1.
Момохолнинг тўйи бўладиган бўлиб қолди.
Ай, Момохолнинг кўнгли Эшимқулда эди-да.
2.
Қош қорайганда аммасиникига борди Момохол.
Амманинг боғи Эшимқулларнинг боғи билан туташ бўлди.
Аммасини ухлатиб боққа чиқди Момохол.
Аллақачон боғда бўлди Эшимқул.
3.
– Энди нима қиламиз, Момохол?
– Билмайман, Эшимқул, билмайман.
– Энангга айтмадингми, Момохол?
– Қайси тил билан айтаман, Эшимқул? Ўзинг-чи?
– “Шу пайтгача қайси гўрда эдинг?”, деди энам. “Энди борганимиз ўлганимиз”, деди. “Икки қишлоқди қонга ботирганинг қолади, Жўра қассоб қизини сенга барибир бермайди”, деди энам. “Отангга айтмай қўя қолай, сен ҳам энди Момохолди унут, ичингдаги ичингда қолсин, бировга оғзингдан чиқарма”, деди.
– Ҳа, отам мени сенга бермайди. Мендан кечар, энамдан кечар, аммо отам Тилов жўрасидан кечмас.
4.
Жим-жим сўзлашдилар иккиси. Бир сўз демай сўзлашдилар.
– Наҳотки бу кеча энг сўнгги кеча бўлса? – сўради Эшимқулнинг кўзлари.
– Қараб қолинг, менга тўйиб қолинг, – деди Момохолнинг кўзлари. – Мени эслаб қолинг. Ҳа, бу сўнгги кеча.
– Муҳаббатимиз тугайдими шу билан? – сўради Эшимқулнинг кўзлари.
– Муҳаббатимиз ўлсак тугайди, – деди Момохолнинг кўзлари.
– Унда қачон бирга бўламиз? – сўради Эшимқулнинг кўзлари.
– Қиёматда бирга бўламиз! – деди Момохолнинг кўзлари.
– Қўйиб юбормайман сени, – деди Эшимқулнинг қўллари.
– Алвидо! Энди сизнинг тафтингизда исиниш бизга ёт, – деди Момохолнинг қўллари.
– Қўйиб юбормайман сени, – деди Эшимқулнинг қўллари.
– Энди биз бегона бўлдик, – деди Момохолнинг сочлари. – Бу дунёда армон энди сизнинг силаб-сийпашларингиз.
5.
Қуёш деганлари бунча шошқалоқ.
Бирпасда дунёни бир айланиб келди-қўйди.
Кетар бўлди Момохол.
Икки томчи ёш бўлди Момохолнинг кўзида.
– Мен нима қилай Момохол?
– Тўйга борма, Эшимқул!
– Яна нима қилай, Момохол?
– Мени яхши кўрганингни бировга айтма, Эшимқул!
– Яна нима қилай, Момохол?
– Мени унутма, Эшимқул!
– Сени унутмайман, Момохол!
– Мен ҳам сени унутмайман, Эшимқул!
– Сени яхши кўрганимни бировга айтмайман, Момохол!
– Сени яхши кўрганимни мен ҳам бировга айтмайман, Эшимқул!
6.
Момохолнинг тўйига бормади Эшимқул.
Момохолни яхши кўрганини бировга айтмади Эшимқул.
Эшимқулнинг Момохолни яхши кўрганини бировга айтмай дунёдан ўтиб кетди Эшимқулнинг энаси.
Эшимқулни яхши кўрганини бировга айтмади Момохол.
Момохол билан Эшимқулнинг сирини билган одам қолмади бу дунёда.
7.
Эшимқулни яхши кўрганини бировга айтмай бешта туғди Момохол.
Эшимқулни яхши кўрганини бировга айтмай беш боласини уйли-жойли қилди Момохол.
Момохолни яхши кўрганини бировга айтмай уч ўғил уйлантирди Эшимқул.
Момохолни яхши кўрганини бировга айтмай уч қиз чиқарди Эшимқул.
Момохол бўлар жойларга бормади Эшимқул.
Эшимқул бўлар жойларга бормади Момохол.
Тасодиф учраштирган кезлари Момохолга бир сўз демади Эшимқул.
Тасодиф учраштирган кезлари Эшимқулнинг юзига боқмади Момохол.
Жим-жим сўзлашдилар ушмундай чоғларда.
Нигоҳлар пинҳона-пинҳона сўзлашдилар ушмундай чоғларда.
– Яхши юрибсанми, Момохол? – бўлди сўрови нигоҳларнинг.
– Шукур, бир нави, – бўлди жавоби нигоҳларнинг. – Ўзинг эсон-омонмисан, Эшимқул?
