Жўра Фозил. Маъсума қиз қарғиши (ҳикоя)

Қишлоқнинг олд йигити ҳисобанган Музаффар ҳаётда бахт тополмади. Буни ҳар ким ўзича изоҳлар, бироқ аксарият ҳамқишлоқлар уни Сайёранинг қарғиши тутган дейишарди. Лекин бу гапларга сира ишонмасдим. Сабаби мен улар билан бир кўчада ўсган, иккаласининг табиатини яхши билардим.
Ўртабўй, қорамағиз Сайёра тасаввуримиздаги ҳурлиқоларга унчалик ўхшамаса-да, истараси иссиққина, меҳнатсевар қиз эди. Бутун қишлоқ унга ҳавас қиларди. Ўшанда Сайёра саккизинчи, мен ва Музаффар тўққизинчи синфда ўқирдик. Табиатан камсуқумгина бу қиз девор-дармиён қўшниси бўлмиш Музаффарга доимо ниманидир илинарди. Гоҳ тўрт донагина эртапишар ўрикми, гоҳ тандирдан янгигина узилган жиззали патирми кўтариб ўшанинг йўлини пойларди. Оилада ёлғиз ўғил бўлган Музаффар қурғур хийла тинтиқ эди. Қиз боланинг чексиз меҳри аралаш бу неъматларни пок-покиза туширса-да, баъзан Сайёрани очиқдан-очиқ мазах қиларди. Ғалати меҳрибончилиги учун дугоналари ҳам қизнинг устидан кулишарди. Аммо Сайёра таҳқирли одатини ҳеч канда қилмасди. Ўшанда мен ҳам Музаффарнинг сурбетликларига қарамай, қиз уни сийлашда давом этишига ҳайрон бўлардим. Кейинчалик ўйлаб қарасам…
Саратоннинг иссиқ кунларидан бири эди. Музаффар иккимиз даладан териб келган ўтларимизни саранжомлагач, кўча бошидаги тош қудуқ бўйига келдик. Бу ер тенгқурларимиз йиғиладиган жой бўлиб, биз чўмилгани қайси анҳорга борамиз, сўнгра қайси боғ ёки чорбоғни оралаймиз — шу ерда режа тузардик.
Ҳали сал эрта эди чамаси, қудуқ бўйида ҳеч ким кўринмасди. Музаффар иккимиз ариқ ёқалаб ўсган ёнғоқлар соясида у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик.
Орадан кўп ўтмай муюлишда челак кўтарган Сайёра кўринди. Унга кўзи тушиши билан дўстимнинг турқи ўзгарди. Кўзлари сузилиб, юзларида қандайдир калондимоғ заҳарханда пайдо бўлди.
— Қара, — деди у бурнини жийириб, — бу ойимча менга яна нимадир олиб келаяпти… Кўзим учиб тургани йўқ.
Ҳақиқатан ҳам биз томон одимлаб келаётган қизнинг бир қўлида челак, бир қўлида ялтироқ қоғозли нимадир бор эди.
Сайёра челакни қудуқ ёнига қўйиб, биз билан саломлашди ва қўлидаги нарсани Музаффарга узатди. Унинг кулча юзлари қизарган, ёноқларида тер томчилари ялтирарди.
— Нима бу? — деди Музаффар нописандлик билан.
— Нима бўларди? Шу… музқаймоқ…
Музаффарнинг мазахўрак мушукникига ўхшаш кўзлари йилтиради.
Ўша йилларда шаҳар неъмати ҳисобланган музқаймоқ қишлоқ учун жуда камёб, тансиқ эди. Тантиқ йигитча уни бир ямлаб ютишга тайёр, мен ҳам ютиниб қўйгандим. Лекин синфдошим онда-сонда хурмача қилиқ қилмаса, кўнгли жойига тушмасди. У қизнинг билинар-билинмас титраб турган қўлидан жимжимадор қоғозли музқаймоқни тортиб олдию менинг ҳай-ҳайлашимга қарамай, уни лойқа сув тўлиб оқаётган арииққа отиб юборди.
— Ҳа, аҳмоқ, бу нима қилиқ? — қичқирдим мен дўстимнинг елкасига туртиб.
