Четан девор билан ўралган узумзор боғ ёнида ўн ёшлар чамасидаги уч болакай ўзаро можаро қилишарди.
– Тўра буванинг боғидан Сортепагача сенинг навбатинг-ку! Нимага ғирромлик қиласан? – деб Салим қўлидаги қора папкани қаршисида хўмрайиб турган Эшқулга узатди. – Ма, ушла!
– Энди мен Шодмоннинг папкасини кўтармайман, – деди Эшқул қўрслик билан. – Керак бўлса, унинг ўзи кўтарсин.
Салим нима қилишни билмай чорасиз қиёфада Шодмонга қаради. Чеккароқда қовоқ уйиб турган Шодмон бир сакраб Эшқулнинг олдида пайдо бўлди.
– Кўтармайсанми? – деди у таҳдидли оҳангда.
– Урсанг, момомга айтиб бераман, – деди Эшқул кўзларини пирпиратиб.
Шодмон уни кўкрагидан итариб юборди. Эшқул суриниб бориб чалқанча йиқилди. Уст-боши чангга беланиб, додлаб йиғлашга тушди. Шу пайт боғ тарафда Тўра бува кўринди.
– Нимага жўжахўрозга ўхшаб чўқишяпсизлар? Тинчгина уйга кетсаларинг бўлмайдими?
– Тўра бува келаяпти. Қочдик!
Иккаласи қишлоқ томон югуриб кетишди. Тўра бува эса четан девордан ошиб ўтиб, Эшқулни турғазди-да, уст-бошини қоқа бошлади.
Эшқул кутилмаганда таққа тўхтади.
– Шодмон, қара, Тўхта кампир!
Йўл чеккасидаги пастак уйнинг соясида кекса кампир мунғайиб ўтирарди. Шодмон ҳам нима қилишни билмай иккиланиб туриб қолди. Салим ундан мадад кутгандек кўзлари жавдираб турарди. Шодмон бир қарорга келиб, олдинга юрди.
– Эсинг жойидами? – деди Салим. – Тўхта кампир ушлаб олса, оғилхонасига қамаб қўяди!
– Қувса қочамиз. Барибир етолмайди.
Салим ноилож унга эргашди. Улар сергаклик билан уйни нарироқдан айланиб ўтишди. Кампир ҳамон ҳайкалдек қилт этмай ўтирар, ора-сира қовоғарининг ғўнғиллашига монанд овозда ўзича алланималарни минғирлаб қўярди.
* * *
Шодмон уйга келганида онаси тандирда нон ёпарди. У шоша-пиша кийимларини алмаштириб, ўша томонга югурди.
– Келдингми, ўғлим, – деб онаси ҳозиргина тандирдан узилган иссиққина кулчани унинг олдига қўйди. Шодмон буғи чиқиб турган қайноқ кулчани косадаги сувга ботириб, иштаҳа билан ея бошлади. Шу пайт катта йўлда Сора бахши Эшқулни етаклаб келаётганига кўзи тушиб, кайфи учиб кетди.
Айвондаги бешикда ётган Беҳзод уйғониб, йиғлашга тушди.
– Мен нонларни узиб олгунимча уйга кириб, укангга қараб тур, – деди ҳеч нарсадан бехабар Муниса опа. – Кулчангни ўша ёқда ейсан.
Шодмон ҳамон катта йўлга қараганча илон авраган бақадай қотиб турарди. Муниса опа ҳайрон бўлиб ўша томонга ўгирилди-ю, ҳаммасини тушунди.
– Сен тирмизак яна бир балони бошлаганга ўхшайсан! – деди таассуф билан бош чайқаб.
Шодмон яна бироз фурсатни бой берса, Сора бахшининг чангалига тушиши аниқ эди, шунинг учун дарров қочиб қолди. Оғилхонанинг панасига яшириниб, уй томон мўралади.
Сора бахшининг қизиқ одати бор эди. У ҳар гал Шодмондан калтак еган неварасини етаклаб келгач, дастлаб ҳеч нарса бўлмагандай Муниса опа билан обдон саломлашар, шундан кейингина “ҳужум”га ўтарди. Бу гал ҳам шу одатини канда қилмади.
– Ассалому алайкум, Сора хола, – деди Муниса опа.
– Ваалайкум ассалом, – Сора бахши қўлидаги эгри-бугри калтакни тандирга суяб қўйиб, азза-базза Муниса опа билан қўл бериб саломлашди. – Яхши юрибсанми, келин? Бойинг, болаларинг дамлими? Чақалоғинг ҳам катта бўлиб қолдими?
– Шукр… Ўзингиз яхшимисиз? Хатча янгам дамлими? Невараларингиз катта бўлишяптими? – тандир тафтидан икки юзи анордек қизарган Муниса опа Сора бахшининг гапларини деярли такрорлади.
– Худога шукр. Ҳаммасининг тани-жони соғ… – Сора бахши бир лаҳза жимиб қолди. Сўнг яна калтагини қўлга олиб, ўлжасига чанг солишга шайланган шердек важоҳатли қиёфага кирди. – Анави бетарбия болангни тийиб қўясанми-йўқми, бойбича? Шу қийшиқкаллангнинг дастидан неварамга кун йўқ. Қара, гўдаккинани нима аҳволга солибди!
Уст-боши чангга беланган Эшқул бурнини тортиб, йиғидан қизарган кўзларини ишқалади. Ичкарида чақалоқ йиғиси кучайди. Шошиб қолган Муниса опа чаққонлик билан тандирдан нонларни узиб ола бошлади.
– Хафа бўлманг, Сора хола, отаси мактабдан келсин, таъзирини бериб қўяди…
– Тағин бунинг отаси маълим эмиш! – деди Сора бахши киноя билан. – Муштдай ўғлини тўғри йўлга сололмаган одам, бошқаларнинг боласига қандай тарбия беради?
Жаҳл отига минган Сора бахшига Муниса опанинг бас келолмаслиги тайин эди. Шодмон Лангар момони чақириб келиш учун югуриб кетди.
Лангар момо бир уй, бир айвондан иборат ихчамгина уйда ёлғиз яшарди. У одатда ҳовли ўртасидаги супада урчуқ йигириб ўтирар, кўпинча қўлидаги ишини ҳам унутиб, қишлоқнинг кунчиқар тарафида элас-элас кўзга ташланиб турадиган тоғларга унсиз термулиб қоларди.
Одатдагидек, қорли тоғларга кўз тикиб ўтирган Лангар момо дупурлаган оёқ товушидан ҳушёр тортиб, Шодмонга қаради.
– Тез бизникига юринг, Лангар момо, – деди Шодмон нафаси бўғзига тиқилиб. – Уйимизга меҳмон келди.
– Қанақа меҳмон? – анграйди кампир.
– Дугонангиз Сора бахши келди! Сизни чақираяпти.
– Ёлғон гапирма! – деди Лангар момо қовоғини уйиб. – Сора бахши меҳмонга эмас, жанжал қилишга келди, десанг ишонаман.
– Эшқулни урганим йўқ, – деди Шодмон ноилож тан олиб. – Ўзи сал нарсага момосини пеш қилиб йиғлайверади.
– Шу олашақшақ кампирнинг арзандасига тегма, деб неча марта айтаман. Ураман десанг, бошқа бола қуриб қоптими?
Шу топда ўзини оқлаб, маҳмадоналик қилиб ўтирадиган пайт эмас эди. Шодмон гўё қаттиқ изза бўлгандек елка қисиб, ерга қаради. Гап-сўзлари болага таъсир қилганидан ийиб кетган кампир инқиллаб-синқиллаб ўрнидан турди. Шодмон Лангар момонинг қоқсуяк қўлидан етаклаб, зинғиллаганча уйига йўл олди.
– Секинроқ юр дейман! Нима, мени йиқитиб, ажалимдан беш кун бурун ўлдирмоқчимисан? – минғирлади кампир норози қиёфада.
Улар етиб боришганда Муниса опа патнисдаги нонларни айвонда ёзилган шол дастурхонга бирма-бир териб чиқар, ёнидаги бешикда қўллари ечиб қўйилган жажжи Беҳзод бир бурда нонни шимиш билан овора эди. Эшқулнинг қўлидан маҳкам ушлаб олган Сора бахши унинг тепасида калтагини ҳавога таҳдидли сермаганча дийдиёсини давом эттирарди:
– Сабрнинг ҳам чегараси бор, келин! Менинг неварам ердан чиққан қўзиқоринмидики, боланг ҳадеб ерга босиб калтаклайди?
Муниса опа дастурхондан битта кулча олиб Эшқулга узатди.
– Ма, Эшқулжон.
Эшқул нима қилишни билмай бувисига қаради.
– Нимага анқаясан! Бергандан кейин олавермайсанми?
Эшқул кулчани олиб ея бошлади. Сора бахши бир муддат неварасига қараб турди-да, яна Муниса опага юзланди.
– Мен тирик эканман, неварамни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймайман. Шуни билиб қўй!
– Тинчликми, бахши? – деди Лангар момо. – Овозингиз қишлоқнинг бу бошидан кириб, у бошидан чиқяпти-я.
Сора бахши қаҳрли қиёфада овоз келган томонга юзланди. Ажабки, Лангар момони кўргач унинг важоҳатидан асар ҳам қолмади. Ғазабнинг зўридан лагандек япасқи юзини бир текис қоплаб олган ажинлари зумда изсиз ғойиб бўлди. Қўлидаги калтакни ерга ташлаб, Лангар момо томонга йўрғалади.
– Ие, дугона, сизмидингиз? Гап билан бўлиб келганингизни пайқамабман.
Кампирлар бир-бири билан қуюқ саломлашишди.
– Нимасини айтасиз? Манави молинг кўпайгурлар мактабдан қайтишда яна ғижиллашибди, – деди Сора бахши узрли оҳангда. – Муниса келинга шуни айтиб турувдим.
– Бола бўлгандан кейин уришади-да. Шунга муштдай гўдакларнинг орасига тушиб юрибсизми? Ҳа, эринмаган одам-а.
– Ундай деманг, дугона, – деди Сора бахши онасидан дакки эшитган ёш қизалоқдай ўнғайсизланиб. – Ўзи, уйда зерикиб ўтирувдим. Шу баҳонада сиз билан бир гурунглашай деб келавердим.
Бу орада Муниса опа чаққонлик билан айвонга дастурхон ёзиб, уларни манзират қилди:
– Нонга қарангизлар. Ҳозир чой дамлайман.
– Бор, болам, ошнанг билан ўйна, – деди Сора бахши ёнида нима қилишни билмай гарангсиб турган Эшқулга. Сўнг Шодмонга уқтирди. – Бошқа уришманглар, хўпми, неварам?
Эшқул ҳадиксираган қиёфада Шодмондан уч-тўрт қадам нарида тўхтади.
– Кел, Эшқул, ярашамиз, – деб Шодмон унга қўл узатди. Иккаласи жимжилоғини уриштиришди.
– Бугун Тўра бува менга узум берди! – дея мақтанди Эшқул.
– Тўра буванинг узуми пишибдими?
– Ҳа.
– Эртага мактабдан қайтишда боғига ошамиз!
Эшқул чуқур сўлиш олиб, Шодмонга қаради.
– Шодмон, энди ҳар куни мактабдан қайтишда папкангни кўтараман. Бугун сал бошим оғриб турувди-да…
Йиғлайверганидан қизларникидек узун-узун, нам киприклари бир-бирига ёпишиб колган, рангпаргина бу болага Шодмоннинг меҳри ийиб кетди.
– Энди икковимиз ошна бўламиз, – деди Шодмон ғамхўрлик билан. – Мен билан юрсанг, ҳеч ким сени уролмайди.
– Момоларимиз ҳам дугона-ку! – деди унинг гапидан руҳланган Эшқул соддадиллик билан. – Биз ҳам ошна бўлишимиз керак-да.
– Тўғри. Юр, сенга бир нарса кўрсатаман.
Шодмон Эшқулни бошлаб Лангар момоникига югуриб кетди. Бу пайтда кампирлар сўрида ўтириб олиб, гапга тушиб кетишган эди.
* * *
Шодмон Эшқулни Лангар момонинг уйига бошлаб кирди. Уй ичи оддий қишлоқ хонадонларидан деярли фарқ қилмасди. Тўрдаги иккита каттакон эски сандиқ устида кўрпа-тўшак, гиламлар расамади билан тахлаб қўйилган. Уларнинг ёнида яна бир мўъжазгина сандиқча кўзга ташланади. Деворга чиройли безак берилган эгар осиб қўйилган.
Шодмон зулфинига осма қулф солинган сандиқчани Эшқулга кўрсатди.
– Бунинг ичи ёнғоқ-майизга тўла.
– Сандиқ қулфлоғлиқ-ку? – деди Эшқул ажабланиб.
– Ҳозир кўрасан, – деди Шодмон сандиқчанинг устки томонидаги сичқон сиққудек тешикка имо қилиб сирли оҳангда. Сўнг сандиқчани тескари ағдариб, ғайрат билан силкилашга тушиб кетди. Тешикдан ёнғоқ-майиз шувиллаб тўкила бошлади.
– Тушяпти-тушяпти!
Эшқул шодон қичқириб, Шодмонга қўшилди. Иккаласи баравар сандиқчани силкилашди. Кўз очиб-юмгунча гиламнинг устида бир уюм ёнғоқ-майиз йиғилиб қолди. Болалар уни чала-чулпа териб чўнтакларига тиқишди-да, ташқарига отилди.
* * *
Қуёш уфққа бош қўйиб, теракларнинг учи қизғиш тусга кирганда кампирларнинг гурунги ниҳоялаб, улар ўрнидан қўзғолди. Бир жойда қадалиб ўтиравериб бели қотиб қолган Сора бахши Эшқул қўлига тутқазган эгри калтакка суянганча кўчага юрди.
– Тез-тез келиб туринг, бахши, – деди Лангар момо у билан хўшлашаётиб.
– Ўзингиз ҳам боринг, дугона, – Сора бахши болаларга қараб жилмайди. – Ўзи, шуларнинг уришиб турганиям яхши. Бўлмаса, ойлаб бир-биримизни қўрмаймиз.
Сора бахши Эшқулни етаклаб уйига жўнади. Лангар момо ёнида илжайиб турган Шодмонга пўписа қилди:
– Ҳадеб ёнингни олаверсам, жуда ўзингдан кетяпсан. Яна Сора бахшининг неварасини урсанг, қайтиб орага тушмайман.
– Бўпти, – деди Шодмон қовоқ уйиб. – Энди Эшқулиниям-мешқулиниям урмайман!
Лангар момо унга норози қараб қўйиб, уйига кетди. Она-бола унинг ортидан қараб қолишди.
– Сора бахши Лангар момомдан қўрқади-я, она? – деди Шодмон ғурур билан.
– Сора бахши ҳеч кимдан қўрқмайди, – деди Муниса опа ўйчан қиёфада. – Фақат мусофир деб бувингнинг кўнглига қарайди. Қурғур бақироқ бўлгани билан тамизли кампир. – У гапларининг мағзини чақолмай, ўзига анграйиб тикилиб турган Шодмоннинг бошини силади. – Қачонгача текканга тегиб, тегмаганга кесак отиб юрасан? Феълинг кимга тортган, ҳайронман…
Лангар момо шом намозини ўқиш учун уйга кирди-ю, сандиқчанинг ўртада тўнтарилиб ётганини кўриб фиғони фалакка ўрлади.
– Бола деганиям шунақа ичиқора бўладими? Мен бечорани бир вайсақи кампирга рўпара қилиб қўйиб, бор будимни талаб кетибди-ку. Бу қийшиқкаллада ор йўқ. Эртагаёқ бетининг терисини қалин қилиб, “буви, майиз беринг, ёнғоқ беринг” деб келади. Бериб бўпман! Ёнғоқ-майизларимни шу ўғри егунча, сандиқда қуртлаб кетгани яхши.
Лангар момо гиламда сочилиб ётган ёнғоқ-майизларни теришга тушди.
* * *
Шодмон қўлбола ўқ-ёй билан қуролланиб, улкан қари толнинг шохида ўтириб олганча сон-саноқсиз чумчуқлар чирқиллаб ётган бутоқларни синчков кузатарди.
– Барибир майналарни ўлдиролмайсан, – деди толнинг соясида арғимчоқ учиб ўтирган жажжи Шаҳодат бепарво қиёфада. – Кечаям палахмон отиб теккизолмаган эдинг.
