Ғаффор Ҳотамов. Тақдир ажойиботлари (бадиа)

Ойдин соната

Раббим, бандаларинг бунчалар сенга, заминдаги ва кўкдаги нурга, ойдинликка талпиниб яшайди?!
Шу муштоқлик, шу интилиш бўлмаганида, олам бунчалар чирой ва тароват касб этмаган бўлар эди.
— Фозилу фузало қоронғида адашиб юрган башариятнинг йўлидаги ёруғ машъалдур! — дейди Улуғбек ўғли Абдулатифга.
Шуниси ажабланарлики, ана шундай зотларнинг ўзлари ҳам нурга, зиёга интилиб ўтади.
Кўнгли ярим бўлган Бетховеннинг мусиқага ошуфталиги-ю, ҳатто тун оғушидан саросар куй ахтаришини бир эсга олинг!
У инсоний ёлғизликни оҳанг ва наво билан тўлдирмоқ истайди.
Мумтоз наволар ҳам она алласи янглиғ улуғ ва мўътабардир. У руҳни аллалаб, туйғуларни чайиб ўтади, тафаккур уфқларини ёритиб юборади. Одам боласи уни кўз билан илғай олмайди. У нур янглиғ ва оҳанглар сочаётган ҳикматдир.
Ва ундан инсонга яхшилик етади.
— Шунинг учун ҳам улкан санъаткор ҳақида ёзиш жуда қийин, — дейди Одил Ёқубов, сўнг бошини орқага ташлаб хиёл кўзларини юмади ва ўйга толади. — Қирқ тўққизинчи йилнинг авжи баҳори. Тўрт йил Узоқ Шарқда хизмат қилиб, таътилга чиқиб, қишлоққа келаяпман. Шундай вақтда одам униб-ўсган жойининг қадрини билар экан!
Киндик қоним томган, болалигим ўтган кўчалар кўзимга оловдек бўлиб кўринади, бепоён қир-адирларга қараб кўзим тўймайди, куй-қўшиққа юрак ташна бўлиб кетган.
Бир ҳафта қишлоқда тургач, сал чанқоғим босилди, кейин Тошкентга йўл олдим.
Тошкентда, институтда ўқиётган ҳамқишлоқларим шаҳар марказидаги кошонада бўлаётган катта концертга олиб боришди.
Ўшанда ҳар бир куй ва ҳар бир қўшиқни бутун вужудим билан тинглаганман. Нимага десангиз, индин яна Узоқ Шарққа қайтиб кетаман. Яна бундай куй-қўшиқлар эшитиш қачон насиб этади, Худо билади.
Шу ўй билан ўтирсам, бир маҳал бошловчи: “Мукаррама Турғунбоева “Тановар” рақсини ижро этади”, деб қолди. Шундай олқиш янградики, залнинг деворлари зириллаб, томи кўчиб кетай деди. Ва, ниҳоят, қарсаклар тиниб, саҳнага машшоқлар чиқиб келишди. Кейин бирдан жимлик чўкди, пашша учса эшитиладиган даражада, ундан сўнг сокин ва баҳайбат зал узра она алласи каби қон-қонимизга сингиб кетган мунис ва дилрабо куй таралди…
“Тановар” менинг энг севган куйим. Бу куйни қайта-қайта эшитишдан чарчамайман. Айниқса, ўшанда, эҳтимол соғинганим учундир, бу мунгли наво жисму жонимни ўртаб, оёқларимнинг учига довур жимирлатиб юборган.
Сел бўлиб, саҳнага термулиб ўтирибман. Ниҳоят, ҳарир парда ортидан Мукаррамахоним чиқиб келдилар…
Худди бировдан уялгандай, нозик ва чиройли қўли билан хиёл юзини тўсиб, бир-бир босиб, оҳиста чиқиб келдилар…
Ҳали ёш. Кўҳлик маҳали…
Атлас кўйлак устидан беқасам тўн кийиб олган, дуррачани қия боғланган, куйнинг таъкидига мос равишда нозик бармоқлари чарс-чарс тортилади ва шунда тилла узуклар оловдек ловуллаб ёнади.
