Ҳабиб Сиддиқ. Ҳаётий ҳангомалар

КАЛИШ БОЗОРИДА

Байрам арафасида калиш бозорини  оралаб ўтишга тўғри келиб қолди.
— Қаннақасидан излаяпсиз?
— Нечанчиси керак?
— Манавини кўринг-чи…
— Россияникидан олинг.
Одам кўплигидан туртиниб-суртиниб зўрға боряпмиз. Сотувчилар калишларини тиқиштиришади:
Мана буни кўринг-чи…
— Арзонроғидан керакми?
— Нечанчисини излаяпсиз ўзи?
Саволни жавобсиз қолдиргим келмади.
— Бозорда нечанчи калиш йўқ экан, деб қараяпмиз.

ҲАММАБОП КАЛИТ

Ҳамкасбларимиздан бирининг юбилейи нишонланаётган эди. “Олтмишвой”ни табриклаб ҳамма яхши сўзлар айтади, унга биров чопон, дўппи кийдиради, бошқаси гилам, гулдон тортиқ қилади.
— Юбилярга нима совға олиш тўғрисида кўп ўйландик, — деди сўзга чиққанлардан бири. — Узоқ маслаҳатлашиб ҳамма эшикларга тушадиган калит тортиқ қилишни маъқул топдик.
Даврадагилар ҳушёр тортиб қулоқларини динг қилдилар.
— Бу калит ҳаммага керак бўлади … ҳамма вақт керак бўлади. Бунақа калитга эга бўлишга ҳаммамиз ҳар вақт интилиб келганмиз. Бу калит ўзида бўлишини хоҳламайдиган одам ҳали дунёга келгани йўқ. Бу калит қандай қулф билан беркитилганидан қатъий назар кўплаб эшиклар, дарвозалар ва темир сандиқларни очишга қодир. Манна ўша калит!
Нотиқнинг қўлида пул солинган конверт турар эди.

СЎРАГАНИНГИЗ НИМА ЭДИ?

Асаб касалликлари шифокори ҳузурига хотинини олиб келган киши ҳасратини  тўкиб солиб ёрдам сўради. Шифокор бемор аёлни кўздан кечирар экан, савол берди:
— Ўзи паррандачилик маҳсулоти, ранги оқ. Нима?
— Тош, — деди бемор.
— Мана шунақа аҳвол, — деди эр хўрсиниб.
— Ўзи товуғингиз туқ¬қан нарса, усти қаттиқ, ичи суюқ, — деди шифокор, бу гал тушунтириброқ — ранги оппоқ. Бу ни¬ма ўзи-а?
— Оппоқ тош.
— Э-э, — деди эр хуноби ошиб.
— Бўлди, — деди доктор, — бе¬мор¬ни олиб чиқа¬веринг, даволаниш учун йўлланма ёзиб бераман.
Хотинини ташқарига олиб чиқиб қўй¬ган эр хона¬га қайтиб кириб йўл¬ланмани олгач шифокорга раҳ¬мат айтиб, деди:
— Яна бир нар¬са¬ни сўрасам майлими, дўхтир?
— Бемалол.
— Агар мумкин бўлса менга айтиб беринг, дўхтир. Ҳалиги сўраганингиз нима эди?

ЮЗГА КИРИНГ

Дунёни сув босса парвойига келтирмайдиган, юмшоқроқ қилиб айтганда дали-ғулигина бир одам олтмишга кирибди. Юбилей дастурхони устида дўстлари, ҳамкасблари унга гоҳи бор, гоҳи йўқ фазилатларни ёпиштиришиб ҳамду санолар айтиб, яхши тилаклар билдиришди.
Тилимиз бой, сержило ва ундан фойдаланиб гапнинг пайровини керакли томонга буриб юборадиган сўзамол одамлар ҳам топилиб туради. Бу гал ҳам шундай бўлди.
— Сиз камида юз ёшга киринг, — деб жилмайди ҳамкасблардан бири. — Мен буни шунчаки айтаётганим йўқ. Шундай бўлишига ишонаман. Чунки, шу характерингиз билан сиз юзга кирмасангиз, бошқа биров бу ёшга етмайди.
Даврада қаҳқақа янгради. Чунки гапнинг урғуси жойига тушган эди.