– Ҳали кўрасан, очкўз майналарнинг додини бераман! – деди Шодмон бўш келмай.
Шу пайт қари толга майналар галаси келиб қўнди. Атрофни уларнинг ёқимсиз чағ-чағи тутиб кетди. Шаҳодат ҳаяжонланиб хитоб қилди:
– Ана, келди! Тезроқ от. Ҳозир учиб кетади.
– Жим бўл! Майналарни ҳуркитиб юборасан.
Шодмон мерганлардек кўзларини қисиб, камондан ўқ узди. Қамишдан ясалган қўлбола пайкон дарахт шохлари орасида кўздан ғойиб бўлди.
– Тегмади! – деди Шаҳодат ҳафсаласи пир бўлиб.
Шодмон шоша-пиша белидаги садоқдан иккинчи ўқни олди. Аммо бу галги уриниши ҳам зое кетди. Хавфни сезган зийрак майналар “гур” этиб учиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Шодмон уларни алам билан кузатиб қолди.
– Мен уйга кетаман, – деди Шаҳодат арғимчоқдан тушиб.
– Шошмай тур. Майналар Тўра буванинг боғидан узум еб, дарров қайтиб келади. Сенга энг каттасини отиб бераман.
– Менга майна керак эмас!
Уй томондан Лангар момонинг “Шодмонжон-ув! Қаердасан, болам?” деган овози эшитилди.
– Лангар момом чақираяпти, – деди Шаҳодат қувониб. – Юр, кетдик.
– Эй! Майна овлашгаям қўймайди.
Шодмон майналар галаси учиб кетган тарафга қараб қўйиб, ноилож пастга тушди.
Лангар момо қари толга яқинлашди.
– Тўра буваникидан узум келтириб бер, болам, – деди у. – Қуритиб майиз қилсам, қишда ўзинг ҳузурини кўрасан.
– У ерга бормайман! – деди Шодмон ўжарлик билан. – Тўхта кампир ушлаб олса, оғилхонасига қамаб қўяди.
– Ундай дема, болам. Тўхта кампир фариштадай беозор, бировга зиёни тегмайди.
– Бўлмаса нимага ҳамма ундан қўрқади?
Дафъатан Лангар момонинг жаҳли чиқди.
– Ҳамма эмас, сенга ўхшаган қуёнюрак, лапашанглар қўрқади!
– Бормайман дедимми, бормайман! Қишда майиз бермасангиз ҳам майли.
– Гапини қаранглар бунинг! Майиз бермасам, ўғри мушукка ўхшаб сандиқни судраб кетишдан ҳам тоймассан.
Шодмон хохолаб кулди.
– Сандиғингизни ўғирлаб зарил кептими? Шундоқ силкитсам, тешигидан майиз шувиллаб тўкилади-ку.
– Сенинг қўлингдан ўғирлигу муттаҳамликдан бошқа нимаям келарди! – деди Лангар момо таассуф билан. – Бу кетишингда ҳадемай Хушмурод ўғриниям йўлда қолдирасан.
Шодмон қайсар бўлгани билан ҳеч қачон Лангар момонинг гапини икки қилмаган. Чунки у юз-кўзларини беҳисоб ажинлар қоплаган, доим букчайиб юрадиган мана шу кўримсизгина кампирни яхши кўрарди…
Бироздан сўнг Лангар момо Шодмонни устига хуржун солинган эшакка миндириб, Тўра буваникига жўнатди.
– Тўра буванинг қизига айт, майизбоп кишмишидан берсин, – дея тайинлади у Шодмоннинг қўлига пул тутқазиб. – Эҳтиёт бўл, тағин пулни йўқотиб қўйма!
– Шаҳодат ҳам бирга борсин.
– Мен бормайман! – деди қизча Лангар момонинг ортига бекиниб.
– Буни нима қиласан? Тағин эшакдан йиқитиб қўйсанг, икковимиз ҳам онасидан балога қоламиз, – Лангар момо жийдасининг киссасидан бир сиқим майиз олиб, Шодмоннинг чўнтагига солди. – Бора қол, болам.
Шодмон майиз кавшаганча эшагини ниқтаб йўлга тушди.
Тўра буванинг ҳовлисида ҳеч ким кўринмасди. Шодмон эшагини тўхтатиб, бироз кутиб турди. Ноилож дарвозадан ичкарига киришга қарор қилди. Таниш кулбани айланиб ўтиши билан шундоққина рўпарасида деворга суяниб ўтирган Тўхта кампирга дуч келиб, қўрққанидан эсхонаси чиқиб кетай деди. Шартта эшагини ортга буриб, қочиб қолмоқчи бўлди. Бироқ ўзи билан ўзи овора бўлиб ўтирган кампирнинг айтарли эътибор бермаганини кўриб, ниятидан қайтди.
Шодмон шу пайтгача Тўхта кампирни бунчалик яқиндан кўрмаган эди. Унинг ушоқдеккина юзини қават-қават ажин қоплаган, рўмоли остидан чиқиб турган сочлари қордай оппоқ тусда эди. Боши бир маромда тебраниб турарди. Кампир тўн қавиш билан овора, ора-сира ўзича ғудраниб қўярди.
– Мен узумга келувдим, – деди у бироз дадилланиб.
Тўхта кампир ногоҳ уйқудан уйғонгандек жонланиб, теваракка аланглади. Шодмонга кўзи тушиб, унга тикилиб қолди. Чеҳрасидаги ажинлари янаям қуюқлашди. Шодмон унинг ҳаракатларини сергаклик билан кузатиб турарди.
– Буёққа қара, Малоҳат! – дея чақирди Тўхта кампир заиф, ҳирқироқ товушда. Шу заҳоти уйдан қорамағиз тусли, сулувгина қиз чиқиб келди.
– Лангар момомга майизлик узум бераркансиз, – деди Шодмон ўзига саволомуз қараб турган қизга.
Шодмон хуржундан челакларни чиқараётиб, зимдан Тўхта кампирга қизиқиш билан қараб қўйди. Буни пайқаган Малоҳат норози қиёфада чиройли қошларини чимирди.
– Шу ерда тур! – деб у челакларни олиб, боққа кириб кетди.
Шодмон эшак устида ялпайиб ўтирганча Тўхта кампирни бемалол кузата бошлади. Кампир унга ортиқ эътибор бермас, ўз майлича минғирлаб тўн қавишга тушиб кетган эди.
Бироздан сўнг Малоҳат боғдан челакларни узумга тўлдириб чиқди. У Шодмоннинг тиржайганча онасини томоша қилиб ўтирганини кўриб баттар аччиқланди.
– Нимага анқаясан? Туш эшакдан! – деди жеркиб. Шодмон апил-тапил эшакдан тушиб, хуржуннинг кўзини очди. Малоҳат узум тўла челакларни хуржунга жойлай бошлади.
Шу пайт қаердандир пайдо бўлиб қолган озғин кучук пусиб келиб, Шодмоннинг думбасидан тишлаб олди. У дафъатан нима воқеа юз берганини тушунолмай, сесканиб ортига қаради. Кучукни кўргач, қўрқув ва оғриқнинг зўридан жон аччиғида чинқириб юборди. Довдираб қолган Малоҳат “тур кет!” деб итни қува кетди. Ранги бўздек оқариб кетган Шодмон кетини чангаллаганча жон аччиғида додлашга тушди. Кутилмаганда Тўхта кампир шошиб ўрнидан турди-да, улар томон кела бошлади. Шодмон унинг важоҳатини кўриб баттар қўрқиб кетди. Қочиб қолмоқчи эди, лекин оёқлари ўзига бўйсунмади.
– Ҳе, қиз бўлмай қирилгур, кўзинг қаёқда эди? – деди Тўхта кампир Малоҳатга. – Бола бечоранинг юраги ёрилди-ку! Бор, сув билан супрадан хамиртуруш олиб кел! – Малоҳат югуриб ошхонага кириб кетди. Тўхта кампир Шодмонни бағрига босиб, бошини силади. Унинг вужудидан бошни айлантирадиган аллақандай ёқимли бўй уфуриб турарди. – Қўрқма, болам, ҳеч нарса қилмайди.
Малоҳат ошхонадан косада сув олиб келди.
– Ич, болам, юрагингнинг ҳовури босилади, – деб Тўхта кампир Шодмонга косани тутқазди. Ҳамон титраб-қақшаб йиғлаётган Шодмон кампирдан кўзини узмай, уч-тўрт қултум сув ичди.
Тўхта кампир қизи узатган хамиртурушни олиб, Шодмонга юзланди.
– Орқангни ўгириб, иштонингни тушир, болам, – деди у мулойим оҳангда. Ҳамон ўпкасини босолмай ҳиқиллаётган Шодмон уялиб ўзини четга тортди. – Уялма, болам. – Тўхта кампир ёнида серрайиб турган Малоҳатга хўмрайди. – Сенга нима бор бу ерда? Бор, боланинг эшагига қара!
Малоҳат нари кетгач, Шодмон ноилож тескари ўгирилиб, иштонини хиёл туширди. Унинг думбасида кучук тишининг излари қизариб турарди.
– Хайрият, тиши ботмабди, – деди Тўхта кампир енгил тин олиб. – Қонамаса, зиёни йўқ. Хамиртуруш тишининг заҳрини олади.
Шундан сўнг Тўхта кампир Шодмоннинг думбасига хамиртуруш боғлаб қўйди.
Қизиқ, Тўхта кампир у ўйлагандай қўрқинчли одам эмас экан. Ушлаб олиб оғилхонасига ҳам қамаб қўймади. Қайтанга айланиб-ўргилиб атрофида парвона бўлди. Қўярда-қўймай уни айвон соясига ўтқазди-да, олдига бир лаган узум қўйди.
– Ол, болам, шу узумни есанг полвон бўласан.
Унинг меҳрибончилигидан ийиб кетган Шодмон қўрқувни ҳам, думбасидаги оғриқни ҳам унутган эди. Сиполик билан лагандаги узумга қўл чўзди. Сариқ кишмиш жудаям мазали эди. Оғзингга солишинг билан қанддек эриб кетади. Шодмон узумни бир зумда паққос туширди. Тўхта кампир эса унинг узум ейишини жимгина кузатиб ўтирди.
* * *
Шу куни уйдагилар ҳам Шодмоннинг теварагида гиргиттон бўлишди. Айниқса, Лангар момо ўзини қўярга жой тополмай қолди. Шоша-пиша уйнинг тўрига қўшалоқ кўрпача тўшаб, ҳиқиллаб йиғлаётган Шодмонни у ерга ётқизди. Сўнг Муниса опага исириқ тутатишни буюрди.
– Вой, майиз қилмай мен ўлай! – деди у йиғлагудек бўлиб. – Болам бечорани бормайман деганига қўймай жўнатибман-а! Ўзим борсам бўлмасмиди? Тишинг тўкилгур ўша кучук Шодмонжонимни тишлагунча мени бурда-бурда қилиб еб қўйса бўлмасмиди!
– Ҳечқиси йўқ, – деди Шодмоннинг отаси кулиб. – Қишлоқда кучук тишламаган бола бор эканми?
– Хамиртурушни ким боғлаб қўйди, ўғлим? – сўради Муниса опа ундан.
– Тўхта кампир! – дея тўнғиллади тўшакда ёнбошлаб ётган Шодмон.
– Ие, шундайми? – деди Лангар момо ажабланиб. – Яна нима қилди?
– Сув ичирди!.. Кучугини қайтармагани учун қизини уришди. Кейин менга узум берди.
Негадир бу гап уйдагиларга қаттиқ таъсир қилди. Ҳамма ўйчан тортиб қолди.
– Бечора Тўхтахон, – деди Лангар момо бироздан сўнг бош чайқаб. – Бир вақтлар одамнинг жонидайгина аёл эди. Шу кунлар ҳам бошида бор экан-да…
– Мактабга ўтган-қайтганда салом бераман, – деди Абдураҳим муаллим. – Кўпинча эътибор бермайди. Баъзан таниб, қуюқ сўрашиб қолади.
– Унинг ҳам ўзининг дунёси бор, – деди Лангар момо. – Тани ерда бўлгани билан руҳи ўша ёқларда яшайди-да. Ердаги фариштадай гап у.
– Тўхта момонинг бўйи етган қизи уйда ўтирибди, – гапга қўшилди Муниса опа. – Шунинг ҳам тезроқ бахти очилмади.
– Тўхтахоннинг қизи бир рўзғорни обод қилади, – деди Лангар момо. – Муштипаргина шўрлик онасининг касали туфайли айбсиз айбдор бўлиб ўтирибди. Ҳа, одамзоднинг тақдири қизиқ экан…
Шу куни кечқурун Лангар момо Шодмон билан бирга ётиб қолди.
– Лангар момо, Тўхта кампирга нима қилган? – дея сўради у иккаласи ёлғиз қолишгач. Кампир Шодмонга бир муддат унсиз тикилиб қолди. Деразада хира ёниб турган чироқ шуъласида унинг чеҳраси анча ғамгин кўринар эди.
– Бу воқеага анча йиллар бўлди, – дея гап бошлади Лангар момо. – У пайтлар Тўхтахон ҳам онангга ўхшаган ёшгина аёл эди. Узукнинг кўзидайгина тўртта боласи бор эди. Уч ўғил, бир қиз… Ўша йили қиш жуда қаттиқ келди. Устма-уст қор ёғавериб, қалинлиги том баравар бўлиб кетди. Қаҳратон аёзнинг дастидан одамлар уйдан эшикка чиқолмай қолди. Қанча мол-ҳол совуққа чидолмай нобуд бўлди. Ишқилиб, одамлар ит азобида қишдан чиқиб олди. Лекин баҳор ҳам ундан пеш бўлмади. Осмоннинг таги тешилгандай ҳафталаб тинмай ёмғир ёғади. Ер хамирдай кўпчиб кетганидан кўча-кўйда юриб бўлмайди. Қишлоқда қанча иморат ёмғирда ивиб, қулаб тушди. Одамлар уйда ётишга ҳам қўрқиб қолди. Шунча азоблар камлик қилгандай, бир куни ярим оқшом қишлоқни сув босди. Лангартоғ томондаги Қалқаман деган сув омборининг тўғонини тошқин ювиб кетган экан…
– Сув омбори нима дегани, Лангар момо?
– Тоғдан оқиб тушадиган дарёнинг йўлини тўсиб, улкан ҳовуз қуришади. Кейин ёзда шу сув билан экин-тикинларни суғоришади… Хуллас, шу куни алламаҳалда қишлоқда нақ қиёмат-қойим бошланди. Тошқин юракларни ёргудай бўлиб ваҳимали гувиллайди. Одамларнинг қий-чуви, қўраларда қолиб кетган қўй-эчкиларнинг, сигирларнинг овози аралаш-қуралаш бўлиб кетган. Ҳамма қоронғида қоқиниб-суриниб жон талвасасида қирга қочган…
Тўра бува фермахонада қоровуллик қиларди. Шу куни у ишга кетиб, Тўхтахон болалари билан ёлғиз қолган экан. У ухлаб ётган болаларини уйғотаман дегунча уйини сув босади. Бешикдаги чақалоғини бир амаллаб қутқариб қолади. Тўра буванинг уйи селнинг забтига дош беролмай қулаб тушади. У бир зумда учала ўғлидан ҳам айрилиб қолади…
Тошқин даф бўлгандан кейин, одамлар уйнинг девори остидан гўдакларнинг жасадини кавлаб олишди. Бояқиш Тўхтахон бу кулфатга дош беролмади. Касал бўла-бўла, охири шу куйга тушди.
Лангар момо жим бўлиб қолди. Шодмон ҳам унинг ғамгин ҳикоясидан таъсирланиб, томоғига алланарса тиқилгандек хўрсиниб қўйди. Кўз ўнгида Тўхта кампирнинг ночор, маъюс қиёфаси жонланди. Унга жудаям раҳми келиб кетди. Негадир йиғлагиси келди. “Энди доим Тўхта момога салом бераман, – дея сўз берди у ўзига. – У ҳеч қачон болаларни оғилхонага қамаб қўймайди”.
Эртаси куни Шодмон билан Салим мактабдан қайтаётиб одатдагидек айвон соясида ўтирган Тўхта кампирга дуч келишди.
– Қара, Шодмон, Тўхта кампир!
– Қўрқма, Тўхта момо бизга тегмайди, – деди Шодмон хотиржам қиёфада.
– Момо дема. Ахир, у жинни-ку!
Шодмон унинг гапига эътибор бермай дадил олдинга юрди.
