Хуросон ҳукмдори Шоҳрух Мирзо отаси соҳибқирон Амир Темур вафотидан сўнг тўрт йил ўтгач, ниҳоят, ғолиб сифатида Турон пойтахти Самарқандга қадам қўйди. Амир Темур тахтини, унинг васиятига зид ўлароқ, ўзбошимчалик билан эгаллаган невараси Халил Султон Мовароуннаҳрда тўрт йил ҳукмронлик қилган, бироқ сиёсатдаги ношудлиги туфайли, бир неча ой илгари ўз амирлари тарафидан тахтдан ағдарилиб, банди қилинган эди. Шоҳрух Мирзо лашкар билан шошилинч сафарга чиқиб, Самарқандни эгаллаб, жиянини таҳқирли асирликдан халос қилиб, шафқату мурувват кўргузди. Бироқ Мовароуннаҳр аҳолисининг Халил Султондан кўнгли қолган, у зиндонбанд эканида суюкли хотини Шодмулк шаҳар бўйлаб сазойи қилинган эди. Шоҳрух ўз жиянининг таназзули сабабларидан бири ушбу аёл эканини билса-да, Халил Султоннинг ягона илтимосини бажариб, хотинини қайтаришни буюрди. Хотини билан дийдорлашган шаҳзода энди тожу тахтдан жудо бўлганидан қайғурмас, яна ўзини жаҳондаги энг бахтиёр кимсалардан деб биларди. Аммо энди Халил Султоннинг Самарқандда қолиши мумкин эмаслиги туфайли, Шоҳрух уни Эрондаги Рай шаҳрига ҳоким қилиб тайинлаш ҳақида фармон чиқарди. Шаҳзода Шодмулкни олиб, жаҳонгир бобоси салтанати пойтахти ва ўзи – янаям аниқроғи, ўзи ва суюкли хотини биргаликда – тўрт йил ҳукмронлик қилган муаззам шаҳарни абадиян тарк этди.
Энди Самарқанд аҳли Шоҳрух Мирзонинг ўз отаси тахтига чиқишини сабрсизлик билан кутар, зеро соҳибқироннинг тирик қолган ягона ўғли сифатида у бу шарафга энг ҳақли киши ҳисобланарди. Бироқ Шоҳрухнинг бошида бошқа ўй-фикрлар ғужғон эди…
Аввало, у отаси тириклигидаёқ Хуросон ҳукмдори этиб тайинланиб, бу ўлкага анча кўникди. Сониян, Хуросон пойтахти Ҳирот темурийзодаларга тобе мулкларнинг деярли қоқ марказида эди. Боз устига, масжиду мадрасалар қурдириб, Хуросон ободончилигига катта ҳисса қўшган хотини Гавҳаршодбегим ҳам салтанат пойтахти айнан Ҳирот шаҳри бўлишини истарди. Демак, ўғилларидан бирига насиб этгуси Самарқанд тахти…
Шоҳрух Мирзо ўғилларининг ёшлари орасида фарқ катта бўлмаса-да, тўнғич ўғли – ўн беш ёшли Муҳаммад Тарағай Улуғбек яққол ажралиб турарди. Чўзинчоқ юзи, қирра бурни, ҳамиша қатъият акс этиб турувчи ўткир нигоҳи билан жаҳонгир бобосига ниҳоятда ўхшаб кетгани туфайлигина эмас. Кучли хотираси, қувваи зеҳни, илмга меҳри, шаҳзода бўлишига қарамай, замоннинг ҳар бир йирик олимига шогирд тушишга мойиллиги билан ҳам.
Отлиқ жарчилар Самарқанднинг силлиқ тош ётқизилган кўчалари бўйлаб фармони олийни эълон қилишди: “Бугундан эътиборан Мовароуннаҳр ҳукмдори Муҳаммад Тарағай Улуғбек Кўрагондур. Шаҳзодайи жаҳон бу ўлкани падари бузруквори, ҳоқони саид султон Шоҳрух Мирзо номидан бошқарадур”!
