Жавлон Жовлиев. Бухоро, Бухоро, Бухоро… (ҳикоя)

Ўша йили қиш жуда совуқ келган экан-да! Эс-эс биламанки, бирга ўйнайдиган серкиприк афғон болаларининг киприклари бир-бирига ёпишиб, қиров тушгандай оқариб қоларди. Худди ҳозирги қорбоболарнинг ясама киприкларини эслатарди. Мен афғон болалари билан тез тил топишиб кетганман. Гарчанд улар мендан бўйчан, бунинг устига, бир-икки ёш катта бўлишса ҳам. Синглим Ойшабиби эса уйдан чиқмасди. Уйда отам бухороча танча қурганди. Шунинг атрофида турли латта-путталардан нимадир тикиб ўйнаганлари эсимда… Онам эса куну тун акам билан овора. Акам зотилжам билан оғригани учун бизни ёнига қўйишмасди. Синглим Ойшабиби билан дераза дарчасидан чўпдай озиб кетган, рангпар, кўзлари киртайиб, сўлғин боқувчи акамга соатлаб тикилиб турардик. У ҳам бизни кўриб «яхшиман» деган маънода қоқшол қўлларини кўтариб силкиб қўярди. Тез орада акам тузалиб, чопқиллаб кетишига шубҳа қилмасдик.
Отам бозорда ҳаммоллик қиларди. У гоҳ-гоҳ оппоқ, майин бир ширинлик олиб келгани эсимда. Жуда мазали, тилда эриб кетарди. Унинг номини ҳозиргача аниқ билмайман. Аммо онам биринчи марта ширинликни кўрганда йиғлаб юборганди. Шунда у пайтлари Ойша онамнинг тиззаларига ўтириб, жажжи қўллари билан юзларини силар, кўзёшларини артиб қўярди.
– Нега йиғлайсиз?
– Бухорони эслатди, қизим.
Ўша пайтларда энг кўп эшитган сўзим Бухоро эди. Бухоро, Бухоро, Бухоро… Хаёлимда бу жой осмонларда, оппоқ булутлар орасидаги ялтироқ тошлардан қурилган сарой, дунёдаги барча эртакларнинг тугайдиган манзили эди. Бухорода туғилган бўлсам ҳам, эсимни Қобул яқинидаги қишлоқда таниганман… Шу ерда отам сафар пулларини қайсидир қаллобга бой бергану, биз камбағаллик кўчасига ирғитилганмиз.
Энг ёмони – акам касал бўлиб қолган эди. Мен унинг соғлом пайтини қанчалик эслашга уринмай, эслолмайман. Фақат бир куни у йўталганча (ўша пайт ҳам озиб-тўзиб кетган эди) уйимиздан чиқиб кетгани ёдимда. У ишга кетаётиб, бизни ўпиб қўйганди. У ўша пайтларда анча улуғ одамдек кўринар, онам ҳам, отам ҳам унга ишонарди.
Онам акамнинг олдидан бери келмасди. Унга кўп суюқлик ичирар, терларини артар, оёқ-қўлларини уқаларди. У бизга, акангнинг касали юқумли, деб уқтирарди-ю, ўзи унинг юз-кўзларидан босиб-босиб ўпарди. Онам ҳам ёш, ўша пайтлар бор бўлса, ўттиздан эндигина сакраган жувон эди. Қоп-қора сочлари узун, қошлари қалин, кўзлари меҳр билан боқувчи, оппоқ юзларида кулгичи бор бухоролик аёл эди. Мен билан Ойша онамга, акам эса кўпроқ отамга ўхшарди. Унинг кўзлари маллатоблиги эсимда. Биз Ҳожи Аҳмад деган савдогарнинг икки хонали пастқам уйида ижарага турардик. У ҳам бизни қўллаган. Айниқса, акамга даво бўладиган танқис меваларни бир ёқлардан топтириб келарди.
Аммо акам қишдан чиқмади. Бизни у билан хайрлашгани ҳам қўйишмади. Онамнинг ўкириб-ўкириб йиғлаганини эшитиб, бир бурчакда қунишиб ўтирардик. Мен у пайтларда ўлим, ўлиш сўзларини эшитгандим-у, унинг таг замирини тушуниб етмагандим. Мен акам ўлади-ю, биз соғинганда қайтиб келади, деб ўйлардим. Бир ҳафта ўтди, бир йил ҳам ўтди, аммо у қайтиб келмади. Бир куни онам чопонимизни кийдириб (ўзиники жуда юпун эди) акамнинг олдига олиб борди. Биз акамизни кўрамиз деб қувнар, осмонларга учардик. Ўша куни атрофни қалин туман қоплаган бўлиб, ўз кавушларимизни ҳам аниқ-тиниқ кўрмасдик. Осмондан бир нималар ёғар, аммо чопонимиз нам бўлмасди. Кейин кўз олдимизда дўппайган тупроқлар пайдо бўлди. Туртиниб-суртиниб кета бошладик. Ниҳоят, онам тўхтади. Кўзларини бўртиб турган, ён атрофига қалин ёғочлар қўйилган қора тупроқдан узмасди.
