Исажон Султон. София (ҳикоя)

(бир муҳаббат ҳикояси)

Яқиндагина рўй берган, табиатни яксон этиб, шиддатли селлар пайдо қилган довул маҳали чақмоқ урган бир кишининг ҳолидан хабар бермоқчиман. Чунки аввалбошда оддийгина туюлган шу ҳикоя бир оз вақт ўтгач, назаримда бошқа маъно касб эта бошлади. “София” сўзи юнончада юксак илоҳий донолик, имон, умид ва муҳаббат маъноларини англатар экан. Бир оз мушоҳада қилиб кўргач, тўсатдан… унда ўзимиз билган оддий довул эмас, тамомила бошқа ҳодиса тилга олинганини, тўфоннинг сираям тўфон эмас, балки муҳаббат долғалари эканини тушуниб қолдим. Ишқ инсон ҳаётига шу тарзда, бўрон янглиғ кириб келиши ҳам мумкин-ку? Мана шу нуқтадан туриб назар ташласам, дала ҳовли бор-йўғи инсон муваққат турадиган макон экани аён бўлди, чақмоқ урган киши қиёфаси бирданига ўзгариб, умидсиз, ишончсиз, муҳаббатсиз бир хилда ҳаёт кечираётган одамнинг изтироблари юзага қалқиб чиқди. Ким билсин, балки у София исмли аёлдан баҳс этгандир? Шу исм англатаётган хислатларга эга бир аёл, балки, инсон ҳаётида мана шундай улкан ўзгаришлар содир қилар?

* * *

Аввалига об-ҳавони кузатиш хизматларининг турли тиллардаги огоҳлантиришлари таралди. Бу маҳал мен Чорбоғдаги дала ҳовлимда эдим. Жуда узоқдаги бепоён ўзга ҳудудлардан бошланган ва учраган неки бор пайҳон қилиб ўтадиган, кучи довуллардан ҳам шиддатлироқ бир тўфон бошланишидан дарак бермоқда эди кузатув хизматлари.
Метео хизматларининг ишини унча-мунча тушунаман. Уларнинг тахминига кўра, қаердадир қуёш жуда қаттиқ қиздира бошлайди. Шунда исиган ҳаво юқорига кўтарилади, ўрнини шитоб билан теградаги совуқроқ ҳаво эгаллайди. Ҳамма ёқни энлаб, қутуриб эсадиган тўфонлар мана шу тарзда юзага келади.
Бутун атроф шу тўфоннинг бошланишидан дарак бермоқда. Метеохизматлар халқ билган йўсинлардан фойдаланмаса керак деб ўйладим. Халқ оддий нарсаларга қарайди, метео эса замонавий илм-фанга таянади. Унинг ихтиёрида фазовий кузатиш қурилмалари, термик ва бошқа кузатув асбоблари бор. Ҳаво оқимларининг, булутларнинг қай тарзда, қай томон, қай шиддатда ҳаракатланишини аниқ-таниқ кўриб туришади.
Ажаб, тўфонлар уммонлар ва уларнинг соҳилларида рўй бермасмиди? Бўрон ёки довул кўтарилади десалар ҳам майли эди. Лекин тўфондан хабар бермоқдалар-ку? Кучли шамол уммонлар устида баҳайбат тўлқинларни ҳосил қилади, ана шуни тўфон демайдиларми? Тўлқинлар соҳилдаги неки бор, барини вайрон қилиб ўтади. Инсоният нима учундир бундай ҳалокатли ҳодисаларни аёлларнинг исми билан номлайди.
Бу тўфонга “София” деб исм берилибди.
