Исмоил Оллаберганов. Қанот чиқарган ҳофиз (ҳикоя)

Бошим кал, дилим нозик, деган экан биттаси. Мен кал эмасману аммо кўнглим хийла нозикроқ. Сал нарса ғашимга тегади. Бутун тўй давомида ҳофизнинг бир ерда ўтириб олганча қўшиқ айтиши таъбимни хира қилиб, кайфиятимни бузиб турибди. Ҳофиз дегани бундоқўртага чиқиб, бор-йўқ маҳоратини кўрсатиб, даврани қиздириб турса тузук экан-да. Ў шунчаям ўзига бино қўйганларданмикан?..

* * *

Кечагина папка қўлтиқлаб, бармоқларимиз сиёҳга бўялиб юргувчи мактаб болалари эдик. Бугун эса ҳаммамиз сиполаниб, айримларимиз бўйинбоғ тақиб, каттасиниб қолган йигитларга айланганмиз. Улғайиб қолганимизни исботламоқчи бўлгандай синфдошларимиздан биттаси бугун ҳатто… Ҳа, шундай, уйланяпти…
Илиқ ва намхуш август оқшоми. Сув сепилган ҳовлидан тупроқҳиди анқийди. Бир томонига ишкомлар туташ тўйхона чароғон нурлар оғушида алоҳида файз ва тароват касб этган.
Ниҳотят “Тўйлар муборак…” ашуласи билан даврага келин-куёв кириб келади. Тўйхона аҳли бир қалқиб оёққа туради. Келин-куёв даврани айланиб ўз жойига ўтиргунича ўтган фурсат ичида дил тубида ётган орзу-армонлар ҳам қалқиб чиқади. Қалбингни ёқимли ҳислар эгаллаб олади. Хаёл олис-олисларга олиб қочади. Даврага сурур бағишлаётган қўшиқ энди қулоғингга элас-элас чалинади: “Бу кун шодмонлик кундир, яхши кунлар муборак!” Ва ниҳоят даврабошининг “Марҳамат, ўтиришларингиз мумкин!” дея огоҳлантириши бебош хаёлларингни йиғиб олишга ундайди.
Бу тўйнинг биз учун ҳаяжонли томони шундаки куёв бўлмиш синфдошимиз Озод яна бир синфдошимиз Ризвонгулга уйланмоқда. Бу эса қалбимизни ифтихорга чулғайди. Уларга жиндай ҳасад аралаш ҳавас билан тикиламиз. Биз бир тараф, қизлар бир тараф бўлиб келин ва куёвнинг ёнидан жой олганмиз. Гўё бу тўйнинг бошида ўзимиз тургандай кўкрагимизни кериб қўямиз.
Ана синфимизнинг энг шаддод, билимдон ва мағрур қизи ҳарир рўмол солинган бошини қуйи эгиб, бахтдан ял-ял ёниб ўтирибди. Дарахтнинг шохини мева эгса, қиз боланинг бошини ҳаё-ибо эгар экан.
Озодга ҳавасимиз келди. Чунки синфимизда Ризвонгулга ошиқ бўлмаган, унга уйланишни орзу қилмаган ўғил бола йўқ эди. Шу боисдан ҳам ҳар биримиз нимамиз биландир, унга ёқишга интилар, у бўлса бирдай бепарво ва беписанд эди. Узун киприкларини пирпиратиб, тик боқишлари бизларни анчайин довдиратиб қўярди. Ана шундай ўт-олов, ана шу шаддод Ризвонгул бугун мағрур бошини хиёл эгиб, келинлик либосида кўзларни яшнатиб ўтирибди! Дўппи ва зар чопонда анчагина салобатли кўринаётган Озод ҳам “Ҳа, энди шундай бўлиб қолди. Ризвонгул менга насиб қилган экан!” дегандай хижолатомуз қиёфада даврадаги тенгқурларига назар ташлаб қўяди.
Сархуш давра қизигандан-қизиб боради. “Бахтли кечамизнинг бахтиёр қатнашчилари…” деб анъанавий тарзда табрик сўзини бошлаган давра қатнашчилари икки ёшга боқий севги ва узоқ умр тилашади.
— Азиз тўй қатнашчилари, рухсатларингиз билан табрик учун сўзни келиннинг сирдош дугонаси Шаҳлохонга берамиз!
Даврабоши микрофонни Шаҳлога узатишдан олдин шеър ўқийди:

Навқиронсиз, гўзалсиз,
Тўлиб турибсиз кучга.
Қошларингиз қаламу
Киприклар авторучка!

