Фармон Тошев. Шогирд (ҳикоя)

Олис тумандаги биродаримиз вафот этди. Институтда ишловчи курсдош дўстим Даврон бориб келишга беминнат машина топганини, мени эрталаб уйдан олиб кетишини айтди.
Тонгда “Ласетти”да Қўшработга жўнадик. Машина униққан бўлса-да, тозалаб ювилган, ҳатто атир ҳам сепилган, орқа ўриндиқдаги сандиқчасида газсиз сув ва елим стаканлар қўйилган.
— Исомиддин шогирдим, — дея изоҳ берди домла, — фаросатли йигит. Машинани ҳам зўр бошқаради. Бориб келганингизни билмай қоласиз, жўра.
— Устоз, уялтирманг, Сиздек инсонларга хизмат қилишни ҳар бир киши истайди. Қолаверса, ёшларнинг бурчи бу.
Энсам қотаётганини сезди, шекилли, ҳайдовчи машина магнитофонига алмойи-жалмойи эстрада қўшиғи ўрнига мақомлар ёзилган дискни қўйди.
— Эрталаб эстрададан кўра кўҳна наволар яхши-да, устоз, — деди у. — Сокин, маънили, кишига ҳузур беради.
Кўнглимдан ҳақиқатан ҳам ақлли йигит экан, деган ўй ўтди. Исомиддин тўғри айтган экан. Кечаси уйқуси чала бўлганми, билмадим, домла дўстим биринчи ашула охирига етмай пинакка кетди. Мен эса машинада сира ухлай олмайман. Шу сабабли Исомиддин билан суҳбатлашиб бордик. У асли Оқдарёдан экан. Институт пахта йиғим-теримига ҳашарга келганда Даврон домла билан танишиб, оғайни бўлиб қолган, отасининг совғаси ҳисобига ўқишга киришда уни қўллаб юборган. Мен йигитнинг Давроннинг кафедрасида ишлашини тахмин қилиб, гапни ўқитувчиларнинг бир-бирига муносабатидан бошладим.
— Баъзи ҳамкасбларингизнинг ҳаракатларига беш кетмаяпман-да, ука.
— Қайси ҳамкасбларимни айтаяпсиз, ака?
— Кимни бўларди, домлаларни-да.
— Тинчликми ўзи, бирортаси хафа қилдими?
— Хафа қилгани-ку йўқ, аммо битта танишимга бир домла жиянимга паст баҳо қўйгани, унинг комиссияга имтиҳон топшираман, деган ҳаракатига қаршилик кўрсатаётганини айтдим, домлага бундай қилмаслигини маслаҳат беришини сўрадим. У эса “Мен бу ишга аралашмайман, жуда тарафкаш домла”, деди. Ноҳақликка шу қадар кўникиб кетишганми-а?
— Домлалар ўзи уч тоифага бўлинади, — деди суҳбатдошим. — Билими зўр, лекин ўжарлари бор, дарсини яхши ўтса ҳам кўнглига сал ёқмаганига баҳо қўймайди ёки паст баҳо қўяди, дарсда арзимаган камчилигига пичинг, киноя қилаверади. Иккинчи тоифаси “катта”ларнинг илтимосини яхши кўради. Учинчи тоифаси чатоқ. Тарафкашлар улар, бир-бирининг “одам”ини йиқитиш, қийнаш билан овора. Ўртада бояқиш талаба азоб чекади.
— Талабаларнинг ичида ҳам берилиб ўқийдиганлари камайиб кетаяпти-да, ука, — луқма ташладим.
— Э, нимасини айтасиз, ака. Контракт тўлайдиганларнинг кўпчилиги пул топиш учун ишлайди. Бошқалари ҳам машғулотни зерикарли ўтадиганларнинг дарсига кирмасликка баҳона қидиради. Кейин менга ўхшаган “танка” қидиришади.
— “Танка”лик ҳам қиламан, денг…
— Ҳожатбарорлик денг, ака. Савоб иш бу.
— Йўғ-ей.
— Ҳа-ҳа. Айрим домлаларни гапга олиш осон эмас. Аҳволни тушунадигани бор, тушунмайдигани бор. Ахир, чақалоғи бор, ота-онаси касал болалар ўқишдан ҳайдалиб кетса яхшими? Айрим домлалар имтиҳонининг баҳоси белгиланган. Улар билан ишлаш осон. Бир ҳафта олдин талабалар ихтиёрий пул тўплаб беришади, мен эса “зачётка”ларга баҳо қўйдираман.
Суҳбат қизиган сари юрагимга оғриқ кира бошлади. Қайсидир асарда ўқиганман бундай воқеаларни, ё кинода кўрганманми, ишқилиб жуда таниш-да. Бир томондан жаҳлим чиқиб, томоғимга бир нарса тиқилиб келаяпти, иккинчи томондан эса, ундан кўпроқ ахборот олиш қитмирлиги тинч¬лик бермайди. Боласи тушмагур хизматга чаққон экан. Фотиҳадан қайтишда йўл четидаги бир ошхонага етганда тўхтатди. Чиройли дастурхон уюштирди. Даврон домла билан бола-чақадан гаплашган бўлдик. Кейин яна йўлга чиқдик. Исомиддин кечқурун уйимгача келтириб қўйди.
— Раҳмат ука, сафаримиз жуда яхши ўтди.
— Соғ бўлинг ака, ҳурматингиз бор. Мабодо бирор жойга бормоқчи бўлсангиз, бемалол телефон қилаверинг, хизматдаман.
— Йўғ-ей, сизни ишдан қолдирмайин.
— Ака, мен ишламайман. Ҳали учинчи курсда ўқийман. Машинамда ҳафтада икки кун Тошкентга қатнайман. Домлаларни маърака, тўйларга оббораман. Так что, тортинманг.
— Ие, сиз ҳали талабамисиз, мен Давроннинг кафедрасида дарс берсангиз керак, деб ўйлабман.
— Дуо қилинг, ака, ўқишни битирайлик, дарс ҳам берармиз.
Дуо қилишни ҳам, қилмасликни ҳам билмай турганимни сезди, шекилли, “Бўпти, ака, омон бўлинг”, дедию машинасини юргизди…