Исажон Султон. Манзил (ҳикоя)

(Иқбол Мирзога)

Бу йўлимизнинг чек-чегараси кўринмайди. Мўъжазгина карвонимиз гоҳ тарам-тарам тоғлар силсиласига дуч келади, гоҳ булоқларидан кўз ёши сингари тиниқ сувлари оқиб ётган гўзал боғли воҳаларга кириб борамиз. Гоҳ эса қаршимизда ястаниб ётган бепоён саҳро намоён бўлади. Уловларимиз толиққан, ўзимиз ҳам озиб-тўзиб, бир аҳволга тушиб қолганмиз. Шунга қарамай, тунлари омонат чодир тикиб тунаймизу тонг отар-отмас тағин йўлга отланамиз. Гоҳо эса кундузлари дам олиб, кечалари йўл босамиз.
Ҳамроҳимиз— дайди шабада, йўл кўрсатувчимиз — юлдузлар.
Ҳар доимгидек, олдинда оғамиз бораётир. Унинг бир маҳаллар алпдай бўлган гавдаси эндиликда олдга эгил-ган, қувватсизланган. Нигоҳини уфқдан узмайди.
Унинг ортидаги Муслим ўз ўй-хаёлларига берилиб от устида чайқалади. Ватанимизда унинг ўн беш кунлик ойдайин тўлин маҳбубаси қолган. Хаёлчанлиги шундан.
Ундан кейин Муҳаммад бораётир.
Энг кичик ҳамроҳимиз — Абдулла эса от устида ўтирганича мудрайди. Йўлга чиққанимизда у ёш бола эди. Сафар давомида кўзларидаги болаларга хос ифода қатъият ва ўйчанлик билан алмашди. Юзи чўзилиб, пешанасига илк чизиқлар тушди.
Бу манзил томон бизлар кўп йиллар аввал йўлга чиққан эдик. Сафардошларимиз ҳам кўп эди. Сафаримизнинг иккинчи йили, йўлимизда гуллаб-яшнаган бир воҳага дуч келганимизда, одамлар бизнинг қай манзил сари йўлга отланганимиздан воқиф бўлишиб, ўз под-шоҳларига рўпара қилишди. Подшоҳ бизлар билан тахтидан тушиб кўришди, кейин: «Сизлар бораётган манзил сари бу ердан кўп одамлар ўтишди, аммо на манзилга етганликларини эшитдик, на қайтганларини кўрдик. Яхшиси., менинг мулкимда қолинглар, обрўли мансабларга тайин этайин, фаровон ҳаёт кечиринглар», деб кўп қистади. Охир-оқибат бир неча сафдошимиз бу таклифга кўниб, ўша воҳада қолиб кетишди. Бизлар эса олға интилдик.
Сафаримизнинг бешинчи йили улкан бир саҳрога дуч келдик. У ернинг одамлари бу саҳронинг оти Ҳазрамавт эканлигини, ўлим саҳросилигини айтишди. Дарҳақиқат, саҳронинг қумлари қоп-қора, ўз-ўзидан тўзон кўтарилиб турар эди. Унинг ваҳми чўчитган икки-уч ҳамроҳимиз ортга қайтишга аҳд қилишди. Бизлар эса йўлимиздан қайтмадик. Буни қарангки, очлик, ташналигу толиқишни ҳисобга олмаганда, бу биёбонда ҳеч қандай бало бизларга даф қилмади. Эсон-омон илгарилаб боравердик.
Яна анча йўл босганимиздан кейин тоғлар билан ўралган бир водийга кириб бордик. Кўллари шишадай тиниқ, одамлари ғоят гўзал эди. Қейин билсак, бу юртнинг оти Кўҳи Қоф экан. Булар эса, одамзод эмас, парилар эканлар. Аёллари шу қадар фусункор эдиларки, бошқа жойда бундай ҳуснни кўрмаганмиз. Улар ҳам қай манзил томон бораётганимизни эшитишиб, йўлдан қайтаришга роса уринишди, қолинглар, Гулиқаҳқаҳ билан Гулианбар энг ёш жорияларини ихтиёрларингизга беришсин, умрингизнинг сўнгигача роҳатда яшанг, деб тавалло қилишди. Анча-мунча ҳамроҳларимиз у гўзалларга ошиқ бўлиб, ўша ерда қолиб кетишди. Бизлар эса олға, фақат олға интилавердик.
