Каримберди Тўрамурод. Биринчи муҳаббатим (ҳикоя)

Афғон уруши қатнашчиларига бағишлайман

Ургутга ҳофиз келармиш.
Муҳаммаднинг баданида чумолилар юриб ўтди. «Миш–мишдир? Катта–катта шаҳарлар туриб, ҳатто Са-марқанд қолиб, бизнинг Ургутда ҳофиз концерт берармиди? Ҳа, миш–мишдир? Одамларам қизиқ–да. «Бо-ласи йўқ эмиш», дейишарди, ўғиллари, қизлари бор экан. «Маккада онаси ўлибди», дейишди, тўқсонга бо-рибди, соппа–соғ экан. Ҳофизнинг ўзини ҳам неча бор ўлди деб, қамалди деб гап тарқатишди, бари ёлғон чиқди.
Йўқ. Ургутга келмайди. Бари миш–миш».
Эрталаб туриб Ургутга жўнади.
«Ё, қудратингдан! Рост экан! Наҳотки?! Наҳотки, ҳофизнинг ўзини кўрсам? Ўз оғзидан қўшиқларини эшит-сам? Балки ўнг келиб қолса қўлларини сиқиб кўришарман ҳам?!»
Иккита чипта олди.
«Хотиндиям опкеламан. Бир кўриб қўйсин артисти эркагини».
Хотини роса саннади.
«Иккита билетти пулига бир қоп ун бераймиш. Тавба. Бу ҳали билмайди–да бир қоп унни пулига кимни кўришини».
Ёнбошлаб олиб чой ҳўплар экан ҳофизни қандай танигани кинодай ёдига келди.
***
Ўшандаям шом тушаётган эди. Лекин тасаввурида ботаётган қуёш ҳам қонли, осмон ҳам, теварак атроф ҳам қип–қизил қонга бўялган эди. Унинг ўзи ҳам қонга беланган, чап оёғининг тиззасидан пастда ярим қа-ричча суяк осилиб қолган, ундан шовуллаб қон оқарди. Ўзини гоҳ билиб, гоҳ билмаётган Муҳаммад маши-наси минадан порт¬лаб, йигирма метрча нарига учиб кетганини, душманлар чапдаги бутазор ичидан ўқ ёғдир-ганларини, ҳамроҳлари БТРга чопиб ўтишганини, кимдир «Муҳаммад қолди, уни олиш керак», деганда лей-тенантнинг русчалаб сўкингани ва «Уни деб ҳаммамиз қирилиб кетамиз, кетдик» деганини, БТР узоқлаб кет-ганини зўрға эслади. Кўйлагини йиртиб ярадор оёғини тиззасининг юқорисидан сиқиб боғлади–ю, яна ҳуши-ни йўқотди.
Ҳушига келганда тун чўккан, атроф сокин, осмонда юлдузлар пайдо бўла бошлаган эди. Қаердандир қўшиқ эшитиларди. «Биринчи муҳаббатим».
Ҳофиз авж пардаларда нола қиларди:
Йўлин йўқотса одам муҳаббатга суянгай,
Чорасиз қотса одам муҳаббатга суянгай,
Fуссага ботса одам муҳаббатга суянгай,
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим.
«Фаррухларнинг уйидан келаётган бўлса керак. Дадаси Ҳофизни яхши кўради. Доим баланд қилиб қўйиб қўяди магнитофонларини».
Муҳаммад Фаррухларнинг уйидан минглаб чақирим олисда эканини билмай, бегона юрт, бегона ерларда эканини англамай, қўшиқ эшитилаётган томонга қараб тинмай судралаверди. Қўшиққа етиш эса қийин эди. Машаққат эди.
Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўрибман , бор дунёни унутдим.
Судрала–судрала қўшиққа етганда уни тинглаб ўтирганлар «Фаррухжон» деб чақириб, ҳушидан кетган Муҳаммадни кўриб шошиб қолишди. Нуқул «Шўравий, шўравий», деб чуғурлашарди. Муҳамамад ҳушига келганда уни ўттиз–қирққа яқин болалару қариялар, юзини беркитган аёллар томоша қилишарди.
Бу афғонларнинг ўзбеклар яшайдиган Сарбозор деган қишлоғи, ҳовли эса қишлоқ оқсоқоли Абдулрауф исмли олтмишга борган бир кишининг ҳовлиси эди.
Саҳарга яқин Муҳаммадни кўргани уч киши келди. Муҳаммад уларни кийимлариданоқ дарров кимлигини билди. Отишмаларда кўп кўрган уларни.
«Душманлар».
Уларнинг каттаси бўлса керак, салла ўраган серсоқол киши қолганлари билан анчагина мунозара қилгач, Муҳаммадни яна бир бор бошдан оёқ кузатиб чиқди ва деди:
— Мажруҳ будааст. Ки мебардорад?
— Даркор нест. Даф шавад, — ижирғанди ёшроғи.
Каттаси ўгирилиб, қирқ ёшлардаги шеригининг қулоғига нимадир деди–ю, чиқиб кета бошлади. Буниси юзига фотиҳа тортди ва белидаги қўш тиғли пичоғини суғуриб, Муҳаммаднинг тепасига келди.
«Қўйдай сўйилиб кетар эканман–да. Эй, Худо, ўзинг сақла».
Муҳаммад дир–дир титрай бошлади:
— Ло илоҳа иллоллоҳ!
— Ту аз кужо, эй шўравий? — сўради жаллод.
— Аз Самарқанд.
— Номат чист?
— Муҳаммад.
Унинг исмини эшитган, дарвозага яқинлашиб қолган душманларнинг каттаси «Биист!» деб бақирди. Жаллоднинг қўли ҳавода тўхтади. Катта шерикларига нималардир деди. Муҳаммаднинг бошига келиб, унинг исмини қўшиб баланд–баланд гапирди–ю, оқсоқолни чақириб, унга топшириқлар берди ва ҳаммалари чиқиб кетишди.
