Кўздан нари – кўнгилдан нари
Мақол
Хаёл – ёмон, дейдиганлар ҳақ. Одам, аччиқдир, шириндир, хаёл билан бўлиб, кўп нарсадан, ҳатто, ўзидан ҳам узоқлашиб кетиши мумкин. Узоқлашув ва Танишув. Жуда қизиқ…
Талаба эдим. Қаҳратон қиш. Янги йил арафасида таътилга чиқдик. Пойтахтдан уйга – Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоғига кетишим керак. Поездга чипта олишга улгурмадим. Одатда, байрамолди йўловчи кўп бўлади. Транспорт нархи ҳам шунга яраша – осмонга сапчийди. Чамаласам, таксига ҳам пулим етмайди. Ноиложман. Айланиб ҳам, ўргилиб ҳам нисбатан арзон улов – жонажон автобусда кетишга мажбурман.
Автобус зўр-да! Ҳаётда ҳеч учрашмаган, танимаган одамлар билан маълум муддат «яқин таниш» бўлиб борасан. Манзилингга етдингми, хайрлашасан-да, кетасан. Кейин уни ҳаётингда яна кўрсанми-йўқми айтиш қийин. Бунинг аҳамияти йўқ аслида. Лекин шундай йўловчи-йўлдошларга дуч келасанки, улар ҳаётингда туб бурилиш ясаб юбориши ҳам мумкин.
…Йўл ҳақини келишгач, автобусга чиқдим. Бўлғуси йўлдошларимга бирма-бир назар ташлайман. Бирорта ҳам таниш йўқ. «Эҳ» дедим. Ҳамсуҳбатсиз қийиналасан-да. Боз устига сал одамовироқман, киришувчанликдан асар ҳам йўқ. Кайфиятим бир нави бўлди. Кўрсатилган ўриндиққа маҳкам жойлашиб, ён-атрофимга назар ташладим. Ҳамма ўз ёнидаги билан ғинғир-ғинғир гаплашади. Ёнимда ўтирган йигирма беш-йигирма олти ёшлардаги ака мен билан саломлашгач, роса гаплашишга уриниб кўрди. Жиним суймади. Қисқа жавоб қайтарардим-у, савол бермадим. Фойдасини билмагач, у жим кетаверишга аҳд қилди, шекилли.
Пойтахтдан узоқлашяпмиз. Ҳаво совуқ. Қишнинг изғирин шамоли мункиллаб қолган чолдай имиллаб бораётган автобусимизнинг ойналарини «чийиллатиб» куй чалиб ўйнайди. Автобус ичида икки хил иқлим. Ойналар одам нафасидан димиқиб кетганидан буғланади. Полда эса совуқ шамол оёқни чимчилаб-чимчилаб олади.
Шу кўйи Сирдарё-ю Жиззах, Самарқанду Қашқадарёнинг бийдай дала-даштлари, тоғ-у адирлари оралаб уйга кетаяпмиз. Ҳамма автобусдан олдин етсам, дейди. Гурунглар авжига чиқади. Қишлоқ одами-да, сабил, баланд овозда гапиради. Қаттиқ кулади. Бировлар Чорсу бозорида ишлагани, бир кун тортган араваси учун фалон сўм пул топганини, шу пулнинг барига онасига, икки қизчасига совға-салом олгани, кейин йўлга пули етмай қолиб, ўрнига ўзи учун олган янги қўл соатини бериб шу автобусга чиққанини айтади. Бошқаси шаҳарлик бир бойнинг уйида мардикорлик қилиб, «бир белбоғ пул» ишлагани, кейин мелисанинг қўлига тушиб, сўнг … , ҳозир аранг уйига келаётганини гапиради…
Мен эса жим келавераман. «Бу одамлар менга анчайин узоқ экан…»
Олис йўлда қанча уринмайин, одатимга кўра, ухлаб қолибман. Бир маҳал ҳайдовчининг ғўлдираган баланд овозидан уйғониб кетдим:
– Еттитомга келдик. Тушадиганлар тайёрлансин!
Деразадан қарайман. Зимистон. Соатим миллари уч-у йигирмани кўрсатади. Апил-тапил нарсаларимни сумкамга солиб, олдинга ўтдим. Совуқда бир ўзим қолдим энди деб ўйлагандим. Адашибман. Изимдан тўрт нотаниш йигит тушиб келди.
Эътибор берсам, боя Чорсуда ишладим, деб гаплашиб келаётган йигитлар экан. Ярим тунда ҳаммамиз йўл пойлаймиз. Қишлоққа олиб борадиган уловдан эса дарак йўқ. Туравериб совуқ этимиздан ўтиб кетади. Йўл четидаги бекат томон юрамиз.
– Сиз қаерга борасиз, меҳмон? — деди тўртовлоннинг бири йўл-йўлакай.
Ҳайрон қолдим. Мени «меҳмон» дедими? Кулгим қистади:
– Мен «меҳмон» эмасман, – дедим дона-дона қилиб. Улар уст-бошимга, юзимга бошқатдан разм солиб чиқди-да, деди:
– Э, кечирасиз. Сизни танимас эканмиз. Ўзи қаердансиз?
– Шу ердан, Кўкдаладанман.
– Эй, бир қишлоқдан эканмиз-у, – деб юборишди бирваракайига. – Кимлардансиз? Нима иш қиласиз ўзи?
Тенгқурларим шўх экан. Бекатга етгунча саволга кўмиб ташлашди. Саволлариям ўзидан оддий, жайдари ва ғариб туюлди. Меники шу пайт «тутиб қолди». Уларнинг бачкана туюлган суҳбатидан ўзимни торта бошладим. Сал нарироққа – бекатнинг бу бурчагига келаман. Улар ниятимни сезди. «Бизни менсимаяпти». «Қара, биз билан гаплашгиси йўқ» деган гапларини эшитиб турибман.
