттиқ гувламаси Исфандиёр хонадонидан чиққан йиғи сасини олис-олисларга олиб кетди…
Жанозага кўп одам йиғилди. Таниш-билиш, қариндош-туққан, ёр-биродарлар мотам тутишди. Ёш кетганига ачинишди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғаройиб ҳодисанинг гувоҳи бўлишдан бехабар оломон ичкаридан майитни олиб чиқишларини кутиб ўтиришди. Майит қўйилгач, имом орқасига ўгирилиб, азадорларни сафда туришга даъват этиб, жанозани ўқиш учун олдига қаради-ю, ҳайратдан тили калимага келмай, очиқ кафтларини қулоқлари орқасига олиб борганча муаллақ қолди. Тобут устида ўтирган Қора мушукни кўриб эсдан оғишига бир баҳя қолди.
Оломон аввалига не гап бўлганига тушунмади. Бирдан бошланган шивир-шивир, бир-бировини туртиб англатаётган бу даҳшатли хунталабликда Исфандиёр тобути устида ҳукмдордай ўтирган Қора мушук важоҳатини кўрган одамлар ҳайратдан ёқаларини ушладилар. Оломон «астағфурулло», деб оғир гувранди. Бирор киши Қора мушукни майит устидан ҳайдашга ботинмади.
Қора мушук «қайтар дунё бу», дегандай атрофга бирров боқиб турди-да, тобут устидан аста тушиб, қибла девор томонга бир-бир оёқ босиб кетди. Муюлишдан бурилиб, кўздан ғойиб бўлди. Майдон бўйлаб имомнинг зори нолони янгради:
— Аллоҳу Акбар!..