Пешин. Ҳали баҳорнинг бир неча кунлик ҳақи бўлишига қарамай ҳаводан ёз нафаси келади. Қайрағоч тагидаги сўрида онам кўрпа қавияпти. Уй биқинида олапар итимиз тил осилтириб мудраяпти. Ўзи қоп-қораю, негадир унга отам олапар деб ном берган, биз ҳам шунга ўрганганмиз. Бир сафар дугонам Дилфуз “итингнинг номи олапар эмас қорахонми, қоравойми бўлиши керак” деганди ўзича билағонлик қилиб. Мен ҳам унинг гапига кириб қорахон, қорахон деб жаврайверганимдан отамдан дакки эшитганман. Аслини олганда ўзи ҳар доим шунақа, янгиликни Дилфуз топадию, ўрганиш эса мендан. Мана яқинда холасиникига меҳмонга бориб, “беш тош” деган ғалати ўйинни топиб келди. Шундан бери бедана тухумидеккина бешта сийқа тош қўлимиздан тушмайди. Ўрганиб қолганман-да. Дилфуз ҳам ҳовлимизга эрталаб келса кечқурун кетади. Ҳозир ҳам сўри ёнида қўлидаги тошларни ҳар замонда шақирлатиб мени кутаяпти. Ўзимга қолса аллақачон Дилфуз билан ўйнаётган бўлардим, аммо ноилож. Ипни учини тупуклаб тўғрилаб игнага
ўтказарканман, қўшнимиз Зулхумор хола кириб келди. Бу гапдон холани ёқтирмасам ҳам, ҳозир жуда яхши кўриб кетдим.
— Ҳорманг-ов, овсин, — деди у биз тарафга семизлигидан ҳарсиллаб қадам ташлаб келаркан.
— Бор бўлинг-ов, келинг, қўшни, — дея онам ўрнидан туришга ҳозирланди.
— Сиқилиб кетдим, шунга бир олдингизга чиқай дегандим.
— Яхши қилибсиз, ўзимам зерикаётгандим,— онам жойидан қўзғалиб у билан кўришди. Зулхумор холани келганидан фойдаланиб секин ўрнимдан турдим-да, Дилфузга кетдик имосини қилдим. Онамнинг кўзини шамғалат қилиб ҳовли этагидаги боғнинг тўрига чопиб кетдик. Бизнинг ўйнайдиган жойимиз боғимизни тўридаги катта тут дарахтининг таги эди. Мевасининг ҳар донаси бошмолдоқдай келадиган тут шохларининг ярми бизнинг ҳовлимизда қолган бўлса, ярми Хадича холаларни ҳовлисига ўтиб кетганди. Дарахт тагига борганимиздан кейин Дилфуз ерга таппа ўтирди. Унинг ёнига чўккаладим-да, юзи пўрсиб турган ерни қўлим билан супурдим. Кўтарилган қуюқ чангни ҳайдаш учун қўлимни бир-икки обориб-обкелиб, тошларни ёйдим. Дилфуз худди ҳеч қачон кўрмаган нарсасини кўраётгандай кўзларини катта-катта очиб:
— Айтганча, Хадича холаникига келган шаҳарлик қизни кўрдингми? Ойим роса мақтади, сочлари узунмиш-а! — деди менга саволомуз тикилиб.
Кўз олдимга пушти ранг кўйлак кийиб юрадиган, оппоқ қиз келди.
— Ҳа, — дедим мақтанганнамо,— мен уни ҳар куни кўраман.
— Ростданми!?
— Ҳа, рост.
— Ростдан ҳам сочлари узунми?
— Сочлари узу-ун, кўйлаги мана бу ерига келади,— ўрнимдан туриб тиззамдан пастроғини кўрсатдим,— иш қилса кўйлагининг устидан этакбанд боғлаб юради.
— У билан гаплашдингми? — ҳайратини яширолмай сўради Дилфуз.
— Гаплашмадиму…
— Нима қилдинг, бирга ўйнадингларми,— ичи қизиди унинг.
