Сокин тун….
Овози пастлатиб қўйилган радиодан таралаётган махзун куйгина бу хонадонда ҳаёт давом этаётганини англатарди. Қўшни уйдан қулоққа чалиниб турадиган ғала-ғовурлар ҳам бугун тинч. Гоҳ-гоҳида иссиқ ўрнида мириқиб ухлаётган боланинг ғингшиши жимлик пардаларини ёриб ўтарди-ю яна тин олади. Қани у ҳам бола бўлиб қолса…. Беғубор, беташвиш… ва беғам дамларга қайта олса…
Ҳавонинг иссиғидан бўғриқиб уйғонган Лайлонинг уйқуси қочганди. Қўли билан ён-верини пайпаслаб, телефонини топди. Зимистондан ёришган нурдан кўзлари қамашди. Кўзини йириб очиб, соатга қаради. Ёнида ётган боласининг устига енгил ёпинчиқ ташлаб, ўрнидан турди.
-Ҳалиям келмабди… – деди ўзига-ўзи нариги хонадаги эрининг жойини кўздан кечирар экан.
Ҳа, анчадан бери эр-хотиннинг ўзаро жанжаллари ва аразлар алоҳида хоналарда ётишга мажбур қилди.
Тун ярмидан ошган. Саидбекдан эса ҳануз дарак йўқ. Устига устак бу ҳол биринчи марта рўй бераётгани йўқ. Лайлонинг кўнгли ғашланди. “Кимлар билан… Қаерларда юрган бўлса… Яна… Йўғ-е, бўлиши мумкин эмас…” ҳаёлидан ҳар нелар ўтди аёлнинг. Ичидан тўфондек кўтарилаётган ғашлик “ғурур”ини четга суриб, телефон тугмаларини теришга ундади. Аммо… Кетма-кет қўнғироқлар жавобсиз -қолди. Унга сайин аёлнинг ич-этини шубҳа-гумон ва… ва айбдорлик қуртлари кемира бошлаганди.
Ахир, нега бундай бўляпти?… Нима учун борган сари “турмуш” аталмиш тушунча “тўрт мушт”га айланиб бормоқда… Ким бунга айбдор? Наҳотки, барча бўлиб ўтган гина-қудратларнинг илдиз-томири охир-оқибат ўзига келиб тақалаётган бўлса…
Адоқсиз саволлардан боши айланган аёлнинг кўзидан шашқатор ёшлар оқди. Сўнги йилларда тушган ажинлари – да ўзига ҳусн – сутга чайилгандек оппоқ юзидан, гўёки дур каби бетизгин томчилар думалай бошлади. Рўпарасида турган кўзгудаги акси ҳам унга ҳамдардлик билдириб ,кўз-ёш тўкарди… Ўтган вақт мобайнидаги бахтиёр дамлари-ю сўнги пайтларда бетўхтов болалаётган дилхираликлар Лайлони йиғлатди.
Томоғи қақраб кетган аёл ошхонага чиқди. Пахта гулли пиёлага сув қуйиб, ютоқиб ҳўплади. Назарида, руҳи уни тарк этгандек, гўё бўм-бўш қопдек енгил ва ҳиссиз бўлиб бораётгандек эди. Оёқлари эса аксинча, кишанланган каби оғир, танасига бўйсунмасди.
Ҳаёлида минг хил ўйлар гир-гир айланмоқда.
-Йўқ, йўў-ўқ! – қичқириб юборди у. Ҳатто буни ўзи ҳам англамай қолди. Боласидан хавотирланиб, унинг олдига югурди. Ҳар не, уни чўчитиб юбормабди. Ўғли ширин уйқуда ётибди. Худди отасига ўхшайди. Бурни, кўзи, қоши ва ҳатто, пешонаси ҳам қуйиб қўйгандек дадасининг ўзи… Шуларни Лайло ҳаёлидан ўтқизар экан, юзига ним табассум югурди.
* * *
Эҳ, ўша дамлар… Бир-бирини интиқиб кутишлар-у ойга термулганча ширин-ширин орзулар осмони остида ўтган бахтиёр дамлари… Тасаввурларида бир-бирларисиз вақт тўхтаб қоларди гўё…
Ҳамон эсида, тўйдан олдинги учрашувларга Лайло шамолдек учиб борар эди. Ҳамма-ҳамма нарсани унутарди. Бу дунёда фақат у ва Саидбек бор эди, гўё.
