Ҳижрий 333 (мелодий 944) йилнинг куз фасли. Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий арк дарвозасига яқинлашаркан, ҳаяжонини босишга тиришарди. Аслида Бухоройи шариф кўксида улкан қоядек юксалган, пойдеворига илк ғишт қўйилиши билан рубъи маскундаги улуғ шаҳарлардан бирининг тарихи бошланган, асрлар тўфонида неча бор вайрон бўлса-да, кул орасидан чиққан кақнусдек қайта тикланиб, Бухоро боқийлигининг рамзига айланган бу муҳташам иншоотнинг тарихини ундан ҳам чуқурроқ ўрганган бошқа бирон банда бу фоний оламда йўқ.
Арк илк бор бино қилиниши ҳақида фақат ривоятларгина мавжуд. Кимдир арк бунёдкори сифатида қадим Турон хоқони Афросиёб номини тилга олса, бошқалар унинг қурилишини фалакнинг гардиши билан Туронга келиб, Афросиёбга куёв бўлган Эрон шаҳзодаси Сиёвуш номи билан боғлайди. Бундан икки ярим аср аввал бухордот Бидун аркни ҳозирги кўринишига келтирган. У арк ичида қаср бино қилиб, эшигига темир лавҳа қоплатиб, ўз номини ўйиб ёздирган. Темир лавҳа қаср эшигида ҳалиям турибди. Бироқ, исломдан олдин етти ёшли бола ҳам ўқий оладиган бу хатни биладиган одамлар эндиликда Бухорода бармоқ билан санарли.
Муҳаммад арк теварагини кўп бора айланиб чиққан, унга яқин ва олисдан назар солган сарой амалдорлари билан танишлиги туфайли, аркнинг ичкари саҳнидаги катта-кичик барча иморатларни ҳам неча бора кўздан кечирган. Мақсади, Бухоро тарихи деб ном қўйган китобининг аркка бағишланган бобини имкон қадар мукаммал тарзда ёзиш эди. Йигитлик давридан бошлаб маълумот йиғиб, ёши қирқдан ошиб, соч-соқолига оқ оралаганида ёзиб битирган мазкур асарини бир ҳафта илгари шу дарвоза олдида сарой мулозимларига топширди ва уни бундан бир йил муқаддам, қарийб, ўттиз йил ҳукмронлик қилган отаси Наср ибн Аҳмад вафотидан сўнг Бухоро тахтига ўтирган амир Нуҳ ибн Насрга етказишларини сўради. Зеро, китоб унинг номига атаб битилган.
Муҳаммад кейинги бир ҳафтани туғилиб-ўсган қишлоғи Наршахда ўз боғида ўтказади. Зарафшондан чиқарилган ариқ бўйидаги бу боғни отасидан мерос ерда ўзи яратган. Боғдаги ҳар бир дарахт, ҳатто гиёҳгача унга таниш ва азиз. Болалигидан тиниб-тинчимас ва беҳад тиришқоқ Муҳаммад жонажон Бухоро вилоятининг шаҳару кентларидан тортиб, далаю чўлларигача баайни қўли билан бунёд этган боғи каби меҳр қўйган, суюкли диёрининг нафақат бугуни, балки шонли ўтмишини ҳам қалбига жо этмоқни истарди. Уни Пайканд, Варахша ва бошқа қадимий қалъалар харобаларида қўлида ғишт парчаси ёки сопол синиғини ушлаганча ўйга толган ҳолида кўп бора кўришган. Баъзан изланишларга берилиб, вайроналар орасида кечгача қолиб кетар, чиябўрилар улиши ва бойқушлар сайроғидан юраги увишганда, бундан уч йил илгари ёруғ оламни тарк этган бўлса-да, шеърият шоҳсупасидаги олий мақомлардан бири табаррук номи билан муҳрланган устод Абуабдуллоҳ Рудакийнинг ушбу сатрларини такрорлаб, ўзига далда берарди:
Билимдан юракда ёнар ёруғ нур,
У гавдани офатлардан асровчи қалқон.
Олам – денгиз, сузишни истайсанми?
