«Эҳтиёт бўлинг! Биринчи йўлга Тошкент – Санкт-Петербург йўналишидаги поезд қўйилмоқда…» Сухандон қизнинг уч тилда янграган бу овози темир йўл вокзалига яқинлашиб қолганимизни билдирарди.
Соат кечки тўққиздан ошган бўлса-да, вокзал олдида одам тирбанд: кимдир қаердандир келган, кимдир қаергадир кетаётир. Синглим таътилга кетаётганди, уни уйга кузатиш учун чиққандим. Бироқ кузатувчиларни ичкарига киритишмаётган экан. Хавфсизлик учун бўлса керак-да! Афсус, энди перрондан туриб хайрлашишлар, рўмол силкитишлар фақат бадиий асарларда қолади, шекилли.
– Қиз бола қандай кўтариб киради бу оғир сумкаларни? – назоратчиларга берган биринчи саволим шу бўлди.
– Камроқ олсин эди. Ўзи кўтарадиган қилиб, – тўнғиллади назоратчилардан бири. Гапириш оҳангидан менга ўхшаган қанчасига бу гапни айтган кўринади.
Қоним қайнади. Ўзимни зўрға босдим.
У муаммони ечиш учун юкни аравага ортиш кераклигини айтди.
– Юз йилда бир келадиган аравагами? – мен ҳам бўш келмадим.
– …
Ҳартугул, арава тезда келақолди. Юкларни ортиб, синглим билан хўшлашдим. Уни кузатарканман, хаёлимда шундай фикр жонланди: «Ҳақиқатда вокзалда, шаҳримизда маданият шаклланибди. Юкларни арава манзилига элтиб қўйса-я!»
Поезд жўнашига ҳали анча вақт бор. Барибир ичкарига киритишмайди. Ўтиргандан фойда йўқ. Нима қиламан энди? Хонамга қайтаман. Шу мақсадда автобус бекати томон борарканман, яна бир арава йўлимдан чиқди. Устига текис қилиб учга кесилган тандир ортилганди. Ёнимдан ўтиб кетаётган аравакашнинг ортидан қараб қолдим ва ичимда такрорладим: «Маданият шаклланибди! Юкларни аравалар олиб юрса-я!»
Жилмайиб, йўлимга қараб борарканман, анча ортда қолган аравакашнинг қаттиқ-қаттиқ гапиргани эшитилди. Беихтиёр ортга бурилдим. Бинойидек кетаётган бояги аравакаш асабий тарзда жаврарди:
– Мени ишдан хайдалишимни хоҳлаяпсизми, опа?
– Ахир, ахир, ўзингиз айтдингиз-ку! Ичкарига олиб кириб қўяман, деб. Жон ука, оп кириб қўйинг! – ялинарди тандирнинг эгаси – истаралигина аёл.
Журналистлигим эсимга тушди. Уларнинг гурунгини эшитиб ортга қайтдим. Ишнинг ниҳояси қандай бўлиши қизиқтирди. Текин томоша бўлса, автобусдан қолсам, метрода кетарман. Харқалай, у соат ўн иккигача ишлайди. Автобусларга ўхшаб белгиланган вақтидан аввал кетиб қолмайди.
Суҳбат авжига чиқди:
– Тўғри, лекин мана булар туришибди-ку! – ўзини оқларди аравакаш. – Боя раҳбаримиздан хайфсан олганим ҳам етар. Юзингиздан ўтолмай ортгандим, опа! Тағин шу ҳол такрорланса, иш чатоқ! Мени тушуняпсизми?
– Нима қиламан энди? Бошқа аравани қаердан топаман? – йиғламсирарди аёл.
– Ўзим топиб бераман.
– Пули-чи?
– Менга пулингиз керакмас. Ишимдан ажралиб қолмасам бўлди. Яқиндагина қишлоқдан келганман. Ишга зўрға жойлашдим. Ахир ёш болаларим бор. Худо хайрингизни берсин, жон опа… – аравакаш ялина-ялина тандирни аравадан бир бурчакка туширди.
