Фаррух Жабборов. Темурвойнинг адаси (ҳикоя)

Асли илгари ҳам пилдираб юрарди. Энди болалар ўйинчоғи – пирилдоқдай пириллай кетди. Бир жойда кетини босиб ўтира олмай қолди. Ишини чала ташлаб, тамаки тутатгани чиқиб келаверади. Мижозлари оғзини ланг очиб, жағлари оғриб, интизор кутади уни. Яна денг, бари катта одамлар ёки уларнинг оила аъзолари. Шундай олиймақом шифохонага ишга киргунча ҳам оғзидан она сути анқиган. Ўрта махсус маълумотли бўлса-да, қўли енгиллиги боис унча-мунча дўхтирдай ишга аралашиб, у-бу кимни даволай бош­лади ҳам. Беморлар атайин уни сўраб келадиган бўлишди. Ўзига яраша обрў қозонди. Катта жойнинг кичкина имтиёзларидан фойдаланишга ўрганди. Ёлғиз эркатойини казо-казоларнинг арзандалари қатнайдиган олиймақом боғчага базўр жойлаштирди.
Тонг саҳарлаб ўғлини уйқусини чала қилиб уйғотади-да, хотини оғзига ул-бул тутадими-йўқми – ҳай, майли, боғчада каша ея қолар, болани пўрим кийинтиргач, кўтариб чопқиллайди. Тўртинчи қаватдан тушгунча ўпкаси келиб оғзига тиқилади. Шап-шап қадам товушларидан қўшнилар ҳам биладики, Темурвой каллаи саҳарлаб боғчага кетяпти. Бу пайтда дўмнинг болалари айни ширин уйқуни олаётган бўлади. Ҳовлига чиқиши билан ўғлини пастга туширади, қўлидан етаклаб бекат томон ошиқади. Икки сумкасини бурноғи йили кесиб ташланган азамат чинорнинг кенг-мўл тўнкасига жойлаштириб, “Мо-ло-коо!” деб бақиришга чоғланиб, томоқ қирганча овоз пайчаларини созлаётган сутчи хотинга бош ирғаб салом беради гўё. Жувон ҳам кўзларини пирпиратиб кетаётган бир бурдагина эркакка эмас, пичинон кавшаб бораётган болакайга қараб жилмаяди. Хуши келса, “Ҳа, боғчагами?” дейиши мумкин. Жавоби ўзи билан. Худо уриб уйқу кучлилик қилса-ю, кечроқ уйғонса, сутчининг олдидан шамолдай учиб ўтади. Ўғлини ҳам кўтариб олади, ерга қўймайди. Ҳалитдан зил-замбил, тенгқурларига қараганда бўйдорроқ. Хотини боласининг сочини силаб, истарали юзларидан ўпиб, “Тоғаларига тортган-да!” дейишдан чарчамайди. Бу бўлса баҳслашиб ўтирмайди. Ичини мушук тирнамасаям кераг-ов. Ҳеч қурса, ўғлимни ўзимдан ўздириш учун, ана, ҳукуматнинг боғчасига жойлаштириб қўйганман, ҳали сузишга, ҳали курашга олиб югураман, деса бўларди. Лекин дими чиқмайди. Тарбияси шунақами…
Мана шу автобусга илинмаса, кейингиси йигирма дақиқада келади, ишга кечикиши аниқ. Шу учун сулоқмондай ўғлини кўтарганча бекатга қараб югургилайди. Автобус ҳали тирбанд эмас, ойна томондаги бўш жойга ўрнашиб, Темурвойни тиззасига олади, ўзининг кичкина жуссаси кўринмай ҳам қолади. Узоқдан қараган киши бир ўриндиқда икки болакай ўтирволибди, деб ўйлаши ҳеч гап эмас. Автобус шаҳри азимнинг қишлоқдан кўчиб келганлар яшайдиган бу чеккасидан марказга етиб боргунча кўп бекатларда тўхтайди, одам тушириб, одам олади. Бу бўлса миқ этмай кетаверади. Кўча манзараларига маъносиз боқиб бораверади. Ўғли бир нималар сўраса, жа зеҳни ўткир қурмағурнинг, билганича жавоб беради. Кўпинча боланинг ўзи дадасининг жавобини тузатиб қўяди.
