Тонгги ҳаводан кўксини тўлдириб нафас олган Сарвар қишлоғининг қир-адирларини эсларкан, юраги соғинчдан ҳаприқиб кетди. Унинг одати шунақа, кўклам кириб, оғочларда куртаклар лаб ёра бошладими шаҳарга сиғмай қолади. Қирларни, тошдан-тошга урилиб оқаётган сойларни қўмсайди.
«Қирлар бойчечакка тўлиб кетгандир», деб ўйлади йигит энтикиб.
Болалигида энасининг қўлида ўсгани учунми, Сарвар тенгдошларидан ажралиб турарди: тавба, чолни бир муштлаб ёш болага айлантириб қўйгандек-а, дейишарди унинг ажабтовур гапларини эшитганлар ҳайратга тушиб.
Энасининг эртакларини тинглаб улғайган Сарварга, айниқса, бойчечаклар ҳақидаги ривоят ёқарди.
— Бойчечак — полвон гул, — дерди Баҳринисо ая неварасининг сочини силаб.
— Қизиқсиз-а, эна, жимитдек чечак полвон бўларканми? — эътироз билдирарди митти Сарвар жилмайиб.
— Полвон, болам, полвон. Агар полвон бўлмаса, изиллаган изғирин кетмай туриб елкаси билан тошни туртиб чиқармиди?! — ўз гапини исботлашга уринарди энаси.
Сарвар бойчечакнинг полвонлигини ўз кўзи билан кўриш учун қирга чиқиб, тошлар орасидан бош кўтариб турган чечакнинг илдизини топишга уринарди. Чиндан ҳам айрим жойларда бойчечак катта-катта харсанглар остидан мўралаганига гувоҳ бўлар, бола қалби билан жажжигина гулнинг кучига тан берарди. Ана ўша пайтлардаёқ бойчечакка унинг ишқи тушган.
Орадан йиллар ўтиб, Сарвар севимли чечагининг яна бир улуғ жиҳатини кашф этди: дунёдаги жамики гулларни бозорга олиб чиқиб пуллаш мумкиндир, лекин бойчечакни узоқ қирлардан териб келиб, гул бозорига солишолмайди.
Баҳор келиши билан шаҳарликларнинг қирларга ошиқиб бойчечакни кўзларига суртишлари балки шундандир…
* * *
Ҳафтани аранг охирлатган Сарвар жума куни азондаёқ йўлга ошиқди.
— Озгина кутсанг, ҳадемай таътил бошланади, — деб уни шаштидан қайтармоқчи бўлди ҳамхонаси Рафиқ.
— Йўқ, бўлмайди, унгача юрагим тарс ёрилиб кетади, — деди Сарвар апил-тапил кийинаркан…
Шаҳардан чиқиши билан кўксига мусаффо кўклам эпкини урилди. Вужуди бир жимирлаб олиб, руҳи кўтарилиб кетди.
— Барибир, баҳор яхши-да, а, амаки? — ҳайдовчига гап қотди у.
— Албатта-да, қишнинг яхмалагида бу йўллардан юришнинг ўзи бўлмайди, укам.
— Ўғлим, қаерда ўқийсиз? — ёнидаги кексароқ ҳамроҳи унинг хаёлини бўлди.
— Тиббиёт академиясида ўқийман, амаки.
— Ўҳ-ҳў, дўхтир бўларкансиз-да, а?
“Шундоқ” дегандай бош ирғаб қўйди Сарвар.
— Омадингизни берсин, болам. Бу… атрофга бошқача иштиёқ билан қараётганингизни кўриб, шоирмисиз, деб ўйлабман, — беозор ҳазил қилди қария.
— Умуман тўғри топдингиз, — ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарди Сарвар, — баҳор яқинлашганда ҳамма шоир бўп кетади.
— Тўғри, тўғри, гап йўқ!..
Суҳбат — йўлнинг танобини тортади, деганлари рост экан. Сарвар ҳамроҳлари билан гурунглашиб, қишлоғига етиб келганини сезмай қолди…
Уйдагилар билан кечқурун не маҳалгача гурунглашиб ўтирган бўлса-да, тонг саҳарда уйғонди. Муздай сувда шоша-пиша ювинди-да, эшикка йўналди.
— Ҳой, Сарвар, қаёққа? — деди онаси ажабланиб
— Шундоқ қирга чиқаcоб келаман, ая.
— Кап-катта йигит бўлсангам, ақлинг кирмади, кирмади-да, — деди онаси эркалаш оҳангида. — Ўша адирларда нима бор экан каллайи саҳарлаб.
Сарвар кулимсираб қўйди-да, дарвозадан чиқиб кетди. Қирга етгунча офтоб ёйилиб қолди.
Янглишмабди. Адирни ғиж-ғиж бойчечак тутиб кетибди. Бир қулоқлилариям бор, икки қулоқ бўлиб ғунча қучоқлаганиям… Оппоқ бошини селкиллатиб, юлдуздек очилиб ётганлари қанча!..