* * *
Қутловга келган Самарқанд амирлари, аъёнлар, уламою фузалога рухсат берилгандан сўнг, ота-ўғил Кўксаройдаги Амир Темур хазинасига тушишди. Зарбофт чопон кийиб, бошига ёқутлар қадалган симобий салла ўраган Шоҳрух Мирзо тутқичи фил суягидан ясалган асо ушлаб олган, афт-ангорида жиндек ҳорғинлик сезиларди. Улуғбек болалигида кўп тушиб ўргангани туфайли, нимқоронғуликка қарамай, мармар зиналардан чаққон юриб борарди. Кеч туша бошлагани учун, соқчилар хазинанинг кенг хоналарида машъалалар ёқиб туришар, уларнинг ёғдусида хазинабоннинг оппоқ оқарган юзи ва қўрқувдан олазарак кўзлари бўртиб кўринарди.
Улуғбек болалигида ҳар гал кирганида хазинада етти иқлимда ясалган нафис буюмлар, сандиқ-сандиқ олтин-кумушлар, қимматбаҳо тошлар, ҳатто у номини ҳам билмайдиган ғаройиб нарсалар бўларди. Воажаб, ҳозир хазинанинг хоналари бўм-бўш ва ўпқон каби ютаман деб турганини кўриб, у кўзларига ишонмасди. Баъзи хоналарда ҳали ташиб кетилмаган бир неча сандиқлар турарди. Шоҳрухнинг ишораси билан очилганда, улар ҳам бўм-бўш эканлигини кўришди.
Соҳибқирон бобоси даврида ҳам Улуғбек хазинадан кўп миқдорда бойликлар чиқарилганини кўрган. Одатда, Амир Темур бирон муҳташам иморат қуришга қарор қилганида ёки олис ўлкаларга совға-саломлар билан элчилар карвонини жўнатганда шундай ҳол рўй берар, лекин сарфланган маблағ ўрни тезда тўлдириларди.
“Халил оғам Самарқандда бирон ўртача иморат ҳам бунёд қилмади-ку, – оғриқли ўйлар хаёлидан кечди Улуғбекнинг. – У ҳолда марҳум бобомнинг шундай улкан хазинасини қайга ва нимага сарф этди экан?” Бироқ шаҳзода бу ҳақда овоз чиқариб отасидан сўрашга журъат этмади. Етти иқлимдаги энг катта хазинанинг шамолга совурилганини кўриб, ҳукмдорнинг юзига афсус ва ачиниш соя ташлаганини у машъалалар ёруғида пайқаган эди.
Хазинадан қайтиб чиқишаётганда оёқ остида йилт этган бир нарса Шоҳрух Мирзонинг диққатини тортди. У тошга ёпишиб, устини тупроқ кўмаёзган нарсани ҳассаси учи билан кўчирди ва энгашиб қўлига олди. Бу – бир дирҳамлик кумуш танга экан. Султон шоҳи дастрўмолини олиб, уни тупроқдан тозалади, тангадаги “Амир Темур Кўрагон” дея ўйиб битилган ёзувни пешонасига теккизиб деди: “Аллоҳга шукрки, мана шу бир дирҳам туфайли биз жаҳонгир отамиз хазинасидан баҳраманд бўлдик”.
* * *
Ота-ўғил Кўксаройнинг бир пайтлар Амир Темур улуғ режалар тузганида кириб ўтиришни севадиган, деворларига етти иқлим ўлкаларининг хариталари чизилган хонада суҳбатлашишар, тўғрироғи, Шоҳрух Мирзо Ҳиротга қайтиш олдидан Мовароуннаҳрда ўз ноиби сифатида қолдираётган ўғлига давлатни бошқариш юзасидан йўл-йўриқлар берар, Улуғбек уларни жон қулоғи билан тинглаб, айрим насиҳатларни сўнгроқ такрор ўқиб, мағзини чақиш учун олдидаги дафтарга тез-тез битиб оларди.