Раққосанинг рақси ҳам куйнинг ўзидай ғамгин ва шикаста, лекин бу ҳазинликда қандайдир мунислик, кўнгилга яқинлик ва мислсиз бир тароват борки, буни сўз билан ифода этиш қийин, юрак-бағрингни ўртаб, эзгин бир кайфият қўзғовчи илоҳий ҳол бор…
Ҳар бир халқнинг, ҳар бир миллатнинг мумтоз санъатида, айниқса, мусиқа ва рақс санъатида мана шундай изоҳлаш жуда қийин бўлган, ақл-заковат билан эмас, балки қалб билан идрок этиладиган, ҳис этиладиган илоҳий бир ҳикмат ва нафосат мужассам бўлади. Унда шу халқнинг асрий орзу-армонлари, феъл-атвори ва онгу тафаккури камалак жилосидек товланиб туради.
“Тановар” ана шундай асар.
Мукаррама опа ижросида бу улуғ наво билан бетакрор рақс уйғунлашиб, янада маҳобат касб этган, у бир дунё фикр-ўй қўзғайди. Бу ғамли-ғуссали достон ўтмиш ҳақида, ишқу вафо ҳақида ҳеч ўчмас таассурот қолдирди…
Сувдек равон оқаётган рақснинг бирон-бир жойида ортиқча хатти-ҳаракат сезилмайди. Қиё боқишлар ҳам, чўчиб қочишлар ҳам, нозу итоб ҳам, ҳамма-ҳаммаси жондан азиз бўлган ошиқ билан хилватда дийдор кўришган маъшуқанинг ҳаёли, армонли ва, айни пайтда, нурли муҳаббатини тараннум этади. Яна бу, очиқ-ойдин эмас, балки диловарлик, нафис санъат, назокатли имо-ишоралар тили билан куйланган дил розидир.
Халқнинг ўзидан олиб, баланд бир мақомга кўтариб, яна унинг ўзига ҳадя этилган бундан кўра мумтоз яна қандай асар бор?
Ҳануз ёдимда, эгнимда аскар гимнастёркаси, дилимда ёзувчи бўлиш истаги, тенгсиз малоҳат ва беқиёс санъат-нафосатга кўзим тўймай, сел бўлиб ўтирар эканман, насиб этса, бир кун келиб, менга ва менга ўхшаган беҳисоб одамларга олам-жаҳон завқ улашган, илоҳий ҳикматлардан бири бўлмиш рақс санъати юзидаги пардани олиб, унинг бутун жозибасини намоён этган Мукаррама Турғунбоева ҳақида бутун бошли бир китоб ёзаман, деб ният қилган эдим.
Мана, шундан буён ҳам ярим асрдан ошиқ вақт ўтди. Бу орада, яхшидир-ёмондир, бир қанча асарлар ёздим, улуғ боболаримиз ҳаётига мурожаат этиб, уларнинг нурли сиймосини жонлантиришга ҳаракат қилдим, бироқ Мукаррамахоним ҳақида бутун бошли бир китоб тугул, лоақал бир сатр ҳам ёза олмадим.
Йўқ, мен аҳдимдан қайтганим йўқ.
Бунинг учун эмас!
Яхши ёза олмайман, деб қўрққаним учун!
Худо берган ва санъатида жилваланиб турган улуғворликни бутун бўй-басти, гўзаллиги, маҳобати билан ўзим кўрган, билган ва ҳис этган даражада ифода эта олишга журъатим етмагани учун…

Лев Толстой

— Катта ёзувчи ҳар бир воқеа-ҳодисанинг ҳикоя бўладиган таъсирчан жиҳатини илғай олиши, ёзганлари кўнгилга ёруғлик бағишлаб, Яратганнинг назарини ёдга солиши ва одам боласини бедорликка ундаб туриши керак, — дейди Одил ака.
