Ҳулкар Тўйманова. Муаллима (ҳикоя)

— Зулхумор, йиғиштирсанг-чи шу ишингни? Етти ёт бегона боллар ўқишга кирса, сенга шаҳар олиб берармиди? Ишим битди, эшагим сувдан ўтди деб кетади бари, сенга шу керакми?
Бу — бўлар-бўлмасга жаврайверадиган эри, кунда-кунаро “чақиб” турмаса кўнгли жойига тушмайди. Зулхумор айвонда босар-тусарини билмай бобиллаётган эрининг ножоиз гапи учун хонтахта атрофига чўкка тушган болалардан узр сўраган бўлди:
— Сизлар хафа бўлмангизлар, эркак одам шунақа… гапириб туради-да. Диққатингизни бир жойга жамлаб, мана бу тенгламани мен келгунча ечиб турингизлар!
— Қанақа хотинсан ўзи? Эртаю кеч бировларнинг боллари учун жонинг ҳалак, сенга ҳайкал қўярмиди булар? Ўзингни болаларинг билан ишинг ҳам йўқ, шунақаям бўладими? Қара, анави маҳмадоналаринг дарахтдаги ғўраларни абгор қиляпти.
— Қани, ким?
— Э, ким бўларди, Собитинг билан Холмуротинг. Бегонанинг боласи сенинг ҳовлингга кирармиди?
— Ҳа… Нима қипти, еса ер, ўзимизам бола пайтимизда довучча еганмиз-ку?!
— Егансан, тўғри, лекин буларга ўхшабмас-да. Қара, битта қолдирмай қоққанга ўхшайди!
Эр-хотин бирининг кетидан бири одимлаб, танаси ҳар томонга тарвақайлаб кетган ўрик дарахти тагига бордилар. “Назоратчи”ларни кўрган болакайларнинг каттаси Собит ура-сола қочди, кенжатойи Холмурод улгурмади, тўғрироғи, отаси қадамини йириклатиб унга етиб олди ва қўлидан тутиб, дағдаға қила кетди:
— Дарс қилиш ўрнига пишмаган мевани юлиш экан-да, а? Ким айтади сенларни муаллимнинг зумрашалари деб?
Бола доғ-дуғ бўлиб кетган, унниққан майда гулли чит кўйлагининг кўкрак чўнтагидаги думбул меваларни  қўли билан бекитиб турар, афтидан отасининг жаҳл устида аямасдан шапалоқ туширишидан хавотирда эди.
— Олмага ҳужум бошламайсанми? — ота ҳамон ғазабини жиловлай олмас, Зулхумор эса оналигига бориб, болага раҳм-шафқат қилинишидан умидвор эди.
— Йў-ўқ, олма ҳали аччиқ!
— Ҳо-о, зардоли етилиб қоптими? Демак, ҳали ҳафта, ўн кунлар ўтиб, олманингам шўрини қуритаркансан-да!
— Йў-ўқ…
— Қара, Зулхумор, кўряпсанми бу болангни қилиғини? Сен бўлсанг уйдан чиқмай аллакимларнинг арзандаси билан оворасан.
— Энди қилмайди, дадаси, бир гал айбидан ўтинг, болалик қипти-да, кечирим сўра, — Зулхумор худди боласининг тавба-тазарру қилиши тепа сочи икки томонлама тикка бўлаётган эрининг ҳовуридан тушишига имкон туғдирадигандек бир оҳангда Холмуродга энгашди. Боласи тушмагур қувгина, ваъдани беришга берса ҳам ўз билганидан қолмайди. Тўнғичи Собит бошқачароқ, кўнгли бўш, урмоқ берида турсин, силталаб-силталаб уришса ҳам қиз болага ўхшаб йиғлайди.
Бола боёқиш индамай тураверди, айбига иқрор, аммо қайсарлигидан узр сўрашга бўйни ёр бермаяпти. Зулхумор гарчанд мактабда узоқ йиллар ишлаган, юриш-туришию феъл-атвори билан фарқланадиган ўқувчиларнинг кўпини кўрган бўлса ҳам ўз фарзандларини йўлга солишда баъзан тўсиққа дуч келарди.
