Фозил Фарҳод. Жетон (ҳикоя)

Виждон инсонлар ҳаётининг одил раҳнамосидир.
Лев Толстой

Курант занг чалди…
Бугуннинг поёни уч соатдан сўнг.
Ёмғирпўшимни эгнимга елвагай қилиб ташладим-да, хонадан чиқаётиб, йиртма тақвимдан ноябрнинг охирги санасини юлиб олдим. Куннинг саккиздан бир улуши ҳали олдинда эса-да, гўё шу билан бугун тамомлангандай.
Бироз аввал газетанинг эртанги сонини нашриётга жўнатгандик. Навбатчиликда газетдошим билан қолганман. Мана икки йилдирки, иккимиз таҳририятнинг торгина эшигидан кириб-чиқамиз. Ўша эшикдан бўлак бизни бирлаштирувчи бошқа риштани ҳозирча сезмаган бўлсам-да, негадир уни бошқалардан кўра ўзимга яқин тутардим.
Ташқариладим. Ҳаво янада салқинлаган – кундузги ёмғир тиниб, қишнинг ажабтовур нафаси сезилади. Устимни ростмана кийиб, икки тугмасини қададим. Менинг ивирсишимга кўниккан шеригим бино соябони тагида мунғайганча турарди.
«Ия! У киймабди-ку!»
Кун бўйи бирга бўлсак-да, тугма қадаётиб буни фаҳмлабман. Тонгги ҳаво уни алдаган, чамамда. Ачинарлиси, бугун тушликдан қайтаётсак, мендан-да кўҳна, қадрдон башмоғидан ёмғир суви сизиб ўтди. Унинг ўша дамдаги ҳолатини сезган ҳар қандай дийдаси қаттиқ кимса, ҳатто кекса, курсиқули бош муҳарриримиз-да мумдай эриб, унга нисбатан ачиниш ҳиссини туярди.
Кутилмаганда калламга нотаниш фикр урилди.
«Уни хурсанд қилсанг-чи?! Қандай? Кечлик, пивоси билан…»
Бошида унамади. Қайсарлигимни билгани учун барибир кўнди.
Ишхонамиз яқинидаги емакхонага киргач, таомномага кўз югуртириб, одатга кўра ундан нима ейишини сўрадим. У эса чўнтагидан бир дона жетон олиб кўрсатди.
«Ҳ-а-а-а, айнан шуни кутгандинг-а! Ўзинг тўлайсан!!!»
Хизматчи қиз пиво келтиргач, овқат буюриб, ича бошладим. Арпа ачитмасидан тайёрланган суюқлик гўё кун чарчоқларини ҳайдаётгандай.
У хушламайгина бир-икки ҳўплаб қўйди. Таом келтирилганида, бокалим бўшаб, уники тўлалигича турарди. Овқатга қарадик.
«Нега ичмаяпти? Балки ёқмаётгандир? Илгари ичармиди ўзи? Наҳот билмасанг? Йўқ, ичарди. Нега унда ҳозир… Не бўлсаям шу бугун уни хурсанд қилишинг шарт!»
Ўнг томонимдаги дераза ортидаги кўчаёритгич шуъласига кўзим тушди.
«Қор учқунлаяптими!?»
Бақириб юборишимга оз қолди. Емакхонада эканимни англаб ўзимни босдим. Чинданам қалбимнинг қаеридадир беркиниб ётган қувонч зоҳирлади. Қор декабрданоқ ёғиши ҳақида кундалик, ҳафталик нашрлар бир ойдан буён бонг ураётган бўлишса-да, бунга сираям ишонмагандим. Чунки беш ёшимдан бери у мени янги йил кечасида ҳам зориқтирарди-да!
Кетиб қолишимиздан хавотир олибми, нарироқда қаққайганча бизни кузатиб турган хизматчи ҳам, камсонли мижозлар ҳам, ҳатто ёнимдаги ҳамроҳим ҳам бундан хабар топмаганди. Уни туртиб, деразани кўрсатдим. Иштаҳаси тортмаса-да, мени хафа қилмаслик учун ўзини овқат ейишга мажбурлаётган газетдошим қор учқунларини кўриб жилмайди. Жилмайиш шунақанги самимий эдики, фалон йиллик тажрибаси бор руҳшунос ҳам бугунги ҳаво унинг бод касалини қўзғаб, зах башмоқлари эса оёғига ҳамон азоб бераётганини сезмасди. Нима бўлгандаям, кун бўйи очилмаган чеҳрага кулгу қўнганини кўриб севинчим икки ҳиссага ошди.
Энди мени бояги чарчоғу тушкунликлар тарк этган, кайфияти бироз кўтарилган газетдошим ҳам бокалидаги пивосини ича бошлаганди. Суҳбатимиз қовушган икковлон ёлғонлар ёзилиши ҳисобига ўқувчилари тобора камаяётган нашримизнинг тақдири ҳақида сўзлашдик…
Оқ парчалар кўпаяр, ичкарига ҳам совуқ фаслнинг оромбаҳш хузури бўйлаган. Шу орада яна икки навбатчи шошиб ичкарига киришди-ю, қор қўнган кузги кийимларини бурчакда қоқиб, бўш жойлардан бирини банд қилишди.
Газетдошимга бўшаган бокалимни кўрсатиб, янги мижозлар томон ошиқаётган хизматчини тўхтатмоқчи эдим, шунда у бош чайқади. Доим уч бокал пиво ичишимни биларди. Аммо ҳозир унинг нега бундай қилганини англамаган эсам-да, чамаси бир ярим соатдан кейинги воқеа менга ҳаммасини изоҳсиз тушунтирди.