– Кўзимизнинг нури, тўнғич фарзандимиз Муҳаммад Тарағай, – салмоқ билан давом этди Шоҳрух Мирзо. – Каломи шарифда зикр қилинганидек, “Мулк Аллоҳникидир ва Аллоҳ уни хоҳлаган кишисига ато этади”. Карами кенг Аллоҳ Мовароуннаҳр янглиғ жаннатмонанд, отамерос юртимизни бизга ато қилди. Яратган Эгамнинг бу лутфу иноятига биз раиятпарварлик ҳамда оқилона сиёсат билан шукрона келтирмоғимиз лозим. Шундоқ экан, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи васаллам ўрнатган адолатли қонунларни мўминлар орасида жорий этувчи қозилар қўлини шариат ҳукмлари ижросида бақувват тутинг. “Ҳидоя” муаллифи Бурҳонуддин Марғиноний авлодларига алоҳида эъзоз-икром кўргузинг. Олам ободонлигининг сабаби ва одамзод ризқининг воситаси бўлмиш деҳқонларни зулму адолатсизликдан ҳимоя қилиб, адлу инсоф билан ўзингизга яқин этинг. Давлат сарҳадлари соқчилари ва мамлакат ҳимоячилари бўлмиш лашкарлар тоифасини очиқ юзли ва хушмуомалалик билан ўзингизга содиқ ва итоаткор қилиб, маошларини белгиланган вақтда тўла етказиб туринг. Чегараларга иш кўрган, тирикликнинг аччиқ-чучугини тотган одамларни тайинланг. Баъзи хизматни ташлаб қочувчиларга саза бериб, қилмишига яраша жазоланг. Хуллас, барча ҳолларда пайғамбаримизнинг “ишнинг яхшиси миёнасидир” деган ҳадиси шарифига амал қилиб, ҳаддан ортиқ ёки керагидан оз чора кўришдан эҳтиёт бўлинг.
Бирон бир, борингки, энг хайрли машғулотга ҳам, сиёсат ва давлатни бошқаришдан зиёдароқ вақт сарфламанг. Чунки энди сиз катта бир мамлакат ҳукмдорисиз. Шу ёшингиздаёқ қанчалаб тарихий асарни мутолаа қилганингиз туфайли, бу соҳада сизга дарс бериш ортиқча. Бироқ ўгит тариқасида иккита мисол келтирмоқчиман. Биринчиси шуки – мўғул хони Ҳалокухон Бағдодни забт этганида халифа ал-Муътасим тахтда ўтиргани сизга аён. Ҳалоку мағлуб бўлиб, асирга тушган халифа хазинасида олтину кумуш, марвариду жавоҳирлар хирмон бўлиб уюлиб ётганини кўриб, таажжуб қилибди. Ҳолбуки, бу маблағга катта лашкарни қуроллантириб, душманга қарши жангга солмоқ мумкин эди. Кўрингки, очкўз халифа ҳатто ўзи, тожу тахти ва мамлакати ҳимояси учун ҳам йиққан олтинларининг бир қисмини-да, сарф қилмоқни истамаган. Ҳалоку: “Қани кўрайлик-чи, бу олтинлар сени ўлимдан қутқара олармикин?” – дея, уни ўз хазинасига қамаб қўйган. Халифа олтинлар уюми орасида очликдан тиришиб ҳалок бўлган.
Иккинчи мисол эса ҳозирги кундан. Менинг жияним ва сизнинг амакиваччангиз Халил Султон падари бузрукворимиз тириклигидаёқ онҳазратнинг сафдошларидан бири амир Ҳожи Сайфиддин ҳарамидаги бир канизакка ошиқи беқарор бўлиб, уни олиб қочиб, берухсат уйланди. Амирларга қуюқ ваъдалар бериб, Самарқанд тахтига ўтиргач ҳам, ҳар бир юмушни мана шу хотини кўнглига қараб бажарди. Бу аёлнинг назари тушган таги паст қуллар, эртаклардагидек бир кунда молу мулкининг ҳисобини ўзи ҳам билмайдиган бойларга айланишди. Ҳолбуки, Халил Султон бўйдоқлигида шижоатли, довюрак, ёвқур бўлиб, Ҳиндистондаги муҳорабада бутун лашкар филлардан қўрқиб саросимага тушганда, олдинга отилиб чиқиб, энг катта филнинг хартумига найза уриб, қўшин руҳини кўтарган. Афсуски, филга бас келган эр йигит бир зоти паст аёлнинг измига ўз ихтиёрини қўш қўллаб топширди. Амирларнинг Халил Султонга садоқати эса то Самарқанд хазинаси тамоман совурилгунча давом этди ва воқеанинг бу ёғи ўзингизга яхши маълум.