Дастлаб мен кўп адашганман. Бир тўғри йўл очиб олишга, оқ билан қоранинг, яхши билан ёмонннинг фарқига боришга ўша замоннинг ўзи ҳеч имкон бермаган. Буткул ҳаётимиз сиёсатга айланиб кетган эди. Шўро тузумида қийинчилик бўлмайди, деган ақида ҳукмрон, шунга қараб тўн бичасан, воқеликни бўяб-бежаб кўрсатасан ва уйдирмага асосланган мана шу асар, минг афсуски, яна олқиш ва мукофот олади. Наинки адабиёт, ҳатто илм-фан, санъат ва маданият, туриш-турмушимиз шундан иборат бўлган. Метин-мустаҳкам бу исканжани парчалаб-ёриб чиқиш осон эмас эди, албатта.
Умумадабиётдаги ясамаликдан қутула олмай, ёзганларим ўзимга ёқмай, эзилиб-қийналиб юрган вақтимда мен Лев Толстойни туш кўрганман.
Буюкларнинг тождори бўлмиш бу мислсиз зот менга лом-мим деган эмас, фақат у қўлимдан етаклаб бориб, ўша, тоғ этагида ўсган, боссалар-да, янчсалар-да, юлиб-юлқилаб ташласалар-да, бари бир, умид билан яна қуёшга талпиниб, кўкка бўй чўзаётган ва ўзи “Ҳожимурод”да чексиз бир меҳр билан тасвирлаган бўйсунмас “қариқиз”ни кўрсатган, холос.
Чамаси, бу бир ишорат эди.
Қаранг, шунда ўсмир ёшимда ҳам бу улуғ даҳони туш кўрганим ёдимга тушди. Ўша куни мен “Ҳожимурод”ни мутолаа қилганман, биринчи марта. Асарнинг муқаддимаси, айнан ўша, “қариқиз” деб аталмиш ўсимлик ҳақидаги тафсилот менга ортиқчадек бўлиб туюлган ва уни ташлаб ўтиб, асосий оқим ичига шўнғиб кетганман.
Худдики, Лев Толстой олис чечен овулини эмас, балки бизнинг қишлоқни қаламга олган эди. Аввало, қишлоғимиз ўртасидаги мачит, унинг ёнидан сойга буриладиган тор кўча кўз олдимда жонланди. Кўчанинг икки томонида пастқам уйлар, уларнинг томида бекорчи чоллар, қачон қараманг, боғига кўз-қулоқ бўлиб ётишади. Кечқурун қирдан пода қайтади, қўй-қўзилар маъраши оламни тутиб кетади, мўрилардан тутун ўрлаб, ҳавода тезак ҳиди бурқсийди.
Толстой тасвирлаган манзаранинг ўзгинаси!..
Назаримда, Ҳожимурод шу мачит томондан келиб, бизнинг тор кўчага бурилган ва муюлишдаги пастқамгина уйнинг томида ётган чолни уйғотган. Буни қарангки, чечен овулида бўлгани каби, бизнинг қишлоқда худди шундай ғарибона бир кулба бўлиб, унинг томида бир баджаҳл чол ёнғоқ қўриб ётар эди.
Айниқса, тезакнинг қўланса ҳиди деган ибора мени ҳайратга солган, шунда ўзим кўриб-билиб юрган ҳаёт лоп этиб кўз олдимга келган ва яна олам-жаҳон таассурот хаёлимни банд этган! Ва булар барчаси азиз ва қадрдон эканини юрак-юракдан ҳис этганман!
Мана, ёзувчилик нима!
Мана шу табиий сўзлар, азон айтган муаззин қироати, мўрилардан кўтарилган тутун ва тезакнинг қўланса ҳиди қанчалик оддий туюлмасин, унда буюк бир ҳикмат яширин. У сизни сеҳрлаб қўяди ва ўзингиз кўрган-билган, болаликдан қадрдон бўлган ҳаёт кўз олдингизда жонланади.
