Ўн олти қаватли бинонинг ойнаванд эшигидан кира-кира чап томондаги пластмасс девор билан ўралган кўчма хона туйнугидан келди-кетдини кузатаётган милиционер билан иримига салом-алик қилиб, ўнгга бурилгач, уч поғонали зинадан кўтарилиб, сарғиш лифт ёнига келдим. Чап томонда мармар тусли яна иккита лифт бор. Йўқ, уларга чиқмайман. Менга салкам ўзим билан тенгдош эски лифт ишончлироқ. Янги лифтларнинг бирига чиқиб, эллик минутча қамалиб қолганим, сира эсимдан чиқмайди. Шундан кейин мармар тусли лифтни кўрсам, душманимни кўргандай бўламан.
Мен отамзамондан қолган эски лифтни танладим. Чақириқ тугмачасини босдим. Мени кутиб турган эканми, ўн сонияга қолмай, лифт етиб келди ва менга қучоқ очди. Шу тобда лифт “ассаломалайкум” деб тиржайиб тургандай туюлди менга. “Ваалайкум ассалом” дегандай, лип этиб ичкарига кирдим. Биринчи ишим чап томондаги тугмачалар орасидан ўзимга зарур рақамни босиш эди. Мен излаган рақам энг юқоридаги “15”. Мен “15” рақами ўйиб ёзилган оқ тугмачани босишим билан лифт эшиги кимгадир дўқ қилгандай, “қўясанларми-йўқми”, дегандай тақира-туқур овоз чиқарди-да, аста ёпилди. Эски лифт норози оҳангда ғўнғир-ғўнғир қила тепага ўрлади. Ўнг томондаги тутқичдан ушлаб, қаршимдаги каттагина ойнага қарадим ва ўзимдан хафа бўлиб кетдим. “Хотиним тўғри айтади. Спорт билан шуғулланишим керак. Анчагина семириб, бағбақам ҳам осилиб қоляпти. Ўзимга қарай олмаяпман. Нима қилай, вақт йўқ. Бекорларни айтибсан. Ҳамма айб ўзингда”.
Шунда ногаҳон лифт деворидан ёқимли бир овоз таралгандай бўлди. Ие, лифтга радио ўрнатишибди-ку?. Географияда ажаб янгилик. Йўқ, бу радио эмас эди. Радио бундай ёқимли гапиролмайди. Мен узоқ-узоқдан, олис далалардан келаётган қадрдон бир мусиқий тирик овозни эшитдим: А к а м к е л я п т и…
Ҳушёр тортдим. Йўқ, мен шунчаки ҳушёр тортмадим, ўша ёқимли ва қадрдон овоз руҳимни уйғотгандай бўлди. Секин-секин овоз лифт ичида мусиқа каби сокин жаранглай бошлади: А к а м к е л я п т и!
Шунда мен бу овознинг тўрт-беш яшар қизалоқ овози эканини, бу овоз менга таниш эканини сездим.
* * *
Кўкаламда бедазор жуда файзли бўлади. Ҳеч қаерда яшил ранг бу даражада мардонавор тантана қилолмайди. Айниқса, эрталаб йўнғичқаларнинг тангадай баргларига олмосдай осилган шудринглар уларга янада гўзал тус беради. Шудринг тушган ям-яшил йўнғичқазор олмос тўкилган ям-яшил бахмалдай ярқираб ётарди. Йўнғичқазор оралаб беш яшар Хосият югуриб борарди. Унинг қизил кўйлаги яшил йўнғичқазор узра байроқдай ҳилпираб сузаётган эди… Тобора олислаётган Хосият ғаройиб ям-яшил кенглик устида қизил капалакка айланган митти шамолдай еларди. Хосият югура-югура шамол товушида “Ота! Ота!” дея қичқирарди. Унинг ёқимли овози чексиз йўнғичқазор узра тўлқин-тўлқин тараларди. Бу пайтда дала ўртасидаги уватда қоратолдан кўтарилиб, бўйра билан ўралган чайлада мулгилаётган отам Хосиятнинг чақириғидан уйғониб кетди. Отам ўрнидан туриб, шошилиб қизига пешвоз чиқди. “Қизим, нима гап?” деди. Хосият бу пайтда чайлага етиб қолган эди.
