Яшил майса билан қопланган кенг дала. Узоқда қорли тоғлар кўзга ташланади.
Тошмурод полвон чиройли саман той етаклаб келяпти. Юришлари виқорли. Саман тойнинг пешонасидаги оппоқ қашқаси гўё юлдуздек чарақлайди, майин ёлию узун думларини шамол ҳилпиратиб ўйнайди.
Тошмурод полвоннинг чеҳрасида қувонч, ғурур акс этган. Қаршисида онаси Рўзихол момо, хотини Саодат ва бешала қизлари унга жилмайиб тикилиб туришибди. Тошмурод полвон бир Саман тойга, бир уларга қараб, алланечук хижолатли илжаяди. Қаердандир пайдо бўлган Қоракўз йўртиб келиб, Саман тойга тумшуғини чўзганча, уни искалайди. Саман той ёлдор бўйнини гажак қилиб кишнайди…
Тошмурод полвон уйғониб кетди. Бир муддат карахт ҳолда ўтирди. Кўрганлари шунчаки туш эканлигини пайқагач, елкасига чопонини ташлаб ташқарига чиқди.
Тонг бўзариб келмоқда эди. Олис-яқиндан хўрозларнинг қичқириғи эшитиларди.
Хожасининг қорасини пайқаган Қоракўз сайисхонада бетоқатланиб пишқирди. Тошмурод полвон ўша томон юрди. Отининг ёнга оғиб қолган жабдуғини тўғрилаб, айилини тортди. Унинг ёлини оҳиста силади.
— Бугун бир туш кўрибман, Қоракўз. Тушимда Саман той етаклаб юрган эмишман… Тонгда кўрилган туш хосиятли бўлади, дейишади…
* * *
Оқшомлари ерга қиров қўниб, осмонда мезонлар уча бошлаган куз кунларидан бири. Баланд қирлар пойидаги кенг-мўл, текис майдонда кўпкари давом этаяпти. Ўртага ташланган улоқ устида юзлаб чавандозлар ва отлардан иборат издиҳом улкан тўлқиндек чайқалади.
Чавандозлар тинимсиз давра ўртасига ниқтаётган улоқчи отлар бетоқат пишқирганча, ўмрови билан бошқа отларни четга суриб, олдинга интилди. Лекин орасидан қил ҳам ўтмайдиган зич жонли халқани ёриб ўтиш осон эмас эди.
Эгнига жанда чопон кийиб, бошига ғози учган қоракўл телпак бостириб олган ёшгина чавандоз терга ботган саман отининг жиловини силтаб улоқ томонга интилди. Аммо саман ўзига йўл очолмай, ортга тисарилди. Йигит отни беаёв қамчилаганча, яна жиловни издиҳом сари бурди. Саман тулпор кўкка сапчиб, жон ҳолатда давра ўртасига йўл олди.
Барваста қоматли, қорачадан келган Бешим чавандоз таърифи тилларда достон бўлган Тўриқ қашқаси билан улоқни даврадан айириб чиқди. Пайт пойлаб турган чапдаст четгирлардан бири улоққа ёпишди. Қирнинг устида қалдирғочдек тизилишган томоша¬бинлар орасида бақир-чақир, қийқириқлар авжига чиқди.
Бешим чавандоз ҳайқирганча бор кучи билан улоқни силтаб ўзига тортди. Четгир чавандоз бундай кучга дош беролмади, улоқ унинг қўлидан сирғалиб чиқиб кетди. Бедов ҳам гўё шуни кутиб тургандек, елдек учиб, илгарилаб кетди.
— Ҳалол! Бешим полвоннинг зоти ҳалол! — дея қичқирди унинг ортидан от қўйиб бораётган Қўчқор баковул.
Бешим чавандоз улоқни ерга ташлаб, Тўриқ қашқа билан даврани бир бор айланиб чиқди. Томошабинларнинг олқиши атрофни тутиб кетди.
— Ай, оғайнилар, юрагида ўти бор чавандозлар, Бешим полвон улоқни ҳалоллаб айирди! — дея хитоб қилди Қўчқор баковул атрофини ўраб олган чавандозларга. — Сиз ҳам ундан ибрат олинг. Кўпкари — мардларнинг эрмаги. Ғирром аралаштириб, ўзингизни эл олдида беобрў қилманг. Билиб қўйинг, улоқ соврин учун чопилмайди, орият учун чопилади… — Қўчқор баковул улоқни тақимига босиб олдинга юрди. — Раҳимбойнинг кўпкарига атагани ҳаммангизга етиб-ортади! — Эгнига ҳашамдор тўн кийиб, бошига чўғдек дўппини қўндириб олган Раҳимбой от устида виқор билан ўнгу-сўлга таъзим қилди. — Кеп қолинг, зўрларингиз оп қолинг!
Бешим чавандоз қирда ўтирган томошабинлар ёнига Тўриқ қашқани йўрттириб борди. Ўзининг шаънига янграётган олқишларга жавобан одамларга таъзим қилиб, икки киши етаклаб келган қўчқорни даст кўтариб, олдига ўнгаради-да, отига қамчи босди.
Одамлар орасида ғала-ғовур кўтарилди.
—Тўриқ қашқанинг олдида ҳар қандай тулпор ёшига етмаган тойчоқнинг ҳолига тушиб қолади, — деди улардан бири. — Жонивор кўпкари учун яралган-да.
— Айтишларича, Бешим чавандоз улоқни тақимига бостирса, оти қанот чиқариб учармиш! — деди бошқа бир томошабин.
— Қанот битса, шундай жониворга битади-да — деди бояги киши шеригининг гапини маъқуллаб.
Қирнинг беткай тарафида Раҳмат қассоб Қашқа дўнонини қичаб, Бешим чавандозга пешвоз чиқди. Бешим чавандоз гап-сўзсиз олдига ўнгарилган қўчқорни Раҳмат қассобга узатди.
— Бошланиши ёмон эмас, — деб кулди Раҳмат қассоб жон ҳолатда типирчилаётган хисори қўчқорнинг қуйруғига шапатилаб қўяркан. — Бу ёғигаям омадингизни берсин, қуда.
Бешим полвон давра сари интилаётган Тўриқ қашқанинг жиловини бўшатиб, сағрисига қамчи босди. Шуни кутиб турган жонивор олдинга ўқдек учди. Раҳмат қассоб Тўриқ қашқанинг ортидан отилган Қашқа дўнонининг жиловини қўш-қўллаб тортиб, зўрға тўхтатиб қолди.
— Шошма, жонивор. Яна бирон йил сабр қилсанг, бўз йигитдек кучга тўласан. Ана унда сен билан Алпомишнинг Бойчиборию, Гўрўғлининг Ғироти ҳам бўйлаша олмайди.
Бешим чавандоз жунбушга келган бўрон янглиғ шитоб билан даврага ёриб кирди-да, кўз очиб-юмгунча улоқни тақимига бостириб ажралиб чиқди. Улкан издиҳом “гурр” этиб қўзғалди. Тўриқ қашқа гўё чиндан ҳам қанот боғлаб учарди. Бешим чавандозни таъқиб қилаётган четгирлар ҳам улоқдан умид узиб, отларининг жиловини тортишди.
Қўчқор баковулнинг хирқироқ товуши янгради:
— Ҳал-о-л!..
* * *
Тепаликнинг одамлардан холи чеккасида Тошмурод полвон Қоракўз лақабли отини совутмоқда эди. Ранги тим қора, селкиллаб осилиб тушган чиройли ёли ўзига ярашган Қоракўз арқонидан ушлаб турган хўжасининг атрофида бўйнини гажак қилганча доира қуриб бир маромда айланарди.
Тошмурод полвон Қоракўзнинг баданини обдон қиздириб олгач, эгар-жабдуғини бостириб, айилини тортди. Узангига оёқ қўйиш олдидан одатича Қоракўзнинг ёлини силаб, мудом ёшланиб турадиган тим қора кўзларига тикилди.
— Сен шу пайтгача юзимни ерга қаратмадинг… Бугун ҳам мени уялтириб қўйма, Қоракўз!
Шундан сўнг Тошмурод полвон чаққонлик билан отга миниб, пастга энди.
Қирда ўтирган одамлар орасида яна ғала-ғовур бошланди.
— Қаранглар, манғитқишлоқлик Тошмурод полвон келаяпти! — деди писта чақиб ўтирган ўспирин ҳаяжонини яширолмай.
— Ҳа, чинданам, Тошмурод полвон экан, — деб унинг гапини маъқуллади қўлини қошига соябон қилиб ўша томонга тикилиб турган йигит. — Қоракўзни миниб олган.
— Бешим чавандознинг кушандаси ана энди топилди, — деди майса устида ёнбошлаб ётган олифтанамо кийинган, шопмуйловли киши.
— Соврин иккаласидан бирида кетиши аниқ, — деди тиззасини қучоқлаган куйи даврага термулиб ўтирган кекса чол салмоқлаб.
Нуроний чол чўнтагидан носқовоғини олиб, нос отди.
* * *
Ҳозиргина улоқ айирган Бешим чавандоз холироққа чиқиб, терга ботган Тўриқ қашқанинг жиловини Раҳмат қассобга тутқазди.
— Яхшилаб совутинг, — деди пешонасининг терини арта туриб. Сўнг гижинглаган саман от устида ғўдайиб турган қорамағиздан келган, ўттиз ёшлар атрофидаги йигитга юзланди. — Ҳой, Нуралибой, саманингни олиб кел!
Нуралибой шошиб отдан тушди-да, тавозе билан жиловни Бешим чавандозга тутқазди. Бешим чавандоз чағир кўзларини қисиб, саманга синчиклаб разм солди.
Нуралибой гўё шу топда ҳаёт-мамоти ҳал бўладигандек бесаранжомланиб қолди.
— Бойловдан яхши чиқарибсан, — деди отнинг ҳолатидан кўнгли тўлган Бешим чавандоз лоқайд оҳангда. Нуралибойнинг юзида ғолибона табассум пайдо бўлди.
— Бизнинг саманни кўпкарининг охирги совринига чопсангиз дегандим, — деди у керилиб.
Бешим чавандоз чапдастлик билан отга минди.
— Кўнглинг тўқ бўлсин. Бугун Раҳимнинг совринини сенинг саманинг билан айираман! — деди у ишонч билан. Отнинг жиловини кўпкари томон бурди.
Бешим чавандоз давра яқинида Тошмурод полвонга дуч келди.
— Э, Тошмуродбой, сиз ҳам шу ердамидингиз? — деди у кинояли илжайиб. — Боядан бери улоқда кўринмаганингизга, полвон ошнамиз бугун от чопиш ўрнига уйида қизларига энагалик қилиб ўтирибдими, деб ўйловдим-а.
Уларни қизиқиш билан кузатиб турган беш-олти чоғли отлиқлар зимдан ўзаро маъноли кўз уриштириб олишди.
— Ҳа, биз ҳам келувдик, — деди Тошмурод полвон Бешим чавандознинг қочиримини сезмасликка олиб. — Шундай кўпкари турганда уйда ўтирамизми?
— Маъқул. Эмаса, кучингизни даврада кўрсатасиз-да.
Бешим чавандоз саманни давра сари елдириб кетди. Тошмурод полвон ҳам ноилож унинг кетидан юрди…
* * *
Қуёш уфққа оққанда Қўчқор баковул улоқни тақимига бостириб олдинга чиқди.
— Раҳимбой охирги совринга ҳўкиз атаган. Кимда-ким улоқни даврадан айириб, “қора”га олиб борса, соврин шунга насиб этади, — деб у икки чақиримча нарида боши узра оқ ялов ҳилпиратиб турган отлиққа ишора қилди.
Тошмурод полвон билан Бешим чавандоз беихтиёр кўз уриштириб олишди.
Кўпкарида минг зот айирган билан охирги совриннинг йўриғи бошқа. Охирги совринни яккаш чиқариб, “қора”га элтган чопағоннинг номи анча вақтгача тиллардан тушмайди. Охирги соврин кўпкариларда зотнинг сайламасини териб юрган номдор чавандозлар учун ҳам, давраларда йиқилиб-суриниб, аста-секин тобланиб келаётган ёш йигитлар учун ҳам бир синов эди. Шу боис баъзи чопағонлар майда-чуйда зотларга кўпам чалғимасдан, кўпкарининг якунигача сабр қилишарди. Бу гал ҳам совринга кўз тикиб, отини совутиб ўтирганлар оз эмасди.
Қўчқор баковул тақимидаги улоқни ерга ташлаб, четланди. Шу дамни интиқ кутиб турган чопағонлар улоқнинг устига от ҳайдашди. Бир муддат шашти пасайган дашт шамоли қайта қўзғолгани цингари даврада яна шовқин-сурон қўпди. Чавандозларнинг асабий ҳайқириғи, сувлиқ чайнаган отларнинг пишқириғи, қамчиларнинг қарсиллашию бир-бирига урилаётган мис узангиларнинг бўғиқ жаранги ўзаро қоришиб кетди.
Бир пайт Тошмурод полвон билан Бешим чавандоз улоқ талашиб даврадан ажралиб чиқди. Юзлаб отлиқлар гуриллаб уларнинг ортидан эргашди. Бир-бирига пайванд қилингандек, ёнма-ён шамолдек елиб бораётган саман билан Қоракўз яккам-дуккам таъқибчиларни ортда қолдириб, тобора илгарилаб кета бошлади. Уларни бироз таъқиб қилиб борган уч-тўрт чоғли четгирлар ҳам бундан бир иш чиқишига кўзлари етмай, отларининг жиловини тортишди.
Тошмурод полвон билан Бешим чавандоз анча жойгача улоқни қўлма-қўл талашиб кетишди. Кутилмаганда Бешим чавандоз чапдастлик билан улоқни тақимига бостириб, бор кучи билан узангини пастга босди. Қоракўз мувозанатини йўқотиб, мункиб кетди. Тошмурод полвон эгардан учиб кетмаслик учун улоқни қўйиб юбориб, отнинг бўйнига ёпишди.
Қоракўз бир лаҳзада ўзини ўнглаб олди. Аммо бу пайтда Бешим чавандоз бироз илгарилаб кетган, боши узра рўмол ҳилпиратиб турган суворий анча равшанроқ кўзга ташланмоқда эди.
Тошмурод полвон қаддини ростлаб, яна олдинга интилди. Қоракўз қулоқларини чимириб саманнинг орқасидан шамолдек учиб борарди. Орадаги масофа қисқара бошлади. Қуюндай бостириб келиб, улоққа ташланган Тошмурод полвонни кўргач, Бешим чавандознинг ғазабдан кўзлари олайиб кетди.
— Ай, итдан тарқаган шўрманглай, мен билан ўйнашма! — деб бақирди у тишларини ғижирлатиб. — Йўлимдан қоч!
Тошмурод полвон унинг гапига эътибор бермай, улоқни куч билан ўзи томон тортди. Бешим чавандоз бундай шиддатга дош беролмади — улоқ қўлидан сирғалиб чиқиб кетди. Аммо у Тошмурод полвон ортда қолганида таъқиқланган усулни қўллаган, яъни таканинг пойчасини чилвир билан эгарнинг бошига тугиб олишга улгурган эди. Шу усул жонга оро кирди.
— Қўлингдан келса, тортиб ол, қизмижоз! — дея хунук оҳангда хиринглади Бешим чавандоз.