Эзгу ишлардан кема қур шу он!
Бу машғулотларини бошқа мақсадларга йўйиб: “Муҳаммад харобалардан хазина изламоқда”, – деб гап тарқатганлар ҳам бўлди. Тарих уммонига шўнғиган олим бундай кинояларга парво ҳам қилмас, хориб-толиб Наршахга қайтиб келар, боғдаги сўрида қоғоз қоралаб, янги топилган маълумотлар хотирадан йитмасин учун, саҳифаларга битишга шошиларди. Тарихнависликка батамом берилганидан ноёб истеъдоди ва теран билимига қарамай, на бирон мансаб эгаси бўлди, на давлат орттиролди. Боғдан келадиган даромадга қаноат қилиб, аёли ҳамда икки ўғли ва икки қизидан иборат оиласини базўр тебратарди.
Сўнгги ҳафтада у ҳатто боғида ҳам ўзини қўярга жой тополмади. Чунки, ҳаёти давомида орттирган бор бойлиги – “Бухоро тарихи”нинг оққа кўчирилган ягона нусхаси учун яхши қоғоз ва сиёҳ сотиб олиш ҳамда муқовалатишга бор-будини сарфлаб, мана шу кузги боғдаги дарахтлардек деярли яланғоч ҳолга келиб бўлди. Асарни амир, сарой аъёнлари ва Бухоронинг уламою фузалолари қандай қарши олишаркин? Ҳаяжон ва хавотири бежиз эмас. Ахир бу китобдаги ҳар бир сўз ортида қанча машаққатли кунлар, уйқусиз тунлар турибди. У ўз Ватани тарихига оид маълумоту ривоятлар хирмонини мисқоллаб йиғди. Уларни асрлар гарду ғуборидан тозалаб, қайта-қайта саралаб, ҳақиқат деб билганларини асарига киритди…
Бухородан отлиқ чопар келганида, ундан амирнинг аркда ҳозир бўлиш ҳақидаги буйруғини эшитиб: “Аълоҳазратнинг амри бошимизга тож кабидур, филҳол изингиздан етиб борурмен”, – деди. Чопар ўзи етовлаб олган, гижинглаб турган эгарлоғлик армуғоққа ишора қилиб: “Сизни ўзим билан бирга олиб келиш буюрилган. Бул бедов аълоҳазратнинг сизга тортиғи”, – деди.
Отлиқлар Бухоро шаҳри работига яқинлашдилар. Работ кенгайиб кетган. Бухоро шаҳристонини ўраган қалъа девори эндиликда шаҳар ичида қолган, гарчанд, девор устидаги буржларда посбонлар туриб, шаҳристон дарвозалари эрта тонгда очилиб, кеч кирганда ёпилса-да, сомонийлар давлати ўз сарҳадларини мустаҳкамлаб, мамлакат ичкарисида осойишталик қарор топгач, ярим аср мобайнида бирон ғаним Бухоро шаҳрига таҳдид сололмаган эди. Бу давлатга ҳам асос солиб, ҳам қудратини юксалтирган шоҳ Исмоил Сомоний “Бухоронинг девори менман” деганида, ҳеч бир муболаға қилмаган. Шаҳристон ичкарисида иморатлар работдагидан ҳам зич. Хиёбонлардаги дов-дарахтлар барглари тўкилганидан масжиду мадраса, карвонсаройу тимлар бинолари анча узоқданоқ кўзга ташланарди. Отлиқлар Мох масжиди олдидан ўтишди. Қадимда бу масжид ўрни дарахтзор бўлиб, йилнинг маълум кунларида дарахтлар соясида бут бозори бўлиб ўтган. Ундан нарироқдаги Бухоро мадрасаси қадимги карвонсарой ўрнида қад кўтарган. Шаҳарга кирадиган барча йўллар олдига бориб туташадиган Жоме масжидини эса Мовароуннаҳр фотиҳи Қутайба оташпарастлар ибодатхонаси ўрнида бино қилган. У нафақат Бухоро, балки бутун Мовароуннаҳрдаги илк масжид.
