Исажон Султон. Бир томоша тарихи (ҳикоя)

– Муҳтарам дўстлар, томошамизни бошлаймиз! – дея тантанали эълон қилди бўйнига қизил рангли латта боғлаб, кўкрак чўнтагига ҳам шу рангдаги атиргул тақиб олган ўртакаш.

Шундай дейиши билан шодон мусиқа янгради. Уни саҳна ортидаги ҳовуздай чуқурда ўтирган ўн чоғли мусиқачи чалмоқда эди.

– Марҳамат, кутиб олинг. Саҳнага профессор, Маэстро… – у профессорнинг исмини айтди. – …ташриф буюрадилар!

Шундан сўнг қора ингичка сюртук кийиб, капалакнусха бўйинбоғ таққан киши чиқиб келиб, ҳаммага таъзим қилди.

Томошабинлар турфа хил, улар орасида тужжорлар, уларнинг хотинлари, болалари ва ҳатто ясан-тусан қилган чол-кампирларгача бор эди.

Маэстро залга бир муддат жим қараб турди. Ўткир нигоҳи кишиларни тит-пит қилаётгандай эди гўё. Кейин хотиржам овозда деди:

– Мен муҳтарам томошабинларимизнинг ғоят ажойиб кишилар эканини кўрмоқдаман. Фақат, бир нозик хусусиятни айтиб қўймоқчиман. Одамлар бир-бирларининг ташқи кўринишига, тутумию гапига қараб баҳо берадилар. Лекин ишонч билан айтаманки, бу ерда ҳозир биронта ҳам ёмон одам йўқ. Фикримга ҳамма қўшилса керак. Тўғрими?

Кишилар қарсак чалиб юборишди. Бу гап барчага маъқул келган эди.

– Айтмадимми? – деди профессор, мамнун бўлиб. – Ҳақиқатан хам, одам боласи ҳар доимо ёмон ёки ҳамиша яхши бўлиб яшай олмайди. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам одамнинг икки юзидир, десак ҳам бўлаверади. Аммо, бўлар-бўлмас, ясама кўзбўямачиликлардан кимга фойда? Ишончим комилки, мана-ман деган сеҳргар ҳам сизнинг кўзингизни бўяй олмайди. Келинглар, ундан кўра бир-биримиз билан чин кўнгилдан суҳбатлашақолайлик. Театр нима бўпти, бор-йўғи бир томоша-да. Илтимос, ўзини яхши киши деб ҳисоблаганлар ёки яхши ҳаёт кечирдим, деб ўйлаганлар бармоқларини чалиштиришсин.

Ким чалиштирди, ким чалиштирмади, билиб бўлмасди. Бир оз сукутдан сўнг профессор деди:

– Мен ҳозир баланд овозда “Бир” дейман. Шу саноқдан сўнг бармоқлари очилмай қолган кишиларни саҳнага таклиф қиламан. Диққат, бошладик.

Ва роппа-роса уч сониядан кейин у баланд овоз билан “Бир!” деди. Кейин янада шодланиб, негадир кўз ҳам қисиб, бармоқлари очилмай қолган кишиларни юқорига чорлади.

Ўн чоғли одам бирин-кетин тепага кўтарилиб, саф тортишди. Ораларида башанг қизил либосли икки хоним ҳам бор эди.

– Ўзини яхши инсон деб ҳис қилмайдиган одам камдан-кам топилади, – деди Маэстро, қониқиш билан. Кейин сафда турганларнинг биринчисига яқинлашиб:

– Исмингиз? – деб сўради.

Гавдасини ёғ босган, сочи тўкила бошлаган у киши исмини айтди.

– Нима иш қиласиз?
– Шу, тирикчилик.
– Сиз-чи?
– Фалончиман.
– Машғулотингиз?
– Ер-сувлар эгасиман.

– Кўриб турганингиздай, бу кишилар эл орасида обрў-эътибор топган кишилар, – деди Маэстро, тантанали овоз ила. – Обрўни эса ёмонлар қозона олмайдилар. Келинглар, уларнинг қай даража ажойиб инсонлар эканини биргаликда билиб олайлик.

– Саҳнага уч-тўртта одамни таклиф қилгандан кўра, ҳаммани бирданига сеҳрлаб қўяқолсангиз бўлмайдими? – деб сўради қизиқувчанроқ бир киши.