Тошмурод полвонга рақибининг бунақа қилиқларини кўравериб ўрганиб кетган эди. Шундай бўлишини олдиндан билгандек, хотиржам ва совуққон эди. У улоқни ўнгу сўлга тортқилаб, ўзича чилвирнинг мустаҳкамлигини чамалаб кўрди. Бешим чавандоз баттар асабийлаша бошлади.
— Шунча зот олиб ҳам ўпқонинг тўлмадими, энағар! — дея ўшқирди у. — Керак бўлса, совринга тикилган ҳўкизни сенга бераман. Фақат шу гал индама! Мени шарманда қилма!
— Мен зот учун улоқ чопмайман! Совринниям насиб қилган олади…
Тошмурод полвон қўллари игна санчгандек жазиллаб ачишаётганини сезиб қолди. Бешим чавандоз унинг улоқ сиқимлаган панжаларига аямай қамчи туширмоқда эди. Тошмурод полвон “ҳайт!” дея улоқни силтаб тортди. Қоракўз ҳам шуни кутиб тургандек шиддат билан ёнга бурилди. Саман қалқиб кетди. Бундай бўлишини кутмаган Бешим чавандоз жон ҳолатда отининг жиловига ёпишди. Улоқ бир лаҳза ҳавода муаллақ осилиб қолдию чилвир “чирс” этиб узилди.
Бешим чавандоз марра сари қуюндай учиб бораётган рақибини ғазаб, алам аралаш ҳасратли нигоҳ билан кузатиб қолди. Ана, у “қора”га етиб, тақимидаги улоқни ерга ташлади. Суворий бош узра ҳилпиратиб турган оқ яловни пастга туширди.
— Ҳалол! — дея ҳайқирди марра сари от қўйиб келаётган Қўчқор баковул. — Совринни манғитқишлоқлик Тошмурод полвон она сутидай ҳаппа-ҳалоллаб айирди! Қандингни ур, шоввоз!..
Бешим чавандознинг кўз олдини қоп-қора туман қоплади. Миясида пайдо бўлган лахча чўғ бутун борлиғини алангаи оташ қилиб куйдира бошлади. У нажот ахтаргандек теваракка мастона кўз ташлади. Тинимсиз пишқириб, бетоқат сувлиқ чайнаётган саманга тикилиб қолди. Кутилмаганда у жиққа терга ботган, бадани кумушранг тусда товланаётган саманни бош-кўзи аралаш аёвсиз савалашга тушди. Қамчи зарби суяк-суягигача ўтиб кетган жонивор жон аччиғида кишнаб ўзини уёқдан-буёққа урар, аммо эгарга қуйилган қўрғошиндек “қилт” этмай ўтирган чавандознинг измидан халос бўлишга қурби келмасди.
Бешим чавандоз яккажилов қилиб тортиб отнинг бўйнини қайирди-да, бор кучи билан қоқ манглайига қамчи туширди. Нуралибойнинг самани бўғзига пичоқ тортилган новвосдек ихраб юбориб, чўккалаб қолди. Бешим чавандоз эгардан тушиб, шартта ортига бурилиб кетди. Етиб келган отлиқлардан бири салт қолган отнинг жиловидан тутди…
Тошмурод полвон Қоракўзни четга олиб чиқиб, совутаётганида Раҳмат қассоб Қашқа дўнонини йўрттириб келиб қолди.
— Бизнинг қудадан улоқни ололмассиз деб ўйловдим. Қойилман, ука, — деди у очиқ чеҳра билан. — Сизнинг шарофатингиз билан бугун Манғитқишлоқда катта тўй бўлиб кетади-ёв.
Тошмурод полвон кулиб қўйиб, Раҳмат қассобнинг тагида гижинглаб турган Қашқа дўнонга зимдан разм солди. Бақувват ўмровига узун шокилали бахмал тумор осилиб, қизғиш ёли ҳафсала билан кузалган жонивор калта қулоқларини чимирганча Коракўзга сергак тикилиб турарди. Шу туришида у ўлжасига чанг солишга шайланган қирғийга ўхшарди.
Тошмурод полвон табиатан синчи эди. Савқи табиий сезги ёрдамида бир қарашдаёқ асл отни бошқаларидан ажратиб оларди. Чиғаноқ табиат измига буйсуниб, косасида дур ҳосил қилгани каби, Раҳмат қассоб ҳам билиб-билмай тўрт оёқли марваридни вояга етказаётганини англади. Қашқа дўноннинг қоматига маҳлиё бўлиб, бир муддат ундан кўзини узолмай қолди. Раҳмат қассоб буни пайқади.
— Қалай, бизнинг тойчоқ? — дея сўради у хурсанд қиёфада.
— Яхши, — дея бош ирғади Тошмурод полвон. — Бироз етилса, зўр от бўлади.
Бу гапдан Раҳмат қассоб ёш боладай қувониб кетди.
— Бешимбойнинг Тўриқ қашқасидан ўрчиган, — деди Қашқа дўноннинг сағрисига беозор шапатилаб қўйиб. — Насиб этса, бу билан ҳам бир соврин олиб берасиз-да…
Тошмурод полвон унга жавоб бермай, Қоракўзни етаклаганча нари кетди.
* * *
Намозгар пайти Тошмурод полвоннинг ҳовлисида ҳамма кечки юмушлар билан андармон эди. Юриш-туришида бўй қизларга хос аломатлар сезилиб қолган тўнғич қиз Зиёда ўчоқ бошида овқат пиширар, Жамила чаққон ҳаракатлар билан ҳовли супурарди. Саккиз яшар Ўғилой катак олдида товуқларга дон сочиш билан овора эди. Кенжа қизчалар Умида ва Ойсулув айвонда ўйнаб ўтиришарди.
Саодат ошхонадан челак кўтариб чиқди. У ҳомиладор — ой-куни яқинлашиб, юриш-туриши анча вазминлашиб қолган. Рўзихол момо келинига кўзи тушиб, ҳай-ҳайлади.
— Ҳой, Саодат, оғир нарса кўтармагин, болам… Зиёда, чоп, онангнинг қўлидан челакни ол!
Зиёда қўлидаги капгирни ўчоқ бошига қўйиб, онаси томон югурди.
— Ҳеч нарса қилмайди, момо, — деди челакни қизига узатган Саодат белини ушлаб.
— Ҳадемай бачча топасан, қизим, ўзингни аягин, — деди Рўзихол момо. — Қозонга ҳам уннаб ўтирма. Мен шомни ўқиб олай. Зиёда икковимиз овқатниям бир амаллаб пишириб-куйдириб олармиз.
— Хўп, момо.
Рўзихол момо шошиб ичкарига кириб кетди.
Шу пайт Тошмурод полвон кўпкаридан қайтиб келди. У бостирма ёнида отдан тушиб, совринга олинган новвосни устунга боғлади.
Айвонда ўйнаб ўтирган Умида дик этиб ўрнидан турди-да, у томон югурди.
— Отам келди!
Эндигина атак-чечак юра бошлаган Ойсулув ҳам “дадда-дадда” деганча отасига талпинди. Жамила билан Ўғилой-да юмушларини ташлаб, ўша ёққа чопишди. Бир зумда ҳовли қизларнинг шодон қийқириғига тўлиб кетди.
Тошмурод полвон қий-чўв қилиб теварагида уймалашаётган қизлари орасидан Умидани даст кўтариб, эгарга ўтқазди.
— Ойсулувниям миндиринг, отажон, — деди Умида эркаланиб.
— Майли, қизим, Ойсулувниям миндирамиз, — дея Тошмурод полвон кенжа қизини ҳам отга миндирди. Қизча шодон қиқирлади.
— Отажон, бизларга хўрозқанд олиб келдингизми? — деб сўради Қоракўзнинг устида ўтирган Умида.
— Олиб келдим, қизим, — деб Тошмурод полвон уларни отдан туширди-да, хуржундан ширинликлар олиб, Жамилага узатди. — Жамила опанг сизларга бўлиб беради.
Қизчалар чувиллашиб Жамиланинг қўлидаги халтага ёпишди.
Тошмурод полвон Қоракўзни етаклаб сайисхона тарафга юрди. Уй олдида ўзига таниш, сирли табассум билан тикилиб турган Саодатга кўзи тушиб, хижолатли жилмайди…
Кечқурун ҳаммалари одатдагидек, дастурхон атрофида жамул-жам бўлиб овқатланишди.
— Шу кунларни отанг раҳматли кўрганида, қанийди, — деди Рўзихол момо Саодат узатган пиёлани қўлига ола туриб. — Илоҳим, бошинг тошдан бўлсин, болам. У кишининг ҳам умрини сенга қўшиб берган бўлсин… Ие, қўлингга нима қилди?
— Ҳа, ҳеч нарса… Кўпкарида сал шилиниб кетди, — деди ўйчан тарзда ўтирган Тошмурод полвон қўлидаги Бешим чавандознинг қамчиси қолдирган жароҳат изларини оҳиста силаб.
— Ўзингни эҳтиёт қил, Тошмуроджон, — деди Рўзихол момо ташвишли қиёфада. — Зот айираман деб ўзингни ўтгаям-чўққаям уриб ётмагин. Сен кўпкарига кетсанг, болажонимга бирор кори ҳол бўлмасин, деб Худодан тилаб ўтираман.
— Сиз дуо қилиб турсангиз, менга ҳеч нарса қилмайди, она…
— Ишқилиб, Яратганнинг ўзи сени паноҳида асрасин. Улоқ чопганингда чавандозларнинг пирлари мададкор бўсин.
Рўзихол момо чойдан бўшаган пиёлани дастурхонга қўйиб, қўлларини дуога очди.
— Кўп берсин-кўл берсин, тани-сиҳатлик, тинчлик-хотиржамлик берсин. Тошмуроджон ҳам кўпкарида катта-катта совринларни ҳалоллаб, юзи ёруғ бўлиб юрсин. Ойсулувгаям онаси қўчқордай ўғил ука олиб келсин, омин.
Ҳамма бараварига юзига фотиҳа тортишди. Тошмурод полвон ўтирган жойида қимирлаб қўйди. Саодат аста ерга қаради. Зиёда таомдан бўшаган косаларни олиб, ташқарига чиқиб кетди. Жамила дастурхонни йиғиштиришга тушди.
— Онам ўғил укани қаердан олиб келади, момо? — дея сўради Умида болаларча соддалик билан.
— Узоқ жойлардан. У ёқларда ўғил укалар ўйнаб юради. Онанг шулардан бирини олиб келади.
— Ўғил ука олиб келиш учун мен ҳам онам билан бирга бораман, — деди Умида.
— Майли, энажоним, сен ҳам борасан, — деди Рўзихол момо унинг жамалак сочларини силаб. — Энди Ўғилой икковимиз уйимизга бориб ухлаймиз. Отангиз кўпкаридан чарчаб келган. Сизлар ҳам эртароқ ётинглар, қизларим.
Рўзихол момо Жамилани етаклаб чиқиб кетди. Тошмурод полвон Саодатга қаради. У тиззасида мудрай бошлаган Ойсулувнинг сочларини силаб ўтирарди.
— Аҳволинг яхшими, хотин? — дея сўради чой ича туриб.
— Яхши… Чарчаган бўлса, ўрнини солиб берай…
— Сен қўявер. Зиёда келса, ўзи жой солади.
Саодат эрининг бўшаган пиёласига чой қуйиб узатди.
* * *
Эртаси куни чошгоҳга яқин Саодат бир тандир нонни ёпиб, уйга олиб кириб кетди-ю, қайтиб ташқарига чиқмади. Бироздан сўнг Рўзихол момо бесаранжом қиёфада ичкаридан шошиб чиқиб келди.
— Зиёда, сингилларингни Назира янгангникига олиб бориб қўйиб, ўзинг Ирисгул момоникига чоп, — деди у. — Тез юраркансиз, деб олдингга солиб кел.
— Хўп, — деб Зиёда Ойсулувни кўтариб олди. — Юринглар, Назира янгамникига борамиз.
Сингиллари ҳам итоаткорлик билан унга эргашди. Рўзихол момо сайисхонада Қоракўзнинг атрофида уймалашаётган ўғли томонга қараб қўйиб, яна ичкарилади. Бироздан сўнг уй ичидан аёл кишининг заифгина инграган овози эшитила бошлади. Саодатни тўлғоқ тута бошлаган эди.
Тошмурод полвон от қашлашдан тийилиб, ерга чўнқайиб ўтирди. Қоракўзнинг ёшланиб турган кўзларига ўйчан тикилиб қолди.
Қишлоқ оралаб келган суворий йигит Тошмурод полвондан беш-ўн қадам нарида отининг жиловини тортди. Қоракўз қулоқларини чимирган куйи бетоқат кишнаб, ўша томонга интилди. Хаёли бўлинган Тошмурод полвон отлиққа юзланди.
— Ассалому алайкум, Тошмурод ака, — дея салом берди йигит отининг жиловини қантариб.
— Ваалайкум ассалом, — деб Тошмурод полвон унга пешвоз юрди. — Келинг, меҳмон.
— Мен жарчилик қилиб юрибман, — деди йигит катталардек вазмин оҳангда гапиришга тиришиб. — Келаси жума куни даштободлик Чоршанби ака катта кўпкари бераяпти. Шунга сизни ҳам айттириб юборишувди.
— Хўп, ука. Насиб этса, борамиз.
— Чоршанби ака кўпкарининг совринига туя айтмоқчи, — деди йигит Қоракўзни қизиқиш билан кўздан кечира туриб. — Ҳали бу ердан чиқиб, Бешқудуққа, Бешим чавандозникига ҳам боришим керак.
Шу пайт уй ичидан Саодатнинг инграган овози эшитилди. Жарчи йигит ажабланиб ўша томонга кўз қирини ташлади. Рўзихол момо айттириб юборган Ирисгул момо шошиб ичкарига кириб кетди.
Жарчи йигит отининг жиловини ортга бурди.
— Бўлмаса, мен борай.
— Чойлашиб кетинг, — дея мулозамат қилди Тошмурод полвон унга.
— Раҳмат, Тошмурод ака, — деди йигит. — Шошиб турувдим.
Тошмурод полвон жарчи йигитни кузатгач, буёғига нима қилишни билмай бир муддат дарвоза олдида қаққайиб туриб қолди. У сиртдан хотиржам кўрингани билан ич-ичидан қаттиқ ҳаяжонланмоқда эди. Айниқса, уй ичидан тўлғоқ азобини бошидан кечираётган Саодатнинг инграган товуши эшитилганида оғир ҳиссиётлар залворидан юраги орзиқиб кетар, алп қомати тобора кичрайиб қолаётгандек туюларди. Янги дунёга келган чақалоқнинг чинқириғи янграганида эса Тошмурод полвоннинг бутун вужуди музлаб қолгандек бўлди…
Бироздан сўнг Рўзихол момо ичкаридан чиқиб келди. Тошмурод полвон алланечук ҳадик, умидворлик билан онасига термулди. Аммо ҳар гал Саодатнинг кўзи ёриганида такрорланавериб, тошга ўйиб ишланган суратдек шуурига сингиб қолган таниш, изтиробли ҳолат бу гал ҳам такрорланди; Рўзихол момо ўғлига руҳсиз нигоҳ ташлаб, ошхона томонга ўтиб кетди.