– Юрибман, тупроқни босиб. Тупроқ мени босиб қолмагунча сени ўйлайман, Момохол.
– Айб бўлади, Эшимқул, айб бўлади. Энди мундай дема-да.
– Ўзинг мени ўйламай қўйдингми, Момохол?
– Кўрадиган тушларимдан ўзим уяламан, Эшимқул. Нуқул тушимга аммамнинг боғи киради, Эшимқул.
– Аммангнинг боғига бор-да, бўлмаса, Момохол?
– Гапирма, Эшимқул, айнибсан. Энди бора қол, анави Гулсаранг кутиб кўзи тўрт бўлгандир?
– Рашк қилма-да, энди, Момохол.
– Нимасига рашк қиламан, Эшимқул? Сен уни яхши кўрмайсан-ку?
– Сени мен рашк қиламан, Момохол.
– Уят бўлди-ей, Эшимқул.
– Майли-да, Момохол.
Шунча гапни айтган Эшимқулнинг нигоҳлари Момохол томонга боқмайди.
Шунча гапни айтган Момохолнинг нигоҳлари ердан узилмайди.
Номаҳрам-да, энди Момохол.
Номаҳрам-да, энди Эшимқул.
8.
Эшимқулни яхши кўрганини бировга айтмай чолини ерга топширди Момохол.
Момохолни яхши кўрганини бировга айтмай кампирини ерга қўйди Эшимқул.
– Кексайганда ёлғиз қолди, шўрлик, – деди ўзига ўзи Эшимқул.
– Ёши бир жойга борганда тан маҳрамсиз қолди, бечора, – деди ўзига ўзи Момохол.
Момохолдан ҳол сўрашга тил бўлмади Эшимқулда.
Эшимқулдан ҳол сўрашга бет бўлмади Момохолда.
Номаҳрам эди-да, энди Момохол.
Номаҳрам эди-да, энди Эшимқул.
9.
Давлат кексаларнинг нафақасини оширди.
Икки баравар ошиб кетди Момохол момонинг нафақаси.
– Бизларники ярим баравар ошди, – деди Розия ошпаз. – Момохол момоники икки баравар ошибди.
– Бундай бўлиши мумкин эмас, – деди Ҳалима аттор. – Буни бир текшириб кўриш керак.
– Сизларга ўхшаб бир умр енгил иш қилмадим, – деди Момохол момо. – Эркаклар билан баб-баравар деҳқончилик қилдим. Бешта бола туғдим. Ҳаммасини ҳисобга олади-да давлат.
Етти йил оширилган нафақани олиб юрди Момохол момо.
Етти йил Ҳалима аттор билан Розия ошпазга ўхшаган момоларни “куйдириб юрди” Момохол момо.
Текшириб ҳам келди Ҳалима аттор.
– Бизларники билан бир хил экан, сал кўп-у, икки баравар эмас экан, – деди Ҳалима аттор.
– Бўлмаса Дилмурод пўшта нимага Момохол момога бунча кўп пул беради? – сўради Розия ошпаз.
– Энди буни Дилмуроддан сўра!
– Сўрайманам!
Сўради.
– Биров билан нима ишларингиз бор. Борига шукур қилиб, давлат берганини олиб еявермайсизларми? – деди Дилмурод. – Сизлар олган нафақани олий маълумотли муаллимлар мактабда эртадан кечгача ишлаб ҳам ололмаяпти-ку?
Шукур қилишди. Жим бўлишди.
Момохол момо ҳам бир сўраган эди Дилмурод терсроқ жавоб берди:
– Узумини енг-у, боғини сўраманг-да, момо!
Қайтиб сўрамади Момохол момо.
10.
– Эшимқул бобонинг мазаси қочиб қолибди!
Бу гапни эшитгунча том босса бўлмасмиди Момохол момонинг қулоқларини?!
Ҳаловат қолдими Момохол момода? Ором қолдими Момохол момода?
Қани, бир бориб ҳол сўрашга журъати етса, Момохол момонинг.
Қани, бирровгина кириб, “Мендан рози бўл, Эшимқул!” дейишга ўзида куч тополса Момохол момо.
Ҳалима аттор билан Розия ошпазга ўхшаган момолар бориб рози-ризочилик сўраб келишди Эшимқул бободан, аммо биргина Момохол момо боролмади у ерга.
Момохол момода бет бўлмади Эшимқул бобонинг уйига биргина киришга.
Тинчи йўқолди Момохол момонинг.
Борганлардан сўрайди Эшимқул бобонинг ҳолини.
– Аҳволи тузукмикан?
– Овқат еб турибдимикан?