Тандир эгасининг бир ўғил, бир қизи бор эди. Уларнинг суҳбатидан сўнг ҳаммаси ойдинлашди: тандирни узоқ юртлардан бирига олиб кетишмоқчи экан. Чамамда у ердагилар тандир нонини яхши кўриб қолишган. Талабгорлар кўп бўлгани боис, улар ўша ердан тандирхона очиб, нон ёпиб сотишмоқчи шекилли.
«Қандай яхши, ҳам тадбиркорлик, ҳам ўзбек маданиятини чет элда тарғиб қилиш. Маданиятнинг ёйилишини қаранг, маданиятнинг!»
Хуллас, бор гап шу экан.
Сигарета чекиб, валдирашиб ўтиришган назоратчилардан иккитаси шовқинни эшитиб, эринибгина бери келишди.
«Энди ростдан ҳам иш чатоққа ўхшайди!»
Нима гаплигини билгач, улардан бири папирос тутунини бор кучи билан ичига тортди-да, тандирга яқинлашиб, тутунни унга пуфлади ва изқуварлардек тандирни синчиклаб кўздан кечирди-да, ўгирилмасдан аёлга эшиттириб такрорлади: «Маданиятни тарғиб қилмоқчимиз денг, опа. Маданиятни четга олиб чиқмоқчимисиз ҳали? Миллатимиз маданиятини сотмоқчиман, денг?»
– Қанақасига… Ахир… – Нима дейишини билмасди аёл.
– Мумкин эмас. Юрт тупроғини, маданиятини четга олиб чиқиш, – сигаретини тағин ичига тортди-да, тағин тандирга пуфлаб пинак бузмади назоратчи.
– Нега ука? Биз… биз… ёмон ниятда олиб кетаётганимиз йўқ-ку. Қурол яроғ, гиёҳванд модда бўлмаса…
– Ҳали шунақа денг? Кўрамиз, қанақа қилиб олиб кетаркансиз?
– Нималар деяпсиз, ука? Худо хайрингизни берсин, жон ука. Унақа деманг. Ахир биз яхши ният билан…
– Хўш, майли! Буни ҳам қўя турайлик! Тандирингизнинг паспорти борми, унда?
– Қанақа паспорт?
– Ҳужжат, опа! Ҳужжат! Ҳужжат бўлмаса, иложи йўқ! Бугун бутун дунёда ҳужжатсиз юришнинг имкони йўқ-ку! Давр талаби шундай. Хавфсизлик!
– …
– Шунинг учун, опа, гап шу! – дея сигаретини қолдиғигача тортиб-тортиб, ахлат қутиси рўпарасида турган бўлса-да, уни йўлакча четидаги гуллар устига чертиб юборди ва истеҳзоли тўнғиллади:
– Хих, маданиятни тарғиб қилармиш.
– Жон ука, гиргиттонингиз бўлай. Шугинани ўтказиб беринг. Паспорт бўлиши кераклигини билмаган эканман. Агар билганимда тўғриламасмидим, ука, – ялина бошлади аёл.
– Мумкин эмас, дедимми, мумкин эмас! – Вақтида қилиш керак эди бундай муҳим ташкилий масалаларни.
Вокзал ичкарисидан сухандон қизнинг овози тағин янгради: «Диққат, диққат! Тошкент-Сантк-Петербург йўналишига йўловчиларнинг чиқиши эълон қилинади…»
– Ана, ана! Поездингизга йўловчилар чиқа бошлашди. Аттанг! Аттанг! – бошини сарак-сарак қилди назоратчи қутидан янги сигарет оларкан. – Буёғи неча пулдан тушди. – Папиросни тутатиб ичига чуқур-чуқур тортаркан бироз ўйланиб, аёлга юзланди. – Хўш-хўш! – Атрофга бир аланглаб олгач, аёлга юзини яқинлаштирди ва тутунни осмонга қараб пуфлаб, пичирлади, – Агар ўтказиб бердигам, дейлик. Бундан бизга нима наф?