Тошмурод полвоннинг чеҳрасида ҳазин бир табассум аксланди. Буёғига нима қилишни билолмай, атрофга умидвор кўз югуртирди. Қоракўзга нигоҳи тушиб, ўша томонга юрди. Сайисхона деворидаги қозиқдан эгар-жабдуқни олиб, унинг устига босди. Отга сакраб минди-да, сағрисига қамчи туширди. Бундай муомалага ўрганмаган Қоракўз жон аччиғида пишқириб, олдинга ташланди. Охурда сомон ковшаётган новвос ҳуркиб ўзини четга олди.
Тошмурод полвоннинг хонадонида дунёга келган олтинчи қизга ҳам доялик қилган Ирисгул момо чақалоқнинг киндигини кесиб бўлиб, шошилмасдан уни йўргакламоқда эди. Тўшакда мажолсиз чўзилиб ётган Саодат эса аччиқ-аччиқ йиғларди. Унинг ич-ичига ботиб кетган кўзларидан оққан ёш ёстиқни ҳўл қилиб юборганди.
— Йиғлама, қизим, — деди офтоба кўтариб кирган Рўзихол момонинг ҳам кўнгли бузилиб. — Ҳозиргина дарддан қутулдинг. Ўзингни қийнама.
— Яна қиз туққандан кўра, ўлиб қўя қолсам бўлмасмиди, моможон! — деди Саодат изиллаб. — Ўғлингиз ҳам не умидлар билан юрувди. Энди унинг юзига қандай қарайман?!
— Ноумид бўлма, болам, — деди Рўзихол момо хам кузига ёш олиб. — Шунча қизни берган Худо, эрта-бир кун ўғил ҳам бериб қолар.
— Ҳаҳ, моможон-а! Худо ўғил берар, деб йилда-йил оша қиз туғаман. Асли мен шўртумшуқнинг пешонамга ўғил туғиш битилмаган экан-да…
— Бас қил-э! — дея уни жеркиб берди шу чоққача жимгина чақалоқ йўргаклаётган Ирисгул момонинг тоқати тоқ бўлиб. — Кап-катта хотиннинг гапини қаранглар! Кўнглингга қарайверса, яна нималар демайсан сен? Ўғил фарзанд-да, қиз бола фарзанд эмасми? Бир хиллар битта қизнинг ҳам тирноғига зор! Ношукр бўлма! Кўзингнинг селини оқизавермасдан, тезроқ чақалоғингни қўлингга ол!
Ирисгул момонинг гапи таъсир қилиб, Саодат йиғидан тийилди. Қайнонасининг кўмагида хиёл қаддини ростлаб, Ирисгул момо узатган чақалоққа кўкрак тутди.
* * *
Тошмурод полвон қишлоқдан чиқиб, Оғзикенг томонга от елдириб кетди.
Бийдай даштда ўз эркига қўйиб берилган Қоракўз анча вақт қир-сой оралаб бемақсад югуриб юрди. Қадамини секинлатган чоғда Тошмурод полвон кетма-кет сағрисига қамчи туширар, у яна жон-жаҳди билан олға ташланарди. Барибир чарчоқ устун келди. Жонивор қамчи зарбига ҳам эътибор бермасдан йўртишга тушди.
Оғзикенгнинг адоқ тарафида савлат тўкиб турган Бўкиртепага чиққач, Тошмурод полвон ўзини ерга ташлади. Обдон толиқиб, бадани жиққа терга ботган Қоракўз пишқира-пишқира хўжасидан узоқлашди.
Тошмурод полвон дустаман тушганча анча вақт “қилт” этмай ётди. У жуда толиққан эди. Шунча йил улоқ чопиб, чарчаш нималигини билмаган одам, гўё бир лаҳзада қариб қолгандек, ўрнидан қўзғолишга ҳам ҳоли келмасди. Шу топда у кўп нарсалар ҳақида обдон ўйлаб олишга тиришар, аммо ҳадеб ўй-хаёллари чувалашиб кетаверарди.
Кутилмаганда зим-зиё шуурида чақин чақнагандек, юрагида бир илиқлик пайдо бўлди. Тошмурод полвон анчадан бўён излаётган нарсасини топгандай, енгил тортди. Хаёлида ёшлигида Саодат билан кечган сурурли хотиралар жонланганди…
Саодатга кўнгил қўйиб, дала-даштда унинг кетидан соядек эргашиб юрган кезлари эди… Яқиндагина бойловдан чиқарилган отини совутиб юриб, қишлоққа элтувчи сўқмоқда кетмон кўтарган бир гала қизларга дуч келди. Улар орасида Саодат бир парча оловдек кўзга ташланиб турар, ҳар ҳолда, унга шундай туюларди.
Тошмурод беихтиёр отининг жиловини ўша томонга бурди. Қизлар ҳам гижинглаган тулпор устида виқор билан ўтирган норғул, хушбичим йигит билан гўзал Саодатнинг ўзаро кўнгил қўйганликларидан хабардор эдилар. Бундан ҳеч бири ажабланмасди. Чунки уларнинг якдиллик билан эътироф этишларича, йигит билан қиз айнан бир-бири учун яратилган эди.
Манғитқишлоқнинг бўй қизлари ўзларича Тошмурод ва Саодатни севги-муҳаббат тимсолига айлантириб улгуришган эди. Уларнинг уч-тўрттаси бир жойда жам бўлса, йигит ва қизнинг сирли муҳаббати ҳақида тўқиб-бичилган ажабтовур эртакларни завқ ва энтикиш билан шивирлаб сўзлашарди. Узукка кўз қўйгандек мос тушажак бу жуфтликка дугоналар ва жўралар ҳавас ва андак ҳасад билан қарашарди…
— Тошмурод акам бу ерда нима қилиб юрибди? — деди алвон рўмоли тагида қоп-қора зулфлари ўйнаб турган бодомқовоқ қиз дугоналарига муғомбирона жилмайиб.
— Бу киши менинг ишқимда куйиб юрибдилар, — деди қорачадан келган, барваста қоматли бошқа бир қиз. — Ҳозир мени шартта отига ўнгариб, олиб қочиб кетади.
Қизларнинг чинни жарангига монанд кулгиси янгради. Тошмурод ҳам беихтиёр илжайди. Бу қочиримлар ўзига қаратилганини яхши билган Саодат уялганидан шаҳло кўзларини қаерга олиб қочишни билмасди.
— Эҳтиёт бўлинг, Ойсанам, тағин Тошмуроджон сизни тақимига бостириб, улоқ қилиб судраб кетмасин, — деди юзини доғ босиб, қадам олишлари анча вазминлашиб қолган келинчак. Яна кулги янгради.
— Шундай бўлса, қанийди! — бўш келмади Ойсанам. — Тошмурод акамнинг қўлида улоқ бўлишга ҳам рози эдим.
— Сизлар Тошмуроджондан умид қилмай қўя қолинглар, қирилгурлар, — деди бошқа бир келинчак жўрттага қовоқ уюб. — У аллақачон Саодатнинг қулоғидан тишлаб қўйган.
Қизлар норози чувиллашди.
— Шу гап ростми, Саодат? — дея унинг биқинидан чимчилади бодомқовоқ қиз ёнидагиларга маъноли кўз қисиб. — Нимага индамайсан, писмиқ?
— Жим бўл, шарманда! — деди Саодат ҳаяжондан титраб. — Уялмайсанми?..
— Ўзи жон деб турибди-ку, яна ноз қилганига ўласанми? — деди бодомқовоқ қиз.
— Э, бор-э! — деб Саодат чапга бурилиб, олмазор оралаб югуриб кетди.
— Вой, муғомбир-эй! — деди бодомқовоқ бош чайқаб. — Тошмурод акам билан ёлғиз қолиш учун ўйлаб топган баҳонасини қаранглар!
Қизлар қотиб-қотиб кулишди.
— Ҳой, полвон, анқайиб турмай, тезроқ ҳаракатингизни қилинг, — деди ҳалиги келинчак жилмайиб. — Бешқудуқлик чопағон ошнангиз ҳам қизгинанинг ишқида куйиб, босган қадамини пойлаб юрибди. Тағин оғзингиздаги ошни олдириб, лаллайиб қолманг.
Тошмурод иймана-иймана отининг жиловини олмазор томон бурди. Қишлоқнинг бўй қизлари унинг ортидан пинҳона ҳавас ва ҳасрат билан термулиб қолишди.
Ўша куни Тошмурод ҳосилини кўтаролмай, шохлари ерга эгилиб ётган олмазорда Саодатга илк бор кўнгил изҳор қилди. Қиз ҳеч нарса демаган бўлса-да, йигит унинг бир лаҳзагина ўзига қадалган нигоҳида алланечук масрурлик, бахтиёрлик ҳиссини сезди.
Иккаласи олмазор оралаб анча вақт ёнма-ён кетишди. Боғ тугаб, олдинда қишлоқ уйлари кўрина бошлаганда Тошмурод отнинг жиловини тортди.
— Кўнглинг тўқ бўлсин, Саодат, сени ҳеч кимга бермайман! — деди у ишонч билан. — Эрта-индин уйларингга совчи юбораман.
Тошмурод дарахтлардан биридан қип-қизариб пишган олмани узиб олиб, қизга тутқазди-да, ортига бурилиб кетди. Тотли ҳиссиётлар залворидан ҳамон ўзига келолмаган Саодат қўлидаги олмани бағрига босиб, маъсум жилмайди…
Йигит билан қизнинг бахтига монелик киладиган ҳеч бир сабаб йўқ эди. Холбой мироб гарчи бу гап-сўзлардан бехабар бўлса-да, Қодир чўпоннинг хонадонидан келган совчиларнинг иззатини жойига қўйди. Бизга муносиб оила, қизимизни берсак, шундай одамларнинг боласига берамиз-да, деб ўйлади ўзича. Хуллас, ўша куниёқ совчилар Саодатнинг бошини боғлаб келишди.
Айтгандай, унаштирув маросимидан сал аввал қўшни Бешқудуқдан Бешим Тошмуродни излаб келган эди. Иккаласи тенгдош бўлиб, бир-икки йилдан бери узоқ-яқиндаги кўпкариларга бирга бориб юришар, шу боис анча синашта бўлиб қолишганди. Бешим баъзида “икковимиз ҳам уйланиш тўйимизда тўн ёпишиб ошна бўлсак, кейин кўпкаридаям бир-биримизни суяшиб юрсак” дея орзуга бериларди.
Тақдир ўйинини қарангки, Бешим Манғитқишлоқдан уйланаётган тенгқур ҳамқишлоқларидан бирига куёвжўра бўлиб келганида Саодатга кўзи тушиб, унга ошиқи беқарор бўлиб қолибди. Янтоқлидан кўпкаридан қайтишаётганида Тошмуродга дардини ёрди. Холбой миробнинг қизи жигардан уриб қолди, ошна, эрта-бир кун Манғитқишлоққа куёв бўладиганга ўхшайман, деб кулди. Тошмурод полвон бу гапни эшитиб онг-тонг қолди…
Ўша куни икковининг йўллари айри тушди. Энди улар тўй-тўйчиқда, кўча-кўйда дуч келишсаям бир-бирига терс қараб ўтишар, Бешимнинг юрагида Тошмуродга нисбатан пайдо бўлган адоват кун сайин улғайиб борарди…
От устида хўмрайиб турган Бешимни кўргач, бунда ор йўқ экан, деган ўй кечди Тошмуроднинг хаёлидан, иш битганини билсаям, бетининг сувини беш тўкиб келибди.
— Сен билан гаплашиб олишимиз керак, — деб Бешим отининг жиловини бурди-да, Оғзикенг томонга жўнади. Тошмурод ҳам ҳаялламай унинг ортидан етиб борди. Бешим мана шу Бўкиртепанинг устида зинграйиб турарди.
— Мен сени қиёматли ошнам деганман, Тошмурод, — деди у даъфатан йиғламоқдан бери бўлиб. — Дўстлигимиз ҳаққи, Саодатга индама! Мен учун бир тантилик қил!
— Биз бир-биримизни яхши кўрамиз, — деди Тошмурод полвон Бешим сари сапчиётган отининг жиловидан тортиб. — Сенам мени тўғри тушун.
— Бир қизни деб ошначилигимизга тупурасанми, Тошмурод!
Бешим асабий ўйноқлаётган отининг сағрисига устма-уст қамчи туширди.
— Агар у ҳам мени демаганида қаршилигим йўқ эди. Саодат, “ошнангизга айтинг, мени тинч қўйсин”, деяпти. Ўзингдан қолар гап йўқ, жўра…
— Одам эмас экансан! — дея унинг гапини бўлди Бешим ғазабдан афти буришиб. — Агар Саодатга уйланадиган бўлсанг, мени ўзингга дўст эмас, душман деб билавер! Кейин мендан соғ қутулишинг гумон! Билиб қўй, Бешим тентак билан довлашганнинг ҳолига вой!
— Сенам яхши гапга тушунмас экансан, — деди Тошмурод ҳам бўш келмай. — Яна бир марта дала-даштда Саодатнинг йўлини тўсадиган бўлсанг, ўзингдан кўр!
Қаҳр-ғазабдан эс-хушини йўқотиб қўйган Бешим кутилмаганда Тошмуроднинг устига от қўйиб, юзинг-кўзинг демай қамчилай бошлади. Тошмуроднинг ҳам бўш келгиси йўқ эди. Бир зумда иккаласининг ҳам юз-қўли шилиниб, афт-ангори қонга бўялди. Қўлидан қамчиси учиб кетган Бешим жон ҳолатда рақибининг ёқасига чанг солди. Иккаласи баравар отдан йиқилиб, ерда ёқа бўғишга тушишди. Салт қолган отлар ҳам қасир-қусур тепишиб, тишлаша бошлади…
Бўкиртепада дустаман тушиб ётган Тошмурод полвон хотинини қанчалик яхши кўришига яна бир бор иқрор бўлди. Саодат унинг борлиғи, жони-жаҳони эди. Тўйдан сўнг бирин-кетин туғилган бешала қизларини ҳам еру кўкка ишонмасди. Бугун дунёга келган гўдакни ҳам ёмон кўрмаслиги аниқ. Аммо унинг ўғил кўриш орзуси борган сари ушалмас армонга айланаяпти…
Тошмурод полвон аста ўрнидан туриб, оти томон юрди. Қоракўз ҳам гўё унинг ҳолатини тушунгандек, қаршисида сассиз-садосиз бош эгиб турарди.
— Тушларимда тойчоқ етаклаб юрар эдим, Қоракўз, — деди Тошмурод полвон отнинг майин ёлига юзини босиб изтироб билан. — Шуниси ўғил бўлади деб умид қилган эдим… Бусиз менинг чавандозлигим бекор!
* * *
Жума куни Тошмурод полвон кўнгли тусамаса-да, қўшниси Суюнбой аканинг қистови билан даштобод¬лик Чоршанбибойнинг кўпкарисига йўл олди. Иккаласи анча вақтгача жим кетишди. Суюнбой Қоракўзнинг жиловини бўш қўйиб, хаёл суриб кетаётган ҳамроҳига тез-тез қараб қўярди. У Тошмурод полвоннинг паришонхотирлиги сабабини яхши билар, қандай қилиб бўлса ҳам кўпкари олдидан унинг кўнглини кўтаришни истарди. Аксига олиб, шу топда ҳадеганда хаёлига тузукроқ гап келмасди.