— Отинг Муҳаммад бўганга Аллога шукри қил! — деди Абдулрауф оқсоқол, — Боз шукри қилки, бу кел-ган Ҳожихон эшон, Муҳаммад алайҳиссаломнинг авлоди, қорий. Сан бачага исмингни ҳурматидан раҳме қилде.
— Худога шукр, — ингради Муҳаммад.
— Боз айтдике, табиб юборадилар, у сани оёғингни даволайди.
— Кейин–чи? — сўради Муҳаммад.
— Сани бизди бачаларга алмаш қиладилар.
Табиб деганлари тушда келди. У Муҳаммаднинг оёғини тиззасидан кесиб ташлади ва маҳкам боғлаб қўйди. Табиб бир ойдан зиёд Муҳаммаддан хабар олиб турди. У ўз ишини пухта қилар, асбоб–ускуналари ҳам жуда замонавий, бари чет элники эди. Муҳаммад бир марталик шприцларни ҳам илк бор шу ерда кўр-ди. Табиб ҳеч ҳам гапирмас эди. Охирги келишида Муҳаммадга қўлтиқтаёқлар олиб келди. Уни юришга имо қилди. Беш–олти қадам қўйган Муҳаммаднинг елкасига қоқиб ёт тилда бир нималар деди–ю, «О’кей» деб чиқиб кетди.
***
Орадан олти ой ўтди. Муҳаммад қишлоқнинг пасту–баландини ҳам ўрганиб олди. Кундузлари уни ташқарига чиқаришмаса–да, шомдан кейин Абдулрауф аканинг ўн ёшли ўғли Абдулқодир билан қишлоқни айланиб келишга рухсат беришарди. Абдулрауф ака Муҳаммадга намоз ўқишни ҳам тўлиқ ўргатган, ҳатто, жума кунлари ўзи билан бирга масжидга ҳам олиб чиқарди. Аммо қишлоққа совет солдатлари келган вақтларда уни жуда эҳтиёт қилиб беркитишарди.
Кўпинча ўрис зобитлар келиб қуроллар, ўқ–дорилар, озиқ–овқатларни Абдулрауфга сотиб кетишар, қурол–аслаҳалар дарҳол тоққа жўнатилар, ўрнига наша, Америка пуллари олиб келинарди.
Оқсоқол совет зобитлари учун ҳам, уларнинг тарафдорлари бўлган «Афғон коммунистлари» деб атал-миш Афғон армияси командирлари учун ҳам, уларнинг душманлари бўлмиш жангарилар, уларнинг бошлиқлари — «дала командирлари» учун ҳам ҳурматли киши эди.
Бир қозондан овқат ейдиган Абдулрауфнинг ўттиздан ортиқ яқинлари эса қашшоқ мамлакатда хорлик билмай умргузаронлик қилишарди. Оиланинг тўнғич ўғиллари муайян кечалари йиғилишарди. Қизиғи шунда-ки, уларнинг орасида ҳар учала тарафда туриб жанг олиб бораётганлари ҳам бор эди. Абдулрауф ака би-рортасига мутлоқ тарафкаш эмасди. «Бари бир гўр, бари давлатталаш, амалталаш. Манга ким бўлса бўл-син, тинчлик бўлсин. Мардум дон эксин, ишласин, савдо қилсин. Бу не кўргуликки, бир бачам сизларга ишлайди, бири Дўстумга, бири тоққа («жангари» демоқчи), боз битта кичиги Покистон ўтиб кетди. Ҳамма сарсон», дерди оқсоқол.
Абдулрауф ака қизиқ табиатли киши эди. Бир тарафдан ўта диндор, қаттиққўл, шариат қоидаларига қатъий амал қилишларини талаб қиладиган киши бўлса, бир тарафдан Ватанни, миллатини жуда севувчи киши эди. Унинг шеъриятга, санъатга ошуфталиги замоннинг шунча тало¬тўпларида йўқолмаган, Ҳазрат Навоийнинг, Мирзо Бобурнинг, Шоҳ Машрабнинг кўплаб ғазалларини ёд билар, чиройли қироат билан ўқир, ўзи ҳам ғазаллар ёзар, ўзбекча–ю, форсча аралаштириб, ўзига хос хаста овозда ўқир эди. Магнитофон эса кечасию–кундузи деярли тинмай ишлар, Абдулрауф ака нуқул Ҳофизни тинглар эди.
Муҳаммад ҳарбий хизматгача Ҳофизнинг уч–тўрт ашуласини эшитган, лекин у ҳам кўплаб тенгдошлари қатори энди чиққан ёшларни кўпроқ эшитар эди. Ўтган ярим йил давомида у Ҳофизнинг мингдан ортиқ ашуласини такрор–такрор эшитди. Шунча қўшиғи борлигиниям шунда билди. Кўплари ёд бўлиб кетди Муҳаммадга. Абдулрауф ака бомдод намозидан кейин Ҳофизнинг мумтоз ашулаларини қўяр, қишлоқ аҳли «Қаро кўзум», «Муножот», «Куйгай», «Ўландан сўр» каби ашулалари билан уйғонар эди. Абдулрауф акада Ҳофизнинг элликдан ортиқ аудиокассеталари бўлиб, уларда ҳофизнинг илк айтган қўшиқларидан тортиб энг янги ашулаларигача бор эди.
— Буларни қандай йиққансиз, Мулла тоға? — сўрайди Муҳаммад. (У Абдулрауф акани шундай атарди.)