Музаффар пинагини бузмади. Қизнинг кўзлари жиққа ёшга тўлган, нима қилишини билмасди. Унга жуда раҳмим келганидан челагини сувга тўлдириб бердим. У ёшли кўзлари билан менга миннатдор нигоҳ ташлаб, секингина «раҳмат» деди-да, бошини қуйи солганича уйи томон кетди.
Кейин биз улғайиб, ҳаммамиз уйли-жойли бўлиб кетгач, Музаффарнинг бахтсизлиги ҳақида ҳар гал эшитганимда Сайёранинг ўша афтода ҳолати кўз ўнгимда бот-бот такрорланаверарди. Лекин у кунлар ҳали жуда олисда, қиз эътиборидан беҳад талтайиб кетган дўстим ўзини ҳаётда нималар кутаётганини билмасди.
Сайёра кўздан ғойиб бўлгач, ундан сўрадим:
— Нега уни хафа қилдинг?
— Ишинг бўлмасин! Мен ҳар сафар у берган нарсани олаверсам, ойимча талтайиб кетади…
— Шу иссиқда олисдан музқаймоқ олиб келиш осонми? У, ахир, ўзи емай сенга олиб келган-ку!
— Бўпти, — деди Музаффар масхараомуз, — у яна музқаймоқ олиб келса, сенга бераман.
Баҳсни давом эттирсак, жанжал чиқиши тайин эди, шу боис мен индамадим. Тез орада тенгқурларимиз тўпланишди ва биз сойнинг энг чуқур жойини кўзлаб чўмилгани жўнадик.

* * *
Шу тахлит мактабни битирганимизча Сайёра ҳар қанча дакки еса-да, дўстимга ниманидир илинишни канда қилмади ва у овсар ҳам қизни хўрлашдан сира тинмади. Бундай адолатсиз муносабатни бутун қишлоқ билар, кўпчилик Сайёрани аяб, Музаффарни ўзича койиган бўларди. Бу вақтга келиб барваста, чиройли йигитга айланган Музаффарнинг тумшуғига хода етмай қолганди. Онда-сонда хотин-халажнинг бир-ярим гаплари қулоғимга чалиниб қоларди.
«Бу йигитча шундай қизнинг уволига қолмасайди… Сайёрадай хокисор қиз ҳар бир хонадонга гулдай келин бўлади. Бокира қизнинг қарғиши ёмон…»
Мен бу гапларга эътибор қилмасдим. Чунки Сайёра дўстимни беҳад яхши кўришини, уни сира қарғай олмаслигини билардим.
Синфдошим отасининг ёрдами билан бир амаллаб институтга ўқишга кирди. Мен туман марказида ишлай бошладим.
Музаффарнинг ўқишга кириши Сайёранинг бир ташвишини ўн қилди. У далада кетмон чопишар, томорқа, мол-ҳолга қарашар ва укаларининг хизматини қилар ва яна вақт топиб ҳафта сайин шаҳарга қатнар, тобора сурбетлашиб бораётган йигитни ҳали сариёғ, ҳали қаймоқ, сархил мевалар билан сийларди. Кўнгил қўйгани эса унга илтифот кўрсатаётганини хаёлига ҳам келтирмас, совғаларини эса кўзларини лўқ қилиб қабул қилар, баъзи-баъзида таъбига ўтирмаган нарсаларни ётоқхона деразасидан улоқтириб юборарди. Шундай пайтларда қизгинанинг кўзига дунё тор кўринар ва юм-юм йиғлаб қишлоққа қайтарди. Мен уни неча марталаб шу кўйда бекатларда учратдим. У ўз азалий одатича бош эгиб, секингина саломлашар, қизнинг чиройли кўзларидаги чексиз мунг юрак-бағримни эзарди.
Кеч куз кунларининг бирида кечга яқин қаттиқ ёмғир ёғди. Ишдан кейин бекатга етиб олгунча роса шалаббо бўлдим. Қош қорая бошлаган, ёмғир томчиларига қўшилган аччиқ изғирин баданни жунжитарди. Панага ўтиб, ўзимни сал ўнглагач, бир чеккада қунишиб ўтирган қиз диққатимни тортди. Бу жуда юпун кийинган, эски калишлари ёмғирда бўккан Сайёра эди…
— Ҳа, Сайёрахон, йўл бўлсин? — дедим унинг қаердан келаётганини яхши билсам-да.