— Айтгандай, бугунги кўпкарига Сурхондарё томонлардан ҳам чавандозлар келган эмиш, — деди ниҳоят гурунг учун арзирли мавзу топган Суюнбой жонланиб.
— Сурхондарёда номи чиққан улоқчилар кўп, — деди Тошмурод полвон. — Баъзиларини танийман. Отлариям зўр.
— Айниқса, Тўйчи қора деган бир четгирлари бор эмиш. Менман деган чавандоздан ҳам бир зарб билан улоқни олиб қўярмиш.
— Бултур Деҳқонободда у билан улоқ тортишиб кўрувдим, — деди Тошмурод полвон бош ирғаб. — Чинданам, четгирликнинг жуда ҳадисини олган.
— Ўшанда улоқ кимда кетувди? — дея сўради Суюнбой қизиқиш билан.
— Улоқ менда қолгани билан у бир пойчасини юлиб олувди.
— Ҳа, бугун зўр кўпкари бўлиши тайин, — дея Суюнбой Қоракўзга сер солиб қаради. — Ишқилиб, Чоршанбининг туясиниям сурхонликлар илиб кетмаса бўлгани. Сен ўзингниям, отингниям кўп уринтирмай, соврингача сабр қил.
— Маъқул…
— Бешим ҳам қараб турмаса керак, — деб гапида давом этди Суюнбой. — Унинг феълида ғайирлик бор. Раҳимбойнинг кўпкарисида оғзидаги ошини тортиб олганинг учун сенга тиш қайраб юргандир. Ҳарқалай, ундан хазир бўлганинг маъқул.
— Айтгандай, сиз Бешим чавандознинг қудаси Раҳмат қассобни танийсизми? — дея сўради Тошмурод полвон унга юзланиб.
— Танийман. Нимайди?
— Шу одамнинг яхши бир дўнони бор экан. Ўзининг айтишича, Бешим чавандознинг Тўриқ қашқаси наслидан эмиш.
— Тўғри, — дея ёйилиб кулди Суюнбой. — Раҳмат қассобнинг дўнони чинданам Бешимнинг Тўриқ қашқасидан ўрчиган.
— Бешим чавандоз кучи қирқилмасин, деб Тўриқ қашқасини байталнинг яқинигаям йўлатмайди, дейишарди-ку?
— Э, бунинг тарихи жуда қизиқ бўлган, — деб Суюнбой эгарга яхшилаб жойлашиб ўтириб олди. — Айтишларича, менман деган ишқибозлар ўртага катта пул тикиб ҳам Тўриқ қашқадан насл олишга Бешимни кўндиришолмаган экан. Аммо беш-олти йил бурун Бешимнинг мактабни битираётган кенжа укаси Раҳмат қассобнинг қизига ошиқ бўлиб қолади. Суяги қотиб, унча-мунча солимлардан улоқ айириб юрган шу боладан Бешимнинг умиди катта экан. Эрка укасининг раъйини қайтаролмай, қассобнинг қизига совчи қўйибди. Қурғур Раҳмат совчиларга, нима дебди, де?
— Нима дебди? — дея Тошмурод полвон ҳамроҳига қизиқиш билан қаради.
— Раҳмат қассоб ўйлаб ҳам ўтирмасдан совчиларга: “Бешим Тўриқ қашқасидан бизнинг байталга насл олишга кўнса, укасига қизимни берганим бўлсин”, деб жавоб берибди, — деб завқ билан кулди Суюнбой.
— Кўзингдан Раҳмат қассоб-эй, шундай дептими? — деди Тошмурод полвон ҳам жилмайиб.
— Бундай шартни эшитиб, Бешим ўйланиб қолибди, — дея ҳангомани қолган жойидан давом эттирди Суюнбой. — Бу ёқда эрка ука “шу қизни олмасам, ўзимни ундай қиламан-бундай қиламан”, деб хархаша қилиб ётганмиш! Охири Бешим Раҳмат қассобнинг шартига кўнибди. Совчиларга: “Бу энағар қассобнинг чўбирини Алпомишнинг Бойчиборига қўйсаям, тузукроқ қулун бермайди. Шундай нияти бор экан, аввал бозордан яхши бир байтал олсин”, дебди. Раҳматвой ҳам эринмасдан Бойсун томонларга бориб, туя келбатли ёшгина бия топиб келибди… Шундай қилиб, Раҳмат қассоб Қашқа дўнонни қизининг қалинига олган-да.
— Раҳмат қассоб ҳам бало экан-ку, — деди Тошмурод полвон кулгидан ёшланган кўзларини арта туриб. — Лекин Бешим чавандознинг укасини мен танимас эканман. У ҳалиям улоқ чопадими?
— Уйланганидан кейин бу боланинг шашти қайтди, — дея қўл силтади Суюнбой. — Бир йилча юриб, солимлардаям қўлига улоқ тегмагач, Бешим уни уриб-сўкиб, Тошкентга жўнатибди. Ҳозир ўша ёқда ўқиётган эмиш.
* * *
Сортепа этагидаги улоқ чопиладиган кенг-мўл майдон чор тарафдан оқиб келаётган отлиқ, пиёда одамлар билан тобора гавжумлашиб бормоқда. Қирда томошабинлар чордона қуриб, кўпкари бошланишини сабрсизлик билан кутишмоқда. Пастда бир тўда ёш чопағонлар қий-чув қилиб солим чопишяпти. Аксарият чавандозлар эса чет-чақада отини кўпкарига ҳозирлашяпти.
Тошмурод полвон бир чеккада тўпланиб, ўзаро гаплашиб турган сурхондарёлик чопағонларга кўзи тушиб, улар томон юрди.
— Ассалому алайкум, меҳмонлар, — деб қўлини кўксига қўйиб улар билан саломлашди. — Хуш келибсизлар. Бу томонларга қандай шамол учирди?
— Ия-ия… Ваалайкум ассалом, Тошмуродбой. Омонмисиз, биродар, — деди бетоқат бўлиб ўйноқлаётган отининг жиловини дам-бадам тортиб қўяётган Тўйчи қора очиқ чеҳра билан. — Озиб-ёзиб юртингизга бир келсагу, сизни кўролмай кетамизми, деб қўрқиб турувдик.
— Меҳмоннинг келиши ўзидан, кетиши мезбондан. Бу оқшом бизникида қолиб, бир чойлашиб кетасизлар.
— Биз кеча келган эдик, — деди Тўйчи қора. — Тўйнинг эгаси Бешим чавандозникига қўноққа буюрди.
— Э, шундайми, — деди Тошмурод полвон. — Билганимизда оқшом гурунгга борар эдик.
— Оқшом Бешимга, Тошмуродбойни ҳам айттириб келинг, десам, “яқинда полвоннинг аёли қўзилаган, шунга уйида чилла сақлаб ётибди”, деди, — дея кулди Тўйчи қора. — Бешимбой сизни бугун кўпкарига ҳам келмаса керак, деган эди.
Тошмурод полвон чор-ночор илжайди. Бешим чавандознинг Тўриқ қашқасини гижинглатиб шу томон келаётганига кўзи тушиб, ўзини четга олди.
— Тошмуродбой, яна қизли бўлибсиз, деб эшитдик, — деди анча яқин келиб қолган Бешим чавандоз баралла овозда. — Ҳолва муборак бўлсин!
— Раҳмат, — деди Тошмурод полвон истар-истамас.
— Айтгандай, бу нечанчиси?
Тошмурод полвон унинг илмоқли саволини эшитмаганга олиб, бу ердан узоқлашди.
Ниҳоят, Қўчқор баковул улоқни тақимига бостириб, олдинга юрди. Юзлаб отлиқлар тўғонини бузган тошқиндек гуриллаб унинг ортидан эргашди.
— Халойиқ! Бугун даштободлик Чоршанбибой яхши ниятлар билан кўпкари бераяпти, — дея салмоқлаб гап бошлади Қўчқор баковул. Унинг қаватида гижинглаган саманнинг эгарида керилиб ўтирган Чоршанбибой баковулнинг гапларини маъқуллагандек бош ирғаб қўйди. — Кўпкари — танти полвонлар ўйини. Унинг қоидаларига амал қилиб, зотни ҳалоллаб айиринг. Улоқни ипга тугмайсиз, ғирромлик қилиб, бир-бирингизга зиён-заҳмат етказмайсиз. Сурхон тарафлардан келган меҳмонларнинг иззатини жойига қўйинг, тарафкашлик қилиб, уларни яккаламанг! Худо ҳаммангизга ҳалолидан берсин, омин!
Даврадагилар бараварига “омин!” дея юзларига фотиҳа тортишди.
— Кеп қолинг, оп қолинг, биринчи зотига бир улоқ айтдим! Ҳалоллаб оласан!
Қўчқор баковул тақимидаги улоқни ерга ташлаб, издиҳомдан четланди. Шу лаҳзаларни интиқ кутиб турган чавандозлар гувиллаб улоқ устига юришди.
Анча давом этган тортишувдан сўнг ниҳоят, Салим чавандоз улоқ билан даврадан ажралиб чиқди. Чеккада пайт пойлаб турган Тўйчи қора унинг олдини ўраб чиқиб, улоққа чанг солди. Иккаласи бир муддат тортишиб боришди. Тўйчи қора зарб билан ундан улоқни тортиб олди-да, отини чапга бурди.
— Ҳалол! — дея хайқирди орқадан от қўйиб келаётган Қўчқор баковул. — Сурхондарёлик Тўйчи полвоннинг зоти ҳалол!
Тўйчи қоранинг кимсан — Салим полвондан улоқни тортиб олиши одамларда турлича кайфият уйғотган эди. Даврада енгилгина ғала-ғовур кўтарилди. Баъзилар унинг шаънига олқиш ёғдиришса, аксарият томошабинлар норози оҳангда ўзаро баҳслашишарди.
— Биринчи зотни сурхондарёликлар олгани ёмон бўлди-да, Қоржов бува, — деди кўк байтал минган чол ҳамроҳига. — Ўзимизнинг полвонлар бугун икки қўлини бурнига тиқиб қолишмаса эди.
— Ана шу четгирнинг важоҳати ёмон экан, — деди Қоржов бува бош чайқаб. — Унча-мунчасининг ундан қутулиши қийин-ов.
Тўйчи қора эса улоқни ерга ташлади-да, унда-бунда қулоғига чалинаётган гап-сўзларнинг ўзига алоқаси йўқдай, хотиржам қиёфада ҳамроҳлари томон йўл олди.
Тошмурод полвон отини совутиб олиш учун даврадан холироққа чиққанида чавандозларга хос кийинган ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги йигит от ўйнатиб, унга яқинлашди.
— Ассалому алайкум, Тошмурод ака.
— Валайкум ассалом…
Тошмурод полвон бу истарали йигитнинг боя солимдан чапдастлик билан улоқ айириб чиққанига эътибор берган эди. Келбати ҳам анча таниш. Қаердадир кўргандай… Бироқ аниқ эслолмади. Шунинг учун буёғига нима дейишни билмай жим қолди.
— Сиз мени танимадингиз-а, полвон ака? — деди йигит унинг ҳолатини тушунгандек, хижолатли қиёфада.
— Очиғи, танимайроқ турибман.
— Бешқудуқлик Қилич чўпоннинг ўғли бўламан. Исмим Сафармурод.
Тошмурод полвон калаванинг учини топгандай енгил тортди. Чинданам йигит анча йиллар Тошмурод полвоннинг отаси билан шерикликда колхознинг отарини боққан раҳматли Қилич чўпонга икки томчи сувдек ўхшар эди.
— Э, шундайми? Иккаламиз отақадрдон эканмиз-да, — деб Тошмурод полвон унинг гижинглаб турган отига сер солиб қаради. — Боя солимда сен улоқ айирганмидинг?
— Ҳа, — деди Сафармурод қувончини яширолмай. — Бугун солимда икки марта тақим қилдим.
— Яхши-яхши…
— Шу… кўпкаридаям бир уриниб кўрсаммикин деб турибман, — деди Сафармурод алланечук ўнғайсизланиб. — Сиз нима деб маслаҳат берасиз, Тошмурод ака?
— Маъқул, — деди Тошмурод полвон. — Фақат эҳтиёт бўл. Даврада иложи борича менга яқинроқ юр. Нима қилишингни ўзим айтаман.
— Хўп, Тошмурод ака, — деди Сафармурод ёш боладек қувониб.
Тошмурод полвон отини давра сари ниқтади. Анча тортишувлардан сўнг ниҳоят, улоқни даврадан айириб чиқди. Олдини кесиб чиққан беш-олти отлиқни четлаб ўтишга улгурди-ю, кутилмаганда Бешим чавандозга дуч келди. Ўқланган қўшотардек совуқ йилтираётган кўзларида адоқсиз ғазаб ва нафрат учқунланиб турган Бешим чавандоз улоққа човут солди.
Иккаласи анча жойгача улоқ талашиб боришди. Гавдаси ён томонга оғиб қолган Тошмурод полвон ўзини ўнглаб олиш учун бир лаҳза бўшашди. Ер тагида илон қимирласа сезадиган Бешим чавандоз шу заҳотиёқ бир зарб билан улоқни ундан юлиб олди. Бироқ улоқни тақимига солиб улгурмади. Ортидан қуюндай бостириб келган Тўйчи қора кўз очиб-юмгунча унинг ўзини ҳам доғда қолдириб кетди.
— Ҳалол! Тўйчи чавандознинг зоти ҳалол!..
Томошабинлар орасида яна норози оҳангдаги хитоблар янгради.
— Мана, ишонган полвонларимизнинг аҳволи! Сурхонлик четгир икковиниям ёш боладай аҳмоқ қилиб кетди.
— Булар отасининг молини бўлишолмаган ноқобил ака-укалардай бунча талашмаса. Бир-бирини отгани кўзида ўқи йўғ-а!
— Бўлинганни бўри ейди, деб шуни айтади-да!..
Тошмурод полвон бу таъна-маломатларни эшитмаган киши бўлиб яна давра оралади. Бироздан сўнг у тақир бошида қамчи зарбидан қонталаш чизиқлар ҳосил бўлган Қувват барлос билан улоқ талашиб, издиҳомдан ажралиб чиқди. У рақибидан истаган пайтда улоқни тортиб олишига кўзи етса-да, бунга шошилмас, кўз қири билан кимнидир қидирарди. Сал нарида от чоптириб келаётган Сафармуродга нигоҳи тушиб, “яқинроқ кел” дегандек имо қилди. Сўнгра бир силтов билан Қувват барлосдан улоқни тортиб олди-да, отининг бўйнидан нариги томонга оширди. Оғзидаги ошини олдирган Қувват барлос тақдирга тан бергандек ноилож отининг жиловини тортди. Худди шу пайт Сафармурод Тошмурод полвонга тақалиб келиб, улоққа чанг солди.
— Улоқни тақимингга бос! — дея буюрди Тошмурод полвон. Сафармурод кўз очиб-юмгунча унинг амрини бекаму-кўст бажариб, бедовнинг жиловини чапга бурди. Тошмурод полвон улоқнинг пойчасида чангакдек қотиб қолган панжаларини секин бўшатди…
Сафармурод навқирон товушда ҳайқирганча, елдек учиб кетди. Орқадан етиб келган Тўйчи қора Тошмурод полвоннинг ёнида тўхтади.
— Бу бола сизга ким бўлади?