Ҳатто бир марта, Саидбек билан дийдорлашиш умидида шошилганча, газ печига қўйган пироги ҳам ёдидан кўтарилади. Газ печини текширмай, уйни тарк этади. Аксига олиб, уйдагилар ўз ишлари билан аллақачон чиқиб кетган. Яхшиямки, ўша куни опаси ишдан эртароқ қайтиб, фалокатнинг олдини олган…
Бу воқеани эслаган Лайлонинг юзида ҳасрат ва дард аралаш кулгу балқди-ю ўзини-ўзи ёмон кўриб кетди. Эндиликдаги муносабатларнинг кескинлашувидаги айблорлик ҳисси аломатлари эди бу.
Йиллар олдин Саидбек билан бир-бирларига кўнгил қўйиб, турмуш ипларини боғлашган эдилар. Ҳаммаси рисоладагидек кетарди. Тангри уларга ўғил фарзанд ҳадя этиб, бахт боғичларини қаттиқроқ боғлади. Аммо инсон баъзида шукроналик ҳиссини унутар экан…
Ўғли туғилгандан кейин Лайлонинг инжиқлари янада ортди. Ҳали қайнонаси билан, ҳали овсини, ҳали қайнакасининг болалари дастидан шикоят қилиб, Саидбекни безор қилди. Ҳар куни ишдан келган эрни бир олам гина-аразлар кутиб туриши тайин эди. Саидбек ҳам тушунтиришлардан чарчади.
-Нима дейсан… мендан нима ҳохлайсан? Нима қилсам, мендан , менинг яқинларимдан рози бўласан? – деди хотинининг инжиқликларига нуқта қўйиш мақсадида эр гапни бир жойга қўйиб.
-Бизни ўйласангиз алоҳида уй олиб чиқиб кетасиз! – қатъий ва лўнда жавоб берди Лайло.
Бу таклиф уни тамоман эсанкиратиб кўйганди. Ахир хотинининг гапига кириб, ота-онаси ва яқинларидан ажраб, уйдан чиқиб кетиш, тўғримикан? Ёки Лайлонинг бугунги кайфиятини ўзгартирадиган бошқа йўлларни қидириш керакми?! Нима қилсин у?… Нима қилса тўғри бўлади? Саидбекнинг боши қотди.
Анчагача бунга рози бўлмаган Саидбекни келиндан зада бўлган ота-онаси ҳам қистай бошлади. Келиннинг арзимаган нарсадан қовоқ-тумшуқ қилиши, овсини билан ғиди-биди айтишишларига чек қўйишнинг ягона йўли эди бу, назарларида.
Саидбекнинг отаси умр бўйи ҳалол меҳнат тери эвазига фарзандларини вояга етказди, номдор олийгоҳларда ўқитди, тўй-томошалар қилди. Энди қариб қолди. Ўғлига янги уй-жой қилиб беришга қурби етмайди. Буни яхши биладиган Саидбек таваккал қилиб, кўп қаватли бинодан ижарага уй топди-ю кўпга чўзмай кўчиб келишди.
Лайло ҳам ижара бўлса-да, ўз уйидек эмин-эркин қуш бўлиб олди. Аввалгидек хушчақчақ ва қувноқ инсонга айланди. Буларни сезган Саиднинг кўнглидаги ғашликлар бироз аригандек бўлди.
Бироқ…. Тўсатдан уй эгаси квартирани сотиш қарорига келиб қолди. Саидда эса етарлича пул йўқ. Шунинг учун бошқа турар жой топишга тўғри келарди. Устига-устак хотини яна ҳунарини қаричлай бошлади. Охир – оқибат бошқасига кўчиб ўтишди ҳамки, унинг қовоғи ёйилмасди. Ҳатто кўрпа-тўшагини эриникидан алоҳида қилиб олди. Саидбек ҳам ҳаммасидан тўйиб кетди.
-Нима дардинг бор? Нега рангинг очилмайди, – деди у тишини-тишига қўйиб кунларнинг бирида.
-Уйма-уй кўчиб юриш жонимга тегди. Қачон ўзимизни уйимиз…. – хўрлиги келиб хўнграб-хўнграб йиғлай бошлади аёл.
-Бошида ўзинг тушунишни истамадинг! Ахир шундай бўлишини билар эдинг-ку! – деди эр ўксиб йиғлаётган жувонга раҳми келиб.