– Бу ерда аканг ётибди, – деди онам.
– Қани-қани? – дедик биз акамнимас, тупроқ уюмини кўриб, хаёлимда ҳозир тупроқ кўтарилади-ю, ичидан акам, усти-боши чанг бўлиб чиқиб келадигандай эди.
– Акам совуқ емайдими? – деди Ойша.
– Йўқ! У иссиқда ётибди, – деди онам ва ҳўнграб йиғлаб юборди.
– Қўрқяпман, – деди Ойша.
Онам Ойшанинг бу гапидан кейин йиғламади, аммо анча вақтгача онамнинг елкалари учиб турди, ҳансираши босилмади.
Биз ҳам йиғладик. Мен ўша пайтлар беш-олти ёшларда эдим. Акам ўлиб, мен– катта фарзанд бўлиб қолгандим. Аммо онамни қандай овутишни билмас, кўз ёшимни тиёлмасдим.
Бу кўзёшлари ҳеч қачон эсимдан чиққан эмас!!!
Эҳ, Онажоним!
Онамнинг кулгиларидан кўра, йиғисини кўп эслайман… У анча навқирон бўлса ҳам, сочларига оқ тушган, негадир умуман кулмасди. Акам ўлганидан кейин бутунлай тунд аёлга айланди.
Отам туну кун ишлаб, қорнимиз зўрға тўядиган таом олиб келарди. Оёқлари оғриб, оқсаб юрар, қўллари ёрилиб, ириб кетганлари эсимда.
Қишлар ўтаверди, баҳорлар ўтаверди, аммо онамнинг кўзёшлари адо бўлмади. Ҳовлимиздаги ўрик гуллади. Онам буни кўриб яна йиғлади.
– Она, нега йиғлайсиз?
– Бухорони соғиндим, – деди Онам.
Айтишларича, бобомиз– онамнинг оталари Бухородаги энг бой одамлардан бўлган. Онам ўша фаровонликда ўтган кунларни жуда қўмсаб эслар, эслаб яна…
– Уйимга кетгим келяпти! Уйимга!..
– Бухоро қандай жой ўзи? Нега бунча йиғлайверасиз? Айтинг, она… Бухоро қандай жой ўзи?
– Йиғламайдиган жой, болам, йиғламайдиган…
Ҳар куни шу аҳвол эди. Бирон кун йўқ эдики, онам Бухоро учун, бевақт ўлган акам учун йиғламаган бўлса! Йиғлаганда ҳам эзилиб, кўзлари ёшга қорилиб, ҳўнграб-ҳўнграб йиғларди. Бухородаги қариндошлари, катта боғ ҳовлиларини эсларди…
Онамнинг эслаб азобланмаслиги учун Бухородан олиб келган ҳамма нарсаларни яшириб ташлардим. Ҳатто ярим ой шаклидаги тахта тароғини ҳам. Аммо бу ҳаракатимининг ҳеч фойдаси тегмади. Онамга ҳамма нарса Бухорони эслатар, осмонда учиб ўтган қалдирғоч ҳам, мусичанинг аҳмоқона “ку-ку”лашлари ҳам, афғон шамолининг кўпириши ҳам Бухорони ёдга солар ва онам бечора йиғлайверарди.
Бу ғамлар навниҳол онамни адо қилди. Отам уни чалғисин дедими, ишга қўйди. Уй-ичидаги юмушларини мен қиладиган бўлдим. Аммо бир қора кунда ип-газлама тўқийдиган заводдан онамнинг ўлигини олиб келишди. Онам ҳам сил бўлган экан…
Бизга онам билан хайрлашишга ҳеч ким тўсқинлик қилолмади. Мен онамнинг юзларини ўпаётганимда, Ойша унинг совиб улгурган пинжига ётиб олганди. У онамнинг қўлларини силар, уни ҳеч кимга бермайман деб бўзларди. Онам уйғонса, мени ўпиб қўяди, дерди. Мен синглимни кўрганим сайин ўкириб-ўкириб йиғлагим келар, аммо отамни ўйлаб ўзимни босардим. Ойша онамнинг қўйнидан чиқишни истамай, “менга онамни тирилтириб бер”, дегандай илтижоли термилиб турарди.
– Онам қачон туради?
– Кейинроқ, Ойша! Сен нариги уйга бор!