Қейинчалик йўлимизда бундай воҳалар, водийлар учрамай қўйди. Ҳаммаёқ бир хил тусдаги янтоқлару шўралар яккам-дуккам ўсиб ётган тақир ер. Пастак-пастак буталар оралаб ўтиб бораётирмиз.
Дийдамиз қотиб, кўнгилларимиз ҳам тош бўлиб кет-ди. Теваракдаги манзаралар дилни тўлқинлантирмай қўйганига анча бўлди. Авваллари олис-олисларда қолиб кетган диёримизни кўп қўмсар эдик. Энди эса, бу туйғу заифлашиб, деярли унутилган. Муслим ҳам энди маҳбубасини эслаб, хаёлларга берилмайди, нигоҳи қаттиқлашган, иягида қайсарлик чуқурчаси пайдо бўлган. Кундузлари тинимсиз йўл босамиз. Тунаш учун отдан тушганимизда эса, юраверганимиздан ер ҳам тинимсиз чайқалиб тургандай туюлади. Апил-тапил овқатланамизу қоқ ерга чўзилиб, шу заҳоти тошдай қотиб ухлаб қоламиз.
Кичкина Абдулламизгина бундан мустасню. Ёшлигига бориб, гоҳо-гоҳо қуёш ботаётганида саҳро адоғидаги шафақ ёғдусининг ўйинига ҳардамхаёл термилиб қолади. Ранги ўзгараётган осмон, нурларнинг жилвалари унинг ёдида қандайдир азиз хотираларни уйғотади шекилли. Авваллари бундай манзараларга термулганида қора кўзлари жиққа ёшга тўлар эди. Ҳозир ундай эмас. Ўйчан тортиб қолади, холос.
Олға, фақат олға! Туйғулар ўткинчидирлар. Бойликлар бебақо, гўзаллар бевафодирлар. Интилаётган манзилимизда бизларни мисли кўрилмаган мўъжизалар -кутаётир. У ерда ҳар биримизнинг исмимизга зарб этилган тилсим қопқалари бор. Бу қопқаларнинг ҳалқасидан тутиб, исмимизни айтсак бас: тилсим очилади. Бу хазина эгасининг ҳар қандай истаги ўша ондан бошлаб, айтилган заҳоти амалга ошади. У манзилга яқин қолди. Юрак сезаётир — жуда яқин қолди…

* * *

Ниҳоят, бизлар оралаб бораётган бу ғалати саҳро тугаб, уммонга қўшилиб кетган жойида тилсим тоғини топдик. У улкан, улуғвор, ғоят гўзал эди. Биллурдан бўлиб, тунги юлдузларнинг ёғдусида қорамтир тусда хиёл жилоланар, бағрида турли ранглар товланиб, гоҳо сиртида ҳам аксланиб ўйнар эди.
Деярли умр бўйи излаганимиз — Тилсим водийсиг Тилсим тоғи мана шу эди. Бу тоғнинг қопқаларида ҳар биримизнинг исмимиз битилган ҳалқачалар ҳам хиёл нур таратиб, ўзига чорларди. Увишиб қолган оёқларимизни базўр босиб, тоғ сари юрдик. Тошчаларни шиқирлатиб, кичкина Абдулла биринчи бўлиб чопганича қопқалар ёнига етиб борди-да, бир нималар деб қичқирди. Унинг нималар деганини англамадик, англайдиган алпозда ҳам эмасдик.