– Ассалому алайкум, Тўхта момо, – дея салом берди Шодмон кампирга яқинлашиб. Тўхта кампирнинг нурсиз кўзлари унга қадалди. Шу зайлда ҳаракатсиз қотиб қолди.
– Эсинг жойидами? – деди Салим бурнини жийириб. – Тентак кампиргаям салом берасанми?
– Тўхта момо тентак эмас! – деди Шодмон унга ўқрайиб. Салим ҳеч нарсага тушунолмай елка қисди.
Шодмон Тўхта кампирга қарай-қарай ундан узоқлашди.
* * *
Чошгоҳ пайти қишлоққа кираверишдаги қудуқ ёнида уч-тўрт бола терлаб-пишиб чиллак ўйнарди. Шодмон ерга қоқилган ёғоч қозиқ олдида туриб олиб чиллак ирғитар, қуйироқда чопонини этак қилиб олган икки болакай уни ҳавода тутиб олишга уринарди. Улардан бири чиллакни тутаман деб ўмбалоқ ошиб йиқилди.
– Зиёд чиллак ушлайман деб янтоққа калла қўйди! – Шодмоннинг ёнида гердайиб ўтирган Салим хохолаб кулди. Шодмон ҳам илжайди. Зиёд ўрнидан туриб, пиқиллаб йиғлаганча уст-бошини қоқишга тушди.
– Ўйинда йиғлаган кал бўлар! – дея Салим уни масхара қилишга тушди. – Зиёд кал бўлади. Кал-кал, какаман, каллангга ёнғоқ чақаман!
– Ўйнамайман! – деб Зиёд қишлоқ томон кета бошлади.
Шодмон югуриб бориб унинг йўлини тўсди.
– Охиригача ўйнайсан. Ёки хаккага ўтирасан! – дея қўлидаги калтакнинг учига туфлаб, ерга қадади.
– Сен ғирромлик қилдинг! – деди Зиёд кафти билан кўз ёшларини артиб.
– Қачон ғирромлик қилдим?
Зиёднинг шериги Шодмоннинг ортидан пусиб кела бошлади.
– Эҳтиёт бўл, Шодмон, Шоймир орқангдан калла қўймоқчи! – деди Салим хавотирланиб.
Шоймир Шодмонга ташланди. Шодмон унинг ҳамласига чап бериб, ёқасига ёпишди. Иккаласи олишиб кетишди.
Шу пайт эгнига унниқиб қолган чопон кийиб, бошига эски телпакни бостириб кийган нотаниш бир одам тупроқ йўлни чангитиб қишлоқ оралаб кела бошлади. У бот-бот қўлидаги калтагини ҳаволатганча ортидан акиллаб эргашиб келаётган итларни қувиб соларди.
Нотаниш киши қудуқ ёнида тўхтаб, бир муддат болаларнинг жанжалини лоқайд кузатди.
– Ай, болалар, нимага уришяпсизлар? – деди у бироздан сўнг палағда овозда.
Шодмон Шоймирнинг ёқасини бўшатиб, унга юзланди.
– Сўлоқмондай болаларнинг турқини қаранглар! – деди йўловчи бошини сарак-сарак қилиб. – Кулга юмалаган тойхардан фарқингиз йўғ-а!
Нотаниш киши қудуқ устида турган челакдан тўкиб-сочиб сув ичди-да, юз-қўлини наридан-бери ювди. Болалар унинг ҳаракатларини қизиқиш билан кузатиб туришарди.
– Мен Чамангул деган кампирни излаб юрибман. Уни танийсизларми?
– Қайси Чамангул? – деди Шодмон ажабланиб.
– Бир вақтлар Лангар деган қишлоқдан келиб қолган экан, – деди нотаниш киши енги билан юзини артиб.
Шодмон билан Салим бир-бирига қаради.
– Лангар момомни айтаяпсизми? – сўради Шодмон.
– Лангар момо? – у Шодмонга зингил солиб тикилди. – Шу бўлса кераг-ов! Мени ўша ёққа олиб бор қани.
Шодмон билан Салим нотаниш кишини эргаштириб йўлга тушди. Шоймир шолғомдек қизариб кетган қулоғини авайлаб силаганча уларнинг ортидан қараб қолди.
Лангар момо супада ёлғиз ўзи чой ичиб ўтирарди.
– Анави одам сизни излаб кепти, – деди Шодмон нарироқда калтакка суяниб турган Эсиргапга имо қилиб.
Лангар момо нотаниш кишига сер солиб қаради. Танимагач, ажабланган кўйи тиззаларига таяниб аста ўрнидан турди.
– Ким экан у?
Шодмон елка қисди. Нотаниш киши илжайганча супа томон юрди.
– Ассалом алайку-ум!
– Ваалайкум ассалом…
Лангар момо ҳамон унга тикилиб турарди. Нотаниш киши бир-икки қадам нарида тўхтаб, буёғига нима қилишни билмагандек ўнғайсиз туриб қолди. Негадир Лангар момо қоқсуяк қўллари билан Шодмоннинг елкасидан маҳкам чангаллади. Шодмон ҳеч нарсага тушунолмай унга қаради. Кампирнинг ранги бўздай оқариб кетган эди.
– Мен келдим, амма! – деди нотаниш киши тантанавор оҳангда.
Лангар момо сесканиб кетиб, Шодмонга беҳол суяниб қолди.
Нотаниш киши эса ҳамон куйдирилган калладай тиржайиб турарди.
* * *
Бу воқеани Шодмонга яқинда онаси айтиб берган эди.
– Ўша пайтлар Лангар момонг тоғлар орасидаги қишлоқда ота-онаси ва икки акаси билан тинчгина яшаркан. Катта акаси қишлоқдаги бир қиз билан унаштириб қўйилган, тез орада уларнинг тўйи бўлиши керак экан. Кутилмаганда уруш бошланиб, момонгнинг катта акасини ҳам аскарликка олиб кетишибди. Орадан бир йил ўтиб акасининг жангда ҳалок бўлгани ҳақида хат келибди. Лангар момонгнинг отаси бундай шум хабарни кўтаролмай, тўшак тортиб ётиб қолибди. Лекин онаси анча иродали, тадбирли аёл экан, ўғлидан айрилганига қаттиқ қайғурса-да, ўзини йўқотмабди.
– Яратган эгам шу кунларни пешонамизга ёзган экан, кўнмай иложимиз қанча, – дебди у чолига. – Боламдан айрилдим деб тупроққа олов қўямизми энди!.. Ўткиржонимнинг дийдори қиёматга қолди. Сиз буёғига бардам бўлинг. Яхши ниятлар билан бир муштипарнинг бошини боғлаб қўйган эдик, шу қиз ҳам бебахт бўлиб қолмасин. Худога шукр, Салимжоним ҳам эр етилиб қолди. Энди уни акасининг қаллиғи билан қовуштирамиз.
Тўнғич аканинг маъракалари ўтгач, эчки сўйиб тўй қилишибди. Келин ҳам тақдирнинг ёзуғига рози бўлиб, уларнинг хизматини қилиб юраверибди. Лекин унинг чимилдиғини тушириб улгурмай кенжа ўғилни ҳам урушга чақиришибди. Ҳай аттанг, кетганига ярим йил ўтиб-ўтмай у ҳам урушда нобуд бўлибди. Бебахтлик шўрлик келиннинг пешонасида бор экан-да, начора.
Шундан кейин Лангар момонгнинг отаси қайтиб ўнгланмабди. Қиш бўйи ана кетди-мана кетди бўлиб ётиб, охири эрта баҳорда узилибди. Уйинг куйгур урушнинг касрига бир рўзғор уч бирдай эркакдан айрилиб, вайрон бўлиб қолаверибди.
– Отанг бечора не ниятлар билан тоғдай-тоғдай икки ўғил ўстирувди, – дебди жаноза куни онаси хотинларнинг орасида марсия айтиб йиғлаётган Лангар момонгга. – Ўлганида гўрига бир чангал тупроқ ташлаш бировгинасигаям насиб қилмади. Бебахтнинг кўзи очиқ кетмасин… Бугундан шу рўзғорнинг эркагиям ўзингсан! Ўзинг отангнинг тобутини мозоротга кўтариб бориб, “қора уйи”га жойлаб келасан.
Лангар момонг бу гапни эшитиб, нима деярини билмай онг-тонг бўлиб қолибди.
– Сочингни ёйиб, бетингни юлиб, ажинага ўхшаб ўтирма-да, тур ўрнингдан! – деб уришиб берибди онаси…
Вой-вой, Лангар момонгнинг онаси ўтни-ўтга, тошни-тошга урадиган бир сиёсатли кампир бўлган экан ўзиям! Қишлоғида ҳеч ким унинг олдига тушолмас экан. Айтгани-айтган, дегани-деган экан.
Ўзи, мусулмончиликда аёл кишининг эркакларга қўшилиб қабристонга бориши айб саналади. Тобут кўтарилгач, аёллар уйда қолишади…
– Нима учун?
– Билмасам, болам… Хотин зотининг дийдаси бўш бўлади. У ердаям дод-вой қилиб, майитнинг руҳини озорламасин деган ниятда шундай қилишса керак.
– Кейин нима бўлган?
– Жанозага йиғилган одамлар Лангар момонгнинг онасини шаштидан қайтараман деб хўп уринибди. Қишлоқнинг мулласи табаррук китоблардан мисоллар келтириб насиҳат қилибди. Барибир кампир ўз билганидан қолмабди. Қизига дўппи-чопон кийдириб, белига белбоғ боғлатиб, тобуткашларга бош қилиб қабристонга жўнатибди. Шундай қилиб, Лангар момонг эркаклар қаторида тобут кўтариб бориб, отасини кўмиб келган.
Одамлар бу қилиғи учун Лангар момонгнинг онасидан домонгир бўлишган. Шу иши билан Худонинг қаҳрини келтирди, энди қизиям бебахт бўлади, деган гап ҳам чиққан…
Лекин онаси қазо қилганда Лангар момонг қабристонга бормаган. Чунки кенжа акаси урушга кетганда янгаси қорнида гумонаси билан қолган экан, вақти-соати етиб у битта ўғил туққан. Лангар момонгнинг онаси ўлганида шу гўдак эсини таниб қолган экан, уни рўзғорнинг эркаги ўрнида момосининг тобутига бош қилишган.
Кейинроқ Лангар момонгнинг янгасини отаси аллақаёқларга эрга бериб юборади. Боласи ҳам у билан бирга кетади. Ҳайҳотдай уйда Лангар момонгнинг бир ўзи қолади. Охири тақдирига тан бериб, ўзи ҳам кексароқ бир кишига эрга тегади. Лангар момонг у одам билан ўн йилча бирга яшаган, лекин фарзанд кўрмаган. Бир куни дабдурустдан чоли ўлиб қолган… Буванг раҳматли кўп юришли одам эди. Лангар момонгнинг қишлоғидаям борди-келди қиладиган ошналари бўлган. Шулардан Лангар момонг ҳақида эшитган экан. Бир куни уни отига миндириб уйга олиб келган. Кампири ҳам уни ёмон кўрмаган. Иккови бир уйда эгачи-сингилдай бўлиб яшайверган. Буванг Лангар момонгга атаб ҳозирги уйини қурдириб берган.
Шодмон онасининг ҳикоясидан таъсирланиб, ич-ичидан момосига раҳми келиб кетган эди.
– Ишқилиб, Лангар момонг ҳаётда кўп қийинчиликларни бошидан кечирган. Буванг раҳматлининг шарофати билан шу ерга келиб кун кўргандай бўлувди. Қариганида яна ёлғиз қолди. Бояқишнинг сенга меҳри тушиб қолган. Сени ўзи кўтариб катта қилди. Бир кун дийдорингни кўрмаса туролмайди. Сенам унинг кўнглига қара. Лекин эсайганинг сайин қуюшқондан чиқиб кетяпсан! Тағин аҳмоқчилик қилиб кўнглини оғритиб юрмагин, хўпми?..
Хуллас, бояги нотаниш киши Лангар момонинг гўдаклигида онаси билан кетган жияни бўлиб чиқди. Исми Эсиргап экан.
* * *
Тез орада ҳамма Лангар момонинг уйига йиғилди. Меҳмонга атаб тўкин дастурхон ёзилди. Лангар момо мўъжазгина сандиқчасини очиб, дастурхонни қанд-қурс, ёнғоқ-майиз билан тўлдириб ташлади. Аёллар Абдураҳим муаллим сўйиб берган куркани тозалашга киришиб кетишди.
Эсиргап ўзини бунчалик иззатлаб кутиб олишганидан хурсанд эди. У уйнинг тўрида қўшалоқ ёстиққа ёнбошлаганча хўриллатиб чой ичар, отасининг қаватида одоб сақлаб ўтирган Шодмон зимдан унинг ҳаракатларини қизиқиш билан кузатарди. Лангар момо кутилмаган дийдор суруридан ҳануз ўзига келолмаган, Эсиргапга меҳр билан термилиб ўтирарди.
– Тавба! Қуйиб қўйгандай акамга ўхшайди-я, – деди у ўзи билан ўзи гаплашаётгандай. – Боя кўрганимда акам тирилиб келдими деб ўйлабман…
Эсиргап илжайди.
– Шундай қилиб, ҳозир Лангартоғда яшаётган экансиз-да? – сўради Абдураҳим муаллим ундан.
– Энам иккинчи чолидан учта ўғил туғувди, – деди Эсиргап. – Ўгай укалар эсини танигандан кейин мени ҳеч ўзларига эл билмади. Кунда-кун оша жанжал-ғавғо… Беш-олти йил бурун бор-ей, деб бола-чақа билан Лангартоққа кўчиб кетдим. Одамлар ҳам кимлигимни билгач, “кепсан, бинойи бўпти” деб қишлоқнинг чеккароғидан бир парча жой кўрсатишди. Бир уй-бир айвон тиклаб олиб, шу ерда яшаб ётибмиз.
– Ўзимизнинг ҳовли-жойга бормадингми, Эсиргапжон? – деди Лангар момо.
– Қизиқ гапирасиз-а, амма, – дея кулди Эсиргап. – Эллик йил эгасиз қолган ҳовли-жой шу чоққача турарканми? Одамлар аллақачон уйнинг чордеворларини бузиб-текислаб, бўлиб олишган экан.
Лангар момо афсуслангандек бош чайқаб қўйди.
– Бу… онангизга нима бўлди? – сўради Бегмат чўпон.
– Энамнинг ўлиб кетгани қачонийди, – деди Эсиргап бепарво оҳангда. – Лекин қурғур чоли анча тетик эди, ҳалиям тирик бўлса керак.
– Бечора янгам, – деб Лангар момо чуқур тин олди. Шодмон зимдан унга қаради. Кампир анча ғамгин тортиб қолган эди.
– Бу ерда аммангиз борлигини қаердан билдингиз, меҳмон? – дея сўради Шодмоннинг отаси Эсиргапдан.
– Энам бадбахт тириклигида “битта-ю битта амманг дашт томонларга келин бўлиб тушиб кетган, шуни излаб топсанг, менам биргина кўриб ўлсам армоним йўқ эди” деган гапни кўп айтарди. Лекин ўша пайтларда қунт қилмовдим. Бир-икки ой бурун шу қишлоқлик Турди деган киши билан Қаршида бирга ишладик. Аммамнинг дарагини шу одамдан эшитдим.
– Ўзингиз нима иш қиласиз? – сўради Бегмат чўпон.
– Пахса уриш, ер чопиш, томсувоқ дегандай… – Эсиргап одатдагидек ёқимсиз илжайди. – Дуч келган ишни қилиб кетаверамиз.
Орага ноқулай жимлик чўкди. Лангар момо шунча йиллардан сўнг ўзини ахтариб келган якка-ю ёлғиз жияни ўгай ўғилларининг кўнглига ўтиришмаганлигини пайқади. У ҳам шу топда бирор маънилироқ гап тополмай қийналарди.
Шу пайт дераза ойнаси қитирлаб, ҳамма ўша томонга қаради. Деразада Салим билан Шаҳодат Эсиргапга қизиқиш билан тикилиб туришарди. Бегмат чўпон қовоқ уйиб, уларга кетинглар, дегандек имо қилди. Болалар қиқирлаганча кўздан ғойиб бўлишди.
– Турди ака, “уста Эшматдан аммангга бир сурув мол-ҳол қолган, дов-даскаси катта”, деган эди, – деди Эсиргап тахмондаги шифтга қадар тахлаб қўйилган гилам, кўрпа-тўшакларга кўз югуртириб.