Профессор унақа қилиб бўлмаслигини, чунки кишилар кейинчалик нималар бўлиб ўтганини эслай олмасликларини тушунтиргач, “Диққат! Бошладик!” деб эълон қилди.

– Мен ҳозир бошмалдоғим билан кўрсаткич бармоғимни кўтариб, чертки овози чиқараман, – деди у. – Уни эшитганингиздан бошлаб ҳаммангиз оқкўнгил суҳбатдошларга айланиб қоласиз. Шундан кейин одамларга айтадиган гапларингиз бўлса бемалол гапираверишингиз мумкин. Розимисиз?

– Розимиз, – дейишди саҳнадагилар, бир оз иккиланиб.

Томоша чироқлари ўчиб, саҳнадагиларни ёритди.

Маэстро шодон ҳитоб қилди:

– Бошладик! Бир-икки-уч! Марҳамат! Сиз қай тарзда яхши одам бўлолдингиз?

Калласи катта, давангирдай одам бирданига ҳўнграб йиғлаб юборган эди, залда кулги кўтарилди.

– Мен сираям яхши одам эмасман, – деди у кўзидан ёши шашқатор оқиб, ҳиқиллаб. – Аслида жуда ярамас кишиман.

– Ия, буёғи қизиқ бўлди-ку, – деди Маэстро. – Лекин ҳақиқат шуки, яхши кишилар доим ўзларини маломат қилиб юрадилар. Марҳамат қилиб айтингчи, нима учун ўзингизни яхши одам деб ҳисобламайсиз?

– Мен… мен… – деди у киши. – Хотинимдан бекитиқча биттасини яхши кўриб қолганман! – деб иқрор бўлган эди, кишилар яна кулиб юборишди. Одамларга бу ёқиб тушди, ҳатто “Ол-а, азамат, қандингни ур!” деган хитоблар ҳам эшитилди.

– Томоша қизияпти, – деди Маэстро. – Яхши кўрсангиз кўрибсиз, хўш, унда нимага изтироб чекяпсиз?

– У муттаҳам хотинимдан ҳам баттар чиқди, – деди ҳиқиллаб. – Доим хархаша қилгани қилган. Хотинимдан эса … қўрқаман.

Яна кулги кўтарилди. Ҳамманинг олдида хотинидан қўрқишини очиқ-ойдин тан олган бу киши бирданига оломонга ёқиб тушди.

– Бола-чақамни ризқидан қийиб ўша ялмоғизга сарфлайман, – деди у, кўз ёшлари дувиллаб оқиб. – Сарфига пул етказолмаганим учун ҳар турли ҳийлалар қилишга, ҳаммани алдашга мажбурман.

– Хафа бўлманг, – деди Маэстро. – Балки, бошқалар ёрдам беришар? Хўш, бу одамга қанақа қилиб ёрдам берамиз?

– Ўша манжалақини саҳнага опкелишни иложи йўқмикин? – деди биров.

– Афсуски, иложи йўқ, – деди Маэстро. – Бу кишига нима маслаҳат берсак экан-а? Кўриб турганингиздай, ниҳоятда яхши одам, лекин ҳаётида хато қилиб қўйибди, шундан қийналиши ҳам яхшилигининг аломати. Ёки, унча яхши эмас дейдиганлар ҳам борми?

– Бор дарду изтиробини тўкиб солди, – деди биров. – Аммо ичида шунча дарди бор экан, майли, яхши деяқоламиз.

Навбат иккинчи кишига келди.

– Салом!
– Салом!
– Марҳамат қилиб айтинг-чи, сиз қанақа кишисиз?

Кейин у томонга эгилиб, ҳаммага эшиттириб қулоғига шивирлади:

– Сизни жуда кибру ҳаволи, ўзидан кетган дейдилар? Лекин яхши эканингизни ҳеч ким билмасаям мен биламан!

Иккинчи киши хўмрайиб тураверди.

– Айтишни истамасангиз ўзингиз биласиз, – деди Маэстро. – Майли, ихтиёр сизда. Учинчи кишимиз эса…

Навбат учинчи кишига келди.

