Миродил ҳар куни сал кам бир чақирим йўл осади. Ишхонасига эрталаб ғира-ширада, шошиб, катта йўл бўйлаб келади. Онда-сонда ёнидан визиллаб ўтган енгил автомашиналарга қараб ҳам қўймайди. Бир хил қиёфада, бир хил кўринишда, елкасини у ёққа бу ёққа ташлаб, гоҳ супургиси қўлтиғида, гоҳ супургисиз “ишхона”сига ошиқади. Эгнида қишин ёзин бир хил либос. Костюми, кўйлаги устидан кийиб олган ҳамма кўча супурувчилар киядиган енги йўқ тўқ сариқ юпка нимча. Бошида ранги ўчган айвончаси бор кепка, қора, юмалоқ юзига ярашиб тушгандай.
У тепаликдан худди ғилдиракдай пилдираб тушиб келарди “Ишхона”сига яқинлашганда доимий таниши Мудроқ ўтирадиган жойга – симёғочдан бир қадам наридаги бетон тош ёнига бир назар солади-да, беихтиёр ишшаяди ва кўрсаткич бармоғини кўрсатиб:
– Ҳа, ўтирибдиларми,- дейди. Орқасидан “Ўзбекистон ватаним маним”, деб қўяди. Кейин ҳеч ким йўқ ерга қараб:
– “Ие, ҳали чиқмаптиларда”,- дейди-да қўлини силтаб “ҳа майли”, дея “ишхона”сига ўтиб кетади.
Унинг “ишхона”си машиналар айланиб ўтадиган айлана – доира шаклидаги катта йўл. Йўлнинг тўрт томонида баланд-баланд тўрт қаватли бинолар. Бу биноларнинг олдиларида улкан чинор дарахтлар, арчалар ўсган. Ундан тўкилган япроқлар йил ўн икки ой айлана атрофидаги текис асфалт йўлларга, йўл қирғоқларидаги бетон ариқчаларга, айлана ичидаги гулзорларга тўкилади. Миродилнинг вазифасига эса мана шу катта йўл, йўлакча, ва ариқларни доимо тоза тутиш, дарахт япроқларини сипириб сидириб туриш.
Унга бу иш етиб ортади. Шунинг учун эртадан кечгача шу атрофда тинмайди. Теварак атрофни супуради, япроқларни йиғиштиради ва қаергадир олиб бориб ташлайди.
Бирор йўловчи.
– Э, ҳорманг!- дейдиган бўлса, унинг “Бор бўлинг!- дейишидан аввалги жавоби юқорида айтганимиз “Ўзбекистон ватаним маним”, жумласидир. Ана ундан кейин у сўйлоқ, бесўнақай тишларини кўрсатиб ишшаяди. Хушига тутса “Бор бўлинг”, дейди. Бўлмасам супуришдан тўхтаб, бошидаги кир, ранги ўчган кепкасини олади-да, қараб қўяди. Шундай пайтда унинг Менделеевникига ўхшаш тақир силлиқ боши кўзга ташланиб кетади. Юзининг яполдош салқилиги эса билиб қолади. У бир зум нафас ростлаган бўлади. Яна кепкасини бошига илиб хазонларга тикилганча супуришга тушади.
Миродилнинг бу атрофда таниш-билишлари кўп. Хўв газ сув сотувчи, нариги бетдаги сомсапаз бола, тсемент, оҳак сотувчи яполдош юз мўйлов, пайнетдаги ўсмир, рўпарадаги гўшт дўконидаги қассоб. Қолаверса, шу ердан ўтувчи маҳалласидаги қўни-қўшнилари. У биров “хўв” дедими бас. Битта жавоб қилади. “Ўзбекистон ватаним маним”, дея ишшайиб қўяди. Бошқа “ҳа”ям демайди, “ҳув”ям демайди. Тамом. Шу билан гапи тугайди.
У атрофдаги одамларнинг бирортаси олдига бормайди. Борса, сомсапаз олдига бориб пулига бирор дона сомса олиб ейди. Гоҳ гоҳ қассобдан уйига кетишда рўзғорга икки юз, пули кўпроқ бўлса уч юз грамм гўшт олади холос. Аммо келаверишдаги ҳалиги бетон тош ёнида ўтирувчи Мудроқ олдига албатта ҳар куни бир марта бориб қўяди.