Қиссани бир ўтиришда ўқиб тугатдим.
Ҳожимуроднинг ўлимидан дилим вайрон бўлиб, итларнинг улишига қулоқ солиб, китобнинг очилишидаги улуғвор чолнинг суратига, ўткир кўзларини найзадек қадаб турган Лев Толстойга тикилганча узоқ хаёл суриб ётдим. Қандай кўзим илинганини ўзим билмайман. Бир маҳал туш кўрибман, тушимда ўша, чеҳрасидан, бутун вужудидан қудрат ёғилиб турган қария!..
Эгнида ўша, узун кўйлак, бесўнақай қўлларини ингичка камарига суқиб, уйимизга секин кириб келган эмиш!
Ўшанда у менга бир нима деган эмас, иккинчи сафар эса, ўша “қариқиз”га ишора қилган, холос…
Бунда чуқур маъно бор. Мен шуни ўйлай-ўйлай, аста-секин ҳаётнинг ва адабиётнинг ўзгармас қонуниятларини англай бошладим.
Граф Толстой айтадики, Худони танимоқ ва яшамоқ — айнан бир нарса. Худо — ҳаётдир.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мен йўл қўйган ва маънавий-руҳий изтиробга сабаб бўлган хатоликни англаш қийин эмас. Биз ғойибдан келувчи бахтни йўққа чиқариб, тақдирини ўз қўли билан яратувчи ҳазрати инсонга айланган эдик. Умримиз, бутун онгли ҳаётимиз Яратганни инкор этиш билан ўтарди.
Толстой таъкидлаб айтганидек, биз олаётган нафас, биз яшаётган ҳаёт, биз билган моддий олам, бутун борлиқ яхлит ва бир бутун Худо демакдир. Ўзимиз ҳам шу хилқатнинг бир заррасимиз, холос. Мана шу ҳақиқатга асосланган, ҳаётни аслича ифода этган адабиётгина чинакам адабиёт бўлади.
Ҳаммаси ўтиб кетади, фақат ҳақиқат қолади, дейди даҳо адиб.
Шу маънода, биринчи жиддий асарим “Муқаддас” десам, хато бўлмайди. Унда мен талабалик давримда кўрган-кечирганимни қандай бўлса, шундайлигича тўкиб-солганман.
Лекин Толстойнинг ишорати буюк ва ниҳоятда теран.
Қиссада у Ҳожимуроднинг руҳий оламини бир ёқлама тадқиқ этган эмас, балки ўша ўсимлик янглиғ, бошдан-охир, мислсиз саховат ва улуғ инсоний муҳаббат билан тасвирлаган. Мард ўғлоннинг эркинлик ва озодлик, Ватан ва эътиқод йўлидаги матонатли курашини нурга белаб ифода этган. Бунинг асоси шуки, у ҳаётга жуда баландда туриб, юксак ва самовий бир назар билан қараган. Ва ҳар бир нарсани ўлчашда иймон тарозиси энг олий мезон, деб билган.
Ўзингиз ўйланг, агар шу асар яратилмаганида, Ҳожимуродни ўз халқидан бўлак яна ким билар эди? Толстойнинг шарофати билан бугун бутун жаҳон чечен ўғлонини зулмга қарши матонатли, ўтюрак курашчи деб билади, худди Жалолиддин Мангуберди каби унинг баҳодирлиги юракларга олов солиб, инсон шаънини шарафга буркаб туради. Ва худди сиз билан биз каби, Озодликни қадрлаган инсонки бор, мудом уни эсга олиб, юрагида эъзозлаб-ардоқлаб яшайди.
Адабиётнинг қудрати мана шунда!