— Ҳеч ким…
— Унда нимага улоқни бериб юбордингиз? — деди у Тошмурод полвонга синовчан тикилиб.
— Бўладиган бола экан, ўзи тортиб олди.
— Тантилигингизга қойилман, полвон, — деди Тўйчи қора пешонасидан қуйилаётган терни қамчисининг дастаси билан сидириб. Ҳамон Сафармуроднинг ортидан қараб турган Тошмурод полвон индамай отининг жиловини бурди…
— Ҳало-ол! — дея овоз берди Қўчқор баковул. Сўнг ажабланганча ҳамроҳларига юзланди. — Тошмурод полвондан улоқни тортиб олган йигит ким бўлди?
Улар ҳам елка қисишди. Шу пайт Раҳмат қассоб Қашқа дўнонини йўрттириб орқадан етиб келди.
— Мен танийман, — деди у. — Бу йигит бизнинг Бешқудуқдан… Раҳматли Қилич чўпоннинг ўғли бўлади. Исми Сафармурод!
— Бешқудуқлик Сафармурод полвоннинг зотини беринглар! — дея овоза қилди Қўчқор баковул.
* * *
Тошмурод полвон кўпкаридан бир-икки тақим қилгач, Қоракўзни совутиб олиш учун чеккароққа чиқди. Боядан бери у билан холироқда гаплашиб олиш илинжида пайт пойлаб юрган Бешим чавандоз шу заҳотиёқ қаршисида пайдо бўлди.
— Ҳа, Тошмуродбой, совринга тайёргарлик кўраяпсизми? — деди икки-уч қадам нарида оёқ илган Бешим чавандоз ўзига ярашмаган бир самимийлик билан.
Шунча йилдан бери Тошмурод полвонга нисбатан юрагида ғараз сақлаб юрган Бешим чавандознинг бу қилиғи чиндан ҳам ғалати эди. Тошмурод полвон унинг мақсадини уқиб олмоқчидек, ўзига наштардек қадалиб турган чағир кўзларига тик боқди. Бешим чавандоз ҳам шу топда тилёғламалик қилиб ўтириш бефойда эканлигини англади.
— Бугунча эски гиналарни қўя турайлик, Тошмурод, — дея муддаога кўчди у. — Икковимиз бир-биримизга бўриқараш қилаверсак, совринга аталган туяниям сурхондарёликларга олдириб қўямиз. Ўзи, шундоғам зотнинг сайламасини Тўйчи қора териб ётибди…
Тошмурод полвон умидворлик билан оғзини пойлаб турган Бешим чавандозни энди кўраётгандек, унга тикилиб қолди. Наҳотки шу кўйга тушиб қолган бўлсанг, Бешим, деган надоматли ўй кечди хаёлидан. Қачондан бери соврин учун, бир лаҳзалик олқишу мақтовлар учун ғурурингни ерга урадиган бўлиб қолдинг, Бешим! Ё сен ҳам қаридингми, биродар…
— Нимага индамайсан? — деди Бешим чавандоз Тошмурод полвоннинг ўзига бу тарзда қараб туришидан ғаши келиб. — Тилингга терскан чиққанми?
— Тўйчи қора зўр чиқиб, совринниям олса, ҳалоли бўлсин… Мени тинч қўй.
Тошмурод полвоннинг бу сўзлари Бешим чавандознинг юрагига ўқдай қадалди. Ғазабдан башараси буришиб кетди.
— Сен бола ғирт аҳмоқ экансан, — дея ўшқирди оғзидан тупук сочиб. — Бешқудуқнинг сут тиши тўкилмаган бир тирранчасига улоқ олиб бериб, мени ўсал қилмоқчи бўлдингми? Бу қишлоқда Бешимдан ҳам зўрроқ чопағонлар чиқаяпти, дея гап тарқатгинг келиб қолибди-да… Бу чўпчагингни бир этак қизларингга айт!
Тошмурод полвон бошига гурзи келиб тушгандек қалқиб кетди. Беихтиёр эгарга сакраб миниб, отнинг жиловини у томон бурди.
— Қизларимни тинч қўй, кучук!
Бешим чавандоз Тошмурод полвоннинг важоҳатидан ҳайиқиб, ортга чекинди. Беш-ўн қадам узоқлашгач, яна ортига ўгирилди.
— Сен бир умр йўлимда ғов бўлиб келдинг, — деди у тишларини ғижирлатиб. — Дўстингман деб кўнгил қўйган қизимни тортиб олдинг! Энди кўпкаридаям юзимни шувит қилмоқчимисан, номард?!
— Сен билан гап талашишгаям ор қиламан.
— Важоҳатингдан катта ишни қойиллатиб қўйган одамга ўхшайсан, — дея заҳарханда кулди Бешим чавандоз. — Аслида, Саодатнинг этагини қизга тўлдириб ташлаб, бечорага азоб беришдан бошқасига ярамадинг! У менга текканида бунчалик хор бўлмас эди…
Бешим чавандоз отига қамчи босиб, бу ердан узоқлашди. Шунча гаплардан сўнг ҳам унинг ҳовури босилмаган эди, яна бир бор ортига бурилди-да, қамчисини ҳаволатганча хунук оҳангда ўшқирди:
— Сен боланинг кўзингни ўймасам, юрган эканман!
Бешим чавандоз Тўриқ қашқанинг сағрисига қамчи босиб, беҳаловат тўлғониб ётган даврага сингиб кетди.
* * *
Қўчқор баковул улоқни тақимига босиб, олдинга чиқди.
— Чоршанбибой кўпкарининг совринига лорсиллаган туя тикади! Кимда-ким улоқни якка айириб, “қора”га олиб борса, соврин шуники, — деб у кун ботиш томонда боши узра оқ мато ҳилпиратиб турган отлиққа имо қилди. — Айтиб қўяй, ҳеч ким бир туяни деб чавандоз номига иснод келтирмасин. Мол-дунё топилади, обрў топилмайди… Ҳалоллаб оласан!
Совринга кўз тикканлар кўп эди. Кўпкари охирлаган сари чопағонларнинг айримлари отларини совутиб, баъзилари эса алмаштириб олишган, шу баҳона ўзлари ҳам нафас ростлашга улгуришган эди. Улар жон-жаҳди билан улоққа ташланишди.
Бир маромда қайнаб ётган улкан дошқозонни эслатувчи беҳаловат даврани ҳалқа шаклида зич ўраб олган отлиқлар чопағонларнинг ҳаракатини жимгина кузатишарди. Чопағонларнинг бақириқ-чақириғи ва отларнинг пишқириғи қамчиларнинг қарсиллаши, сувлиқ-юганларнинг жаранги билан қоришиб, бўғиқ оҳанг ҳосил қилганди. Ўртадан енгилгина ҳовур кўтариларди. Четдан қараганда бу манзара сокин денгиз қаърида ғалаёнга келган вулқонни эслатарди…
Ниҳоят, Тошмурод полвон улоқ судраганча даврадан ажралиб чиқди. Қудратли издиҳом тўғонини бузган тошқин мисоли жонли ҳалқани ёриб ўтиб, гувиллаганча унинг орқасидан эргашди. Ўлжа ҳидини олган йўлбарс каби даврани бетоқат айланиб юрган Тўйчи қора бир зумда Тошмурод полвонни қувиб етиб, чапдастлик билан улоққа чанг солди.
— Деҳқонободда бизга улоқнинг бир пойчасини бериб қутулган эдингиз, — деди у хирқироқ овозда. — Бугун бу ҳунарингиз ўтмайди. Биз бу ерга улоқнинг бир пойчаси учун келганимиз йўқ!..
— Ўшанда сизга бир пойчани бериб қўйганимдан ҳалигача пушаймонман, — дея бўш келмади Тошмурод полвон ҳам. — Менга улоқ бутунича керак.
Тўйчи қора кулгидан ҳам кўра кўпроқ бўрининг ириллашига ўхшаб кетадиган товушда ҳиринглади.
Тошмурод полвон ногаҳон сурхонлик донгдор четгир минган отнинг айили салқи тортиб, эгари қийшая бошлаганини пайқаб қолди. Бундай бўлишини кутмаган Тўйчи қора мувозанатини сақлаш учун гавдасини ўнглашга мажбур бўлди. У оқ байроқли суворийга олазарак қараб қўйди. Улоқдан кўнгил узолмаётгандек, сўнгги бор уни ўзига тортди, аммо шу заҳотиёқ қўйиб юбориб, жон ҳолатда отининг бўйнига ёпишди…
Даврада қамалиб қолган Бешим чавандоз бир амаллаб олдинга ўтди. Тошмурод полвоннинг анча илгарилаб кетганини кўриб, пешонасини совуқ тер қоплади. Тўриқ қашқани беаёв қамчилаб, унинг ортидан от қўйди. Аста-секин орадаги масофа қисқара бошлади.
Тошмурод полвон Бешим чавандоз сўл тарафидан яқинлашиб келаётганини кўриб, улоқни чапдастлик билан ўнг томонига оширди. Бешим чавандоз бир амаллаб ўша томонга ўтганида эса яна чапга олди. Тошмурод полвоннинг бу қилиғи Бешим чавандозни баттар қутиртириб юборди.
— Қўрқаяпсанми, энағар! — дея бақирди у чорасизликдан кўзлари қонга тўлиб.
— Сен билан улоқ тортишишгаям ҳазар қиламан!..
Бешим чавандоз нима учундир дарров шаштидан тушди. Улоққа ҳамла қилишга шошилмай, ёнма-ён от чоптириб бораверди. Тошмурод полвон рақибининг мақсадини тушунолмай ҳайрон бўлди. Маррага эса жуда оз қолган эди. Салгина ғайрат қилса, бас…
Кутилмаганда Бешим чавандоз ёнламасига тақалиб келиб, шамолдек елиб бораётган Қоракўзни ўнгга сиқиб бора бошлади. Тошмурод полвон улоқни тақимига маҳкамроқ боса туриб, ўша томонга кўз қирини ташлади. Шундагина у рақибининг ниятини англаб қолди. Қоракўз баҳор жилғаларидан ҳосил бўлган чуқур жарлик ёқалаб чопиб борарди.
Тошмурод полвон жон ҳолатда Қоракўзнинг жиловини чапга бурди. Аммо кеч бўлган эди. Бир лаҳза четланган Бешим чавандоз отини шитоб билан унинг устига ҳайдади. Тўриқ қашқа ўмрови билан Қоракўзга келиб урилди. Қоракўзнинг суякларигача қисирлаб кетди. Гўё фарёд чекаётгандек, қулоқни қоматга келтиргудек қаттиқ кишнаб юборди. Шу заҳоти мувозанатини йўқотиб, жарга қулади.
Тошмурод полвон ҳаводаёқ эгардан учиб кетди.
* * *
Жарликка юзтубан йиқилган Тошмурод полвон бир муддат карахт ҳолда ерда чўзилиб ётди. Яқиндагина ёғиб ўтган кузак ёмғиридан намиққан тупроқнинг ёқимли ҳиди димоғига урилди. Вужудида аллақандай ҳузурбахш чарчоқ туйди. Бир амаллаб ўрнидан туриб, ўтирди. Қулоқлари чиппа битиб қолган, боши тинимсиз ғувилларди.
Лаблари орасидан сизиб чиқаётган қонни енги билан артиб, нима воқеа содир бўлганини англаб олмоқчидек, атрофга аланглади. Сал нарида улоқ ерпарчин бўлиб ётар, унинг ёнида боши гавдасининг тагида қолиб, бўйни қийшайиб қолган Қоракўз жон ҳолатда типирчилар эди.
Тошмурод полвон ихтиёрсиз равишда ўша томонга интилди. Бир амаллаб отнинг бошини ўнглаб, унга термулиб қолди. Қоракўзнинг сувлиқ чиқиб кетган оғзидан оппоқ кўпик оқар, мудом ёшланиб турувчи маъноли кўзлари эса алланечук катталашиб кетгандек эди.
Тошмурод полвоннинг миясида чақин чақнагандек, кўз олди равшанлашиб, қулоқлари ҳам очилиб кетди. Қоракўз худди буғилиб қолгандек тинимсиз хирилларди.
— Сенга нима бўлди, Қоракўз, — деб Тошмурод полвон вужуди дир-дир титраётган отининг бўйнини жон-жаҳди билан уқалашга тушди. — Тур, жонивор. Чух!..
Хожасининг амрига итоат этишга одатланган Қоракўз шу заҳотиёқ ҳаракатга келди. Зўриқиш билан ўзини ўнглаб олди-да, янги туғилган тойчоқдек алпонг-талпонг ўрнидан туриб, оёқларини керди.
Тошмурод полвон ўзига мутелик билан қараб турган қадрдон отининг кўпикланиб ётган тумшуғини кафти билан артаркан, вақти-соати етган вулқон янглиғ ич-ичидан кўтарилиб келаётган оғир бир ҳиссиётни жиловлаш учун тишини-тишига босди. Бутун вужуди зўриқиб, чакка томирлари ўқлоғдек бўртиб чиқди…
Кутилмаганда Қоракўзнинг боши ён томонга оға бошлади. Тошмурод полвон гўё суяб қолмоқчидек, отнинг бўйнидан маҳкам қучоқлади. Бироқ ўзи ҳам Қоракўз билан ерга қулади… Жар лабига етиб келган беш-ўн чоғли отлиқлар не ҳодиса юз берганини англолмай ўзаро шивир-шивир қилишганча, унга ҳайрон қараб туришарди.
Қоракўзни турғазишга беҳуда уриниб ётган Тошмурод полвон кимдир елкасига қўл ташлаганини сезиб, ортига ўгирилди. Тепасида Сафармурод турарди.
— Ўзингизга ҳеч нарса қилмадими, Тошмурод ака, — деди йигит хавотирли оҳангда.
Тошмурод полвон индамай отига юзланди. Узала тушиб ётган Қоракўз жон узолмай қийналарди. Шу пайт жар лабида тўпланган одамлар орасидан Суюнбой суғурилиб чиқиб, пастга сакради.
— Нима бўлди, Тошмурод? — деди у кўзларида ёш ҳалқаланиб. — Тани-жонинг соғми, укажон?! Ёмон йиқилмадингми?
Сўнг шоша-пиша Тошмурод полвоннинг оёқ-қўлларини, белини силаб чиқди.
— Худога шукр, оёқ-қўлинг бутун экан, — дея белбоғини ечиб, унинг лаблари орасида сизиб чиқаётган қонни арта бошлади. Тошмурод полвон эса ҳамон отидан кўз узолмасди.
Суюнбой типирчилаб ётган Қоракўзнинг бўйнини ушлаб кўрди.
— Бўйин томири узилганга ўхшайди… Ҳай, от бўлса топилади. Ўзинг омон қолганингга шукр қил, укажон!
Қоракўзнинг оёқ силташлари тобора секинлашиб, мудом ёшланиб турувчи маъноли кўзлари хира тортиб борарди.
Арқонга осилиб пастга тушган Қўчқор баковул Қоракўзни синчиклаб кўздан кечиргач, вазмин бош чайқади.
— Отингизнинг қайта оёққа туриши қийин, Тошмуродбой. Менимча, буни тезроқ сўйиш керак! Бўлмаса…
— Шарт эмас, — деди Тошмурод полвон оғир хўрсиниб.