— Сукут — аломати ризо, дадаси. Болани қийнамайлик, бўлди, бу ҳолат бошқа такрорланмайди. Ҳозир Холмурод уйга кириб, бугунги дарсларини бир сидра қараб чиқади.
— Бекор айтибсан, акасини чақириб келсин. Мен уларни қилғилиғи учун жазолашим керак. Бор, акангни топиб кел!
Бола озодликка чиққанидан мамнун бўлиб, боғни тарк этди. Айтарли даражада дарахт кўп бўлмаса ҳам боғда меванинг хил-хилидан бор. Ана шу ҳовлини макон қилган  йиллари новдалар одам бўйи келарди, мана, вақт ўтган сари танаси йўғонлашиб, шохлари ҳар томонга тарвақайлаб кетди, ғуж-ғуж мева берадиган дарахтларга айланди. Ўшанда Собити саккиз ёки тўққиз ойлик ширингина бола, ўзи эса икки йил мактабда ишлаб, таътилга чиққан кўҳликкина келинчак эди. Худди ниҳолларга ўхшаб ўзлари ҳам илдиз отдилар, улғайдилар. Зулхумор беш ўғилнинг ўртанчасини алоҳида чиқариш учун қарз-ҳавола қилиб, уч хона, бир даҳлиздан иборат ана шу ҳовлини уларга туҳфа қилган қайнотасининг ҳақига ҳалигача дуо қилиб қўярди. Тўғриси, аксарият ёш келинлар цингари у ҳам қайнона-қайнотанинг тизгинисиз, эмин-эркин яшашни орзу қилган. Қолаверса, уйли-жойли бўлиш навбати етиб келган қайинлари бор. Мол-ҳол, экин-тикиннинг орқасидан тирикчилик аравасини бир маромда юргизиб келаётган қайнотаси тағин ҳа
м шундоққина тоғни биқинида жойлашган қишлоқнинг ўзига тўқ оила кишиларидан. Ҳовлилари чол-кампир турадиган жойга етти-саккиз чақирим чиқар-ов, гоҳида эри бошчилигида ўзлари тоққа қараб йўртишса, гоҳида қўйнинг бир сонини латта-путтага бойлаб, майиз-туршакни невараларига илиниб, қайнона-қайнотаси кириб келишади.
— Сал нарсага жизғанагингиз чиқади-эй. Намунча, бола-да энди, минг тақиқлаганингиз билан барибир қилади, ақли қуюлса, ўзидан-ўзи бу одатлари қоп кетади, ахир.
Зулхумор вазиятни сал юмшатишга эришганидан  енгил тортиб, зарурати бўлмаса ҳам чорпоя тагида турган офтобани қийшайтириб, қўлини чайди. Нафсиламбирини айтганда, эри ҳақ, уни йўқлаб келувчи болалар оз эмас, қандай қилиб уларнинг раъйини қайтарсин, ўқийман, фалон институтга кираман, ўз тақдиримни ўзим яратаман, деб фикрлайдиган эсли-ҳушли болалар. Қишлоқда гапнинг “оёғи” тез чиқади, биров айтган гапга бошқаси ниманидир қўшиб-чатиб қайсидир даврада айтса, тамом, айбдорни топиб ҳам, тутиб ҳам бўлмайди. Зулхуморнинг мактабдан ортиб, уйида қўшимча дарс ўтиши тўғрисидаги гаплар ҳам шу тариқа “болалаган”. Даставвал қўшнисининг юқори синфда ўқийдиган ўғли уникига бир-икки марта кириб, билмаганларини сўраб ўрганган бўлди-да, ўша йилиёқ омади чопиб, нуфузли институтлардан бирига кириб кетди. Бунга Зулхумор  ўзининг меҳнати унчалик сингмаганини, аслида боланинг мияси ғиж-ғиж билимга тўлиқ эканини сабаб қилиб кўрсатса-да, бутун қишлоқда “Зулхумор муаллим болаларни