– Ота… Отажон… – деди у ҳаяжонланиб…
Отамнинг кўзларида меҳр порлади. “Қизим…” деди-да, икки қўлини икки ёнга ёйиб Хосиятга бағрини очди. Хосият отамнинг бағрига тўлди. Отамнинг ўксиган бағрига шамол тегди.
– Нима гап қизим? Тинчликми? – деди яна отам.
Хосият эса ўпкаси тўлиб, ҳаяжонланиб деди:
– Акам келяпти! Ота… Акам келяпти…
Отамнинг меҳнатда қотган чайир қўллари титрай бошлади… Ички зилзиладан елкалари булкиллади. Отам жиққа ёшга тўлган кўзларини аста Хосиятдан олиб қочди. Қизининг самимий нигоҳлари эса ота қошида порлаб турар эди. Оғир сукутдан сўнг охири отам сўз қотди:
– Аканг келяптими?
– Ҳа, ота, акам келяпти.
– Қачон… келяпти?
– Бугун йўлга тушади.
Отам Хосиятдан буни қандай билганлигини сўрамади. Бунга зарурат йўқ эди. Чунки Хосият фаришталар билан гаплаша олишини отам биларди. Шунинг учун у сўзсиз, сўроқсиз Хосиятга айтдики:
– Тез бобонгга ва катта энангга хабар бер. Акангнинг олдига чиқишимиз керак. Чоп, қизим, тезроқ хабар бер.
– Ҳозир айтаман ота. Бобоотамгаям, катта энамгаям айтаман.
Хосият яна қизил капалакдай яшил йўнғичқазор бўйлаб елиб кетди.
* * *
Мен бу пайтда 15-қаватга кўтарилиб, хонамга кириб улгурган эдим. Ишим кўп эди. Қадимгилар Ҳайитни қандай байрам қилишгани ҳақидаги бир мақолани ўқий бошлаганимда яна деворлар орасидан ўша овоз эшитила… йўқ, тарала бошлади: А к а м к е л я п т и.
Котибани чақирдим.
– Сокина, сиз қандайдир овозни эшитмаяпсизми?
– Ташқарида шамол… Бу шамолнинг овози… – деди у.
– Ҳа…тўғри айтасиз… шамолнинг овози… Шамол акасини излаяпти, шекилли. Шамол акасини кутяпти.
Сокина менинг охирги гапларимни умуман тушунмади ва нима ҳақда гапираётганимни сўрашга ботинолмади.
– Дурбек қаерда? – дедим унга.
– Маҳалла ҳақида мақола ёзиш учун маҳаллаларга кетган.
– Дурбек бўлганда эди, бу овозни эшитармиди.
Сокина дафтарига ниманидир ёзмоқчи бўлди, тайинли топшириқ йўқлигидан бир муддат жим турди-да, сўнг чиқиб кетишга изн сўрагандай кутиб турди.
– Майли, сиз бораверинг. Дурбек келиб қолса кирсин…
* * *
Бу пайтда Хосият йўнғичқазор одоғидаги бобоотасининг чайласига яқинлашиб қолган эди. У оёғи остида шовирлаётган йўнғичқаларга ҳамоҳанг йўқотган ўйинчоғини топиб олган боладай қичқирарди.
– Бобоота! Катта эна!
Бобоотам чайладан чиқди. Яшил йўнғичқазор шамолда сокин денгиздай бир маромда чайқалиб турарди. Хосият эса жаннат қушидай тинмай живирларди.
– Бобоота, бобоота, акам келяпти.
Кўпни кўрган бобом гўё шундай бўлиши керак, дегандай хотиржам кўринарди-ю, лекин… барибир қўллари қалтирарди.