Қоракўзнинг жон талвасасидаги ҳаракатлари тобора сусайиб борарди. Ниҳоят, у қолган-қутган кучини тўплаб сўнгги бор ўрнидан туришга уриниб кўрди. Зўриққанидан бутун танаси титраб кетди. Хиёлгина кўтарилган боши ерга “шилқ” этиб тушди. Шу куйи бутунлай тинчиб қолди.
— Ўлди, жонивор…
Тошмурод полвон ҳаётининг бир бўлагига айланиб қолган севимли отидан ажралганига ишонгиси келмасди. У яна бир муддат Қоракўзга умидвор термулиб ўтирди. Сўнг тақдирга тан бергандек, аста ўрнидан қўзғолди.
— Бешим… номард Бешим, — деди у ўзига ўзи гапираётгандек надоматли оҳангда. — Ниятингга етдинг-а!
Тошмурод полвонни жарга итариб юбориб, олди-ортига қарамай жўнаб қолган Бешим чавандоз бу пайт қирдан ошиб, кўздан ғойиб бўлган эди.
* * *
Шу воқеанинг эртасига Раҳмат қассоб Қашқа дўнонини гижинглатиб Манғитлига кириб келди. Тошмурод полвон бир-икки бор гаплашгандаёқ унинг кўнглида кири йўқ, ҳамиятли одам эканлигини пайқаган эди. Шу боис уни очиқ юз билан қарши олиб, меҳмонхонага бошлади. Дастурхон устида ҳам анча вақт ўтган-кетгандан гурунглашишди. Аммо қизлари орқали айттириб келган Суюнбой меҳмонга унчалик руйхуш бермай, қовоқ солиб ўтирди.
Раҳмат қассоб гапни айлантириб келиб, кечаги воқеага тақади. Қудаси бу қилмиши билан бешқудуқликларнинг ҳам юзини ерга қаратибди. Одамлар ундан хафа эмиш. Бешимнинг ўзи ҳам жаҳл устида қилиб қўйган ишидан пушаймон бўлиб, уйдан эшикка чиқолмай ётган эмиш…
— Бу гапларни қўйинг, Раҳмат ака, — деди Тошмурод полвон унинг гапини бўлиб. — Бўлар иш бўлди. Мен ундан хафа эмасман…
Шундан сўнг Раҳмат қассоб ҳам чўзиб ўтирмай, муддаога кўчиб қўя қолди.
— Бу ишни шундай қолдириб бўлмайди, Тошмуродбой, — деди у жиддий қиёфада. — Қишлоқ оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб, увол кетган отингизнинг хунини тўлашга қарор қилдик.
Тошмурод полвон аччиқ устида меҳмонни беҳурмат қилиб қўймаслик учун лабини тишлади.
— Тошмурод бировнинг садақасига зор бўлиб қолгани йўқ, — деди Суюнбой жаҳл билан. — Сиз ҳам иззатингизни билинг, оғайни!
— Вақтида чорасини кўрмасак, шу воқеа сабаб, Бешқудуқ билан Манғитлининг ўртасига совуқчилик тушиши мумкин, — деди Раҳмат қассоб ҳам бўш келмай. — Тўй-тўйчиғи, бозори билан мозори бир бўлган икки қишлоқ одамлари битта отни деб бир-биридан тумшуқ буриб юрса, яхши бўладими?
Раҳмат қассобнинг далили мантиқли эди. Тошмурод полвон унга бирор маънили эътироз билдиролмади. Нажот кутгандек Суюнбойга юзланди.
— Сиз орага элчиликни қўшиб, муғомбирлик қилдингиз, қассоб, — деди Суюнбой ҳам бир парда паст тушиб. — Буёғига мен бир нарса деёлмайман. Нима қилса, Тошмуроднинг ўзи билади.
Бошқа гапга ўрин қолмади. Шундан сўнг дастурхонга фотиҳа ўқилиб, ташқарига чиқишди. Раҳмат қассоб Қоракўзнинг охурида емиш ковшаётган Қашқа дўноннинг майин ёлини силаб, сағрисига шапатилади.
— Бу билан соврин-поврин олсангиз, бизниям эсдан чиқармассиз, Тошмуроджон, — дея зўрма-зўраки жилмайди у. — Туришини қаранг! От кўрганим ёлғон-эй…
Ўша куни Раҳмат қассоб Қашқа дўноннинг эгар-жабдуғини елкалаганча Бешқудуққа пиёда жўнади. У кета-кетгунча қудасининг гўрига ғишт қалаб сўкиб кетди.
* * *
Раҳмат қассоб Тошмурод полвонникида қудаси ҳақида сал муболаға билан гапирган эди. Аслида, Бешим чавандоз ўз қилмишидан унчалик ҳам афсусланаётгани йўқ эди. Қишлоқ кайвониларининг Тошмурод полвонга отининг хунини тўлаш ҳақидаги қарори ҳам унга ёқмади. Айниқса чолларнинг Қашқа дўнонни беришга келишганларини эшитиб, тепа сочи тикка бўлиб кетди.
Тўриқ қашқа минг зўр от бўлгани билан вақти келиб ундан ҳам давр кетиши аниқ. Унинг наслидан бўлган Қашқа дўнон эса куч-қувватга тўлиб, кун сайин етилиб келмоқда эди. От изини той босар деганларидай, жонивор ҳадемай яхшигина улоқчи отга айланиши аниқ. Буни яхши билган Бешим чавандоз бир-икки йилдан сўнг уни ўзи минишни чамалаб қўйган эди. Аммо кутилмаганда бу нияти саробга айланди. Ўлганнинг устига тепгандай, Қашқа дўнон келиб-келиб ашаддий рақиби Тошмурод полвонга насиб этиб турибди. Э, бу шўртумшуқ сағирдан қутуладими-йўқми!..
Энг алам қиладигани, кўпкаридаги воқеа сабабли Бешим чавандознинг тили қисиқ эди. Шу сабаб кўз ўнгида юз бераётган воқеаларни жимгина кузатиб туришга мажбур эди.
Қудуқ бошида Тўриқ қашқани чўмилтираётган Бешим чавандоз шу ҳақда ўйлаган сари дарди-дунёси қоронғи бўлиб бормоқда эди. Сал нарида эса кечагина Қашқа дўнонни Тошмурод полвоннинг қўлига топшириб келган Раҳмат қассоб қовоқ уйганча унинг ҳаракатларини зимдан кузатиб ўтирарди. Бешим чавандоз бор аламини ундан олмоқчи эди-ю, аммо шу топда қудасининг ҳам феъли айнаб турганини сезиб, тилини тишлади. Шу тахлит иккаласи ҳам анча вақт чурқ этиб оғиз очишмади.
— Тошмурод Қашқа дўнонни индамай олавердими? — деб сўради Бешим чавандоз ниҳоят дағал оҳангда.
— Қаёқда! Бошида йўқ деб оёқ тираб туриб олди. Ўртага элчиликни қўшганимдан кейин ноилож қолди. — Раҳмат қассоб Бешим чавандозга қаттиқ тикилди. — Ўйлашимча, сизниям аяганга ўхшади. Кўнглида кири йўқ, мўминқобилгина йигит экан.
— Ноилож қолган эмиш, — дея заҳарханда кулди Бешим чавандоз. — У шундай наслдор отдан кечадиган даражада валломат эмас! Сизам гапга тўн кийдириб гапирмасангиз, кўнглингиз жойига тушмайди.
— Хафа бўлманг-ку, сизда тантилик оз, — деди Раҳмат қассоб дона-дона қилиб. — Кўпкаридаям зўрдан-зўр чиқади…
— Ўша сағир мендан зўр эканми?! — Ғазабдан бўзариб кетган Бешим чавандоз илкис от ювишдан тўхтаб, Раҳмат қассобга еб қўйгудек тикилиб, сенсираб ўшқира кетди. — Бу гапингга номаъқулнинг нонини ебсан! Ҳали ундайларнинг ўнтасига гап айтишга кучим етади!.. Тошмурод деса ҳаммангнинг оғзингдан бол томади! Қай гўрдаги баҳоналарни пеш қилиб, миниб юрган отингни унга қўш-қўллаб тутқазиб келдинг! Ҳайф, сенга шундай от!
Унинг замзамаларини жимгина тинглаган Раҳмат қассоб секин ўрнидан турди-да, вазмин қадамлар билан уйига йўл олди.
— Арзандангга айтиб қўй, жонидан умиди бўлса, кўзимга кўринмасин, — дея унинг ортидан бақирди Бешим чавандоз. — Яна оёғимнинг тагида ўралашса, ўзиниям соғ қўймайман!..
* * *
Наврўз яқин эди. Бир куни Суюнбой Тошмурод полвонникига Нуралибойни бошлаб келди.
— Бу киши учкапалик Нуралибой бўлади, танисанг керак? — деди у салом-аликдан сўнг. — Олдингга зарур иш билан келибди.
— Келинг, меҳмон, — деди Тошмурод полвон ирғай сопли қамчисини ҳадеб этигининг қўнжига уриб-уриб қўяётган бу ғалати йигитга синовчан тикилиб. — Қани, уйга…
— Уйингизда бошқа пайт меҳмон бўлармиз, полвон ака, — деди Нуралибой бепарво оҳангда. — Шу десангиз, бизнинг битта саманимиз бор… Ўзи яхши от-ку, лекин ҳеч чопағонга ёлчимаяпти. Шу жониворни ўзингиз чопсангиз, девдим.
— Раҳимбойнинг кўпкарисида Бешим ўша саманни миниб, сен билан улоқ талашувди, — деб гап қўшди Суюнбой.
— Эсладим, — деди Тошмурод полвон. — Чаққонгина от эди.
— Синчилар ҳам шундай дейишади, — деди бу гап қулоғига мойдай ёқиб тушган Нуралибой керилиб.
— Нимага саманингизни Бешимга чоптирмаяпсиз?
— Юзи қурсин унинг! — деди Нуралибой ногоҳ аччиқ нарса чайнаб олгандек афти буришиб. — Ўшанда сизга улоқни олдириб қўйиб, аламини бизнинг самандан олди. Шунинг касрига жонивор бир муддат ўсал бўлиб қолди.
— Саманингизни мен минсам, Бешим чавандоз кўнглига оғир олиши мумкин..
— Бешимнинг менга от боқишиб қўйган жойи йўқ! — деди Нуралибой қизишиб. — Ўша нокас юз-хотир қилишингизга арзимайди. Унинг сизга қилган итлигини ҳамма билади!
— Бу гапларни қўйинг, меҳмон, — деди Тошмурод полвон оғриниб. — От чоптираман десангиз, чавандоз кўп…
Нуралибой нажот кутгандек Суюнбойга умидвор термулди.
— Сени ҳурмат қилиб шунча жойдан излаб келибди, ноумид қайтарма, — деди Суюнбой.
— Йўқ деманг, полвон ака, — деди Нуралибой ялинчоқ оҳангда. — Келаси чоршанба куни Ҳисорсойда катта кўпкари бўлади. “Шу кўпкарида саманимни Тошмурод полвонга чоптираман” деб оғзикатталик қилиб қўювдим. Юзим шувит бўлмасин…
Тошмурод полвон илкис ҳушёр тортиб, Нуралибойга юзланди.
— Ҳисорсойда, дейсизми?
— Ҳисорсой деганлари тупканинг тубида эмас, — деди унинг бу ҳолатини ўзича тушунган Нуралибой баттар ташвишланиб. — Отда жадаллаб юрилса, бир майдонда етиш мумкин.
— Бешимнинг у ёқларда адашган ити йўқ, — деди Суюнбой ҳам. — Сен иккиланмай боравер.
Очиғи, Нуралибойнинг гап-сўзлари-ю, ўзини тутиши Тошмурод полвонга ёқмади. Унинг саманини чопишга ҳам унчалик ишқибоз эмасди. Чунки шу чоққача Бешим чавандоз чопиб юрган отни минишга кўнгли тортмаётган эди. Аммо кўпкари Ҳисорсойда бўлиб ўтиши ҳақидаги гап уни ўйлантириб қўйди. Нуралибойга нима деб жавоб қилишни билмай, бир муддат иккиланди. Яқинда онаси билан бўлган суҳбат эсига тушди…
Ўша куни Тошмурод полвон сўрида ўтириб, кўпкарида киядиган нуғайи этигини ямаш билан овора эди. Катта қизлари ва Рўзихол момо қаергадир чиқиб кетишган, Саодат айвонда хамир қоримоқда эди. Сочлари жамалак қилиб ўрилган Ойсулув ҳам онасининг ёнида ўтириб олиб, бир парча хамирдан жажжи кулчалар ясашга уринарди.
Шу пайт ичкаридан чақалоқ йиғиси эшитилди. Жуволдиз билан этикдан ип ўтказаётган Тошмурод полвон кўз қири билан хотинига қаради. Қўллари хамирга беланган Саодат нима қилишни билмай шошиб қолди.
— Бориб, укангнинг бешигини тебратиб тур, қизим, — деди у Ойсулувга кўзи тушиб. — Ишимни тугатишим билан менам бораман.
— Йўқ, — деди Ойсулув ўжарлик билан. — Кулчаларимни тезроқ ёпмасам, хамири ачиб қолади.
Чақалоқ йиғиси авжланди.
— Бидирламай тезроқ бор, дейман!
— Ўзингиз боринг, — бўш келмади қизча ҳам. — Ойбаҳорнинг қорни очқаган. Тезроқ уни эмизинг.
— Муштдай боши билан ақл ўргатади, бу тентак қиз…
Тошмурод полвон мийиғида кулиб қўйиб, офтобада қўлини ювди-да, ичкарига юрди. Саодат унинг мақсадини тушуниб, яна ишига уннади.
Тошмурод полвон хона ўртасида турган бешикнинг ёпқичини очди. Уйни бошига кўтариб йиғлаётган жажжи қизалоқ шу заҳоти юпаниб, ёш ҳалқаланган мунчоқдек кўзларини отасига тикди. Тошмурод полвон илжайди.
— Она қизим…
Қизалоқнинг мунчоқ тақилган лўппи қўлларини бўшатиб, бармоғининг учи билан авайлаб унинг кўз ёшларини артди. Жажжи Ойбаҳор тимирскиланиб, отасининг ўзи томон эгилган юзини сийпалади. Гўдакнинг ёқимли ҳиди димоғига урилиб, Тошмурод полвоннинг юраги орзиқиб кетди. Бешикка осилган қўнғироқчани жиринглатди. Қизалоқ эндигина милкларини ёриб чиқа бошлаган тишларини кўрсатиб маъсум жилмайди.
— Ие, тишчаларинг кўриниб қолибди-ку, — деди Тошмурод полвон хурсанд бўлиб. — Энди сенгаям хўрозқанд олиб келаман.
Шу пайт Рўзихол момо шошиб уйга кирди. Тошмурод полвон унғайсизланиб ўзини четга олди.
— Бу эрка қиз отасига арзи-ҳол қилаяптими? — деди Рўзихол момо чақалоқни бешикдан ечиб олатуриб. — Юмронқозиқдай қараб туришини бунинг.
Рўзихол момо қизчанинг кийимларини кийгиза бошлади. Онасининг гапларини илжайиб тинглаб ўтирган Тошмурод полвон нигоҳини четга олди. Бешикдан озод бўлган чақалоқ эса кампирнинг қучоғида бетиним типирчиларди.