Лайло йиғидан тўхтаб, шартта ўрнидан туриб, асабий ҳолатда хона бўйлаб юра кетди.
-Ҳамманинг ўз уйи бўлиши керак, ахир. Опа-сингилларим… дугоналаримни қаранг…Уйи тугул, тагида машинаси ҳам бор. Биз эса фақат қийналиб…
-Афсусланаяпсанми-а!… Ўйнаб юрганим йўқ, ҳаракат қилаяпман-ку…. – деди изтироб билан у. Ростдан ҳам Саидбек кечасига қўшимча иш топган, шаҳардаги донғи чиққан кафеларнинг бирида бош ҳисобчи сифатида иш юритарди. Ундай ташқари кундузлари асосий иш жойида банк ходими ҳам эди. Шу сабабли, уйга доим хорғин ҳолатда кириб келарди. Хотинининг ҳозирги гап-сўзлари эса Саидбекнинг бу ҳолатига умуман ортиқча. Уни эшитадиган аҳволда эмасди.
-Сабр қила оласанми, илтимос… – у илтижоли кўзлари билан Лайлога боқди. Лайло ҳам жимиб қолди-ю аммо ичидан бир тўфон кўтарилгандек зум ўтмай жазавага тушди:
-Сабр! Сабр! Қанча? Яна қанча кутиш керак?…Жавоб беринг?… Одамлар чет элда ишлаб келиб, қўша-қўша …. – унинг гапи чала қолди.
Саид сапчиб ўрнидан турди- ю қахр тўла кўзлари билан хотинига бир зум дарғазаб тикилди ва кўчага чиқиб кетди.
Уларнинг муносабатлари вақт ўтган сари кескинлашиб бормоқда. Лайлони ҳам у билан ёлғизгина ўғли боғлаб турарди. Наҳотки шу рост бўлса… Мана шундай ҳаётни орзу қилиб , Саидбек билан турмуш қурган эдими?…
Мана, у бугун ҳам йўқ. Анчадан бери хўжайини кечалари, баъзида икки-уч кунлаб ишини рўкач қилиб уйга келмайдиган одат чиқарди. Саидбекнинг бўй – басти келишган, ёш йигитлардек навқирон… Истаган қизни ўз қармоғига илинштиришга қодир… Дарахтни тепсанг қиз ёғилади, деган нақл бекорга айтилмаган. Лайло Саидбек билан борган тўй-томошаларда шахсан ўзи гувоҳ бўлган. Не-не қизлар унга кўз сузиб, атрофида гирдикапалак бўлиб коларди… Балки … кечалари ишини баҳона қилиб… Ким билади яна биронтаси билан…
-Туф-туф, тавба қилдим…- пичирлади жувон ўз ҳаёлларидан ўзи чўчиб.
Сабри чидамади. Жажжи аппарат тугмаларини териб, таниш рақамга қўнқироқ қилмоқчи бўлди-ю кўзи экрандаги санага тушди.
-Вой, Худо! Унутиб қўйибман! Ана-мана дегунча тўйимизга бугун беш йил бўлибди, – ҳайратдан унинг кўзлари катта-катта очилди.
Саидбек билан умр ипларини боғлаганларига ҳам роппа-роса беш йил бўлибди-я… Шунча вақтдан бери аёлининг кўнглини хушлаш учун эр сарсон-у саргардон. Узз-у кун тиним билмайди. Яна Лайло ношукрлик қилади. Нолигани нолиган-а … Ахир кўчада қолишгани йўқ-ку. Қайнота – қайнонаси битта ҳовлидан ака-укалар учун уй солиб қўйган. Тайёр уй-жойини, яқинларини ташлаб чиқишга Саидбекни мажбур қилган ўзи эди-ку… Эри нуфузли ишда ишлайди. Лайлога қанчалаб дугоналари айтиб-айтмай, ҳавас ва ҳатто ҳасад қилишлари ҳам рост. Яна эрини эзгани-эзган… Ҳаёлидан ўтган умри кино ленталаридек бирма-бир ўта бошлади. Ўз қилмишлари худди кинодек кўз ўнгида намоён бўлганди.
Ўйлади… ўйлади…
-Менга ортиқ ҳеч нарса керакмас… Бахтли дамларим ортга қайтса бас! – дея шивирлади ўзига-ўзи. Кўзидан тушуниб бўлмас ҳис-туйғулар аломати – ёшлар думаларди. Ҳар томчи оқаётган ёш танасига енгиллик бағишлаётган эди, гўё. Аёл ғингшиб уйғонган боласининг, юз-кўзларидан ўпа кетди. Онаси ёнидалигини сезган болакай яна хотиржам уйқусида давом этди.