– Ўзинг акангнинг олдига чиқ! – унинг овози титради: – Катта сойлиқдан ўтиши билан у сенга дуч келгани маъқул. Сени кўрса бирдан хурсанд бўлиб кетади. Биз кейинроқ.. йўнғичқазор бўйида уни кутиб турамиз. Ўзинг олиб келасан уни бу ерга.
Яшил йўнғичқазор узра мовий туман туша бошлади. Хосият туман оралаб ғойиб бўлди.
* * *
Мен кабинетда нималар биландир андармон бўлгандай бўлдим, лекин ҳеч нарса билан машғул эмаслигимни ўзим яхши билардим.
– Сокина, бугун синглимнинг туғилган куни. Унга кўйлак олиб келсангиз…
Котиба қиз одатига кўра қалин дафтарини қўлига олди-ю, ёзишга чоғланди:
– Синглингиз неча ёшдалар?
– Беш ёшда.
Сокина довдираб қолди.
– Беш ёшда?.. Беш ёшда.. деяпсизми?
Мен эса дунёдан юз ўгирган Суқрот каби хотиржам эдим. Шунинг учун ўта сокин, тўниб қолган булутдай жавоб бердим:
– Бугун Хосият бешга киради. У менинг синглим.
Котиба қиз ҳам ҳайратини яширолмади. У мени гангияпти деб ўйлаган эди.
– Бу бўлиши мумкин эмас. Набирангизми ё синглингиз? Тушунмадим.
Мен уни тинчлантирган бўлдим:
– Синглим беш ёшда. Унга яшил рангли чиройли кўйлак билан ироқи дўппи олиб келсангиз, тезлик билан Чорсуга боринг. У ерда ҳамма нарсани топса бўлади… мен унинг туғилган кунига етиб боришим керак. Вақтим тиғиз.
Фаросатлигина Сокина ортиқча гап сўрашни ўзига эп кўрмади.
– Хўп бўлади. Ҳозир бориб келаман.
Котиба қиз чиқиб кетиши билан хона деворларидан яна ўша мусиқа каби ёқимли овоз тарала бошлади: А к а м к е л я п т и…
Мен шунда деворнинг нафақат қулоғи, тили борлигига ҳам ишондим.
* * *
Чексиз йўнғичқазорнинг бир буржида Отам билан Бобом гаплашиб ўтирарди. Жонҳалак Хосият эса яна йўнғичқазор узра ўйноқи капалакдай шодмон сузиб юрарди. Отам соқолини силаётган бобомга қараб:
– У келяпти. Эшқобил келадиган бўлди, – деди.
– Хосият билади, унга фаришталар айтган, – деди бобом.
– Онаси йиғлаяпти, – деди-да, отам чеккага қаради.
– Момоси ҳам.. йиғлаяпти… – деди-да, бобом кўзини олиб қочди, – тоғалари Катта сойлиқ томонга кетишди, ўзимиз кутиб оламиз, дейишди. Мен бормадим. Менга қийин у ерда. Келганида кўришармиз.
– Хосият қанот қоқиб юрибди, – деди отам, – гўдак-да, акаси келиб қолса, акаси билан ўйнамоқчи. У акасини ҳалиям олти яшар деб ўйлаяпти. Акасининг ёши мендан анча ўтиб кетганини қайдан билсин. У олти яшар акасини кутяпти…
Мен унинг олдига чиқмасам бўлмайди. Келиши билан мени сўрайди.
* * *
Стол устидаги қоғозларга кўз югуртириб, гоҳ унисини, гоҳ бунисини қўлимга олиб кўрдим. Йўқ, ҳозир ишлай олмайман. Хаёлим қочяпти. Болалик йилларим кўз олдимдан лип-лип этиб ўта бошлади. Гўё мен ўн бешинчи қаватдаги кабинетда эмас, олисларда қолиб кетган ўша манзаралар ва ҳолатлар ичида эдим. Ана… Оппоқ қор қоплаган кимсасиз дала… Дала ўртасида мен Хосиятни эргаштириб боряпман. Қалин сатин чопонга ўраниб олган беш яшар синглимнинг бошига ўралган гулдор жун рўмол ичидан қоп-қора кўзлари ва жажжигина бурни кўринади, холос. У менинг ўнг қўлимдан маҳкам ушлаб олган. Жимгина ортимдан эргашади. Қор устида майда қадам жажжигина мўкки излари экилиб қолади. Даланинг бир четидан малларанг бир кучук югуриб ўтади. Уни кўриб Хосият қўлимни қаттиқроқ қисади. Кўзлари жавдираб менга қарайди.