— Қанот қоқмай тек тур, ажина, — дея ёлғондакам пўписа қилди Рўзихол момо унга. — Тавба, қўлдан ясаб қўйгандай отасига ўхшайди-я!.. Шунча ишни қилган Худойим шугина гўдакни ўғил қилиб яратганда, қанийди.
Тошмурод полвон жим эди…
Рўзихол момо чақалоқни кийинтириб бўлгач, ўғлининг қўлига тутқазди.
— Майли, қиз бўлсаям, берганига шукр, — деди бешикни тартибга келтираётиб. Нимадир эсига тушгандек “ялт” этиб ўғлига қаради. — Айтгандай, кеча Норбуви холанинг қирқида бир гап эшитиб қолдим, болам. Ҳисорсой томонларда Ўғилбулоқ деган чашма бор эмиш. Кимки ният қилиб, унинг сувидан ичса, Худо унга ўғил берармиш.
— Гап-да, она, — деди Ойбаҳорни сўзсиз, имо-ишора билан эркалаб ўтирган Тошмурод полвон жиддий тортиб.
— Шу уйдаям ўғил боланинг йиғисини эшитиб ўлсам, армоним йўқ эди. Сенда на ака, на ука бор… Ўғил бола отага суянчиқ бўлади.
Рўзихол момо бешик ичидан тувакни олиб ташқарига чиқди. Тошмурод полвон онасининг ортидан маҳзун қараб қолди. Сўнг қўлларида типирчилаётган қизчасини юқорига ирғитиб эркалата бошлади:
— Она-а қизим! Хуштала-хуштала…
Тошмурод полвон ўша куни индамай қўя қолган бўлса-да, онасининг бу гапи унинг юрагига чўғ солиб қўйган эди. У шу кунларда бирон арзирли баҳона топиб, Ҳисорсойга ўтиб келиш ҳақида ўйлаб юрган эди. Ўғилбулоққа бориш учун қулай фурсат туғилгани учунгина Нуралибойнинг таклифига кўнишга мажбур бўлди.
— Майли, отингизни чопаман, — деди Тошмурод полвон ниҳоят бир қарорга келиб. — Сиз билан Ҳисорсойда учрашамиз.
— Алдамаяпсизми?..
Тошмурод полвон Нуралибойни энди кўраётгандай унга ажабланиб тикилди.
— Майли-майли, — деди қовун туширганини англаган Нуралибой хижолатдан қизариб. — Мен Ҳисорсойга элдан бурун бориб, сизни кутиб тураман.
* * *
Тошмурод полвон чоршанба куни тонг бўзармасдан Суюнбойнинг отини миниб йўлга тушди. У Оқчева тарафдан айланиб ўтадиган катта йўлдан юрмай, Чалқаймиш адирларини тикка кесиб чиқадиган ёлғизоёқ сўқмоққа бурилди. Қир-сой оралаб ўтган йўлда бироз қийналган бўлса-да, чошгоҳга қолмай баланд тоғлар этагидаги Ҳисорсой қишлоғига етиб келди.
Ҳисорсойнинг кунчиқар тарафидаги икки томони чуқур зов билан ўралган сайхонликни қишлоқ аҳли супа деб аташар эди. Қишлоқнинг байрам-сайиллари, кўпкарилари мана шу жойда ўтар эди. Тошмурод полвон илгари ҳам бир-икки марта Ҳисорсойга келиб улоқ чопганлиги боис тўғри супага чиқиб борди.
Тўйнинг қирошини еб чиққан отлиқ, пиёда одамлар тўп-тўп бўлиб супага оқиб келишмоқда эди. Бир гала ёш чопағонлар аллақачон солимни бошлаб юборишибди.
Тошмурод полвон излай-излай Нуралибойни топди. У супанинг юқори тарафида тарлон байталнинг эгарида қийшайиб ўтирганча, ёнидаги уч-тўрт отлиқ билан гурунглашиб турарди. Нечундир Тошмурод полвонни кўриб довдираб қолди.
— Сиз ҳам келувдингизми, полвон ака? — деди ўғирлик устида қўлга тушгандек теваракка аланг-жаланг термулиб. — Энди келмассиз деб ўйловдим…
— Саманинг қани? — деб сўради Тошмурод полвон унинг ўзини тутишидан ажабланиб.
Нуралибой ҳеч нарса демай уни супанинг бир чеккасига бошлади. Холироқ жойда қорачадан келган бир ўспирин таниш саман отни қоровуллаб ўтирарди.
— Мен ҳозир келаман, — деди-ю, Нуралибой тарлон байталини ниқтаб кўздан ғойиб бўлди.
Тошмурод полвон унинг ортидан қараб қолди. У Нуралибойнинг безовталиги сабабини тушунолмай ҳайрон эди. Аммо нима бўлганда ҳам энди ортга қайтишнинг иложи йўқ. Бировга ваъда бердими, устидан чиқиши керак…
Тошмурод полвон отини бир чеккага боғлаб, пахталик нимчаси билан нўғайи этигини кийди. Кийимларини хуржунга жойлаб, ўрнидан турди.
Кўпкари бошланишини сезиб безовталанаётган саманни эгарлаб минди. Давра сари интилган отнинг жиловини куч билан тортиб қолди. Саман адл кўкка сапчиди. Бу манзарани кўриб, ўспириннинг қувончдан кўзлари чақнаб кетди.
— Зўр-а! — деди у ғурур билан. — Нақ осмонга учиб кетаман дейди!
Тошмурод полвон мийиғида кулиб қўйди. Сўнг бир нарса ёдига тушгандек теваракка аланглади.
— Нуралибой кўринмай қолди?
— Акам анави томонга кетувди, — деди ўспирин елка қисиб. — Келиб қолар…
Тошмурод полвон саманнинг жиловини ўша томонга бурди.
Даврага етай деганида Нуралибой олдидан чиқди.
— Бир узримиз чиқиб қолди, полвон ака, — деди у кўзларини олиб қочиб. — Кўпкарига Бешим чавандоз ҳам келган экан. Саманни ўзим чопаман деяпти…
Қаердандир пайдо бўлиб қолган Бешим чавандоз Тошмурод полвоннинг ёнида шартта Тўриқ қашқанинг жиловини тортди.
— Отдан туш! — деди у ғазабдан жунбушга келиб.
Бундай бўлишини кутмаган Тошмурод полвон нима қилишни билмай, довдираб қолди. Мадад кутгандек Нуралибойга термулди. Аммо ундан садо чиқмасди.
— Қачондан бери бировларнинг сарқити билан кун кечирадиган бўлиб қолдинг, бетиқора! — дея авжланди Бешим чавандоз. — Хомитиб ўлдирган қирчанғингнинг ўрнига зотдор от бериб ҳам сендан қутулмайманми?!
Уларни жимгина кузатиб турган одамлар орасида шивир-шивир бошланди.
— Бу қандай гап бўлди?! — деб алам, изтироб залворидан пешонасидан совуқ тер чиқиб кетган Тошмурод полвон саманни Нуралибойга ниқтади. — Нимага индамайсан?!
Нуралибой унинг важоҳатини кўриб қўрқиб кетди.
— Саманни ким чопсаям менга фарқи йўқ… Икковингиз келишиб олинг.
Нуралибой тарлон байталининг жиловини буриб, одамлар орасида кўздан ғойиб бўлди.
Тошмурод полвон отдан қандай тушиб, даврадан қандай чиқиб кетганини ҳам билмайди. Ачиниш, киноя, ҳайронлик акс этган нигоҳлар уни кузатиб қолди.
— Ўл бу кунингдан!..
Бешим чавандознинг бу гапи олислардан келаётгандек, унинг қулоғига элас-элас эшитилди…
Тошмурод полвон писта, бодом дарахтлари қуюқ ўсган тошлоқ дара оралаб анча вақт юрди. Ниҳоят, чўк тушган туя шаклини эслатувчи улкан харсанг тошга дуч келди. Ўғилбулоқ деганлари ана шу тошнинг тагидан жилдираб оқиб чиқиб, сал наридаги ҳовузчага қуйилар экан.
У отини шу атрофдаги арча шохига боғлади. Эгнидаги пахталик нимчаси билан этигини ечиб, чашма сувида юз-қўлини ювди. Сўнг ҳовузга энгашиб, унинг сувидан симирди. Тотли булоқ сувига қўшилиб вужудига алланечук куч-қувват оқиб кираётгандек, енгил тортди. Юрагида тошдек чўкиб ётган изтиробли ҳиссиётлар эриб кетгандек, кўксида ёқимли бир бўшлиқни ҳис қилди.
Тошмурод полвон булоқ бўйидаги ажриқзорда чўзилган куйи зангори осмон узра оҳиста сузиб юрган булутларга термулиб ётди. Сўнг аста кўзларини юмди. Шу топда унинг ўзи ҳам хаёлан кўкда парвоз қилмоқда эди…
* * *
Орадан бир йил ўтди. Шу вақт ичида Тошмурод полвон бирон марта улоқ чопмади. Ҳатто, кўкламда ҳамқишлоғи уста Ўсарнинг кўпкарисида ҳам кўринмади. Дастлаб одамлар манғитлилик камсуқум чопағонни бот-бот эслаб туришарди. Баъзилар эса у ҳақда ҳар хил гап-сўзларни тўқиб-бичишарди. Эмишки, Тошмурод полвон ҳамон ҳайф кетган отини унутолмаётган эмиш. Ҳатто, кимгадир, Қоракўз ўлиб, бизданам давр кетди, энди қайтиб улоқнинг яқинига йўлашгаям юрагим бетламайди, деб арзи ҳол қилибди…
Вақт ўтиши билан бунақа гап-сўзларнинг ҳам тафти пасая бошлади. Давраларда гуриллаб юрган пайтларида келди-кетди аримай ётган хонадони ҳам эндиликда сокинлашиб қолган эди. Кўпкарининг завқига берилиб кетган одамлар уни унута бошлашди.
Сайисхонада анча етилиб, кучга тўлган Қашқа дўноннинг тагини тозалаётган Тошмурод полвон шулар ҳақида ўйларкан, мийиғида кулиб қўйди. Ўлмаган қул кўраверар экан-да, деган фикр кечди хаёлидан. Очиғи, у ҳеч кимга Қоракўз ўлиб, ўзидан даври-даврон кетгани ҳақида арзи ҳол қилмаган бўлса-да, лекин бундан буёғига қандай йўл тутишни ҳам билмасди. Қашқа дўнон тиғи чархланган шамшир каби тобга келган, бироқ уни миниб улоқ чопишига нимадир монелик қилмоқда эди.
Ўй-хаёлларга берилиб кетган Тошмурод полвон ўзи томон келаётган Суюнбойни пайқамади.
— Ҳорманг, Тошмуродбой, — деди Суюнбой уч-тўрт қадам нарида оёқ илиб.
— Саломат бўлинг. Келинг, Суюнбой ака.
— Раҳмат қассобнинг Қашқа тойи роса етилибди, — деди Суюнбой кинояли оҳангда. — Энди жониворни бемалол қўшга солсанг ҳам бўлаверади.
— Қизиқ гапирасиз-а, Суюнбой ака, — деб кулди Тошмурод полвон. — Шундай отга омоч судратсак, увол бўлар.
— Қўшга қўшмасанг, кўпкарига солмасанг, буни сўқимга боқаяпсанми? — деди Суюнбой овозини бир парда кўтариб.
Тошмурод полвон Қашқа дўноннинг устига кигиздан тикилган ўрамани ёпиб, айилини тортди.
— Ана шу-да, — деди жавоб кутиб бир муддат унинг оғзини пойлаган Суюнбой ҳафсаласи пир бўлиб. — Кўпкари деса, бу кишининг лабига учуқ тошади! Бултурдан бери улоқ чопишниям йиғиштириб қўйди.
— Кўнглингиз тўқ бўлсин, Суюнбой ака. Ҳали кўпкаридан умидимизни узганимиз йўқ. Вақти келса, яна чопармиз.
— Вақти қачон келади?! Ёшинг бир жойга бориб, соқолинг селкиллаган чол бўлганингдами?
Тошмурод полвон сукут сақлади.
— Сен бу ёқда “уй қизи” бўлиб ўтиравер, у ёқда Бешим кўпкарининг совринини олиб, бурни танқайиб юраверсин. Сенга шу керак-да ўзи! — деди у баттар жиғибийрон бўлиб. Тошмурод полвон бирдан жиддий тортди. Суюнбой гаплари унга таъсир қилганлигидан руҳланиб, бироз юмшади. — Келаси жумада кўктўнлилик Сарман чўпон кўпкари бераяпти. Совринига той айтмоқчи экан. Уккағар Бешим ҳалитдан, “Сарман чўпон тойчоқни бизникига келтириб боғлаб қўяверсин”, деб оғзикатталик қилиб юрган эмиш…
— Бешим чавандоз лафзида турадиган одам, — деди Тошмурод полвон ўйчан қиёфада. — Шундай деган бўлса, сўзининг устидан чиқади.
— Бормайсанми?!
— Бу гапларни қўйинг, Суюнбой ака. Қани, уйга… Чойлашамиз.
— Э, сенга ялинган мен аҳмоқ!
Суюнбой қўл силтаганча ортига бурилиб кетди.
Тошмурод полвон уй томон юрди. Ҳовли сув қуйгандек жим-жит эди. Ошхонада куймаланаётган Саодат офтоба билан сочиқ кўтариб чиқди. У яна ҳомиладор, ой-куни яқин эди…
Тошмурод полвон жимгина ювинди. Хотини узатган сочиққа артина туриб, беихтиёр унинг дўппайиб турган қорнига қараб қўйди. Саодат бесаранжомланиб, кенг-мўл нимчасининг этагини тортди.
— Нимага мендан ўзингни олиб қочасан, Саодат? — деди Тошмурод полвон унга меҳр билан тикилиб. — Бир уйда яшаймизу, худди бегоналарга ўхшаймиз.
— Бу кишининг олдида тилим қисиқ… Кўзига қарашгаям уяламан…
Саодат маъсум қиёфада ерга қаради. Изтиробли бир ҳиссиёт Тошмурод полвоннинг юрак-бағрини симмиллатиб ўтди.
— Ундай дема, Саодат! — деб уни авайлаб бағрига босди. — Ўзингни қийнама…
Саодат чуқур хўрсиниб, эрининг кўксига бош қўйди.
— Қўрқаяпман! — деди мижжаларига ёш қалқиб.
— Хавотирланма, ҳаммаси яхши бўлади, — деди Тошмурод полвон таскин оҳангида. — Мен ҳеч қачон сендан домонгир бўлмаганман. Сениям, қизларимниям яхши кўраман. Бу гал ҳам пешонамизга ёзилгани бўлади!
— Бу кишига ўзига ўхшаган полвонгина ўғиллар туғиб бермоқчи эдим…
Саодат чуқур тин олди. Унинг ёшлик латофати кетиб улгурмаган чиройли юзида алланечук умидсизлик акс этган эди. Тошмурод полвон хотинининг оҳуникидек йирик-йирик, тим қора кўзларига термулиб қолди. Ундан бир хушхабар уққандек, беихтиёр жилмайди…
* * *
Тошмурод полвон эрталаб одатдагидек қўрадаги қўйларини яйловга ҳайдади. Қишлоқ адоғидаги янтоқзорга қўйларини ўрдириб юборди-да, чопонини ерга тўшаб ёнбошлади.