Сарвар тошлоққа ёнбошлади ва каттагина тош тагидан мўралаб, ғунчалаб турган бойчечакка кўзи тушди. Энасининг гапларини эслаб ёнбошлаган кўйи тошни жойидан қўзғатмоқчи бўлди. Кучи етмади. Ўрнидан туриб, икки қўллаб кўтариб олди. Залворлигина экан. Зилдай тош остидан йўл топиб, ўрмалаб ёруғликка чиққунича икки қаричча йўл босибди. «Полвон гулим, шу миттигина поянг билан тошни туртиб чиқдингми, мен бўлсам, уни аранг қўзғатдим-а», дея кулимсираганча бойчечакнинг нафис япроқчаларини силади Сарвар.
Айни чоғда юраги эзгин бир хотира соғинчидан энтикди. Бир пайтлар у бу қирларга Дурдона билан бирга чиқар, ўша кезларда Сарвар Дурдонани манави жажжигина гулга — полвон бойчечакка қиёсларди.
— Бу қир гули, — дерди Сарвар. — Гулларнинг энг гўзали, энг полвони. Сен эса қизларнинг чиройлисисан.
— Алдама, мендан чиройли қизлар кўп-ку, — жилмаярди Дурдона.
Сарвар ўзи билмаган ҳолда мурғак қалби билан қизга дил изҳорини айтарди:
— Сен, барибир, ҳаммадан чиройлисан, Дурдон… Сен қир гулига ўхшайсан…
Улар иккиси мусаффо осмон остида, мана шу қирлар бағрида қувлашмачоқ ўйнашарди.
«Энди Дурдона йўқ, — деб ўйлади Сарвар алам билан хўрсиниб. — Энди у қир гули эмас…»
* * *
…Ўшанда кеч куз эди. Сарвар ўқишдан қайтгач, кутубхонада китоб ўқиб ўтирганди… Дурдона қўнғироқ қилди.
— Сарвар ака, мен Тошкентдаман.
— Ие, қачон келдинг? — ҳайрон бўлиб сўради Сарвар.
— Икки ойдан ошиб қолди. Сартарош бўлиб ишлаяпман. Эртага дам олиш куним, хўп десангиз, кўришардик.
— Албатта, кўришамиз, сенга шаҳарни томоша қилдираман.
Йигит туни билан ухламай, Дурдона ҳақида ўй суриб ётди. Эрталаб ширин бир энтикиш ила йўлга отланди. Бироқ қизни кўрдию қотиб қолди. Унинг тенгсиз чечаги, унинг қир гулиси — Дурдона сочини елкасидан кестириб, малла рангга бўяган, эгнига ёқаси очиқ тор кофта, тор шим кийиб олганди…
— Ў… ўзингмисан?.. — деди Сарвар қизга бироз анграйиб қараб тургач.
— Ҳа, ўзимман! — хандон отиб кулди Дурдона. — Ора-cира бир марта қишлоққа зўрға борасиз. Ундаям кўришсак-ку, хўп, бўлмаса, тағин Тошкентга йўрғалаб қоласиз. Шунга… мана, ўзим келдим. Тағин сизни шаҳарлик қизлар илиб кетмасин, дедим-да…
Қиз Сарвардан олдинга ўтиб, таманно билан битта-битта босиб кета бошлади.
Сарварнинг юраги бир зумда ҳувиллаб қолди, бағрини бир алам эгаллаб олди. У туни билан шу учрашувни орзиқиб кутганди. Аммо рўпарасидаги қиз унинг Дурдонаси эмасди. Кулчадек юзлари офтобда қизарган, зулукдек қошлари пайваста, қалин қўнғироқ сочлари белини ўпган, юзида ним табассум билан бироз тортиниб турадиган Дурдонаси энди йўқ эди.
— Намунча қовоғингиз осилиб кетди? Нима, чиройли бўп кетганим сизга ёқмаяптими? — деди қиз унга ишвали кўз ташлаб.
— Сен аввал чиройлироқ эдинг, Дурдон. — Мен сени қир гули деб атардим. Биласанми, нимага шунақа дердим?
— Ҳа, энди гап йўғида гапиргансиз-да, — узун-узун тирноқларига термилиб кулимсиради қиз.
— Унда сен бошқача эдинг. Қир гули дегани бу жажжигина, оддий чечак эмас, у бебаҳо гул. Агар шунақа бўлмаганда, қир гулини зиёрат қилгани шаҳарликлар қишлоққа боришармиди?! Шаҳарда гулнинг уруғига ўт тушмаган-ку, тўғрими?.. Истаган гулингни тополасан. Фақат… бойчечакни эмас, қир гулинимас, Дурдона!