– Мен назаримда тошбақага ўхшайман, – деди у. – Қалбимни очай десам, қадримга етадиган ҳеч ким йўқ, шунинг учун косамга қамалиб олиб, хўмрайиб юрсам ҳам аслида юрагим жуда тоза.

Оломонга бу гап унча маъқул келмади. “Ёғ босиб кетганини қаранг, балки анча-мунча кишининг ҳақидан уриб семиргандир, косасидан чиқиб, қилмишларининг барини айтсин” дейишди.

– Муҳтарам жамоанинг талабига нима дейсиз?

– Тўғри, мен муттаҳамман, – деди у киши, чин юракдан. – Кўпни ҳақини еганман, одамларни алдаганман. Аммо, бола-чақам олдида кўпни ҳақи кўзга кўринармиди? У ишларнинг гуноҳ эканини биламан, ҳаром йўллар билан пул топсам ўзим топақолай, бола-чақам тўкин яшасин, жавобиниям ўзим бераман деб аллақачон айбимни бўйнимга ҳам олиб қўйганман.

– Унда сизни қанақасига яхши одам дея оламиз? – деб сўради Маэстро.

– Айтдим-ку, ўзим яхши одам бўлсам ҳам, болаларим қийналмасин деб ёмон ишлар қилишга мажбурман, – деди у киши. – Менимча, энди бу йўлдан қайта олмасам керак. Болалар ўрганиб қолишди, шундай кетаверади энди бу ёғи.

– Ҳа, ишингиз қийин экан, – деди Маэстро. – Хўш, бу кишини нима қиламиз? Қаранг, ўзи учун эмас, бола-чақаси учун тиришибди. Балки кечирармиз?

– Бола-чақасини бурнини ерга ишқаб ишлатиш керак, – деди бошқа бир киши. – Майли, бу одам барибирам яхши киши экан, аммо ўзини сарф қилиб юборганини бола-чақаси билармиди? Билгунига қадар ишлатавериш керак, токи нон топиш қийинлигини билиб олишсин.

Маэстро тўртинчи кишига ўтди.

– Сиз-чи?
– Мен отамдан қ-қўрқаман, – деди у киши, хиёл дудуқланиб. Унинг гапи одамларда яна завқ уйғотди.
– Ия, нега қўрқасиз?
– Отамни ж-жаҳли ёмон, – деди у киши ҳиқиллаб. – Яхши одам эмаслигим ш-шундаки, отам ўлиб қолганида суюнганман.

Зал жимиб қолди.

– Отаси ўлганида суюнганлар яна борми? – деб сўради Маэстро, аммо биров жавоб бермади. Ҳайратланарлиси шундаки, бу гапни айтган одамга биров нафратини ҳам изҳор қилмади.

– Ростини айтганингиз учун раҳмат, – деди Маэстро – Хўш, нима учун суюнгансиз?
– Отам б-бераҳм киши эди, – деди у одам. – Ҳайбатидан қўрққанимдан баъзан дудуқланиб қ-қолардим. Ҳалигача ҳаяжонлансам, дудуқланаман.
– Бунинг иши осон, – деди Маэстро. – Мен ҳозир қўлимни кўтараман, сиз қараб туринг. “Бир” деганимдан кейин дудуқланманг, хўпми?
– Хўп, – деди у киши, итоаткорона.

Маэстро айтганини қилиб қўлини кўтарди-да, қаттиқ овозда “Бир” деди, кейин имо қилди.

– Ана, айтмадимми? – деди хурсанд бўлиб.

Шундан кейин у одам тўлиб-тошиб ўз ҳаётида рўй берган воқеаларни гапира кетди. Шунчалар таъсирланиб гапирарди-ки! Гоҳ кулимсирар, гоҳ кўзидан ёши оқиб-оқиб кетарди. Ота ниҳоятда ярамас киши экан, бу одамнинг орзу-истаклари мўл, аммо ҳаммасини ичига ютиб, айтган йўриғини бажаришга мажбур бўлибди. “Мени кетмон сопи билан ҳам урган, – деди шикоят қилиб. – Шунақа қаттиқ урганки, кетмон сопи синиб кетган. Ахир, бошқача одам бўлмоқчи эдим, – деди чуқур изтироб билан. – Бўлолмай қолдим. Мен ажойиб бир одам бўлмоқчи эдим, насиб этмади…”

– Майли-майли, – дея юпатди Маэстро, унинг ҳаяжонли ҳикояси томошабинларни зериктира бошлаганини сезиб. – Кейинги қаҳрамонимиз кутиб қолмасин. Сиз тинчланинг, бугундан бошлаб ҳаммаси изга тушиб кетса ажабмас.