– Қачон турасиз, она, гапиринг, гапиринг! – дея онамнинг оппоқ юзларига жажжи лабларини босарди.
Онам жуда гўзал бўлиб ётарди. Бухоронинг гўзали, париси…
Ойша ўлим нималигини сезиб турса-да, буни тан олгиси келмасди. Ойшани онамнинг бағридан юлиб олишганида, у шунақанги чирилладики, бу овоз кўксимга энг даҳшатли, энг аламли, энг дардли азоб бўлиб, қўзғалмас қозиқдек қоқилиб қолди.
Жойингиз жаннатдан бўлсин, Онажон!!!

* * *

Дунёда нима кўп – касал кўп, дунёда нима кўп – бало кўп. Қадамда дуч келади, қадамдан ушлайди. Айниқса, беватан бўлсанг, мусофир бўлсанг, балолар қадам олишингни пойлаб ҳам турмай босиб келавераркан… Аммо не бўлганда ҳам, биз акам учун, онам учун яшашимиз, нафас олишимиз керак эди.
Ўша қора кунларда биз ўзимиз учун бир таскин топдик. Бу таскин бизни онамнинг ортидан қора ерга кириб кетмасликка ундарди. Бу олий таскин Бухоро деган сўз эди.
Отам онамнинг жойларини Жаннатдан тиларди, биз Ойша билан онамнинг жойи Бухоро бўлсин, деб дуо қилардик… Чунки ўша пайтларда мен учун энг ёруғ, энг тиниқ, энг тинч жой Бухоро эди… Ойша менга қувлик қилиб савол бериб қоларди:
–Онам Бухорога кетган бўлса, қачон келади, ака?
–Бухорога борган одам келмайди. У осмонларда, булутлар орасида, уйлари олтиндан, егани асал, ҳолва, шашлик!
–Нимага онам билан акам бизни ташлаб кетди? Бухорода бизга жой йўқми? У ерда нима бор ўзи?
–Ватан бор.
–Ким?
–Ватан.
–Ким у?
–Мен уни билмайман. Отам билади, онам, акам, билади. Уни танийди. У Бухорода яшаса керак…
–Бўлмаса, биз ҳам кетайлик Бухорога… Кетайлик!
–Ҳозир кетолмаймиз.
–Нимага?
–Отам қўймайди. Лекин, албатта, бир кун кетамиз.
–Йўқ! Бугун кетамиз, бугун, ака…
Шундан сўнг Ойша ҳар куни “Бухорога кетамиз”, деб туриб оладиган бўлди. У ҳар сафар хархаша бошлаганида отам ҳам кўзига ёш олиб, эзилиб-эзилиб титрарди. Падаримнинг йиғилаётганини кўриб, мен биринчи марта ишга чиқишим кераклигимни англаганман. Ўша пайтлар етти-саккиз ёшли болакай эдим. Мусофирлик одамни тез ўстиради, тез катта қилади.
Мактабни ташлаб, акам бир пайтлар ишлаган заводга ишга кириб олдим. Отам у ерда ишлашимни хоҳламасди. Чунки пахта заводида болалар шафқатсизлик билан ишлатилар, иш учун эса уларга арзимаган чақа-танга бериларди. Аммо шу пулларсиз Бухорога қайтиб бўлмаслигини билардим.
Бетон девор билан ўралган завод ичида улкан станоклар гувиллаб айланар, улар тонналаб пахтани ютиб юборар, биз барини кўриб турардиг-у, пахтага қўшиб бизларни ҳам эзиб, ўлим томон тортиб кетаётганини билмасдик. Тинмай ишлар, ишлар ва яна ишлайверардик.
Заводнинг эгаси биз томонга қадам ҳам босмасди. Уни фақат узоқдан кўрардик. Бир куни унинг ити цех дарвозаси ёнида пайдо бўлиб, таққа тўхтаб қолди. Оппоқ жунлари тароқ билан таралгандай ҳилпирарди. Итдан қандайдир атирнинг ҳиди келарди. Негадир барча болалар ишни унутиб, дарвоза олдида турган итга қараб қолганди. Биз итни, ит эса исқирт болаларни томоша қилмоқда эди. Толалар чиялашиб, тиқилиб, станоклар азобдан чийиллаб юборганда ҳам биз итдан кўз узмадик. Юз-кўзимиздан бизни таниб бўлмас, фақат қорачиқларимизгина тирик одам эканлигимизни билдириб нур сочиб турарди. Шу сўлғин ва умидсиз нигоҳлар билан оппоқ бўйнига кумуш медальён боғланган кўппакка болаларча беғуборлик билан тикилиб, исқирт хона ва аламларни бир дам эсдан чиқариб, бахтли болалар каби ўй суришни истаб қолгандик. Кўппак қондай қизил тилини осилтирганча, кирсамми-йўқми, дегандай иккиланиб турарди. Охири, у бурилиб, кўм-кўк майса қопланган хиёбон томон чопиб кетди. Биздан жирканди, шекилли…
Мен бу ерда тўққиз ой ишладим. Тўққиз ой ичида 14 бола ишдан кетди. Билардикки, улар нафақат ишдан, балки бу ёруғ оламдан ҳам кетишганди.