— Бирга ўйнамадиг-у, — чайналдим,— лекин уни ҳар куни кўраман.
— Қандай кўрасан?
— Кўришни хохлайсанми, юр уни кўрсатаман.
Ўрнимдан туриб тутга чиқа бошладим.
— Қаёққа?— ҳайрон бўлди Дилфуз.
Унга қарамасдан чиқ ишорасини қилдим. Дилфуз бир пас анграйиб турди-да, шохларга осилиб изимдан тирмашди. Йирик шохлар кесишган жойга ўрнашиб ўтириб олдим. Бу ердан Хадича холани, ҳовлиси кафтдек кўриниб турарди. Хадича хола ўзини елпиғич билан елпиб ўтирар, шаҳарлик қиз ҳовли супурарди.
— Шуми шаҳарлик қиз? — сўради ёнимга келиб ўрнашган Дилфуз.
— Ҳа,— дедим секин шивирлаб, худди шаҳарлик қиз эшитиб қоладигандай.
Аммо шаҳарлик қиз ўз юмуши билан банд эди. У бошига янги келинчаклардай рўмол ўраб олган, рўмол тагидан қора, қуюқ сочлари чиқиб турарди. У ҳовлини супуриб бўлиб, бир чеккада турган пақирни олди. Ҳовли этагидан оқиб ўтадиган ариқдан сув олиб, супурилган жойга майдалаб сепа бошлади. Унинг қўллари тез ҳаракатланар, сув парчалари қуёш нурида жилоланиб бир текис ерга ёйиларди. Шаҳарлик қиз ҳовлининг ярмига борганида қаердандир мушук боласи келиб, унинг оёғига суйкалди. Шаҳарлик қиз пақирни ерга қўйди-да, мушук боласини қўлига олиб, унинг бошини меҳр билан силади. Кейин уни сўри устига қўйиб, ишини давом эттирди. У зумда ҳовлига сув сепиб бўлиб, қўлини этакбандига артганча, дорга ёйилган кийимлар томон юрди. Уларни йиғиштириб олиб, ҳафсала билан тахлай бошлади. Афтидан кийимларни ҳам унинг ўзи ювганди. Мен унинг чаққон ҳаракатларини кузатиб турарканман, Дилфуз енгимдан тортди.
— Юр, тушайлик, зерикиб кетдим, яхшиси ўйнайлик.
Зумда ўзимизнинг майдонимизга қайтиб, ўйинимизни бошладик. Билмадим, орадан қанча вақт ўтди. Бир пайт онамнинг “қизим-у” деган овози эшитилгандай бўлди.
— Онамми?— Дилфузга савол назари билан қарадим. У бир зум атрофга қулоқ солиб турди-да, елкасини қисди. Парво қилмай ўйинга машғул бўлиб кетдик. Бир оздан кейин яна шу овоз эшитилди.
— Онам,— ўрнимдан сакраб туриб сўри тарафга югуриб кетдим.
— Қаерда юрибсан, яна тут тагидамисан?—жаҳли чиқди онамнинг.
Зулхумор холанинг ёнида уришаётгани учун ер тагидан онамга хўмрайдим.
Тумтайиб турганимни кўриб, онамнинг баттар зардаси қайнади.
— Хўмраймасдан ичишга сув олиб кел.
Индамасдан ошхона тарафга қараб юрдим. Шангилда сув обчиқар эканман, ҳовлининг эшиги очилиб Хадича холанинг қораси кўринди.
— Ҳали буёқдамидингиз, сизни қидириб чиқаётгандим, — деди Зулхумор холага қараб.
— Келинг, шу ёқдаман, ҳашар қилаяпман,— табассум қилди Зулхумор хола.
— Келинг сиз ҳам ҳашарга, мундоқ чиқай демайсиз,— ўпкалаган бўлди онам.
— Мана, чиқаяпман-ку, қуллуқ бўлсин, кўрпа чиройли чиқаяпти, — деди Хадича хола сўрига келиб ўтираркан. Кейин қўлтиғидан янги тикилган атлас кўйлакни олиб ёйди. Атлас кўйлак офтобда ялтиллаб кетди.
