Тўдада саф тортиб юриш жонига теккан чумоли ўзини оқсоқлаганга солди-да, секингина четга чиқди. Ўнгга бурилди, шоҳ-шаббалар ости билан сарғайиб тўкилган баргларни четлаб дўмликка чиқди. Бу ердан ҳов узоқлар ҳам кафтдек кўзга ташланади. Унга одам уймаланиб юрган жой қизиқарли туюлди. Ҳа деб уяга буғдой ташиш, сомон ташиш жонига теккани учун бир оз дам олиш баҳонасида фаолиятини ўзгартирмоқчи бўлди. Шунинг учун бошидаги баҳмал дўпписини олиб аввал қашинди. Кейин фикрини жамлашга тушди. Нима қилсин. Борсинми? У ёқларда нима бор экан?!
Ишқилиб омади юришиб кетса яхши. Каттароқ ўлжага эга бўлади. Йўқса қуруқ қайтса… сафдошлари олдида уялиб қолиши ҳеч гап эмас.
У энди каттаяётган қорнини қўлини яктаги тагидан тиқиб қашлади. Яполдош юзларидаги хотиржамлик ўрнини хушёрликка ўхшаш бир кўриниш эгаллади. У яктаги ичидан қўлини қорнига шаппатилаб урди. “Таваккал. Ажабмас йирикроқ бир нарса илашса. Бошлиғи олдида юзи ёруғ бўларди”.
Чумоли қайтиши учун белгиларни аниқлаб олдинга қараб ғимирлаб кетди. Инсон ўтирган дастурхон олдига етиб келди. У дастурхонга чиқди. Нон ушоқлари пишган картошка майдалари, ғажиб ташланган суяк, тўмиқ қолдиқлари. Шуларнинг ёнида битта чигитак ари ва битта қовоқ ари чўзилиб ётибди. Иккаласи ҳам ўлдирилган.
Чумоли ари гўшти тўйимли ҳам шифобахшлигини яхши биларди. Шунинг учун “каттароғини олай” деди-да, қовоқ арининг қизғимтир танасига ёпишди. У тишлаб тортиб кўрди. Тана қимирлаб ҳам қўймади. Маҳкамроқ тишлади ва орқа оёқларини пилдиратиб яна ҳаракат қилди. Оғир эди. Яна уринди. Қани энди ўрнидан қимирлатиб бўлса. Ўлжа зил-замбил эди. “Йўқ, буни судраб кетиш қаерли, ўрнидан силжитиш ҳам амри маҳолку”.
У бир оз дам олган бўлди. Ўлжа ёнидан айланиб ўтиб, бошқа тарафидан ҳам тортиб кўрди. Бўлмади. Ҳалиги айтганимиз баҳмал дўпписини қўлга олиб терлаган бошини яна қашиди. У ўзи шунақа. Бирор ишга чора топгиси келса бошини қашиб қолади. Шу билан ақлини жамлаб олади гўё. Яхшиси хаёлланди у. Анави сариқ туслигини судраб кўради:
Каттаси бўлмаса кичиги. Қизғиши бўлмаса сарғиши. Нима қипти. Емиш бўлса бўлди-да. Яхшилаб омборга жойлаб олади. Қиш ичи баҳоргача бола-чақа билан маишат қилиб чиқади. Бу бошқа овқатларга қараганда ҳам тўйимли, ҳам шифобахш. Ана ҳузуру, мана ҳаловат.
Жони сал ором олгандан кейин яна ҳаракатга тушди. Ғимирлаб бориб энди сариқ чигитак ари жасадига ёпишди. Қовоқ ари жасадини тишлаб тортгандай уни ҳам тишлаб торта бошлади. Жасад қимирлардию, аммо ўрнидан жилмасди. Нимага бундай. Қимирламаяптию, жилмаяпти.
У айланиб ёнбошига ўтди. Қанот томони дастурхонга ёпишиб қолган эди. “Э, ҳа. Гап бу ерда эканда. Қанот дастурхоннинг ипига илашиб қолибди-да”. Қаттиқ зарб билан урилганда ари ёнбоши билан дастурхонга узала тушганди. Қанотининг тўрлари қайси йўсинда бўлса ҳам дастурхон ипларига илашган. Шунинг учун чумоли ҳарчанд уринмасин, ари қимирлардию ўрнидан жилмасди.
У қанотга яқин борди. Ҳа, манави тарафи ипнинг тагига кириб қолибди. Манави жойи ипнинг тепасига илашибди. Буни тепароқ жойидан шарт қирқиб ташлагани маъқул.
Чумоли арининг ёнбошидан қанот остидан нариги тарафга ўтиб қанотни мўлжалга олди. Худди шу ердан қирққани маъқул. Иш осон кўчади.
У оғзини очди. Омбирникига ўхшаш эгри, ўткир тишларини ишга солди. Иш осон кўчаверди. Бир зумда дастурхон ипига илашиб қолган ер рангига ўхшаш тўр қанот қирқилди қолди. Чумоли дарҳол изига қайтиб ҳали тишлаган жойига оғиз солди. Бир тортган эди ари жасади ўрнидан жилди.
У энди секин судрай бошлади…
Худди шу пайт. Худди шу дақиқа дастурхон ёнида ўтирган бола бирдан дадасига мурожаат қилди:
– Дада! Дада! Қаранг чумоли арини судраб кетаяпти.
Ота ҳали ўзи уриб дастурхонга ёпиштириб қўйгани ари жасадларига қаради. Қовоқ ари жасади ўрнида турибди. Чигитак арини эса чумоли судраб бораяпти…
Кўз олдида киноларда кўргани жанг майдони гавдаланди. Ярадорларни ортқилаб судраган санитарларни эслади. Жанг тўхтаганда ўлганларни кўмганлари кўз олдидан ўтди. “Бу чумоли ҳам ари жасадини олиб бориб бирор чуқурга кўмса-я”, хаёлланди у. “Қаерда”- деди яна ўзига ўзи. У ўлжасини уясига олиб кетади. Олиб бориб қирқиб қирқиб таҳлаб қўяди. Қиши билан мазза қилиб еб чиқади. Сабаби тирикчилик… Яшашга бўлган мажбурият унинг учун шу… Шундай ҳаракат омили билан яшайди у. У ўликни кўмиш, ярадорга ёрдам бериш туйғусидан маҳрум. Қонуният шундай. Унинг ҳамма ҳаракатлари шу ҳукумга бўйсундирилган.
Бирдан ўғли яна “Дада! Дада!,- деб қолди. – Қаранг,шунча жойга судраб келди-я.
Чумоли бир қаноти қирқилган ари жасадини энди дастурхоннинг у бурчидан судраб борарди.Энди унинг ҳаракатлари тез, аввалгига қараганда шиддатли эди
. –Қўявер,- деди ота боласининг майин сочли бошини силаб.
-Сабаби тирикчилик.
Меҳнати билан болага ўзича завқ бағишлаётган чумоли эса ҳамон ҳаракатда эди.