институтга тайёрлар эмиш”, деган гап яшин тезлигида тарқалиб кетди. Одамларни Қобил қассобнинг ўғли ўз билими билан институтга кирганини тиз чўкиб айтса ҳам ишонтиролмайди. Бир жиҳатдан ростга ҳам, ёлғонга ҳам ўхшамайдиган бу гапнинг тарқалиши ўзига нисбатан қишлоқдошларида ҳурмат-эътибор уйғотишини ўйладими, муаллима нажот истаб келган қоракўзларни вақт-бевақт уйига киритадиган ҳам бўлди. Қайсидир йили унинг этагини маҳкам ушлаган қўшни қишлоқ — Майинтепадан бир қиз икки юзу ўн етти балл тўплаб, пойтахтдаги унча-мунча бола киролмайдиган обрўли университетга қабул қилиндию, бели  бақувват казо-казолар ҳам боласини уникига етаклаб келадиган бўлди. Зулхумор йўқ деёлмайди, қандоқ қилиб рад этсин? Ота-оналарнинг ўзига тўқлари нияти ижобат бўлиб, катта пул беришни ваъда қилсалар-да, эри айтмоқчи, ишлари битиб, эшаклари сувдан ўтгач, қўлларини ювиб қўлтиққа уришарди. Муаллима уларнинг кетидан қувиштирмас, белгиланган соатлардаги сабоғи учун нарх ҳам белгиламас
, кўнгилдан чиқариб, ким қанча берса шунга қаноат қилаверарди. Борига барака, ҳар қалай маошдан ташқари кундалик эҳтиёжлар учун арзимас миқдордаги бу тушумларга ўзидан кўра эри кўпроқ мамнун бўлишини сезса-да, баъзан унинг бугунгига ўхшаб тўнини терс кийиб олишидан чўчирди. Айниқса, ичкарида ўтирган болапақир — эрининг ота авлодига чатишиб кетган аллақайси узоқ қариндошининг ўғли — тўрт йилдан бери ўқишга кираман деб  сарсони чиқиб кетди. Зулхумор ҳар йилги кириш имтиҳонлари натижасини боланинг ўзидек илҳақ кутар, аммо ҳар сафар нохуш хабарни эшитавериб, ич-ичидан зил кетарди. Очиғини айтганда, боланинг эс-ҳуши жойида, туппа-тузук фикрлайди, мисолу масалаларни тушунгандек кўринади, тест синовларига келганда, сира омади юришмайди. Шунча йилдан бери Зулхумор ҳам хижолатда, гўёки боланинг олдидаги қарзини уза олмаётган одамдек ўнғайсизланади. Муаллима бу йил ҳам ҳар сафаргидек муваффақиятсизлик бўлишини аввалдан тахмин қилса-да, юрагининг туб-тубида бунга з
ид бўлган илинж яшарди.
Зулхумор умумий даҳлиздан ўнгга қайрилиб, абитуриентлар шуғулланаётган хонага кирди. Тўрда эскигина сервант, китоб-дафтарлар, ул-бул идишлар ғарибгина бўлиб кўзга ташланади. Ўн тарафида эса сандиқ устига йиғилган беш-олтита кўрпа. Ўртада хонтахта, китоб-дафтарга кўмилган уч йигитча. Икковига ўзи дарс беради, бири Ойсулув деган тарих муаллимасининг ўғли. Онаси Зулхуморни ҳоли-жонига қўймай бир йилдан бери боласини уникига жўнатади. ”Ҳисоб-китобни ўргансин, бири икки бўлади” деявериб ўғлининг ҳам миясига обдон қуйган шекилли, ”Математикани сув қилиб ичган одам ҳаётда қоқилмайди” дейди файласуфона оҳангда. Ручкани қулоғига қистириб олиб, “Алгебра”ни варақлаётган анави миқтигина бола дорихонада фаррош бўлиб ишлайдиган Муборак холанинг эркатой невараси. Бу йил у ҳам мактабни битиряпти, ота-онаси ажрашиб кетгач, болани Муборак хола ўз бағрига олган.
Зулхумор омадсиз йигит Исмоилнинг кенг пешонасига беярашиқ тушиб турадиган кокилию қуюқ қора қошлари остидаги қисиқтоб кўзларига разм соларкан, аксарият ўғил-қизлар ўз мақсад-муддаоларини белгилашда ота-оналари чизган чизиқ билан иш кўришлари, бу эса уларнинг тақдирига кўпинча салбий таъсир этишини уқтирмоққа неча бора шайланар, аммо андишага борарди.