– Фойда дейсизми? Ахир битта муслимага яхшилик қилардингиз-да!
– Тушунмади, шекилли! – деди назоратчи қиқирлаб шеригига юзланаркан. Индамас шерикка тил битди:
– Муллажирингдан гапираяпмиз, опа. Бўлмаса, ҳозир поездингиз к-е-т-и-б қолади!
Аёл ҳижолат бўлиб, каловланиб турганди поездга одам чиқарилиши такрор эълон қилинди.
– Ихим, ихим, – томоқ қирди сигарета чекаётган назорачи. – Кўрдингизми? Ҳозир поездингиз ж-ў-н-а-й-д-и, опа. Бўлинг тезроқ!
– Майли, укалар, жонларингиз омон бўлсин! Пул бўлса, пул-да! – Муаммоси ечилишини билгач, баланд овозда гапириб юборди аёл.
– Сикинроқ! «Қулоқ»лар эшитади, – дея чекаётган назоратчи атрофга аланглаб олди ва ҳамма йўловчилар келиш-кетиш ташвиши билан бандлигини кўргач, атрофга қарашини тўхтатмасдан гапида давом этди. – Мананиятимизни пулга сотишаяпти, деб ўйлашмасин тағин.
Унга тескари томондаги ўриндиқда ўтирганим учунми, у мени пайқамади. Мени кўриб қолишидан чўчиб, портфелимдан журнал чиқардим-да, ўзимни ўқиётган кишига солдим: «Ана, энди янада хавфсиз!»
– Қанча сўрайсиз, ука? – аёл ҳам дангалига кўчди.
Журнал ортидан секин мўраладим. Назоратчи ялтонг-ялтонг қилиб боз атрофга қаради ва аёлнинг қулоғига яқинлашиб шивирлади:
– Юз!
Аёл назоратчиларнинг муддоага кўчганини кўриб, хурсанд бўлди-да, пул олиб келиш учун болаларининг олдига шошди. Болалар шоша-пиша сумка ва чўнтакларидаги пулни чамалай бошлашди. Улардан роппа-роса юз минг сўм чиқди. Аёл суюниб назоратчиларнинг олдига борди. Назоратчи бошини яна сарак-сарак қилди-да, қиёфасига жиддийлик ниқобини кийиб:
– Бўлмайди, бўлмайди, иложи йўқ!
– Ахир ўзингиз айтдингиз-ку юз, деб!
– Кўкидан, хоним!
– Нима?
– Гўллигини қара? – шеригига пичирлади тиржайган назоратчи. – Ҳозир ҳамма ҳисоб-китоб кўкида бўлишини ўша ёқларда ишлаб юриб наҳот билмасангиз? – бетамизлик қилди у аёлга бақрайиб. – Ахир сиз юрт маданиятини четга олиб чиқиб кетяпсиз-а! – деди-ю, энсасини қотириб ортга тисарилди.
– Бор пулимиз шу экан, ука. Тўғри тушунинг, вазиятнинг бундай бўлишини билмагандим. Шунинг учун ортиқча пул олиб чиқмаганмиз.
– «Акалар»ни рози қилишим учун бу пулингиз урвоқ ҳам бўлмайди, – деди назоратчи йўловчилар орасидан уларга эътибор бераётганлари ҳам борми-йўқлигини ахтариб. – Яхшиси, тандирингизни бу ердан четроққа олинг! – Боя ҳалим бўлиб турган назоратчи бирдан тўнини тескари кийди. – Яхшиликча кетинг, деяпман опа. Ўз оёғингиз билан кетмасангиз акт тузаман. Менга пора тиқиштиряпти, дейман.