Сиз ҳам энди тахт соҳиби бўлгач, илми ҳайъат китоблари мутолааси-ю, тунлари сайёралар ва юлдузлар ҳаракатини кузатиш каби машғулотларингизни бир оз чегаралаб, – отаси бу сўзларни айтаётганида Улуғбекнинг юзига қизиллик югуриб, тийрак кўзлари чақнади, бироқ бу уятданми ёки шавқданми эканини Шоҳрух Мирзо англаёлмай қолди – диққат-эътиборингизни кўпроқ салтанат юмушларига қаратинг. Тўғри, илму фанга ихлос – бу олтинга ҳирс қўйиш ёки ҳусндор аёлнинг чаён янглиғ зулфига банди бўлиш каби койишга сазовор бир иш эмас. Бироқ сиз султонсиз! Бинобарин, салтанат юмушларидан бошқа машғулотларга керагидан ортиқ чалғиган ҳукмдорнинг мамлакатида зимдан ва ошкора тарзда фитналар етилмоғини зинҳор эсдан чиқарманг. Зеро, бўш қўйилган жиловни бошқалар ўз қўлига олмоққа интилур. Салтанат сирларини чуқур эгалламоғингиз ва давлатни бошқаришни батамом ўз қўлингизга олиш иқтидорини касб этгунингизга қадар, отабегингиз амир Шоҳмалик Самарқандда – сизнинг ҳузурингизда қолур. Барча муҳим давлат ишларини салтанатимизга шоён хизматлари сингган ушбу улуғ амир билан бамаслаҳат ҳал қилинг.
* * *
Отасини Бухорога довур кузатиб қайтган Улуғбек Кўксаройдаги Амир Темур тахти қўйилган саломхонага ошиқмади. Саройнинг деворларига мармар қопланган ҳаммомида ювиниб, енгил либосларни кийгач, болаликдан ўзига қадрдон бўлиб қолган бир хонага кирди. Ундаги токчаларга катта-кичик китоблар терилган, хонтахтада тахлам-тахлам аъло сифатли Самарқанд қоғозлари, довот ва қаламлар қўйилганди. Бир неча йиллик жудоликдан сўнг, ниҳоят, устози Қозизода Румий билан холи суҳбатлашиш имкони туғилганидан Самарқанднинг янги султони ниҳоятда масрур эди. Устоз-шогирд қучоқлашиб кўришишди. Улуғбек мош-гуруч соқолли, нуроний юзли, тунлари энгашиб устурлобда осмон жисмларини кузатиш натижасида қадди бироз букинқираган алломани, унамаганига қарамай, тўрга чиқариб ўтирғизди. Қозизода шогирдига узоқ умр ва салтанатига ривож тилаб, дуойи фотиҳа қилди.
– Ушбу хонада сиздан олган сабоқларим сўнгра қўлимга тушган анча мураккаб китобларни ўқиб тушунишимга катта ёрдам берди, устоз, – деди Улуғбек кўзачадаги гулобдан чинни косага қуйиб узатар экан. – Энди, жанобларига малол келмаса, ҳафтада икки-уч бор ўшал сабоқларни давом эттирсак.
Қозизода тахтга ўтиргач ҳам, илм касб этишга иштиёқи сўнмаган шогирдига эҳтиром ва мамнуният билан боқаркан, ўз мулоҳазасини айтди:
– Каминангиз ҳам аслида Румдан Самарқандга илм излаб келган. Энди ўрганганларимни самарқандлик илм толибларига – айниқса, уларнинг энг тиришқоғига – ўргатолсам, бу улуғ шаҳар олдидаги қарзларимнинг бир қисмини узган бўлармидим. Бироқ, машғулотлар давлат ишлари билан шуғулланишингизга халал бермайдими?