— Ҳе, шу, Бухоро бозорига борувдим, — деди қиз қисқача салом-аликдан сўнг йиғидан қизарган кўзларини мендан яширишга ҳаракат қилиб.
Ҳаммаси равшан. Тантиқ дўстим яна бир қилиқ қилган. Юрагимда қизга нисбатан ачиниш, Музаффарга нисбатан ғазаб ҳислари ўзаро қаттиқ олишар, лекин Сайёрага нима дейишимни билмасдим.
«Ҳой, қизгина, у тўнка сенинг бу фидойилигингга, меҳрингга арзимайди-ку!» деган хитоб шундоққина тилимнинг учида титраб турар, лекин қизнинг юраги қаъридаги умид учқунларини сўндиришни истамасдим.
Шу ёмғирли оқшомдан сўнг Сайёра қаттиқ шамоллаб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди. Бу орада қишлоққа бир неча марта келиб-кетган Музаффар ундан ҳатто ҳол-аҳвол сўрашга ярамади. Бу менинг сабр косамдаги сўнгги томчи эди. Уни холи учратганим-да роса исканжага олдим.
— Ҳой, ноинсоф! Бир бечора сени дея не кўйга тушганини кўрмаяпсанми? Ё кўр бўлиб қолганмисан?! Нега уни бекордан-бекорга умидвор қиласан?
Дўстим мендан бунчалик хуруж кутмаган экан, аввалига довдираб, бироз чайналди. Сўнгра ўзини ўнглаб, қарши ҳужумга ўтди.
— Ўпкангни бос! Мен уни ҳеч қачон умидвор қилмаганимни ўзинг ҳам яхши биласан, совғаларини юзига отганимни ҳам кўргансан. Ким-кимни умидвор қилаётганини наҳот тушунмайсан? Билмасанг, билиб қўй, икки дунёда ҳам унга уйланмайман! Институтда ортимда соядек эргашиб юрган қизлар — минг-минг. Жудаям раҳминг келаётган бўлса, ўзинг уйланиб ол!
Фиғоним фалакка чиқди. Лекин бу гал ҳам ўзимни босишга мажбур бўлдим. Ахир, бировни севишга, уйланишга мажбур этиб бўлмайди-ку?!
Шу воқеадан сўнг орадан кўп ўтмай Музаффар ўзига ўхшаш тантиқ бир қиз билан танишиб қолди-ю, бир ҳафтада тўй бўлди.
У ёлғиз ўғил эмасми, бечора ота-она топган-тутганини тўйга сарфлади. Арзанда куёв хотини билан Бухоро шаҳрида ижарада яшай бошлади. Ахир шаҳарлик тантиқ келин қишлоққа келармиди?
Янги келин-куёв аввалига ота-оналарини роса куйдиришди, сўнг ўзлари эл олдида шармандаи шармисор бўлишди.
Дарвоқе, севган кишисидан ажраган бечора Сайёра савдойи бўлаёзди. Кейинчалик ота-онасининг панд-насиҳатларига қулоқ солиб, ўзидай камсуқумгина бир йигитга тегиб кетди. Айтишларича, у ҳозир эри билан тинч-тотув яшаётган эмиш. Мен бунга жуда ишонгим келади. Чунки Сайёра қанчалик хокисор, фидойи эканини билардим.

* * *
Яқинда Бухорода Музаффарни учратиб қолдим. Қомати букчайган, соқоллари ўсиқ, қўлида елимхалта ушлаган бу афтодаҳол киши ўша эканлигига сира ишонгим келмасди.
— Музаффар, сенмисан, дўстим!
У олазарак нигоҳларини менга қадади, танигач, маҳзун чеҳраси бироз ёришгандек бўлди.
Бироз суҳбатлашдик.
Хайрлашар эканмиз, у кўзларини мендан олиб қочиб шундай деди.
— Кечир, дўстим, сени уйга таклиф этолмайман.. Ҳозир тирикчилигим ўзига яраша…
Мен бекат томон букчайиб қадам ташлаётган дўстимнинг ортидан тикилар эканман, унга қиз боланинг қарғиши текканига ҳамон ишонгим келмасди. Йўқ, Сайёра уни қарғамаган, қарғаёлмайди…
Аччиқ изғирин яккам-дуккам қор учқунларини чирпирак қилиб учирар, кўнглим ҳувиллаган, зимистон эди.