— Э, Расулжон, бачам (у Муҳаммадни исми билан чақирмас, «Исмингиз улуғ исм, алоҳида айтиб бўл-майди» дерди), бу бир ҳавас. Ишқимиз шу Ҳофизга тушган. Кассетларини Ватандан оламан. (Унинг бобола-ри фарғоналик бўлиб, ҳали–ҳануз Ўзбекистонни Ватан деб атарди.) Урушдан олдин Ватанга борганларга айтиб олдирардим. Ҳозир сизди зобитларга айтаман, топиб келишади. Электр бўганга кўрсатайдим. Кўп–кўп видеокассетлариям бор манга. Бундақа Ҳофиз дунёга бошқа келмайди. Бизга бири бор эди, умри қисқа бўлди. Аҳмади Зоҳир эди. Ҳофиздан уни бўйи келаде. Қулоқ солинг!
Магнитафондан Ҳофизнинг дардга тўла овози янгради:
Ҳижрон ҳоким бу дунё асли бир кам яралган,
Наҳот бир муҳаббатга минг бир  ҳакам яралган.
Бахт ярим, қайғу  ярим, айт, не бекам яралган,
Наҳотки эзгуликнинг кўзлари нам яралган?
Қишлоқда турганига саккиз ой бўлди. Ҳалигача  ўша саккиз ойни Муҳаммад асирликда  ё тутқунликда  деб тилга олмас, қишлоқда ё  одддийгина қилиб, Сарбозорда  деб қўя қоларди. У  ерда ўтказган умрига-ям унчалик ачинмасди. Ҳатто, баъзан миннатдор бўлиб эсларди. «Шукрки, ўн саккиз йилда танимаган Хо-лиқимни шу саккиз ойда таниганман. Ҳидоят йўлига кириб, ўшандан бери ибодатдаман. Ўша қишлоқда санъатни тушундим. Ҳофизни таниб, қўшиқларига ошно бўлдим. Абулрауф акадек яхшиларга йўлиқдим. Сарбозорда иккинчи марта туғилганман!»
Муҳаммад қишлоққа анча эл бўлиб қолганди. Уни деярли назорат қилишмас, Муҳаммаднинг ҳам бирор ёққа қараб қочишга рағбати йўқ эди.
«Қўлтиқтаёқларим билан қаергача борардим?»
Қишлоқ аҳли ҳам унга ҳамдардлик билан қарар, кўрганларида илиқ саломлашишар, ҳазил–ҳузул ҳам қилишарди. Абдулрауф аканинг ва оила аъзоларининг самимий муносабатлари важидан қишлоқдагилар ҳам Муҳаммадга Абдулрауф ака хонадонининг аъзоси сифатида муомала қилишарди. Абдулрауф ака эса ўн беш ёшли жияни гўзал Ойшани Муҳаммадга никоҳлаб бериш пайида эди.
«Бир–бирларингизга муносибсизлар. Пайғамбаримизнинг жуфти–ҳалоллари Ойша онамиз эдилар, сизни-киям Ойша бўлсин. Ватанга борсангиз унда худосизлар сизни ё отади ё қамайди. Уруш тугасин, кейин ота–оналарингиз билан ҳам топишиб кетарсизлар», деб Муҳаммадни кўндирмоқчи бўлар, Муҳаммад эса Ватанга қайтиб боришдан умидини узмас, турли баҳоналарни рўкач қилиб, уйланишга унамас эди.
— Ота–онам ризолигисиз уйланмайман!
Муҳаммаднинг охирги баҳонаси шу бўлди. Буни эшитган Абдулрауф ака кўзларига ёш олди. Оғир тин олиб деди:
— Э, Расулжон бачам, ота–она сизга аза очган, жаноза ўқиб, ису–чироқ қилган. Улар тақдирга тан бе-ришган. Сизни кутишмайдиям.
— Бўлмаган гап! — бақириб юборди Муҳаммад. — Мулла тоға, мени кўндираман деб ёлғон тўқиманг!
— Икки ойдан бери айтишга манга забон йўқ, бачам. Эрта кеч Абдулъазиз келади, гаплашасиз, — ўрни-дан турди Абдулрауф ака.
Қобулда Совет қўшинлари қўмондонлигида таржимон бўлиб ишлайдиган Абдулъазиз отасининг илтимо-си билан Муҳаммаднинг тақдири билан қизиққан, қўмондонлик Муҳаммаднинг ота–онасига таъзия изҳор қилиб, ўғиллари жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлганини, уни ўлимидан сўнг орденга тавсия қилишганини ёзишганини аниқлаган, шу хатдан тасдиқланган нусха ҳам олиб қўйган эди. Солдатлар ичидан Муҳаммад-нинг қишлоқдошларини излаган, яқинда Қундузга буларнинг қишлоғидан бир йигит хизматга келганини бил-гач, бориб у йигитни топиб Муҳаммадни сўраган, у эса «Муҳаммад ака Афғонда ҳалок бўлган, қишлоғимиз-даги марказий кўча у кишининг номи билан аталади», дебди. Уйидагилар ҳақида сўраган экан «Отаси, ука-лари соғ–саломат, аммо, онаси Муҳаммад аканинг қирқини берган куни ўлди»,  дебди.
Бу гапларни эшитган Муҳаммад Абдулъазиз олиб келган хатни ўқиб кўрди. Қундуздаги қишлоқдошининг исми–шарифини сўради. «Раҳимов Хурсандмурод». «Ҳа, рост экан. Эшпўлат аканинг ўғли, биздан бир синф пастда ўқирди». Ҳаммасига ишонди.
У узоқ йиғлади. Урушни, уни шу урушга юборганларни сўкди. Онасининг ўлимига сабабчи бўлгани учун ўзини лаънатлади.
Абдулрауф ака узундан–узоқ Қуръон тиловат қилди. Савобини Муҳаммаднинг онасининг руҳига бағи-шлади. Чиқиб кетар чоғи Муҳаммаднинг елкасидан қучиб деди:
— Бачам, бардам бўлинг! Ўйлаб бир қарорга келарсиз.
Улар чиқиб кетишди. Муҳаммад ўз дарду–изтироблари билан ёлғиз қолди.
