Ғози Раҳмон. Уч оёқ бўри изидан (ҳикоя)

Бизда қариялар қиш-қировли кунларни тўқсон кун, деб ҳисоблашади. Қирқ беш куни – чилла, қолганида қантар оғади, ердан ҳовур кўтарилиб, қор турмайди. Баъзи ҳисобдонлар “тўқсонга” яна ўн кун қўшиб “юз битди, ҳисоб битди” қилмагунча кўнгли қурчимайди. Қиш Худонинг қаҳри, деганича бор экан. Ўзи қишни мақтаб бўлмайди. Айниқса, бу йилгисини… Сўкмоқчи бўлиб оғиз жуфтлашинг ҳамона лабларинг бир-бирига хўрозқанд ялагандай чиппа ёпишади. Кўргулик-да…
Хулласки, бу фасл ё йўлидан адашди, ишқилиб ҳаддидан ошди, гўё тошқин дарё мисол қирғоғидан тошди.
“Наврўз”дан кейин “юз битди” ўтсаямки, яна йигирма кун босиб-босиб, уст-устига қор ёғса бўладими?
Ҳисор ва Зарафшоннинг туташган нуқтасидан Қибла томонга камон ўқи мисол тортилган чўққили тоғ этакларига энадиган катта-кичик дарёлар бўйида ястанган қишлоқ ва овуллар ёппасига қор тагида қолиб кетганга ўхшарди.
Чилла давомида офтоб “йилт” этиб бўйини кўрсатмади. Дарё суви осма қовун пўчоғидай қалин музлади. Шимолдаги каби музни тешиб сув олиш мумкин. “Қантар”дан кейингиси ортиқча бўлиб, чарвонинг ҳолига маймун йиғлади. Қишга жамланган хас-хашакдан урвоқ ҳам қолмади. Қорамол дегани ўзини-ўзи еб, “кўтарам” бўлиб қолди. Таппа ётгани қайтиб туролмас экан. Талафот устига талафот. Энг ёмони яқин-йироққа олиб борадиган йўллар ёпилиб қолди. У пайтлар ҳозиргидай техника қайда! Хўжалик ихтиёрида бўлган занжирли, резиноёқ тракторлар тиркамаси билан зўр-базўр қатнаб туради. Қишлоғимизда эса Жабборқул деганнинг яккаю ягона Газ – 69 “Виллис” машинаси бор. Унинг “олди” ишлагани учун қорни ёриб, бозор-ўчарга қатнаб туради. Жабборқул ўттиздан ошган, миқти гавдали, “Виллис” машинаси каби кучга тўлган, тиниб-тинчимас, устига устак, йиғинчоқ мардум. Йўлдами, чўлдами бўлак-сўлак темир-терсак кўриб қолса, чумолидай чираниб уйига ташийди. Боз устига гараж мудири эмасми, эҳтиёт қисмларни гоҳ ошкор, гоҳ яширин машинасига юклаб олиб кетиб, омборхонасини тўлдириб юборган. Ҳатто ҳеч кимда йўқ “Луккивой” машинаси учун захира мотор қилиб қўйган. Балки, шунинг учун ҳам қаттиқ қишда унинг куни туққан.
Қорнинг кўп ёққани одамларнинг чарвоси қатори уйли-уйсиз тоғ жонзотларининг ҳам шўрига шўрва тўкди. Тоғ маликаси какликлар овозини ҳам тахмон тўла кўрпа-ёстиқ каби қават-қават бўлиб ёққан қор бутунлай ютиб юборди. Оч қолган какликлар нозиктаъблигини, иззат-­ибосини унутиб, ҳовлиларга кириб келди, кимга тўй, кимга аза, дегандек. Тоғдаги ғажир бургутлар тўда-тўда бўлиб, ўлакса моллар устида базми жамшид қилишади. Уларга оғайничалиш бўрилар ҳам байрам дас­турхонига ҳаялламай етиб келишади. Фақат кундузи эмас, тунда уларга навбат тегади. Бўри ўлакса емайди, дегани чўпчак. Уч-тўрт кунлаб оч қолганида ер титкилаб, қўнғиз териб еб, сассиқ кекирдак бўлиб юрган бўриларни кўрганлар бор.