Бу ерда кўп ишлашнинг охири сил, сил эса мени акам ва онамнинг олдига олиб кетишини билардим. Шунинг учун инглиз тилини ўрганишни ва тозароқ бўлимга ўтишни истардим. У ерда ойлик ҳам, иш ҳам дуруст эди. Бунинг учун инглизча оддий сўзларни билишнинг ўзи кифоя. Кечалари ухламай инглиз тилидаги барча ҳарфларни ёд олдим. Кейин дуч келган газеталарни ўқий бошладим. Буни кўпчиликка билдирмасдим. Чунки болаларнинг кўпи ўта мутаассиб фикрлар билан улғайган, ғайридинларнинг тилини ўрганишни исташмас, буни макруҳлик, диндан қайтиш деб билишарди. Бунинг учун сил бўлиб, ўлиб кетишга ҳам тайёр эдилар. Мен инглиз тилини ўлмаслик учун ўргандим. Бундай ҳолда тил ўрганиш осон кечади, устознинг ҳам кераги йўқ.
Бир ойлар ўтиб танловда қатнашдим ва яхши балл тўпладим. Мени итхонага, хўжайиннинг итига масъул қилиб қўйишди. Мен энди уйга кам борар, итхона ёнида ухлардим. Ёз кунлари осмонда чиққан тўлин ой ёруғида бир пайтлар ошхона қошидан топиб олган Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романини ўқиб ўтирардим. Кейин ҳисобласам, бу китобни 68 марта ўқиб чиққан эканман. Бу китоб менга нафақат инглиз тилини ўрганишимга, балки матонатли, чидамли, кучли бўлишимга ҳам сабабчи… Мен бу китобни ўқир эканман ўзимни итхона қошида, бетонга тўшалган шолча устида эмас, кенг ва ёрқин океанда бахт томон сузиб кетаётган улкан кемадаги қудратли ва эркин инсон сифатида ҳис қилардим. Бу менинг аҳволимдаги болалар учун жуда қимматли туйғу.
Адабиёт менга кучли бўлишни ўргатгани учун мен ундан доим қарздорман. Ҳозир ҳам.
Хўжайин ҳар сафар ит билан сайрга чиққанида менга чақа-танга туҳфа қилар, бу эса бир ойга бориб ойлигим баробарида пул йиғилиши учун қўр бўларди. Бунинг ярмини такаббур ва ўлгудай қўпол иш бошқарувчиси олиб қўяр, қолганини отамга берардим. Пуллар Ойшабиби синглимнинг ўқишига сарфланарди.
Бир куни хўжайин Жек Лондоннинг китобини овоз чиқариб ўқиётганимни кўриб қолди. У олдимга келиб, ҳайрон бўлиб менга қараб турди. Айнан ўша маҳал қориндор, юзлари шишмол иш бошқарувчи кириб келди. У менга: «Хўжайин инглиз тилини бузиб гапирадиганларни жуда ёмон кўради, оғзингдан бир оғиз сўз чиқмасин», деб тайинлаганди. Менинг инглизча гапириб қўйганимни билиб иш бошқарувчи шунчалик қаҳрли қарадики, итнинг қозиқ тишларида титилиб кетадиган колбасадек янчилиб кетай дедим. Чунки унинг болаларни ваҳшийларча қийнашини ҳамма биларди.
Хўжайин менга кулиб қаради. Аммо ундан ҳамма нарсани кутиш мумкин эди. Айби қидирилган одамнинг ҳар қадамида гуноҳ.
Эй… мусофирликда улғайган мен каби болалар учун бундай хўрликлар биринчиси эмасди. Шунинг учун қўрқув, ҳадиксираш, ҳаммадан ўзимни паст тутиш каби ўйлар, хоҳламасам ҳам, бўйим билан бирга юрагимда ўсиб борарди. Чунки мен беватан, қулоқ (Ўтган асрнинг 1929-1933 йилларида мустабид шўро тузуми эр эгалари, бой, ўрта ҳол деҳқон ва чорвадорларни “қулоқ – муштумзўр” номи остида синф сифатида тугатиш сиёсатини олиб борган) қилинган оиланинг фарзанди эдим. Буни афғонлар ҳам, инглизлар ҳам, дунёдаги барча одамлар ҳам яхши билишига ишончим комил эди. Улар менинг мусофир эканлигимни пешонамга қарабгина эмас, узоқдан соямни кўриш билан билар ва хўрлашга арзийдиган одам пайдо бўлганидан суюнишади деб ўйлардим.