Абдураҳим муаллим билан Бегмат чўпон бир-бирига маъноли қараб қўйишди. Шодмон Эсиргапни биринчи бор кўргандаёқ ёқтирмаган эди. Гапларининг маъносига унчалик тушунмаган бўлса-да, лекин ўзича “Эсиргап – ёмон одам” деган хулосага келди.
* * *
Кечқурун Абдураҳим муаллим улоқ сўйиб, Эсиргапни уйига чойга айтди. Эсиргапнинг қистови билан Шодмон Турди гавазни ҳам бошлаб келди. Шундан сўнг Лангар момо уйига кетди. Турди гаваз билан Эсиргап роса ароқ ичишди. Эсиргап маст бўлиб қолиб, мақтанишга тушиб кетди. Лангарқишлоқда унинг бир сурув шахсий қўй-қўзиси бор эмиш. Бу йил қишлоқнинг энг баланд жойида қўш қаватли уй қурмоқчи эмиш. Яқин орада мойи артилмаган яп-янги “Жигули” сотиб олармиш. Базанинг каттаси унинг ошнаси экан.
Абдураҳим муаллим билан Бегмат чўпон унинг гапларини жимгина эшитиб ўтиришар, Турди гаваз эса нуқул Эсиргапни калака қилиб, хохолаб куларди.
Шодмон меҳмонларга чой ташиб турган эди. Ароқнинг ачқимтил ҳиди тутиб кетган уйга ҳадеб кириб-чиқаверишдан безор бўлиб, Лангар момоникига жўнади. Лангар момо тахмондан янги кўрпа-тўшакларни олиб, Эсиргапга жой солиб қўйган экан.
– Меҳмонлар ҳалиям гурунглашиб ўтирибдими? – сўради Лангар момо ундан.
– Ҳа, – деди Шодмон. – Эсиргап маст бўлиб қолди.
Лангар момо индамади. Сўнг бир чеккада турган урчуғини олиб, ип йигиришга тушди.
– Лангар момо, сизнинг Чамангул деган исмингиз ҳам борми? – сўради Шодмон.
Кампир унга ажабланиб қаради.
– Сен буни кимдан эшитдинг?
– Боя Эсиргап айтди.
– Эсиргап амакинг тўғри айтибди, – деди Лангар момо жилмайиб. – Мен асли Лангар деган қишлоқда туғилганман. Буванг раҳматли мени бу ерга олиб келганида анча ёш эдим. Эгачим менга Лангарлик келин деб от қўйди. Бошқалар ҳам шу исм билан чақирадиган бўлди. Кейинроқ Лангар момо бўлиб қолдим.
– Эгачим деганингиз ким?
– Отангнинг онаси, сенинг катта момонг… Илойим, гўри тўла нур бўлсин, кундош бўлдинг деб ҳеч бир ёмонлик қилмади. Қайтанга туғишган опамдай меҳрибон эди… – Лангар момо урчуғини тиззасига қўйиб, чуқур тин олди. Беихтиёр унинг чеҳраси ёришди. – Лангар қишин-ёзин чўққиларидан қори аримайдиган баланд тоғнинг орасида жойлашган. Қишлоқнинг ўртасидан катта сой оқади. Боғимиздаги мевалар жудаям ширин бўларди. Мазаси ҳалигача оғзимдан кетмайди… Эй, эсласам, юрак-бағрим эзилиб кетади. Тушларимда гўдак бўлиб Лангарнинг тошлоқ кўчаларида чопиб юрган бўламан.
Лангар момо жимиб қолди.
– Энди сиз Эсиргап билан кетасизми, Лангар момо? – сўради Шодмон бироздан сўнг. Лангар момо унга маъюс тикилди.
– Бу гапни қаёқдан олдинг?
– Боя Эсиргап отамга “аммамни ўзим билан олиб кетаман” деди.
– Эсиргап амаки деб гапир! – дашном берди Лангар момонинг жаҳли чиқиб. Шодмон бу гапни хушламай бурнини жийирди. – Кетай десам, сизларни кўзим қиймайди, кетмай десам… Нима қилишни билмай бошим қотган.
– Сиз кетсангиз, биз кимни момо қиламиз?
– Кетмайми?
– Йўқ!
Лангар момо жилмайиб, Шодмоннинг бошини силади.
– Лангар момо, анави эгарни бувам ясаганми? – сўради Шодмон девордаги қозиққа осилган эгарни кўрсатиб.
– Ҳа, болам. Сенинг буванг номи чиққан эгарсоз эди. Менман деган чавандозлар у кишига эгар буюртирарди… Буванг раҳматли “бу дунё – қўш эшикли карвонсарой” деган гапни кўп такрорлагувчи эди. Айтгани чин экан. Одамзод бир эшикдан кириб, иккинчисидан чиқиб кетаверар экан.
– Шу эгарни олиб беринг, бир миниб кўрай, – деди Шодмон эркалик билан.
Лангар момо инқиллаганча ўрнидан туриб қозиқдаги эгарни олди. Шодмон эгарни миниб, “от ўйини”ни қизитиб юборди. Кампир мийиғида жилмайганча унинг ҳаракатларини кузатиб ўтирарди.
– Вақти келса, бу эгарни сенга қолдириб кетаман, – деди у.
– Ростданми? Қачон?
– Шошилма, ўзим айтаман…
Лангар момо хона тўридаги эски сандиқни очиб, ундан тўрт оёқли мўъжаз қозонча, ёғочдан йўнилган эгар бўлакларини олди.
– Манави қозонча зўр экан! – деди Шодмон уни қизиқиш билан томоша қилиб.
– Раҳматли буванг бу қозонда елим қайнатарди… Шу эгарни тугатишга улгурмаган. Лекин отанг ҳам, амакинг ҳам эгарчиликка қизиқмади.
– Катта бўлсам, менам бувамга ўхшаб эгар ясайман! – деди Шодмон ишонч билан.
– Қанийди! – деди Лангар момонинг чеҳраси ёришиб. – Шу гапинг чин бўлса, аввал уста Суннатга шогирд тушишинг керак.
Вақт алламаҳал бўлиб қолган эди.
– Эсиргап амакинг сизларникида қоладиганга ўхшайди, – деди Лангар момо деразадан ташқарига мўралаб қўйиб. – Сен шу ерда ёта қол, болажоним.
Шодмон қаттиқ чарчаган эди. Эсиргапга атаб солинган юмшоққина тўшакка кириб, шу заҳоти уйқуга кетди.
* * *
Лангар момо супада олисдаги тоғларга тикилиб ўтирарди.
– Кун сайин кўздан қоляпман, – дея минғирлади ўзича норози оҳангда. – Бир нарсалар жимир-жимир қилгандай бўлади, нималигини билолмайман. Худо олсин бундай кўзни.
Шу пайт Шодмон югуриб келиб қолди.
– Қара-чи, Лангартоғнинг чўққисида қор борми-йўқми? – сўради Лангар момо ундан. Шодмон бу гапни эшитавериб кўникиб қолган эди, тоғ тарафга шунчаки қараб қўйиб, бепарво жавоб қилди:
– Тоғнинг тепаси оқариб турибди.
– Қиш яхши келса, Лангартоғнинг қори саратондаям эримайди, – деди кампир алланечук енгил тортиб.
Шодмон супадаги дастурхонни титкилаб, ундан бир бурда нон олди. Ёнғоқ-майиз солинадиган тақсимчанинг бўшлигини кўриб ҳафсаласи пир бўлди.
– Қуруқ нон томоғингдан ўтмайди-да сенинг, – дея Лангар момо тақсимчани қўлига олиб аста жойидан қўзғолди. Аммо ҳасса суяниб келаётган уста Суннатга кўзи тушиб жойига қайтиб ўтирди. Шодмон уни кўриб ошкора бурнини жийирди.
– Ассалому алайкум, Лангар опа, – деди у паст овозда.
– Ваалайкум ассалом. Кел, Суннатвой.
Уста Суннат қишлоқ чеккасидаги уйида ёлғиз яшарди. Бир пайтлар Шодмоннинг бувасидан эгар ясашни ўрганган экан. Ҳозир эртадан-кечгача уйида ўтириб эгар ясайди. Тез-тез Лангар момоникига келиб, у билан гурунглашиб кетарди. Яқинда қаттиқ касал бўлиб, бир ойча ётиб қолган, оёққа турганига кўп бўлмаган эди. Ҳамон унинг юз-кўзларидан дардмандлик аломатлари сезилиб турар, қадди букчайиб қолган эди.
– Мен ола сигиримни излаб келувдим, – деди у ёш боладек кўзларини пирпиратиб. – Ўз бошингни егур арқонини узиб, бўшалиб кетибди-да.
– Яна эски қўшиғини бошлади! – деди Шодмоннинг энсаси қотиб.
– Мабодо, сенинг кўзинг тушмадими, Шодмонбой? – сўради уста Суннат ундан. – Олагина сигир, ҳалқумида ғўриси бор…
– Ола сигир ҳам, малла сигир ҳам кўрганим йўқ!
Аслида, уста Суннатнинг ҳеч қанақа ола сигири йўқ. Буни Шодмон ҳам, Лангар момо ҳам яхши билади. У эса ҳар гал келганида шу баҳонасини канда қилмайди. Шодмон оппоқ соқолли чолнинг ёлғон гапиришига сира тушунолмайди. Доим шу гапни эшитса пешонаси тиришади. Лангар момо эса сир бой бермайди.
Уста Суннат супага жойлашиб ўтириб олгач, ола сигирини дарров унутади. Лангар момо билан соатлаб ўтган-кетгандан гурунглашиб ўтиради. Улар айниқса Шодмоннинг бобосини кўп эслашади. Уста Суннат жуда гурунгпаз одам. Кўзларини хиёл юмган куйи бир пайтлар ўзи кўрган, бировлардан эшитган қизиқ-қизиқ воқеалар ҳақида берилиб ҳикоя қилади. Лангар момо қилт этмай унинг оғзига термилиб ўтиради. Кун кеч бўлганда уста Суннат ниҳоят ўрнидан туради. “Мен энди бориб ола сигиримни топай” дея увишиб қолган оёқларини уқалаганча ортига қайтади…
– Сигиринг даштда ўтлаб юргандир, – деди Лангар момо Шодмонга норози қараб қўйиб. – Қорни тўйса, ўзи уйингга қайтиб боради.
– Гапингиз чин, опа, лекин одам барибир алағда бўлади-да.
Лангар момо супадан тушиб, ошхона томонга юрди.
– Сиз шу гапига ишониб ўтирибсизми? – деди Шодмон унинг ортидан эргашиб. – Сигирни баҳона қилиб, қорнини тўйдириш учун келган бу шумшук чол.
– Жим бўл, қўштанглай! – дея Лангар момо уни жеркиб берди.
– Бўлмаса, нимага доим ёлғон гапиради? – бўш келмади Шодмон ҳам. – Ола сигири тугул, уйида битта тирриқ эчкисиям йўқ-ку!
– Сен ниманиям тушунардинг, – деди Лангар момо озорланган қиёфада. – Бор, кўзимга кўринма!
Шодмон ноилож ортига қайтди. Энди ёнғоқ-майиздан умид қилмаса ҳам бўлади. Чунки уста Суннат кетмагунча бувисини бульдозер билан судраб ҳам турғазиб бўлмайди. У супанинг бир чеккасида ўтириб, қуруқ нон кавшашга тушди. Лангар момо ошхонадан бир коса ғилминди кўтариб чиқди.
– Ол, Суннатвой, кеча ғилминди пиширувдим.
– Қорним тўқ, опа, боягина чой ичувдим, – деди уста Суннат кўзларини пирпиратиб.
– Тортинма, ғилминди одамга қувват бўлади.
Шундан сўнг уста Суннат ғилминдини иштаҳа билан ея бошлади.
– Раҳматли Эшмат акам ҳам ғилминдини яхши кўрарди, – деди у беозор жилмайиб.
– Ҳа… Ол, ош бўлсин.
– Кеча оқшом Бувниса синглингиз яна тушимга кирибди, – деди уста Суннат ўйчан қиёфада. – Ранг-рўйи бир аҳволда.
– Тушга ҳар нарса кираверади, – деди Лангар момо. – Сенам уни кўп ўйлаб ётма. Пешонангга ёзилганига чидайсан-да.
– Ҳали ўлмай турганда бўларди-куя…
Негадир бу гал уста Суннат Лангар момоникида кўп ўтирмади. Косадаги ғилминдини еб бўлгач, юзига фотиҳа тортди.
– Энди мен борай, опа. Ола сигирни тезроқ топмасам бўлмайди. Битта-яримнинг томорқасига ораласа, гап-сўзга қоламан.
– Шодмонжон бувамга ўхшаган эгарчи уста бўламан деяпти, – деди Лангар момо жилмайиб. – Сен унга эгарчиликни ўргатсанг бўларди.
– Шундайми? – деди уста Суннат Шодмонга қизиқиш билан қараб. – Майли, опа, майли. Менам эртадан бошлаб устахонада ўтираман. Тушдан сўнг бизникига ўт, Шодмонбой.
– Хўп, – деди Шодмон жонланиб.
Уста Суннат ҳассасини дўқиллатиб ортига қайтди…
Шу куни Лангар момо Шодмонга уста Суннат ҳақида ғамгин ҳикоя сўзлаб берди.
– Уста Суннатнинг Бувниса деган хотини бор эди, – деди у ўзига-ўзи гапираётгандек сокин овозда. – Бояқишлар бир умр тирноққа зор ўтишди. Шунинг учун иккови бир-бирига суяниб қолган эди. Бувниса бир гапириб ўн куладиган, одамнинг жонидайгина аёл эди. Қишлоқнинг тўй-маъракаси усиз ўтмасди. Эрга тегаётган қизларнинг гиламини тўқиб, кўрпа-тўшагини қавиб берарди. Тўй бўладиган уйга бир кун олдин бориб олиб, тандир-тандир нон ёпарди. Тўйда ҳам елиб-югуриб хизмат қиларди. Раҳматли Бувнисанинг бир ёқимли овози бор эди! Унинг “келин салом”ини эшитиш учун қишлоқнинг ёшу қариси йиғилиб келарди. Ўзиям, қўшиғи юракларни сел қиларди, эшитиб тўймасди одам. Ишқилиб, шу аёлнинг шарофати билан қишлоқнинг тўйлари файзли ўтарди…
Бувниса эрини еру кўкка ишонмасди. Бирон марта унинг кўзига тик қараб гапирмаган. Уста Суннатнинг кийиниб юришини кўрган одамнинг ҳаваси келарди. Қишин-ёзин олдидан иссиқ чойи аримасди…
Бир куни уста Суннат уйида хотини билан гурунглашиб, эгар ясаб ўтирган экан. Чошгоҳга яқин дашт тарафдан нотаниш бир отлиқ уни сўраб келибди. “Менинг улоқчи бедовим бор, шунга битта яхши эгар ясаб беринг” дебди у. Уста Суннат: “Уч-тўрт кишига лафз қилиб қўйганман, яқин орада қўлим тегмаса керак” деб жавоб қилибди. Бояги одам “аввал менга ясаб берасиз” деб оёқ тираб туриб олибди. Уста Суннат кўнмабди. Нотаниш киши хўп ялинибди, охири гапини ўтказолмаганидан қаттиқ ғазабланибди. “Шунча жойдан сени одам деб излаб келувдим, лекин иззатимни қилмадинг, – дебди у кўзларини олайтириб. – Асли, Худо бекорга сени фарзанддан қисмаган экан. Чунки сендан туғилган бола ҳам ўзингга ўхшаган нокас бўлиб ўсган бўларди!”
Нотаниш киши шу гапни айтиб отининг жиловини бурибди-да, олди-ортига қарамай жўнаб қолибди. Уста Суннат ҳайкалдай қотиб қолибди. Бувниса ҳам эшикнинг панасида бу гапларни эшитиб турган экан. Бояқиш жуда ориятли аёл эди. Ўзи бир умр авайлаб, кўнглига қараб келган эрининг бунчалик хор бўлишини кўтаролмади. Нотаниш отлиқ узоқлашиб улгурмай, у “оҳ” тортиб йиқилибди. Бир ҳафта ҳушсиз ётиб, оламдан ўтди…
Шундан кейин уста Суннат ҳам ўзини олдириб қўйди. Олтмишга кирмай қадди букчайиб, ҳассага суяниб қолди. Тез-тез касалга чалиниб, ётиб қоладиган одат чиқарган.