Бир пайт ташқаридан қўшиқ эшитилди:
Мени кутгил ва мен қайтарман,
Фақат кутгил жуда интизор…
Майли укам, синглим, волидам
Аза очсин мен йўқ туфайли.
Кутавериб сабри тугаган
Ёру–дўстлар, ошналар майли.
Мени  кутгил ва мен қайтарман
Ўлимларни қолдириб доғда,
Иши ўнгдан кепти десинлар
Кутмаганлар бизни у чоғда.
Мени кутгил!
«Мен ҳам қайтаман. Ҳар қандай чегараларни бузиб бўлсаям уйга қайтаман. Майли, қамасинлар, майли, отсинлар, аввал уйга бораман. Эртагаёқ жўнайман. Эртага хуфтондан кейин жўнайман. Аллоҳга таваккал».
***
Муҳаммад жўнай олмади. Ҳожихон эшон шомда келди. Муҳаммадни олиб кетгани келишганини, катта айирбошлаш бўлишини айтишди.
Абдулрауф ака Ҳожихон эшон билан жуда кўп тортишди. Қўллари боғланган Муҳаммад уларнинг баҳси-дан деярли ҳеч нарса тушунмас, аммо Абдулрауф аканинг оғзидан ўз исмини, Ойшанинг исмини эшитгач, гап ўзи ҳақидалигини, Абдулрауф ака ўз ниятлари хусусида гапираётганлигини фаҳмлади. Эшон фақат бош чайқарди. Бир маҳал Абдулрауф ака ўрнидан шарт туриб, ичкари хонадан бир қанча автоматлар, иккита пулемёт, бир белбоғ ўқ кўтариб чиқди. Бошини сарак–сарак қилиб кулимсираб турган Ҳожихон эшонга ти-килиб турди–ю, яна кириб кетиб ичкаридан бир халта пул кўтариб чиқди. Ҳаммасини ўртага уйиб, Муҳам-мадни кўрсатиб, баланд–баланд гапирди. Ҳожихон эшон унинг елкасини силай–силай бир нарсалар деди.
— Сизни Аллоҳ паноҳига олсин, бачам. Ҳожихон ҳеч кўнмади. «Бошим кетади буни обормасам»,  дей-ди. Катталари сизга қизиқиб қолган эмиш, — деди Абдулрауф ака ва Муҳаммад билан уни қучоқлаб видо-лашди. — Бизлар сизга ямонлик қилмадик, бизларни унутманг. Алвидо, бачам! Аллоҳ ҳофиз!
Муҳаммаднинг кўзларини ҳам боғлаб, отга миндиришди. Ўн–ўн икки ёшлардаги бола уни мингаштириб, отни ҳайдаб кетди. Қўллари, кўзлари боғлиқ Муҳаммад шу тариқа бу қишлоқ билан, унинг тақдирида кўп ўзгаришлар қилган, унга қадрдон бўлиб қолган бу мўъжазгина қишлоқ билан видолашиб борар эди. Орқадан, Абдулрауф–Мулла тоғанинг ҳовлисидан қўшиқ эшитиларди. Ҳофиз фиғон чекарди:
Сайдинг қўябер, сайёд, сайёра экан мендек,
Куйган жигар–бағри садпора экан мендек…
***
Икки кеча йўл юришди.
Муҳаммаднинг кўзларини ечишганда аввалига ҳеч нарсани кўролмади. Аста–секин кўзлари ёруғликка ўр-ганди. Қуёш бир терак бўйи кўтарилган, чор–атроф тоғу–тош эди. Ҳаво тоза, турли тоғ гиёҳларининг ҳиди димоққа уриларди. Нарироқда сойнинг шовуллаб оқиши эшитилар, сой бўйидаги дарахтларда ҳар турлик қушлар сайраб ётарди. Тинимсиз сайраётган булбулларнинг овозини эшитган одам бу ерларда уруш бўла-ётганига сира ишонмасди.
«Нима бало, икки кечада ўзимизнинг Омонқўтон тоғларига опкеб қўйишдими, дейман?»
Йўқ, бу Омонқўтон тоғлари эмасди. Муҳаммад ҳов нарироқда, ёнғоқлар остида иккитадан қилиб боғлаб ташланган, тошлар устида қўл–оёқлари боғлиқ юзтубан ётган «ўзимизникилар»ни кўргач, қаердалигини ан-глаб етди. қўлтиқтаёқсиз юролмагани учун унинг қўлларини ҳам ечиб қўйишди. Муҳаммад бандиларни айла-ниб чиқди. Элликка яқин эдилар. Ҳеч кимни танимади. Турли миллатга мансуб бу йигитлар ичида мўйлаби энди сабза урганлариям, кўкрагини тўлдириб соқол қуйиб юборганлариям бор эди. Кўпларининг таёқ зар-бидан бошлари ёрилган, қон излари қотиб қолган юзлари моматалоқ бўлган эди. Баъзилари кўкарган, ши-шиб кетган кўзларини зўрға очиб турар эдилар. Кўпларининг кийим бошлари йиртилиб, увадаси чиқиб кет-ган эди. Баъзилари фақат шимда турар, кўйлаклари йўқ эди. Душманлар кийимини кийиб олган, соқол қўйиб, салла ўраган, афтидан кавказлик бўлган икки  йигит ҳам бор эди улар орасида.
Қирларда турган соқчилар «Омаданд–омаданд», деб чувиллаб қолишди. Ўзимизнинг зобитлар минадиган яп–янги ҳарбий машинада, дала командирлари кийимида бир киши келди. Дарров саф тортдилар. Улар ўз тилларида қўмондонларини роса олқишладилар. У ҳам буларга нималардир деб ҳайқирди. Унинг ҳайқириғини «Аллоҳу–акбар, Аллоҳу–акбар», деб бўлиб–бўлиб туришди.
Асирларнинг қўл–оёқларини ечиб, ювиниб саф тортишларини буюришди. Қўмондон ёнидаги тўрт йигит-дан биттаси саф тортганларга мурожаат қилди:
— Это наш великий полевой командир, генерал Нуриддин Аманяр. Он хочет с вами побеседовать.