Бийдай даштга сукунат чўккан эди. Тийрамоҳнинг майингина офтобида тобланиб ётган Тошмурод полвонни яна уй-хаёллар оғушига олди. Бир йил бурун Чоршанбибойнинг кўпкарисида юз берган воқеа хаёлида жонланди.
Мана, у улоқни тақимига босганча Қоракўзни елдириб кетаяпти. Жонивор марра сари гўё қанот боғлаб, учади…
Дафъатан кўз ўнгида Бешим чавандознинг ғазабдан буришиб кетган башараси пайдо бўлди.
Тошмурод полвон Қоракўз билан жарликка қулаяпти… Ҳозиргина жон берган Қоракўзнинг мудом ёшланиб турувчи маъноли кўзларида бир томчи ёш қотиб қолган…
Ой-куни яқинлашиб қолган Саодат унга мунғайиб қараб турибди…
Ичкаридан чиқиб келган Рўзихол момо лабини тишлаганча супа устидаги офтобани олиб, яна секин уйга кириб кетди…
Тошмурод полвон изтиробли хотиралар чангалидан халос бўлиш илинжида аста ўрнидан туриб ўтирди. Олисда элас-элас кўзга ташланиб турган Қўнғиртов томонларга хазин тикилди. Кўзларидан икки томчи ёш сизиб чиқди…
Ортиқ бу ерда ўтиролмади. Чопонини қўлтиқлаб, янтоқзор томон юрди.
Қишлоқ тарафдан чиқиб келган уч-тўрт отлиқ орасидан Суюнбой ажралиб чиқиб, унга яқинлашди.
— Ҳа, Тошмуродбой, қўй боқиб юрибсизми?
— Қўй боқиб юрибман, Суюнбой ака, — деди Тошмурод полвон алланечук ўксик оҳангда. — Сизлар… Сизларга йўл бўлсин?
Суюнбой унинг ҳолатини кўриб ажабланди.
— Сарман чўпоннинг кўпкарисига бораяпмиз. Улоқ чопмасак ҳам, томоша қилиб келамиз-да, бизлар.
— Айтгандай, бугун кўпкари бор-а, — деди Тошмурод полвон нимадир ёдига тушгандек синиқ жилмайиб.
— Эмаса, биз борайлик, Тошмуродбой.
Тошмурод полвон индамай қўя қолди. Суюнбой яна нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, фикридан қайтиб, ортига бурилди.
— Чўх, жонивор!..
Тушга яқин Тошмурод полвон қўйларини ҳайдаб келиб, қўрага қамади. Ҳовлида ҳеч ким кўринмасди. Шу пайт ичкаридан Зиёда шошиб чиқиб келди.
— Сингилларинг қани, қизим?
— Ўғилой уларни Назира янгамникига олиб кетувди, — деди Зиёда ерга қараб. — Онамнинг сал мазаси йўқ… Ирисгул момони чақириб келиш учун кетаяпман.
Тошмурод полвон гап нимадалигини тушунди. Уйга киришини ҳам, ортига қайтишини ҳам билмай, серрайиб туриб қолди. Сўнг бир қарорга келиб, сайисхона томон юрди.
Қашқа дўнон одатдагидан безовта эди. У тинимсиз пишқириб, қозиқ атрофида айланар, баъзан асабий тарзда кишнаб, кўкка сапчирди.
Тошмурод полвон охур чеккасига омонатгина чўкиб, отнинг ҳаракатларини бефарқ кузатгансиб ўтирарди. У сиртдан хотиржам кўрингани билан ўзини қўярга жой тополмас, юрагида алланечук қадрдон, изтиробли бир ҳаяжон ҳаракатга келган эди…
Саодатнинг тўлғоқ азобидаги заифгина фарёди эшитила бошлаганида у илкис уйқудан уйғонгандек сапчиб ўрнидан турди. Тезгина Қашқа дўнонни эгарлаб, эгарга сакраб минди-да, сағрисига қамчи босди. От ҳам шуни кутиб тургандай, ўқдек олдинга отилди.
Ирисгул момо билан шивирлашиб ниманидир муҳокама қилаётган Рўзихол момо шовқинни эшитиб, дераза пардасини хиёл кўтарган куйи ташқарига мўралади.
— Тинчликми, моможон? — деб сўради тўшакда паришон чўзилиб ётган Саодат безовталаниб. — Нима дупурлади?
— Тошмуроджон от миниб ўтди, қизим, — деди Рўзихол момо пардани зичлаб ёпа туриб.
— Ўғлингиз қаёққа кетди?
— Кўпкарига кетди, болам, кўпкарига! — деди Рўзихол момо хотиржам оҳангда.
* * *
Баланд қирлар пойидаги кенг-мўл майдонда кўпкари авжида. Улоқ устида улкан издиҳом денгиздек чайқалади. Қирларнинг устида қалдирғочдек тизилишган томошабинлар чавандозларнинг хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатишади.
Бирдан давра жонланди. Бешим чавандоз улоқни тақимига бостириб, издиҳомдан ажралиб чиқди. Пайт пойлаб турган четгирлар унинг олдини ўраб чиқишди. Аммо Бешим чавандоз усталик билан уларга чап бериб, илгарилаб кетди.
— Ҳалол! — дея овоз берди Қўчқор баковул. — Бешқудуқлик Бешим чавандознинг зоти ҳалол!..
Ҳозиргина даврадан улоқ айириб чиққан Бешим чавандоз бадани жиққа терга ботган қорабайирдан тушиб, жиловини ёнида турган кўктўнлилик Содиқбойга тутқазди.
— Бугун отинг билан уч марта зот тақим қилдик, етади. Буни чеккага чиқариб, яхшилаб совут.
— Совринниям бизнинг қорабайир билан айирсангиз, девдим, Бешим ака…
— Йўқ, Содиқбой. Жонивор анча толиқди, панд бериб қўйиши мумкин. Совринга ўзимнинг Тўриқ қашқани асраб қўйганман.
Шу пайт Раҳмат қассоб тагидаги қизил бияни қичаб, уларнинг ёнига етиб келди.
— Бир гап айтсам, ишонмайсиз, қудабой, — деди у халлослаб. — Ҳозиргина Тошмурод полвон келиб, улоққа қўшилди.
— Нима? Тошмурод? — дея сўради Бешим чавандоз ҳайрон бўлиб. — Ҳазиллашмаяпсизми, қассоб?
— Ўзим кўрдим! Тагида бизнинг Қашқа дўнон. Ўзиям, жонивор отмисан от бўлибди-да. Нақ туёқларининг тагидан учқун сачрайди-я!
— Тўриқ қашқа қани? — дея бақирди Бешим чавандоз сабрсизлик билан теваракка аланглаб. — Тезроқ олиб келинглар!..
Бу пайтда Тошмурод полвон ўзига қизиқиш билан тикилиб турган одамлар кўз ўнгида Қашқа дўнонни давра сари ниқтар, аммо от издиҳомга киришдан қўрқаётгандек, саркашлик билан ортга тисариларди. Кетма-кет уринишлари наф бермагач, у ноилож ўзини четга олди. Одамлар орасида шивир-шивир бошланди. Кимдир эшитарли овозда “Тошмурод ҳам манзилиги етиб келибди!” деди.
— Мени шарманда қилма, жонивор! Чўх!
Ориятнинг зўридан терлаб кетган Тошмурод полвон отнинг сағрисига устма-уст қамчи туширди. Бундай муомалага ўрганмаган Қашқа дўнон жон аччиғида издиҳомга ўзини урди. Кенг, бақувват умгани билан отларни четга суриб, улоқ томон интилди.
Тошмурод полвон давра ўртасига етиб улгурмай, Бешим чавандоз улоқни айириб чиқди. Қўчқор баковулнинг таниш ҳайқириғи янгради:
— Ҳалол! Бешқудуқлик Бешим чавандознинг зоти ҳалол!..
“Синалмаган отнинг сиртидан ўтма” деб бекорга айтишмаган экан. Шу куни Тошмурод полвоннинг Қашқа дўнонни йўриғига юргизиши қийин бўлди. У бир амаллаб ўртага кириб, энди улоққа энгашганида ҳали катта давраларнинг ҳавосини олиб ўрганмаган жонивор ҳуркаклик билан ўзини четга олар эди. Анча вақт уриниб бир ишнинг уддасидан чиқолмагач, Тошмурод полвон таваккал қилганидан афсуслана бошлади.
Бу орада кўпкари охирлаб, Қўчқор баковул сўнгги зотни эълон қилди:
— Сарманбой кўпкарисининг совринига гижинглаган саман той атаган. Ким олсаям, ҳалоллаб олсин!
Давра бир зумда талотўп бўлиб кетди.
Тошмурод полвон бу ўзи учун сўнгги имконият эканлигини ич-ичидан ҳис этиб турарди. Ноаён бир куч уни олға ундади. Қашқа дўнон ҳам унинг ҳолатини ҳис этгандек ортиқча қайсарлик қилмай, даврага ўзини ўрди. Ниҳоят, Тошмурод полвон энгашиб, улоқнинг оёғидан қўшқўллаб ушлади. Бироқ отлар оёғи остида топталиб ётган улоқни ердан узиб олиш осон эмасди. Шу пайт Тўриқ қашқани миниб олган Бешим чавандоз бўрон қўпган денгизда сузиб юрган улкан кема каби чайқалганча давра ўртасига етиб келди…
Бир муддатдан сўнг иккаласи даврадан ажралиб чиқишди. Юзлаб отлиқлар уларнинг орқасидан эргашди. Олдини ўраб чиққан четгирлар жон-жаҳди билан улоқ талашиб кетаётган рақибларга яқинлашишнинг чорасини тополмай, ёнма-ён от қўйиб боришарди. Аста-секин улар ҳам ортда қола бошлади…
Бешим чавандоз илкис улоқни силтаб тортди. Бундай ҳолатга илк бор дуч келган Қашқа дўнон қалқиб кетди. Мувозанатни йўқотган Тошмурод полвон улоқни қўйиб юбориб, отнинг бўйнига ёпишди. Ўзини ўнглаб олгач, яна олдинга интилди. Уни кўриб, Бешим чавандознинг афти буришиб кетди. Улоқни нариги томонига оширмоқчи эди, улгурмади; Тошмурод полвон чаққонлик билан улоқнинг пойчасига чанг солди.
Боши узра оқ ялов ҳилпиратиб турган суворийгача бўлган масофа тобора қисқариб бормоқда эди.
Бешим чавандоз билан улоқ тортишиб бораётган Тошмурод полвоннинг кўз ўнгида ўзига мунғайиб термилиб турган ҳомиладор Саодатнинг маъсум қиёфаси жонланди. Даъфатан тасаввурида бот-бот тушларида кўрган, пешонасидаги қашқаси юлдуздек порлаб турган чиройли саман тойчоқ намоён бўлди…
Тошмурод полвон танасига аллақандай бир куч ёғилаётганини ҳис қилди. Улоқнинг пойчасини чангакдек сиқиб турган қўлларининг томири бўртиб чиқди. Улоқни шиддат билан тортиб, отини ёнга бурди.
Бешим чавандоз жон ҳолатда улоққа ёпишди. Тўриқ қашқа ўз наслидан дунёга келган, навқирон танасидан тийиқсиз куч-қувват ёғилиб турган Қашқа дўноннинг шиддатига дош беролмай, илдизи билан қўпорилган кекса чинор каби гурсиллаб ерга қулади. Узангидан оёғини чиқаришга улгурмаган Бешим чавандоз отнинг тагида қолиб кетди.
Тошмурод полвон “қора”га етиб, улоқни ерга ташлади. Суворий шу заҳоти боши узра кўтариб турган яловни пастга туширди.
— Ҳалол! — дея ҳайқирди орқада от қўйиб келаётган Қўчқор баковул. — Манғитқишлоқлик Тошмурод полвоннинг зоти ҳалол! Саман тойни олиб келинглар!..
Ерпарчин бўлиб йиқилган Тўриқ қашқа жон ҳолатда ўрнидан туриб кетди, унинг эгари ён томонга оғиб қолганди. Бошидан телпаги учиб кетган Бешим чавандоз афтодаҳол қиёфада ерда беҳуш чўзилиб ётарди. Тошмурод полвон тезгина отдан тушди-да, чопиб бориб, унинг гавдасини ўнглади. Бешим чавандознинг беҳисоб чандиқлар билан қопланган дағал чеҳрасида гўё қачонлардир моҳир ҳайкалтарош томонидан ўйиб ишлангандек мудом ўзгармайдиган ғазаб ва нафрат аломатлари изсиз йўқолиб, ўрнини маъсум бир осойишталик эгаллаганди.
Тошмурод полвон кўксида бир илиқлик ҳис қилди. Билинар-билинмас пайдо бўлган бу ҳарорат вужудига ёйилиб, уни бўшаштирди. Кўзлари қум тиқилгандек ачиша бошлади. Шу топда у ёшликда йўқотган қадрдон жўрасини қайта топганини ич-ичидан ҳис қилмоқда эди.
Бешим чавандоз аста кўзини очди. Сал ўзига келгач, Тошмурод полвоннинг қучоғидан халос бўлиб, чўнқайиб ўтирди.
Ўз эркига қўйиб берилган Қашқа дўнон нарироқда ҳаракатсиз зинграйиб турган Тўриқ қашқага яқинлашиб, унинг тумшуғини искалади. Тўриқ қашқа ҳам бошини кўтариб, унинг бўйни, ёлини ҳидлади. Сўнгра иккаласи лўкиллаб нари кетди.
Бу манзарани лоқайд кузатиб ўтирган Бешим чавандоз беихтиёр Тошмурод полвонга қаради. Уларнинг нигоҳлари тўқнашди. Бешим чавандоз ундан кўзларини олиб қочди.
Тошмурод полвон ўрнидан туриб, унга қўлини узатди.
— Тур ўрнингдан, Бешим.
Бешим чавандоз нима қилишни билмай бироз иккиланди, мадад кутгандек теваракка аланглади. Ниҳоят, бир қарорга келиб, Тошмуроднинг қўлидан тутди.
* * *
Тошмурод полвон шу куни кўпкаридан саман той етаклаб қайтди. У бийдай дашт оралаб ошиғич уйига кетиб бораркан, бот-бот етовидаги зотдор тойга қараб қўяр эди. Унга тикилган сари кўзлари тўймасди. Пешонасидаги қашқаси юлдуздек чарақлаб турган саман той унга жуда таниш эди. У мудом тушларида шу тойни етаклаб юрарди…
Қишлоқ чеккасидаги қадрдон хонадонига яқинлашгач, Тошмурод полвон отининг жиловини тортиб, умид, хавотир аралаш ўша томонга тикилиб қолди. Узоқ кутилган хушхабарни айтиб, суюнчи олиш илинжида йўлига илҳақ кўз тикиб ўтирган қизлари шодон қийқиришиб у томонга югуришди. Уй ичидан чиқиб келган Рўзихол момо ҳам ёш боладай уларнинг кетидан эргашди.
Тошмурод полвонинг чеҳраси ёришди. “Чўх, жонивор!” дея отини ниқтади. Қашқа дўнон йўртиб кетди.
Пешонасидаги қашқаси юлдуздек чарақлаб турган саман той ҳам югуришга тушди. Унинг шамол бир маромда ҳилпиратиб ўйнаётган кумушранг тусли майин ёлию узун думи суворийнинг боши узра баланд кўтарилган яловни эслатиб юборарди.