– Кейин ўша одамни топишганми, момо? – сўради Шодмон бу ҳикоядан мутаассир бўлиб.
– Унинг кимлигини ҳам, қаердан келганини ҳам ҳеч ким билмайди. Ким бўлсаям, фариштадай беозор бир аёлнинг бошига етиб, адоқ томонга от чоптириб кетган.
* * *
Эртаси куни Шодмон уста Суннатнинг устахонасида ўтирарди. Деворини қурум босган пастқамгина хонада битган-битмаган эгарлар қатор териб қўйилган. Бир чеккадаги кичкина қозонда елим қайнаяпти.
– Бувангнинг қўлидан чиққан эгарлар жуда пишиқ бўларди, – деди эгарнинг сиртига пай қоплаётган уста Суннат. – Энди, бизлар хашаки устамиз, Шодмонбой. Ясаган матоҳимиз бир-икки йилга бормай тоб ташлаб қолади. Уста Эшматнинг шогирдиман дейишгаям уялади одам… Оловни яхшилаб ёқ.
Шодмон қозоннинг тагига ўтин ташлади. Унинг ҳаракатларини зимдан кузатиб турган уста Суннат маъқуллагандек бош ирғаб қўйиб, лаби учган сопол пиёладаги совуқ чойни симирди.
– Сен бувангнинг касбини танлаб яхши қилибсан. Тўғрисини айтсам, бизнинг ҳам сафаримиз қариди. Бувангнинг омонатини ўзим билан олиб кетсам, у кишининг олдида нима деган одам бўламан, тўғрими, Шодмонбой?
Шодмон бу гапнинг маъносини унчалик тушунмади, шу боис нима деб жавоб қилишни билмай тараддудланди.
– Мен бувамдан қолган эгарни ясамоқчиман, – деди у ниҳоят.
– Ҳунар ўрганиш осон эмас, – деди уста Суннат беозор жилмайиб. – Менам Эшмат акадан дуо олгунча ўн йил хизматини қилганман. – У сиртига сидирға пай қопланган эгарни авайлаб ерга қўйди-да, ўрнидан турди. – Пешин намозини ўқиб олгунимча сенам дам олиб тур, Шодмонбой.
Уста Суннат остонада турган офтобани олиб ташқарига чиқиб кетди. Шодмон қатор тизилган эгарларни кўздан кечирди. Ўрнидан туриб деразадан ташқарига мўралади. Уста Суннат таҳорат олиш учун ҳовли орқасига ўтиб кетганини кўриб, ортига бурилди. Бўз халтачадаги сариқ майизни эслатиб юборадиган елим доналаридан чангаллаб олиб, шимининг чўнтагига солди. Қуритилган пай толаларини ғижимлаб қўйнига тиқди-да, хотиржам қиёфада қозончанинг тагига ўтин ташлади. Олов гуриллаб, қозончадаги суюқ елим биқирлаб қайнай бошлади.
Шодмон уч-тўрт кун уста Суннатникига қатнаб юрди. Ҳар гал борганида унинг ишини синчковлик билан кузатар, йўлини қилиб елим ва пай олиб кетишни ҳам канда қилмасди. Шу кунларда унинг фикри-хаёли Лангар момоникидаги чала эгарни ясаб тугатиш билан банд эди. Бу ҳақда Салимга гап очган эди, у ҳам қизиқиб қолди. Улар Лангар момоникидаги чала қолган эгарни биргаликда ясашга келишиб олишди. Эртаси куни иккови ўғринча Лангар момонинг уйига киришди. Шодмон айвондаги эски сандиқдан ихчам қозонча билан эгар бўлакларини олди.
– Вой, манави қозон бунча кичкина! – деди Салим уни завқ билан томоша қилиб.
– Бунда елим қайнатилади! – деди Шодмон билағонлик билан.
– Тезроқ бўлақол, Шодмон, – деди Салим бетоқатланиб. – Ҳозир Лангар момом келиб қолади.
Улар қозонча билан эгар бўлакларини қўлтиқлаб ташқарига чиқишди. Салимларнинг қўрасига кириб, қозончанинг тагига ўт ёқишди. Шодмон қозончага бир ҳовуч қуритилган елим солиб, устидан сув қуйди. Чўп билан уни бироз аралаштирди-да, Салимга тутқазди.
– Ма, сен буни қўзғаб тур.
Салим ғайрат билан қозончани қўзғашга тушиб кетди. Бироздан сўнг аралашма биқирлаб қайнай бошлади. Шодмон жиддий қиёфада эгар бўлакларини бир-бирига улаш ҳаракатига тушди. Бироқ бунинг уддасидан чиқолмай, нуқул чалкаштириб юборарди.
– Эгар ясашни билмас экансан-ку? – деди Салим ҳафсаласи пир бўлиб.
Шодмон сир бой бермай эгар бўлакларини бир жойга тўплади.
– Биламан. Эгарни елим тайёр бўлгандан кейин ясайман.
– Қара, қозон қайнаяпти!
– Қайнайверсин. Оловини яхшилаб ёқ.
Салим қозончанинг тагига тезак ташлаб, деярли ўчиб қолган оловни қайта ёндириш учун зўр бериб пуфлашга тушди. Шу пайт лахча чўғ учиб чиқиб, нарироқдаги хашак ғарамининг орасига бориб тушди. Тутундан ёшланган кўзларини уқалаётган Салим буни пайқамади. Қуруқ хашак уюми тутай бошлади. Шодмон эса бўз халтачадан бир бўлак титилган пай толасини олди.
– Нима бу, Шодмон? – сўради Салим ажабланиб.
– Ҳўкизнинг қуритилган пайи, – деди Шодмон ўзини катталардек тутишга уриниб. – Буни эгарнинг сиртига қоплаймиз.
Тутаётган сомон ғарами бирдан лов этиб аланга олди.
– Сомон ёняпти, Шодмон! – эсхонаси чиқиб кетган Салим шу заҳоти ташқарига югурди.
Шодмон жонҳолатда оловни тепкилиб ўчиришга уринди. Бироқ аланга тобора кучайиб борарди.
– Қоч, Шодмон! Ёниб кетасан! – дея чинқирди Салим қўранинг эшигидан ичкарига мўралаб.
Шодмон оловни ўчиришга қурби етмаслигини тушунди. Шоша-пиша эгар бўлакларини бўз халтага жойлаб қўлтиғига қистирди-да, ташқарига югурди. Эшикдан чиққач, нима қилишни билмай бир муддат серрайиб туриб қолди. Салим дашт тарафга қочиб кетаётганига кўзи тушди. Қўрадан қоп-қора тутун осмонга ўрларди. Бегмат чўпон улар томонга югуриб кела бошлади.
– Ҳа, йигит ўлгурлар! Қўрага ўт қўйибсизлар-ку!
Шодмон қўлидаги бўз халтани бир чеккага улоқтириб, Салимнинг ортидан жуфтакни ростлади.
* * *
Бир ҳафтадан сўнг Эсиргап яна қишлоқда пайдо бўлди. Лангар момо иккаласи уйда анча вақт гаплашиб ўтиришди. Шодмоннинг отаси негадир Эсиргапнинг олдига бормади. Унинг келганини эшитиши билан молларга ўт юлиб келаман деб далага чиқиб кетди. Шодмон Лангар момонинг уйи атрофида ўралашиб юрди. Бир-икки марта деразадан ичкарига мўралаган эди, кампир уни жеркиб берди. Шунинг учун уларнинг нима ҳақда гаплашганини билолмади. Ниҳоят, тушдан сўнг Эсиргап хурсанд қиёфада ортига қайтиб кетди.
Эртаси куни Бегмат чўпон ёниб кетган қўрасининг томини қайтадан ёпди. Шодмон билан отаси ҳам ёрдамга боришди. Шодмон ўша кундан бери амакисига дуч келиб қолишдан ҳадиксираб, қочиб юрган эди. Отаси юр дегач ноилож унга эргашди.
Қўранинг томига янги болор оширилиб, устига шох-шабба бостирилган эди. Юқори қисми қорайиб кетган девор хунук кўринади. Нарироқда чала ёнган эски ходалар бетартиб сочилиб ётибди. Қўранинг ёнида Бегмат чўпон Лангар момо билан гаплашиб турар, Салим хандақдаги лойдан гувала ясарди.
– Қилғиликни қилиб қўйиб нега қорангни кўрсатмайсан? – деди Шодмонга кўзи тушган Бегмат чўпон қовоқ уйиб. – Туш хандаққа!
Шодмон итоаткорлик билан Салимнинг қаватидан жой олиб, гувала ясашга киришди.
– Бу бузмакорларнинг қилиғини қаранг! – деди Бегмат чўпон Лангар момога. – Муштдай боши билан эгар ясармиш.
– Қўйинг, Бегматжон, бола-да булар ҳали, – деди Лангар момо. – Ҳалиям ўзларини Худо асрабди, шунисига шукр.
– Ҳаммасига анави Суннат чол айбдор! Ҳали мендан эшитадиганини эшитади у.
Абдураҳим муаллим камзулини ечиб, енгини шимарди.
– Энамнинг гапини эшитдингизми, ака?
– Қайси гапини?
– Жиянимникига кўчиб кетаман деяпти! – деди Бегмат чўпон зардали оҳангда.
Абдураҳим муаллим Лангар момога савол назари билан қаради. Лангар момо ундан кўзларини олиб қочди.
– Шунча йил бирга яшаб, энди кетаман деганингиз нимаси? – деди Бегмат чўпон. – Бизгаям ўз онамиздай бўлиб қолувдингиз. Ташлаб қўйган бўлмасак…
– Сизларданам, келинларданам мингдан-минг розиман, – деди Лангар момо. – Доим кўнглимга қараб келдинглар… Лекин Эсиргапжон “кўчириб кетаман” деб ҳоли-жонимга қўймаяпти.
– Жиянингизнинг териси юпқароқ кўринади, – деди Абдураҳим муаллим. – Кетсангиз, қариган чоғингизда қийналиб қоласизми дейман.
Лангар момо тайинли гап айтолмай ўйланиб қолди.
– Кўнглингизга келмасин-ку, у сиздан ҳам кўра мол-қўйларингизга кўпроқ ишқибозга ўхшайди, – деди Бегмат чўпон. – Гап-сўзларида шунга шаъма бордай.
– Ундай деманг, Бегматжон, – дея эътироз билдирди Лангар момо. – Эсиргапжон менинг молимга қараб қолмагандир…
– Янаям ўзингиз биласиз. Отамдан қолган қўй-эчкиларингиз ўзидан урчиб-кўпайиб ётибди. Айтган кунингиз сурувдан ажратиб бераман. – Ҳафсаласи пир бўлган Бегмат чўпон сустлашиб қолган болаларга дашном берди. – Гап пойламай, тезроқ қимирланглар!
Шодмон билан Салим итоаткорлик билан ишни жадаллаштирди.
– Менинг ҳам тўрт кунлигим борми-йўқми, Худо билади, – деди Лангар момо оғир сўлиш олиб. – Одам бошқа жойда минг яхши яшагани билан барибир киндик қони томган тупроқ ўзига тортиб тураркан. Шу чоққача ҳарна дардим ичимда эди. Буёғига Лангарда қора тортиб борадиган жигарим бор. Энди менга индаманглар. Ўлсам, Эсиргапжон лошимни кўчада қолдирмас.
– Бизам ташлаб қўймаймиз, эна! – деди Бегмат чўпон. – Вақти-соатингиз етса, иззатингизни жойига қўйиб, отамнинг қаватига жойлаб келамиз.
– Отангизнинг қаватида менга жой йўқ, Бегматжон. У ерда онангиз ётибди.
Бегмат чўпон бош чайқаб қўйиб томга чиқиб кетди. Шодмон зимдан Лангар момога қаради. Девор ёнида мусичадай қунишиб ўтирган кампирнинг гавдаси янаям кичрайиб қолганга ўхшарди.
* * *
Шодмон Шаҳодатга қизиқ томоша кўрсатмоқчи бўлди. Шу ниятда беш-олтита консерва қутисини тешиб, ипга тизиб чиқди. Сўнг оғилхонанинг соясида мудраб ётган Олапар томон юрди.
– Нима қилмоқчисан? – сўради Шаҳодат ҳайрон бўлиб.
– Ҳозир кўрасан, – деди у ипнинг учини Олапарнинг думига боғлаётиб. Ит безовталаниб думини яширишга уринди. – Жим ёт, Олапар.
– Эҳтиёт бўл, тағин тишлаб олмасин.
Шодмон ишини тамомлаб, итнинг биқинига туртди.
– Тур, Олапар. Олкиш!
Ит ҳушёр тортиб ўрнидан сакраб турди-да, кўчага отилди. Думига боғланган консерва қутилари тарақ-туруқ овоз чиқариб ортидан судралди. Ўтакаси ёрилган ит аянчли ангиллаганча ҳовлини айланиб чопа бошлади. У бот-бот орқасига бурилиб, думини тишлар, сўнг яна югуришга тушарди. Шодмон билан Шаҳодат бундай ғаройиб томошадан завқланиб қотиб-қотиб кулишарди.
Тугун кўтариб келган Лангар момо ҳам бундай ғалати манзарани кўриб бир муддат анқайиб қолди.
– Ҳе, қилиғинг қурсин! – дея Шодмонни койиди у эс-ҳушини йиғиб олгач. – Сенинг дастингдан итгаям, битгаям тинчлик йўқ.
Чопавериб толиққан Олапар ҳовлининг бир бурчагида ғужанак бўлиб ётиб олди. Шодмон ҳамон кулгидан лаб-лунжини йиғиштиролмай, итнинг думидан арқонни ечди.
– Манави овқатни уста Суннатга олиб бориб бер.
– Суннат буванинг ўзи ола сигирини излаб келади, – деди Шодмон илжайиб.
– Сенинг устабузармонлигинг дастидан шу бечоранинг ҳам қадами узилиб қолди, – деди Лангар момо таассуф билан. – Маҳмаданалик қилмай, тезроқ бўл!
Шодмон ноилож тугунга қўл чўзди.
– Аввал қўлингни юв! – дашном берди кампир.
Уста Суннатнинг ҳовлиси сув қуйгандек жим-жит эди. Шодмон дарвозадан кираверишдаги устахонага бош суқди. Уста Суннат дераза ёнига тўшалган эски пўстакда ёстиққа бош қўйганча пинакка кетган экан. Унинг олдидаги эгарга чала-ярим пай қопланган, ўчоқнинг олови ўчиб, тутай бошлаган эди.
Шодмон нима қилишни билмай, эшикда бироз туриб қолди.
– Суннат бува? – дея чақирди Шодмон. Бироқ ундан садо чиқмади. – Лангар момом сизга овқат бериб юборди! – бақирди у. – Совумасдан еб оларкансиз!
Бу гал ҳам уста Суннат уйғонмади. Шодмон иккилана-иккилана ичкарига кирди. Қўлидаги тугунни ерга қўйиб, чолнинг юзига синчиклаб разм солди. Уста Суннат гўёки беозоргина ухлаб ётарди. Шодмоннинг кўнгли аллақандай нохушликни сезиб, сесканиб кетди.
– Суннат бува… Туринг ўрнингиздан!
Шодмон беихтиёр уста Суннатнинг қўлидан тортди. Чолнинг ёстиқда омонатгина илашиб турган боши пастга оғиб қолди. Уста Суннат ўлиб қолган эди.
* * *
Шодмон доим ҳеч кимнинг хаёлига келмаган нарсаларни ўйлаб топишга уста эди. Кунлардан бирида у дала-даштда ўз майлича судралиб юрадиган тошбақаларга ин ковлаб бермоқчи бўлди. Шу ниятда Салим билан Шаҳодатни эргаштириб қишлоқ адоғидаги тепаликка йўл олди. Одатда, у ерда тошбақа кўп бўларди. Учаласи бир зумда тепаликдаги хас-хашаклар орасидан анчагина тошбақа топишди. Шундан сўнг Шодмон билан Салим зўр бериб ин ковлашга тушиб кетди. Шаҳодат яна тошбақа ахтариб кетди.
– Шодмон, меники тайёр бўлди, – деди уст-боши тупроққа беланган Салим.
Шодмон қўлидаги ошпичоқни ерга қадаб ўрнидан турди-да, Салим ковлаган чуқурчани беписанд кўздан кечирди.
– Бу инга тошбақа сиғмайди!
– Нега сиғмас экан?
