Чўлда пашша бўлгич эди, пахтазор далада пашша бўлгич эди. Тошконингда ҳам пашша кўп экан. Мен қишлоқнинг боласи бўлсам, кенг дала-яйловда елиб югуриб юрган бўлсам, шаҳарингнинг бетонига қандай сиғай, деразаларни ёппасига очиб қўяман-да. Китобларда ўқиганим бор, “Очиқ жамият” деб. Пашшалар ҳам очиқ деразалардан (“томожни”сиз) кириб кела бошлайди. Ўзимнинг ватанимда, ўз уйимда ўзимга “минғ-минғ” деб келади – бу ёғимдан чақади. “Минғ-минғ” деб келади, бу ёғимдан чақади. “Ҳей, акалар, – дейман. – Уч юз сўм пулим бор. “Устудентчилик” бўса буёғи”. Ҳечам кўнмайди-да, шаҳарнинг пашшалари. Яна “минғ-минғ” деб келади. “Икки юз сўм қўшишим мумкин. Тушингизлар-да, “истипендия”га ҳали кўп бўлса. Ҳеч бўлмаганда, нон-пон еб туришим керак-ку!” Тағин “минғ-минғ” деб келади шаҳарнинг пашшалари. Худойга шукур, ўзбек сўмининг энг йириги мингталик. Йўқса, бу шаҳарнинг пашшалари “ўн минғ” деб келаберармиди? Инглизчани ўрганиб олиб “доллар”
демаса бўлди. Ўзи, доллар ошганидан бери “минғ-минғ-минғ-минғ”, деб бошлади.
Отам айтгич эди, энам айтгич эди: “Сенинг илигингда бўса, қайга боради”, деб. “Менинг илигимда бўмаса, Ўзбекистоннинг буюк келажагини ким қуради, акалар? Инсоф сари барака-да!”
“Уч юз сўм бераман”, десам-да, яна “минғ-минғ” деб келади шаҳарнинг пашшалари. Кўрпани юзимга тортсам, оёғимдан чақади. Оёғимни бекитсам, юзимдан чақади шаҳарнинг пашшалари.
Кўзим илинган эканми, тушимда-ям шаҳарнинг пашшалари, кўк пашшалари, яшил пашшалари. Ёз ойларида оқ пашшалари.
Мендан бошпурт сўрайди, “устидентски” ўтмаскан. “Бошпуртим ётоқхонада”, десам “минғ-минғ” дейди. Беш юз сўмга ҳам кўнмайди, фақат “минғ-минғ” дейди. Бундай қарасам, ўзимизнинг қишлоқнинг пашшалари. Тошконга “прописка”га кирганми дейман. “Земляк”ка ҳам “лигота” йўқми, “минғ-минғ” деб келади шаҳарнинг қишлоқи пашшалари. Ия, энди билдим, кечагида мени туртиб суртиб “ҳ…” деган шаҳарнинг “месни” пашшалари экан-да! Кўнмасингга қарамас экан, савдолашмас экан шаҳарнинг зўровон пашшалари. Булар ҳуқуқни ҳам билмайди шаҳарнинг қишлоқи пашшаларига ўхшаб. Айб ўзимизда, сўрамаймиз. Агар сўрасангиз, бу шаҳарнинг қишлоқи пашшалари олган икки минг сўмига чек ҳам беради.
Бояги кўк, яшил шаҳарнинг пашшаларига кўрсатайин деб, тура солиб бошпуртимни излаётиб ўзимга келдим. Худога шукур-эй… Туф-туф, тушлиги рост бўлсин.
Ўнгимда ҳам шаҳарнинг пашшалари. Ҳамон “минғ-минғ” деб турибди. Додимни кимга айтаман, шаҳарнинг қурбақаларигами? Улар пашшаларни бир-бир териб есинми? Ўйлай-ўйлай газетга ёзай дедим. Шикоятим газетга чиқса-да, бир ўзгариш бўлишига кўзим етмасов. Фақат олган қалам ҳақимга бояги беш юз сўмни қўшиб шаҳарнинг пашшаларига бермоқ умидидаман (Агар газетчилар ҳам “Вақтида “ИНН” олиб келмадинг”, деб ёки бошқа баҳонаи важлар билан қалам ҳақи ёзмай қўймаса).
* * *
Ушбу мақола гарчанд эҳтиросга берилиб, аниқ фактларга асосланиб ёзилмаган бўлса-да, (не қилай тушда кўрдим ё туш ҳам факт бўлаверадими?) Газетга чиқаришингизни илтимос қилиб имзо чекдим.
ЖИЗЗАКИЙ,
устудент