Гулули — Гулсара, бизнинг Қавчин овулда ҳамма танийдиган танҳо заифа. Гулули — тўйида, бахти ойдай тўлганида қувончини қисмат булути тўсиб, иқболи кемтик бўлган телба сулув. Ёшу қари бирдек биладиган бу сулувнинг ёлғиз белгиси, у — бебахт қиз. Бахтсизликни ҳамма таниркан-да. Гулули шу кемтиклиги билан-да қавчин овулда эзгуликдан хабардай бўлиб шарпадай кезинади. Аммо буни ҳамма ўз-ўзича тушуниб, ўз маҳалида илғайвермайдики, бу эзгуликка, яхшиликка чорловчининг, мусибатдан огоҳ этувчи бу санамнинг қисмати бошқа қавчинликларнинг қувончидан шаҳодатдир, уларнинг саодати ҳисобига бахти қародир унинг. Ким билсин? Менинг бутун болалигимга, ўсмирлигимга эш бўлган Гулули — Гулсара опа, синфдошимиз Мафтунанинг жинни аммаси чиндан ҳам жунунмиди, бебахтмиди, элга эрмак, шамолга шалоқмиди? Ким билсин? Бир пайтлар тим қора бўлган бўлиқ сочларига бугун қиров инган бу безиён малакнинг не ўйи борки, одамлар телба атаса-да, унинг нигоҳлари мудом ўйчил, тушуниксиз ғуссага тўлиқ. Ҳар ниманинг икки томони бор, деганларидек, икки томондан қарай олмоқлик ҳаммага ҳам насиб эмас экан-да.
* * *
Ризвон маллани девор босиб қолибди, деган гап қишлоққа бир зумда ёйилди. Қўшним Мурод билан кўргани борганимизда беш-олти одам бор эди. Ризвон бобо эҳтиёткорлик билан елкасига ёстиқ қўйиб, деворга суяниб ўтирар, юзида ўйноқлаган хижолатомуз табассумдан аҳволи бинойидек кўринарди. Пойгакдан жой олиб, отахон билан сўрашган бўлдик. Ҳамма ҳазил-ҳузил қилиб, беморнинг кўнглини кўтариш билан овора, айниқса, жинжак лақабли Норча ака ҳеч кимга гап берай демасди.
— Вей, ўзиям бақувват экансиз-а, отам, ўрнингизда бўлганим-да, нақ белим синиб ўлган бўлардим. Устингизга ўзиям мана шундай — у икки қўли билан ҳавони қучоқлади — девор йиқилди-я. Бир пайт бақир-чақир бошланди. Эшитиб турсам, Гулулининг овози. Бир бало бўладиёв, деган ўй ўтди кўнглимдан. Ҳамма Гулулига андармон бўлиб турганди. Шу пайт девор Ризвон бованинг елкасига ағнади-да.
Тўрда ўтирган Мейли бобо пихиллаб кулиб, узатиб ўтирган қийшиқ оёқларига шаппатлади:
— Қаеримдан ўтди, дейсан ҳей, жинжак? Кўнглимдан? Балки бошқа жойингдан ўтгандир… хих-их. — Кейин у бирдан жиддий қиёфага кириб, даврага олазарак боқди, — фалокат келса, шундайчикин бўларкан-да, а, менам оғзим очилиб, қоч, дейишгаям улгуролмадим, ошнамга.
Норча ака Мейли бобонинг гапига жавоб қайтармоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади, кейин барибир унга бас келолмаслигини билиб, яна Ризвон бобога юзланди:
— Ўзи сизга ҳалак бўлиб, сўраш эсдан кўтарилибди, Гулули нега келган экан?
— Нега келарди, доимги одати, эски уйларни бузманглар, арвоҳлар чирқирайди, дейди-да, — деди Мейли бобо яна гапга аралашиб. — Тўйдан олдин эскини бузиб, янгини тиклаш удум-ку! Ана, — у ёнимда ўтирган Муродга юзланди, — бир йили отанг эски уйни бузиб, сенга айвон солиб бераётганда ҳам тўполон қилиб борганди-я шу Гулули?
Шеригим тасдиқ ишорасини қилиб бош қимирлатди.
Бу гапдан сўнг ҳамма негадир жим бўлиб қолди.
Ризвон бобонинг уйидан қайтаётиб, кўчада Гулулига кўзим тушди. У ҳар доимгидек кичик икки табақали кўк темир дарвоза ёнида орқасини деворга бериб ўтирарди. Эгнида ўша-ўша ранги униққан кўкиш кремпелен кўйлаги, бошида ундан бироз оҳори кетган рўмол. Озғин қомати, оқ-сариқдан келган юзи, пешонасига танғиб олган рўмоли фақат унгагина хосдек. Рўмоли остидан чиқиб турган кулранг сочларини кўрганимда бошқача бўлиб кетдим. Авваллари ҳам уни кўрсам кўнглимга ғойибдан ғулғула тушар, болалик тасаввурим билан росмана чўчирдим. Аммо унинг нигоҳи.. Нигоҳидаги маъюсликка, маҳзунликка қоришиқ телбавор кулгусида жунунваш бир сеҳр бордек эди. У тикилиб тураверар, кейин бошқа томонга назар солиб, ғудраниб қўярди. Ҳозир ҳам ўтган-кетганга син солиб, хиёл жилмайиб турибди. Мени кўриб кўзлари баттар қисилди. Унинг ёнидан ўтаётиб бир воқеа бехос эсимга тушди.
Амакимнинг уйида эдик. Ташқаридан бақир-чақир овози эшитилди. Амаким ва мен илкис деразага нигоҳ ташладик.
— Қара-чи, — деди у. Ўрнимдан қўзғалишга улгурмай, эшик очилиб, Шаҳноза опам кўринди.
— Ота, анавини қаранг, ҳовлига кириб олибди, кетмаяпти, — деди у баланд овозда.
— Ким?
— Анави, қўшни, жинни аёл… қаранг.
Бирин-кетин ҳовлига чиқдик. Дарвозахона тарафдан янгамнинг ҳам қораси кўринди. Гулули ток остидаги каравот ёнида турарди. Бизга кўзи тушиши билан, тескари ўгирилиб олди. Суяги чиқиб қолган озғин-ингичка қўллари билан каравотни ушлаб, ғудрана бошлади.
— Нима деяпти? — сўради амаким.
— Юнус Маликага уйланмасин, деяпти, — деди Шаҳноза кўзини аёлдан узмай. Амаким ўғли Юнусни шу йил ёзда ўқишни битириб келгач, узоқ қариндошимиз Суннат аканинг қизи Маликага уйлантиришга тараддуд кўраётганди. Амаким жаҳли чиқиб, “Нима?”, деб бақирди. Кейин оёқяланг ошхона томон юрди. У қўлида белкурак кўтариб олган, қовоғини уйиб, хезланиб келарди. Супадан ўтаётиб, мункиб кетди, ўзини ўнглаб, сўкинди-да, бир қўллаб почасини қоқди. Яна бир-икки қадам юриб белкуракнинг учини каравотнинг темирига даранглатиб урди. Гулули чўчиб тушди. Сал нари сурилиб, баттар мунғайди. Елкаси кўтарилиб, боши ичига кириб кетгандек бўлди. Товуши қаттиқроқ чиқа бошлади, аммо гапларига тушуниш маҳол эди.
Амаким куракни даст кўтариб, тағин аёлга яқинлашди:
— Кет, дедим, йўқол, ҳозир чопиб ташлайман.
Кўзимни чирт юмиб, тескари бурилдим. Шаҳноза опам «Ота», деб бақирди. Янгам «Бўлди қилинг!», деди амирона. Яна темирнинг даранглашидан қулоғим қоматга келди.
Шу пайт ҳовли четидаги тандирхона томонда ҳам бир нарса тарақлаб кетди. Ҳаммамиз ўша томонга қарадик. Тахлаб қўйилган ғўзачувак ёнида қўшнининг уйига ўтиб туриш учун бир одам сиғарлик девор тешиги бор эди. Гулулининг синглиси Нафосат ўша ердан ўтиб, тез-тез қадамлар билан биз томон келарди. У гўё худди биз йўқдек, ёнимиздан сассиз ўтди-да, опасига яқинлашиб, унинг майишган қоқсуяк елкасидан ушлаб, ўзига қаратди. Гулули бир сесканиб, ярим бурилди. Синглисини таниб, тўлиқиб нафас олди.
Нафосат: «Юринг, кетамиз», деди ва опасининг қўлидан ушлади.
Улар дарвозадан чиқиб кетишаркан, янгам, «Эссиз, боёқиш… опасини деб кун сайин қариқиз бўлиб бораяпти-я», деди сўлиш олиб.
Ичкарига киргандан кейин Шаҳноза опам, у уч-тўрт кун аввал кундуз куни ҳам келганди, бир амаллаб чиқариб юборгандим, деди. Амакимнинг пешонаси тиришиб, қовоғи солинди.
— Тўйдан кейин ҳам шундай қилаверса нима қиламиз, — деди янгам ҳам жиддий тортиб.
Амаким эса:
— Нима ҳам қилардик, Гулули ҳаммамизники, — деб қўйди толғин товушда. У энди ҳовуридан тушганди. Эртаси куни амаким билан ғўзачувак ёнидаги девор тешигига ғишт тердик.
Амакимнинг ўша сўнгги сўзлари хўрсиниқдай бўлиб чиққанди. Бу хўрсиниқнинг маънисига эса кейинроқ тушундик. Не тонгки, ёз адоқлаб тўйга ўн кунча вақт қолганида, куёв бўлмиш Юнус акани ток уриб кутилмаганда вафот этди. Шу-шу аёлларнинг аксари Гулулидан ҳайиқадиган, аммо уни ёмон кўрадиган бўлиб қолишди. Бу машъум воқеа сабаб Гулулининг айтган гапларини ҳамма эслади. Начора, Гулули ҳаммамизники!
Юнус акани ерга топшириб, амакимнинг қадди эгилиб қолган сентябр кунларида биз еттинчи синфга ўқишга бордик. “Эрта-индин ҳамма пахта теримига”, дейиладиган кунлар эди. Онам эртароқ кел, тегирмонга борасан, деганди. Дарсдан сўнг копток тепиб, кечикиброқ қолдим. Уч-тўрт синфдошим билан кўча тўлдириб қайтарканмиз, ичимда алланечук ҳадикни туйяпман. Шунда Гулулининг ҳар сафаргидек ўз жойида муқим турганига кўзимиз тушди. Кайфияти хушроқ эканми, ўзига ўзи гапириб куларди. Ора-орада оёқларини шаппатилаб, тиржаяди.
— Ана, жинни, Мафтуннинг аммаси, — деди Суҳроб ва ичида бир шумликни ўйлагандек, кўзларини катта-катта очди. Кейин овозини пасайтириб деди: — Кетдик, беҳисидан оламиз.
Сўнгра Гулулига уч-тўрт қадам қолганда, ўнгга бурилиб, чуқур жўяк ичига сакради. Биз ҳам шундагина ҳиди димоғимизни қитиқлаётган ва ҳосили кўплигидан энкайиб турган беҳи дарахтини кўрдик.
Суҳроб бизга қараб келинглар, деб имо қилди. Биз Гулулига қарадик. У энди кулишдан тўхтаган, бизга қараб жим турарди. Бир қарашда худди кўзини очиб ухлаётгандек таассурот уйғотарди у. Гўё озгина қалтис ҳаракат қилсак уйғониб қоладигандек, оёқ учида Суҳроб томон юрдик. Кейин ҳар биримиз биттадан беҳи уздик. Ура қочарканмиз, ортимиздан дарахтнинг қаттиқ силкингани, меваларнинг ерга “тўп-тўп” тўкилгани эшитилди.
Кийимимнинг этагини ўгириб, беҳи тукларини артганча дарвоза ҳатларканман, айвондаги сўрида ёнбошлаб, чой ичиб ўтирган отамга кўзим тушди.
— Нима у? — деди отам.
— Беҳи, — дедим қўлимдаги мевани орқамга яшириб.
— Қаердан олдинг?
Юрар-юрмасимни билмай тўхтаб қолдим. Энгагимни даҳанимга теккизиб, “Гулулиларникидан”, дедим.
— Бери ке.
— Суҳроб бошлади, ҳамма олди, — деб йиғламсираб отамга яқинлашдим.
Сал нарида ўтирган онам ҳам доим отам урмоқчи бўлса, орага тушардилар. Бу сафар парвойи палак. Қўлювгич ёнида ўсма тераёт¬ган момом эса «Нима қипти?», деб сўради. «Беҳи ўғирлабди», деган жавобни эшитгач, индамай қўйди.
— Бери кел, дедим сенга, шу пайтгача қаерда санғиб юрибсан? Тегирмонга қачон борасан?
“Эсимдан чиқибди, иккинчи қилмайман”, деб ёнбош бўлиб бордим. Отамнинг шапалоғи ҳавода ёзилди, ўзимни орқага тортдим, лекин улгурмадим. Елкамга теккан зарб дарвозахонада садо берди. Сапчиб тушиб, “воо” деб бақирдим. Букчайиб, елкамни ушладим. Момом ҳар доимги одатига кўра «Урма баччани-е» деб қўйдилар, холос.
Отам эса “Табгир қани, ҳозир сенинг шу ўғирлик қилган қўлингни чопиб ташлайман. Қани табгир?”, деб бурчакда турган, ўтин ёрадиган ўткир асбобни олганларида қўрқиб йиғлаб юбордим.