Айни шу қишда чакана қўй-эчкилар далага чиқолмай, қўтонда бос­тирма атрофида қамалиб қолишди. Оч бўрилар эса ярим тунда қўтонга бостириб кириб, беш-тўртта шўри қуриган қўйни бўғизлаб, карт думбасини ғартча-ғартча тишлаб узиб кетишмоқда. Деярли ҳамманинг ҳовлисида битта-иккитадан арлонми, қанчиқ ити бор. Зорманда кўппаклар кун ботиши ҳамона тезакхона тўрига кириб олиб мизғигани-мизғиган. Тундаги тала-тўп хабарини эринчоқ ўт ўчирувчилар каби ҳаммадан кейин билади. Билгани ҳамоно думини ликиллатиб тоғ тарафга қараб бир-икки ҳуриб қўяди. “Агар мен бўлганимда бошқача бўларди”, дегандай.
Қишнинг ўрталарида тоғ ортидан келиб қолган уч оёқ бўри ҳамманинг оғзига тушди. Энг ёмони, уч оёқ ярим тунда ёлғиз ўзи келади. Қўтоннинг томини тешиб, ёки тирқишдан кириб олган шумшук бўри кучи етганча қўй бўғизлаб, қайтишда биронтасини елкалаб кетолмайди. Бир томони яримжон, йўртолмайди. Шу кетишида манзилига етиб ҳам боролмайди. Одамлар кейинроқ билишди. Уч оёқ аламзада. Ўч олиш истаги уззу-кун жисм-жонини ёндириб туради. Ҳисоб-китобга қараганда юз хонадондан элликтасининг қўтонига бўри дариса, тенг ярмисида уч оёқнинг изи қолган. Яна билишдики, бу урғочи бўри. Ёлдор бўрилар наслидан. Балки бу энг сўнггисидир. Нима бўлсаям у бизнинг тоғда яккаю-ягона. Бўри маконда адашиб туғилган шекилли. Боши ва ўмгани катта, қулоқлари камон учидай, бурилган томонга санчиламан дейди. Бели ва оёқлари узун, кўкиш акбар бўри.
Шу йил кеч кузда қўшни Сазағон қишлоғилик Нортой мерган (отбоқар)нинг қопқонига тушиб, кейинги чап оёғидан ажралган. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Кўкёлнинг калта бўлиб қолган ва ҳамон қон тўхтамай турган оёғини ким ҳам даволаб, ёғоч оёқ ясаб берарди? Шўрлик она бўри ўз тилида қарғана-қарғана пана ўнгирда ўн-беш, йигирма кун инграб ётиб, ярасини ялай-ялай зўр-базўр қотириб олди. Омон қолган болдир суяги параха бўлиб синган. Унинг битиб кетиши учун ҳам нари борса қирқ кун ўтиши керак. Бунча кун ётишга сабри чидолмади. Ликиллаб ўз тўдаси томон юрди. Зўр-базўр тўдани топиб, ҳидлашди. Уларнинг ҳар бири гўё ачинган бўлди. “Энди биз билан ов қилолмайсан, тўда боши ҳам бўлолмайсан”, дегандай иддао билан нари кетишди.
– “Бундан кўра ўлганим яхши”, – дея эзилди она бўри. Ёлғизлик фақат Яратганга ярашади.
Бевақт ёлғизлик гирдобига тушиб қолган Кўкёл уззу кун увуллаб нола қилди, ҳамроҳларини чақирди. Унинг муножоти на Худога на қавмларига етиб борди. Қайдадир узоқ само қаъридан аждодлар руҳидан элас-элас овозлар қулоғига чалинди-ю, ҳар қанча уринса ҳам, уларнинг нима деганини англай олмади. Узоқ тентираб, гандирак­лаб, боши оққан томонга юрди…
Мен Кўкёлни охирги марта айни тунги соат 11 лар чамаси қишлоқ адоғидаги, йўл ёқасида – молхона пастидаги уюм қор устида каттакон қорамол гавдаси ичига бош суқиб, жигар – бовур еб ётганида кўрдим. Машина чироғи гавдага тушгани ҳамона бош кўтарган Кўкёл қонли башарасини бир кўрсатди-ю, шарт бурилиб, ўзини қоронғулик қаърига отди. Ҳа, бу ўша уч оёқ. Ҳамроҳим ҳам буни тасдиқлади. Унга ҳам зиён берган шекилли, болохонадор қилиб сўкинди ҳам.
Орадан бор-йўғи икки кун ўтиб тунда ишдан қайтаётган Жаб­борқул (Завгар – гараж мудири) “Виллис” машинаси билан уч оёқни уриб кетиб, бостирган. Мантировка – лўм билан бошига уриб ўлдирган. Уйига опкетиб терисини шилиб, тайёрлов идорасига топшириб юборган. Бунгаям қаноат қилмай икки хўжалик раисидан иккита чуваланг думли қўй ундирган. Уларнинг бариси бўлган гап.