Муаллима ўзига бирваракайига ўгирилган абитуриентларнинг ёнига чўкди. Исмоил унинг бемалолроқ жойлашиши учун нарироқ сурилди.
— Тенгламада арзимас белги нотўғри кетса ҳам  жавоби тўғри чиқавермайди, Илҳом! Бошқатдан уриниб кўр! — Зулхумор Муборак холанинг неварасига хатосини кўрсатди-да, Исмоилнинг дафтарини қўлига олди.
— Дуруст, дуруст, — Зулхумор тенглама ва тенгсизликларни ечишда мўлжални тўғри оладиган бу болага омад нега кулиб боқмаслигини сира тушуна олмайди. Мана, жавобни ҳам тўғри чиқарган, мусбат-манфий белгилар, каср, бўлув, кўпайтирув бари жойида. Баъзида чарчоқ устун келиб, чалкашиб кетмаса, бола аслида, зуккогина. Зулхумор ўйлаб ўйининг тагига етолмайди. Нега бу бола ўқишга киролмайди ёки тестда ўзига нотаниш саволлар тушармикан? Зўрдан зўр келадиган болалар бор дейишади. Ким билсин, балки ноҳақлик қилинаётгандир. Ундай деса, ўзи “пишитиб” чиқараётган болаларнинг аксарияти бировнинг аралашувисиз, ўлиб-тирилиб, жонини жабборга бериб талаба бўлаётганликларига ўзи гувоҳ-ку. Ишқилиб, нима гаплиги ёлғиз Худога аён. Бу йилги ҳаракатлари ҳам зое кетса, йиғиштириб қўя қолади. Зулхумор Исмоилнинг ишкалини топиш учун ўтган йили у ҳужжатини ҳар гал топширадиган институтга бормоқчи ҳам бўлувди, ахир алам қилади-да, еган-ичгани ҳам татимай ўргатсаю, кутилган натижа ч
иқмаса. Эрининг тепа сочи тикка бўлиб кетувди ўшанда.
— Аҳмоқ хотин, сенга зарил кептими, отаси борсин, онаси борсин. Нима сенга бу боланинг ўтқазиб қўйган жойи борми? Ўқишга киролмаса, сен айбдорми? Менга ўхшаб олти ойлик курсда ўқисаям бўлаверади, мана шопирликни орқасидан рўзғор тебратиб юрибмиз-ку бизам. Бераётгани арзимас пул бўлса тағин!
— Сизнинг билганингиз пул. Мен аслида… пул учун дарс ўтаётганим йўқ,—Зулхумор бу гапи билан эрининг баттар қитиқ патига тегиб қўйганини билмай қолди.
— Ҳмм, сиз пулга муҳтож бўлмаган бой хотинсиз-да, а!— Ҳамроқул заҳарханда қилди. У ораси очиқ-очиқ, сарғимтир тишларини атайлаб кўрсатса, Зулхумор биладики, эри билан бир битимга келишиш амри маҳол. — Сенинг ўрнингда бошқаси бўлса, фалон соатга фалон сўмдан нарх белгилайди, ўзи менам аҳмоқ, сенинг шу бир тийинга қиммат ишингга рухсат берган!
Зулхумор индамади, эрини сукут сақлаб, оғир-босиқ бўлиб енггани маъқул. У билан тортишишнинг нафи йўқ, ўламан саттор, менинг гапим юз фоиз тўғри, деб тураверади. Унинг феъли-хўйига кўникиб яшашдан ўзга чораси йўқ. Ўқиган, дипломли бир одам бўлса, эҳтимол, бошқачароқ фикрлармиди? Алҳол, эри нима деса десин, аммо Исмоил ўз мақсадига бу йил эришиши керак, юзи унинг олдида ёруғ бўлмаса, номусларга қолади-ку? Бу йил Худо хоҳласа, йигитгина талаба бўлиб қолар, кўнгли сезаяпти, ахир олимлар ички сезги ҳам тўғри чиқишини аниқлаганлар-ку!