Сўнг улар ўзларича гурунглашади. Бир гапириб икки кулади. Мен дирдираб сония санаб машина кутаман. Улар ўтириб олиб ҳиринглайди. Ярим кеча, совуқ оғизни очирмайдиган пайтда-я. Ҳамқишлоқларимнинг кулгиси асабимга тега бошлайди. Бир соат ўтди ҳамки, бахтга қарши, бирорта машина келмади. Совуқ эса суякни зирқиратарди.
Шунда йигитлар қўзғалиб қолди. Тўртови тўрт томонга тарқалди. Беш-олти дақиқадан сўнг қўлида шох-шабба кўтарганча бирин-кетин қайтиб кела бошлади. Эътибор бераман. Дарахтнинг хўл, қор аралаш шохларини синдириб обкелаяпти.
«Буларнинг қўлидан совуқ ҳам ўтмайди-я».
«Ўлжа» бекатнинг ўртасига ташланди. Кичик гулхан ясалди.
Бирови чўнтагидан «зажигалка»ни чиқариб ўтинни ёқишга киришди. Ҳадеганда ёнмади. Шунда бири шох-шаббага қараб:
– Ё, Мойли бобонинг қўли, ёниб кетсанг-чи, энди, – деганди «гурр» кулги кўтарилди. Олов ҳам ёнди.
«Нега кулади?» «Ким у Мойли бобо?». Қизиқдиму, лекин уларга яқинлашмадим. Йигитлар оламшумул кашфиёт ўйлаб топгандек ўзида йўқ мамнун, гулхан атрофини ўраб олишди. Қўлларини оловга теккизиб иситаяпти. Бирови туфлисини ечиб, жиққа ҳўл бўлиб кетган пайпоғини қуритаяпти. Менинг эса совуқдан тилим калимага келмай қолди. Танам оғирлигини дам у оёғимга, дам бу оёғимга ташлаб турибман.
– Меҳмон, келинг, исиниб оласиз, – деди болалардан бири кутилмаганда.
Совуқдан қизарган юзларим энди уятдан, ҳижолатпазликдан лов-лов ёнарди. «Мен менсимаган, ётсираган ҳамқишлоқларим исинишга таклиф қилдими?». Этимдан ўтиб бораётган совуқ манманлигимни синдирди.
Ҳамқишлоқларим даврасига бориб қўшилдим. Олов ёруғида юзларига зимдан разм соламан. Ё, тавба! Булар ким, ёшларми? Шулар-а? Йўқ, уларнинг ёши меники билан баробар, лекин а-анча катта кўринади. Қўлларига қарайман. Дағал, катта-катта ёрилиб кетган. Ўйга ботаман. Эзиламан. «Буларни қора меҳнат қаритиб қўйган».
Қувноқ тенгқурларимдан Мойли бобонинг кимлигини сўрайман.
– Мойли бобоми? – дейди биринчиси. – У – манавининг бобоси, – деди кўзлари қисиқ новча шеригини кўрсатиб. Новча аввал дўстларига, сўнг менга савол назари билан қарайди.
– Бунинг бобоси қишлоғимизнинг Афандиси. Ҳаммани боплайди, алдайди, масхара қилади. Унинг ҳар айтган гапи машҳур бўлиб кетади, – дейди иккинчиси.
Сўнг йигитлар бири қўйиб бири Мойли бобонинг ана шундай «машҳур бўлиб кетган» антиқа гапларини айтиб кетди.
«Бир куни Мойли бобо дўстига шундай мақтанибди. Мен Тошкентда жеган (еган – Ж.К.) лағмон Самарқандгача орқамдан эргашиб келди».
– Э, бўмабди бунинг, – дейди иккинчиси. – Мана буни эшит. Маҳмасолай бобонинг тўйида Мойли бобо дўстларига мақтанаётганмиш:
– Ошналар, кеча Кўкдала бозоридан бир килограмм новвот сотиб олдим. Бай-бай, қурғурнинг ҳар бир бўлаги икки килодан чиқади-ёв, дермиш.
– Бунисиям ҳеч нарсамас экан, – дейди учинчи суҳбатдошимиз. – Мойли бобо бир чўпон дўсти билан қўй боқиб юрганакан. Далада қўйлар, икки эшак ва икки чолдан бўлак ҳеч ким йўқ эмиш. Кечга яқин Мойли бобо маъюс тортиб қолибди. Ҳар доим юзидан бол томиб, лоф урадиган, йўқ жойдаги гапларга ҳам ҳиринглайверадиган чолнинг бу ҳолини кўрган дўсти ташвишланиб қолибди: «Нима бўлди экан унга?»
Миқ этмай қўйган Мойли бобо анча вақтдан кейин чўпон дўстига қарата: «Шоди, дўстим, сенга муҳим бир гапни айтайми?» – дебди.
Шоди чўпон хурсанд, кейин ҳайрон бўлиб, айт, дебди.
Шунда Мойли бобо у ёқ-бу ёққа аланглаб қараб олармишда, эшак устидан туриб дўстининг қулоғига жуда секин шивирлаб, дермиш:
– Мен уйга кетдим. Сен зерикмай қўйларни боқиб юравер…
Мойли бобонинг «қанотли» гаплари даврада кўп айтилди. Негадир, ёшлигим эсимга тушиб кетди. Қишлоқдаги ошналаримни кўргим келди. Далада, узо-о-қларга чўзилган далаларда улар билан қурган давраларимизни қўмсадим. Шундагина ёнимдагилар, Мойли бобонинг неваралари ўзимнинг яқинларим экани, йўқ, аслида мен уларнинг узоғи эканимни тушуниб етдим. Узоқлашув…