Муҳаммад Бухоронинг қай тарафига назар солмасин, ҳар бир гўшанинг мозийдаги қиёфаси ҳам хаёли кўзгусида жилваланар, етти қават осмон, етти қават ер сингари қалбидаги Бухоро ҳам бир неча қаватли бўлиб, кечмиш қаърига сингиб кетган қаватлар ҳам наздида ҳамон мавжуд ва ардоқли эди. “Бешафқат замон ҳукми туфайли ўз вақтида она шаҳримизни безаган қайсидир обида йўқолган бўлса, лоақал улар ҳақидаги хотирани асраб-авайлаш, тарихий асарларда таъриф-тавсифини келтириш керак”, – дея эринмай такрорларди у Бухоро фозиллари билан суҳбатларида.
Арк олдидаги майдонга етганларида узоқдан Исмоил Сомоний мақбараси кўзга ташланди. Етти иқлим сайёҳлари ҳайрату таҳсинига сазовор, ҳар бир ғишти буюк санъат асари бўлган обида кузги қуёшнинг заиф нурларида ҳам жилоланиб, теварак-атрофдаги манзарадан яққол ажралиб, кул орасидаги чўғдек ярқираб кўринади.
“Илоҳим, бу беназир обидани бало-қазолардан Ўзинг асра! – пичирлаб муножот қилди, Муҳаммад. – Унга арк умрини, Бухоройи шариф умрини ато эт”!
Арк дарвозаси олдида муаррихни амирнинг хос мулозими қаршилаб, ичкарига бошлади. Дарвозахона, арк ҳовлиси ва пешайвондан ўтиб, эшиклари олдида найзадор соқчилар турган бир неча хонадан сўнг, кенг ва чарағон саломхонага киришди. Тўрдаги олтин тахтда гавҳарлар қадалган тожи ярақлаб, сомонийлар сулоласининг тождори басавлат амир Нуҳ ибн Наср ўтирар, аъёну саркардалар икки тарафдаги қатор курсиларга виқор билан тизилишган. Аъёнлар зарбофт либосда, лашкарбошилар пўлат совут ва дубулғалар кийиб, қимматбаҳо қурол-яроғлар тақиб олишган. Барчанинг нигоҳи бугунги йиғилиш “айбдори” Муҳаммад ибн Жаъфарга қадалган эди. Занданачи матосидан тикилган либоси устидан одмигина юпқа тўн кийган, бошига мударрисларникидек симобий салла ўраган қотма муаррих пойгакда тиз чўкиб таъзим қилди.
– Хуш кўрдик, мавлоно, – деди Нуҳ ибн Наср уни илиқ қаршилаб, – келинг, жойингизни эгалланг.
Ўрнидан туриб яна бир бор юкинган Муҳаммад кўз югуртириб, амирга яқинроқ жойда, унинг сўл томонида, валиаҳд шаҳзода Абдулмалик ибн Нуҳ ва унинг хос мулозими, бундан тўрт йил олдин вафот этган вазир Балъамийнинг ўғли Абуали Балъамий ўрталаридаги бўш курсига омонатгина ўтирди. Бошқаларни кузатолмаса-да, ёнида ўтирган мўйлови сабза урган Абуалининг ўзига ҳавас билан боққанини илғади. Марҳум вазирнинг ўғли тарих илмига беҳад қизиқар, Муҳаммад ибн Жаъфар билан ўзаро суҳбатларидан бирида, у Ибн Жарир Табарийнинг “Тарих ар-русул ва-л-мулук” (“Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи”) китоби ислом ўлкалари тарихига оид буюк асар бўлса-да, ундаги Мовароуннаҳр тарихига оид маълумотлар қисқа эканлигидан нолиган эди. “Табарий Мовароуннаҳрда ҳеч қачон бўлмаган, шундоқ экан ундан ўлкамизнинг мукаммал тарихини талаб қилиш жоиз эмас, – деб жавоб берган эди, Муҳаммад. – Бундай тарихни яратиш сизу бизнинг – ушбу ўлка фарзандларининг вазифаси”. Не бахтки, бу вазифани қўлидан келганча уддалади. Тарих фанида у эришолмаган ютуқларни балки келгусида Абуали Балъамий каби иқтидорли ёшлар қўлга киритишар.
