Исажон Султон. Сувдаги коса (ҳикоя)

…Шамол парпираги, айлан тинмасдан!

Олис-олислардаги бегона диёрлардан эсувчи тўлқинлар сени ҳам мен каби айлантирсин!

…Болалигимдан бери денгизга, денгиз бўйида яшовчи кишиларга ҳавас қилардим. Ўкириб-пишқирган, теваракни қарсиллаган кучли садоларга тўлдириб мавж урган тўлқинларни, денгиз узра шитоб билан тўпланувчи булутларнию уларнинг ораларида етилиб, тўппа-тўғри сувга санчилувчи чақмоқларни жуда кўргим келарди. Мана, денгиз бўйидаман. Қудратини, долғаларини ҳис қилиш учун шеригим икковимиз соҳилдаги қайиқлардан мўъжазроқ биттасини танлаб олдик. Мен шамол йўналишини билиб туриш учун сув ўтмас қоғоздан шамол парпираги ясаб, қайиқнинг учига ўрнатиб қўйдим. У мавжли денгиз шамолида пириллаб айлана кетди.

Туш маҳали қайиққа ўтириб, уммон сари суздик.

Кулранг тўлқинлар қайиқ ёғочига залворли урилади. Қайиқ кўҳна, ёғочлари қорайинқираган. Унинг остида минглаб қулоч чуқурлик борлигини тасаввур қилсам этим жимирлаб кетади, шу кулранг-оқимтир сатҳ устидаги ёнғоқ пўчоғидай қайиқ узра қанчалар ҳақир ва бечора аҳволда эканимиздан қўрқаман. Ёдимга шу сўзлар тушади:

“Бизлар сув устида турган косага ўхшаймиз. Косанинг сув устида оқиши ўз ихтиёри билан эмас, балки сувнинг иродаси ва ҳукми иладир. Бу – шундоқдир. Баъзилар сув устида эканликларини биладилар, баъзилар билмайдилар. Агар сен сувнинг косани қандай кездирганини ва бундаги латофату гўзалликни кўрсайдинг, унга бу умумий сифатни беришга жасоратинг етмасди…”[1]

Денгизнинг нарёғи уммонга қўшилиб кетишини биламан. Уммон баҳайбат наҳанглари ва мен билмайдиган беҳисоб жонзотлари билан тўлқинланмоқда. Қайдадир баҳайбат балиқлар ёхуд улкан саккизоёқлар бамайлихотир сузиб юрган бўлса ажабмас. Тубсиз чуқурликларнинг сув юзасига чиқса териси палахса-палахса бўлиб кўчиб, ўз-ўзидан ёрилиб кетадиган кўр балиқлари мангу қоронғилик ичра сузаётгани хаёлимга келади, абадий зулматларда қандай яшашлари ақлимга сиғмайди.

Денгиз тиним билмайди, шовуллаб-чайқалади. Сокин пайтидаги шовқини ҳам шамоллар шовқинидан баланд бўлади. Ҳар куни кўринишини ўзгартириб, тўлишиб бораётган ой боис унинг сувлари ҳаракатга келади. Яъни эрталаблари кўтарилади, пишқириб-кўпираётган мовий шўр мавжлар ҳув анави кўз етиб турган оқ қояларгача бирин-кетин бостириб келади, қоятошлар сув остида қолиб кетади. Кечқурун эса қайтади, соҳилнинг оқиш қумлоғи яна очилиб қолади, ҳар ер-ҳар ерда, чуқурчаларда оқим билан қайтиб кетолмай қолган майда кумуш балиқлар типирчилайди. Анча-мунча кишилар қумлоқда атай чуқурчалар қазишган, ҳозир ўша тутқун балиқларни тутиш билан овора.

Соҳил ортда қолиб кетмоқда. Қайиқ бир маромда лопиллайди. Гоҳ-гоҳ сув остида каттакон соя пайдо бўлади. Баҳайбат бир балиқ бўлса керак, қайиқ остида гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай сузиб бормоқда. Қайиғимиздан ҳам каттароқ наҳанг бўлса-я деб ҳайиқаман, одам исини сезиб эргашиб келяпти, думи билан бир урса ағдарилиб кетсак-чи деб қўрқаман.