Лайлонинг кўнглида ажиб ҳислар жўш урди. Бутун вужуди бўйлаб соф ва пок мухаббат илдизлари яна томир ота бошлади .
Дарвоқе, бугун улар учун байрам! Байрамга эса тайёргарлик кўриш зарур. У апил-тапил ювинди-ю ошхонага ўтиб, эрталабки нонуштани байрамона тузаш тараддудига тушди. Саидбек ёқтирадиган таомлар-у ширинликлардан пиширди. Уй ишларини бор мехр-мухаббати билан бажарди.
Қуёш чиқди… Ўз нурларини ҳар кунгидан ўзгача таратиб…Дунёнинг қандай гўзал мўжизаси… Авваллари бунга у эътибор бермаган экан у… Қанчалар гўзал ҳодиса рўй бермоқда…Турмуш ўртоғи нима қилаётган бўлса…
* * *
Неча вақтлардан бери Саидбек оилавий ҳаловатини йўқотганди. Яқинларининг норозиликларида ўзини айбдор ҳис қилар, ўзини қўлидан ҳеч нарса келмайдиган ношудларнинг-ношуди ҳисоблаб, ич-этини ерди. Топган маоши рўзғор ва ижара харажатларидан ортмасди. Бунга сайин хотини ўз уйлари бўлишини истаб, уни қистар эди. Энди нима қилиши керак?! Қўшимча иш излашга тушди. Кечки сменага яхши маошли иш ҳам топила қолмади. Кредит муаммолари билан банкка келган хусусий кафе эгаси унга дуч келди-ю омади юришди. Йиққан – терганини уй учун тўплай бошлади. Шу орада эса улар яшаб турган ижара уй эгаси хорижга кетаётгани боис, уйни имкон қадар тезроқ сотиш мақсадида арзон нарх таклиф қилди. Ҳали етарлича пул тўплай олмаган Саиднинг боши қотди. Акасидан ёрдам сўради. Акаси йўқ демади. Саидбек тун-у кун тиним билмай ҳаракат қилди. Уй ҳужжатларини расмийлаштириб бўлишди. Эртасига , тўйларининг юбилейига хотинига совға қилмоқчи эди… Лайлонинг қанчалар бундан қувонишини, тинч-тотув бўлиб яшашларини тасаввур қилиб, қувончдан ичига сиғмасди у. Тезроқ бу янгиликни хотини билан баҳам кўриш мақсадида, кафедан эртароқ чиққан эди. Ҳаёлида минг хил ўйлар чарх урарди. Уйига шундай ошиқардики….
* * *
Лайлонинг ҳаёлини эшик қўнғироғининг асабий жиринглаши бузди. Турмуш ўртоғини кутаётган аёл, эшик томон шамолдек ошиқди. Аммо йўл-йўлакай кўзгуга қараб, сочларини тўғирлашга улгурди. Қўнғироқ тугмаси яна босилди. Шовқиндан бола уйғониб, йиғлай бошлади.
-Ҳозир, – дея эшикни очган Лайлонинг тахмини тўғри чиқмади. Эшик олдида бегона кишилар турарди.
-Сиз Олимов Саидбекка ким бўласиз? – жавобни кутмай яна давом этди милиция формасидаги киши. – Турмуш ўртоғимисиз?
Лайло аранг тасдиқ ишорасини билдириб, бошини силкиди.
-Аниқланишича, хўжайинингиз кундузи банкда, кечаси кафеда ҳисобчи бўлиб ишлар экан. Буни тасдиқлайсизми ? – жавоб келавермагач, яна давом этди у. – Афсуски, ўтган тунда кафе яқинида Олимов Саидбекни машина туртиб юбориб, ҳалокатга учрабди. Ёнидан куни кеча шартномаланиб, имзоланган уй хужжатлари ва мана бу калит топилди… Шунингдек…
Милиция ходимининг қолган гаплари Лайлонинг қулоғига кирмади. Бошида қаттиқ оғриқ турди-ю инграб юборди. Сўнг хушидан кетиб, полга йиқилди… Ичкарида эса қаровсиз қолган ўғли чириллаб йиғларди… Ора–сирада отасини соғинган боланинг “дада-а” деган товуши ҳам қулоққа чалинарди.