Тахт олдидаги миз устида “Бухоро тарихи” очиғлиқ турар, Муҳаммад кўз қирини ташлаб, очиқ турган саҳифа Сомонийлар сулоласига бағишланган бобнинг бошланиши эканини пайқади.
– Китобингиз бизни ғоят хушнуд этди, мавлоно, – деди амир илтифот билан. – Олиму фозиллар, давлат арбоблари билан бирга мутолла қилдик, яъни қиссахонларга ўқитиб, тингладик ва у барчага манзур бўлди. Шу пайтгача биз Ватанимиз тарихи ҳақида аксар оғзаки ривояту қиссалардан воқиф эдик. Эронлик Табарий ва айрим араб муаррихларининг асарларида эса, Бухоро ҳақидаги маълумотлар узуқ-юлуқ, деярли барча ҳолларда юртимизга араб лашкарларининг юришлари билан боғлиқ тарзда келтирилган.
– Ҳақ рост, аълоҳазрат, мавлоно Наршахий ғоят эзгу юмушни адо этмиш, – деди кўкрагини оппоқ соқол қоплаган, нуроний юзли қозикалон Абулфазл Суламий. – Қуръони каримда айтилганким: “Ин аҳсантум – аҳсантум лианфусукум”, яъни: “Агар эзгулик қилсангиз – ўзингизга эзгулик қилган бўлурсиз” Оллоҳ каломидаги “ўзингизга” лафзини “ўзингизга ва яқинларингизга, элу юртингизга, бутун аҳли башарга”, деб англамоқ жоиз. Иншооллоҳ, минбаъд “Бухоро тарихи” Бухоройи шарифнинг асрлар тўфонида кўмилиб кетаёзган бир неча минг йиллик тарихи қатларига маънан саёҳат қилишни истовчи илм толиблари учун мангу ёниб турувчи бир маёқ бўлғай.
– Филҳақиқат, мавлононинг асари насрдаги “Бухоронома”дир, – дея уни маъқуллади амирнинг ўнг қўл томонида ўтирган ўрта бўйли, тўла жуссали вазир Жайҳоний. – Бу гўзал асарнинг энг катта фазилатларидан бири шуки, аъзоҳазратнинг улуғ бобокалони Исмоил Сомоний асос солган буюк сулоланинг – Оллоҳ уни бардавом қилсин – тарихи илк бор муносиб тарзда қаламга олинмиш.
Фиқҳ илмининг билимдони, “Мухтасари Кофий” асари муаллифи Абулфазл Суламий ҳамда бухороликлар Осафу Бузургмеҳрга менгзайдиган донишманд вазир Жайҳонийнинг сўзидан кейин аъёну уламолар “Бухоро тарихи” ва унинг шарафига мақтовлар ёғдиришди. Сарой аҳли бири олиб, бири қўйиб, бу мақтову таҳсинларни шунчаки йўлига айтмаётган эди. Чунки, бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонни ўз қаламравига олган Сомонийлар салтанатида илму фан ва адабиёт ғоят равнақ топган, туркий, форсий ва арабий тилларни яхши эгалламаган кишилар юқори давлат лавозимларида хизмат қила олмас эдилар.
– Бу китобнинг уммон қаъридан чиқарилган дур янглиғ қимматбаҳо маълумотларидан ўз шаҳрим Ромитанга меҳру муҳаббатим ўн чандон ошди, – деди ромитанлик бир аъён. – Ахир, уни буюк Турон хоқони Афросиёб бунёд қилган экан. Яна не-не улуғлар пойқадами етганакан. Бу Ватаннинг ҳар қарич ерини, ҳар қуруқ чўпини-да севишга ўргатадиган китоб.
– “Бухоро тарихи”нинг муаллифи мавлоно Муҳаммад ибн Жаъфар Бухоройи шариф уламолари сафига шундоқ муносиб бир кунда, муносиб бир тарзда қўшилдилар, – деди вазир Жайҳоний. – Энди у кишига “Бухорий” нисбаси кўпроқ ярашса керак.