Денгиз кўрмай ўсган болалармиз, шу боис у бироз бегона кўриняпти. Ҳақиқатан ҳам, биз билиб-таниб ўсган нарсалардан бу ерда асар йўқ. Қаердан ҳам бўлсин? Узоқда, соҳилда ўйнаб юрган ёш болалар кўзга ташланади, ўшалар денгизни яхши билишса керак. Ҳа, майда-чуйда жонзотларининг феълу тутумларигача билишади. Мабодо мен ўсган жойларга бориб қолишса, ўзларини бегонадай тутишса ажабмас. Денгизи бўлмаган юртларда яшашни исташмаса ҳам керак. Бу ернинг кишилари уйларини соҳилга яқин қуришган, пойдевори жуда баланд, тошу харсангдан тикланган. Эрталаблари айвонга чиқиб, денгиздан қуруқликка эсган салқин шамолда роҳатланиб нонушта қилишади. Оқшомлари эса шамол қуруқликдан денгиз ичкарисига қараб эсади. У  – сувнинг шамоли, кўтарилганида ўз шамолини ҳосил қилади, қайтишида ҳам шу.

Сувнинг кўтарилиши – одамни ҳайиқтирадиган манзара. Ўз-ўзидан жунбишга келаётган тўлқинларга қараб улкан бир қудратни ҳис этасиз. Бир нимага қасд қилган каби, шаҳд билан бостириб кела бошлайди сув. Қорамтир мавжлар тобора кучлироқ тўлқинланади. Шуларнинг бари осмондаги ойнинг ишими, деб ҳайрон бўламан. Саҳарлаб ингичка ой ўроғи нозик-нозик нур таратиб турган эди. Нега тонгда сув қуруқлик томон интиладию нега оқшом изига қайтади? Ойнинг нима алоқаси бор бунга?

Тўлқинлар қайиққа чилп-чилп урилади. Уст-бошимиз аллақачон ҳўл бўлган, ёғочлар намиққан. Бу қанақа ёғоч ўзи? Бизда терак, тол, қайрағоч, ёнғоқ ўсади. Сарвмикин? Сарв тикка ўсади, ёғочи бўш бўлади. Демак, сарв эмас. Чунки қайиқ учун енгил, қуруқ, намиқмайдиган ёғоч лозим. Ўзимизнинг тераклар жуда боп, лекин бу ерда терак йўқ экан, шамшод, қарағай, арча ўсар экан. Кейин, оққайин жуда кўп. Унинг барглари ингичка, шабада эсмаса ҳам шитирлайверади.

Соҳил тобора олислашмоқда. Энди одамларни илғаш қийин, уйлар жимитдай бўлиб кўринади.

Қайиқ  остидаги баҳайбат шарпа ҳануз илгарилайди. Уфқ бўм-бўш. Бир неча кун мана шундай сузаверсак, нариги соҳилдаги юртлар намоён бўлармикин? Ер юзи кенг, ўша жаннатмонанд соҳилларда ҳам инсонлар яшайдилар-ку? Деҳқони, боғбони бормикин уларнинг ҳам? Болалари дарахтлар орасидан нохос потирлаб учган қушдан қўрқиб чириллаб йиғласа, онаси чопиб келиб юпатар? Болалар дунёнинг ҳар ерида бир хил эмасми? Катталар-чи? Йўқ, катталар ўзгача. Катталар турли-турли, бола эса ҳамма ерда ҳам бола. Албатта деҳқонию боғбони бордир! Бизнинг юртдагиларга ўхшаб кетишса ҳам ажабмас. Бироқ, экинлари қанақа экан? Бизда меваларнинг таъми жуда ширин. Совуқ ўлкалардан келадиган мевалардан бегоналик таъми уфуриб туради… У юртларнинг одамларининг киядиган кийимлари ҳам, яхши кўрадиган ранглари ҳам ўзгача. Бизнинг одамлар ранго-рангликни яхши кўришади. Кишининг ранг диди ўз диёрининг рангларига қараб шаклланса керак? У юртларнинг одамларининг туслари, қиёфалари, гапиришлари, ҳатто кўзларию нигоҳлари ҳам ўзгача бўлса ажабмас.