– Ана Темур бобом! – болакайнинг ҳар кунги хитоби шу. Хиёбон ўртасидаги ҳайкални кўрсатиб, исми бир хиллигидан ғурур туяди. Бу бўлса доимгидай синиқ жилмайиб, чаккаларидан сочлари тўкилаёзган бошини оҳиста ирғайди.
Автобус николай ғиштин бино қаршисида тўхтайди. Ота-бола йўловчилар орасидан ситилиб, таниш бекатга тушгач, бу ёғига секин салобат билан (агар шу салобат дейилса) қадам босадилар. Боғча яқинида ҳали иномарка машиналар кўргазмаси бошланмаган, битта-иккита мерс-перс, прадо-срадони ҳисобга олмаса. Темурвой кўринган автомобилнинг маркасию моделини айтиб боради, дадаси бош силкиб қўяверади.
– Сизга бунақасидан! Ойимга анавинақасидан, фақат ранги қизил бўлади. Ойим қиз бола-ку! – шаҳарда туғилган-да, ойи, ада дейишга ўрганган. Шуниси тузук, ўзига яхши, эна, ота деб ўртоқларининг олдида мулзам тортмайди. – Ўзимга эса Муҳаммадқодирнинг додасининг мошинасидан оламан! Котта бўлсам, пулим кўп бўлади…
Отаси болакайнинг доимги гапларига парво қилмайди. “Кашангни е! Ҳеч ким билан уришма!” дея қайта-қайта уқтирганча боғча дарвозасидан кириб боради. Ҳали болалар келмаган бўлади. Темурвойнинг кўча кийимларини ечиб, жавонига илади, ичкари кийимларини кийдириб, оёғига шиппагини беради. Боғча опасига топширади. “Майли…” дейди ерга тикилганча. Ўғли келиб қучоқлайди: “Деразадан қарайман!” дейди. Бу ҳовлига чиққач, иккинчи қават ойнасидан Темурвойнинг қўл силкиётганини кўради. Дарвоза остонасидан ҳатлаётиб, яна ортига ўгрилади. Энди ўғлининг нигоҳи тирбандлаша бошлаган кўчада, иномарка машиналарда, қўлида бир нималар кўтарволган ўртоқларида бўлади. Унинг кўзидаги мунг аралаш ҳавасга ортиқча эътибор қилмай, чунки ҳамишаги ҳолати шу, ишхонасига шошади. Бошлиқлар келгунча, у ёқ-бу ёққа қараб қўйиши керак…
– О-о-ой!… – аёлнинг жон аччиғида бақирган овозидан ҳуши жойига қайтиб, дарҳол ускунани ўчирди. Хаёл билан чалғиб, беморнинг соғ тишини ўйиб юборишига сал қолибди-я. Бирпасда фаррошдан тортиб бош шифокоргача ҳамма шу ерда ҳозир бўлди: хайрихоҳ қараган, заҳарханда илжайган, маъносиз боққан қиёфалар…
– Кечирас… кечирас… – тилидан шу сўз тушмайди, беморнинг атрофида гирдикапалак айланади.