– Ҳа, ҳа, “Бухорий” нисбасини олсинлар, бунга тўла ҳақлари бор, – деган маъқулловчи хитоблар ёғилди.
Мақтовлардан ийманган каби бошини қуйи солиб ўтирган муаррих бу ҳитоблардан сўнг қаддини тиклаб, мажлис аҳлига эҳтиром юзасидан қўлини кўксига қўйиб, деди:
– Таҳсинлар учун қуллуқ, бироқ улуғлар афв этсинлар-у мен ўзимнинг камтарона Наршахий нисбамда қолсам. Ахир, Бухоройи шариф номи Абуҳафс Кабир Бухорий, Имом Исмоил Бухорий каби олий зотларнинг табаррук исмлари билан зийнатланган. Мен фақиру ҳақир ул илм қуёшлари қаторида бир заррачалик бўлолмасам.
Орага сув қуйгандек сукунат чўкди. Чунки барча муаррих вазирнинг сўзини ерда қолдирмай, Бухорий нисбасини боши осмонга етиб қабул қилади, деган ўйда эди. Жайҳоний табиатан оғир-вазмин одам бўлса-да, кенг пешонаси билинар-билинмас тиришди. Аъёнлар орасида пичир-пичир бошланиб, кимнингдир “беадаблик бу” деган танбеҳи ҳам Муҳаммаднинг қулоғига чалинди. Шунга қарамай, у сўзини қайтиб олишни ўйламас, билъакс, чўзинчоқ юзи ва тийрак кўзларидаги қатъият ифодаси ҳам қарорида собитлигини таъкидлаб турган каби эди.
Амир Нуҳ ибн Наср табассум қилди ва донолик билан барчани ўнғайсизликдан қутқарди:
– Баракалла, мавлоно Муҳаммад! Ахир, Наршахий нисбали одам ҳам Бухоро фарзанди-ку! Қолаверса, Наршахий, Ғиждувоний, Ромитаний, Пайкандий, Торобий – булар бари улуғ зотларга лойиқ нисбалар. Мозийда Наршахда рўй берган йирик тарихий воқеаларни сиз ўз китобингизда дарж этмишсиз. Алалхусус, оқ кийимлилар қўзғолони пайтида бу қалъа аларнинг муҳим таянчларидан бири бўлгани ҳануз тилларда достондир.
– Ҳа, ўшанда менинг ҳамқишлоқларим халифага қарши исёнга бош қўшмишлар, – деди муаррих афсусланганнамо.
– Бундан ор этиш эмас, билъакс, фахрланиш лозим, – деди амир. – Зеро, у даврда аждодларимиз Ватан эрки учун курашишган. Ўшанда оқ кийимлилар мағлуб бўлишган эса-да, алардан мерос қолган истиқлол ғояси авлодлар дилида сўнмагани учунгина мустақил Сомонийлар давлати вужудга келдики, бу тарих сизнинг асарингизда аъло тарзда ифодасини топмиш.
Муҳтарам аркони давлат! Шу пайтгача Бухоройи шариф ҳадис, фиқҳ илмларида ва марҳум устод Рудакий туфайли шеъриятда бутун ислом оламига довруқ таратган эди. Ниҳоят, Туронзамин улуғ муаррихига эга бўлди. Мавлонога бежиз ёшлар орасидан жой кўрсатмадик. Муҳаммад ибн Жаъфар мударрислик лавозимига тайинланиб, шаҳзодалару аслзода ёшларга ҳамда аҳолининг турли табақалари орасидан етишган иқтидор эгаларига Ватан тарихидан сабоқ берсин!
Муаррих ўрнидан туриб, эътироф ва лавозим учун қуллуқ қилди.
– Энди тиланг тилагингизни, мавлоно, – деди амир.
– Аълоҳазрат, тилагим шу камтарин асаримнинг эътибори олийларига сазовор бўлиши эди. Оллоҳга шукурки, анга етишдим. Ёлғиз ожизона илтимосим шуки, даргоҳингиздаги хушнавис хаттотлар ундан бир неча нусха кўчирсалар, токим мен баъзи мўътабар зотларга туҳфа этиш ва дарсларда фойдаланиш имконига эга бўлсам.