Кейин Нуриддин Омонёр деганлари машинада тик туриб анча гапирди. Ҳалиги йигит русчага ўгириб тур-ди. Бу кишимга шўроларнинг энг катта муфтийси Покистонда учрашиб, шахсан мурожаат қилганлари, бу-ларда тутқунликда бўлган мусулмон фарзандларини шўроларда асир бўлган «ватанпарвар»ларга ал-маштиришга ризолик сўраганини айтди. Омонёр Муфтийнинг олимлигини, мусулмон оламида ҳурмати ба-ландлигини ҳисобга олиб, қолаверса Қуръони Каримга замонавий гўзал тафсир ёзганларининг ҳурматига бунга рози бўлганлигини айтди. Таржимон эса ўзидан қўшиб шундай дедики, алмаштириб олишганлари би-лан буларни узоқ–узоқ муддатга қамашлари аниқ экан, «Балки отиб ҳам юборишар», деди. Шунинг учун ким Нуриддиннинг армиясида хизмат қилишга рози бўлса, уларнинг ҳаётига кафолат берилишини, маош оли-шларини, уйланиб, рўзғор қилишлари мумкинлигини айтиб, рози бўлганларнинг олдинга чиқишини сўради. Икки кавказлик деганимиз ҳалиги йигитлар ва яна икки рус йигит ҳеч ўйланмай олдинга чиқишди. Уларни ажратиб олиб, алоҳида кийим–бош беришди.
— Тепер мусулмане, вперёд! — буюрди тилмоч.
Етти–саккиз йигит қолди, қолганлари икки қадам олдинга чиқишди. Ҳалиги етти–саккиз йигитни тилмоч яна бир бор ўзларига қўшилишга ундади, бўлмаса ўлиб кетишларини айтди. Улар рози бўлишмади. Уларни сой томонга олиб кетишди. Автоматларнинг тарриллашидан ҳурк¬кан бир тўп қуш осмонга кўтарилди. Маши-надан уч–тўрт қопдаги яп–янги гимнастёркалар, этиклар, бош кийимларни туширишди ва лойиқларини олиб кейишларини буюришди.
Бирпасда йигитлар асирликда бўлмаган солдатлардек пўрим бўлищди–қолишди.
Нуриддин Омонёр машинадан тушиб сафни айланиб чиқа бошлади. Унинг ҳар бир асир билан қилган са-вол–жавобини видеотасвирга олишарди. У ҳар бир асирнинг исми–шарифини, қаерданлигини, мусулмонми, мусулмон эмаслигини сўрар, баъзиларидан  биргина калима сўраса, баъзиларидан бирор сура ё бирор оят ўқишларини ҳам талаб қиларди. Бир қозоқ йигити калимайи–шаҳодатни билмай қолди. Нуриддин Омо-нёр шу заҳоти тўппончасини чиқариб, ҳалиги йигитни пешонасидан отиб ташлади. Бу шундай тез рўй берди–ки, асир йигит бирор сўз айтишга ҳам улгурмади.
— Ал казобби ло уммати! — ҳайқирди Омонёр («Ёл¬ғончилар биздан эмас», ҳадис).
— Аллоҳу–акбар, Аллоҳу–акбар! — ҳайқиришди қолганлари.
Омонёр саф айланишда давом этди. Муҳаммаднинг рўпарасига келганда сал нарида турган Ҳожихон эшонга қараб:
— Ҳамин аст? — деб сўради.
— Оре, — деди Ҳожихон эшон.
Нуриддин Омонёр Муҳаммадга тикилиб турди–да, нималардир деди. Таржимон русчага ағдарди:
— Это всё начал твой отец. Он в Узбекистане бунт поднял.
Таржимонлик қилаётган рус йигити Муҳаммаднинг отаси ўғлининг тириклигини, Нуриддин Омонёрнинг қўлида эканини билиб, ҳарбий қўмондонлар уларни алдашганини айтиб, Москвагача борганини, охирида ёрдам сўраб Муфтий ҳазратга учрашганини айтиб берди. (Ҳамма ҳақиқатни аниқлаган заҳоти Абдулъазиз ҳақиқий аҳволни баён қилиб, Муҳаммаднинг отасига хат ёзиб, Ватанига қайтаётган бир ургутлик йигитдан махфий жўнатгани тўғрисида камтарлик юзасидан индамаган эди.) Бу катта шов–шувга сабаб бўлганини, шунинг учун Нуриддин Омонёр ҳам Муҳаммаднинг ўрнига советларда асирда бўлган бир дала командирла-рини талаб қилганини, шўроларнинг катталари кўп талашиб–тортишганларидан сўнг рози бўлганликларини айтиб, рус йигити Муҳаммаднинг елкасига қоқиб қўйди:
— Молодец твой пахан!

* * *
Покистонга яқин бир жойда асирларини алмаштирдилар. Икки асирни булар қўйиб юбордилар, икки аф¬ғонни кўприкнинг у тарафидагилар қўйиб юбордилар. Шу тахлит алмаштириш Муҳаммаднинг хаёлида бир аср давом этди гўё. Уни охирида қўйиб юборишди. Уни юришга ундаб, елкасига енгилгина туртган Ҳожихон эшон «Оллоҳ ҳофиз», деб қўйди. Кўзларидан ёш қуйилаётган Муҳаммад унга бош ирғаб қўйди. Қўлтиқтаёқларини дўққиллатиб, кўприкнинг нариги тарафига йўл олди.
Кўприкнинг ўртасида елкалари нақд бир метр келадиган, қўлларини жун қоплаган, юз–кўзидан важоҳат ёғилиб турган, улкан, девсифат бир одамга рўбарў келди.
«Шу экан–да менга айирбошлашган дала командирлари. Бу Кинг–конг ким–у, мен чўлоқ кимман?», ўйла-ди Муҳаммад.
