Момақалдироқ такрор-такрор гумбурлади. Шамчироқ хира нур сочаётган тўзиган хона, иштиёқи сўна бошлаган ҳорғин кўзлар, ташвишлардан қорайган яссидор ёноқлар, ажин оралаган қовоқлар, сийраклашган оқ-қора сочлар, анчадан бери қиртишланмаган соқолу чўкма каравотга суяниб, чўққайган қомат бирдан ёришди.
Қадаҳни ичаркан меъёрдан ошиб кетганидан, унинг юраги кўтарилди. Ўрнидан турасолиб ваннахонага чопди. Муздек сувда кўнгил айнишини босмоқчи бўлиб, бошини жумрак остига олиб борди.
«Жулдур кийинган болакай ҳовлида чопиб юрарди».
Каттагина шаҳарга келиб, ҳеч қаердан топилмаган таскинни мана шу шишадан қидирган йигит бир ойдирки шу кўйга тушди. Ҳаммаси «ҳаёт қисаси»да битилганидек: ижара уйнинг пули тўланган сўнгги кун, сўнгги пулга сотиб олинган шароб, сўнгги соатлар…
«Бошига рўмол ўраган касалманд озғин аёл ҳар гал ҳовлига чиққанида болакайнинг юз-кўзларидан ўпиб кетарди».
Қарор қатъий! Сўнгги таскин ором бахш этади ҳаммасига! Бу – балки таслим бўлишни тан олишдир? Нима бўлгандаям, энди ҳеч ким, ҳеч нима йўлига тўсқинлик қилолмайди. Мана шу арзон ижара уй бироздан сўнг барига гувоҳ бўлади.
Хонага қайтиб кираркан тайёр қилиб қўйилган каноп арқонни билагига ўради. Чайқала-чайқала уйдаги ягона курсини хона ўртасига олиб келди. Ўриндиққа чиқиб, чилчироққа тирмашди. Оғирликни кўтаролмаган кўҳна чилчироқ узилди. Йигит ерга қулади. Иккинчи, учинчи… ва ниҳоят бешинчи уринишда ҳаммасини кунгилдагидек бажарди: икки энлик арқоннинг бир учи чилчироқни шифтга улаган илгакка боғланди, бир учидан сиртмоқ ясалди. Мустаҳкамлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида арқонга осилиб ҳам кўрди.
Бўшаган шиша ёнига чўкиб, кўзларини сиртмоққа тикди.
«Она нимадандир хафа».
Момақалдироқ тағин гумбурлади. Аввалгисидан-да қаттиқроқ, ваҳималироқ. Шифтга осилган сиртмоқ ёруғда ҳақиқий қиёфасини кўрсатди – даҳшат. Момақалдироқ бунга ҳамоҳанглик бағишларди. Рутубатли тун эса сиртмоқнинг бундан-да даҳшатли қиёфага киришидан хайрихоҳдек.
«Она негадир боласини қучоқлаганча, силкиниб-силкиниб йиғлади. Болакай ҳеч нимани тушунмай анграярди».
Жавондаги қаторлашган бир нечта китоблар-да ярқ этган чақмоқ ёруғида кўзга ташланарди. Энди Толстой-да, Румий-да, ҳатто Навоий-да юрагига таскин бўлолмас, бу йўлдан қайтаролмасди. Ичкиликка берилмасдан бурун қишлоғидан ўзи билан олиб келган бу буюкларнинг китобларини қайта-қайта ўқир, ўзи ҳам кичик-кичик ҳикоялар ёзар, ёзганлари журналларда чоп этиларди. Янги-янги китоблар сотиб олишни истарди. Бироқ қалам ҳақи камбағалларча кун кечириш учунгина етарди, холос.
Қўлига қалам олиб, хат ёзишга киришди. Мухтасаргина қилиб тамомлади: «…ҲЕЧ КИМ АЙБДОР ЭМАС, ШУНЧАКИ… ЧАРЧАДИМ… …ўғли …май 20… йил».
«Она тўшакка михланди. Тузалиши муқаррар касаллик уни шу кўйга солди. Бироқ… қайтиб ўрнидан турмади, туролмади. Ўшанда болакай улғайган, ҳаётнинг аччиқ уқубатларининг фаҳмига борар, нима бўлаётганини билар, фақат бир нарса юрагини эзарди: кўра-била туриб, қўлидан ҳеч нима келмаслиги».
Қароқлар намланди. Ҳалқаланган ёш тезда ажиндор ёноқларга думалаб тушаверди, тушаверди, тушаверди.
