Ҳабиб Сиддиқ. Мустақил фикр (ҳажвия)

Корхонамизда миш-миш тарқалди: юқоридан нуфузли комиссия келаётган эмиш. Ходимларнинг мустақил фикрларини ўрганармиш! Дастлаб ўз фикрларимизни ёзма равишда тақдим қилар эканмиз. Кейин ўша фикримизни ҳар биримиз минбарга чиқиб ҳимоя қиларканмиз.

Бу гапни эшитиб, бошим осмонга етди. Бизнинг фикримиз билан ҳам қизиқадиганлар бор экан-ку! Ўша куниёқ кабинетнинг эшигини ичкаридан бекитиб олиб мустақил фикримни қоғозга туширдим. Ўқиб кўриб ўзим ҳам яйраб кетдим: унча-мунча комиссиянинг оғзи очилиб қолади-ёв. Корхонамиздаги аҳволни таҳлил қилиб, астар-аврасини ағдариб ташладим. Ҳаммаси зўр! Бироқ бунақа гапларни томдан тараша тушгандек, қўққисдан айтиб балога қолсам-чи?.. Шунақа мулоҳазалар билан иш кунининг охирида бўлим бошлиғимизнинг хонасига аста мўраладим. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, мустақил фикрларим жойланган папкани қўлтиққа маҳкам қисганча кириб бордим. У ҳам мустақил фикрларини ёзаётганмиди, билмадим, столи устидаги қоғозларни шошибгина йиғиштириб тортмага ташлади.

– Фикрларингиз чакки эмас, – деди у ёзган фикрларим билан танишиб чиққач ўйга толиб. – Сал “рандалаш” керакмикан. Ахир, ўзбекона риоя, андиша деган гаплар бор, ука!

Унинг айтганини қилиб мустақил фикримни анча силлиқладим. Чунки ёши улуғ, тажрибали одам, бир нимани билмаса гапирмайди-да.

Кечқурун уйда мустақил фикрим ҳақида мақтаниб қўйиб балога қолдим.

– Эсингиз жойидами? – деди хотиним ҳаяжонланиб. – Сизга ким қўйипти, бунақа катта кетишни. Нима бўлганда ҳам корхонада ғимирлаб юриб, бола-чақа боқяпсиз. Сиз тинчгина, индамай юраверинг. Нима қиласиз бошингизни арининг уясига тиқиб?..

– Иложи йўқ, аяси. Мустақил фикр айтиш керак, мажбурий. Кетидан аттестация бўлади, ўша фикрларингиз баҳоланади, дейишяпти.

–Ана кўрдингизми, унда тем более эҳтиёт бўлиш керак. Ўйнашмагин арбоб билан дейдилар-ку!..

Ана шундан кейин “маликаи дилозор” мустақил фикрларим қанақа бўлиши кераклиги ҳақида ўз таклифларини тўкиб солди. Унинг пурмаъно кўрсатмаларига амал қилиб, ёзганларимни жиддий таҳрир қилиб чиқдим.

Эртасига ишхонага саҳарлаб етиб келдим. Касаба уюшма қўмитаси раисининг хонасидан қандайдир овоз эшитиларди. Астагина кирсам, у киши одатига хилоф равишда дўпписини ечиб бўйинбоғ тақиб, қўлида бир варақ қоғоз билан тош­ойнага қараб турибди. Мени кўриб, шошиб қоғозни тахлаб чўнтагига солиб қўйди, ўнғайсизланиб тепакал бошига уринибгина қолган дўпписини қўндирди. Чамаси, мустақил фикрини айтишни кўзгуга қараб машқ қилган, шекилли. Бечоранинг аҳволини кўриб шунақа комиссияни ўйлаб топганларни ҳам бўралаб сўкиб юборай дедим. Мустақил фикр деган нарсани тушида ҳам кўрмаган айрим бечоралар ўзларини қийнаб, чираниб юрак ҳуружига ёки руҳий хасталикка чалинмаса, деб қўрқдим-да. Ахир, баъзи масъуллар учун мустақил фикр билан ишлаш лангарсиз дор устида юришдан ҳам ваҳимали-ку!..

Коридорда режалаштириш бўлими бошлиғи мени бир четга тортди.

– Бошбух иккимизнинг мустақил фикримизни ёзиб беринг. Бизда унақа гап­ларга вақт қаёқда дейсиз.

– Майлику-я, лекин сизнинг фикрингизни мен қаёқдан биламан?

– Э-э, қизиқмисиз, ака … Ҳалиги ашула бор-ку: “Сизнинг айвон бизнинг айвон эмасму?” деган. Хўп, денг, чорак якунида мукофоти нақд.

“Саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим”, дегандай мукофот ҳақида гапи бўлмаса бу нусхага борадиган томонини кўрсатиб қўярдим-а. Бироқ “эрийман” деб турган одамни ранжитиб қўйсак, ҳамёнга зиён!

Аввал ўзимникини бирёқлик қилиб олай-чи. Шу ниятда ўз фикримни бошлиқ муовинига кўрсатиб олмоқни ўйладим. Ҳойнаҳой, хурсанд бўлиб кетса керак, деб ўйловдим.

– Ўзингиз ёздингизми?.. Мус­тақил фикр­ни-я? – деди у таажжубланиб. –Бизнинг корхонадаги одамларга бунақа нотаниш атамаларни тушунтириш учун “Ижтимоий фикр маркази”дан вакил чақиртириб, маслаҳат соати ташкил қилишга тўғри келармикин, деб ўйловдим. Ана шундан кейин муовин қўлёзмамни ўқир экан, “ие, ие” деб қуйди-ю, дами ичига тушиб кетди.

– Ҳа, майли, – деб қўйди у охири чайналибгина. – Лекин яна бир карра кўринг, ука. Тўғри гапириб туққанингга ёқмайсан, деганлар-ку!

Дарвоқе, бу гапда жон борга ўхшайди. Энди, мустақил фикр айтиш керак экан деб ҳамма нарсани остин-устин қилиб ташлаш шартми?.. Фикримни қайта элакдан ўтказиб бир бошдан қайта ёзиб чиқдим. Айрим раҳбарларнинг қўполлиги ва манманлиги ҳақидаги гапларни талабчанлик ва жиддийлик деб ўзгартирдим. Корхонамизда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик урчиб кетгани ҳақидаги фактларни ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик деб изоҳладим. Ҳисобчининг девонхонадаги эри йўқ хотин билан дон олишиб юриши тўғрисидаги фикримни бева-бечораларга мурувват кўрсатишга тенглаштириб қўяқолдим. Хўжалик мудирининг давлат мулкини талон-тарож қилиши ҳақида ёзганларим унинг оилапарварлиги, рўзғорини бутлаш учун елиб-югуриши таърифига алмашди. Бунга қаршилик кўрсатмоқчи бўлган қоровул-поровулларни боплаб танқид қилиб ташладим.

Шунга ўхшаш тузатишлардан кейин ёзганларим рисоладагидай чиқди, шекилли. Лекин, барибир таомилга кўра бирров биринчи муовиннинг олдидан ўтиб қўйганим маъқулдир. Кенгашли тўй тарқамас, дейдилар-ку.

У киши қўлёзмамни олиб одатдагидек эринмасдан кўзойнагини тақиб, қизил ручкасини олиб, ўқувчининг ёзма ишини текшираётган муаллимдек тузатиб чиқди. Мустақил фикрларим пати юлинган товуқдек бўлиб қолди. Аввалига сал ранжидим. Кейин ўйлаб, ўзимни босдим. Чунки бу одам мана шу курсида бежиз ўтиргани йўқ! Оқу қоранинг фарқига боради, корхонанинг пасту баландини билади. Қўлимни кўксимга қўйиб миннатдорлик билдирдим.

– Буларни сал эпақага келтиргач, – деди биринчи муовин хонадан чиқишга чоғланганимда, – бирров ўзларининг олдидан ўтиб қўйинг. Ҳар қалай, ёшсиз, ўсадиган кадрсиз.

Кутилмаган бу гапдан кўнглим тоғдек кўтарилди. Котибага эртага шоколад олиб беришни ваъда қилиб, мустақил фикримни компьютердан чиқартириб олдим.

– Шоколадни иккита олиб келаверинг, – деди котиба сузилиброқ. – Шеф кўргандан кейин бунингизни яна қайтадан тузатамиз. Ҳамманинг мустақил фикрини шундай қилаяпмиз.

Қабулхонада анчагина одам тўпланиб қолганини шунда тушуниб етдим. Ҳойнаҳой, мустақил фикрларини тасдиқлатиб олиш учун навбат кутишаётгандир-да. Ҳузурларидан чиққач, ходимлар бўлимига ҳам бош суқиб ўтиш керакмикин? Ҳарқалай, мустақил фикримизга муҳр бостириб олсак ишончлироқ бўладими, дейман-да.

Ана шунақа гаплар, ошна. Ҳализамон ўша нуфузли комиссия аъзолари келиб қолишса, ҳаммамизнинг мустақил фикр билан ишлаётганимизни кўриб, оғизлари ланг очилиб қолса ажаб эмас.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 12-сон