– Ишонмасанг, қара! – Шодмон эски тоғорада айқашиб ётган тошбақаларнинг энг йиригини олиб, Салим ковлаган чуқурчага ўлчаб кўрди, чинданам унга тошбақа сиғмасди. – Кўрдингми?
– Мен тошбақанинг боласига ковладим, – деди Салим бўш келмай.
– Она-бола тошбақалар битта инда ётиши керак! Бошқатдан ковла.
Салим ноилож ўзи ковлаган уяни кенгайтира бошлади.
Шаҳодат шодон қийқирганча улар томон югуриб келди.
– Қаранглар, мен жудаям катта тошбақа топдим! Мана!
Шодмон унинг қўлидаги тошбақани олиб, синчиклаб кўздан кечирди.
– Ростданам катта экан, – деди Салим. – Буниси отаси бўлса керак.
– Тошбақанинг отаси онасидан кичкина бўлади, – деди Шодмон жиддий қиёфада. – Бу тошбақа мен ковлаган инда яшайди.
Шодмон тошбақани Шаҳодатга қайтариб бериб, яна ерга мук тушганча чуқур қазишга тушди.
– Тошбақаларга ин қазиб берсак, кейин нима бўлади? – сўради қўлидаги тошбақани айлантириб томоша қилаётган Шаҳодат ундан.
– Улар биздан хурсанд бўлади.
– Тошбақани ўлдирса ёмон бўладими?
– Бошқа тошбақалар қарғайди! – жавоб берди Салим билағонлик билан.
– Ундай одамнинг оғзи қийшайиб, соқов бўлиб қолади, – деди Шодмон.
– Шоймир битта тошбақани ўлдириб, гўштини кучугига едирган эмиш! – деди Салим.
– Ростданми? – сўради Шаҳодат ваҳима билан.
– Шоймир шундай қилган бўлса, соқов бўлиши аниқ, – деди Шодмон ишонч билан.
Шаҳодат кутилмаганда қўлидаги тошбақани ерга тушириб юборди. Боши билан оёқларини косасининг ичига яшириб олган тошбақа коптокдек думалаб бориб, қуйироқда чуқур ковлаётган Шодмоннинг бошига зарб билан урилди. Шодмон гарангсиган қиёфада ердан бошини кўтариб, теваракка аланглади. Унинг сочлари орасидан қон сизиб чиқиб, оёғи остида ётган тошбақанинг косасига тома бошлади. Шаҳодат жонҳолатда чинқириб юборди. Шодмон бошини чангаллаб қишлоқ томон югурди. Салим эса нима ҳодиса юз берганига ақли етмай, унинг ортидан тикилганча юмронқозиқдек қотиб қолди.
Шодмон уйга етиб боргунча уст-боши қип-қизил қонга беланди. Лангар момо унинг аҳволини кўриб қўрқиб кетди.
– Вой, менгина ўлай!.. Нима бўлди? Ким сени бу аҳволга солди? – деб жонҳолатда унинг бошини чангаллади.
– Шаҳодат тошбақа билан урди! – дея чинқирди Шодмон.
– А? Қанақа тошбақа?.. – деди Лангар момо анграйиб.
– Қирда тошбақаларга ин ковлаётувдим… Шаҳодат катта тошбақани бошимга думалатиб юборди!
– Ҳа, болам-а! Доим йўқ жойдан бир ташвиш орттириб юрасан.
Лангар момо додлаб йиғлаётган Шодмоннинг бошини кўздан кечирди. Унинг қуюқ сочлари орасидан ҳамон қон сизиб чиқмоқда эди.
– Хайрият, суяги бутун экан, – деди у бироз хотиржам тортиб. – Териси озгина шилинибди.
Лангар момо Шодмоннинг юз-кўзини илиқ сув билан ювиб, жароҳатига аллақандай сассиқ дори суртди. Бошини рўмол билан боғлаб, устидан эски телпакни кийдирди. Қон оқиши тўхтаган бўлса-да, боши лўқиллаб оғрирди.
– Керакмас! – деди Шодмон қайсарлик билан. – Телпакни киймайман.
– Бир-икки кун чидайсан, болам, – деди Лангар момо. – Бошингни иссиқ тутмасанг, жароҳат газак олиб кетади.
– Газак олса нима бўпти! – деди Шодмон қайсарлик билан.
– Кейин сочинг тўкилиб, кал бўлиб қоласан, – деди Лангар момо пинагини бузмай.
Бу гапни эшитиб Шодмон иккиланиб қолди. Кўз ўнгида Қувват калнинг доим қуёшда ялтираб юрадиган туксиз боши намоён бўлди. Ўзини ҳам шунақа қиёфада тасаввур қилиб, қўрқиб кетди. Худди биров ечиб оладигандек беихтиёр телпакни бостириброқ кийди.
Шодмон уйга кириб, деворга осилган ойнага тикилди. У гўёки масхарабозга ўхшарди. Шу пайтгача қанчадан-қанча болалар билан муштлашиб, ақалли бурни қонамаган эди. Келиб-келиб муштдай қизчадан таъзирини еб ўтирса-я! Синфдошлари эшитса, кулгига қолиши аниқ.
Аламдан тишларини ғижирлатиб, ташқарига чиқди. Ҳовлиқиб югуриб келган Салим ҳам унга бақрайиб тикилиб қолди.
– Бировга айтсанг, кўрасан мендан! – деди Шодмон унга ўқрайиб.
– Ҳеч кимга айтмайман, Шодмон, – деди у итоаткорлик билан.
– Кетдик! – деб Шодмон йўлга тушди. Салим унга эргашди.
Шодмон Шаҳодатларнинг ошхонаси ёнида тўхтади.
– Сен Шаҳодатни алдаб чақириб кел. Мен шу ерда яшириниб тураман.
– Хўп.
Салим олдинга юрди. Шаҳодат хавотирли қиёфада деразадан ташқарига мўралаб турарди.
– Шаҳи, юр, ўйнаймиз, – деди Салим.
– Ҳо, бормайман! – деди қизча кўзларини пирпиратиб. – Шодмон ушлаб олса уради.
Салим нима дейишни билмай, ошхонанинг панасида яшириниб турган Шодмонга қаради.
– Шодмон бу ерда йўқ, уйида ухлаб ётибди деб айт! – деди у аламдан лаблари гезариб.
– Шодмон бу ерда йўқ, уйида ухлаб ётибди.
– Алдаяпсан! У ошхонанинг орқасида бекиниб олган.
– У сени ошхонанинг орқасида бекиниб олган деяпти, – дея шивирлади Салим.
Шодмон ноилож панадан чиқиб, Шаҳодатга мушт ўқталди.
– Қўлимга тушсанг, сочингни битталаб юламан!
– Онамга айтиб бераман, – деди Шаҳодат йиғламсираб.
– Қара, Шодмон, Эсиргап келяпти.
Шодмон у кўрсатган томонга қаради. Эсиргап одатдагидек, бир гала итни ортидан эргаштириб Лангар момонинг уйи томон кетиб борарди. Уни кўриб Шодмоннинг баттар жаҳли чиқди.
– Индамасак, Эсиргап Лангар момомни олиб кетиб қолади, – деди у алам билан. Салим унга мўлтираб тикилиб турарди. Шодмон ҳам ўйланиб қолди.
– Эсиргапни ҳайдаб юборамиз! – деди ниҳоят Шодмон қатъий оҳангда. – Кетдик.
Шодмон олди-ортига қарамай югуриб кетди. Салим унинг ортидан эргашди. Катта йўлдан Лангар момоникига бурилишда нураб ётган эски чолдевор бор эди. Шодмон ундан кесак ушатиб ола бошлади.
– Кесакни нима қиласан? – деди Салим ажабланиб.
– Эсиргапни кесакбўрон қиламиз.
– Эсинг жойидами? Лангар момом уришади-ку!
– Панадан туриб отамиз. Лангар момом кўрмайди.
Бироздан сўнг иккаласи чўнтакларини кесакка тўлдириб, Лангар момоникига етиб боришди. Бу пайтда Эсиргап супада баҳузур ёнбошлаганча Лангар момо билан гаплашиб ўтирарди. Шодмон билан Салим уйнинг ортида биқиниб, уларни кузата бошлади.
– Қишлоқни-ку соғинаман, – деди Лангар момо ўйчан қиёфада. – Лекин бу ерларниям кўзим қиймайди. Раҳматли чолимнинг болалари мени эна деган. Кетаман деган гапимни эшитиб хафа бўляпти…
– Бегона жойларда шунча йил яшаганингиз етар! – деди Эсиргап унинг гапини бўлиб. – Сизни барибир Лангартоққа кўчириб кетаман. Бу ерда бировларнинг қўлига қаратиб қўймайман. Мендаям орият бор, амма!
Шодмон билан Салим бир-бирига қаради.
– Энди нима қиламиз? – сўради Салим чорасиз қиёфада.
– Кўрсатиб қўяман унга! – деди Шодмон қовоқ уйиб.
– Ҳай, буёғи бир гап бўлар, Эсиргапжон… Мен ошга ҳаракат қилай.
Лангар момо ошхонага кириб кетди.
Эсиргап бошидан эски телпагини ечиб қўйиб, хўриллатиб чой ича бошлади. Унинг тақир боши арчилган тухумдек оқариб турарди.
– Эсиргап кал экан! – шивирлади Шодмон ижирғаниб.
– Бўла қол, Шодмон! – деди Салим бетоқат бўлиб. – Ҳозир Лангар момом чиқиб қолади!
– Тўхтаб тур.
Ниҳоят, Эсиргап ўрнидан туриб, оғилхона тарафга юрди.
Шодмон Салимга имо қилиб, сездирмасдан катакнинг панасига ўтди. Эсиргап охурда емиш кавшаётган қизил говмишни cинчиклаб кўздан кечира бошлади. Сигирнинг сутга тўлган елинини ушлаб кўриб, бош чайқади.
– Бошладик!
Иккаласи катакнинг панасида туриб, Эсиргапни кесакбўрон қилишга тушиб кетишди. Говмиш ҳуркиб ўзини четга олди. Эсиргап ҳеч нарсага тушунолмай теваракка аланг-жаланг кўз югуртирди. Шу пайт муштдай кесак унинг бўйнига тегди.
– Ие-ие! Бу нима бало бўлди…
Қўрқиб кетган Эсиргап бўйнини чангаллаганча жонҳолатда уйга томон қоча бошлади.
– Қара, Шодмон, Эсиргап қочяпти, – шодон хитоб қилди Салим.
Шодмон улоқтирган каттагина кесак Эсиргапнинг қуёшда ялтираб турган пешонасига бориб урилди. Супага етай деб қолган Эсиргап пешонасини чангаллаганча букчайиб ўтириб қолди.
– Вой, ўлдим!
Шодмон билан Салим этагидаги қолган-қутган кесакни ерга ағдариб, қочиб қолишди. Шошганидан Шодмоннинг бошидан телпаги учиб кетди…
Кечга яқин Абдураҳим муаллим Эсиргапни ташқарига кузатиб чиқди. Эсиргапнинг пешонасида каптарнинг тухумидек ғурра пайдо бўлган эди.
– Хафа бўлманг, меҳмон, – деди Абдураҳим муаллим узрли оҳангда, – Болалар ўйинқароқроқ, сизга эркалик қилгиси келган бўлса керак…
– Эркалик қилганмиш! – деди Эсиргап аламли қиёфада пешонасидаги ғуррани силаб. – Бу тирмизакларга катталар ақл ўргатиб қўйган.
Абдураҳим муаллим зимдан унга норози қараб қўйди.
– Аммам бўлмаганида-ку бу ерларга кўзим учиб тургани йўқ эди…
Шу пайт Лангар момо уйдан халта кўтариб чиқиб келди.
– Манавини ол, Эсиргапжон. Қуруқ қўл билан кетма.
– Нима бу?
Эсиргап халтани қўлига олиб, азза-базза титкилашга тушди. Унинг ҳаракатини кузатиб турган Абдураҳим муаллим маъноли бош чайқаб қўйди.
– Озроқ қанд-қурс, ёнғоқ-майиз солувдим, – деди Лангар момо ўнғайсиз аҳволда. – Уйда болаларинг эрмак қилишар.
Эсиргапнинг бироз чеҳраси ёришди.
– Ҳалиям Худо бир асради, – деди у ўпкали оҳангда. – Кесак кўзимга текканда нима бўларди?
– Бора қол, Эсиргапжон.
– Мен яна келаман, амма.
Эсиргап халтани қўлтиқлаб йўлга тушди.
Бу пайтда Шодмон қўрқувдан юраги пўкиллаб, ҳовлида шумшайиб ўтирарди. Ҳеч нарсадан бехабар онаси оғилхонанинг ёнида сигир соғарди.
Шодмон отаси билан Лангар момонинг шу томонга келаётганини кўриб баттар саросимага тушди. Шартта ўрнидан туриб даштга қочиб қолмоқчи ҳам бўлди. Лекин бундан бир иш чиқмаслигини ўйлаб фикридан қайтди.
– Нимага меҳмонга кесак отдинг? – деди отаси жаҳл билан. Шодмон мадад кутгандек Лангар момога қаради. Бироқ унинг ҳам авзойи бузуқлигини кўриб, яна ерга кўз тикди. Ундан садо чиқавермагач отаси баттар асабийлашди. – Гапир деяпман!
Шодмон тунд қиёфада бошини эгиб ўтираверди.
– Бу болага гап-сўз таъсир қилмайди. Бети қотиб кетган.
Абдураҳим муаллим кутилмаганда Шодмоннинг чаккасига тарсаки туширди.
– Урманг! – деб Лангар момо жонсараклик билан орага тушиб, Шодмонни бағрига босди. – Шодмонжон энди ундай қилмайди.
Шодмон шу чоққача отасидан калтак емаган эди. Шунинг учун дафъатан нима воқеа юз берганини тушунолмай унга анграйиб тикилиб қолди. Чап юзи худди чўғ босгандек қизиб кетди. Беихтиёр кўзларида ёш ҳалқаланди. Отаси унинг нигоҳига дош беролмай шартта ортига бурилди-да, уйга кириб кетди. Шодмон Лангар момонинг қучоғидан юлқиниб чиқиб, ташқарига отилди.
Шодмон қари толнинг тагида чўнқайиб ўтириб, ўксиб-ўксиб йиғлади. Лангар момо ёнига келиб ўтирганини ҳам пайқамади. Кампир унинг елкаларини, дока боғланган бошини меҳр билан силади.
– Йиғлама, болажоним…
Шодмон кўз ёшларини енги билан артиб, дик этиб ўрнидан турди.
– Тегманг менга! – деди у алам билан. – Кетсангиз-кетаверинг ўша Эсиргапникига. Энди менга барибир.
Шодмон дашт томон югуриб кетди.
* * *
Эсиргапни ҳамма бирдай ёқтирмас эди. У эса жўрттага қилгандай кунда-кунора Лангар момоникига тиржайиб кириб келаверарди. Шодмон ҳар гал тупроқ йўлда қишлоқ итларини ортидан эргаштириб келаётган Эсиргапни кўрганида аламдан тишларини ғижирлатар, лекин қўлидан ҳеч нарса келмасди. Отаси ҳам кейинги вақтларда уни кўриши билан далага ёки қўшниларникига чиқиб кетарди. Уйда ҳеч ким Эсиргапнинг номини тилга олмас, Лангар момо ҳам бу ҳақда оғиз очмас эди. Кутилмаганда пайдо бўлган бу ёқимсиз одам туфайли кўп нарсалар ўзгариб кетганини Шодмон ич-ичидан сезарди…
Бир куни Шодмон мактабдан эртароқ қайтди. Беҳзод бешикда пишиллаб ухлаб ётар, бироқ онаси уйда кўринмасди. Шодмон ҳайрон бўлиб ошхона, оғилхонага бирма-бир кириб чиқди. Сўнг Лангар момоникига жўнади. У ердаги манзарани кўриб анқайиб қолди. Уйнинг олдида прицепли трактор қантарилган, Эсиргап қорамағиздан келган ўспирин йигитча кўмагида ичкаридан олиб чиқилган кўрпа-тўшак, гиламларни тракторга жойлаш билан овора эди. Абдураҳим муаллим чеккароқда нотаниш бир киши билан гаплашиб турарди.