Зулхумор болаларга ижозат беришдан аввал қўшимча адабиётлардан уйга вазифани кўрсатди. Уч бола уч дунё, қайси бири нимага эришади, қоронғи. Мана бу иккиси-ку биринчи йили уриняпти, ўтса ўтар, ўтолмаса келаси йили ҳам кечи йўқ. Зулхуморнинг кўнглини хижил қилиб тургани мана бу бахти чопмаётган йигит Исмоил. Отаси тўпори бир одам аммо, боласининг маълумот олишига қайғуради, буни Зулхумор муаллималиги учун  қўллаб-қувватлар, абитуриент ниятига эришолмаётгани учун маълум маънода ўзини ҳам айбли сезар, тақдир ҳукми қаршисида начора, пойи-пайвасталик иш бермас экан.  

***

Бири у, бири бу шаҳарга ҳужжатини қўлтиқлаб кетган йигит-қизлар қишлоққа қайтиб кела бошлаган кунларда Зулхумор Исмоилнинг йўлига кўз тикиб ўтирарди. Тўғридан-тўғри уйига ўтиб кетганмикан, ахир бугун имтиҳонлар тугаганининг тўртинчи куни. Ҳадемай, натижалар эълон қилинади, юрагини ҳовучлаб юрган абитуриентларнинг сараги саракка, пучаги пучакка ажралиб бир ёқли бўлишади. Боласи тушмагур йўл-йўлакай уникига тушиб ўтмоқчи, синов тафсилотларини ҳар галгидек оқизмай-томизмай сўзлаб бермоқчи эди, нима бўлдийкан? Ҳар қалай унинг ўзидан имтиҳонда кўрган-кечирганларини эшитса, тахминлаб тўн бичиши осонроқ кечармиди?
Зулхумор ҳарчанд ич-этини еб юрганини эрига сездирмаслик пайидан бўлмасин, уддасидан чиқолмасди. Юк машинасини ҳар кеч уйларининг ёнбошига олиб келиб қўядиган эри ўсмоқчилаб Зулхуморнинг ғашига тегарди:
— Ҳмм, тайёрлаган абитуриентларингни нечтаси ўқишга кираркан? Ҳеч қайсисидан ёруғлик чиқмайди, биламан. Ҳар йилги ноғорангни чалиб ўтиравер!
Зулхумор ҳар галгидек эрининг нимага шама қилаётганию, бунинг тагида тама деб аталмиш иллат ошкора сезилиб турганига қарши бир нарса деёлмади. Эри уни қора тортиб келаётган ёш-ялангларни шилиб олишга ундагани ундаган, Зулхумор эса уларнинг оилавий шарт-шароити кўтарганича, дея қўлини силтайди. Эри талаб қилганидек, фалон сўмдан берасан, деб кўрсин-чи, эшикларидан биров хатлаб келармикан? Тома-тома кўл, йиғила-йиғила хирмон бўлади, эри беш қўлни баравар оғзига тиқишни ўйласа ўйлайверсин, Зулхумор кескин қилиб, нарх белгилай олмайди.

***

Аёл қудуқдан сув тўла челакни тортиб ерга қўйган эдики, уларнинг ҳовлисига бошлаб келадиган энсиз йўлакда икки ҳафтадан бери уни ҳузур-ҳаловатдан айирган Исмоилни кўриб қолди. Ўпирай, ўтган куни телевизорда тест натижалари эълон қилиниши айтилган эди. Дарровгина пойтахтга бориб кела қолдимикан? Қандай мужда бор экан унда? Зулхумор сабри чидамай иккала қўлини икки чаккасига тираб, Исмоилга қараб югурди:
— Бўри бўлдингми, қуён?
— Бўри, Зулхумор опа, бўри! Суюнчи беринг, сизнинг хизматларингиз ўзини оқлади. Қувончимга шерик истаб сизникига келдим.
— Ростданми, Исмоил, кўзларимга ишонмайман. Ўзинг бориб билдингми?
—Йўқ, ўзим бормадим, ўша ёқда ишлайдиган тоғамнинг ўғлидан телефон орқали илтимос қилдик.
— Неча балл тўплабсан, ахир. Код номерингда адашмаганмикан, ишқилиб.
— Бир юз етмиш етти.
— Аниқми?
— Ҳа, аниқ. Аммо муаллим, пуллик ўқиш, шунисигаям минг карра розиман. Отам шундай бўлсаям ўқийсан деяпти.
