Эшқобил Вали. Қабул (ҳажвия)

Болтабой бейджигини унутибди. Якшанба оқшо­мини ўтказгунча Чори ака ич-этини еб қўйди. Хотини ундан эшитадиганини эшитди.
Чори ака душанба саҳармардонлаб ўғлининг коллежига йўл олди.
У коллежнинг кекса қоровулига «Болтабойни кўр­моқчи эдим» деб маслаҳат солган эди, унга директор қабулхонаси имлаб кўрсатилди.
Чори ака ўнғайсизланиб қолди. Битта бейджик учун катта одамни безовта қилиш ноқулай-да… Ўзи шу бе­фаҳм хотинида ҳам калла йўқ-да, ўлармиди Болтани кийимларини оқшом саранжомласа?!
У иккиланиш билан «Қабулхона» ёзувли эшикни ичкари итарди. Эшик очилмади, қаттиқроқ ниқтовди, биров ичкаридан эшикни тескари итариб очди. Бу ёшгина, қўнғизмўйлов, қотмадан келган бошлиқ ёрдамчиси эди. У Чори акага илтифотсиз «Келинг!» дея чорлади. Чори ака ўзини йўқотиб, талмовсиради:
– Ҳалиги, ҳалиги… Ўғлим Болтани кўрмоқчи эдим…
– Курс? Гуруҳ? – калондимоғларча ғудранди ўтир­ғичга ястанган қўнғизмўйлов.
– Шу… мана шунисини қолдирибди-да… уйда. Ҳа­лиги… ўзбекчилик, ташвиш кўп… Энағар хотин иш билан бўлиб эсидан чиқарибди… – Чори ака бейджикни қўйнидан чиқариб улгурмади. Директор хонасининг эшиги ғичирлай бошлаган эди, қўнғизмўйлов ток ургандек сапчиб эшик олдида пайдо бўлди. Ёрдамчининг қиёфаси тўсатдан ўзгариб, лабида табассум жилваланди. У қўлини кўксига қўйиб тавозеъ ҳолатида турди. Бояги дағдағадан асар ҳам қолмади. Аммо эшик очилмади.
Шу пайт Чори аканинг ёнгинасидаги қўнғироқ қаттиқ жиринглади. У сесканиб кетди. Кўз қирини қўн­­ғироққа ташлар экан, танаффус бўлса, Болтани кўрарман деган фикр миясида «ялт» этди. У ёрдамчидан рухсат сўраб чиқмоқчи бўлди, аммо қўнғизмўйлов ғойиб бўлган эди. Чори ака секин эшикка қараб қадам ташлади. Худди шу пайт қўнғизмуйлов директор хонасидан чиқа солиб: – Амаки, исми-шарифингиз?! – деганича уни тўхтатди:
– Мен Болтабойнинг отаси – Чори акаман.
– Фамилиянгиз?
Чори ака айтди.
– Нима мақсадда келдингиз? Хизмат жойингиз? Лавозимингиз?
– Ўғлимни кўрмоқчийдим…
– Нима иш қиласиз? – ишшайди қўнғизмуйлов.
– Мен раис… – Чори ака гапини тугатолмади. “Портловчи” қўнғироқ қўнғизмўйловни ичкари йўллади. У ёзаётган қоғозчасини ҳам олиб кирди.
«Директорга энди нимани гапираман… Қишлоққа борай, шу энағар хотинни!»… – Чори ака кўнглини му­шук тимдалади. У қабулхонада бир чойнак чой қай­­нагунча вақтча қадалиб қолди. Ниҳоят, эшикда қўнғизмўйлов кўринди. У «Эй раис бува, қани мар­ҳамат, узр!» деганича супургиланди. Чори ака дастлаб англолмади: уни раис дейишаяптими? У ўй­лаб улгурмасдан қўнғизмўйлов ташқари эшикни очиб «Меҳмонхонага!» деб мулозамат қилиб турарди. Чори ака асабийлашди:
– Ҳов, жўра! Мен раис эмасман.
– Шеф буюрдилар! Меҳмонхонага! Чой? Қаҳва?
Чори ака йўлакка чиқишга мажбур бўлди. Қўн­ғизмўйлов ёнбошдаги эшикни очиб улгурганди. У кўз­ларини пешонасига қадаганича, такрорлади:
– Ўтинг, ўтиринг! Марҳамат! Ҳозир!
– Жўра! Мен раис эмасман, пангатлик Болтабойнинг отасиман.