Бешинчи киши эса кутилмаганда Маэстрога қараб тиржайди.

– Сен ярамас, шунақа қилиб ҳаммани алдаб пул топиб юрибсан-да, – деди ғолибона. – Ҳийла-найрангларингни яхши биламан. Сенга ўхшаганларни кўпини кўрганман.

Маэстро ҳам жилмайди-да, қўлларини икки ёнга ёйиб, томоша аҳлига юзланди:

– Бу кишини нима қиламиз энди?
– Яхши одам эмас экан, қўполлигини қаранг, – дейишди томошабинлар бир овоздан. – Саҳнадан тушириб юборақолинг.
– Марҳамат, – деди Маэстро. – Саҳналан тушинг, деган илтимос бўлди.
– Нега тушар эканман? – деди қўпол киши, тихирлик қилиб. – Умрим бўйи шунақа бир жойга чиқиб одамларга гапиргим келарди, мана, етишдим. Шошманг, мениям айтар гапларим бор.
– Айтақолсинми? – яна залга юзланди Маэстро.
– Йўқ, керакмас, – дейишди кишилар.
– Узр, – қўлларини икки ёнга ёйди Маэстро. – Бизнинг жамиятда халқнинг иродаси қонун билан тенг. Мен эса қонунни бузолмайман. Марҳамат қилиб, жойингизга боринг.

Исёнчи тўнғиллай-тўнғиллай пастга тушиб кетди. Қолганлар эса саҳнада қолишганидан хурсанд бўлиб, илжайишди.

Навбат башанг кийинган хонимларга келди.
Маэстро уларга таъзим қилди-да, халққа эшитилар қилиб пичирлади:

– Сизнинг ғоят гўзал ва ажойиб эканингизга сира шубҳа йўқ. Балки гапирмай қўяқоларсиз?
– Гапирсин, гапирсин, – деб шовқин солди оломон. – Энг қизиғи шуларники бўлади ҳали, қараб туринг!
– Гапирақолинг унда, – деди Маэстро.

Шунда қизиқ ҳол юз берди. Хонимларнинг биринчиси нозлана-нозлана қош қоқиб, турли ифодалар билан бир нималарни сўзлай кетди, қизиғи шундаки, гапларини сира тушуниб бўлмасди. “Кимнингдир қўшнисининг товуғи барибирам тилла тухум туғмаса-да, унга мутлақо алоқаси йўқ бошқа аллакимнинг қулоғидаги марваридли тилла балдоқ қайгадир борилганида кимгадир ўтиб, бир айланиб яна эгасига қайтиб келиши эҳтимоли борми-йўқми?” деб тугатди у гапини ва чиройли кўзларини оломонга тикиб, жим бўлиб қолди.

– Бўлдими? – деб сўради Маэстро, кулиб.
– Тўғрисини айтсам, гапимнинг бошланиши эсимдан чиқиб қолди. – деди хоним, ўнғайсизланиб. – Лекин, асосийсини барибирам гапириб бўлдим-ку? Нима қиласиз мени қийнаб?
– Менимча, хонимларга шафқат қилишимиз керак, – деди Маэстро ва яна таъзим қилди. – Сизлар бу саҳнага фақат гўзаллигингиз учунгина чиқдингиз. Ҳар доимо мана шундай латофатли бўлиб қолинг, марҳамат!

Хонимлар виқор ила саҳнадан тушиб кетишди.

– Диққат! – дея эълон қилди Маэстро. – Биз билан қолинг! Томошамизнинг иккинчи қисми бошланмоқда.

Саҳнанинг четидаги қизғиш-яшил чироқлар ёнди, майин ва нозик мусиқа чалина бошлади. Сирасини айтганда, мусиқачилар ўз вазифаларини қойилмақом қилиб адо этишмоқда, куй ажойиб ва дилтортар бир воқеа рўй беражагини билдириб ҳаволанмоқда эди.