Тоғ бағрида қопқалар кўп эди. Улар вақт ўтиши билан қорайган, қадимий битиклари ва Сулаймон пайғамбарнинг муҳри ўча бошлаган, ҳалқалари ҳам эскирган, аммо метин-мустаҳкам турарди. Ундаги исмлар бисёр эди, аммо ҳалқаларда мен йўлда қолиб кетган дўстларимизнинт исмларини кўрмадим. Шунда бу тилсимнинг бир ҳикмати ялт этиб миямда чақнади: демак,. исмлари бу ерда йўқлиги учун ҳам улар йўлларда қолиб кетишган экан-да?
Ҳаммамиз ҳар ёнга тарқалиб кетдик. Мен ўз исмим ёзилган ҳалқани топдиму қаршисида ҳаракатсиз, жим туриб қолдим. Самода олис юлдузлар милтирайди. Вужуддан мадор кетган, кўнгилнинг ўтлари сўнган, ғайрат сусайган… Аммо тилсим тоғи азим, буюк, улуғвор, сиртида бутун олам акс этаётир.
Юрак гуп-гуп ура бошлади. Ҳозир ҳалқани  тутаману исмимни айтаман. Момақалдироқ гумбирлаб, чақмоқ чақнайди, қадимий тилсим занжирлари уваланиб тўкилади, қопқа очилиб, бир йўлак намоён бўлади. Йўлак тўридаги йиллар чанги қоплаган токчада эски бир чироқ бор. У қўлга олинса бас — ҳар қандай истак айтилган заҳоти рўёбга чиқади.
Бунинг исботи сифатида қопқага шундай битиклар битилган:
«Ушбу хазина Тангримнинг қулларидан бирининг исмига тилсимлангандир. Яратганнинг сифатларига қасамки, бу тилсимнинг эгаси, мен — Палбос отлиғ жин, соҳибимни буюрган ерига кўз очиб юмгунча етказиб бораман. Олам бойликларини оёғи остига тўкаман. Истаган юртига подшо этаман. Қурту қушлар ва ҳайвонлар тилини ўргатаман. Оламнинг барча гўзалларини соҳибимнинг измига бўйсундираман. Мен фақат Тангримнинг олдида ва у белгилаган қазою қадар қаршисидагина ожизман…»
Тоғнинг чуқур бағрида бир шуъла йилт этди, нурлар ўйнаб, ҳалқанинг сиртида ўз аксимни кўрдим. Ундан йиллар :юзига ажин бўлиб муҳрланган, қадди эгилган, нигоҳи хиралашиб, руҳи заифлашган бир одам жим боқиб турар эди.
Дайди шамол  оҳиста  эсар,  юлдузлар беҳис жимирлар эдилар. Қопқадаги битикларнинг маъниси онгимга лста-секин ўйилиб кира бошладию афсус ва пушаймондан қичқириб юборай дедим.
Нега? Нега бундай бўлиб чиқди?
Бу афсонавий тилсимнинг каромати шугина холосми?
Йиллар давомида тош-метин бўлиб кетган қалбимдан кучли бир бўрон кўтарилиб келди.
Ахир, бу тилсим ҳадя этажак мўъжизаларни бизлар .йўлларимизда қолдириб келмадикми?
Ахир, бу сафарга отланганимизда ҳар қандай ис-такни амалга оширишга етарли ғайратимиз бор эмасмиди?
У изнимизга берадиган гўзалларнинг афзалларини Кўҳи Қофда эканимиздаёқ рад этиб, шу томон ошиқмадикми?
У бахш этадиган луғат — қурту қушлар тили менга болалигимдаёқ тушунарли эмасмиди? Ялпизга қўниб турган олтин ниначилар билан соатлаб суҳбатлашмасмидим?
Йўқ, кўзимга ёш келмади. Аммо жон-жахдим билан ҳалқани махкам қисимлаб туриб қичқирдим:
«Тағин, тағин нималарни ҳадя эта оласан, эй Сулаймон пайғамбар муҳри остидаги зот? Сени деб кечган умримга — осмони феруза, қуёши нафис, сувлари кумуш, ёқут қушлари шодон сайраган болалигимга қайтара оласанми ҳеч йўқса? Сенга интилган йўлларимда сочилиб кетган, эндиликда мен абадий йўқотган туйғуларимни кўнглимда яна қайта бино эта оласанми? Қадимий тилсим деган номингга муносиб нималарни бахш эта оласан, эй сукунат диёрининг тутқун подшоси?»