Энди бу ёғига эринмай Кўкёлнинг босиб ўтган йўллари бўйлаб юрамиз. Қани, тоғ ортида нималар бўлдийкан?..
Кўкёл дегани бор-йўғи ўн беш йил бурун Шовуз чўққилари белидаги хилват Бўримаконда тўрт эгизакнинг сўнггиси бўлиб, кўзлари юмиқ туғилган, ҳаммадан бурун кўзи очилган, она бўри биринчи бўлиб унга кўкрак тутганидан маълумки, унинг бир бошқа хислати бор.
Бўри макон дегани гадой топмас жой. Чор тарафи қалин дов-дарахтлар, тиканли бутазор. Қоп-қоронғу жар ва ўнгирлар қаъридаги ваҳимали сой бўлиб, сой ичи бошдан оёқ қалин ва узун пуфакли қамишзор. Ваҳимали мусиқа чиқариб, тебраниб ётади. Қашқир ёки қаршиқулоқ дегани қайда ётиб, қайда туради? Қаердан кириб қаердан чиқади. Турган турмуши жумбоқ.
Айтишларича, бўри уяларини айниқса, болалаганда ёлдор илонлар қўриқлар экан. На бир овчи, на бир йўқчи чўпон-чўлиқ, бўрилик сойга кириш тугул, мўралаб қарашга ҳам ботина олмайди. Унга олиб борадиган сўқмоқ йўллар ҳам Бўриқўрғонга етар-етмас тақа-тақ ёпилиб қолади. Чор тараф найзасимон учлик пайраха тошлар билан ўралган. Қўрғоннинг на эшиги, на туйнуги бор. Худди атайлаб дудама ханжар-пичоқлар билан ўраб қўйилган каби.
Энг қизиғи, бу маконнинг бўрилари чўққига тушган қор парчалари ҳар икки томонга тенг бўлиниб бемалол эниб кетган каби бўримаконликлар ҳам тоғнинг ҳар икки қанотидан сийтиқиб пастга тушиб, эмин-эркин ов қилади.
Хулласки, бўриқўрғоннинг нодир боласи акбар бўри Кўкёл ҳам тоғнинг гоҳ у тарафида, гоҳ бу тарафида пайдо бўлиб, яйраб-яшнаб, салкам ўн беш йилча давру-даврон сурди. Муносиб жуфтини топиб, бели буралиб, устма-уст тўрт-бештадан бола кўрди, суйди, севилди.
Болаларини ийиб эмизди, овга ўргатиб ҳузурланди. Улар орасида бўлармон бўриваччаларни кўрса, ич-ичидан қувонди. Қайнови камларини тежаб-тергади. Муҳими ов пайтидаги сабр-тоқат, зарур бўлса бир чимдим маккорлик қилишни ҳам ипидан игнасигача ўргатди.
Олайлик, семиз ёки ориқ гавдали ўлжани оғиз тўлдириб, катта-катта ютасан. Уни бир четда кўздан панада чуқур ковлаб, ютганингни қайта қусиб, кўмиб қўйсанг сиркаланиб, маромига етиб пишади. Кўнглинг тусаганда бориб есанг мазза қиласан, илигинг тўлади. Ёки ҳаммаёғи берк қўй қўтонига киролмасанг, томни теш. Буниям иложи топилмаса, қўтон деворини думинг киргудай қилиб теш-да, ундан думингни суқиб ликиллат. Буни кўрган қўй-қўзи юраги ёрилиб, типирчилаб қолади. Безовта ҳуркади. Битта-яримта бесабр қўй-қўзи кўпинча эчки-улоқ сакраб қўтон деворига чиқади-да сен томонга сакрайди. Томоғидан маҳкам бўғасан. Овинг осон бўлади. Тоғдаги ғажир-бургутлар билан ошно тутининглар. Улар осмонда қанот қоқиб юриб, узоқдан туриб ҳам ердаги жонлиқнинг бежон бўлганини ҳидидан сезиб, ҳаммадан олдин хабар топади. Нақ ўша ўлжанинг устига пасайиб, айланиб учиб қолади. Уларни кўрганинг ҳамоно, ўша тарафга лўкиллаб чопавер. Шерик бўласан.