– Дўстлар, бизлар ҳозир ёш болаларга айланамиз, – деди Маэстро.

– Гапимни диққат билан эшитинг! – деди у буйруқ оҳангида. Мусиқа тинди.

– Бир дақиқадан сўнг ҳаммамиз болалик даврларимизга қайтамиз, – деди у тантана ила. – Тескари санашни бошлайман. Мен саноқни тугатганим ондан сиз бола ҳолига қайтасиз! Бошладик!

– Ўн!

Кишилар жим бўлиб қолишди.

– Тўққиз!
– Саккиз!
– …Беш!
– …Икки!
– Бир! – дейиши билан саҳна чироқлари яна ўчди-да, ўртани доира шаклида ёритган оппоқ нур қолди.

– Ёшингиз нечада?
– Ўн учда, – деди бурро қилиб у киши, икки қўлини икки ёнига тушириб. Зўр берганидан ҳатто бурнининг учи терлаб кетди.
– Ўқишларингиз яхшими?
– Яхши.
– Баҳолар қалай?
– Унчамас, – деди у хижолат тортиб. – Лекин тузатишга сўз бераман.
– Қайси фанларни яхшироқ биласиз?
– Э-э… Ҳм-м… Жисмоний тарбияни.

– Ҳа, жисмоний тарбия ҳам бўлаверади. – деди Маэстро қониқиш билан. – Чунки қолган фанларнинг биронтаси ҳаётда керак бўлмайдиган фанлар. Рост-да, – деди у, бирданига жонланиб. – Масалан, физиканинг олтин қоидасининг ҳаётга қанчалар алоқаси борлигини ҳозиргача мен ҳам билмайман. Лекин ҳаётнинг олтин қоидаларини ҳаммамиз яхши биламиз, шундай эмасми?

– Шундай, шундай, – дейишди залдагилар.

– Сиз-чи?
– Бешинчи синф ўқувчисиман.
– Фанларга қизиқасизми?
– Ҳа.
– Масалан, қайси фанга?
– Математикага, – деб жавоб қилди “бола”, негадир ўнғайсизланиб.
– Қизиқ-ку, масалан, мен математикани жуда ёмон кўрардим, – деди Маэстро. – Сизни фақат олқишлаш керак. Айтинг-чи, математиканинг нимаси сизга ёқиб қолди?
– Тўғрисини айтаверсам, уришмайсизми? – деб сўради “бола”, бешбаттар тортиниб.
– Йўғ-э, нега уришар эканмиз? – деди Маэстро. – Бемалол айтаверинг.
– Мен.. мен… – дудуқланиб қолди у, кейин шартта айтди: – Математикадан дарс берадиган муаллимани яхши кўриб қолганман.

Зал гур кулиб юборди.

– Ана холо-ос! – деди Маэстро, яна қўлларини икки ёнга ёйиб. – Дардингиз бедаво экан-ку?

Навбат кейинги кишига келди.

– Хўш, сиз-чи? – деб сўради Маэстро, ўша қувноқ оҳангда.

– Сенга нима? – деди у киши, бирдан хўмрайиб. – Ишингни қил, ўралашмасдан.

– Хўп-хўп, узр, – деди Маэстро, ундан узоқлашиб. Кейин эълон қилди: – Энди умумий саволга ўтамиз. Савол барчангизга бирдай тааллуқли. Ҳозир хотирангиз уйғонади, бола бўлсангиз-да, айни пайтдаги ақлу заковатингиз ўзингизга қайтади. Хўп, саволим шу: катта ҳолингизга қайтишни истайсизми?

– Йўқ, – деб йиғлаб юборди биринчи турган семиз киши, азбаройи истамаганидан оёқларини тапирлатиб. – Керак эмас, сираям хоҳламайман.

– Сиз-чи?

– Онамни олдига кетаман, – деди бурнини шилқ-шилқ тортиб. – Менга бу ер ёқмаяпти. Онамнинг олдига бораман.
Хўмрайган кишига навбат келди.

– Сиз?
Кутилмаганда у муштларини қисимлаб, олдинга бир қадам ташлади-да, кўксини кериб:

– Нима? – деди ҳурпайиб. – Биттага битта чиқасанми?