Аёлнинг боши хам бўлди. Иши битмаётганидан юраги эзилиб, кўзларида ёш қалқди. Бориб болаларини қучоқлади ва энди унга ҳеч ниманинг фарқи йўқдай назоратчиларга қараб қичқирди:
– Шу норасидаларнинг ризқини қийдингиз-а! Отаси вафот этгач, ўша ёқларга ишлагани кетгандим. Бўлмаса зарилмиди, менга бегона юртларда юриш. Азборайи болаларимнинг келажагини ўйлаб, аёл бошим билан шу ишларни қилдим. Ҳалол нон топиб еяпман, болаларимга ҳам шуни ўргатяпман. Ахир мен ўғирлик ё жиноят қилиб пул топаётганим йўқ-ку! Тандирни эса улар бегона юртларда ўз юртини, мананиятини унутиб қўйишмасин, ота Ватанини эслаб юришсин, деб олиб кетаётгандим…
Аёл йиғлади. Ўтган-кетганлар боя унга ҳайрон қараб ўтишган бўлсалар, энди кўрганларнинг раҳми келарди. Ҳатто бир икки кишининг кўзида ёш қалқди. Назоратчилар бу ҳолдан сергак тортиб, жойларига бориб туришди.
Аёл йиғидан тўхтади. Болаларини қучишни бас қилиб, тандир томон бораётганда бошидаги рўмоли сирғалиб ерга тушди. Ярми ҳаёт ташвишларидан эрта оқарган сочлари уни янада аянчли кўрсатди. Буни сезса-да, эътибор қилмай худди телба сингари тандирни қўли билан сийпалай бошлади. Сўнг бошини у ёнга-бу ёнга ташларди. Бу ҳолни кўпчилик кузатарди-ю, бироқ бирор киши олдига бориб, уни юпатишга ҳадди сиғмасди. Ҳатто болалари ҳам жим.
Ёмғир томчилай бошлади. Аёл ўзини тандирдан нари олди. Йўлакча четидаги гуллар экилган жойга борди ва тупроқдан нимадир қидирди. Қўлига илашган катта учта ғишт бўлагини олиб ўрнидан турди. Тандирни уч маротаба айланди. Ундан узоқлашиб, қўлини осмонга қўтарди ва бир бўлак ғиштни тандирга қарата ирғитди. Мамоқалдироқ гумбурлади. Энтикиб қўйдим. Бир бўлак тандир чил-чил бўлди. Кузатаётганлар бундан сергакланишди. У яна қўлини кўкка кўтариб, иккинчи бўлак ғиштни тандирга қараб отди. Тағин чақмоқ чақди. Қўлимдаги журнал ерга тушиб кетди. Иккинчи бўлак тандир чил-чил бўлди.
Бу ҳолдан энди кўпчилик хабар топишган ва бояги беғам назоратчилар аёлга қараб кела бошладилар. Аёл учинчи маротаба қўлини осмонга кўтарди ва сўнгги ғишт бўлагини тандирга сермади. Ҳавода учиб келган ғишт гўё менинг кўкрагимга келиб тегди ва тандирга қўшилиб юрагим чил-чил бўлди.
Ёмғир шаррос қуйди. Аёл ерга ўтириб ҳўнгради. Болалари ҳам бир бирининг пинжига тиқилишиб йиғлашга тушишди. Энди юраги сел бўлган муштипар ва ивиётган тандир тепасида анча одам йиғилишди. Назоратчилар нима учун аёлнинг олдига келганини эсидан чиқариб, нима қилишини билмай туриб қолишган, аёл эса азадаги хотинлардек ҳўнграб-ҳўнграб йиғларди. Беихтиёр менинг ҳам кўзларимда ёш қалқди. Ердаги журналимни олиб ўрнимдан қўзғалдим. Бу ҳолатни қандай қилиб қоғозга туширишни ўйлаб борарканман, боя учга кесилган тандир ўрнида асрлар силсиласидан ярим-ёрти шаклда бизгача етиб келган миллатимнинг маданияти ёмғир сувида эриб йўлка четидаги ариққа томон оқаётгандек, оппоқ сочлари тўзиган аёл эса унга аза тутаётгандек эди…
Вокзалдан тобора узоқлашарканман сухандон қизнинг овози қулоғимга элас-элас эшитиларди: «Эҳтиёт бўлинг! Биринчи йўлдан Тошкент-Санкт-Петербург йўналишидаги поезд жўнаб кетмоқда…»