— Вой, бунча чиройли тикибди,— ҳайратини яширолмади Зулхумор хола,— тўғриси, бунчалик яхши тикади деб ўйламагандим. Қўли дард кўрмасин.
— Ҳа, жуда чиройли чиқибди, менга ҳам тикиб берар¬микан, — деди онам кўйлакни у ёқ-бу ёғини айлантириб кўраркан.
— Вой, тикиб беради, қўшни, Раънохон бунақа ишлардан сираям қочмайди.
Гап шаҳарлик қиз тўғрисида кетаётганини дарров англадим.
— Мана, Зулхуморга тикиб берди, — давом этди Хадича хола, — қўшни маҳалладан иккита аёл келувди. Уларгаям тикиб берди. Менгаям тикиб берди, чиқсангиз кўрсатаман. Уям жуда чиройли чиқди. Зулхуморни кўйлагини эрталаб битказувди, энди ширинлик пишириб бермоқчи. Шунга сизникига элакка чиқувдим. Ўзимизникини ҳеч тополмаяпман, билмайман, нима қилганман.
— Нима қилмоқчи, тортми?— сўради Зулхумор хола.
— Билмадим, туркча пишириқ деди шекилли, номи қанақайдия, — у пешонасини тириштириб менга юзланди, — нима деб аталарди, сен билмайсанми?
Кўйлакдан кўз узмай унга жавобан елка қисдим.
— Бу қаерданам билади, куни ўйин ўйнаш билан ўтади, — мени ўрнимга жавоб берди онам, кейин менга ўгирилиб:— Кўрдингми, сен тенги қизни нима ишлар қилаётганини, бор элакни олиб чиқ, — деди жеркиб. Ошхонадан элакни олиб чиқиб, Хадича холага тутдим. Онамни улар билан андормон бўлаётганидан фойдаланиб яна тут тагига чопдим.
Эртаси куни Хадича хола элакка қўшиб, салофан халтада пишириқ олиб чиқди. Онамдан улушимни олиб яна тут тагига югурдим. Ширинликни Дилфуз билан тақсимлаб едик. Устига ёнғоқ қадалган пишириқ оғзимда худди музқаймоқдек эриди.
Кечқурун Зулхумор холаникига меҳмонлар келди. Ҳамма бола-бақра Зулхумор холалар уйи олдида. Ҳамма ўз тенгилари билан қандайдир ўйин билан машғул. Ўғил болалар уруш-уруш ўйнаган, айримлар яшинмачоқ, биз ҳам қизлар билан айлана бўлиб ўтириб беш тош ўйнашга киришгандик. Бир маҳал ёнимда ўтирган Мадрим муаллимнинг қизи Иқбол биқинимга туртди.
— Қара, телевизорда кўрсатган, биологиядан биринчиликни олган қиз, — деди дарвозага суянганча ўйнаётганларни кузатаётган шаҳарлик қизни кўрсатиб.
— Йўғ-э, — дедим ишонқирамай, — ростданам телевизорда чиққанми?
— Ҳа, дадам айтдилар. Яна айтдиларки, бу қиз ўзбек тилидан ташқари учта чет тилини биларкан.
Бир шаҳарлик қизга, бир унга қараб қўярканман, бу гапларни эшитиб шаҳарлик қизга ҳавасим келиб кетди. Шаҳарлик қиз бизнинг ўзи ҳақда гаплашаётганимизни сезди шекилли, ён-верига қараб ўнғайсизланди. Аммо лаҳза ўтмай ўзини тутиб олиб, биз тарафга қараб тураверди. Унинг боқишларида илинжга ўхшаган изтироб бор эди. Унинг биз билан ўйнагиси келаяпти деб ўйладим. “Бу ёққа кел” имосини қилиб унга қўл силкидим. Менинг қўл силкиганимни кўриб, қизлар ҳам уни чақира бошлашди. Шаҳарлик қиз нима қиларини билмай довдираб турди-да, иккиланиб биз тарафга кела бошлади.