Тўфонлар денгизларнинг юзаларида рўй беради. Мисли кўрилмаган шиддат билан шамоллар эсади, тўлқин юзаларини парчалаб сувларни сапчитади, баландлиги бир неча қулочлик улкан долғалар пайдо қилади. Агар абадий совуқ ҳудудларда эсса, улкан муз тоғларини қарсиллатиб ёради. Қайлардадир шундай бўлади албатта. У ерлар – охири кўринмас, долғаланиб ётган сувлар макони. Бироқ менинг  ватанимда-чи? Менинг элимда уммонлар йўқ. Мен туғилиб ўсган жойлар – сўлим дарахтзор водийлар. Жаннат водийлари десам ишонинг. Қилни қирқ ёрадиган метеохизмат ҳамма нарса аниқ, ораста, ўлчов билан тартибланган элимга кутилмаганда София тўфонининг кириб келишидан огоҳлантирмоқда.
Енгил шабада ҳаволарни мавжлантиради, узоқдаги ўр-қирлар шу сабаб жимирлаётгандай кўринади.
Ҳаётимда қасирғаларни, бўронларни довуллару чақмоқларни яхши кўраман. Шиддат билан ёғаётган ёмғир гувиллаб-севалаб, дов-дарахтларни эгиб-эгиб ёғишини ёқтираман, шамоллар буталарни чайқатиб-чайқатиб эсишларини кўп кўрганман.
Атайлаб айвонимдан узоқроққа, очиқроқ жойга бордим-да, нотаниш бу тўфоннинг қандай бошланишини кута бошладим.
Салдан кейин шамол кучлироқ эса бошлади.
Дарахтларнинг баргларини шитирлатиб, оламни турфа товушларга тўлдириб  эсди у. Кейин янада кучайганида шохларни эгди, қурий бошлаган майдароқ шохчалар қирс-қирс синди, ёш новдалар эгилиб-букилиб, унинг увиллашларига қўшилиб юлқина кетди.
Кичкина радио юртим узра София тўфони бошланаётганидан огоҳлантирди-да, кейин шитир-шитир килиб туриб, овози бирданига ўчди. Айвонда осиғлиқ чироқ липиллай-липиллай, у ҳам ўчиб қолди. Тўғри, электр узатиш хизматидагилар атайлаб ўчиришган бўлишлари мумкин. Кучли тўфонлар юқори қувватли узатиш тизимларини вайрон қилиб юборади, ҳатто бутун-бутун вилоятлар ёруғликсиз қолганини биламан. Айвонимда мусича ин қурган эди, шўрлик бояқиш шамолда уча олмай, айвон устунига қўниб олди, салдан кейин урилган шиддатда майда хас-чўплардан амал-тақал қурган ини зумда сочилиб кетди.
Қайлардандир бошланиб, босими тобора ортиб борар эди бу ҳодисанинг. Лекин тўфон дейилди-ку? Бу бор-йўғи шамол, унинг қилмишларини яхши биламан, муштдайлигимдан бери танийман, болалик қадрдоним у. У эсса юртда нималардир ўзгаради, ҳўв тоғ ортларидан булутларни пода-пода ҳайдаб келадиган чўпон шамол эмасмиди у?
Булутларни ҳайдаб келадиган десам, худди булутлар пастда рўй берадиган ўзгаришларни кўргиси келган каби ўз-ўзидан сурилиб-мингашиб келар эдилар.
София айвонимни қум билан қоплаб эсди. Тўзонга буркаб ташлади ашёларимни. Қизғиш йилтираб турган сўри зумда оқиш тўзон билан қопланди. Самоларда улкан қора булутлар тез сузиб, қат-қат уюла бошладилар. Ширр-ширр дея нола қилди дарахт барглари. Ўтлар шитирлай-шитирлай, эгилиб-эгилиб силкинди. Энг митти, қуруқ майсаларни илдизи билан суғуриб учирди.