Девсифат Муҳаммадга ҳеч нима демади. Ўнг қўлининг икки панжасини бош кийимига сал теккизиб қўйди. Унинг саломи ҳам, раҳмати ҳам, хайру–хўши ҳам ана шу бўлди. Аслида бу одам Нуриддин Омонёрга ҳам бундай эҳтиром кўрсатмаган эди. Кўприк охирига борди–ю, шу ерда турган «Жип»га ўтириб ёввойи овозда қичқириб, қум ичида чанг–тўзон кўтариб, ғойиб бўлди.
Муҳаммадни Муфтий ҳазратлари ва бир қанча ҳарбий бошлиқлар кутиб олишди. Муфтий ҳазратларини кўриб Муҳаммад худди отасини кўргандек бўлди. Юзларидан нур томиб турган бу фариштасифат алломани қучоқлаб, овозини баралла қўйиб, йиғлаб юборди. Ҳазрат уни қучоқлаб, пешонасидан ўпди.
— Йиғламанг, иним! Ҳаммаси ортда қолди. Энди ҳаммаси яхши бўлади, иншоолллоҳ. Яратганга шукр, ниятимизга етказди.
Қобулда Муҳаммадни бир ҳафта текширишди. Хизмат қилган қисмидан уни билган аскарлар, зобитларни чақиришди. Ўша машъум воқеалар тафсилотларини тиклашди.
Қовун олиб келамиз деб кетган икки рус йигити кечаси қайтмади. Эрталаб уларни ичак–чавоқлари олиб ташланиб, ичига биттадан қовун тиқиб қозиққа ўтқазиб қўйилган ҳолатда топишди. Лейтенантнинг буйруғига кўра у йигитларнинг аламини қовунлардан олиб полизни пайҳон қилиб юрганларида Муҳаммад бошқараёт-ган «Урал» минага дучор бўлган эди. Қолганлар БТР га ўтиб қочиб кетишганини, ярадор Муҳаммадни олиш-га лейтенантнинг рухсат бермаганини, уни ташлаб кетишганини кўрган аскарлар айтиб беришгач, Муҳам-мадга жавоб беришди. Лекин бу гапларни ҳеч кимга айтмасликка сўз олишди. Ўзлари тўқиган ёлғон–яшиқларни уқтиришиб, самолётга чиқаришди.
Самолёт Тошкентга қараб парвоз қилаяпти ҳамки, Муҳаммад ишониб–ишонмай борарди. Бир маҳал са-молёт бортидаги карнайлардан ашула янграб қолди:

Олтинқанот қушлар учсин, қушлар учсин,
Бизни мудом бахтлар қучсин, бахтлар қучсин.
— Наҳотки?! Наҳотки, ҳадемай Ватанга етсам?! — ҳайқирди Муҳаммад. — Наҳотки шулар ўнгимда бўлаяпти?
— Ҳадемай Тошкентда бўламиз, иним, — жавоб берди унинг ёнида учаётган Муфтий ҳазрат. — У ерда сизни отангиз кутиб турибдилар.
Кўзлари ёшга тўлган Муҳаммад иллюминатор ойнасига пешонасини босиб беихтиёр қўшиққа қулоқ сол-ди:
Бу ҳаёт ўрмон экан,
Жон борки қасди жон экан,   
Бунда қатл осон экан,
Жайрон ўзинг, сиртлон ўзинг.
*  *  *
Тошкент аэропорти йиғи–сиғига тўлиб кетди. Муҳаммаднинг қулоғига ҳеч нарса кирмас, у ердаги ми-тингни ҳам, сўзловчиларнинг, ҳатто Муфтий ҳазратнинг ҳам сўзларини англамас, худди овозсиз кино кўра-ётгандек эди. У фақат йиғлар, қучоқлаб олган отасини ҳеч қуйиб юбормас, унинг юз–кўзларидан ўпаётган отасининг «Соғ кетиб, бир оёқда келган болам–а», дея ўртанишларига ҳам жавоб қилмас, унинг елкалари-дан қучиб, бир оғиз сўзига маҳтал турган тоғаларини эса ҳали пайқамаган ҳам эди.
Муфтий ҳазратнинг кўмагида Ватанга қайтган ўттиз олти нафар йигитларнинг ота–оналари ҳазратдан ай-ланиб–ўргилишар, елкасига тўнлар ёпишиб унга, давлат катталарига раҳматлар айтишарди. Уларнинг орасида ўз жигарбандини етти–саккиз йиллаб кутган, ахтарган мушфиқу–зорлар ҳам бор эди.
Муҳаммадни тўғри Отчопар бозорига олиб келишди.
— Болам, кўнглинг нимани тусаса айт, барини олиб бераман, — Муҳаммаднинг сочларини силади Аб-дулла ака.
— Менга ҳеч нарса керак эмас, отажон.
— Ундай дема, болам, ўлди деган боламни Тангрим қайтариб берди. Бор давлатим сеники, ўғлим!
Муҳаммадни қўярда–қўймай бозорга олиб киришди. Унга ҳозир урф бўлган чиройли костюм, бир нечта-дан кўйлаклар, шимлар, ич кийиму рўмолчаларгача олишди. Унинг номидан укалари ва синглисига совғалар ҳам олишди.
Энг қийини туфли савдоси бўлди. Энг охирида қилинган бу савдо маҳали отасининг ҳам тоғаларининг ҳам кўзларидан дув–дув кўз ёшлари тўкилди.
— Ҳеч нарса керак эмас девдим–ку сизларга, —  ўкинди Муҳаммад.
Бозордан чиқишларида бир нима ёдига тушгандек, Муҳаммад бир неча дақиқа тўхтаб қолди. Унинг нима-нидир айтишга истиҳола қилаётганини фаҳмлаган отаси сўради:
— Болам, нимадир олмоқчимидинг? Тортинмай айтавер.