Ёмғир шаррос-шаррос қуя бошлади. Ёмғир-да, хайрихоҳдек.
Ёмғирнинг шиғирлаши уни қанча вақт ўзига мафтун этди, билмади. Томчилар қаридан қандайдир таскин топилгандек. Аммо унинг-да нелиги мубҳам, у-да кўмакчи бўлолмаяпти.
Тонгнинг аллақандай оқликлари кўрина бошлади.
«Тобут ердан узилганча, ҳаволаниб қабристон томон илдамлади».
Миясидаги ўйлар тезроқ тугашини истаган йигит шарт ўрнидан туриб, курсига чиқди. Вақт ўтганиданми, булутларга қўшилиб узоқ йиғлаганиданми кайфи тарқаб, бояги чайқалишлар йўқолди. Ҳеч қандай қўрқувсиз сиртмоқни бўйнига илди. Баридан – изтиробли хаёллар, уйқусиз кечалар, мазмунсиз кунлар, поёнсиз қўлюқаликлардан қутилиш учун биргина ҳаракат, лаҳзаларгина кифоя, холос. Бутун ихтиёр оёқларда қолган.
«Қабристоннинг сокинлиги юракни янада увиштиради. Барча амаллар бажариб бўлинган. Ҳамма уй-уйига жўнаган. У кетишга шошмайди, шошолмайди. Чунки бирдан-бир каъбатулласи шу ерда».
Сиртмоққа осилган кўзлардан ёш думалади. Умрини боласига бағишлаган онаизорнинг қанчадан-қанча истаги армон бўлгуси энди. Кўз юмаётиб, ўғлининг албатта ўқишга киришини, суйганига уйланишини (аммо қиз аллақачон турмушга чиқиб кетган), бўлажак неваралари ҳовлини тўлдириб юришларини жуда-жуда хоҳларди.
Ўйлаб қараса, ўқишга бормаганигаям анча бўлибди. Энди фарқи йўқ. Боргани билан барибир дарсга киритишмайди: шартнома пули тўланмаган.
Ҳали навқирон бу вужудни энди ҳовлида чопқиллаб юрган болакайнинг беғуборлиги-да, онаизорнинг сўнгги истаги-да, кутилаётган ёруғ келажак-да тўхтата олмайди.
Шу дам…
«Бутылки пакупаем».
Ташқаридан келган бу овоз суянчиқсиз курсини бир томонга қиялатиб сирпанаётган оёқларни ҳаракатдан тўхтатди. Бу пайт ёмғир тиниб, тонг ҳам анча ёришиб қолган. Беихтиёр сиртмоқдан бошини чиқариб, ўриндиқдан тушди-ю, деразадан ташқарига қаради: ҳаво сокин, ғуборлар ювилган. Эшакка уланган аравага тирикчилик илинжида мингашиб олган уст-боши яғир, негадир иккала қўли ҳам елкасигача йўқ қорачадан келган муштдек лўли боланинг қувноқ кўзларидаги иштиёқ ҳам айрича. Йигит болакайнинг кўзларига, уст-бошию кўйлагининг бўм-бўш енгларига узоқ тикилиб, недир уққандек бўлди.
«Онаизор тўшагидан бошини зўрға кўтариб, шивирларди: энг оғир дамларда ҳам ҳеч қачон яшашдан тўхтама! Қийинчиликлар ўтади, унинг ортидан эса ёруғ кунлар албатта келади…»
Тўртинчи қаватдаги деразадан соқоллари ўсган аллақандай йигитнинг саволомуз қараб турганини сезган болакай оёқлари ёрдамида эшакни бир дам тўхтатиб, кўзини юқорига тикди. Чиндан-да ўша кўзлардаги яшашга бўлган иштиёқ батамом ўзгача эди.
Йигит таслим бўлди…
Қарсиллаган товуш хонани тутиб кетди.
Деворлар бир қалқиб тушди.
Бироздан сўнг уйни сукунат эгаллаб, ёришиб келаётган қуёш нурлари ичкарига эна бошлади. Ярим очиқ қолган деразадан кирган насим токчадаги шамни ўчирди. Кимларнидир айбдорлик ҳиссидан қутқарувчи мактуб йиқилган курси ва синган шиша бўлаклари томонга учиб тушди.
Харидор болакайнинг жарангдор овози тобора узоқлашар, шифтга осилган сиртмоқда эса яримланган шиша чайқалиб турарди…