Аммо қўнғизмўйловнинг кўзлари тамомила пешонасига битиб улгурган ва у ҳеч нарсани эшитмас эди.
– Шеф беш дақиқада чиқадилар. Сизга қаҳва қуяйми? – Ўзиникидан қолмасди қўнғизмўйлов.
– Қаҳвани қўя тур, жўра…
Чори аканинг сўзи яна чала қолди, қўнғизмўйлов ғойиб бўлди. У ўтирғичнинг бир чеккасига омонат ўтирди-да, меҳмонхонани кузата бошлади. Назарида хонанинг лойи сутга қорилгандай эди. Пардалар қаердандир эсаётган ҳур-ҳур шамолдан учиб кетаман деяётган қалдирғочни эслатарди.
Шу пайт эшик товушсиз очилиб, чиройли қиз қаҳва киритди-да, мулойим гапирди:
– Марҳамат, бемалол!
– Қизим, мен ўғлимни бейджигини бермоқчи эдим. Назаримда, мени биров билан адаштиришаяпти…
Қиз бир лаҳза жим қотди-да, табассумини сақлаган ҳолда, жавоб берди:
– Йўқ, йўқ, амаки. Ким ва нима иш билан келган бўлсангиз ҳам шеф чойсиз қайтармайдилар.
– Иззат учун минг раҳмат-у, аммо қишлоқдаги моллар ҳовлида қолди…
Чори ака терлаб кетди. Котиба қиз чиройли, қў­ғирчоқ кўзларини тез очиб-ёпди-да «Ҳозир!» дега­нича эшик ромига ёпиштирилган тугмани босиб «Меҳмонхона шошилаяпти!» деб қўйди. Чори аканинг миясига ярқ этиб фикр келди, у қизни тўхтатди:
– Қизим, мен ҳам шуйтиб гаплаша қолай…
Қиз ҳайрон боқди:
– Қандай қилиб? Ким билан?
– Ана у – японкаллани босқичини босиб…
Қиз бир унга, бир эшик ромидаги тугмачаларга қаради, сўнгра чиройли жилмайиб, майин гапирди:
– Ҳозир шеф келадилар… Ана, эшиклари очилди.
Қиз чиқди. Чори ака «…Уҳ хотин, уйга борай…» дея ғудранганича ўтирғичга чўкиб кетди. Директор кирди. Чори ака талпиниб ўрнидан тургач, у билан сўрашилди. Ўғил-Болтабой сўралган бўлди, аммо ташриф сабаби суриштирилмади. Директор – қўнғизбомба тусли эди; Чора аканинг қишлоғида кўриниши пачоқ, қадди-басти ҳам, қўли ҳам калта, аммо ярашиқсиз кўп чиранадиганларни шундай аташарди…
 Улар гурунг қила бошлашди:
– Хўш, биноларимиздан қандай таассурот олдингиз?
Савол Чори акани ҳушёрлантирди. У ўзини тутиб гап бошлади:
– Ҳали кўриб улгурмадим, лекин меҳмонхонани соз­лабсиз…
Чори ака кўзи билан хонанинг шифтига, деворларига имо қилди.
Директор бир тамшаниб олди – Чори аканинг гапи унга ёққан эди:
– Ҳа энди, замонадан ортда қолмайлик, деяпмиз. Буни «евроремонт» қилдик. Метр квадратига ўн беш мингдан кетди…
– Ўзимизнинг усталар қилдими барини?
– Бўлмасамчи. Самарқандлик йигитлар. Улар фа­қат махсус жойларни, банкларни, идораларни пардозлашади. Шундан нархи ҳам қиммат… Қани, қаҳвадан ичинг.
Чори ака қаҳва ҳўплаган бўлди. Директор зерикарли гап бошлади.
– Билимгоҳимизнинг ўн еттита хонасини алоҳида дид билан, антиқа тусда таъмирладик. Ҳозирда нафақат шаҳар ёки вилоят, балки республика миқёсидаги тадбирлар ҳам бизнинг биноларимизда ўтади. Яқинда халқаро «Силлиқлик ҳаракати» ўз мажлисларини ўт­казди…
Чори ака директор қўллаган инглизча сўзларни тушунмай қолаверди. У қаддини тиклаб, «юмронқозиққа айланди», томоқ қириб олди – гўё диққат билан тинглаётганлигини қайд қилди.