Мудроқ ҳаммадан кейин “ишхона”сига чиқади. Унинг “ишхонаси” йўлакчага қоқилиб қолган симёғочдан бир қадам наридаги бетон тошнинг ёни. Қишин ёзин у шу жойни пакка қилган. Пахтаси чиқиб кетган йиртиқ ёстиқчаси бор стулига ўтириб олади-да, хонтахтага сақич, писта, сигарета, гугурт, қуртоб нос солинган бонкачаларини теради. Яна алланималарни қўйиб қуёш чиқиб йўловчилар у ёққа, бу ёққа ўта бошлаганда тижоратини бошловчи бу инсоннинг доим бошида янги дўппи, эгнида костюм-шим оёғида хиром этик бўлади. Қориндор, салки юзлари ҳали ҳануз шундай. У курсисининг суянчиғига шундоқ ёнбошини берадию, мудрашга тушади. Харидор келса мушукнинг кўзига ўхшаш кўзларини очади. Нима оляпти қараб туради. Пулини олиб, ҳисоб-китоб тўғри бўлганига ишонч ҳосил қилгач, пулни костюми чўнтагига солади. Харидор кетадими, тамом. Яна унинг кўзлари юмуқ. Яна у мудрашга тушади. Унинг “иши”шу. Нарсаларини сотиш ва кун бўйи мудраб ўтириш. У шу зайлда ишлайди. Биров б
илан бир чақалик иши ҳам бўлмайди. Биров гапирса “ҳа”ям демайди, “йўқ” ҳам демайди. Қуртоб, сигарет, писта у-бу сотади ва мудрайди.
Миродил Мудроқ билан салкам йигирма йилдан бери қадрдон. Қадрдонлиги шуки, у комхозга ишга кирганда Мудроқ ўтирган жойларни ҳам супуриш унга топширилган. Унинг ўзи айтишича “бу профессор” ўтирган ерлар ҳам унга қарашли “территория”. У бу ерларни супуришга мажбур.
У “комхоз”га ишга кирганда ота-онаси уни энди уйлаб қўйган пайт эди. Бошлиғи эрта саҳарда қаердан қасргача супуриш кераклигини тушунтириб қўйди. Нозик, қатмол серхаракатчан “куёв бола” ҳаё ҳуй деб иш бошлаганди. Атрофни супура-супура қуёш ёйилганда Мудроқ ўтирган жойга етиб келган ва уйқусираб кўзларини ярим юмиб ўтирган “хўжа боққол” олдига келиб:
– Қани ўринларидан турсунларчи, “Ўзбекистон ватаним маним”, бу жойларини бир супуриб қўяйлик!- деганди.
Мудроқ юмуқ кўзларининг аввал биттасини очиб қараган. Кейин ёш “янги” фаррошни кўрганидан таажжублангандай иккинчи кўзини очиб ҳозиргидек пахтаси чиқиб турган эски ёстиқчали стулини олиб секин нари ўтиб турган. Унинг қарашларида уст-боши бир аҳвол, бу янги фаррошни менсимаслик ифодалари билиниб туради. Миродил буни сезган. Индамай жойни супуриб, ҳазонларни қўлидаги қопчиққа солган. Гап сўз қилмай ишини давом эттириб кетаверган. Мудроқ кейин жойига бориб ўтирган.