— Кел, биз билан ўйнайсанми? — деди Дилфуз унга қараб. Шаҳарлик қиз “ҳа” маъносида бошини қимирлатди.
— Ўтир, ўйнашни биласанми?
— Йўқ, — деди шаҳарлик қиз кўзларини пирпиратиб, Дилфуз кўрсатган жойга ўтираркан.
— Мана, қара,— деди Дилфуз қўлидаги тошларни кўрсатиб, — шунақа бешта тош бўлади, шунинг учун ўйиннинг отиям беш тош. Ҳозир менинг олти очком бор, яна менинг галим, мен ўйнайман, қараб ўтирсанг ўрганасан. Галинг келганда бирликдан бошлаб ўйнайсан.
Дилфуз шундай деб ўйинни давом эттирди. Гал шаҳарлик қизга келди. У қўлига тошларни олиб, ўйланиб қолди. Дилфуз бошқаттан тошни қўлига олиб бир бошдан кўрсатиб берди. Шаҳарлик қиз яна туриб қолди. Дилфуз унинг ҳолатини кўриб:
— Келинглар, яхшиси картчка-картчка ўйнаймиз, — деди. Кейин шаҳарлик қизга қаради: — Сен биласанми?
Шаҳарлик қиз бошини сарак-сарак қилиб “йўқ” ишорасини қилди.
— Оқ теракни-чи?
— Йўқ.
— Ўртага тушарни-чи?
— Йўқ.
— Ғоз ва бўриларни?
— Йўқ.
— Нимани биласан ўзи? — Дилфузнинг аччиғи чиқди.
Шаҳарлик қиз қўлидаги тошга қараб жим қолди. Унинг туришини кўриб раҳмим келди. Яхшиси беш тошни ўйнайверайлик, шу яхши, ўрганиб кетади дедим Дилфузга қараб. Яна қизлар билан айлана бўлиб ўтириб олдик.
— Қара, — дедим шаҳарлик қизга. — Олдин бирларни ўйнайсан, кейин иккилик, кейин учлик, кейин тўртлик, кейин финал, кейин супер финал, унда тошларни осмонга отиб қўлингнинг орқаси билан тутиб оласан, қанча тутиб олсанг, шунча очко олган бўласан, тушундингми?
У менга худди партадошим Шарифга ўхшаб қараб турар, Шарифга математикадан қанча ўргатмай, тушундим дегандай бошини қимирлатиб қўяр, гал мисол ечишга келганда қандай эди деб сўрарди. Шаҳарлик қиз ҳам худди Шарифга ўхшаб бошини қимирлатди. Шундан кейин ўйинни бошладик. Гал айланиб унга келди. У қўлига тошни олди-да, туриб қолди. Уни тўхтаб қолганини кўриб, бошласанг-чи, дедим қистаб. У шоширганимдан кейин худди ўйинни бошламоқчидай тошларни ажратди, қўшди, яна ажратди. Кейин тошларни ҳаммасини бир қилиб қисимлади, қўл томирлари бўртиб кетди. Тошлардан шақирлаган овоз чиқди. У шу ҳолича бир пас турди-да, қандай эди дегандай яна менга қаради. Мен қолиб ўрнимга қизлар чувиллашиб кетишди.
— Шуниям билмайсанми… мана бунақа бўлади… қара, бунақа қиласан…осмонга бундай отасан…ҳалиям ўрганмадингми…ўзи ўйин ўйнаб кўрганмисан…
Шаҳарлик қиз ҳар тарафдан чувиллашаётган қизларга бир-бир аланглади-да, бирданига юзини беркитиб йиғлаб юборди. Кейин ўрнидан турди ва ҳовлига чопиб кириб кетди. Шаҳарлик қизнинг изидан қараб қоларканмиз, унинг нима учун йиғлаганини билолмай, бир-биримизга қараб елка қисиб қўя қолдик.