“Ёзувчи нафақага чиқмайди”. Тоғай Мурод айтган. “Ёзувчи дам олаётганда ҳам ишлайди”. Абдулла Қаҳҳор айтган. Масалан, бировнинг оёғини трамвай босиб кетса, ёзувчи вазиятни, одамларнинг ўзини тутишини тасвирлаб қоғозга тушириб қўйиши керак. Мабодо қачонлардир асар ёзишда шу эпизодга зарурият туғилса, ҳеч ким оёғини трамвайга бостиришга рози бўлмайди…
Кеча эрталаб бекатдаги манзарани кўриб Абдулла Қаҳҳорнинг шу гаплари эсимга тушиб кетди. Тумонат одам – ўртада трамвай. “Ёзувчи бўлиш пайти келди”, ўйладим ўзимча. Афсус, ҳеч кимнинг оёғини трамвай босмабди. Негадир ҳафсалам пир бўлди. Агар мендан ёзувчи чиқмаса, айб трамвайда, деб овунган бўлдим-да, ўзимни одамлар орасига урдим. Чунки трамвайдан қолиб кетишим мумкин эди. Бироз ўтгач, ўзимни одамларнинг ўртасида кўрдим, кейин трамвайга чиқиб олганимни сездим, сўнгра эса… Қаршимда башарасини башарамга тираб турган мавжудотнинг ким эканлигини билолмадим. Эркак бўлса керак деб ўйладим, аёлмикин, йўқ, эркак экан… ё адашдимми?!
Одамлар тўлқини секин-секин чайқалди. Орқадан ҳайқириқлар эшитилди. Вақтлироқ ҳаракат қилмаганимда, демак, мен ҳам сўкинишдан бошқа илож тополмай қолар эканман. Ҳар ҳолда қаршингда сенга қапишиб турган жинси номаълум одамнинг нафаси нафасинггга қўшилиб кетса ҳам, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Трамвайга минишни эплаганга чиқарган. Айниқса эрталаб.
Ия?! Трамвайнинг таги йўқми?! Нега оёғим ерга тегмай қолди? “Бошинг осмонга етса ҳам, оёғинг ердан узилмасин” деган мақолга риоя қилиб тубанга тушишга интилдим. Евтушенко айтгандай, тубанликнинг чегараси йўқ, қанча ҳаракат қилмай ҳеч пастга етолмайман. Бир куч шундай сиқиб келаётган эдики, одамлар бир-бирига тобора сингишиб борарди. Кейин билсам, ўша куч кондоктор экан. “Жасорат” деган орден ўйлаб топиш керак-да, шу хотинга бериб юбориш керак. Шунча одамни ёриб ўтаяпти-я? Йўловчиларнинг эсига чўнтак ковлаш тушиб қолди-ку! Кимдир ойлик чиптасини қидиради, яна кимдир ойлик чиптасини… Шунда чўнтагимда бир нима қимирлай бошлади. Аввалига ўзимнинг қўлим бўлса керак деб парво қилмадим. Қаршимда турган одамнинг орқасидагими, ё унинг орқасидагими юзимга бир тарсаки туширди. Ҳар ҳолда мўлжалдан адашди, шекилли.
– Торт қўлингни, куппа-кундузи-я? Уялмайсанми? – деб ўшқирди кимдир. Кейин қўшиб қўйди: – Ўғирлик қилгани… демоқчи эдим.
– Унда менинг чўнтагим қани? – бўш келмай бақирдим.
Жанжал шу ерда тугади. Чунки қаршимдаги одамнинг орқасидагининг орқасидагининг орқасидаги уялмай, бемалол акса уриб юборса бўладими? Юзимга нимадир шундоқ ёпишиб қолди. Артиб ташламоқчи бўлиб чўнтак ковладим, қўлимда аёлларнинг рўмолчаси турибди, бу нимаси энди? Кимники экан-а? Қўлим бир силтанди-да, дастрўмол юлқиб олинди. Эгасини топди, чамамда. Иложсиз қолиб енгим билан афтимни артмоқчи бўлсам, “Ҳей, бу менинг юзим-ку!” дейди биттаси. Унда менинг юзим қани?! Ўзимча, жаҳл қилган бўлиб, шартта ўгирилдим. Йўқ, шундай деб фараз қилган эканман. Лекин ҳаракат бекор кетмади. Башарамдаги қаергадир… ҳа, қаергадир…
Инсон бахтсизликдан ҳам бахт топиб яшаса, бўлади. Масалан, ўзингни тиқилинчдаман деб ўйламайсан. Яхши нарсалар ҳақида ўйлашга ҳаракат қил. Мисол учун, аёлларимизнинг байрами ҳақида, уларнинг йилдан йилга эъзозланаётгани ҳақида ўйлаш керак. Ахир онангнинг, аёлингнинг, қизингнинг байрами сенинг ҳам байраминг эмасми? Яна ўзингни табиат қўйнидаман деб тасаввур қил. Бунинг учун трамвай деразасидан ташқари қарасанг бўлди. Худо ҳам бўйдан берган. Агар пакана бўлганингда нима қилардинг? Кўрдингми, бу ерда сендан ҳам кўпроқ қийналаётганлар бор. Мана биттаси, пастдан: “Ҳе, онангни…” деган сўкиниш эшитилди. Худди ҳеч сўкиш эшитиб юрмагандай йўловчилар “муаллиф”ни қидира бошлади. Бечора нима деб қўйганини англаб қолди-ку! Дарров айбини ёпди: “Мен сўкаётган одам бу ерда йўқ!” Хайрият, йўловчилар тинчланиб олишди. Тинчланмаганда ҳам қўлидан нима келарди?
– Ҳей, тепадагилар! – Яна ўша овоз. – Ҳаво етмаяпти!
– Ҳаво етмаса, ким сенга трамвайга чиқсин деди. Таксида кет! – Шунчалик бепарво оҳангда гапириб бўлишини ҳозир эшитишим. Яна сўкиниш… Лекин ҳеч ким миқ этмади. Чунки шофёр сўкаётган экан. Сабаб – эшик ёпилмаяпти. Кондуктор хотин бир томондан, ҳайдовчи эркак бир томондан тепиб-тепиб эшикни ёпиш бахтига муяссар бўлишди. Ўзи трамвайга эшик нима керак? Олиб ташланса-ку, яна икки-учта кўпроқ одам чиқиши мумкин…
Ҳа, дарвоқе, қаршимдаги одамнинг кимлигини айтмоқчи эдим-а?! Қўйинг, баҳор айёми кунларида кайфиятингизни бузмай қўя қолай. Лекин шуниси аниқки, қаршимдаги “башара” эмас, “чеҳра” экан.
Айтган эдим-а, бахтсизликдан ҳам бахт топиб яшаса бўлади, деб
Жиззакий