Тишларинг орасига урвоқ гўшт кириб қолса, ғашингга тегади. Барибир ўзинг ковлаб чиқаролмайсан. Шундай пайтда тишларинг орасини кўрсатиб индамай ётсанг ғажирлар дарров тушунади.Тиш­ларинг орасига кириб қолган гўшт бўлакларини тозалаб териб, еб қўяди. Ана сенга беминнат дастёр. Яхшими, ёмонми улар сенинг шеригинг. Энг зарури, одам боласидан ҳазар қилинглар. Улар бошда биз каби тўрт оёқ бўлган, эмаклаб юрса ҳам кейинчалик қаддини кўтариб олган, қўлида қора косовдай ўқ отар қуроли бўлади. Ҳай-ҳай уларнинг ётган қопқонига туша кўрма! Йўлингда бир бўлак луқмани кўрсанг, бўйнингни чўзма! Шартта айланиб ўт! Қайда юрсанг ҳам бўрилигинг унутма! Одам боласи билан ўчакишма!
Болаларига шундай деб таълим берган Кўкёлнинг ўзи ҳам Нортой мерган билан ўчакишмаганда, унинг қаттол қопқонига тушиб бир оёғидан ажраб, яримжон ҳолида Жабборқулнинг Лўккивой машинаси оёқлари остида янчилиб кетмаган бўлармиди? Аслини олганда Нортой отбоқарни ҳам беҳудига ёзғириб бўлмайди. Аввалига икки тойчоғини бўғизлаб кетгани учун ўша Кўкёлнинг энасини йўқлаб юрди. Кейин қасдланиб изидан тушди. Ёвузлик қилди. Ўша гадойтопмас бўриқўтонга ўғри мушукдай пусиб кириб, Кўкёлнинг наққина тўрт боласини олиб чиқиб, хуржунига солиб опкелди. Бўриваччаларни ғингшиганини кўринг.
Ана энди Кўкёл қутуриб кетди. Ҳар тунда тўдасини эргаштириб келиб, биргина Нортойнинг эмас, қўни-қўшниларнинг ҳам қўй-эчкиларини қириб кетадиган бўлди. Ахийри бунга чидолмаган қўни-қўшнилар Нортойникига бос­тириб кириб, ҳовлисида яшириб ётган бўриваччаларни шу ернинг ўзида отиб ташлашди. Кейин қопга солиб, икки қир наридаги ошувга олиб чиқиб кўмиб юборишди. Исириқ тутатиб, ҳидларни йўқотишди. Барибир Кўкёл пажмурда болаларининг жасадларини топиб олди. Уларни ялаб-юлқиб, тунни тонгга улади. Яратганга муножот қилиб, осмонга бўйнини чўзиб, шундай увилладики, тоғу тошлар ларзага келиб, осмон гумбазида чақмоқ чаққан каби чандиқ тушди. Бу нолакор увиллоқ Нортойнинг қулоғига ҳам етиб турди. Аммо эти жунжикмади. Иссиққина кўрпа ичида уёқдан буёққа тўнтарилиб кетидан овозли ел чиқариб, ўша овозга мос хуррагини давом эттирди. Кўкёл эса Сазоғон тарафларга қадам босмайдиган бўлди. Нортой мерган “бор-э“ деб қўл силтаб кетса бўларди. Номарднинг йўлини тутди. Отаси Ҳайит мергандан қолган эски бўри қопқонларни отга ўнгариб чиқиб, бир ўтар бўри йўлларига қўйиб ташлади. Агар Кўкёлни қўлга туширсам нақд отамнинг қилганини қиламан, деб мақтанарди у. Ҳар мақтанганда ўнг билагидаги шапалоқдай қора холида ўсган юнгларини чап қўли билан силаб-сийпаб қўярди. Ҳайит мерган бир гал катта бўрини қоп­қонга тушириб, бўйнига занжир солиб қишлоққа етаклаб келган. Уйма-уй олиб юриб, бир тутам юнгигача юлдириб, чўпон-чўлиқдан, ирим-сиримчидан чой-чақа ундирган. Лекин Ҳайит мерган Нортойчалик нафси ўпқон, бориб турган сурбет ва манман эмасди. Буни қарангки, кунлардан бирида шаҳарлик бойвачча Нортойнинг уйига егулик-ичкилик тугунча билан келди. Иковлон шакаргуфторлик қилишди. Иккита ароқни газаксиз ичишгач, бойвачча ёрилди:
– Ако мерган, агар урғочи бўрининг терисини шилиб, андоми билан кесиб берсангиз, мен уни тумор қилиб қўлтиғимга осиб юраман. Буёғи менинг фойдамга. Сизга эса икки ҳўкизнинг пулини бераман, келишдикми, қўлни ташланг!