–Инглизча равон ўқиркансан! Қаерда ўргангансан? –
Мен саволга жавоб берайми йўқми, деб иш бошқарувчига қарадим. У ҳамон кўзларимга қаҳр билан тикилиб турарди. Довдираганимдан фойдаланиб, ўзи жавоб берди.
–У қаердан ҳам биларди, жаноб! Бу бир келгинди бўлса…
–Йўқ, билади! Биласан-а?
–Йўқ-йўқ!
–Э-э, сайраб туриб, тил билмайман, дейишингни қара! Қизиқ-ку! Юр-чи, мен билан.
Мен умримда бундай ҳашамдор уйга кирмагандим. Оғзим ланг очилиб қолди. Уйга киришим билан атиргул ҳидига ўхшаш бир ширин ифор димоғимга урилди. Кир оёғим билан унинг оппоқ эроний гиламларини босайми-йўқми деб, иккиланиб туриб қолдим. Хўжайин менинг билагимдан ушлаб, уйга имлади. Ичкаридаги оппоқ ҳайкаллар, чиройли вазалар, шоҳона суратларга маҳлиё бўлиб, гандираклаб, бошим айланиб кетди. Руфларнинг хонадонига биринчи қадам қўйган Мартин Иден ҳолига тушгандим, гўё.
Мен шунда ўзимнинг ямалган, йиртиқ эгнимга қарадим, уялдим. Буни сезган, хўжайин уй хизматчисини чақириб, мени ювинтиришни буюрди. Хизматчи менга қовоғини эмас, оппоқ тишларини кўрсатиб табассум қилди. Ваннахонага олиб кириб, ҳамма жойимга оппоқ қорга ўхшаш нарса ишқаб ташлади. Бутун танам яйрагани рост. Аммо ҳамон қўрқар, у мени ювинтириб, кейин ўлдирмоқчими, деб ҳам ўйлардим. Чўмилиб бўлгач менга янги кийим беришди. Бу кийимда мен бутунлай бошқа болага айлангандай эдим. Шоҳона либосларни кийиб, яйраб кетдим. Ўлимни ўйламай қўйдим.
Жаноб мени кутиб турган экан, иккинчи қаватга бошлади. Унинг ортидан боряпман-у, вужудимни яна қўрқув қоплади. Боя мени чўмилтирган одам ҳам кўзимга шубҳали кўриниб кетди. Аммо жаноб иккинчи қаватдаги тахтали эшикни очганда ҳайратдан тошга айландим. У ердаги китоблар менинг ҳайрат оламимга сиғмасди. Мен китобларни кўздан кечирарканман, ҳаётимдан ўлим ҳам, қўрқув, очлик, ишсизлик ҳам – бари-бари лаҳза ичида йўқолди. Онам эсимга тушиб кетди. Фақат у менинг бахтиёрлигимни сезиб, кўриб тургандай эди.
Хўжайин исталган вақтда бу ердан китоб олишим мумкинлигини айтди. Кейин жойига қўйиб қўйсам бўлгани экан. Бор-йўғи шарти шу!
Мен энди ҳар куни, бўш вақтим бўлди дегунча китоб ўқир, газеталарни варақлардим. У ерда мен тушунмайдиган тиллардаги китоблар бисёр эди. Мен ўзбек, форс, афғон ва инглиз тилларида ёзилган китобларни ўқир, аммо кўпига тушунмасдим. Бу мутолаалар мени иш бошқарувчининг зуғумидан ҳам қутқарди. У менинг китоб ўқиб ўтирганимни кўрганида, кўрмасликка олиб ўтиб кетадиган бўлди.
Мен тинмай китоб ўқирдим. Тиббиёт, бизнес, тарихга оид китобларнинг жиннисига айландим. Психологияга муҳаббат қўйдим. Шундай қилиб, итбоқар бўлиб ишлаган олти йилим ҳаётим пойдеворини илм билан кўтаришга имкон берди. Бу орада отам Ойшани куёвга узатди. Синглим ҳали ёш эди. Аммо куёв Бухородан келган, биз каби ўзбек оиласи бўлгани учун отам совчиларга йўқ деёлмади. Куёвнинг ёши синглимдан 12, мендан 10 ёш катта эди. Йигит кўп йиллар бухоролик қиз ахтариб, уйланмай юрган экан. Куёвнинг ёши катта бўлса ҳам, давраларда мендан юқорига чиқмай ўтирарди. Улар кўп ўтмай Ойшани олиб Туркияга кўчиб кетишди. Мен батамом ёлғизланиб қолди.!