Ёши қайтиб, юзига ажинлар уя сола бошлаган аёл ўнг ёнига эгилган кўйи туфдонга қайта-қайта туфлайди. Ҳамширалар тутган қоғоз сочиқ билан лаб-лунжини артади. Бу бўлса унинг елкасига енгилгина қоқиб, узрини айтмоққа шайланади-ю, қимматбаҳо светирига бармоқ теккизишга ботинмайди. Қўли ҳавода қолади. Беморни шаштидан тушириб, отанг яхши, онанг яхши, деб кўнглини овлаб, бир амаллаб кузатишгач, ҳамма енгил нафас олади. “Ўзи, олий маълумоти йўқ, бу ер эса ҳукумат шифохонаси, тиш даволашни ким қўйибди унга…” деган писандаларга қулоқ қоқмай, кўзини пирпиратиб тураверади. Худо урган бандасини пайғамбар ҳам ҳассаси билан туртибди деганларидек, унга ҳамкасбларининг муносабати бирдан ўзгаради. Бир-икки одамшавандаси ичи ачигандай қарайди, холос. Ҳатто ҳамишабаҳор ҳамшираой ҳам менсимасдан: “Главрач чақирвотти…”, деб кетади чимрилиб. “Кунингни кўрсатишади энди”, деган иддао сизиб туради гапириш оҳангидан.
Хонасида тек қотиб ўтирган эди, нима қиларини билмай. Бундан кўра тепиб-тепкилашгани яхшийди. Бош шифокорнинг чақиртирганини эшитиб, бир ҳисобда сал енгил тортди ҳам. Зум ўтмай қабулхонада пайдо бўлди. Котибага айбдор-айбдор мўлтиради. Қорақош хоним пардоз ойначасидан бирров кўз узиб, “Қанча кутиш мумкин? Имилламасанг-чи!” деганнамо ўқрайди, ичкарига ишора қилиб бош ликиллатди. Бу бўлса шундан кейин ҳам бироз тараддудланиб турди. Ҳашамдор эшикни оҳиста очиб, муҳташам хонага бош суқди. Раҳбарнинг қовоғидан қор ёғади, лекин кўзларида важоҳат сезилмайди. Сал дадиллашиб, бир қадам олдинга ташлади. Эшик ўзи келиб, тирқ этиб ёпилди. Қўлини қовуштириб, хўжайиннинг оғзини пойлади.
– Каллангни еб қўйибсан сан бола. Кимларга хизмат қилишимизни эсдан чиқардингми?! Ҳалиям унча инжиқ эмас экан. Ўғлига айтса, санга қўшилиб, маниям оёғим осмондан бўлиб кетади-я… – Бошлиқ кўпни кўрган одам, инсон тақдирига дахлдор масалада етти ўлчаб, бир кесиш кераклигини яхши билади. Устига устак, шу мусичадай йигитни ошириб жазолашга ҳам кўнг­ли бормайди. Бу бўлса бурнини тортиб, қўлини қовуштириб, елкасини тириштириб, кўзини пирпиратиб тураверади. Кўрган одамнинг ичи ачийди, кўнгли юмшайди. – Бирор гап бўлса, айт. Қўлдан келса, ёрдам қиламиз. Охирги пайтда ғалати бўп қолдинг, ўзи…
Хўжайиннинг мулойим гапидан кўзида ёш ғилтиллади. Ўзининг ишда қолишини эмас, ўғлининг боғчада қолишини ўйлаб кўнгли тўлиқди. Хайрихоҳ тикилган бош шифокорга вазиятни тушунтиришга уриниб ғулдиради. Раҳбар ҳеч нимани англамаётганди, бу бўлса ҳаммасини аралаш-қуралаш қилиб ташлади:
– Ёмонликка олса, ҳайдатворади, дедила… Шу навараларини жуда яхши кўрар эканла… Боғчага ўзлари машинада олиб келиб, ташлаб кетарканла… Биргина шапати… – ўзининг юзига аста уриб кўрсатди.
Бошлиқ узоқ вақт анграйиб турди. Масаланинг тагига етиб, бу нотавон ходимининг ҳолига ачинишини ҳам, ачинмаслигини ҳам билмай қолди. Арзимаган нарсадан шунчалик ваҳимага тушиш мумкинми одам? Атрофидагилар ҳар нима деб ҳовлиқтириб қўйибди-да.