— Бу гапларнинг кимга кераги бор? — деди қиз бошини илкис кўтариб. Унинг қароқларидан адоқсиз бир алам мўралагандек бўлди. — Ҳаммангиз қишлоқни кўкларга кўтариб мақтайсиз-у шаҳарга интиласиз. Қишлоқ қизларини беғуборсан, деб оғиз кўпиртириб, шаҳарликларга кўнгил қўясизлар. Нима, мен энди қир гули эканман, деб қишлоқдан чиқмай ўтиришим керакмиди?! Ўша қишлоқда қир-адирдан бошқа нима бор ўзи, Сарвар ака?! Мана, сиз ҳам ҳадемай ўқишни тамомласангиз, шаҳардаги бирорта тиббиёт марказигами, клиникагами ишга жойлашасиз. Ўшанда қир гулингиз ёнингизда бўладими?!
Сарвар ўзи сезмаган ҳолда қизга ўшқириб юборди:
— Дурдона, бас қил!
Қизнинг упа суртилган юзи янаям оқариб кетди. Буни кўрган йигитнинг юраги қалқиб тушди.
— Мени кечир, Дурдона. Майли, қандай яшаш сенинг ихтиёринг… бунга аралашишга ҳаққим йўқ. Балки кимдир сенга шундай кўринишинг чиройлироқ, деб айтгандир… Лекин мен, барибир, ўзимнинг қир гулимни севаман. Уни соғинаман. Билиб қўй, қир гули ҳеч қачон шаҳарнинг атиргулига айланолмайди. Қир гулини бўяб, бежаб бўлмайди. У тошларни елкалаб, қуёшга мўралаб турган ҳолида гўзал. Сен эса яхши қол. Омадингни берсин, — бўғзига алами тиқилган Сарвар битта-битта босиб қиздан узоқлашди.
* * *
“Эсизгина Дурдона, қандай ажойиб қиз эди-я… — деб ўйлади йигит оғир хўрсиниб. — Унга уйланмоқчийдим. Институтни тамомласам, шаҳарда қолмоқчи эмасдим. Мана, қишлоқда тиббиёт маркази қурилди. Шу ерга ишга келаман. Дурдона ёнимда бўлганда… Афсус, у ҳою ҳавасга берилиб кетди… У шаҳар гулига айланишни истади…”
Юраги изтиробдан симиллаб оғриётган Сарвар уни қирларга боғлаб турган ришта биргина Бойчечак эмаслигини, болаликдаги хотиралари ва шу хотиралар ичида шамчироқдек ёниб турган муҳаббати — Дурдонага бўлган севгиси эканини англаб етганди. Дурдонасиз қирлар ҳам ҳувиллаб қолгандек туюлаётганди унга.
Ўзим ҳам аҳмоқман, унга ортиқча пардоз-андозсиз ҳам ўзи чиройли эканини айтишим керак эди. Уни шундай ҳолида севишимни билганида, шаҳарнинг ҳою ҳавасларига кўнгил қўймаган бўлармиди?.. Бу сафар шаҳарга борсам, Дурдонани топаман, ўзим билан қишлоққа бошлаб келаман. Биз мана шу ерда одамларга керакмиз, дейман унга.
Йигит дадилланиб ўрнидан турди ва ўзгача иштиёқ билан изига қайтди. Қияликдан эниб бораркан, пастдан юқорига қараб югуриб келаётган дуррали қизга кўзи тушди. «Кимдир бойчечак тергани чиққандир-да», деган ўй ўтди кўнглидан. Қизга эътибор бермай, йўлида давом этди. Шу маҳал узоқдан:
— Сарвар ака-а-а-а!!! — деган товуш қулоғига чалинди.
Овоз Дурдонаникига жудаям ўхшарди. Сарварнинг юраги ҳаприқиб, қизга синчков тикилди-ю, негадир оёқ-қўли бўшашди. Вужудини ширин ҳаяжон қамради. У… Дурдона эди.
Сарвар кўзларига ишонмасди. Қиз унинг ёнига етиб келганда билинар-билинмас ҳансирарди.
— Дурдона?.. — деди у қизга ҳайрат билан тикилиб.
— Сарвар ака, қачон келдингиз? Бир ҳафтадан бери йўлингизни пойлайман, — деди қиз ҳарсиллаб нафас оларкан.
— Шаҳарда эмасмидинг?
— Йўқ, сиз билан кўришганимиздан кейин, ҳамширалик курсида уч ой ўқиб, қайтиб келганман.
— Нега менга айтмадинг?
— Баҳорни кутдим…
— Буни қара-я, юзингдаги упа-элигинг қани? Тирноқларинг ҳам…
— Ахир мен қир гулиман-ку, Сарвар ака! — қаҳ-қаҳлаб кулди қиз. — Менга ортиқча пардознинг кераги йўқ.
Сарварнинг юраги тўлқинланиб, кўнгли ёришиб кетди. Борлиқ олам янада кенгайгандек, қирлар гўзаллашгандек туюлди унга.
— Қаранг-а, Сарвар ака, бутун адирни бойчечак тутиб кетибди-я!
— Ҳа-а, мумкин, улар сенсиз мени сира юпатишолмади, — деди Сарвар узоқларга кўз тикканча. — Менинг ҳақиқий бойчечагим — Қиргулим сенсан, Дурдона! Фақат сенсан!
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 13-сон