– Тилагингиз бизнинг ниятга ғоят уйғун келди. Албат, “Бухоро тарихи”дан ўнлаб нусхалар кўчиртирурмиз. Уни элчилар ва савдо карвонлари орқали олис-яқин мамлакатларга энг бебаҳо туҳфа сифатида жўнатурмиз. Зеро, Бухоройи шариф бугунги кунда етти иқлимда машҳур диёр. Ҳатто, бу қутлуғ заминни кўрмаган бўлса-да, анинг таъриф-тавсифи ва ул ҳақдаги тарихий маълумотларни ўрганишга ва зарур илмлар сифатида эгаллаб олишга иштиёқманд кишилар жаҳон аҳли орасида кам эмасдур.
Шундан сўнг Нуҳ ибн Наср мажлис поёнига етганини англатиб, амр қилди:
– Бебаҳо асар – “Бухоро тарихи” хаттотларга берилиб, энг нафис Самарқанд қоғозига зарҳал ҳарфлар билан кўчирилсин. Биз атаган минг динор олтин улуғ муаррих Муҳаммад ибн Жаъфарнинг бошидан сочилсин!
Саломхонага зарбофт тўнли икки мулозим кириб келди. Улардан бири каттакон баркашда хирмон қилиб уюлган олтин тангаларни кўтариб олган. Олтинларнинг ялт-юлт этишидан кўплаб қиёфаларга қизиллик югуриб, кўзларда ўт чақнади. Ўрнидан турган муаррих ҳасад билан боққан нигоҳларни ҳам илғади. Мулозимлар унинг олдига етишгач, иккинчиси уни ўртага чиқишга ундади.
Муаррих сифатида бу маросим унга яхши маълум. Амир тортиқ қилган қизил олтинлар саодатманд кимса бошидан сочилар, у эса эгилиб, баъзан ҳатто эмаклаб, турли ёққа думалаб кетган тангаларни баркашга йиғарди. Муҳаммад йиллар мобайнида вайроналардан сопол синиқлари, занглаган темир пайконларни излаб топиб, қайси даврга оидлигини аниқлаш учун уларни чангу зангдан тозалашдан ор этмаган. Ҳозир эса ерга эгилиб, ҳатто тиззалаб, ўнлаб нигоҳлар остида тангаларни териб олишни ўйлар экан, бутун вужуди музлаб, кўз олди қоронғилашди. Гарангсираган каби ўртага чиқди. Бироқ вужудида энг мушкул лаҳзаларда қатъият бағишловчи таниш бир куч пайдо бўлиб, ўзини қўлга олди. Ҳовучига олтин тўлдириб, бошидан сочмоққа чоғланган мулозимни қўл ишораси билан тўхтатиб, амир томонга ўгирилиб, таъзим қилди:
– Аълоҳазрат, бир қошиқ қонимдан кечсангиз. Қулингиз ўз асарини якунламиш. Яна уни мударрислик лавозими билан сарафроз этдингиз. Бинобарин, энди бунча олтинга эҳтиёжим йўқ. Амр этсангиз, олтинлар Бухоро мадрасасининг толиби илмларига тақсим этилса.
Мажлис аҳли тош қотиб, гўёким нафас олмасдан амирнинг амрини кутарди. Унинг муруввати ғазабга алмашинса-я, деган ўй ўтди баъзиларнинг хаёлидан. Бироқ, гўёким шундай бўлишини олдиндан кутгандек, амирнинг юз ифодаси хотиржам эди. У мамнунлигини яширмай, деди:
– Бухоройи шарифда бундоқ ҳимматли эрлар борлиги жилла ажабланарли эмас. Маккайи мукаррама ва Мадинайи мунавварага самодан илоҳий нур ёғилса, Бухородан само сари нур таралур, деб бежиз айтилмаган.
Олтинларни мадрасага элтиб, мавлоно Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий номидан толиби илмларга тарқатинг!
2009 йил