Бепоён ўтлоқларда ўйнаб-ўйнаб эсди у. Ясланиб кетган бўлиқ ўтлар узра шиддати ва эркалиги аниқ билинди. Ўтлоқнинг гоҳ у, гоҳ бу ерида тўсатдан эпкин уриб, барини эгиб-букиб ўтди, ажабки, қолган ҳудудлар тек эди. Сал ўтмай анча нарида яна шундай қилди. Ён-веримдаги дарахтлар оҳиста шивирлаб турган эдилар, бирданига шу ерда пайдо бўлди-да, шафтоли шохларини қаттиқ силкитиб, ҳали пишиб етилмаган меваларини тўкди, кейин тўсатдан ҳўв нарида – улкан тол ёнида тўлқин ура кетди.
Тамомила ёввойи ва бебош эди у!
Шу тариқа – бир ёним тоғ, бир томоним ёнбағирларда энлаб-чўзилиб кетган пастликлардаги табиат аро унинг эсишларини завқим ошиб кузатар эдим. Нарироқда бултур ёзда қурган чайлам ҳам бор эди, устига чакалак билан тол шохларини босган эдим, София уни чунон юлқидики! Майда-чуйда қуриган баргларни битта қўймай учирди. Кейин эса чайлани ағанатиб юборди. Қарсиллаб йиқилди устунлар. Тут новдасининг пўстлоғидан эшиб бойлаганим белдамчилар ҳилпирай бошлади. Сўнг бирданига юқорига кўтарилиб, кўл устларида айлана-айлана эса кетди. Қишлоқлар устида шовқин солди, қичқирди, телбаларча гоҳ юқоридан пастга шиддат урди, гоҳ эсишини бирданига ўзгартириб, пайдар-пай эсди, ниҳояси аранг кўринадиган улкан кўл унинг ўйноқи босими остида залворли чайқалиб, кўпикланарди.
Жилваларига маҳлиё бўлиб туриб қолдим. Ажаб эркаликлару ажойиб нозлар ила намоён бўлди бу тўфон.
Менинг сочларимдан ҳам юлқилайди денг. Кийимларимни тортқилаб-тортқилаб, қайларгадир – жуда олисларга, ўзи озод-озод эсадиган ҳудудлар сари сургаламоқчи бўлади.
Мана, қанақа экансан сен – Софиям менинг!
Кўли Қуббон ҳам долғаланади. Туманга ўхшаш ҳарир парда бепоён сув  юзини қоплай бошлади. Ҳайбатли булутлар сурилиб-сурилиб кела-кела, бирданига ёмғир шаррос қуйиб юборди, кейин жалага, ундан кейин эса довулга айланди. Шиддати янада ошди, кейин эса бу ҳодисаларнинг бари бирлашиб, одамнинг юрагини ҳаприқтириб юборадиган ҳайбатли бир оҳангни бино қилди-да, мени ҳам қўшиб учириб кетгудай бўлиб эса кетди.
Пастда, узоқ-узоқларда қўйлар суруви кўзга ташланар эди. Олдинда эчкилар чопиб боришмоқда. Чакмон кийган отлиқ киши қўйлар сурувини қайтаришга уринмоқда. Қайда, қўйлар шамолда одамга бўйсунмай қўядилар. Шунча олисдан ҳам уларнинг кўзларининг олайиб кетганини, қўрқув ичра баърашларини, чўпоннинг қийқиришларига қулоқ солмай шамол етаклаган томон кетаётганларини кўриб тургандайман. Улар бораётган томонда чуқур жарлик бор, шамол уларни тўппа-тўғри жарликка ҳайдаб бормоқда. Қўйлар итоат ва бўйсуниш билан у ҳайдаган томонга кетиб боришмоқда.
Шу қадар шиддат  билан қуярдики ёмғир. Ҳатто ер юзини сув босмасайди деган ҳадик ҳам пайдо бўлди безовта ва ёввойи туғёнларга тўлган кўнглимда.
Айвонимда осиб қўйилган ҳамма нарса овоз чиқармоққа тушди. Сувқовоқ борийди, шунақа ажойиб нолалар қилдики, ҳайронлар қолдим. Ўтлар орасидан қаттиқ чийиллаган саслар чиқа бошлади, қарасам, қуриб қолган курмакнинг узун барги экан.
Жала шаррос қуяр эди. Ерларнинг усти пуфакчали кўлмакларга тўлди, улар худди биқирлаб қайнаётганга ўхшарди. Кўл ҳам қайнаётганга ўхшаб қолди. Ўтларнинг оқиш ва оч-қизғимтир ингичка ип-илдизлари очилиб-очилиб, ораларидан лойқа сув бўтана сарғиш ариқчалар ҳосил қилиб оқа кетди. Баланд ўсган ўтларнинг поялари ерга қадар эгилди. Ёмғир уларни оғирлаштириб ташлади, селпиганида ўтлоқзор худди ўрилган каби ерга ётиб-ястаниб чайқалди.
Пастроқда тиккайтириб қўйилган пичан ғарамлари ҳам борийди, София уларни ҳам сочиб-тўзғитиб юборди.
Шунақанги эсдики!
Бу эсиш юрагимни англамсиз ёввойи севинчларга тўлдирганини ҳам айтайми? Унга қўшилиб қичқирим, бақиргим, қўлларимни қанот каби ёзиб мана шу долғалар билан бирга осмонлар узра ошиғич учгим келарди. Меваларни бир зумда дув тўкиб ташлади. Ажабки, уларга ачинмадим, шу қадар чиройли, шу қадар ҳайратангиз ва шу қадар ваҳший эсар эди София.
Баҳайбат булутлар бир-бирининг устига мингашиб кўкни қоплаб олди-да, шундоққина кўзимнинг олдида, кундузги теваракни оқиш чақин билан ёритиб қаттиқ чақмоқ чақди. Томирлари бир лаҳза само бўйлаб ёйилди, бир учи сал наридаги улкан толга келиб урилди. Ажабо, чақмоқ уришини яқиндан энди кўришим. Чақмоқ дарахт танасининг ичига кириб кетди, бир лаҳза тана ичи ғовакларида жуда ёруғ, оч қизғишдан тўқ қирмизигача ёғду ҳосил қилиб товланиб туриб қолди. Сўнг тўсатдан тол танаси уч-тўрт бўлакка бўлиниб кетди. Бағридаги ўша товланувчан олов ташқарига отилиб чиқиб, яшил шохларни бирданига қамраб ёндириб юборди.
Кўз етгудай бутун теварак Софиянинг босими остида инграр, садоланар, қичқирар, нола қилар, ҳайқирар, мунгланар, бутун борлиқ унга бирдай бўйсунар, ер ҳам, кўк ҳам сув… довул шиддат урар, ҳар тараф кулранг денгиз каби тўлқинланар ва мана шу шовқинли манзара ичида ғоят чиройли тарзда, яллиғланувчи ёрқин сарғиш ва қирмизи товланишлар ичра ёнар эди дарахт!

* * *

Бу маҳобатлар менинг ҳам дилимга аллақачон кўчиб ўтган, жон олғучи бу гўзаллик қаршисида лолу ҳайрон, ўзим ҳам чўғдай бўлиб Софияга маҳлиё эдим.
Эй, аёл исми билан София деб ном олган тўфон! – дер эдим унга.
Воҳ, менинг София тўфоним! – дер эдим.
Эй дунёнинг тартибини, бир хилдаги чархпалагини бузиб, ҳаёти дунёга шиддат ва долғаларни олиб келган ҳодиса! Сен ахир, менинг юрагимда ҳам долғалар ҳосил қилмоқдасан!
Менинг юрагимда ҳам армонлар ва афсусларнинг ҳайбатли булутлари қат-қат йиғилиб тўпланмоқда, ораларида гоҳ-гоҳ кўз қамаштирадиган шиддат билан чақмоқлар чақнамоқда.
Юрагимнинг булутлари сенинг булутларингдан-да улкан ва ҳайбатлироқдир.
Оламда сенинг исминг каби гўзал номлар билан аталган юзлаб тўфонлар рўй берганини биламан. Улар гоҳ довул, гоҳ жалаю сел бўлиб, ҳар доим тинчлигу оромни бузиб, одамнинг юрагини ўзи ҳам англаб етолмайдиган ғалати ҳиссиётларга тўлдириб эсадилар. Шаррос жалаларни олиб келиб, ўтлоқларни суғорадилар ва шундан кейин табиат мўл-кўл ҳосиллар бера бошлайди.
Бироқ, эндиликда менинг юрагимнинг қатларидан ҳам муҳаббат кўзёшлари каби тиниқ сувлар отилиб чиқмоқда.
У сувларни тўхтатиб қолишга қодир куч бу оламда йўқлигини биласанми?
Бутун теваракда таҳликали ўзгаришларни содир қилишингни қанийди олдинроқ билсайдим! Ҳамма нарсани ўзгартириб эсадиган тўфон сен бўлиб чиқишингни аввалроқ англаб етсам қанийди!
Сен баракаю ризқ бўлсин деб нозлана-нозлана, эркалана-эркалана, кайфиятимни, хаёлларимни ва хаёл дунёмни ўзгартириб мана шу эсишларинг оқибатида менинг ичимда ҳам улкан ва маҳобатли туйғулар тўфони етилиб келаётганини билсайдинг, балки бундай телбавор ва ваҳшиёна эсмаган бўлар эдинг.
Шошма, бирпас тин олақол энди!
Сенинг бу эсишларингга ўзимни унутар қадар маҳлиё бўлмоқдаман.
Шиддатингни пасайтир, оддий шамол ҳолингга қайтақол, эрка Софиям менинг!
Йўқса… сезяпсанми, ҳозир, сал ўтмай, шу он! – қудратинг шу қадар зўраядики, тоғларнинг чўққилари осмон қадар сапчиётган сувлар остида қолиб, ер юзидаги барча жонзотлар ҳалок бўлиб кетадилар.
Эй номусулмон, ахир, оламда ундай тўфон бир мартагина рўй берган эди холос!
Агар у тўфон яна бир бора юз берса, оламда на наботот, на ҳайвонот – ҳеч нарса қолмайди. Еру кўкнинг қонуниятлари ўзгаради. Осмондан ҳам, ер остидан ҳам сувлар отилади. Кўкларнинг чақмоқлари энди фақат сувлар устига шиддат билан санчилади. Олам яна азал яратилган ҳолига қайтади. Ва шунда дунёда сену менгина қоламиз, холос. Ана шу маҳалнинг юз кўрсатиши оламнинг охирию янги замоннинг бошланиши бўлсаям ажабмас.
Қайтақол, гўзал Софиям, ўзинг бино бўлган маконларга. Мен билмайдиган, мен тушунмайдиган бегона тоғлар ораларидаги сарвлар бўй чўзган, ёввойи ўтлар қатор- қатор гуллаган ва ҳамма ёқни энлаб кучли ислар тараладиган қояларнинг ораларига… бағирларида раҳмат ва марҳаматларни олиб келаётган шу қора-қизғиш булутлар бино бўлган ёввойи ҳудудларга. Мен ҳам ўз оромиму осойишимга қайтай! Ғоятда тартибли, ҳамма нарса доимо ўз ўрнида бадастир турадиган, сира ўзгариш рўй бермайдиган, доимо осойишта ва тинч, ҳеч долғаланмайдиган… ўз маконларимга!
Йўқ, шошма… кетма!
Ахир сезмаяпсанми, суронинг остида мен ҳам танаси ёрилиб-ёрилиб кетган анави тол каби ингранмоқдаман-ку? Улкан шохларим босиминг остида ларзон-ларзон эгилмоқда, новдаларим юлқинмоқда, бутун вужудим залворли-залворли чайқалмоқда. Қоқ тепамда яна бир чақмоқ етилиб келмоқда. Мана ҳозир… бағирларида мўл сувларни яширган ниҳоясиз қора булутларнинг бағрини тилиб, кўзни қамаштирувчи чақмоқлар чақнайди, олов томирлари шиддат билан санчилади, бағримни сенинг жон олғувчи оташинг тўлдиради ва ёмғир остидаги ҳўл табиат ичида мен ҳам бирданига ёна бошлайман. Бир сониядан сўнг… япроқларим қовжираб-қовжираб, яшил новдаларим куйиб-қорайиб, теваракни ёритиб-шуълалантириб, улкан алангага айланаман. Ғоят гўзал ва энтиктирувчи эсишларинг остида, ажаб хушбахтлик ва саодат ичра чирсиллаб-чирсиллаб ёнаман мен ҳам!..

* * *

…Тўфон кечга яқин тинди.
Чўққилар устида булутларнинг қатлари очилди, у ердан қип-қизил қуёш мўралади.
Дарахтларнинг шохлари синган, баъзилари илдизидан қўпорилган, узунасига ёрилиб-ёрилиб кетган нам, оппоқ бағирларида ҳар-хил ҳашаротлар ризқ истаб ўрмалашар эди. Ҳаммаёқнинг тўс-тўполонини чиқариб юборди тўфон. Нам тупроқлардан кўтарила бошлаган буғ сийрак туман ҳосил қилди, у боя шиддат ва қасирға орасида қўйларини қайтаришга уринган чўпоннинг ҳолини тўсиб қўйди.
Шу атрофдаги далаҳовлилардан бирида яна уч-тўрт киши дам олишга келишган, бояги суронда Софиянинг қилмишларига ҳайрон-ҳайрон туриб, сўнг ҳайиққанларидан уйларига кириб яшириниб олишган эди. Ҳозир ичкаридан чиқиб келишди-да, анча нарида, пастликда ёғдуланиб-тутаб ёнаётган улкан толни кўриб қолишди.
–    Қаранглар, чақмоқ урибди, – дейишди улар. – Дарахтнинг ёнишини сира кўрмаган эдик, одамнинг раҳмини келтириб қандай аянчли ёнар экан, тавба…
–    Ия, ўша ерда бир одам ҳам турган эди-ку, – дейишди кейин. – Ўша ёнаётган толнинг остгинасида, тўфоннинг ёввойи эсишларига маҳлиё бўлиб, қўлларини ёзиб-ёзиб қичқираётган эди-ку? Юринглар, бориб хабар олайлик, униям чақмоқ урган бўлиб чиқмасин тағин?
Шу тариқа, йилтираётган майда тошлар ва лойга айланган бўзтупроқда тойғона-тойғона, ўша кишининг кулбаси томон ошиғич чопишди.
Одмигина айвон остин-устин бўлиб кетган эди. Бир четда кичкина радио ағанаб ётар, ҳаммаёқни оқиш тўзон ва лой илдизли майса хаслари билан қоплаб ўтган, ҳозир атрофга намчил майса ва бўтана иси анқимоқда эди
У одам атрофда кўринмас эди.
Кичкина, бир хонали уйда ҳам, айвон теваракларида ҳам, нарироқда айқашиб ётган синиқ ёш дарахтлару ўтлар орасида ҳам йўқ эди. Кулба ичида унинг ашёлари ҳам турар эди. Нарироқдаги миниб келган уловининг устига майда шохлар ва бўтаналар илашиб қолган эди.
Тўфон тина бошлаган, энди майин шабадага айланиб, ҳозиргина ўзи пайҳону яксон қилиб ўтган ерларни сийпалай-сийпалай эсарди.
Далаҳовлилар тугаган ердаги очиқликда бўй чўзган улкан тол эса, шохларида турли-туман товланувчи оловлар ҳосил қилиб, ёмғирдан кейинги намчил борлиқ ичра чирсиллай-чирсиллай ёнмоқда эди, холос.
Бироқ, у одам йўқ эди.
Ҳеч қаерда йўқ эди, тамом-вассалом…
2012