— Марҳамат!
Шаҳло бир неча оғиз гапирган бўлдию, охирида “Бахтли бўлишсин!” дея таманно билан жойига ўтирди.
— Қойил-е! Қисқа ва сермазмун табригингиз учун раҳмат!
Даврабоши эндигина навбатдаги табрик учун сўз беришга чоғланаётган ҳам эдики тўйхонанинг нимқоронғи чеккасида жаранглаб шиша сингани эшитилди. Барча сергак тортди.
— Ҳа, Эшимбой, бўш келма!
Даврани қийқириқ, шовқин-сурон эгаллади. Хурмачаси ичкиликдан тўлиб тошган Эшим пиён қутурган айиқдай лапанглаб даврага чиқиб бўкира бошлади:
— Йиқил дунё! Тагингда қолай!
Йўқ, дунё-ку йиқилмайди-я, лекин Эшим пиённинг ўзи давранинг ўртасига бориб-бормай гандираклай бошлади. Созандалар ёнига амаллаб етиб бориб, қўшиқ айтаётган ҳофизнинг бўйинбоғидан тортди:
— Вей, мундоқўрнингдан турсанг-чи! Қоққан қозиқдек ўтираверасанми? “Қарғалар”ни айт, “Олма пишганда галинг”ни айт, ахир!
Ҳофиз рубоб чертаётган қўлини кўксига қўйиб беозоргина жилмайди. Шу пайт Эшим пиённи судраб даврадан олиб чиқиб кетишди. Тўй эса келган жойида давом этаверди. Мен Эшим пиённинг ҳофизга берган танбеҳини тўғри деб топдим. Рост-да, ўрнидан туриб айтса бўлмайдими ашуласини!? Ялпайиб ўтиришини қаранг! Тўғри, яхши айтаяпти, ширали овозда сел бўлиб куйлаяпти. Лекин, ўрнидан туриб айтса, асакаси кетармиди, ўзидан кўрсин!..
Шу хаёл бутун тўй давомида миямни пармалайверди, пармалайверди. Ва ниҳоят тўй охирлаб “икки ёшни висол гўшасига” кузатдик.
— Яна кетиб қолманглар! Ҳали ичкарида алоҳида ўтириш бор, — дея бизни огоҳлантиришди. Кетган кетиб бўлгандан кейин биз куёвжўралар меҳмонхонани ўзимизники қилиб олдик. Хизматда юрган йигитчалар дарров янгитдан дастурхон безашди. Тўй даврасига кўрк берган раққоса кириб келди. Хонамиз ёришиб кетгандай бўлди. Кейин доира ва рубобни келтириб қўйишди. “Хонанда жуда такаббур кўринади. Рубобни ўзи кўтариб кирса бўлмасмикан!?” деган ўй яна энсамни қотирди. Пиёлаларга ичкилик қуйиб, хонанданинг кириб келишини ва мана бу малаксиймо раққосанинг хиром айлашини кутиб ўтирибмиз.
Шу пайт… шу пайт барчамизнинг нигоҳимиз эшикка қадалди. Эшикда ҳалиги ҳофиз кўринди, уни икки йигит қўлтиқлаб, суяб келишаётган эди. Унинг худди қимматбаҳо биллур идишдек авайлабгина диванга ўтқазишди.
Хонанда ўзининг бу аҳволидан ийманди чоғи, “Кечирасизлар, йигитлар!” деб рубобни қўлга олди.
Шундагина хонанданинг оёқлари яхши ишламаслигини англадим. Ҳалитдан бери ундан норози бўлиб ўтирганимдан ҳижолат чекдим. Анча муддат юзларим бўғриқиб, ловуллаб турди.
Хонанда мумтоз ва замонавий қўшиқлар куйлади. Овозида қандайдир сеҳр, армону орзулар қоришиқ бир нола бор эди. Мени саркаш хаёллар яна узоқ-узоқларга бошлади. Ҳарбий хизмат чоғидаги бир воқеа эсимга тушди.
Ўшанда баҳорги ўқув машғулотларига жўнаб кетаётган эдик. Бизнинг танкимиз колоннанинг энг охирида эди. Бу ўқув машғулотларига катта ҳозирлик кўрдик. Ҳаммамизнинг кайфиятимиз баланд. Бу томонда баҳор бошланиб келаётир. Илиқ шабада танга ором бағишлайди.
Нима бўлдию танкимиз бузилиб, тўхтаб қолди. Колонна эса анча илгарилаб кетди. Бахтга қарши алоқага ҳам чиқа олмадик. Танкимиз тепаликлар орасидаги пастқам жойда тўхтаган эди. Аксига олиб носозликни топишга топдигу тузатолмадик. Ҳафсаламиз пир бўлди. Орадан икки-икки ярим соатлар чамаси вақт ўтди. Қорнимиз ҳам роса очиқди. Қоронғулик тушиб келяпти. Шу пайт танкчимиз бошқирд йигити Тагир гармонини олдию танкнинг устига чиқиб ўтириб қўшиқ куйлай бошлади. Соғинч ҳақида, муҳаббат тўғрисида сел бўлиб куйлади. Биз эса таскину мададни фақат қўшиқдан олиб ўтирибмиз. Тагир куйлай-куйлай чарчади, шекилли, бирпас тин олди. Қўшиққа берилиб сезмабмиз. Қарасак биздан сал нарида тиззасини қучоқлаганча икки йигит хаёл суриб ўтирибди. Улар келиб биз билан салом-алик қилишди:
— Биз ҳув ана у кўриниб турган қишлоқданмиз. Гармон овозини эшитиб, бу ерга югуриб келдик. Жудаям зерикяпмиз. Йигитлар, йўқ деманглар, бизлар билан юринглар! Бир кўнгил хушлайлик! — дея илтимос қилишди улар.
Бизлар йўқ дея олмадик. Ҳарбий Низомни бузиб бўлса-да, танкни қолдириб уларга эргашдик. Қишлоқ клубига бирпасда биз тенги ёш-яланглар тўпланди. Ўйин-кулги авжида. Танцага тушиб, клубни бошга кўтаряпмиз. Бирдан авж нуқтада музика тўхтаб қолса бўладими. Қарасак, Тагир қорнини чангаллаб, гармонга бошини қўйган куйи юзлари тиришиб ўтирарди. Ҳамма дарров ёпирилиб уни ўраб олди. Тагир жуда очиқиб мадорсизланган, ҳушидан кетиш даражасига борган экан. Бизлар ҳам ундан бешбаттар оч эдик. Аҳволимизни сезган шу ерлик йигит-қизлар ҳозир келамиз, деб уй-уйларига тарқалиб кетишди. Сал ўтмай биров пишлоқ билан колбаса, яна бирлари нон ва мураббо кўтариб келишди. Қоринларимиз тўйгач, кўзимиз равшан тортди. Яна қувноқ куй-қўшиқлар янграй бошлади. Йигитлар бизларни танкимиз ёнигача кузатиб келишди. Бир-икки кунга етадиган егулик қолдиришди. Тунни шу ерда ўтказдик. Эртасига бизни ахтариб келган қисмимиз аскарлари танкимизни шатакка олишди. Биз қўшиқ туфайли, Тагирнинг гармони сабаб нотаниш қишлоқда шунчалик иззат-ҳурматга сазовор бўлган эдик.
Мана бу даврамиздаги қўшиқчини ҳам аслида ёқимли овози эъзозга чулғаётган эди. Мен у ҳақдаги олдинги фикримдан қайтдим, ҳатто ич-ичимдан изза тортиб ўтирдим.