– Окахонни кенгфеъл деб эшитаман. Шу муштдай бола билан пачакилашиб ўтирмаса керак…
– Муштмас, шапати… – шошиб айтган изоҳидан сезилдики, раҳбарининг гапини тузук-қуруқ тушунмаган эди. Бош шифокор бунга эътибор қилмади, стол чертиб бироз ўйланди, сўнг бўлари маслаҳатга ўтди:
– Полвонни олинг-да, тўғри олдиларига боринг, – энди қадимгидай сизлай бошлаганди. – Шундай, шундай денг. Тушунадилар. Асли буям шарт эмас. Жа кўнглингиз жойига тушмаса, дейман-да.
Бошлиқнинг хонасидан қушдай енгил бўлиб чиқди. Яна денг, муаммонгизни ҳал қилволгунча, ишдан рухсат бериб турамиз, дегани-чи. Боғча опалари: “Шахсан ўзлари келиб, мудирадан: “Қани, ўша зўравонни кўриб қўяйлик-чи?!” деб сўраб, қош чимирибдила…” деяверганидан кейин ўғлини тоби қочдига чиқариб, уйда қолдираётганди. Ким билади дейсиз, айтиб бўлармиди, катталардан ҳар нарса кутиш мумкин. Лекин Темурвой боғчага бораман деб хархаша қилгани-қилган. Саҳар мардондан туриб олади. Аскарлар кунига байрам бўлади, шунга шеър ёдлаганман, дейди. Генерел Темурбек Йўляхшиев чақириғингизга биноан етиб келди, деб қаддини ғоз тутади, шу тариқа байрамдаги ролини репетиция қилади. Унга сайин онаси кулади: генерал етиб келмайди, генералнинг ҳузурига етиб келадилар, деб. Минг қилса ҳам аёл-да: “Мана, қаранг, ўғлимизнинг ҳам бети кўкарган”, дея эрини ишонтиришга тиришади – ўхшамайди, суртган упа-элигини Темурвой кафти билан артиб ташлайди. Ё, чиндан ҳам, эт-бетини сал кўкартириб, боғчага оборсакмикан, деган хаёлларга берилади. Лекин боласига ичи ачийди.
Ишни эртага қолдирмади. Ўғлини кийинтира солиб, шаҳар марказига ошиқди. Баланд ойнаванд бино пойига етгунча ҳеч иккиланмади. Яшил формаларни кўриб суст босди, қадамлари секинлашди. “…вич…вич”, деб каловланди, ичида ўзига ўзи такрорлаб келган гаплари фаромуш бўлди. Ўғли эса мелисанинг камарига тақилган қинда чинакам пистолет борми ё тушликка ейиш учун помидор-бодринг солволганми, балки носвойини шу ерда асраб юргандир, деб қизиқсиниб қарайди – билолмайди. “Йиғилишдалар, навбатга ёзилган бўлсангиз, кутиб туришингиз мумкин”, дея деворга тираб терилган қатор ўриндиқлардан жой кўрсатишади. Бориб ўтирадилар. Фақат қари-қури, хотин-халаж… Бир кампир ёнидаги чолга ҳар икки гапининг бирида: “Бу йил, ахир, халқ билан мулоқот йили бўлса”, деб такрорлайверади. Қора-кўк костюм-шим кийган, бўйинбоғ таққан сипта йигитлар шошиб кириб-чиқади, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа ўтади. Турникет тез-тез чи­йиллаб, шиқиллаб туради.