Шу йили хўжайин Англияга кетадиган бўлди. У мени ҳам ўзи билан олиб кетмоқчи эди. Аммо бахтсиз ҳодиса юз бериб, цехга ўт кетди. Иш бошқарувчи ҳам, хўжайин ҳам, унинг ити ҳам ҳалок бўлди. У ерда ишлайдиганлардан 38 та бола тирик қолди, холос.
Бу фожиадан кейин бу ерда қололмаслигимни билдим. Қандай қилиб бўлса ҳам, Европага кетиш учун йўл қидира бошладим. Тилни яхши билганим учун мени бир овропалик савдогар ишга олди. У газлама савдоси билан шуғулланар, газлама орасига эса турли оғуларни жойлаб Эронга, у ердан Европага ўтказарди. Ўта паст одам бўлиб, арзимаган пул эвазига мени эшакдек ишлатарди. Унинг фирмаси орқали четга чиқиш мумкин эканлиги учунгина, тишимни-тишимга қўйиб, қулай вақт келишини кутиб юрдим. У кечаси билан ухламай ҳисоб-китоб қилишга мажбур қилар, бунинг учун ойига 25 доллар берарди, холос.
Мен кутган вақт бир йилдан сўнг келди. У пайт мен 18 ёшда эдим. Савдогарнинг эронлик хотини туғадиган бўлиб, Европага мени жўнатадиган бўлди. Чунки мен ҳисоб-китобга унинг ўзидан ҳам пишиқроқ эдим.
Шундай қилиб, йўлга отландим.
Туркияга етиб боргач, унинг газлама орасидаги барча оғуларини балчиққа улоқтирдим, сўнгра қиммат газламаларни сотиб, Италияга, у ерда озроқ ишлагач, анча йўл босиб Англияга етиб бордик. У ерда икки ой туриб, АҚШга кемада жўнадим.
АҚШга кириб келганимда тушлик қилишга ҳам пулим йўқ эди. Ўлгудай оч эдим. Неча кунлар плакатларга тўла кўчаларда иш қидириб, итдай изғиб юрдим. Қаҳратон совуқ, муттасил очлик ва уйқусизликдан кўзларим қизариб, юзларим кўкариб, ғалати доначалар босиб кетди. Ўша кунларнинг бирида Худойимнинг ўзи мени кекса Ричерга дуч қилди. У менинг товуқдай ҳамма ёққа сочиб, бетартиб ахлат титишимни кўриб, жаҳли чиқди. Кекса Ричер менга бу “соҳа”нинг ҳам ўзига хос сирлари борлигини айтиб, қайси халтани очишни-ю, қайсиларига умуман тегмасликни, бу бефойда эканлигини ўргатди. Уйсизлигимни билиб, кулбасидан жой берди. Кекса Ричернинг на хотини, на болалари бор эди. Ичкилик туфайли яқинлари уни ташлаб кетишган. У туни билан ичар, ҳўнграб йиғларди. Аммо тонгда тетик турар, ҳеч нима бўлмагандай мен билан бирга “ишга” отланарди. Биз кун бўйи ахлат идишларни титиб, кечаси анча-мунча “бойиб” кулбага қайтардик. Аммо тонгларнинг бирида кекса Ричер уйғонмади. Қабр тошига ўзи васият қилган: “Кекса Ричер сизларни жуда яхши кўради” – деган сўзларни ёздириб қўйдим. Кекса Речир қачонлардир хотини ё фарзандлари уни ахтариб келишига ишонарди.
Шундан сўнг бор пулларимни йиғиб, кекса Ричердан мерос қолган кулбани ҳам сотиб, ўз савдо ишларимни бошладим. Аммо рақобатчилар мени “янчиб” ташлашди. Олти ой ўтмасдан банкрот бўлдим, бу ҳам етмагандай, ҳам уйсиз, ҳам бир чақасиз қолдим. Бироқ хорлик устун келган кунларда ҳам орзуларимни ўлдирмадим, уларни асраб-авайладим, курашдим. Отам бу пайт Ойшаларнинг Истанбулдаги уйига кўчиб борди.
Кейинчалик очган цехим ҳали бир ёшга тўлмасидан банкротга учради. Банклар қарзини сўраб қўймасди. Мен эски ишимнинг азасини тутмай, янги иш бошлар, бири бўлмаса, бири мени бой қилишига ишонардим. Энг охири, реклама қоғозлар ишлаб чиқарадиган кичкина типография очдим. У ҳам беш ойдан сўнг касодга учради. Мен хатоларим устида қаттиқ ишладим. Ўқиган китобларимдан олган хулосаларимни амалда қўлладим.