Шодмон истар-истамас уйга яқинлашиб, деразадан ичкарига мўралади. Жиҳозлари ташиб чиқилиб, шип-шийдам бўлиб қолган уй жудаям ғариб кўринарди. Шу чоққача у учун жудаям қадрдон бўлган, мудом оҳанрабодек ўзига тортиб турадиган уй бир зумда аллақандай бегона, файзсиз масканга айланган эди. Шодмон Лангар момонинг кўчиб кетиши яхши эмаслигини билса-да, лекин бунақа бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Нима қилишни билмай гангиган қиёфада деразадан узоқлашди. Нарироқда отаси унга зимдан синчков тикилиб турарди. Эсиргап эса хурсандчиликдан лаб-лунжини йиғиштиролмай елиб-югуриб тракторга юк ортяпти…
Ошхонада аёлларнинг гангир-гунгир овози, идиш-товоқларнинг тарақ-туруғи эшитиларди. Салимнинг онаси у ердан идиш-товоқларни олиб чиқиб, ўспирин йигитчага узатяпти. Шу пайт ичкаридан Шодмоннинг онаси шошиб чиқиб келди.
– Келдингми, ўғлим? – деди у Шодмонга яқинлашиб. – Укангни бешикка белаб келувдим. Мабодо йиғлаб ётгани йўқми?
Шодмон йўқ дегандек бош чайқади.
– Бориб ундан хабар олай. Сенам мактабдан очқаб келгандирсан. Юрақол уйга…
– Қорним тўқ, – деди Шодмон қўрслик билан. Онаси унга зимдан қараб қўйиб, уйга томон кетди.
Ошхонадан Лангар момо чиқди. У худди тўйга бораётгандай, эгнига янги кийимларини кийиб олган эди.
– Бўла қолинг, амма, эрта кунни кеч қилмай, тезроқ йўлга тушайлик, – деди Эсиргап унга.
– Хўп, Эсиргапжон.
Лангар момо Шодмонни имлаб ёнига чақирди.
– Буёққа юр, болам, сенга бир нарса кўрсатаман, – деб уни ошхонага бошлаб кирди. У ерда идиш-товоқлар бетартиб сочилиб ётарди. Лангар момо уларни оралаб ўтиб, бир чеккада турган таниш бўз халтани олиб келди.
– Мана, – деб у халтани Шодмонга тутқазди. – Буни эҳтиёт қилиб сақлагин. Бувангнинг омонати бу.
– Нега кетяпсиз, Лангар момо? – дея сўради Шодмон унга мўлтираб тикилиб.
– Кетмасам бўлмайди, болажоним, – деди Лангар момо хўрсиниб. – Буёғи тўрт кунлигим борми-йўқми, Худо билади… Эртадан-кечгача сени тергашдан бошқасига ярамайман. Қариб, майнасини еб қўйган вайсақи кампирни бошингга урасанми?
Лангар момо зўрма-зўраки жилмайди.
– Уришсангиз ҳам сизни яхши кўраман.
Лангар момо Шодмонни бағрига босиб, юз-кўзидан ўпди. Қиёфасини нигоҳига жойлаб олмоқчидек, бир муддат унга тикилиб қолди.
– Мендан хафа бўлма, Шодмонжон. Катта бўлсанг, ўзинг ҳаммасини тушуниб оласан.
– Энди бу ерга ҳечам қайтиб келмайсизми?
– Нега ундай дейсан, болам? Куч-қувватим жойида бўлса, ора-сира меҳмон бўлиб келаман. Сизлар ҳам Лангартоққа борасизлар… Бу уй-жойни раҳматли буванг менга атаб қурдирган эди. Энди уни сизларга ташлаб кетяпман. Отангга айт, уйни қаровсиз қолдирмасин. Вақти келиб сенам эгар ясашни ўргансанг, бу уйни ўзингга устахона қиларсан.
– Хўп, – деди Шодмон итоаткорлик билан.
Шундан сўнг улар ташқарига чиқишди.
Бегмат чўпон Салим билан бирга дашт томондан бир гала қўй-эчкини олдига солиб ҳайдаб келишди. Эсиргап уларни кўриб шошиб қолди. Ўспирин узатган охирги юкни апил-тапил прицепга жойлади-да, пастга сакраб тушди.
– Бўлди, – деди у Шодмоннинг отаси билан гаплашиб турган одамга юзланиб. – Юсуфбой, Нурали икковингиз аммани олиб йўлга чиқаверинг. Мен мол-ҳолни ҳайдаб пиёда кетавераман.
– Энам тракторда кетмайди, – деди Бегмат чўпон жаҳл билан. Кейин Шодмоннинг отасига юзланиб, изоҳ берди. – Қувват акага тайинлаб келдим. Ҳадемай машинасида келиб қолади. Энамни ўзим олиб бориб қўяман.
Эсиргап хушомадгўйлик билан илжайди-да, бориб қизил говмишнинг арқонини ечди. Қўй-эчкиларни ҳам унга қўшиб ҳайдаганча йўлга тушди. Лангар момонинг юклари ортилган трактор ҳам тупроқ йўлни чангитиб Лангартоққа жўнади.
Тушдан сўнг Лангар момо йўлга чиқадиган бўлди. Сора бахши ҳам у билан хўшлашиш учун етиб келди. Лангар момо машинага чиқиш олдидан ҳамма билан бирма-бир хайрлашди. Шаҳодат билан Салимнинг ҳам юз-кўзидан ўпди. Беҳзодни кўтарганча чеккароқда унсиз йиғлаб турган Шодмоннинг онасини бағрига босди.
– Қизим ўрнида қизим эдингиз, келинжон, – деди Лангар момо кўз ёшларини енгининг учи билан артиб. – Ўла-ўлгунимча сизни алқаб ўтаман.
– Кетманг, моможон, – деди Муниса опа ҳиқиллаб. – Сизсиз нима қиламиз?
– Лангартоғ деганлари тупканнинг тубида эмас, келин, – деди Сора бахшининг ҳам кўнгли бузилиб. – Момонгиз билан борди-келди қилиб турасизлар.
– Мени эсингдан чиқариб юборма, болажоним, – деди Лангар момо онасининг пинжига суқилиб турган Шодмон билан хайрлашаётиб. Сўнг унинг отасига юзланди. – Мабодо Лангартоққа йўлингиз тушса, невараларимниям олиб боринг.
– Хўп, эна.
– Сиз яхшилаб жойлашиб олаверинг, дугона, келинлар билан бирга меҳмон бўлиб борамиз, – деди Сора бахши. – Шу баҳонада тоғ-тошларниям бир кўриб келамиз.
Лангар момо билан Бегмат чўпон машинага чиқишди. Қувват аканинг “Москвич”и ғизиллаб жўнади. Ҳамма уларнинг ортидан унсиз тикилиб қолди.
– Дугонам ҳам кетди-борди, – деди Сора бахши бош чайқаб. – Бояқиш доим “Лангарни биргина кўриб ўлсам армоним йўқ эди” деб ҳасрат қиларди. Охири ниятига етди.
Шодмон онасининг пинжидан юлқиниб чиқиб, жон-жаҳди билан машинанинг ортидан югурди.
– Лангар момо!.. Кетманг, моможон.
“Москвич” муюлишда бурилиб, кўздан ғойиб бўлди. Шодмон тупроқ йўлга йиқилиб тушиб, бошдан-оёқ оппоқ чангга беланди. Чўнқайиб ўтирганча ўксиб-ўксиб йиғлади. Орқасидан етиб келган отаси уни ердан кўтариб олиб, бағрига босди.
– Йиғлама, ўғлим. Кап-катта боласан, уят бўлади…
– Момосига меҳри тушган-да, бола бечоранинг, – деди бу манзарани кузатиб турган Сора бахши. – Индаманглар, тўйиб-тўйиб йиғласин. Ҳали Лангар момосини кўп соғинади.
* * *
Куз охирлаб, кунлар анча совиб қолди. Шодмон билан Салим тушга яқин мактабдан қайтишарди.
– Эшқул момосини бошлаб келса, уни биз урмадик, деймиз, – деди Шодмон.
– Сора бахши барибир ишонмайди, – деди Салим ташвишли қиёфада. – Ҳадемай таёғини кўтариб келади.
– У келгунча даштга қочиб кетамиз.
– Лангар момом кетмаганида зўр бўларди-да.
– Лангар момом қайтиб келади, – деди Шодмон ишонч билан.
Лангар момонинг кўчиб кетганига ҳам икки ойдан ошди. Яқинда Бегмат чўпон бориб уни кўриб келди. Ўша куни отаси Шодмонни эргаштириб Салимларникига йўл олди.
– Энамиз яхши юрган экан, – деди Бегмат чўпон пойгакда ўтирган Шодмон билан Салимга зимдан қараб қўйиб. – Ҳаммага салом айтиб юборди.
– Ишқилиб, жияни яхши қараётган эканми? – сўради Шодмоннинг отаси.
– Худо кўтарсин ундай жиянни, – деди Бегмат чўпон аччиқланиб. Сўнг болаларга қаради. – Икковинг кўчага чиқиб ўйнанглар.
Улар ноилож ташқарига чиқишди. Шодмон уйига кетди. Кечга яқин отаси Салимларникидан ўйчан қиёфада қайтиб келди. Айвонда онаси иккови анча вақт паст овозда гаплашиб ўтиришди.
– Лангар момом касал бўлиб қолибдими? – деб сўради эртаси куни Шодмон онасидан.
– Момонгга ҳеч нарса қилгани йўқ, – деди онаси. – Лекин жиянининг уйида шароит яхши эмас эмиш. Отанг уни яна қайтариб олиб келамиз деяпти.
– Қачон? – сўради Шодмон жонланиб.
– Отангга қолса, бугуноқ олиб келарди, – деди онаси. – Лекин Лангар момонг амакингга, келаси йил баҳоргача сабр қилиб туринглар-чи, деган эмиш.
Шундан бери Шодмон баҳор келишини кутиб юрган эди.
– Қара, Шодмон, Тўхта кампир тузалибди! – дея хитоб қилди Салим Тўра буванинг уйига яқинлашганда. Хаёл суриб келаётган Шодмон ҳушёр тортиб, Салим ишора қилган томонга қаради. Чиндан ҳам, Тўхта момо пастак уйнинг деворига суяниб ўтирарди. У анчадан бери кўринмай қолган эди. Айтишларича, оғир касалга чалинган экан. Қайси куни Шодмоннинг онаси бориб, унинг ҳолидан хабар олиб келган эди.
– Бояқиш Тўхта момо ҳам илинибгина турибди, бу аҳволда узоққа бормаса керак, – деган эди у кечқурун эрига.
Шодмон Тўхта момонинг тузалганини кўриб негадир хурсанд бўлиб кетди.
– Ассалому алайкум, Тўхта момо, – дея салом берди унга. Бироқ кампирдан садо чиқмади.
– Нега салом берасан? Ахир, у тентак-ку, – дея шивирлади Салим ажабланиб.
– Узум пишса, ўғилларим армиядан келади, – деди Тўхта кампир кутилмаганда тилга кириб, хириллаган товушда. – Учовини баравар уйлантираман. Уларга бахмалдан тўн қавиб қўйганман.
Шодмон билан Салим унга ҳайрат билан тикилиб қолишди. Тўхта момо эса яна ҳеч нарса бўлмагандай сукутга чўмди.
Болалар ортига қарай-қарай бу ердан узоқлашишди.
Бу пайтда Бегмат чўпон қўшниси Қосим акани ҳашарга айтиб, Лангар момонинг уйининг томини очмоқда эди. Аллақачон эшик-деразаси қўпориб олинган уй жудаям ғариб кўринарди.
– Отам раҳматли бу иморатни Лангар энамизга атаб қурдирган эди, – деди кетмон билан томнинг сувоғини чопаётган Бегмат чўпон. – Ўша пайтлар мен ёш бола эдим, Долим бува пахсасини уриб бергани ғира-шира эсимда қолган.
– Уйни бузмай турсанг бўларди, – деди Қосим ака. – Лангар момо эшитса, кўнглига келиши мумкин.
– Эй, қаёқда! – деди Бегмат чўпон оғринган қиёфада. – Шунча иззатлаганимиз билан ўгай энамиз барибир бизга эл бўлмади. Анави жияни келиши билан бизларни элнинг орасида маломатга қолдириб, кетиб қолди. Яқинда бориб кўриб келдим. Жияни бор-будига эга чиқиб, ўзига қибла-қиё қарамай қўйибди. Уйга олиб кетаман деб шунча ялинсам ҳам кўнмади.
Шу пайт Шодмон билан Салим улар томон ҳаллослаб югуриб келишди.
– Сенларга нима керак? – деди Бегмат чўпон пешонасининг терини артиб.
– Лангар момомнинг уйини бузманг! – деди Шодмон йиғлагудек қиёфада. – Момом ҳали қайтиб келади.
Қосим ака Бегмат чўпонга савол назари билан қаради.
– Арзанда момонг қайтиб келса, ўзинг унга янги уй солиб берасан-да, Шодмонбой, – деди у жилмайиб.
– Бузманг деяпман!
– Сен ҳали менга ақл ўргатадиган бўлдингми? Шошмай тур! – дея Бегмат чўпон ёлғондакам қовоқ уйиб, нарвондан пастга тушишга чоғланди. Салим шу заҳоти олди-ортига қарамай қочиб қолди. Шодмон ҳам ноилож унинг ортидан эргашди.
Иккаласи қари толнинг тагида анча вақт чурқ этмай ўтиришди.
– Лангар момом уйи бузилганини билса, қайтиб келмайди, – деди ниҳоят Салим журъатсизлик билан. Шодмон илкис унга қаради.
– Бориб Лангар момомни олиб келамиз! – деди у қатъий оҳангда.
– Эсинг жойидами? – деди қўрқиб кетган Салим. – Лангар момом жудаям узоқда яшайди. Барибир тополмаймиз.
– Топамиз! Мен йўлни биламан.
– Шодмон, мен бормайман, отам уришади, – деди Салим кўзларини пирпиратиб.
– Бормасанг-борма. Ўзим кетавераман.
Бунақа бўлишини кутмаган Салим нима дейишни билмай анграйиб қолди.
– Менинг Лангартоққа кетганимни ҳеч кимга айтма! – деди у Салимга қаттиқ тикилиб.
– Хўп, айтмайман, – дея Салим унинг нигоҳига дош беролмай ерга қаради.
Шодмон тупроқ йўлдан кунчиқар томонга югуриб кетди.
Кўз очиб-юмгунча қишлоқ ортда қолди. У кимсасиз дашт оралаб ўтган ёлғизоёқ сўқмоқдан узоқда чўққиларини қор қоплаб ётган Лангартоққа кетиб борарди.
Кун намозгарга оғиб, борлиқ қизғиш тусга кирди. Уфқ тарафда қоп-қора булутлар пайдо бўлиб, дашт узра салқин шамол эса бошлади.
Шодмон эшак етаклаганча бир сурув қўй ҳайдаб келаётган кекса чўпонга кўзи тушиб, унга яқинлашди.
– Ассалому алайкум, чўпон бува.
– Ваалайкум ассалом… – кекса чўпон кўзларига ишонмагандек, ажабланган кўйи унга бошдан-оёқ синчиклаб разм солди.
– Сувингиз йўқми?
– А?.. Сувми? Бор, болам.
Чўпон эшакнинг устидаги хуржундан ихчамгина кувача олиб, унга узатди. Шодмон югуравериб роса чанқаган эди. Кувачадаги муздай сувдан ҳузур қилиб симирди.
– Раҳмат, чўпон бува, сувдай сероб бўлинг, – деб кувачани унга қайтариб берди.
– Балли, бўтам, балли, – эс-ҳушини йиғиб олган чўпон унинг гапидан завқланиб кулди. – Бу, сени танимайроқ турибман… Кимнинг боласисан?
– Сортепалик Абдураҳим муаллимнинг ўғли бўламан.
– Ия, шундайми? – деди чўпон ажабланиб. – Исминг нима?
– Шодмон.
– Йўл бўлсин, Шодмонбой? Ёки адашиб қолдингми?
– Йўқ, адашмадим. Мен Лангар момомникига кетяпман.
– Лангар момонг қаерда яшайди?
– Лангартоғда.
– Ана холос! – кекса чўпон Лангартоғ тарафга қараб қўйди. – Ота-онанг биладими?
Шодмон нима деб жавоб беришни билмай ерга қаради.
– Уйдан қочиб кетдингми?
– Лангар момом қайтиб келмаса, Салимнинг отаси унинг уйини бузиб ташлайди, – деди Шодмон хўрсиниб.