— Ҳмм, шунақами?— Зулхуморнинг тарвузи қўлтиғидан тушди.
— Ҳа, йигит, ўқишга кирдим дейсанми, энди би-и-р эриркансан-да, — ҳовлидаги бақир-чақирдан сергакланган ич кийимдаги Ҳамроқул дераза оша энгашиб, аввал Исмоилга, сўнг Зулхуморга юзланди.
“Оббо, аллақачон уйғонган экан-да”, хаёлидан ўтди Зулхуморнинг.
Агар Исмоил ўқишга кирса, отасининг битта қўйини судраб келади, бу иш амалга ошмаса, тоғамнинг олдига ўзим борганим бўлсин, деб неча кундан бери қулоқ-миясини ейди.
— Ҳа, Ҳамроқул тоға, табриклашингиз мумкин, янгамга раҳмат айтгани келдим.
— Қуруқ раҳматингни бошига урадими? Отангни қўра-қўра қўйи бор, биттасини бўғизлаб ола келсанг ҳақинг кетармиди, жиян?
— Йўғ-э…
— Йўқ бўлса, нега сўппайии-иб қуруқ келдинг? Абитуриент зотининг бари бир сўрт. Сиқиб-сиқиб репетиторнинг сувини ичади-да, уни сувсиз қолдиради. Ў… гапим ёлғонми? Бераётганларинг арзимас пул, бўзчининг мокисидай неччи йилдан бери қатнаган бўлсанг…
Исмоил бетинг-кўзинг демасдан вайсаётган Ҳамроқулга жўяли гап айтолмай ҳимоя истагандек Зулхуморга бир қараб қўйди. Зулхумор гапга аралашиш бефойдалигини билса-да, бола боёқишнинг мулзам тортганига чидаб туролмади.
— Ҳой, дадаси, унақа деманг, битта қўйни еганда шохимиз чиқадими? Кирганига хурсанд бўлайлик…
— Менга бу бола ўқишга кирадими, йўқми, бир тийинлик қизиғи йўқ! Отасиям сиқсанг томмайдиган зиқна одам, боласи қаёққа борарди? Аслида ҳамма айб ўзингда, мусичайи беозор бўлиб ўтираверасан!
— Менга ҳеч кимнинг ҳеч нарсаси керак эмас…
— Аҳмоқсан-да!
— …
—Тунов куни Қодирқул жўрам айтиб қолди, хотини инглиз тилидан репетиторлик қиляпти экан, соатига минг сўм белгилабди, нормалний. Ўнта бола билан бир соат шуғулланса, ўн минг сўм, нима, рўзғорингга ортиқчалик қиладими?
— Шуни ота-оналари рози бўлиб берармиди! — деди Зулхумор эшитилар-эшитилмас оҳангда.
— Ўз қадрини билмаган муаллима! Сенга гап уқтираман деб сочларимга оқ тушди! Э, сени хотин қилиб юрган… одамам тентак.
Зулхуморнинг пичоқ бориб суягига қадалса-да, нафасини ичига ютди. Эри билан айтишиб нимага эришарди? Ўзига тамоман тескари феъл-атвордаги одам билан афсуски, тақдири қўшилган, муросайи мадора қилишдан ўзга чораси йўқ, у деса бу, бу деса у. Эр-хотиннинг можаросига сабабчи бўлаётганидан хижолатланган талаба бўлмиш дераза тагида пайдо бўлди.
— Бўпти, тоға, янгайни хапа қиманг. Сизларга битта эмас, ўнта қўй едирсам ҳам оз!
—Э, жиян, оғизда эмас, амалда бўлсин, амалда!—Ҳамроқул шаштидан тушгиси келмай деразани жаҳд билан ёпди, бу билан гўёки Исмоилнинг юзига шапалоқ туширгандек бўлди. Ноқулай вазиятда қолган йигит мулзам ҳолда, ўчоқ супасида бошини  қўллари орасига олганча чангаллаб ўтирган Зулхумор томон одимлади. Зулхуморга нимадир деб, таскин-тасалли бермоққа оғиз жуфтладию, аммо ботинолмади.
Аёл ёшланган кўзларини рўмоли учига артиб, ўрнидан турди…