– Йўғ-э, – деди Маэстро. – Ҳечам унақа ниятим йўқ.

– Унда тек ўтир, кўп жаврамасдан, – деди “безори”, ер остидан атрофига назар ташлаб.

* * *

– Азиз дўстлар, томошамизнинг сўнгги қисмига ҳам келдик, – деди Маэстро, нимагадир қайғули оҳангда.
Зал бир тўлқинланиб олди.

– Нима, истамайсизми? – деб сўради Маэстро.

– Йўқ, давом этақолинг, илтимос, – деди норғул йигит.

Кейин саҳна ёнига келди, Маэстро энгашиб унинг гапини тинглагач, баланд овоз билан:

– Сираям иложи йўқ, – деди. – Афсуски, бунинг сирини очиб бўлмайди. Аммо, қай тарз содир бўлиши тарихини айта оламан. Айтайми?

– Ҳа!
– … Бир пайтлар … деди у, овозини пасайтириб. – Жуда қадим замонларда, Қизил денгиз соҳилида саҳар вақти бир юлдуз порлаган эди…

* * *

Тун ўтиб, ҳали қуёш чиқмасидан, саҳронинг тоза осмонида янги бир юлдуз пайдо бўлгани одамларни шоён саросимага солиб қўйган эди.

Гап шундаки, Сулаймон пайғамбарга шамол бўйсуниб истаган ерига олиб учар, ҳайвонлар ва Тангри таолонинг кўзга кўринмас махлуқлари ҳукмини оғишмай бажарар эканлар, кишилар орасида “Сулаймон бу ишларни сеҳру жоду ёрдамида амалга оширяпти” деган миш-мишлар урчиб кетган эди.

Одамлар ҳақиқат ҳамда сеҳру жоду орасидаги фарқни билдириш учун ер юзига Ҳорут ва Морут деган икки фаришта туширилганидан ҳали бехабар эдилар.

Айтадиларки, фаришталарнинг баъзилари инсон авлодлари ер юзида ҳаддан зиёд бузғунчилик қила бошладилар, сен улар ўрнига бошқа халқни ёки бизларни туширсайдинг, ундай бузғунчилик қилмас эдик, деб айтганларида, Тангри таоло, агар улар билган нарсаларни сиз ҳам билсайдингиз, албатта бузғунчилик қилган бўлардингиз дея, ораларидан учтасининг ер юзига тушишини истаган экан. Учовлондан бири бу ишнинг орти кесик эканини пайқаб, тавба қилгач, қолган иккитаси ер юзига тушибди.

Бузғунчилик қилмасликларига қаттиқ ишонган у фаришталар Зуҳро исмли ғоят ажойиб ва гўзал бир аёлга дуч келишибди. Зеболигидан ақлу ҳушларини йўқотишибди.

“Биз бир фитна эдик, ўзимиздан ҳам қувватлироқ бошқа бир фитнага дуч келмадикмикин” дейишибди улар.

Аёлнинг гўзаллигидан ақлу ҳушини йўқотган фаришталар ўзлари билган хос билимларини Зуҳрога билдиришгач, Тангри таоло уларни Бобилдаги бир чоҳга ҳибс қилибди. Зуҳро эса, фаришталар сирини билгани учун осмонга кўтарилиб, алал-оқибатда юлдузга айланибди.
Сеҳр ўрганувчилар ана шу воқеани билганларидан сўнг Бобилга дарёдай оқиб келаверишибди.

Ваҳоланки, сеҳру жодуга ҳеч қандай эҳтиёжлари йўқ эди. Кимдир бошқаларнинг ўй-фикрларини ёки нималар қилаётганини билиб туриш учун, кимдир ҳукмронликни қўлга олиш учун, кимдир бошқалар наздида ўз даражаси баланроқлигини кўрсатиб шуҳрат топиш учун у ишларга қўл ура бошлабди.

Ажабланарлиси шундамишки, у икки фаришта келгувчилардан “Осмонга Зуҳро юлдузи чиқдими?” деб сўрашар, “Ҳа, чиқди” дейишса, қайғуга ботиб яна ер остига кириб кетар эканлар.