Мен далалар бағрида ўсганман. Денгиз соҳилига келиб сезиб қолдим – аслида, дарахтларимиз унчалик баланд эмас экан. Қишлоқдаги энг баланд дарахт – терак, у ҳамма хонадонлар томорқасининг этагида бор. Денгиз ёқасидаги типпа-тик сарвлару шамшодларни кўрсангиз, ҳавасингиз келади. Бу дарахтлар менинг юртимда ўсармикин? Йўқ, диёримнинг иқлимига бардош беролмаса керак. Юртимнинг шамолларига сарву шамшод чидармиди? Ўзим туғилиб-ўсган ҳовлимдаги дарахтлар кўз олдимга келади: бари кунчиқар томонга эгилиб қолган, бу мен айтган шиддатли шамолларнинг иши.

Сув чилп-чилп урилади.

Қизиқ, сувнинг ўртасидамизу қуёш қаттиқ қиздирмоқда. Бирданига диёримнинг ўша бўз тупроқлари нақадар азиз ва суйимли эканини пайқаб қоламан. Ичимдаги улкан соғинч тўғони очилиб кетгандай бўлади, пўртана уриб юрагимни тўлдиради, юртимни ич-ичимдан соғинганимни ҳис қиламан.

Мабодо қайтолмасдан қолиб кетсак-чи? Бир неча кун сув устида қалқа-қалқа, қуёш жазирамаси остида сувсизлиқдан жон таслим қилсак-чи? Жасадимнинг шу сув тубларига ғарқ бўлишини истамаслигимни ҳам сезиб қоламан. Сув – бошқа бир дунё! Унинг тубларида шамоллар оқимларга айланиб оқадилар. Қуруқлик ва сув дунёси учун фақат Тангри таоло, қуёш ва ой бир, холос. Қолган ҳамма нарса тубдан фарқланади.

Сув қайиқ четига чилп-чилп урилади, чанқоқ кучайиб боряпти.

Бегона! Бегона! Бу сув бегона! Бу осмон бегона! Бунда учаётган қушлар ҳам худойимнинг махлуқларидирлар, аммо улар ҳам бегона. Шунда юртим қушларининг… менинг она тилимда сайрашларини пайқаб қоламан. Ажабо, қушлар менинг тилимда сўз айтадилар! Юртимнинг дарахтлари тилимни тушунишади! Уларнинг қиёфалари ўз кишиларимизга мос эканини англайман. Томорқада куймаланиб юрган отам, тандирга ўт ёқаётган онам, чирқиллаган чумчуқлар, ғув-ғувлаган мусичалар, маккажухори орасидан жўжаларини эргаштириб чиққан товуқлару қўрадаги қўйлар… ҳаммаси бир бутун, яхлит манзарага айланиб кўз олдимда туриб қолади.

Сув дунёсини англамаганим боис ҳам унга сўзим ўтмайди. Ўз масканимда бутун теваракка ҳукмимни ўтказа олардим. Дов-дарахт мен истаган шаклда ўсар, тупроқ мен истаган шаклда ҳосил берар, бутун атроф менга бўйсуниб-хизмат қилиб турар эди. Ҳар жонзоту ҳодисанинг нима учун яратилганини билардим, шу сабаб ўзимнинг эҳтиёжимга бўйсундира олардим. Долғаланаётган бу маконда ҳукмимни ўтказа оладиган битта нарса бор – у ҳам бўлса мана шу қайиқ, холос.

…Денгиз тўлқинланади, шовуллайди.

Мана шу бепоён сув, унинг ҳудудлари тугаган ерлардаги ғалати юртлар… кишилар… ўзига чорлайди, жалб этади, жозибасини кўз-кўз қилади. Ажаб, дейман, ҳаммага ҳам ўз макони шунақа азиз туюлармикин? Юртимнинг табиати юртдошларим билан бирлашиб кетганини илғайман. Одамлар табиатга ўхшаб қолишадими ёхуд табиат одамларгами?

Сув қайиққа босим билан урилиб, чайқатади. Остимиздаги қора шарпа кўзга кўриниб-кўринмай ҳануз сузади. Оқ чағалайлар тўшларини сувга уриб-уриб учадилар.

Ўз хаёллари билан банд шеригим тўсатдан ваҳимага тушади:

–     Ортга қайтишимиз керак! Адашиб очиқ уммонга кетиб қолмайлик тағин!

–     Йўғ-э! Қайиқ сузмай, жойида турибди-ку.

–     Оқим, – дейди у, сувни кўрсатиб. – Сув қайта бошлаганида камида юз чақиримга денгиз ичкарисига олиб кетади, тушуняпсанми?

Ие? Тўғри айтяпти-ку? Дарҳақиқат, кечга яқин сув қайта бошлайди шунда ростдан ҳам у оқимга қарши боролмаймиз ва очиқ уммонга кетиб қоламиз. Шеригим тўсатдан эшкакларни олади.

–     Соҳилга қараб сузишимиз керак, – дейди у хавотир ичра. – Оқим опкетиб қолса қайтолмаймиз, ахир.

Соҳил-ку, аллақачон кўринмай кетган. Тўсатдан бу ерда Вақт йўқлигини илғаб қоламан. Гўё асрларнинг аввалига, ҳали дунё фақат сувдан иборат бўлган пайтларга қайтгандаймиз. Бу қайси аср? Дунёни қачон сув босган эди? Нуҳ алайҳиссалом замонида дунёда қуруқлик қолмаган эди, дейдилар. Гўё ўша замонларга бориб қолгандаймиз. Гўё дунёда икковлон қолганмиз, биздан бошқа ҳеч ким йўқ!

Ҳа, дунёни сув босган, сув устида икки мўмин банда… сув остида гунгу соқов балиқлар… бегона тилларда чуғурлаб учаётган қушлар… соя каби сузаётган шарпа… балки, юнусбалиқдир?..

Шеригимдаги хавотир менга ҳам кўчиб ўтади. Аввалига секинроқ, кейин эса жон-жаҳдимиз билан эшкак эша бошлаймиз.

Мабодо денгизда пўртана бошланса-чи? Ҳозирча ҳавода бўрон аломатлари сезилмайди. Ҳарчанд диққат билан боқмайин, ўзгаришларнинг аломатини илғаёлмайман. Об-ҳаво ўзгаришининг ишоратларини мен ўз ватанимда илғаб олардим, бу ернинг ишоратлари ҳам бўлак. Диёримда чивинлар тўдалашса, қалдирғоч ер бағирлаб учса, мусича уясидан чиқмай қўйса, демакки, ҳавода намлик кўпайган бўлади, ёмғир ёғади. Қушлар патларини тозалай бошласалар, кун иссиқ келади… Шафақ ол тусда товланса, эртага кун очиқ бўлади… Бу ердаги қичқириб учаётган оппоқ қушлар менга ҳеч ниманинг ишоратини бермаётирлар. Лекин, денгизнинг пўртанаси ёмон бўлади, бошланиб қолса нима қиламиз? Чўлу даштда қолиб кетсам ҳайиқмайман, чунки – ўзим билиб юрган ерлар. Очқасам, қайси ўтнинг илдизи озуқа бўлишини, чанқасам қайси ўтда ширин сув бўлишини биламан. Бу ерда-чи? Ҳар тараф сув бўлса-да, ичишга ярамайди. Тавба! Учқур хаёл дарров ечим топади: сув қайнатилса шўри кетади, томчиларини йиғиб олиб ичса бўлади. Ёки ёмғирнинг суви чучук бўлади, уни бир амаллаб тўпласак… Қайиқ устида олов ёқиб бўлармикин?

Тўлқинлар катталашмоқда. Ораларидаги чуқурлари кенгайибди. Шовуллаб тўлқинланмоқда денгиз.

 

* * *

Тўсатдан шеригим эшкак эшишни бас қилади. Шаҳд билан қўлимни тутади, қайиқ лопиллаб кетади.

–     Тўхта, – дейди у ваҳимага тушиб. – Биз адашиб, тескари томонга кетяпмиз.

–     Йўғ-э, қуёшга қараб мўлжал олсанг-чи. Агар тўғри сузаётган бўлсак, унда қуёш чап томонимизга ботиши керак.

–     Оқимга қара, – дейди у.

Ҳақиқатан, илғанмас бепоён оқимлар очиқ денгиз томон оқаётгандай, қайтаётган сув бизни тескарига оқизиб кетаётгандай туюлади.

–     Ундай эмасдир, – дейману рўмолчамни олиб сувга ташлайман. Рўмолча қайиқ билан баб-баравар тўлқинланиб туради, кейин қанақадир қизиқувчан балиқ уни сув остига тортиб кетади.

Нима қилдик? Чанқоқ тобора зўраяди, сувдан бир қултум оламан-да, оғзимда узоқроқ тутиб тураман, кейин майдалаб томоғимдан ўтказаман. Ҳақиқатан ҳам сувнинг қайтиши бизни ичкарига олиб кетгани ростга ўхшайди, аксига олиб, мўлжал оладиган ҳеч нимамиз йўқ, қуёшга қараб йўл топишниям билмаймиз. Тўрт тараф уммон, фақат уммон.

Қатъият билан эшкак эшишда давом этаман, шунда шеригим эшкагини кўтариб, таҳдид қилади:

–     Гапимга кирсанг кир, бўлмаса шу билан бошингга уриб сувга киритвораман!

Сенга нима бўлди, дўст? Ҳар доим фикримиз бир жойдан чиқмасмиди? Нега иккиланяпсан? Ахир, янглиш йўналишни танлаяпсан, у ёққа сузсак ҳалокат кутиб турибди бизни! Нега тушунмаяпсан?

–     Шошмасанг-чи, ўйлаб кўрсанг-чи, – дейман ёлворгудек бўлиб. – Ахир, адашяпсан-ку? Эслаб кўр, фақат қуёшга қарабгина тўғри йўналишни топа оламиз, ҳадемай ботиб кетса-чи? Қоронғиликда денгизда қопкетсак-чи? Эсла, эсла – бу томонга суза бошлаганимизда қуёш қай томонимизда эди?

–     Тиккада эди, – дейди у хўмрайиб, иккиланиб. – Аниқ эслайман, қоқ тиккага келган эди!

–     Юртимизда бўлганимизда ҳеч иккиланмай топардик йўлни, – дейман афсусланиб. – Диёримизда доимо кунботардан шамол эсарди, шу сабаб дарахтлар шамол йўналишида кунчикарга қараб эгилган бўларди. Ҳеч бўлмаса ўшанга қараб йўл топса бўларди. Бу ерда имкони йўқ.

–     Билмадим, – деб тўнғиллайди шеригим. – Лекин оқим бизни олиб кетаётганини аниқ биламан. Соҳил мен айтган томонда, ўша ёққа қараб эшкак эшамиз!

Тўхта, дўст. Шошмасанг-чи…

Самони кулранг булутлар қоплаб келмокда. Уфқ уммон билан қўшилиб кетгани учун чегарасини илғаб бўлмайди. Ҳали замон қуёш ҳам булутлар ортида қолиб кетади, ўшанда мўлжал оладиган ҳеч нима қолмайди.

Тўлқинлар кучаймоқда. Шу юпқа тахтанинг остида беш-олти минг қулоч сув қатлами борлигини тасаввур қилсанг, ваҳм босади.

“Уни арқонлар билан бойлаб ташласам-чи,” деган ўй келади хаёлимга, лекин арқон кайда? Яна бир йўли бор – сувга итариб юборсам-чи?

Ер остидан қарасам, у ҳам менга ана шундай қараб турган бўлади. Наҳотки унинг ҳам ақлига шу ўй келди? У ҳам мени сувга итариб юборишни кўзлади?

Шошмай эшкакни қўлимга оламан. У ҳам шундай қилади. Эшкак оғир, залворли, суви томчилайди.

Дунёни сув босган, сув устида икки мўмин-мусулмон, шулар ҳам бир-бирига ёвлашиб турипти… сув остида гунгу соқов балиқлар… бегона тилларда чуғурлаб учаётган қушлар… соя каби сузаётган баҳайбат балиқ…

–     Келишиб олайлик, – дейман муросага чақириб. – Бир-биримизни сувга ғарқ қилиб юборганимиздан фойда йўқ-ку? Қайиқни битта эшкак билан эшиб барибир соҳилга етиб боролмайсан, қара, ичгани сувимиз ҳам қолмади.

–     Очиқ денгизга чиқиб кетиб бўлдик, – дейди у руҳсиз, эшкагини тушириб. – Қарасанг-чи?

–     Нимага қарай?

–     Чағалайлар… – дейди у, хомуш.

Дарҳақиқат, атрофимизда чағалайлар кўринмай қолибди. Кўринмаса нима, балки кайтиб кетишгандир? Кейин ақлимга етиб келади: чағалайлар соҳилдан узоққа кетишмайди, чунки уялари, полопонлари соҳилда, қоялар устида бўлади…

–     Эй Худо, – деб юбораман, эшкагим қўлимдан тушиб кетади. – Балки ҳаво айнигани учун учиб кетишгандир? Ёмғир ёғса, қанотлари ҳўл бўлиб оғирлашади, учишга қийналади, а?

–     Улар денгиз қушлари, патлари ёмғирдаю тўлқинларда намиқмайди, – дейди шеригим. – Энди тамом бўлдик, дўст.

Қайиқнинг икки четига ўтириб қоламиз. Ақлим зўр бериб йўл излайди. Атрофимда бегона кушлар учади. Уларни танимайман, балки очиқ денгиз қушларидир? Денгиз сувларига қўниб дам оладиган, ҳатто ухлайдиган қушлар ҳақида эшитганман-ку?

Қайиқ остида ўша баҳайбат шарпа ҳануз сузади.

Эрталабгача кутсак-чи? Эрталаб яна сув кўтарила бошлаганида, оқим яна қайтиб соҳилга олиб бормасмикин?

Йўқ, олиб бормайди!

Унда… шамол қай тарафдан эсмокда?

Тўхта!

Шамол дедимми?

Сакраб туриб кетаман, қайиқ яна лопиллайди.

–        Шамол! – дейман ҳаяжонланиб. – Йўлни топдим! Шамол!

–        Шамолни нима алоқаси бор? – дейди шеригим ажабланиб.

–     Бу ернинг шамоли эрталаб денгиздан қуруқликка, кечқурун қуруқликдан денгизга қараб эсади! – қувончимдан жойимда туролмай қоламан. – Тушуняпсанми? Ҳозир шамол ортимиздан эсмокда, демак, сен кўрсатган томон – соҳил эмас, очиқ денгиз. Соҳил ортда, мен кўрсатган томонда, энди тушундингми?

–     Нега гап уқмас бўлиб олдинг? – дейди шеригим ҳануз жаҳлидан тушмай.  – Очиқ денгизда шамол истаган томонидан эсади. Балки бу сув қайтишининг шамоли эмасдир? Пўртана шамолидир?

Ўзим ҳам иккиланиб қоламан. Агар пўртана шамоли бўлиб чиқса, у ҳолда шубҳасиз ҳалокат сари сузган бўламиз. Ундан кўра ҳеч ҳаракат қилмасдан, бугун эрта балиқчи кемаларнинг яқин орадан ўтиб қолишидан умид қилганимиз яхшироқ эмасми?

Тўлқинлар кучайиб шиддатланмоқда, шамол дарҳақиқат пайдар-пай, ҳар томондан эсмоқда.

 

* * *

Мана… шом қўна бошлади.

Шом… диёримда билдирмай, оқшомги шудрингларнинг йилтировчи марварид доналари билан баб-баравар қўнгувчи эди. Шом доғ бўлган ёғнинг ва турли чечакларнинг исларини таратиб, теваракни қўй-қўзиларнинг баърашигаю турфа қушларнинг сайрашига тўлдириб қўнарди. Бу ерда ҳам шом қўнди, аммо кимсасиз ҳудудларга шўр сув ва балиқ ҳиди анқиди. Шафақлар сувнинг ойнадай сатҳида палахса-палахса аксларни ҳосил қилди, тўлқинларнинг ранги ўзгариб, қорамтир тусга кира бошлади, ундаги шафақ эса тўқ-қизил бўлиб яллиғланди.

Очиқ денгизларнинг шамоли кўпириб-тошаётган баҳайбат тўлқинларни ҳосил қилмоқда.

Сени танимайман, денгиз шамоли. Аммо сен – пўртаналар ҳосил қилувчи қасирға шамоли эмасдирсан? Саҳарлари сув кўтарилиши билан бирга пайдо бўладиган ва оқшомлари сув била бирга қайтадиган ой шамоли бўлиб чиқишингни жуда-жуда истайман. Ердан ғоят олисда, фазо қўйнида жим сузаётган улкан сайёра билан мана шу суву шамол ўртасида нима боғлиқлик бўлиши мумкин, билмайман. Лекин сенинг эсишинг юрагимга умид бахш этмоқда.

…Ҳадемай уммон узра тамомила қоронғилик чўмади.

Диёримда қоронғилик ҳам чиройли чўкарди. У кўзга илғанмас парда сингари майин-майин, токларнинг ишкомларинию дарахтларни, томларни, тупроқкўчаларни, ораста экин далаларини энлаб-авайлаб, оҳиста тушиб келарди. Баъзи ҳовлиларда олма ёки беҳи шохига осиғлиқ сариқ чироқ остида кечки овқат маҳали оиладагиларнинг гангир-гунгир гаплашиб ўтиришганини кўрса бўларди. Қўни-қўшни бир-бирларига кечга пиширган таомларидан чиқарардилар. Кейин қозон-ўчоқ бошида тарақ-туруқ эшитилар, идиш-товоқ ювилиб-саранжомланар эди. Бедазорлар иси, сут иси, янги кесилган тут баргининг иси ҳовлидаги райҳонлар бўйига қоришиб теваракка тараларди.

Бепоён бу уммон узра долғали тун чўкмоқда. Лекин бу тун ҳам менга бегона. Пўртана шамоли, сени танимадим, нималар деб ўкира бошлаганингни англамадим. Қайиқ учидаги парпирак узилиб кетгудек бўлиб айланмоқда.

Эй шамол парпираги, айлан пириллаб!

Нотаниш бу маконларнинг суронли долғалари сени ҳам мен каби юлқилаб айлантирсин!

Қайиғимиз сув устида турган косага ўхшамайдими? Косанинг сув устида оқиши ўз ихтиёри билан эмас, балки сувнинг иродаси ва ҳукми иладир, дедилар. Ҳа, бу шундоқдир… Бир оздан сўнг сув косани шундай оқиза бошлайдики, буни кўрган бошқа косалар қочишга тушадилар…

Коса… қайиқ… Тавба, булар орасида нима боғлиқлик бор?

Эй уммон, гувиллаб юксакларга интилаётган ва қарсиллаб йиқилаётган тўлқинларинг бағрида ҳозирча жонимизни сақлаб турган бўлсанг-да, лекин сен ҳам тамомила бегона туюлмоқдасан. Ажабо, дейман қайиқ четига маҳкам ёпишганимча. Тангрим бутун ер юзини одам боласига қўнимгоҳ қилиб бермадими? Унда не сабабдан мен сизни сезмаяпман? Не сабабдан менга ўз тилингизда сўйламаяпсиз? Ёки сўйлаяпсизу мен англамаяпманми?

Нималар деб ҳайқирмоқдасан, пўртана шамоли? Нималар деб оламни бузмоқдасан, қасирға?

Мен диёримда теварак, осмон, ер, қуёш, шафақ, ёмғир, шамол, майсалар, тун, тонг, тоғлару боғлар… ҳаммаси билан бир бутун эдим, улар билан бирлашиб кетган эдим. Бу ерда эса… сув устидаги ёғоч косаман, холос.

Тун тамомила энлаб-босиб келмоқда. Зимистон қоронғилик чўкади, энди зулмат бағридан фақат турфа нотаниш овозлар келади, қўлларим, уст-бошим, сочларим шўр сувдан шалаббо бўлган, иккимиз ҳам қайиққа маҳкам ёпишиб жон сақлаймиз. Кўкларнинг бағрини тилиб чақмоқлар чақади, момақалдироқ овози билан денгиз сувининг қасирғалари қўшилиб кетади, тўсатдан шаррос ёмғир қуя бошлайди, бунақа ёмғирни ҳам ҳаётимда илк бора кўрмоқдаман. Қайиқ тубида тўплана бошлаган ёмғир сувида оёқларим совқотади, эсимга қайиқ остида сузган улкан шарпа келади: қоронғида кўринмаса-да, балки ҳалиям сузаётгандир?

Эй тўфон, эй долғалар, эй тўлқинлару уларнинг бағирларидаги бесаноқ жонзотлар, эй бошқа дунёларнинг махлуқлари! Очиқ уммон сари адашиб кетиб бораётган икки мўминга балки ўз тилингизда турли ишоралар қилгандирсиз? Чағалайлар ҳали қоронғилик тушмасидан, осмонини кулранг булутлар энлаб кетган шу ҳадсиз-ҳудудсиз олам соҳилига учиб кетиш олдидан безовталаниб чуғурлашгандир? Дунё зулматга чўмганида, ер юзини буткул энлаган сув узра хас каби қалқаётган  шу ёғоч парчаси устидаги инсон боласининг адашишларига ачинишгандир? Гоҳ сув бетига чиқиб, гоҳ сув остидан ҳолимизга боққан қиличбалиқлар, найзабошлар, япалоқбалиқлар, денгиз юлдузлари, наҳанглар бор овозлари билан хитоб қилгандирлар-у, мен англамагандирман? Зулматда ҳеч мўлжал ололмаётган бўлсам-да, дилимда биргина умид милтирамоқда: шояд тутган йўлим тўғри бўлиб чиқса? Шояд оқим ва шамол ҳалокат сари эмас, халоскор соҳил сари оқизаётган бўлса. Сув устида эканман, қалбимдаги ҳамма нарса ғойиб бўлганини, фақат Тангрининг қадар ва қисматига бўйсунишдан бошқа ҳеч нима қолмаганини, уммон узра ҳеч нарсага айланганимни ҳис қилиш даҳшати мана шу зулматнинг бўронларидан ҳам баттарроқ бўлиб шууримга ёпирилиб келмоқда, тўфонларни ҳосил қилмоқда. Пўртаналар қайиқ ёғочларини қирсиллатиб эгмоқда, очиқ ораларидан шўр сув кирмоқда, ёмғир сувига қўшилиб қайиқ тубида тўпланмоқда. Бағридаги бор нарсани отиб юборгудай жунбишга келган сувларга оловли қилич каби санчилаётган чақмоқ ёруғи қайиқнинг нариги учида мен каби тахтани чангаллаб олган дўстимни ҳам гоҳ-гоҳ ёритмоқда. У хатарли тўлқинлару яшин яллиғлари аро халоскор соҳил қорайиб кўриниб қолармикин деган илинжда ўзи мўлжал қилган тарафига, тўфон қаърига тикилган.

Шамол парпираги, айлан пириллаб! Уни юлқиб олиб, долғалар бағрига ҳас каби учириб кетаётган шамол, янада кучлироқ эсавер! Тўлқинларни осмон қадар кўтар, пўртана! Аслида шу он барчамиз бир ҳукм шиддати остида пириллаб айланмоқдамиз-ку! Сению чақмоқларни, тўфону пўртаналарни, сурону қасирғаларнинг сабаб-натижаларини яратган, қутулишнинг йўлини ҳам албатта яратиб қўйгандир? “Киши сувга тамомила ғарқ бўлганида, ундан кўринган ҳар бир ҳаракат ва иш ўзиники бўлмай, сувга тегишлидир.”[2] Сени нима ўзига чорлаётир, билмайман. Аммо тоғдай тўлқинларнинг сапчишлари аро хас каби айланаётган қайиқ устидаги икки жонни ўз диёри – севгилиси чорламоқда. Дийдор йўлидаги барча хоҳишу истаклар уқубатли, ёр эса ҳамиша дилоромдир… Мен бутун инсонлигим билан ўша дилоромга томир-томиримдан боғланганимни, у бўлмаса ўзимнинг мавжудиятим ҳам шу тўфонларга қўшилиб ғарқ бўлиб кетишини сезаман. Бизни шу сув оқишига солган, мени яхшилик ичида эслаб-илтижо қилингиз, деб огоҳлантирган олий мураббийнинг ўзи жонимни шу долғалар қаъридан чиқариб у сари йўллашини, чақмоғу қасирғаларга ўша дилоромнинг қадру қийматини англашим учун солганини, энди сув тамомила унинг ҳукми ила, у истаган томонга оқиза бошлаганини… қўрқувлар, ваҳмлар ва ҳайиқишлар ортидан дилоромимнинг оромбахш қиёфаси бирданига кўриниб қолишини умидворлик ила кутяпман, холос.

2011


[1] Жалолиддин Румийдан.

[2] Жалолиддин Румийдан