— Шу, охирги пайтлари кўп вақтимни магнитофон эшитиб ўтказардим. Фақат қўшиқ эшитиб овунардим, — тортина–тортина сўзлади Муҳаммад. — Иложи бўлса битта магнитофон ва Ҳофизнинг кассеталаридан уч–тўртта олиб берсангизлар!
— Э, шуми, бор–йўғи? Магнитофоннинг зўрини сизга мана, биз олиб берамиз–да, жиян, — Муҳаммаднинг елкасига қоқиб қуйди Толиб тоғаси ва бозор оралаб кетди.
— Мен ҳам бир нарса совға қилай бўлмасам, — деб Fолиб тоғаси ҳам ичкарига йўл олди.
Ота–бола отлар ҳайкали яқинда турган Fолиб аканинг машинаси ёнига келиб туришган ҳам эдики, бир қўлида каттакон қути, бир қўлида етти–саккизта кассета кўтариб Толиб ака етиб келди.
— Зўридан олдим, жиян, «Панасоник». Ётган жойингиздан пульт билан бошқараверасиз.
У Муҳаммадни тезроқ хурсанд қилгиси келиб, қутини апил–тапил очиб, каттагина магнитофонни Муҳам-маднинг тиззалари устига қўйди.
— Батареяларини ҳам қўйдириб олдим, жиян, маза қилиб эшитиб кетамиз. Қани, бир қўйиб кўринг–чи?
Муҳаммад кассета танлаб улгурмай, Fолиб тоғасиям етиб келди:
— Манави видеомагнитафон бизди совға, Муҳаммаджон, — ўз совғасидан ўзи хурсанд эди Fолиб ака. — Иккита кассетаям олдим. Бири ҳофизни Америкада берган концерти экан. Бошқаси ҳофизни ўзи олиб, бош ролниям ўзи ўйнаган киноси экан, маъқулми?
— Раҳмат тоға! — миннатдорчилик билдирди видеокассеталарни оларкан Муҳаммад. —  Узр, сизларни харажатдор қилдим.
— Э, омон қолган бошингиздан садаға, жиян, — деди Fолиб тоғаси.
— Булар ҳали ҳолва, — деди Толиб тоғаси. — Харажатнинг каттаси энди бўлади. Қўша–қўша тўйлар қиламиз, жиян! Тўй бўлади, тўй!
— Мендан қайтмаса Худодан қайтсин! — деди Муҳаммад.
Fолиб ака машинани юргизди.
Аудио ва видеокассеталардаги ҳар бир суратни ардоқлаб, ўпиб, кўзларига суртаётган Муҳаммад аудио-кассеталардан бирини олиб магнитофонга қўйди ва керакли тугмани босди.
Дил–дилингни мавжлантириб юборадиган, бутун борлиғингни чўлғаб оладиган, ўзингни бунда қўйиб, руҳингни кўкларга олиб кетадиган куй таралди. Ҳам у куйга монанд «мурда жисмингни зиндалар қилғувчи» нафас соҳибининг тирикнинг баданига ларзалар солгувчи, эшитиб турганингда сени Ҳаққа яқин тутгувчи сеҳрли овоз янгради:
Тарихингдур минг асрлар ичра пинҳон, ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру оқсоч Тиёншон, ўзбегим….
Йиғлади фурқатда Фурқат ҳам муқимликда Муқим,
Ҳасратингдан Ҳинду Афғон қилди афғон, ўзбегим.
Қўшиқ шу ерга етганда:
— Ҳофиз ҳофизларнинг султони–да, жиян, —  деди олдинги ўриндиқда кетаётган Толиб ака ва орқага ўгириларкан, қўшимча қилди: — Пайғамбарсифат шу одамга Оллоҳнинг назари тушгани рост, нима дедин-гиз?
Абдулла ака «жим? дегандек шаҳодат бормоғини лабига босиб, бошини сарак–сарак қилди. Муҳаммад-нинг кўз ёшлари юзларини ювиб тушаётган эди.
У ҳофизни тингларди.
Сел бўлиб тингларди. Юраги билан тингларди:
Қайга бормай бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб,
Олам узра номи кетган Ўзбекистон, ўзбегим.
Бу қасидам сенга, халқим, оқ суту туз ҳурмати,
Эркин ўғлингман, қабул эт, ўзбегим жон ўзбегим.
***
Э–ҳе, қанча сувлар оқиб ўтди ундан бери. Не–не воқеа ҳодисалар бўлиб ўтди. Муҳммад Москвага бориб ясама оёқ қўйдириб келди. Оқсамай юрадиган ҳам бўлди. Қўшнининг қизи Манзурага уйланди. Ўғиллик, қиз-лик бўлди. Ўғлига Ҳофизнинг исмини қўйди. Қизини Ойша деди. Хотини кўп дуруст аёл. Уқувли, сабрли. Баъзида Муҳаммаднинг Афғонда орттирган касали қўзиб, асабийлашиб қолса ҳам чидайди, хонасига қама-либ олиб икки–уч кунлаб ташқарига чиқмай қўйса ҳам чидайди. Муҳаммад хотинидан рози. Битта айби шу–ки, қўшиқни яхши тушунмайди. Яқинда чиққан пастига шим кийиб юқорисини бекитмай чиқадиган бир–иккита заифа ашулачини эшитади. «Мен боримда шуларни қўйсанг, телевизордиям, магнитафондиям мажақлаб ташлайман», деб пўписа қилиб қўйган. Муҳаммад борида бошқа хонандани эшитмайди.
«Иккита чиптани пулига бир қоп ун берармиш. Ҳе, …»
* * *
«Бир қоп уннинг пулидан кечиб» концертга келган минг–минглаб ургутликларни, нафақат ургутлик, кон-церт дарагини эшитиб келган бошқа туманлардан, ҳатто Қаш¬қадар–ю, Сурхондарёдан келган ҳофизнинг их-лосмандларини кўрган Манзура эрининг қулоғига шивирлади:
— Сизга ўхшаган Машраблар оз эмас экан!