Лев Толстойнинг мумтоз асарлари, айниқса, император билан рус проваслав черкови патриархига ёзган нодир хатлари кишини ҳайратга солади. Унда чор ҳукумати Волга ортида яшаётган, жуда қадим маданиятга эга бўлган халқларни қилич билан бўйсундириб, уларга зулм қилаётгани ошкора айтилган, одамларни Худонинг йўлидан тўсиш, ёвузликдан эзгулик ва зулматдан зиё сари интилишига монеълик қилиш охир-оқибат Яратганнинг ғазабига гирифтор бўлиши, бу эса, жуда қимматга тушиши каромат қилинган.
У, Худо бизни бева-бечораларга ва бир-биримизга зулм-ситам қилиш учун эмас, балки ҳиммат ва мурувват кўрсатиш учун яратганини қайта-қайта уқтирган.
Шунинг учун бу буюк инсонни христиан динидан четлатишган! Ва ўша, нодир хатлари юз йил давомида сир сақланган. Гарчи граф бўлса-да, қабри ҳам оддий, бир бева-бечора, бир камбағал деҳқонники каби…
Кўрдингизми, бу мислсиз даҳо эзгулик ва адолатга нечоғли чанқоқ бўлган. Ҳақни, ҳақиқатни дунёвий неъматлардан устун қўйган. Ўткинчи дунёга маҳлиё бўлиб эмас, балки Тангри таоло буюрганича яшаб ўтган. Ва, албатта, ҳаммамизни худди шунга даъват этган.
Адабиётнинг вазифаси шу!

“Мангу яшилликнинг туғма улфати…”

Йиллар тўфони таассуротлар ёлқинини кўмиб ўтади. Кеча унутилмас бўлиб туюлган ҳодиса бугун ўз қимматини йўқотади. Фақат ўша вақтлар ёзилган “Кундалик”гина сарғайган саҳифаларида муҳрланиб қолган кечинмаларни асраб-авайлашга беҳуда уринади. Чунки кечмиш таассуротлар бугунги ҳолингга ҳамиша ҳам мувофиқ келавермайди.
Ўшанда мен ҳали ўн ёшга ҳам тўлмаган эдим.
Лойшувоқ уйнинг бир бурчагида, бозиллаган сандал ортида бобом мулла Отақул Суяр ўғли қироат билан Қуръон тиловат этади, мен эса, оёғимни оловга тоблаганча мўъжаз бир китоб ичига сингиб кетганман.
Аҳён-аҳёнда унинг сарғиш жилдига, ундаги сулув қизнинг ва йигитнинг тилла сувида ишланган суратига суқланиб қараб қўяман. Ниҳоят, қисса якун топди. Ва мен отилиб ташқарига чиқдим. Илк баҳор насими келиб, юзларимга урилди. Юрагим тошиб, кимларгадир бир нима дегим келаётган эди…
Ўшанда бу ёруғ оламда Одил Ёқубов деган ёзувчи бор экани, бу асарни у юрак қони билан битгани хаёлимга келган эмас. Муқаддасни ўсмир қалби билан суюб қолган эдим, Шарифжоннинг аҳволига ачинардим. Бу чигал тақдир ўз қисматим каби жони-дилимни ўртарди…
Ўша қисса жонимни бежиз орзиқтирган эмас. Унда бедор ва безовта руҳий туғён, инсонга ачиниш ва тириклик нафаси бор, шу кўнгилга уйғоқлик бағишлайди, ҳаёт ҳақида, ўзгалар қисмати ҳақида ўйлашга даъват этади. Мана шу фазилати туфайли адибнинг мумтоз ва ҳаётбахш асарлари тириклик оламига мангу яшил хилқат бўлиб қўшилди.
Шу ҳақда ўйласам, мумтоз шоирнинг Пушкинни улуғлаб ёзган сатри хаёлимдан ўтади.
Мангу яшилликнинг
туғма улфати —
У — сен…
Бундай зотлар ҳавони тозалаб, инсоннинг нафас олиши учун имкон яратиб бераётган ям-яшил дарахтга ўхшайди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 40-сонидан олинди.