Мен яна реклама қоғозлари билан шуғуллана бошладим. Аста-секин мижозларим сони ортиб борди. Мен эса туну кун меҳнат қилар, ишхонада ухлаб, шу ерда тамадди қилардим. Ва ниҳоят, мен биринчи марта ўзимнинг корхонам учун ишчи ёлладим – улар Ҳиндистон ва Хитойдан келган талаба йигитлар эди. Биз учаламиз тинмай меҳнат қилиб, ҳафтасига 50 доллар оладиган ишимизни, ҳафтасига 50 минг доллар оладиган катта фирмага айлантирдик.
Биз биринчилардан бўлиб, бозор телевидениясини ривожлантиришга ҳаракат қилдик ва бунинг учун катта кредит олиб, иш бошладик. Бу “ТВ–бозор” менга кутилмаганда улкан бойликни, қудратни олиб келди. Аммо шунда ҳам мен ҳали мақсадимга етмаганимни билардим. Биз двигателлар ишлаб чақиришни бошладик ва тез орада дунё бозорига чиқиб бордик. Иккинчи йилданоқ жаҳон бозорида бизнинг двигателларга талаб ошиб, 20 дан ортиқ мамлакат билан шартнома имзолашга эришдик. Бу битимларни тузиб, Флоридадаги вилламга қайтган куним онам Бухородан олиб келган тароққа қараб ўкириб-ўкириб йиғлаганман.
У пайтга келиб турк хотиним менга тўрт нафар ўғил туҳфа қилганди. Отам неваралари бағрида, яхши кунларимни кўриб бандаликни бажо келтирди. Болаларим ўзбекча, туркча билишади, аммо инглизча ёзишади, гаплашишади… Мен эса… Мен…

* * *

Мана, неча йиллар ўтиб, ниҳоят, қартайиб-чуртайган пайтимда Бухорога – ота ватанимга келдим! 90 йил ўтиб…
Эй Бухоро!!! Мана, мен! Мана, мен!
Сенинг ўғлинг, фарзандинг, 90 йил ўтиб бағрингга келди!
Нега шу пайтгача қайтмадим? Олий орзуйимни, онамнинг, отамнинг армонини нега шу пайтгача бажармадим? Нимага? Хаёлимдаги, орзуйимдаги, ўша булутлар орасидаги гўзал, мўъжизали Бухорони йўқотиб қўйишдан қўрқдимми?!
Биласизми, келиш тугул, мен харитадан Ўзбекистонга қарашга ҳам қўрқардим! Ўйларим сароб бўлиб чиқишидан қўрқардим, Бухоро йўқ бўлиб чиқишидан қўрқардим. Эҳ… Бу ерга келиб акамни, онамни тополмасликдан қўрқардим! Ахир, улар мен учун шу маҳалгача Бухорода эдилар, Бухорода…
Эй Бухоро! Бундан 90 йил аввал қувғин қилинган ўғлинг келди… Миллионлаб сургун қилинган фарзандларингдан бир вакил бўлиб келди… Очликдан, қувғинликдан, тутқунликдан, хорликдан, зўрликлардан ўлиб кетмаган, барига чидаган боланг келди. У тирик!
Ватан нималигини билмай кетган чақалоқ, онаси, акаси, ўтмиши, ватанини қидириб келди. Эй отаюрт, биласанми, қанчадан-қанча одамлар сенга етолмай, сени бир бора кўришга зор бўлиб, беватан, бекафан ўлиб кетдилар. Улар бир бора Ватаннинг мусаффо ҳавосини сипқариш учун, бир марта кўҳна ғиштларингни силаш учун жонларини беришга ҳам тайёр эдилар.
Худо уларга қанчакўз ёш берган бўлса, сен учун тўкишди, қанча сўз берган бўлса, сени дуо қилишди. Эй Ватан, Ватан, сен уларни унутмадингми? Мени танияпсанми?!
Менинг икки куним бор. Бир йилнинг фақат икки кунида менга ҳеч ким иш ҳақида гапирмайди, чунки шу кунларда мен байрам қиламан! Ўша кунлари менинг уйим олдида бева-бечоралар учун эҳсон берилади. Хайрия акциялари ўтказилади, миллионлаб пулларни улар учун сарф айлайман. Ҳар йили шу икки кун келишини кутиб яшайман. Бу кунларнинг бири – 24 июль. Ўша куни менинг «Мовий кўзли бургутлар» деб номланган двигатель заводим ишга тушган ва мен бу кунни азобларим ариган, иродам ғалаба қилган, акам, онам, отам ва синглимнинг орзулари ушалган кун сифатида нишонлайман.