Аслида эса, Зуҳро юлдузи ҳақидаги ривоят афсонадан бошқа нарса эмас. Инсонлар наздида Бобилга Сулаймон пайғамбар замонида ростдан ҳам икки фаришта туширилгани ва улар сеҳру жоду ўргатганлари ҳақидаги гапларгина аниқ ва рост, қолганлари тўқима бўлиши ҳам мумкин.

* * *

– Бир маҳаллар Қизил денгиз соҳилида мана шу воқеа рўй берган, – деди Маэстро. – Энди дўстларимизга сўнгги саволимизни берамиз. Аввал айтганимдай, пастга тушганларидан сўнг ҳеч нарсани эслай олмайдилар. Саҳнада қанча вақт бўлдингиз деб сўрасангиз, беш ёки тўрт сония деб жавоб берадилар. Ҳатто янада ақллироқлари бир сония дейишлари ҳам мумкин. Томошамизнинг учинчи қисмида бизлар бу кишиларнинг кексалик вақтига саёҳат қиламиз. Қаранг! – дея хитоб қилди у. – Болалик ўтгач, кишилар у беғуборликларини юраклари ичига жуда маҳкам беркитиб ташлаганларининг шоҳиди бўлдик. Яшаш, мол-дунё ҳирси ва яна аллақанча туғёнлар аро умр ўтганида, бу кишиларнинг қандай хулосага келишлари қизиқ эмасми сизларга?

– Қизиқ, албатта қизиқ! – дейишди залдагилар.
– У ҳолда марҳамат, томошамизнинг якуний қисми! – деб эълон қилди Маэстро.

Биринчи кишининг ўзини қариб-қартайган чол сифатида тутиши кулгили ва қизиқарли эди.

– Кўзларим яхши кўрмаяпти, – деб шикоят қилганида, оломон кулиб юборди. Ҳа, томоша ростдан ҳам ажойиб бўлмоқда эди.

– Неччига кирдингиз? – деб сўради Маэстро ундан.

– Саксон иккига, – деди у, чолларга хос қалтироқ овоз билан. – Қувват сира йўқ, болам, – деб шикоят қилди Маэстрога. – Томоқдан овқат ўтмайди, зўрға қимирлаб юрибман. Худога шукр қилмай илож қанча?

– Кексалик гашти дейишарди, қанақа экан?

– Қанақа гашт? – деди у. – Ҳар кеча тиш-тирноғинг билан ҳаётга ёпишиб, илдизларини маҳкам чангаллаб яна бир кун яшармикинман деб қўрқасан, эрталаб кўз очганингда қувватсизлигингни, қарилингни бир дам унутган бўласан, ёки болалигингни, йигитлигингни туш кўрасану уйғониб хурсанд бўлиб ётасан, кейин аъзоларинг бирин-кетин уйғона бошлайди, оғриқларинг ҳам уйғонади. Қарасанг, яна ўша аҳвол… кўрганинг эса ширин хаёл ёки ёруғ туш экан… – деб хўрсинди у. – Юрибмиз-да болам, қимирлаб.

Икки юзи қип-қизил, тоғни урса талқон қиладиган давангирдай бу кишининг гаплари кулгили эди. Маэстро ҳам жилмайди.

– Шунча одам сизнинг насиҳатингизу ўгитингизга илҳақ, – деди кейин. – Уларга айтадиган бирор гапингиз борми?

– Нимаям дердим, – деди у, мижжаларини артиб. Кейин “Ўтириб олсам майлими?” деб сўради.

– Майли-майли, – деди Маэстро.

– Гапим шуки, – деди у бир оз ўйланиб. – Ростдан ҳам ҳаёти дунёда бир-икки куним қолдими-йўқми, билмайман. Аммо шуни айтган бўлардимки, яқинларингизни сира алдаманг, – деди у афсусланиб. – Умр жудаям бебаҳо нарса, беҳудага зое қилманг. Мана, шунча яшабману лекин ўйласам, деярли барини арзимас нарсаларга сарфлаб юборибман. Ҳаммангизга худо раҳм қилсин.

– Айтганингиз келсин, – деди Маэстро самимий оҳангда ва кейинги кишига ўтди.

– Умр жуда қисқа эканини билмай қолибман, – дея иқрор бўлди у. – Ўйлаб қарасам, бениҳоя кўп бўлар-бўлмас нарсалар билан мақтанган эканман. Энди эса… – деб бирданига йиғлаб юборди у. – Қайтай десам, сира иложим йўқ, яхши ишлар қилай десам, мадорим йўқ.