– Яхши-яхши, – дея кекса чўпон унинг гапини маъқуллагандек бош ирғаб, қўлидан ушлади. – Бугунча кун кеч бўлди. Ҳавонинг ҳам авзойи бузуқ. Оқшом бизникида қолиб, эртага йўлга тушганинг маъқул. Юра қол, ўғлим.
Шодмон унинг қўлидан юлқиниб чиқиб, янтоқзор оралаб югуриб кетди.
– Тўхта дейман! Лангартоққа етолмайсан. Адашиб қоласан.
Кекса чўпон унинг ортидан эргашди, лекин анча узоқлашиб кетган болага етолмаслигини тушуниб, ноилож тўхтади. Шодмон бир зумда қирдан ошиб, кўздан ғойиб бўлди.
* * *
Кечқурун қишлоқдан чиқиб келган икки отлиқ зим-зиё даштда ошиғич кетиб боришарди.
– Шу пайтда уйни бузишинг шартмиди? – деди отини йўрттириб бораётган Абдураҳим муаллим аччиқланиб. – Аввал бир оғиз сўрамайсанми?
– Бунақа бўлишини қаёқдан билай? – деди Бегмат чўпон зорланиб.
– Сен шу ердан бор! Мен анави сойликдан ахтараман.
– Хўп, ака…
Абдураҳим муаллим отининг жиловини чапга бурди. Пастликка тушиб олиб, атрофни синчиклаб кузатганча олдинга юрди. Дам-бадам отининг жиловини тортиб, “Шодмон, қаердасан, ўғлим?” дея овоз бериб, нафасини ичига ютганча атрофга қулоқ тутар, аммо тобора кучайиб бораётган изғирин шамолнинг шовқинидан бошқа ҳеч нарса эшитилмасди. Кутилмаганда нарироқда қўнғироқнинг жиринглаши ва қўй-қўзиларнинг маъраган овози қулоғига чалиниб, ўша ёққа шошилди. Етиб борганида Бегмат чўпон сурув ҳайдаб юрган кекса чўпон билан гаплашиб турарди.
– Қарилик қурсин, болани тутиб қололмадим, – деди у. – Олди-ортига қарамай тоғ томонга чопиб кетди…
– Болани қачон кўрувдингиз? – сўради Абдураҳим муаллим унинг гапини бўлиб.
– Говгум маҳали эди. Ҳали узоққа кетолмаган бўлса керак.
Ака-укалар отини ниқтаб йўлга тушишди.
– Болани тезроқ топинглар, – деди кекса чўпон уларнинг ортидан. – Норасида нарса, қўрқиши мумкин… Бунинг устига, даштда шоқол-моқол деган жондорлар ҳам йўқ эмас.
Бу гапни эшитиб Абдураҳим муаллимнинг юраги орқага тортиб кетди. Шу заҳоти отининг сағрисига устма-уст қамчи тушириб, уни чоптириб кетди.
* * *
Тез орада осмонни бир текис булут қоплаб олди. Бир маромда эсаётган изғирин бўронга айланиб, ғовлаб ўсган янтоқзор шовуллаб чайқала бошлади. Шамол аралаш ёғаётган ёмғир тобора кучаярди.
Даштда адашиб қолган Шодмон изиллаб йиғлаганча янтоқзор оралаб юрарди. Уст-боши шалаббо бўлиб, совуқ ва қўрқувдан вужудига титроқ кирган эди. Ўткир тиканлар кийимларини тешиб ўтиб, аъзойи-баданига игнадек санчилар, бироқ шу топда у оғриқни деярли сезмасди. У бот-бот тўхтаб, умид билан атрофни кузатар, аммо довулнинг чангалида инграб ётган ёвонда тирик жон асари сезилмасди.
Шодмоннинг қадами сустлашиб, тиззалари майишиб кета бошлади. Охири янтоқзор орасида чўккалаб ўтириб қолди. Боядан бери у ёқдан-буёққа тортқилаб, обдон тинкасини қуритган шамолнинг зуғумидан халос бўлиб, бироз енгил тортди. Шундоққина ёнида қорайиб турган аллақандай чуқурга кўзи тушди. Совуқ жон-жонидан ўтиб кетган эди. Таваккал қилиб аста пастга тушди. Кўклам жилғаларидан ҳосил бўлган камгакда ёмғирдан пана жой топиб, ғужанак бўлиб ўтириб олди. Йиғидан тийилган бўлса-да, юрагини қўрқув, саросима тарк этмаган эди. Рутубатга бурканган саҳрода ҳамон бўрон гувиллар, аллақаерларда шоқолнинг улиган товуши элас-элас қулоққа чалинарди.
Шодмон қаттиқ чарчаганини ҳис қилди. Зах ҳиди анқиб турган чуқурнинг деворига суяниб, кўзларини юмди. Танасида қандайдир ҳузурбахш илиқлик туйгандай бўлди. Шу заҳоти уйқу элитиб, шуури карахтлашди.
– Шодмон! Қаердасан, ўғлим?..
Бу таниш овозни эшитиб кўзларини очишга уринди. Лекин қўрғошиндек оғирлашиб қолган қовоқлари ўзига бўйсунмади. Шодмон хўрсиниб қўйиб, шу заҳоти қаттиқ уйқуга кетди…
Шу куни Шодмон туш кўрди. У кимсасиз даштда ёлғиз кетиб бораётган Лангар момонинг ортидан шамолдек елиб борармиш. Лекин шунча югурса-да, сира унга етолмасмиш.
– Тўхтанг, Лангар момо! Кетманг! – дея бақирармиш. Кампир эса Шодмоннинг ҳайқириғига эътибор бермай, тобора узоқлашиб борармиш.
Қаёқдандир пайдо бўлиб қолган Эсиргап ёқимсиз овозда хохолаб кула бошлабди. Лангар момо эса узоқдаги тоғларга сингиб кетибди…
* * *
Абдураҳим муаллим тун бўйи Шодмонни излаб дала-даштни саргардон кезиб юрди. Ўғли ҳеч қаерда йўқ эди. Вақт ўтган сари умидсизликка тушиб, кўнглига бир-биридан қўрқинчли хаёллар бостириб кела бошлади. У чорасизлик ва аламдан ўзини қўярга жой тополмас, шартта ерга ётиб олиб дод солиб йиғлагиси келарди.
Мабодо ўғлига бир гап бўлса, бундай кўргиликка қандай чидайди? Хотинининг аҳволи нима кечади? Уларнинг ҳаёти остин-устин бўлиб кетмайдими! Иккаласи турмуш қуришгач, ўн йилдан зиёдроқ тирноққа зор яшади. Шодмон дунёга келгунча қанча изтироб, умидсизликларни бошдан кечиришди. Ўша пайтларда у ҳамма нарсадан кўнгли совуб, қуруқ суратга айланиб қолган эди. Тенг-тўшларига деярли қўшилмас, мактабга ҳам номигагина бориб келар, ҳаёти зимистонга айланган эди. Хотинининг аҳволи-ку уникидан баттар эди. Фарзанд дегани қанчалар азиз бўлишини ўшанда билган эди.
“Худо бераман деса, фарзанднинг ҳам эрта-кечи йўқ” дея тасалли берарди ўгай онаси уларга. Мушфиқ кампирнинг кўнглига солган эканми, Абдураҳим муаллимнинг ёши ўттиздан ошиб, сочига оқ оралаган кезларда хотини Шодмонга ҳомиладор бўлди. Бу янгиликни эшитиб, хурсандчиликдан ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ўғли туғилганда эса унга қўшилиб ўзи ҳам қайта дунёга келгандай бўлди…
Бу гўдак уларнинг ҳаётига қайтадан мазмун олиб кирди. Абдураҳим муаллим табиатан оғир-вазмин, ичидагини сиртига чиқаравермайдиган одамлар тоифасидан эди. Гарчи сир бой бермаса-да, ўғлини очиқ-ойдин эркалатмаса-да, уни еру кўкка ишонмас эди. Ўғлининг ўжарлиги-ю шўхликлари ҳам унга ёқарди. Баъзан ҳаддидан ошиб кетганида номига тергаб қўяр, лекин ичида унинг қилиқларидан завқланарди.
Шодмон гўдаклигидан Лангар момосининг қўлида катта бўлди. Кампир ҳам негадир шу гўдакка ўзгача меҳр қўйди. Доим унга ғамхўрлик қилар, бир кун кўрмаса туролмас эди. Оқибатда ўғли ҳам унга боғланиб қолди. Абдураҳим муаллим бундан хурсанд эди. Чунки кампир унга яхши тарбия бераётган эди.
Лекин кутилмаганда у ҳамма нарсадан этак силкиб, қишлоғига кетиб қолди. Шунча йил ўзини она ўрнида кўриб, кўнглига қараб келган ака-укаларнинг ҳам, ўтидан кириб кулидан чиқадиган келинларининг ҳам юз-хотирини қилмади. Ҳатто, ўзига ўрганиб қолган гўдакнинг зорланишлари ҳам уни шаштидан қайтаролмади. Қариган чоғида туғилиб ўсган қишлоғига кетиши шартмиди? Анави жияни кампирга меҳри тортганидан эмас, унинг дов-даскасига кўз тикиб келгани кундай равшан эди-ку. Унга шунчалик ичи ачиса, мол-ҳолини бериб юбориб, ўзи қолаверса ҳам бўларди. Шундай йўл тутганида ҳам ҳеч ким уни маломат қилмасди. Отасидан қолган битта тўқол кампирни боқиб олишга уларнинг қурби етарди. Энди буёғи нима бўлади? Худо кўрсатмасин, Шодмонга бир нарса бўлса, кампирнинг ўзи ҳам адойи тамом бўлади-ку…
Тонгга яқин бўрон тиниб, борлиққа совуқ сукунат чўкди. Абдураҳим муаллим минган бедов от ёмғирнинг дастидан хамирдек юмшаб қолган далада тун бўйи кезавериб толиққан эди. У отдан тушиб, жиловидан етаклаганча олдинга юрди. Шу пайт уч-тўртта жондор тапир-тупир қувлашганча олдини кесиб ўтди. Бедов ҳуркиб кетиб, жойида таққа тўхтади. Абдураҳим муаллим ғира-ширада уларнинг қандай махлуқ эканини ажратолмади. Бироздан сўнг янтоқзор орасида шоқоллар улий бошлади. Бу овозни эшитиб Абдураҳим муаллимнинг аъзойи-баданидан муздай тер чиқиб кетди.
– Эй, Худо… Ўғлимни ўзинг асра!
* * *
Бегмат чўпоннинг оти кутилмаганда юришдан тўхтаб, қулоқларини чимирганча олдинга тикилди. Уч-тўрт қадам наридаги қуюқ ўсган янтоқзор орасидан заифгина инграган овоз эшитилгандай бўлди. Бегмат чўпон шоша-пиша отдан тушиб, ўша томонга югурди. Ёмғир сувидан ивиб кетган чуқурда қунишиб ётган Шодмон уйқусида алаҳларди. Бегмат чўпон жонҳолатда чуқурга сакради.
– Шодмон! Шу ерда экансан-да, жигар, – дея болани кўтариб олиб, бағрига босди. Шодмон кўзларини зўрға йириб очиб, унга анграйиб тикилди.
– Худога шукр, эсон-омон экансан!.. Сени қара-я. Роса қўрқитдинг-ку одамни… – Қувончдан ўзини йўқотиб қўйган Бегмат чўпон илжайган кўйи титроқ қўллари билан Шодмоннинг юз-кўзини, сочини силар, кўзларидан дувиллаб ёш оқарди. – Ие, иссиғинг бор-ку? Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади… Энди тезроқ отангни топишимиз керак. Кечадан бери уйдагиларнинг аҳволи нима кечдийкин… Оббо, қочоқвой-ей! Бопладинг-ку одамни…
Бегмат чўпон Шодмонни чакмонига ўраб, ўрадан чиқди. Нарироқдаги қирда Абдураҳим муаллим кўринди.
– Бегмат! Нима гап?
– Ўғлингизни топдим, ака! – дея шодон ҳайқирди у. – Мана у!
Абдураҳим муаллим у томонга от чоптириб кела бошлади.
* * *
Шодмон анча вақт иситмалаб, ҳуш-беҳуш бўлиб ётди. Бу орада бир-биридан ғалати тушлар кўрди.
…Уста Суннат кўчада сигир етаклаб юрган эмиш.
– Мен ола сигиримни топдим, Шодмонбой, – дебди у ёш боладай қувониб. – Ана, ҳалқумида ғўрисиям бор.
Шу пайт ола сигирнинг икки ёнидан қанот ўсиб чиқиб, осмонга учибди.
– Суннат бува! Сигирингиз учиб кетяпти, – дея ҳайқирибди Шодмон. Бироқ Суннат бува ҳам қўлларини ҳаволатганча сигирнинг ортидан парвоз қилибди. Кўз очиб-юмгунча ола сигир қанотли отга айланиб қолибди. Суннат бува ҳавода унга миниб олиб, Шодмоннинг боши узра чарх уриб айлана бошлабди.
– Пастга тушинг, Суннат бува! Ҳозир йиқилиб кетасиз! – қичқирибди Шодмон хавотирга тушиб.
Аммо уста Суннат ерга тушишни хаёлига ҳам келтирмай, қанотли отда узоқларга учиб кетибди.
– Қайтинг, Суннат бува!..
Кутилмаганда бу манзара изсиз йўқолиб, Шодмоннинг қулоғига аллақандай овозлар эшитилди.
– Яна алаҳлаяпти, – деди онаси хавотир билан. – Иссиғиям тушмаяпти.
– Гўдаккинанинг юраги тушганга ўхшайди, – бу – Сора бахшининг гулдирак овози эди. – Қани, мен бир кўрай-чи…
Шодмоннинг онаси ўксиб йиғлади.
– Қўрқма, келин, Худо хоҳласа, боланг ҳеч нарса кўрмагандай тузалиб кетади, – дея таскин берди Сора бахши унга.
Ташқарида машина шовқини эшитилди. Эшик шарақлаб очилиб:
– Дўхтирлар келди! – дея хитоб қилди Салимнинг онаси.
Шодмоннинг шуури карахтлашди…
Бундоқ қараса, Тўра буванинг уйида тумонат одам йиғилган, тўй бўлаётган эмиш. Ўйин-кулги авжида эмиш. Тўхта кампир давранинг ўртасида турган уч ўғлига бирин-кетин бахмал тўн кийгизиб, жунунвор қиёфада рақсга туша бошлабди. У гўёки Худога нола қилаётгандек, қоқсуяк қўлларини кўкка чўзганча силкиниб-силкиниб ўйнабди.
– Юр, Шодмонжон, икковимиз Лангар опамни ҳам тўйга олиб келамиз, – дебди у бироздан сўнг Шодмоннинг олдига келиб.
– Қоч, Шодмон! Тўхта кампир ушлаб олса, оғилхонасига қамаб қўяди! – дея чинқирибди Салим. Аммо Шодмон унга эътибор бермабди. Тўхта кампир эса унинг қўлидан тутиб, уста Суннатга ўхшаб осмону фалакка учибди. Шодмон парвоздан завқланиб, қиқир-қиқир кула бошлабди.
Иккаласи бепоён далалар, қишлоқларнинг устидан шитоб билан учиб ўтишибди. Чўққилари оппоқ қор билан қопланган Лангартоққа етгач, ерга тушишибди. Тўхта кампир тўсатдан ғойиб бўлибди.
Тоғнинг этагида шарқираб оқиб ётган сой бўйида таниш уй кўзга ташланиб тураркан. Шодмон синчиклаб қараса, Лангар момонинг уйи эмиш! Қишлоғимиздаги уй бу ерга қандай келиб қолди, дея ўйлабди у ҳайрон бўлиб. Сойдан кечиб ўтиб, ўша томонга юрибди. Лангар момо уйнинг олдидаги таниш супада ўтирган эмиш.
– Мен келдим, Лангар момо! – дебди Шодмон қувончдан терисига сиғмай. Лангар момо уни бағрига босиб, сочларини силабди…
Шодмон уйғониб кетди. Кўз ўнгида шифти билан девори оппоқ рангга бўялган аллақандай хона манзараси намоён бўлди. Кимдир унинг сочини силаб ўтирарди. Шодмон ён томонига ўгирилди. Рўпарасида Лангар момо жилмайиб турарди.
– Турдингми, болажоним?
Шодмон кампирга унсиз тикилиб қолди. Сўнг унинг елкаси оша деразага қаради. Ташқарида борлиқни беғубор рангга бўяб оппоқ қор ёғарди.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 7-сон