– Баъзида шундай ҳоллар юз бермоғини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмас. Мана бугун ҳам отабегим амир Шоҳмалик аъёну саркардаларни йиғиб, машварат ўтказмоқ лозимлигини айтди. Сиз бирла суҳбатга ошиққаним учун машваратни эртага қолдирдим. Чунки сабоқларим чала қолишини истамасман. Айниқса, илми ҳайъат соҳасида мукаммал билим эгалламоқчиман.
– Камина ҳозирча фақат назарий билимларни ўргата оламан.
– Амалиётга ҳам ўтамиз, албатта. Усталар топиб, бир неча кузатув олотларини ясаттирамиз. Келажакда эса расадхона ҳам бунёд этамиз. Мен Мароға шаҳридаги аллома Насриддин Тусий кузатувлар олиб борган расадхона ҳақида маълумотлар йиғдирдим. Унинг ҳозирда фақат вайроналари қолган бўлса-да, муҳандислар иморати тарҳини тақрибан аслига мос қилиб чиздилар. Албатта, бизнинг расадхона Тусийникининг бир такроригина бўлиб қолмас. Илми ҳайъат китоблари ва расадхоналар ҳақидаги маълумотларни йиғишда давом этамиз.
Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларида янги мадрасалар бунёд этамиз. Мамлакатда илмли одамлар қанча кўпайса, у шунчалик тараққий этгуси. Улуғ бобом Темурбек Самарқанд мадрасаларида толиби илмларга бериладиган таҳсил пулини бир неча баробар кўтарганлари бежиз эмас. Шунда улар ҳеч нарсага зориқмай, фақат илм касб этишга машғул бўлишади. Халил оғам ўзи ашъор битишга мойил бўлганидан кўпроқ шоирларга ҳомийлик қилди. Бу ҳам зарур, албатта. Бироқ, биз шунга эришайликки, илмга чанқоқ ёшлар фаннинг исталган соҳаси бўйича илм олишлари учун Самарқандда барча шарт-шароитлар муҳайё бўлсин.
– Сизнинг сўзларингизни тингларканман, тез орада Самарқандда бир неча аср бурунги Бағдод ва Хоразмдагидек байт ул-ҳикма бунёд этилишига ишончим ортмоқда.
– Кўнглимдаги энг буюк орзуимни янглишмай англадингиз, устоз. Жаҳонгир бобом даврида Самарқанд ер юзининг сиёсий маркази бўлган бўлса, энди уни замоннинг илмий марказига айлантирайлик. Чинга бориб бўлса-да, илм изла, демиш донишмандлар. Келаси йили қиблагоҳим Чин мамлакатига элчилар юбормоқчи. Биз ўзимизнинг элчиларни ҳам уларга қўшиб жўнатамиз. Шу боис, шогирдларингиз орасидан бир уқувлисини танланг. Элчилар билан бирга жўнаб, бошқалар хитойи ипак ва чинни харид қилишганда, у илми ҳайъатга доир китобларни излаб, пулига қарамай сотиб олсин. Халқларнинг дини турлича бўлиши мумкин, бироқ илм бутун башарият учун ягонадир.
Мароқли суҳбатдан сўнг Улуғбек устозини сарой дарвозасигача кузатиб чиқди. Қозизода Румий масрур ўйларга берилиб, уйига қайтар экан, жаҳонгир Амир Темур марҳум аллома Саъдуддин Тафтазонийни ҳар гал сарой дарвозасигача кузатиб чиққанини эслади. “Ҳа, Мирзо Улуғбек соҳибқирон Амир Темурга муносиб набира, – кўнглидан кечди олимнинг. – Иншооллоҳ, унинг шуҳрати бобосиникидан кам бўлмагай. Улуғбек келгусида битажак китоблар Темур лашкари етмаган мамлакатларга доғи етиб борса, не ажаб!”
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 1-сон