Ниҳоят, ҳофизни саҳнага чорлашганда минглаб томошабин бирдан оёққа турди. Халқига таъзимлар қилаётган севимли ҳофизини халқ қарсаклар билан тик туриб узоқ олқишлади. Ҳофиз олдинги сафда турган оппоқ соқолли отахонлар қошига тушиб, улар билан қучоқлашиб кўришди. Уларнинг фотиҳасини олиб, саҳнага кўтарилди. Соғинган дилларга малҳам бўлгувчи, жонга ором бергувчи тиниқ ва дардли овоз янгра-ди:
Онагинам!
Дорул–омон кунлар келди, нурлари ял–ял,
Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор…
Ҳофизнинг ўзини илк бор кўриб турган Муҳаммад, Ҳофизнинг барча қўшиғини ёддан билган Муҳаммад, Ҳофизни тинглаб кўп балоларни енгиб ўтган Муҳаммад, Ҳофиз қўшиқлари қанотида руҳи ҳаққа етган Муҳаммад, Ҳофизни кўраётган кўзларига ишонмаётган Муҳаммад, Ҳофиздан кўзларини сира уза олмаётган Муҳаммад  дир–дир титрай бошлади. У яна ҳеч нарсани эшитмай қолди.
Ҳофиз узоқ–узоқларга, булутлар орасига кириб ғо¬йиб бўлди.
— Сизга нима бўлди, дадаси, ҳой хўжайин? — унинг билакларидан ушлаб тортқилаётган Манзурага қараб ўзига келди.
Ҳофиз энди саҳнадамас, уни жонидан ортиқ кўргувчи мухлислари орасида куйларди:
Куйларим етгаймикан сенга бориб,
Тингласа кетгаймикан тошлар эриб?
Суҳбатингдан баҳра олсам ўлтириб,
На бўлар, келсанг қучоғимга кириб, Гулбадан?!
Ҳофизга гуллар тутишар, оналар, оталар дуо қилишар, қўллари Ҳофиз томонидан сиқиб қуйилган мух-лислар эса бу ўзлари учун чексиз фахрланишга арзигулик мурруват эканлигини яшириб ўтирмасдан қийқирардилар. Ёшлар эса баланд пардаларда Ҳофизга жўр бўлардилар:
Қаро кўзли санамжон, ўзинг яхши биласан,
Кўксимдаги дардимни сўраб нима қиласан?
Ҳофизни тинмай суратга олишар, ўнлаб камера кўтарган йигитлар ҳофизни видеотасвирга олишар, Ҳо-физ эса уларга танбеҳ берарди:
— Сураткашлар! Бизнимас, кўпроқ отахонларни, онахонларни, маза қилиб қўшиқ эшитаётганларни олин-глар!
Ҳофиз навбатдаги қўшиқни бошлади:
Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳро юлдуз милтираб хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим…
Яна Ҳофиз узоқлашиб кетди.
У энди уфқ ортида хониш қиларди. Уфқ эса қип–қизил, қонли эди. Атроф қонга бўялган эди. Муҳаммад-нинг чап тиззаси қақшаб оғрий бошлади. Кимдир «Муҳаммад қолди, уни олиш керак», деб бақирди. Муҳам-мад ўша томонга қаради. Лейтенантни кўрди.
— Чёрт с ним, оставьте его. Поехали!
Лейтенант БТР га чиқиб кетди. Оғриқдан Муҳаммаднинг кўзларидан ёш чиқиб кетди.
— Маза қилиб қўшиқ тинглаётганларни олинглар. Йиғлаб тинглаётганларни олинглар! — Ҳофиз тасвирчиларга Муҳаммадни кўрсатиб, уни тасвирга олишни имо қилиб, ўзи ҳам Муҳаммадга томон юра бошлади:
Фақат эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим…
Муҳаммад судрала–судрала қўшиққа қараб кета бошлади. Унга эса етиш қийин эди. Жуда қийин:
Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўрибман, бор дунёни унутдим…
Қўшиқ келаётган тарафдан унга қараб Абдулрауф ака ёнида ўғиллари Абдулъазиз, Абдулқодир, Ҳожихон эшон, орқароқда Ойшабону билан пешвоз кела бошладилар. Мадори қуриган Муҳаммад бор ово-зи билан «Мулла тоға», деб чақирди. Унга яқин келиб қолган Абдулрауф ака афсус билан бош чайқаб деди:
— Расулжон бачам. Биз энди сизларнинг орангизда йўқмиз. Ҳожихон эшон тоғда ўққа учди. Сиз кет-гандан кейин келган кофир ўруслар Ойшани олдин зўрлаб, ке¬йин отиб ташлашди. Наша топиб бермаганим учун кўз олдимга Абдулқодирни ҳам ўлдиришди. Покистондан толибон сафида келган ўғлим Абдулқаҳҳор Абдулъазиз акангизни ватанфуруш деб эълон қилиб, осиб ўлдирди. Тинч бир бехавотир кунга, Бомдод намозини адо этиб турган жойимга масжидга келиб тушган амриқоликларнинг ракетаси мени ҳам шаҳид фарзандларимнинг қошига етказди.  
Муҳаммад яқин келиб қолган Абдулрауф–Мулла тоғасига қўлларини узатди. Абдулрауф Муҳаммадни бағрига босди. Муҳаммад унинг қайноқ бағрида ўзига келди.
У қўшиққа етган эди. Қўшиқ ижрочиси бир қўли билан кўз ёшларини яширмаётган, овозини баралла қўйиб, «дод» деб йиғлаётган Муҳаммадни бағрига босиб, иккинчи қўли билан микрофонни тутиб, ўнлаб тасвирчи–ю, сураткашлар қуршовида авж пардада куйларди:
Фақат эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим…