Илҳом Зойир. Ўқиладиган тўёна (ҳажвия)

Очиғи, гап ўғирлашни ёқтирмайман, бу яхши эмас. Аммо автобусда, қий-чув ичида бир давра аёллар ўртасида бўлиб ўтган ҳайратангиз ҳангомани беихтиёр эшитиб қолдим. Кўз — дарё кўради, тешик қулоқ эшитади-да. Энди бу гапларни ичимда сақласам, номим ўғрига чиқиши турган гап. Қолаверса, ичимда гап ётмайди, худди шар ютгандай оёғим ердан узилиб кетаверади. Нима қилдим ўзимни ҳам, сизларни ҳам қийнаб…
— Тоза чув тушибсиз-да, эгачи. Нима қилардингиз, бўй етмаган қизга сеп йиғиб? Ахир, бугун бичган тўнингиз эртага тор келиб турибди-ку!
Шу гапни эшитдим-у, орқага ўгирилиб қарадим. Икки аёл: бирининг кўзлари ёнади. Шериги — лунжи осиқ, семиз аёлнинг эса ранги қум-қуйт оқарган.
— Қиз дегани эрта пишар келади, шошиб қолмай деб, топган-тутганимни сандиққа жойлайверибман-да, — деди семиз аёл чуқур хўрсиниб. — Ким ўйлабди замон бундай тез ўзгаради деб.
— Куйинманг, эгачи, — далда берган бўлди биринчи аёл, — сизда айб йўқ. Бошида ҳамма ёқни ялтир-юлтир босди. Нафс қурғур ҳаммамизни бирдек шоширди. Китобга эътибор бир оз сусайди. Эслайсизми, биз “Навоий” романини қўлдан қўймасдик.
— “Навоий” яхши китоб.
— Эрим кечалари гап-гаштакда қолиб кетганида, мен – янги келинчак бир ёнимда Навоий, бир ёнимда Фузулий, тунни тонгга улаб чиқардим. Шунга иқтидо қилиб, яқинда узатган қизимнинг сепига Алишер Навоийнинг тўла асарлар тўпламини қўшдим.
Аёл зоти ўзини бепарво тутса-да, қулоқлари ҳамиша динг, ўзига керакли гапни тезда илиб олади. Тўрт-беш аёл бирваракайига:
— Вой, “Навоий”ни қаердан олдингиз? — деб чувиллашиб кетишди.
Менинг ёнимда ўтирган аёл истеҳзоли кулди. Назаримда, унда фақат ўғил бўлса керак, писанда билан янги келинчакларнинг кийинишию куёвларнинг янги русумдаги машиналарини мақтай кетди.
— Ҳали ҳам эскича фикр қиларкансиз, опоси, — унинг гапини кесди малла аёл, — ҳозир қизларнинг сепига кийим-кечак, мебел-себел тиқиштириш урфдан қолган. “Отанг машина олиб бермади”, деб келинга миннат қиладиган куёвни уруғликка тополмайсиз. Айтайлик, эллик сидра кўйлак бўлсин, уни келин эллик кундан ортиқ киймайди, тўғрими?.. Кейин у кўйлакларнинг ҳузурини ким кўради, албатта, қайнсингилу қиз жиянлар. Чунки янги келинчак қўшниларнинг кўзига битта кўйлакда икки марта кўриниши уят. Хўп, ана, куёвингизга машина олиб бердингиз, лекин гараж йўқ, улов ташқарида қолади. Бечора куёв кечаси қизингизга қарайдими ё кўчадаги машинасигами? Китоб энди бошқа нарса. Биринчидан, китоб ўқиган келинчакка бўз кўйлак ҳам ярашади; иккинчидан, унга гараж керак эмас…
Бу гап менга нашъа қилди. Ҳақиқатан ҳам биз эркаклар томонидан тушунмаслик, тўғрироғи, эътиборсизлик ўтган экан. Вақтида уйланган бўлсак-да, тўй расм-русумларига унчалик эътибор бермаганмиз. Чунки тўй ташвиши ота-онамиз бўйнида бўлган, сеп, қалин пули ва бошқа икир-чикирлар ҳақида бизга лом-мим дейишмаган. Мен уйланганда қайнанам ўз обрўси учун қизининг сепига тўртта: қишки, баҳорги, ёзги (!) ва кузги палто қилган эди. Аёлим ёзгисини бир марта ҳам кийган эмас…
Мен хаёлга берилиб, аёлларнинг ҳангомасидан чалғиб кетибман. Суҳбат хиёл ҳаяжонли, бироз асабий овозда давом этарди.
— Қизим: “Навоийнинг тўла асарлар тўпламини топмас экансиз, куёвга чиқмайман”, деб тайсалланиб турибди, – деб қолди қоракўз аёл йиғлашдан бери бўлиб. — Бошимни суқмаган китоб дўкони қолмади — тополмадим. Ҳатто чайқов бозорида ҳам анқонинг уруғи. “Навоийдан бошқаси бўлмайдими”, десам, “Ҳамма дугоналаримнинг сепида шу китоблар, куёвлари ғазалларни ўқиб, уларни “Қора кўзим” деб эркалашаркан, мен ҳам шунақасини хоҳлайман”, дейди.
— Қизингиз тўғри айтибди! – гап маъқуллади оқ-сариқдан келган кўзойнакли аёл. Унинг гап-сўзлари шунчалар теран, салобатлики, кўзойнакни бекорга тақмагани билиниб турибди. — Навоий яхши китоб, сифатиям, безагиям узукка кўз қўйгандай. Бунақаси то ҳануз бўлмаган. Вақтида олган олиб қолди, ололмаганлар овораю сарсон. Яхшиям иссиғида эллик жуфтини олганим.
— Эллик жуфтини?! — ажабланди аёллар. — Намунча?
— Ош берганда, қуда томон эркакларига шу китобларни “ёпдик”, қолгани чарларга яради. Тўйга келган тоғораларга “Шоҳнома”, “Буюклар муҳаббати”, “Ўзбек санъаткорлари”, муомалани ўргансин деб “Тилимизнинг тилла сандиғи”, яхши яшашни билсин деб “Ўзбекистонда ким яхши яшайди”лардан солиб қайтардим. Тоғорасизларнинг қўлига биттадан “Изоҳли луғат”дан тутқаздим.
— Тоғора деганингизга бир воқеа эсимга тушиб кетди, — гапга қўр ташлади озғин аёл, — ўтган ҳафта қайнағам қизига бешик берди. Жигарим деб, тоғорамга яқинда чоп этилган “Калила ва Димна”нинг ўнтасини қўйиб борсам, менга қайсидир мундайроқ нашриётда, ичи газет қоғози, муқоваси юпқа уч-тўртта китоб қайтарибди. Бир алам қилди, асти қўяверасиз. Ташлаб юборай десам, увол, кимдир уйқунинг баҳридан кечиб ёзган, йиллаб ҳомий излаб, сўнг не машаққатлар билан бостирган.
— Ҳеч хафа бўлманг, эгачи, китоб, бу китоб! Йиғиб қўяверинг, нима кўп, туғилган кунлар кўп, ўша кунларга асқотади. Яқинда куёвимизнинг туғилган кунига бирталай китоб олиб бордик. Ҳаммаси сара китоблар эди. Лекин қудағайга ёқмади. Нимамиш, китоблар биров танимаган, билмаган нашриётлардан чиққанмиш. Эримнинг орияти кучли-да, бунақа пичингларни кўтаролмайди. Шарт ўрнидан турди-да, чиқиб кетди. Энди қайтмаса керак, деб ўтирсак, бир пайт ғишт кўтаргандай қилиб, иягига тираб қирқта китоб кўтариб келди. Бари «Адабиёт ва санъат» нашриётида босилган китоблар. Ана китоб, мана китоб! Кўрсангиз ҳавасингиз келади, варақласангиз баҳри дилингиз очилади. Зар муқова, номозшом атласнинг ҳиди келади, садағанг кетай. Бир зўр ёзишган-ей. Қудағайнинг чеҳраси гулдай очилди-ку!
— Куёвингиз китобхон экан-да?
— Улар оилавий шунақа. Сиз китоблар тоғорадан-тоғорага кўчиб юради, деб ўйлайсиз чоғи? Китоб ажойиб нарса, айниқса, ёлғиз қолганингда ундан яхши дўст йўқ, уни ўқиш учун совға қилишади. Эътибор берган бўлсангиз, тоғорага тушгандан кейин китобларнинг сависиям, маъносиям тубдан ўзгарди. Тўёна баҳона кишиларнинг уйида кутубхоналар пайдо бўлди. Эсингиздами, бир пайтлар базмларда ароқ тортиларди. Ичиб олганлар эртаси куни: “Вой, энажоним-эй, ўзи кимнинг тўйига бордим-а?” – деб бошларини чангаллаб юришарди. Ҳозир ароқ ўрнига китоб тортиляпти, ҳартугул. Битта ароқнинг пулига уч-тўртта китоб беради, ахир!
— Томоқ-чи? Томоқ тақиллаб қолса-чи?
— Э, томоқми? Томоқни уйда ҳам ҳўллаш мумкин. Тўйга борган киши томоғини эмас, миясини ҳўллаши керак.
— Китоб яхши нарса-ю, лекин ҳамма китоб ўқиса, подани ким боқади?
— Миянгиз қотган экан, опоси, ҳозирги сигирлар ҳам ўқиганнинг қўлидан ем ейди…
Каминангиз лол бўлиб, бу ғаройиб суҳбатга ишонар-ишонмас бўлиб, анқайганча кетиб боряпман. Шу пайт анчадан бери жим келаётган аёл гапга қўшилди.
— Китоб ўқимаган келинлар келинсалом, чарлар, никоҳ базмларида баҳрибайт ўйинида ютқазиб, изза бўлиб қолишяпти, — деди у китобнинг фойдаси ҳақида гапириб. Кейин қўшиб қўйди: — Гурунчнинг курмаги бўлганидек, одамлар орасидан битта-яримта бузғунчиси ҳам чиқиб тураркан. Яқинда маҳалламизда бир хунук иш бўлди. Битта китобни юз киши ўқиши мумкин-у, китоб буюмга айлангач, йўриғи бошқача бўларкан. Опасининг сепига қилинган китобларни кейинги йили синглисининг сепига қўйишган экан, буни куёвнинг аммаси сезиб қолибди. Ана шармандалик, ана гап-сўз. Аммаси тушгур китоб дўконида ишларкан, кимга қачон ва қанақа китоб сотганини эслаб қоларкан.
— Хўп, ўша Навоийнинг китобларини тополмагандан кейин, нима қилсин шўрлик опа? Синглим қариқиз бўлиб ўтмасин, деб шу ишга қўл урган-да!
Ичим қизиб турганигами, беихтиёр “ёрилиб” кетдим.
— Ҳозир ҳамма нарсанинг иложи бор, — дедим аёлларга ўгирилиб. — Назаримда, сизлар Навоийнинг янги чиққан тўпламини излаб юрибсизлар. Маслаҳатим, тўғри нашриётга мурожаат қилсангизлар, улар буюртма асосида чоп этиб беришади, олам гулистон!..
Шундай қилиб, мен аёлларга нашриёт манзилини айтишим билан, ҳайдовчи ҳам бекатни эълон қилиб қолди:
— “Шарқ зиёкори” китоблар дўкони.
Автобус эшиклари очилдию аёллар “гурр” этиб пастга тушишди-да, жон ҳалпида ўзларини дўконга уришди.
Ҳар куни эриниб, элан-қаран юриб келадиган бир кунлик йўлимга қандай келиб қолганимни ҳам билмабман. Ҳа, машойихлар айтганмишки, ҳар ишда бир хайр бор деб. Ишқилиб шундай бўлсин!

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 34-сон