Мана, шу биринчи учрашувга ҳам йигирма йилга яқинлашиб қолибди. Лекин бу икки инсон ўртасида муносабатлар, муомалалар ҳали ҳануз ўзгаргани йўқ. Миродил Мудроқ олдига келади. Ўша гапини такрорлайди. Баъзан чест бериб туриб: “Ўзбекистон ватаним маним”,- дея баланд овозда айтади. Мудроқ аста-секин ўрнидан туради. Ўриндан туриш, безовтагарчилик унга малол келади. Миродилга қошларини чимириб ёв қараш қилади. Йиртиқ, увадаси чиққан ёстиқчали стулини олиб нари туради. Миродил супуриб бўлгач, у яна ўрнига боради. Стулчасига ўтириб бир ён биқини билан унинг суянчиғига ташланади. Аста кўзларини юмади. Баъзан Миродил майин елган насимдек унинг олдига секин келади. Мудроқнинг елкасига қўлини қўйиб, туриб аста “Ўзбекистон ватаним маним” деб қўяди. Мудроқ бари бир бир сўз демайди. Ижирғаннамо ўрнидан туради. Миродил ерни супуриб бўлгунча, чангдан ўзини сақлаётгандек бурунларини жийириб, бошини хиёл қийшайтириб ёнбош қилади. Миродил ахлатларни қопчиққа солиш учун
энгашганда қаерга ўтирган бўлса, ўша ерга бориб ўтиради. Ўтирадию, кўзларини юмиб яна мудрашга тушади. Ахлат қопчиқчасини кўтариб кетаётган Миродил гоҳида унга бир қарайди. Қарайди-да, тилини чиқариб уни масхаралаган бўлади. Буни кўриб қолган баъзи бир йўловчилар кулимсирашиб қўяди. Шунда Миродил севинганиданми, нимагадир баланд овозда яна “Ўзбекистон ватаним маним”, дейди ва Мудроққа бир қараб ишшаяди қўяди. Мудроқ эса парвойи-фалак. Кўзини юмганча, калласини бир ёнга қийшайтириб стул суянчиғига суянган ҳолда ўтираверади.
Бир куни Мудроқ ўтирган жойида кўринмай қолди. Қуёш анча кўтарилган бўлсада, у йўқ эди. Бари бир Миродил айлана гулзор атрофидаги асфалт йўл бетон ариқчалар ичи, пиёдалар юрадиган йўлакчаларни тозалаб бўлиб, ниҳоят одатича Мудроқ тарафга навбатни берди. Юмалоқ одамнинг белидан йўғон бўлган бўйи бир ярим метрлар чамаси бетон тош олдига борди. Унга тикилиб турди. Кейин “Қани, турсинлар!-” деб қаттиқ гапирди ва баланд овозда “Ўзбекистон ватаним маним”,- дея супуришга тушди. Ҳамма ёқни тозалаб бўлгач, ортига бир қаради-да, худди Мудроққа ишшайгандай ишшайиб йўлига равона бўлди. Бу ҳол икки уч кун давом этди. Тўртинчи куни Миродил ҳамма ишларини қилиб бўлиб, узун сопли супургисини айлана ичидаги гуллар орасига яширди. Икки елкасини баландпаст қилганча юриб сомсапаз бола олдига ўтди. Сомсапаз тандир тепасида ўтирарди. Миродилни кўриб у:
– Сомсадан узайми?- деди қўлига сомса узадиган чўмичини оларкан.
– Шошилмасинлар,- деб жавоб қилди Миродил ва сомсапазга яқинроқ бориш учун ўчоққа суянди ва секин гапирди:
– Ҳов, жаноблари кўринмай қолдими-а?!
У Мудроқ ўтирадиган тарафга ишора қилди, кўзини қисиб бошини силкиркан.
– Ҳа, Тўхтасин аками? Э, у кишининг юраги ушлаб қолибди. Тўхтамай кетвордилар…
Ўсмир тандирга энгашиб, у ёқ бу ёғида қизараётган сомсаларга қараркан жавоб қилган бўлди.
Миродил Мудроқнинг исми Тўхтасин эканини энди билганди. Аммо индамади. Юзига кафтларини суртиб:
– Худо раҳмат қилсин!- деди. Бошқа индамади. Ўйчан ҳолда ўзи ишора қилган тарафга қараганча бир зум жим қолди. Сомсапазнинг “сомса узайми?”- деган такрор саволига жавоб ҳам қилмади. Сўйлоқ тишларини кўрсатиб ғалати бир ҳолда ишшайди, кейин:
– Хайр маъзурни насия қилибди-да – деди. Дедию, йўлига равона бўлди:
– Эртаси эрталаб ишхонасига у яна ғилдирагандай бўлиб келди гўё. Энди у ишни Мудроқ ўтирадиган тош ёнидан бошлади. Одатича:
– Қани, турсинлар!,- деди. Сўнг “Ўзбекистон ватаним маним” дея ерларни супуришга тушди. Энг охирида ишини у шу кунгача ҳар куни бошлаб келган ерида якунлади. Бу энди унга одат тусига кириб қолди. Супургисини яна айлана бетон ичидаги гуллар ичига яшириб, кун кеч бўлишига уйига қайтди.