Кейин яна бошқа бир манзара ичига тушиб қоламан. Саҳарда мени Беккам холам уйғотди. Чопонимни кийгизди. Уйдаги йиғи-сиғи товуши мени сергак торттирди. Лекин ҳеч нарсани тушунмадим. Ташқарига чиқдик. Тоғаларим, аммаларим, қўшниларимиз ва бошқа қариндошларимиз тўпланишибди. Бироздан сўнг иторқа уйимизнинг ёнига сариқ рангли ГАЗ-21 волга машинаси келиб тўхтади. Ҳамма машинага қараб юрди. Машинадан Қаҳҳор бобом жун рўмолга ўралган болани қучоқлаб йиғлаб тушиб келарди. Отам ва онам у кишига йиғлаб эргашган эдилар. Шунда Қаҳҳор бобомнинг бағридаги гўдак Хосият эканлигини сезиб қолдим. Болагина кўнглимдан чирт этиб нимадир узилиб кетди. Узи-или-иб ке-етди! Шундан кейин мен уни кўрмадим. Шундан кейин мен… қорли далаларни бир ўзим кездим, кўм-кўк кўкламларга бир ўзим чиқдим, саратоннинг ҳурпиллаган иссиқ тупроқларида бир ўзимнинг изларим қолди.
* * *
Икки соатдан сўнг Сокина хонага кириб келди. У хонага кирди-ю, ҳамма қизлар ва аёлларга хос қизиқувчанлик билан елим халтадаги яшил кўйлакчани олиб, қайтадан текшира кетди.
– Эшқобил ака, яхши кўйлак. Тозаси. Синглингиз кийса, яшнаб кетади. Қаранг, қандай чиройли. Ёқалари ҳам дид билан тикилган. Парпаралари ҳам меъёрида. Мана бу дўппини қаранг. Қандай чиройли-я.
Ҳақиқатан, дўппи ҳам, кўйлак ҳам жуда чиройли эди. Шу дамда яна деворлардан ўша майин ва ёқимли овоз кела бошлади: Акам келяпти
Ҳамон бозордан сотиб олиб келган нарсаларига маҳлиё бўлиб ўтирган қизгинадан сўрадим:
– Сокина, сиз барибир деворлардан келаётган овозни эшитмаяпсиз-да?
У ниманидир эшитмоқчи бўлгандай жим қолди-да, сўнг болаларча соддадиллик билан ажабланиб сўради:
– Қандай овоз? Ҳеч нарса эшитмаяпман.
– Мен ҳам шу пайтгача ҳеч нарса эшитмаганман. Лекин деворларнинг ҳам тили бор экан. Деворлар жуда ёқимли куйлар экан. Энди билдим.
Сокина ҳеч нарсани тушунмай менга ажабланиб қаради-да, бозордан олиб келган нарсаларини халтага жойлаб стол четида қолдириб, жимгина чиқиб кетди.
Ташқарида мен билган ҳаётдан бошқа ҳаёт борлигини сезиб турардим. Ўрнимдан турдим-да, қучоқ-қучоқ нур тўкилиб ётган девор-дераза томон бордим. Деразадан нарида… ўн бешинчи қаватнинг деразалари пойига туташиб кетган ям-яшил йўнғичқазорни кўрдим. Воажаб… Пастда шаҳар йўқ эди… Ҳамма томон қуёш нурида ярқираб ётган ям-яшил йўнғичқазор эди. Узоқдан отам ва бобом қўлини пешонасига соя қилиб мен томонга қараб туришарди. Йўнғичқазор узра сокин бир мусиқа каби ўша ёқимли овоз тараларди: А к а м к е л я п т и!
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 7-сон