Иккинчи куним– 2 июнь! Нью-Йорк осмонида, БМТ биноси олдида озод ва ҳур Ўзбекистон байроғи ҳилпираган кун!
Ўша куни мен «Мовий кўзли бургутлар» заводимнинг филиалини Японияда очиш учун битим имзолашга кетаётгандим. БМТ қароргоҳи ёнидан ўтаётиб кўзим Унга тушдию қотиб қолдим. Кўзларимдан ёш отилиб чиқиб кетди. Покистонлик шеригим ҳайрон бўлиб нималар деганини эслолмайман… У йўлнинг ўртасида тушиб, қаерга кетиб қолганимни ҳам билмай қолди. Ўша куни БМТ осмонида бир улкан, ёруғ , нурли ҳисларга тўла халқимни кўрдим. Мен ўзбекча гапирганча, тиз чўкиб йиғлар, ўткинчиларнинг туртишларию елкамга тасалли учун қўл чўзишларига парво қилмас, онамга ўхшаб ўкириб-ўкириб, елкаларим учиб-учиб, бақириб-бақириб, силтаниб-силтаниб йиғлардим. Шунча йиллик мусофирлигим, онам, акам, миллионлаб сургунга учраган халқим вакиллари учун йиғлардим.
Байроқ тепада эди, осмонда эди, аммо у шунчалик менга яқин эдики, унинг майин толалари юзимни силар, кўзёшимни артарди… Эҳ Ватаним!
Бу Ватан байроғи эди..
Мен ватанимнинг нафасини туйгандай, Бухорони қучгандай бўлдим…
Отажон, Флоридадаги сиз ётган қабрнинг тупроғидан олиб келиб Бухоро узра сочяпман. Бу тупроқ ота-боболарингиз тупроғи билан қовушади. Бахтиёрмисиз, ота? Мана, ватаннинг тупроғига, чангларига–аждодлар хокига, шамолларга қўшилиб учинг! Миноралар устидаги лайлаклар билан бирга парвоз қилинг, Отажон!
Она, мен бекорга шунча вақт кутган эканман. Эртароқ бу ерга келсам, бу тупроқни қучсам бўларкан… Сизнинг Бухорога кетганингизни билардим-у, у ердан тополмасам нима қиламан деб ўйлардим. У ерга борсам, болаликдаги беғубор тасаввурларим тўзғиб кетишидан, шубҳалар орасида қолиб кетишидан қўрқардим. Бекор қилган эканман! Нега бунча кутдим?
Бухорода экан ҳамма-ҳаммаси… Барчаси менга, болаларим, невараларимга ўхшаркан – юз-кўзи, қошу кўзи… Болаларим…
Онажон, акажон, Бухоро минорасига чиқиб, сиз ётган Афғонистон тарафга қараб турибман… Тинч ётибсизми? Энди хурсандмисиз?
Мана, орзуларингиз ушалди, 90 йил ўтиб бўлса ҳам! Орзулар ўлмайди, ўлмайди… Дарёлар оқишдан тинмаганидек, шамоллар, нурлар, гуллар, баҳорлар мангу яшнаганидай чин орзулар ҳам ўлмайди, онажон! Осмондан гоҳ қор, гоҳ ёмғир ёғаверганидай, ой-юлдузлар мангу боқавергандай, қишда учиб кетган қушлар, баҳорда қайтгандай мен ҳам қайтдим, қайтдим!!!
Дунёда нима кўп – зулм кўп, бало кўп, жазо кўп! Аммо бегуноҳ инсони мажбурлаб, ўзи туғилган жойидан, ўзининг элидан, ўзининг нонидан, ўзининг сувидан, ўзининг дарахтларидан, ўзининг дарёларидан, ўзининг мозоридан, ўзининг меҳробидан, ўзининг осмонидан айириш, жудо қилиш дунёдаги энг катта гуноҳ, даҳшат ва шафқатсизларча қилинган ваҳшийликдир!

* * *

Сизни топдим, она! Бозорда кўрдим! Дўппи сотаётган экансиз! Ўхшатдимми дедим, йўқ, қуйиб қуйган ўзингиз… Кейин қишлоқларда ҳам кўрдим! Бухорода бир эмас, кўп экансиз, Онажон! Ҳа, аниқ сиз!
Акамни ҳам кўрдим! Айниқса, новвой йигит акамга Ҳасан Ҳусанига ўхшагандай ўхшайди. Қойил!
Лекин алдаган экансиз, она, алдаган экансиз! Бухоро қандай жой деганимда: «Йиғламайдиган жой» дегандингиз… Мен келганимдан бери йиғлаяпман… Сизни кўриб, акамни кўриб, Бухорони кўриб…
Мана, мен келдим, Бухоро!!! 90 йил ўтиб…