У киши менга кўзларининг ости билан босиб-босиб қараб бир пас тургач, қўрққанимни кўриб, бироз юмшади, шекилли, табгирни отиб юборди. Билдирмай, чуқур нафас олдим. У қўлини шоп қилиб гапира бошлади:
— Яна бир марта ўғирлик қилсанг, ўпкалама. Бор, беҳини эгасига бериб, кечирим сўраб кел.
Шошиб кўчага чиқдим. Қандай борсамикин, нима деб бераман, деган хаёлда бир муддат талмовсираб қолдим. Бахтимга кўчада ҳеч ким кўринмади. Фақат Гулули ўша алфозда жимгина ўтирарди. Юрагим така-пука бўлганча, сал ҳаракат қилса, қочишга шай бўлиб, секин ёнига бордим. У миқ этмай менга тикилиб турарди. Кўзлари қорачиқларида бир исмсиз, тубсиз мунг бор эди. Ва у одамга мангу ғамгусорликни юқтирадигандек эди. Бир пас жим тургач, сал ўзимга келиб, секингина беҳини узатдим. У ҳам қўл чўзди. Кечиринг, иккинчи ўғрилик қилмайман, дедим қарийб шивирлаб. Юзида бирор ўзгариш сезилмади, индамай беҳини олди. Шундан кейин мен негадир Гулулидан қўрқмайдиган бўлдим.
* * *
Орадан қанча сувлар оқиб ўтди, неча-неча қизлар келин бўлди. Болалигимда бўй қиз, ўсмирлигимда қариқиз бўлган Гулули, мен институтни битириб, уйланиб, хўжаликда иш бошлаганимда ҳам худди қавчин овулдай мавжуд, ариқ бўйидаги қари толлардай собит яшаб юрарди. Фақат ёшини ортда қолдирган сочлари кумушранг, қовоқларига ажин инган, аммо кўзлари ҳануз аввалгидай сирли, қавчинликларга яхшилик соғиниб боқиб турарди.
Ўрта кўчада мактаб жўрам Эрали билан гурунглашиб тургандик. У ўғилчасини опичлаб олганди. Мен эса оиламизда янги меҳмон кутаётганимизни айтиб, ҳозир кимнинг уйида анор топилади, деб сўраб тургандим. Бир пайт у кўзи билан орқа тарафга имо қилди ва негадир кулди. Ортимга бурилсам, Гулули турибди. Эгнидаги кийими, юриши, қиёфаси ўн йил олдин қандай бўлса, ҳалиям ўшандай. Фақат кўзлари жуда хотиржам эди. Ана шу ҳаловат ичидан балқиб турган қорачиқларида бир дунё сир қалқиб тургандек. Қўлларида қип-қизил олти-етти анорни ушлаб олган.
— Назар таға, — деди у менга тикилиб, — тунов куни анор ўғирлаганимда бақиргандингиз. Шу… — у бошини эгиб жим қолди. Ерга боқиб пичирлай бошлади. Кейин яна менга юзланди — кечиринг…
Дабдурустдан, у бобом ҳақида гапираётганини тушуниб қолдим. Балки ўхшатгандир. Бобомнинг вафотига ҳам ўн беш йилча бўлганди. У кишининг боғбонлик қилганлари ҳам рост. У анорзорлар ҳозир таг-туги билан йўқолиб, ўрнига уйлар қурилиб кетган бўлса-да, кексалар ҳалигача Назар боғбоннинг туятиш анорларини эслаб туришади. Балки Гулули ҳам гўдаклигида ҳаваси кетиб, анор ўғирлагану бобомдан дакки эшитгандир.
Бир пайт у қўлидаги анорларни менга узатди.
— Олинг, тағам хафа бўлмасинлар.. айтиб қўясиз-а… — унинг кўзлари ёш боланикидай жовдирарди.
Анорни олганимдан кейин у орқага бурилди. Ўриғидан марвариддек товланиб турган қип-қизил мунчоқларни кўриб, ичимга илиқлик югурди. Шу пайт мени кимдир чақираётгандек туюлди. Қарасам, кичик амакимнинг қизи дарвозамиз ёнидан қўл силкияпти.
— Ака, уйга тез келаркансиз, янгамнинг мазалари бўмай, ўқчияптилар, — у шундай деб ичкарига чопиб кириб кетди.
Ёнимдаги мактаб жўрамнинг «Табриклайман», деган гапи қулоғимга элас-элас эшитилди. Кўзимда ёнган чўғдан бутун миям ёришиб кетгандек бўлди. Яна Гулулига қарадим. У таниш юришида ўз уйига етай деб қолган эди. Хаёлимда шу маъсум аёлнинг ортидан ҳали инсониятга таниш бўлмаган улкан бир синоат эргашиб кетаётгандек эди.