– Ҳечқиси йўқ, хафа бўлманг, – деб юпатди уни Маэстро ва кейинги кишига ўтди. У ўсиқ қошлари остидан ҳануз хўмрайиб қараб турарди.

– Қанча йиллардан бери олдимда ўралашиб юрасан? – деди у бирданига. – Нима керак сенга?

– Ҳеч нарса керак эмас, шунчаки сиз билан икки оғиз гаплашмоқчиман холос.

– Бор, ишингни қил, сенга айтадиган ҳеч қанақа гапим йўқ, – деди хўмрайган киши.

* * *

Залдагилар шифтни кўчиргудек бўлиб тинимсиз қарсак уришар, ниҳоятда шод эдилар.

– Азиз дўстлар, томошамиз сизга маъқул келганидан хурсандман, – деди Маэстро. – Ҳа, томошамиз охирлаб қолди. Ҳозир саҳнада чироқлар ёнади, ҳамма нарса чароғон, ҳозиргина ғарқ бўлганингиз сирли дунё саҳна билан қўшилиб ғойиб бўлади. Сиз чарчаб, ўйин-кулги қилишга келган кишиларсиз, албатта, бир дунё ташвишингиз борлиги барчага аён. Ёшингиздан қатъий назар, дунё тошларини ортмоқлаб юрганингизни ҳамма яхши билади. Тўғри эмасми?

– Тўғри, тўғри! – деб қичқирди оломон.

– У ҳолда сизга яна бир ҳақиқатни ошкор қилиш пайти келди.

Зал яна бир тўлқинланиб олди.

– Гап шундаки, сизга кўрсатганимиз бу саҳна ҳақиқат эмас, бор-йўғи бир томоша эди, – деди Маэстро. – Мен ҳам ҳеч қанақа Маэстро эмас, шу театрнинг оддий бир актёриман. Саҳнадагилар ҳам актёрлардир. Сиз азиз томошабинларимизга янгилик тақдим этиш мақсадида томошанинг шунақа шаклини танладик. Борингизга шукр! – дея таъзим қилди у.

Жилмайиб турган бошқа актёрлар ҳам таъзим қилишди.

Олқишлар ва сийловлар оҳангида яна мусиқа таралди, аммо кутилган гулдурос қарсаклар эшитилмади.

Зал негадир жим эди.

Кейин кутилмаган ҳодиса рўй берди.

Олд қаторда ўтирган баҳайбат йигит қўлидаги музқаймоғини саҳнага қарата отди.

– Аблаҳ! Ярамас! – деб бақирди кўзи қонга тўлиб, ғазаби ошиб. – Ҳали алдадингми халқни?
– Алдабди!
– Муттаҳамлар! Ёлғончилар!
– Мана сенларга!
– Пулни қайтар, ярамас!

Саҳнадаги воқеаларга чин юракдан ишониб, ҳайратланиб ўтирган оломон бирданига ғазабга миниб, қўлида неки бор, барини саҳнага ота бошлади. Ҳамма, ҳатто башанг кампирлар ҳам элни алдашга журъат қилган бу бадбахтларни жазолашни талаб қилиб бақириб-чақирар эдилар.

– Йўқол! Даф бўл! – деб қичқирар эди оломон.

Курсилар қарсиллаб синар, тери копламали суянчиқлару темир оёқларни ҳам ғалати бир тарзда суғуриб олиб, саҳнага отар эдилар. Актёрлар саҳнадан қочиб чиқишга мажбур бўлишди, ҳатто парда ортидаги мусиқачилар ҳам шоша-пиша асбобларини кўтариб, қайгадир яширинишди.

Тезда ўт ўчирувчилар гуруҳи етиб келди. Саҳнада носранг зарҳал кийимли ҳарбийсифат кишилар пайдо бўлганини кўрган одамларнинг ҳовури бир оз босилиб, бирин-кетин афсус ичра тарқала бошладилар.

Тажриба тариқасида ўтказилган ва бор-йўғи бир мартагина намойиш этилган театр томошаси мана шу тарзда ниҳоя топди.

2014