Қирқ кундирки, Бухоро қор кутар, лекин бу оппоқ сеҳру-жодудан ҳамон дарак йўқ эди. Қизилқумнинг бепоён кенгликлари, Аму соҳиллари висолга ташна ошиқнинг бўсага интиқ лабидек бўлиб, биринчи қорни кутарди.
Нилий тоқу гумбазларнинг минг йиллик харсанглари самога кўз тиккан, лекин илк муҳаббатга монанд оппоқ момиқ қор йўқ эди.
Қор… Қор… Бутун борлиқ табиатнинг ана шу мўъжизасига интизор эди. Ва ниҳоят, табиат Бухорога марҳамат кўрсатди.
Осмонни қўрғошинранг оғир булутлар қоплаб, аввал битта-яримта, жуда кичкина игна учидек бўлиб, оппоқ инжулар ёғила бошлади.
Сўнгра росмана қор ёғиб берди.
Сон-саноқсиз митти юлдузчалар самони тўлдирган, она Замин ювош, шукрона бир интизорлик билан кутган неъматга кўксини тутган, Бухоро оппоқ либосга бурканиб, ўзига оро берарди.
Янги йилда қор кутиб чарчаган Жамол самога тикилганича каловланар, юзлари, қош-киприкларига қўнаётган муздай заррачалардан ҳузур қилар ва хаёл уни аллақачон олис йиллар хотиралари сари етаклаб кетганди. Юраги ниҳоятда безовта, бу табиатнинг шоҳона инъомиданми, ёинки ҳислар мўллигиданми, у билолмас, фақат кўксининг энг олис бурчаги симиллаб турарди.
“…Ё, Оллоҳ! — фикран хитоб қиларди у. — Мен, ахир, қорбўрон ўйнаш ёшидан ўтиб кетганимга кўп йиллар бўлди-ку! Нега бунча, ёш боладек бўлиб, биринчи қорни кутаман? Мана, кўчада невараларим қорбўрон ўйнаяпти-ку! Овози дўриллаб, юзига ҳуснбузарлар тошган неварам ўзи тенги қизларни суратга олаяпти. Ундан кичикроғи Қорбобо ясаяпти.”
Жамол самога тикилар, баҳор гулларига монанд зарралар ўйнаб, учиб ёғар, дарахтлар оқ либосли келинчак мисол бош эгиб, сукут сақлашар, чор атроф ўша, болалигидаги азамат шаҳзода ва кўҳлик малика ҳақидаги ғаройиб эртакни эслатар, “дук-дук” ураётган юраги кўксини ёриб чиққудек эди.
Атрофни чулғаган оппоқ сукунат шу қадар сеҳрли эдики, ҳис-туйғулардан бегона, жуда лоқайд одамни ҳам тўлқинлантириб юборарди.
Жамол темир дарвозани ғийқиллатиб очиб, кўчага қадам ташлади.
Болакайлар қий-чуви самони тўлдирган, совуқ қулоқ учларини чимчилар, у тоза ҳаводан кўкрагини тўлдириб нафас олар экан, ҳозир қай вақт, қай замонда эканини ҳис этолмасди. Лекин бу ҳолат узоққа чўзилмади. Ёноғига келиб теккан олмадек қор кўзларидан учқун сачратиб юборди. “Об-бо, боласи тушмагур-эй!” — қўшнининг саккиз-тўққиз яшар невараси уни қўли билан ўртоқларига кўрсатиб, қийқириб кулар, қип-қизил юзларидан бахтиёрлик аломатлари уфуриб турарди.
— Ҳаҳ, падарқусур! — унга ёлғондакам пўписа қилди Жамол.
Болакай кулгидан тўхтаб ёвқараш қилди-да, уйи томон тарақайлаб қочди.
Боланинг кўча ўртасида турган ўн-ўн икки яшар опаси илтижо қилди:
— Бобожон, кечиринг, у билмасдан…
Жамол қизчанинг ялинчоқ товушидан ҳушёр тортгандек бўлиб, кулиб юборди.
— Зарари йўқ, болам…
Қизча хурсанд бўлиб укасининг ортидан чопиб кетди.
Қор бўралаб ёғар, совуқ забтига олар, дарвоза ёнида ёқавайрон, бошяланг турган Жамол ўтиб-қайтиб турган қўни-қўшни билан нари-бери сўрашган бўлар ва лекин тизгинсиз хаёллари олис манзилларда сар-сари кезарди. Кейинги пайтларда у ёлғиз қолди дегунча хаёлларига эрк берар ва бу ҳолатдан чиқиши хийла мушкул эди.
Ҳозир ҳам қор учқунларидан кўз узмаётган бўлсада, бутун умри давомида бошдан кечирганлари кўз ўнгида бирма-бир гавдаланарди.
“Ҳа, — ўйларди у қандайдир ички дард билан, — кечагина ўзинг қорбўрон ўйнардинг, бугун эса невараларинг шу иш билан машғул… Биз одатда ҳамма нарсани Вақт билан ўлчаймиз, айбни Вақт югуриклигига тўнкаймиз ва “Қаранг-а, Вақт бир пасда ўтиб кетибди-я” дея ҳайрон бўламиз. Аслида-чи? Аслида эса Вақт эмас, Биз ўзимиз ўтиб кетамиз ва буни билмай, сезмай ҳам қоламиз…”
— Об-бо, бу нима қилиқ?! Ялангбош, ёқавайрон кўчада туриш?! Кошки салга шамоллаб қолмасангиз… — хотинининг ҳам танбеҳ, ҳам дилсўзлик аралаш дағдағаси уни ўзига келтирди.
“Тавба, бу аёлларнинг ҳаммаси ҳам шунақа жонсарак бўлар эканми?”. Болалигида онаси ҳам қор ёққан кезларда нуқул “уйга кир, болам, шамоллаб қоласан…” дея жаврарди. Энди бўлса хотини жавраяпти. Ҳа, майли нимаям қилардик? Ҳар қалай, сени деб кимнингдир жони ачиб турса, бу унчалик ёмон эмас. Ахир, кимгадир кераклигингни билиб турасан-да…”
У жилмайганича, дарвозадан ичкарига кирди. Хотин эса ҳамон жаврарди:
— Невараларингиз ҳам ўзингиздан баттар овсар. Кўчадан бери келишмайди. Шамоллаб қолишса, яна менинг жоним ҳалак…
Жамол муроса қилди:
— Ке, қўй, хотин, бундай ажойиб қор ҳар кун ҳам ёғавермайди. Жужуқлар бир маза қилишсин!…
Хотини қўл силтади.
— Э-э, олтмишга киряпсиз-у, ҳеч хаёлпарастлигингиз қолмади-қолмади-да! Совуқдан кўкариб кетишибди-ю сиз “маза қилишсин”, дейсиз-а!
Жамол индамай ўз хонасига кириб кетди. Кўз ўнгида онасининг илтижоли чеҳраси намоён бўлди. “Уйга кир, ўғлим, шамоллаб қоласан…”.
У деразадан кўчага паришон назар ташлади. Изғирин шамол олча гулига монанд қор учқунларини учириб ўйнар, кўчада болаларнинг қий-чуви тобора авжига чиқарди.