Деразага тикилибми, кун чарчоқлари устун келибми, ишқилиб, кўзим илинибди. Уйғонсам, тепамда хизматчи ийманибгина ҳисобқоғоз кўтариб турарди. Газетдошим йўқ.
«Қаергаям кетарди?»
Шу ўй билан атрофга алангладим. Емакхонада мендан бўлак бирор хўранда йўқлигини кўриб, ҳаммасини тушундим. Ҳисобни тўлагач, қадрдон қопчиғим ташқаридаги дарахтлар шохларидек шип-шийдам бўлди-қолди.
«Энди нима бўлади? Уйинггача БЕШ ЧАҚИРИМ! Ҳали Ш-У-Н-Ч-А йўлни пиёда босиб ўтасанми?»
Бундай ҳол ой охирларида тез-тез кузатилса-да, мени айнан имконсиз паллада қаршилаганига кўниколмасдим. Гарчи кечликка ўзим таклиф қилган бўлсам-да, уйғотмай кетгани боис ундан қаттиқ ранжидим.
«Ахир у кишимда уйига етиб олиш учун бир дона жетон бор-да!»
Хунобим ошди. Тўғриси алам қилди.
«Ҳақиқатда унинг қандайлигини умуман билмас экансан!»
Юрагимдаги унга бўлган илиқлик куз ҳавосига қўшилиб олис-олисларга қувилди…
«АБЛАҲ!»
Тезда ўрнимдан туриб, кетишга шайландим. Жаҳл билан эшик тутқичини тортарканман, ортимдан жарангдор овоз янгради:
—    Кечирасиз!
Ортга бурилдим.
—    Унутиб қолдирибсиз!
Бақамти келган хизматчи қўлидагини узатди-ю, ташқаридан кираётган изғириб баданимга миллион-миллион игна санчди.
«Бўлиши мумкинмас!»
Ўйларим йиртилган пар ёстиқ гардларидек тўзғиб кетди.
Не кўз билан кўрайки, унинг кафтида…
«Бу ўша ЖЕТОН-ку!!!»
Уни қўлимга тутқазиб, стол устини йиғиштиришга тушган хизматчини кўзларим кўрар, аммо ўнгимдаги бирор тасвирни идрок этолмасдим. Эшикдан кираётган изғирин этимни жунжиктириб, мени карахтликдан қутқарди.
«Ҳали узоқлашмагандир?»
Ташқарига отилдим. Йўлакчага шамол келтирган юпқа-юпқа қор жиякларидагина уч-тўрт оёқ изи. Кўчага қараб кетганлари аллақачон кўмилган. Излар қор тагида қолган эса-да, етиб олиш фикри тинч қўймай, оёқларим тез-тез юриб, мени катта кўчага бошлади.
«Қўнғироқ қилсанг-чи?»
Бармоқларим фикрни яшин тезлигида илғаб, беихтиёр ўша таниш еттита рақамни терди. Етиб олиш ҳақидаги умидларим алоқа йўқлиги тўғрисидаги хабардан cўнг бутунлай якунланди.
«Эсинг қурсин! У ой бошида ижара ҳақини тўлаш учун телефонини сотган эди-ку!»
Катта кўчага чиқиб, пиёдалар йўлакчаси бўйлаб кета бошладим. Йўлдан машиналар ора-сира ўтиб қайтар, тинмай ёғаётган қорни ғилдираклар эзғилаб сувга айлантирарди. Чўнтагимдан тамаки қутисини олдим. Лабимга сигарет донасини қистириб, ёндиргичда туташтирдим.
Кафтимда жетон. Хаёлимда эса:
«ЙИГИРМА БЕШ ЧАҚИРИМ ЙЎЛНИ ЗАХ БОШМОҚЛАР БИЛАН ҚАНЧА ВАҚТДА БОСИБ ЎТИШ МУМКИН ЭКАН-А?»
Биринчисига иккинчисини уладим. Иккинчисига эса… Қўлимдаги қути ҳам қопчиғимдек бўшади-қолди. Оғзимдан бурқсиб чиқаётган тутун тун ранггига қўшилиб аста-аста кўздан ғойиб бўларди. Чекиш-да азобдан қутилишимга ёрдам бермаяпти.
Чалғишга уриниб, ўзимни бутунлай бошқа нарсалар тўғрисида ўйлашга мажбурладим:
«Ўн беш дақиқада уйга етасан. Бориб финжон тўла иссиқ қаҳвани хўплаб, биринчи қор тўғрисида бирор нима қораласанг, индинги сонга улгурасан».
Муюлишга етдим. Тепамдаги курант миллари чорак соат кам тунги ўн иккини кўрсатар, бугуннинг сўнгги дақиқалари газетамизнинг адади сингари камайиб борарди.
«Уйига етдимикин?»
Тўсатдан қулоғимга ажиб товуш – ивиган оёқда ва юпун кийимда бўлса-да, виждонини асраб қолиш учун дирдираганча оҳиста-оҳиста қадам ташлаб бораётган ҚАДРДОНИМнинг бошмоқлари ултонидан чиқаётган овоз чалингандай бўлди:
«…ғирч, ғирч…»
«ЎЗИНГ АБЛАҲ!!!»
Метро бекатига тушиб кетаётиб, ер ости йўлидан юзимга урилган илиқ ҳаводан жонландим. Ярим ғужанак бўлиб, қизарган бармоқларимни ёмғирпўш чўнтагига тиқдим. Тамаки қутиси ва яна қандайдир қоғоз қўлимга илинди. Бошқа кунлардан қарийб ҳеч нимаси билан фарқ қилмаётган кузнинг сўнгги кунини бўм-бўш тамаки қутисига қўшиб ғижимлаб-ғижимлаб чиқитчелакка ирғитдим!..