Биллур тоғ сукутда, сассиз-садосиз,  ойсиз  осмонга бўй чўзганича юксалиб турарди…
Дил ҳувиллаб, бўм-бўш бўлиб қолди.
Йўқотган нарсаларимиздан кўра буюкроқ, улуғроқ, ажиброқ мукофотларни кутган эдик бу тилсимдан. Энди эса… у ваъда этаётган нарсаларнинт бари биз учун кераксиз, ҳатто ортиқча. У нарсалар бизни ёшлик чоғларимизда ўзига чорлаб, мафтун этар эди. Энди ундай эмас.
Энди…
Ҳалқадан қўлимни аста тортдим. Шуълалар сўнг бор ўйнади, силлиқ сиртдан менга умидсиз бокиб турган аксим қорамтир сатҳга сингиб кетди.
Ортимга ўгирилиб, беихтиёр қадам ташладим. Энди қаёққа юрсам ҳам ахамиятсиз эди. Фақат сафар чоғида ҳар қандай мушкул вазиятда ҳам ҳаракатдан тўхтамаганимиз боис, ўз-ўзимдан отлар томонга юрдим. Нарироқда тағин тошчалар шиқирлади. Ўз исмлари битилган тилсимлар томон кетган сафдошларим ҳам бошларини қуйи эгганларича ортга қайтмоқда эдилар. Ўз дафиналарига киришга уларнинг ҳам юраклари дов бермаган эди.
Наҳотки бу манзилга етолмаганлар хушбахт бўлсала р?
Бу саволга ким жавоб бера олади? Тилсим тоғи ҳамон жим… Янги меҳмонларини кутиб, беун кўкка бўй чўзган…
Энди қайга йўл олайлик? Бу ергача босиб келган йўлимиз ғоят узун, мабодо ортга қайтсак ҳам, ватанимизга етиб боргунимизча, ортимиздан учқурроқ от минган бошқа бир суворий — ажал албатта қувиб етади.
Олдга кетиш ҳам маънисиз. Тандирнинг пешанамизга битган манзили шу. Бошқа манзил йўк.
Ғалати бу водийнинг ойсиз осмони остида бир-биримизга сасскз термулдик.
Оғамиз от бошини ортга бурди.
Энди тамомила ноумид, фақат тўхтаб қолмаслик учунгина йўл босаётирмиз. Қайда отдан қулаймизу қайда сўнг бор ором уйқусига чўмамиз — ноаниқ.
Фақат…
Фақат Абдуллагина бизлардан анча тийрак, нигоҳи ўткир, билаги бақувват, эгарда шамшоддай ўтирибди.
Ягона умидимиз сендан, Абдулла. Бизлар энди бу йўлларда бирин-кетин қолаверамиз. Фақат сенгина етиб боришинг мумкин ватанимизга. Етиб боришинг шарт ҳам. Бизларга нима бўлсаям ҳаяллама, отингга қамчи ур. Бу йўлларда отдан қуласак, суяйман деб вақтингни зое кеткизма. Бу тилсим томон йўлга чиққанлар кўп. Унинг ҳақиқатини уларга сенгина етказа оласан.
Отингни қаттиқроқ қамчила, укажон. Ҳозирнинг ўзида бизлардан ўзиб, уфқ ортида кўздан йўқолсанг ҳам майли. Бизлар кўзда ёш билан отдан йиқиларканмиз, ортингдан термулиб қоламиз. Токи сен кўздан ғойиб бўлар экансан, бегона бу юртлар тупроғига бош қўяётиб, осмони феруза, сувлари кумуш, тупроғи олтин, кишилари хушбахт ватанимизга етиб борганингни, йўлчиларга бу тилсимнинг ҳақиқатини етказганингни тасаввур қиламизу шу билан бу йўлларга сўнг бор тикиламиз ва ҳеч қандай тилсим бахш этолмайдиган оромга — абадий уйқуга мангуга чўмамиз…

1995