– Болалари хабардор бўлиб туришибдимикан?
11.
Бир ҳафта туз тотмади Эшимқул бобо.
Бир ҳафта кўзи эшикда бўлди Эшимқул бобонинг.
Бир ҳафта келган-кетганнинг ичидан бировни қидирди Эшимқул бобонинг кўзлари.
– Бировга ичиккан кўринади, – деди мулла Сафар бобо. – Келолмаган бирорта қариндошларингиз бўлса чақиринглар!
Ҳамма қариндош келди ҳамки, кўзлари жойига тушмади Эшимқул бобонинг.
“Кампирини ахтарди”, дейишди момолар.
Эшикка термулиб жони узилди Эшимқул бобонинг.
Кўзида икки томчи ёш билан кетди Эшимқул бобо.
Кимни ахтарганини бировга айтмай дунёдан ўтди Эшимқул бобо.
Келинлари кўк кийди Эшимқул бобонинг.
Қизлари кўк кийди Эшимқул бобонинг.
12.
Ҳеч кимга билдирмай қора кийди Момохол момо.
Ҳеч кимга билдирмай аза тутди Момохол момо.
Эшимқул бобонинг уйи тарафга қараб-қараб йиғлади, Момохол момо.
Аммасининг боғига қараб-қараб йиғлади, Момохол момо.
Кимга йиғлаганини бировга айтмади, Момохол момо.
Кимга қора кийганини бировга айтмади, Момохол момо.
13.
– Момохол момонинг нафақасини камайтиришибди, – деди Ҳалима аттор.
– Нимага ундай қилишибди, биздан ортиқча олса ҳам майли эди, ким камайтирибди? – деди Розия ошпаз.
– Бунисини энди Дилмурод пўштадан сўрайсан.
Сўрашди.
– Биров билан нима ишларингиз бор-а? – деди Дилмурод. – Шу момойларни тушунмадим-да, бировга кўп берсанг ҳам кўнмайди, кам берсанг ҳам кўнмайди.
Сўрамас эди-ю, шу Розия ошпазнинг қистови билан сўради Момохол момо ҳам.
– Энди оширилган нафақанинг манбаси узилди, – деди Дилмурод. – Сиз ҳам борига шукур қилиб, эл қатори олаверасиз энди, момой.
– Сал тушунтириб гапир-да, болам? Манбаси деганинг қаер?
– Манбаси деганим сизга оширилган нафақани бериб турадиган одам эди. Ана шу одам кетди, момой.
– Яна топишмоқ қилиб гапирасан-а, болам. Ким эди у, айт-да, мундай!
– Бу давлат сири, айтиб бўлмайди, Момохол момо.
– Мениям сафарим қариган, болам, – кўзи ёшланди Момохол момонинг. – Айт, билиб кетай, менга ким шунча йил меҳрибонлик қилган экан.
Ўйда қолди Дилмурод.
Охири ёрилди Дилмурод.
– Бировга айтмайсан, деган эди-ю, аммо анави гапингиз бошқача бўлди, момой, айтсам айтай. Етти йил давомида бир киши ўзининг нафақасини олмай, сизнинг нафақангизга қўшиб беришимни тайинлар эди. Етти йил икки кишининг нафақасини олиб юрдингиз. Ўзингиз ўйлаб топинг-чи, ким бўлиши мумкин шу одам? Аммо мен ҳали бундай мард одамни кўрмаганман. Бировга билдирмади. Менинг ҳам “Оғзимдан чиқармайман”, деган ваъдамни олган эди.
Изиллаб йиғлайверди Момохол момо.
– Билдингиз-а, момо, кимлигини?
– Илоҳи, жойи жаннатда бўлсин! – дуо қилди Момохол момо. – Жойгинаси жаннатда бўлсин!
– Жойлари жаннатда бўлсин, Эшимқул бобонинг, – деди Дилмурод.
14.
Ай, муҳаббат ёшларда бўлади, деманг-да, ошна.
Муҳаббат кинода бўлади, деманг-да.
Муҳаббат китобда бўлади, деманг-да, энди.
Бобойларда муҳаббат нима қилади, деманг.
Момойларда муҳаббат нима қилади, деманг-да.
Ундай деманг-да, ошнажон, ҳеч ундай деманг!
Ундай десангиз Эшимқул бобонинг руҳи чирқиллайди-да.
Ундай десангиз ҳеч кимга билдирмай Жаласойнинг қабристонидаги Эшимқул бобонинг мозорига етти йилдан бери гул қўйиб келадиган Момохол момомиз иккимиздан ҳам хафа бўлади-да, ошна.
Йўқ, ундай деманг!