Боя айтганимдай, Нортой отасидан ошиб тушди. Отбоқарликда “каттасини майдалаб” бойиб кетди. Бинойидай соғ-сандал, хушрўйгина хотини устига хотин олди. Сал кунда бир сурув бола-бақранинг қуршовида қолди. Уларнинг ҳам ризқини Худо беради, ҳадемай каттаси кичигини боқади, давримни сурай, деб ўз нафсининг қулига айланади. Ярим палла тарвуздай қоринчаси каттариб, маърака қозондай бўлди. Битта ширвоз қўзи ёки улоқ гўштини тоштамирга солиб, чала-чулпа пишириб ҳеч кимни шерик қилмай икки жуфт ароқ билан пок-покиза тушириб, товушқонни тирик ютган илон каби тўлғаниб, икки-уч кун қоқ ерда ағанаб ётадиган бўлди. Охирида йилқиларни йиғиб, тўдалаш, қопқонларни кўриб келишга ҳам ярамай қолди. Бу орада бўри қопқоннинг зўри иш қилди. Кўкёл кейинги оёғидан пўлат қопқонга илинди. Жон ҳолатда роса уринди. Анча жойгача оғир темир ва занжирли кундани судраб борди. Лаънати кунда орқадан судралиб бориб, бора-бора икки тош орасига қисилиб қолди. Аввал ўлмасанг, ана энди ўл! Худди шу пайт узоқдан одам қораси кўринди. Кўкёл кучаниб тортди, бўлмади. Акбар бўрининг тириклай қўлга тушгиси йўқ. Алам устида бир инг­ради-ю, қопқонга илинган оёқни ўз тишлари билан авайламай узиб ташлади. Бўрини оёқлари боқади. Қолган учовигаям минг шукур. Бироқ қочса қутулолмайди. Қувса етолмайди. Унинг Кўкёллиги қолдими? Узилган оёғига қўшилиб, Нортойнинг нафси ўпқонига тушиб кетди. Ночор ва ғариб бўлиб, ўтган туну кунида Нортой семизни шундай қарғадики, бу қарғишни одамзот тилига таржима қилиб бўлмайди. Йўлини топиб ўзбекчага ўгирсанг ва ёзиб чиқсанг ҳам Нортою Жабборқулга ўхшаганлар ўқимайди. Фалокат босиб ўқиса ҳам уқмайди. Бироқ битта юпанч бор. Уям бўлса Худога солмоқ. Мен қиламан ўттиз, Худо қилади тўққиз. Шу тўққиз ҳам ўттизни ямламай ютади. Бир энанинг икки эмчагини эмиб каттарган ер фарзандлари бир-бировига , ўз-ўзига хиёнат қилгани ёмон-да…
Ўша йили Нортой отбоқар отдан йиқилиб, умуртқаси узилиб, бир умрлик тўшакка михланиб қолди. Ўзича, буям бир тасодифда деб ўйлаб, тавба-тазарру қилгани йўқ. Оғзига тутқазганни пишиллаб еб ётибди. Фақат шу тувак тутгани ёмон.
Тиниб-тинчимаган Жабборқул эса лой йўлдан машинаси билан тойиб, жарга қулади-ю, хайрият, жони омон қолди. Ҳаммадан зўр “Виллис”ни тиклаб бўлмади. Кетини қисган бой бўлади, деган нақл бўриларга айтилган шекилли, доим думини чотлари орасида олиб юради. Сираям кетини кўрсатмайди. Шуни сездими, Жабборқул ҳам кетига “пўстак боғлади”… Ҳозирча, товба-тазарруга ўрин йўқ.
Бугунга келиб ўша тоғлар аввал ўрмон хўжалигига кейин қўриқхонага айланди. Эрмакка чумчуқ отадиган мерганчаларнинг беҳужжат милтиқлари йиғиб олинди. Аёвсиз кесилган дов-дарахтлар танасидан дуркун новдалар ўсиб чиқди. Бир пайтлар Оқтовга аразлаб кетган қобонлар қайтиб келаётир.
Фақат Яратганнинг ҳукмига амал қиладиган Кўкёлнинг болалари эса бехавфу хатар юрибди. Акбар бўрининг ғамли ҳикояси эса ўтмишга айланган.