* * *

Хаёл деган ёмон нарса. Бир илакишса, илакишаверади. Уйга келиб ҳам тўйдаги ногирон қўшиқчи ҳақидаги хаёллардан қутила олмадим. Ҳеч кимга нафи тегмайдиган, соғлом оёқлари бўлатуриб, гандираклаб юрган Эшим пиёндан ижирғандим. Шундай ажойиб овозли санъаткорни эса имконларини чеклаб қўйган бевафо дунёдан хафа бўлиб кетдим.
Шуларни ўйлай-ўйлай уйқуга кетибман. Бироқ бу воқеа мени тушимда ҳам тинч қўймади. Эшим пиён махлуққа ўхшармиш. Боши одамникию гавдаси илонники! Судралиб-судралиб зўрға юрармиш. Шу пайт ҳалиги тўйдаги ҳофиз қанот чиқариб, оҳиста кўкка парвоз қилди. Қанот қоққани сайин ёқимли оҳанглар таралади. У анча учгач, оҳиста ерга қўнди. Қанотларини йиғиб, оёқлари ёрдамида юра бошлади. Боғлоқлик турган сигир ва қўй-эчкиларнинг арқонларини бирма-бир ечиб юборди. “Худо буларга оёқ ато қилибдими, яйраб юрсин-да, жониворлар” — дермиш, одамлар унинг гапини маъқуллаб қарсак чалармиш. У яна қанот ёйиб парвоз қилди. Бутун оламни сеҳрли оҳанглар чулғаб олди.