– Насиб қилса, «Таъсис» ва бошқа тизимлардаги бир нечта муассасалар бизнинг марказий биномизда экологик интервенция хусусида брефинг ўтказишади…
Директор ўз гапларидан мириқаётганлигини яширмас, Чори аканинг ҳайратдан бақрайиб қолган кўзларини янада кенгайтирмоқчи бўлгандай – адл тутган қоматини нутқининг оҳангига мослаб, ўзини баланд минбардагидек ҳис этиб, ҳузур билан нутқини давом эттирарди.
– Менинг даргоҳим, айрим, фанларнинг тўғри ҳарфларига ёпишиб олган малимчаларнинг қарши чиқишига қарамай, янги кун, янги ғоялар заводига ишлаши лозим… Ўз вақтида бизни ҳам ғоялардан воз кечдиришиб, меҳнат армиясига чақиришган. Мен меҳнаткашликни четлаб, минг шукрки, ўз ниятларимни амалга ошираяпман… Ният холис-да…
Чори ака бу пайт мулгиб бораётган кўзларини бутунлай юмиб олишдан қўрқар, аммо тинглашни рад этган миясини бошқаришга ожиз эди. Унинг қулоғига қозиғида боғлоғлик қолган Тарғилнинг бўкириши ча­линди: «Му! Му-у!».
– Уф… энағар хотин! – тўсатдан гапириб юборди Чори ака.
– Нима дедингиз? – директор тингловчисига тикилиб қаради ва уни тинглашмаётганлигини бирдан тушуниб қолди.
– Мен… шундай… ўзим… – Чори ака шошганидан олдидаги қаҳвасини бир кўтаришда сипқорди.
– Хўп, майли, – деди зодагонларча тугма ўт­ка­заркан, ўрнидан турган директор, – Сиз ўн дақиқа ўти­ра туринг. Биронта шерик келса, ўзим ўқув бинолари бўйлаб сайр қилдираман…
Директор тугмаларни қадаб бўлгач, «минбарни тарк этди», ташқарига чиқди. Чори ака оғирлашган қо­воқларини ёпиб очди, чуқур хўрсинди. Нима қилишни ўйлади. Шу вақт котиба қиз кириб, қаҳва идишларини йиғиштира бошлади.
– Қизим, мен кетишим керак эди. Директорларинг томоша қилдираман дедими?
Қиз лаб тишлади: директорни кутинг, деса, эҳ­тимол куни билан бекор кутар, кет деса, шеф тезда эслаб қолиши мумкин. Шундан у тортиниб:
– Билмадим, амаки, агар вақтингиз бемалол бўлса, кутсангиз, коллеждаги қурилиш, пардозлаш ишлари билан танишасиз, йўқса, кетсангиз ҳам бўлар…
– Ўғлим Болтабойга гап тегмайдими? Мен мана бунисини келтирувдим…
– Уни тақиш шарт эмас. Агар директорга ёки ёр­дамчисига ўғлингизнинг фамилиясини ва курс-гу­ру­ҳини айтмаган бўлсангиз, кетаверинг. Кутсангиз зиқ бўлиб кетасиз…
Котиба сўнгги сўзларини шивирлаб, ачиниш оҳан­гида айтди. Чори ака худди шу гапни кутиб тургандай меҳмонхонани шунчалик жадал тарк этдики, ҳатто котиба билан хўшлашишга улгурмади.
Фақат қишлоғига борадиган автобусга ўтириб, йўл­га тушгач, эслади. Айниқса, котибанинг сўнгги «агар ўғ­лин­гизнинг фамилияси, курс-гуруҳини айтмаган бўл­сангиз» деган гапларини эслаб ўйланиб қолди: айтдими, йўқми? Қанча зиқланмасин эслолмади: Айтмади-ёв? Ё, айтдими? Болтабойга отанг писанд қилмай кетиб қолди дейишса? Уф…
Йўловчилардан кимдир сўрашиб Чори аканинг хаёлларини бўлди. У қабулни унутди. Унинг кайфияти яхшиланди. Об-ҳаво иссиқлигидан, ғаллани занг касали чалганлигидан гурунг бошланди.
Орадан йигирма дақиқача вақт ўтди. Чори ака иссиқдан терлаган пешонасини артиш учун, рўмолча ахтариб чўнтагига қўл солди. Қўлига Болтабойнинг бейджиги илашиб чиқди. Унинг эсига яна директорнинг қабули келди ва у баралла «Уҳ, ярамас хотин!» деганича сўкиниб юборди.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 1-сон