Бир пайт ҳаммада енгил жонсараклик бош­ланди. Келяпти, келяпти, деб қолишди. Мелисалар қаддини ростлаб, қорнини ичига тортиб, қўлини чаккасига тираб тек қотди. Буғдойранг юзига, қисиқроқ кўзига, сокин қадам ташлашига… яна қандайдир ҳаракатларига, белги-аломатларига қараб кишининг беихтиёр кўнгли юмшарди. Амалдор турникетдан ўтиб, ўзини маҳтал кутаётганларга эҳтиром билан салом берди, қўлини кўксига қўйиб таъзим қилган бўлди. Кампирлар яйраб-ёйилиб кетди, чолларнинг юзидан ҳам дард ариди, қуруқшаган лабларида табассум ўйнади. Ҳамма мана шу саломга алик олиб, яна юзлаб чақирим наридаги қишлоғига қайтиш учун атайин келгандай хушҳоллик сезди. Барча муаммолари ўз-ўзидан ечим топгандай эди. Амалдор болакайни кўриб, тўхтади: юзида ажабсиниш аломати балқиди. Бу бўлса ҳалиям анқайиб турарди. Ўғли “Муҳаммадқодирнинг додаси-ку!” дея енгидан тортгач, ҳушини йиғволди. Ёноғига секин уриб, “шапати…” деди, бироқ овозини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади. Амалдор эркатой неварасининг номи қулоғига чалиниб, улар томон юрди. Бу бўлса гапни нимадан бошлашни билмай, ғудранарди.
– Ассалому алайкум! – деди Темурвой дадил, болаларга ярашмайдиган, катталарга хос ўктам овозда.
– Ва алайкум ассалом!
– Генерал Темурбек Йўляхшиев чақириғи­нгизга биноан етиб келди!
Амалдор жилмайиб, болакайнинг сочини меҳр билан тўзғитиб қўйди:
– Генерал етиб келмайди, генералнинг ҳузурига етиб келадилар. Хўш, ўртоқ генерал, бизга нима хизмат?
Темурвойнинг адаси кўзларини пирпирата-пирпирата тушунтира кетди:
– Шапати… – яна ўзининг юзига уриб кўрсатди. – Неварангизни… Муҳаммадқодиржонни… шапати… Ўғлимиз бироз шўх-да…
– Шапатисига кўзи кўкарибдими?! – қувлиги тутди амалдорнинг, довдиратиб томоша қилгиси келдими. – Муштлаб туширганида нима бўларди?! Темурвой темир мушт соҳиби экан-да. Катта бўлса…
– Катта бўлсам, додангникидақа мошина оламан, дегандим, Муҳаммадқодир додам санга мошиналарини сотмайдила, деди… Шунга… шунга…
– Йиққан пулинг машинага етадими, ўзи?!
– Яқинда суннат тўйимни қиламиз, ҳамма менга пул беради. Ҳозирча кам… – боланинг шашти бироз пасайди.
Амалдор костюмининг ички чўнтагидан беш-олтита қоғоз пул чиқариб, болакайга узатди. Отаси шошиб қолди: “Олма! Олма!” дея шипшиди. Темурвойнинг эса юзига табассум югурди:
– Ҳай, майли… катталарнинг қўлини қайтариш яхши эмас.
Чол-кампирлар камшик тишларини қоқшол бармоқлари билан яшириб кулиб юборди. Мелисалар ҳам охири нима бўлар экан деб қизиқсиниб, кўз қирларини ташлаб турарди. Болакай пулни бамайлихотир санаб, чўнтагига тиқди. Миннатдор боқди ён-ёғига.
– Ўртоқ генерал! Кетишга рухсат сўрайман!
Темурвой боғчадоши Муҳаммадқодирнинг бобосига эмас, байрам тадбирида роль ўйнаётган тенгқурига гапиргандай баралла: “Рухсат!” деди. Бу бўлса амалдорга етти букилиб раҳмат айта кетди.
Ота-бола фавворалар ёнидан ўтиб борарди. Темурвой ҳовуз зийидаги мармар ҳошия устида дикинглаб сакрайди. Дадасидан қўлини қўйиб юборишини сўрайди. Оғзида хўрозқанд: олдин бир-икки ялади, сўнг шима бошлади, охири қарсиллатиб чайнашга тушди. Лаб-лунжидан шира оқиб деди:
– Ада! Сиз бу дунёда ҳеч кимдан қўрқмайсиз-а?!
– …

2016

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 10-сон