«Ана шу йўл ёқалаб бораверсанг, бир дарахтга дуч келасан. Ёдингда тут, у оддий дарахт эмас»
«Ўзбек халқ эртаклари»дан.
Намозшомга яқин ҳаво айниди.
Кўк юзини яғир, увада булутлар қоплаб, кучли шамол турди. Дов-дарахтлар титраб-қақшаб, йўлкалар майда-чуйда шох-шаббалару баргу хазонларга тўлди. Қаердадир, ёпилмай қолган дераза дарчаси бўлса керак, ойнанинг қарсиллаб сингани қулоққа чалинди. Бу ҳам етмагандек, чироқ ўчиб қолди. Теварак-атрофга алланечук ваҳимали ва рутубатли зулумот чўкди ва ана шу сим-сиёҳ осмон бағрини тилкалаб чақмоқ чақди, еру кўкни ларзага солиб, момақалдироқ гумбурлади. Қор аралаш ёмғир ёға бошлади…
Тун ярмидан ошган, субҳи козиб палласи эди чамаси, энди кўзим уйқуга илинган экан, хотиним уйғотди.
«Кимдир деразани тақиллатаяпти», — шивирлади ваҳимали товушда.
Ўрнимдан туриб деразадан қарадим. Қоронғулик қўйнида ҳеч нарса кўринмас, фақат ёмғир томчиларининг шитир-шитиригина эшитиларди холос. Хотиним томонга қараб, «ҳеч зоғ йўқ» дедиму, шу пайт қандайдир қўлларнинг дераза токчасини тимдалаб, ойнани устма-уст чертгани аниқ-тиниқ қулоғимга чалинди. Ток ургандек сесканиб кетдим.
«А… а-на!» — яна шивирлади хотиним тили зўрға айланиб.
Апил-тапил чопонимни елкамга ташлаб, қўлчироқни олдимда, кўча эшикни очиб ташқарига чиқдим.
Асфальт йўл юзаси катта-кичик кўлмакчаларга тўлиб тошган, изғирин янада кучайгандек эди. У ёқ-бу ёққа алангладим. Кўчада ҳеч ким кўринмади. Кўнглим хотиржам бўлиб уйга кираётган ҳам эдимки, дераза ойнасининг яна тиқиллагани эшитилди. Қарадим. У шундоққина эшигимиздан бир-икки қулоч нарида ўсган дарахт шохлари эди.
Бизни ва ён қўшнимиз Мусурмон тоғанинг эшигини қучиб олгудек тарвақайлаб кетган дарахт шохлари ҳар шамол эсганида деворларни, дераза токчасию кесакиларини пайпаслар, ҳақиқатан ҳам худди кимдир ойнани тақиллаётганга ўхшаб кетарди.
Хотиним хавотирланиб қаради шекилли, дераза пардасининг шитирлаб сурилгани эшитилди. Эшикни тамбалаб, уйга қайтиб кирдим. «Ҳеч ким йўқ, дарахт шамолда чайқалиб, шохлари деразага тегаётган экан», дея хотинимни тинчлантирган бўлдим. У «қуриб кетсин, ўтакамни ёриб юбораёзди» дея яна ўрнига бориб ётди.
Мен хотинимни тинчитдиму, лекин шу тобда негадир ўзимнинг ҳаловатим йўқола бошлаганини сездим. Уйқум қочган эди. Сигарет тутатиб ташқарига чиқдим. Зина ёндорига омонат ўтириб чека бошладим. Негадир, хотинимни дарахтни «қуриб кетсин» дея қарғагани кулгимни қистатди. Чунки, эшигимиз ёнида ўсган у дарахт сира «қуриб кетадиган»га ўхшамасди.
Жуда ғалати дарахт эди. Унинг кўчатини бир вақтлар, бундан ўн-ўн беш йилча муқаддам вокзал яқинида бир нотаниш кимсадан бир шиша винога алмашиб олгандим. Уни уйга олиб келган кунимни ҳам яхши эслайман.
Эрта баҳор… Булутли оқшом эди… Вокзал майдонидаги қаҳвахонага сигарет олгани киргандим. Сигарет олиб чиқиб келаётганимда соч-соқоли жўхори попугига ўхшаган, афти-башараси шишиб, кулранг кўзларидан ҳеч бир маъно уқиб бўлмайдиган бир иркит киши рўпарамдан чиққан, чекишга сигарет сўраган ва гап орасида кўчат сотмоқчи эканлиги, агар истасам, бир шиша винога алмашиши мумкинлигини айтганди. Кўчат жонивор эса, йиртиқ газета бўлагига нари-бери ўралган кўйи қаҳвахона зинаси ёнида ташландиқ, чўлтоқ супургидек бўлиб ётарди.
Турган гап, мен унинг қанақа дарахт кўчати эканлигини суриштирган, нотаниш киши эса сўйлоқ тишларини кўрсатиб тиржайиб қўйган ва «Яхши дарахт, жуда чиройли ўсади» деганди. Ва мен ўша оқшом уни уйга олиб келгандим ва эртасигаёқ эшигимизни рўпарасидаги ариқ бўйига экиб қўйгандим. Очиғини айтсам, унинг қанақа дарахт эканлигига ҳам унчалик қизиқмаган, кўчатга ёхуд унинг эгасига раҳмим келганиданми, шунчаки ерга қадаб қўйгандим, холос. Шу боис, худди нотаниш кимса айтгандек бўлиб униб чикқанида ҳам унчалик ажабланмадим.
Кўчат кутилмаганда тез илдиз отиб, ўсиб кетди. Ўша кўкламдаёқ, тирноқдек-тирноқдек, худди чармдан қирқиб олингандек, қаттиқ-қаттиқ япроқлар чиқарди, кейин на гулга, на мевага ўхшаган, қон томчиларини ёхуд майда-майда қизил юлдузчаларни эслатгувчи куртаклар тугди ва энг қизиги, ўша ерининг ўзида игнадек-игнадек ўткир ва ингачка тиканлар ҳам пайдо бўлди.
Энг ажабланарли ери шундаки, унга на иссиқ, на совуқ таъсир қиларди. Жуда чидамли, айни чоқда алланечук ғайритабиий дарахт эди у. Унинг учун на ёз саратонию қиш қаҳратонини, на куз хазонрезгилигию баҳор тароватининг мутлақо аҳамияти йўкдек туюлар, гўё мангуликка қўйилган ҳайкал янглиғ савлат тўкиб тураверарди. Янаям кизиғи, унинг устида тўлиб-тошиб сайраш у ёкда турсин, шох-бутоқларига биронта қуш қўнганини ё уя қурганини эслаёлмасдим. Шунинг учун бўлса керак, ён қўшнимиз Мусурмон тоға уни сўккани-сўккан, мени койигани-койиган эди.
«Қаёқдан топиб келдингиз, бу касофатни? — дерди у норози оҳангда. — На мева қилса, на соя ташласа! На бундоқ қараб одамни баҳри-дили очилса!.. Жуда бехосият дарахт кўринади, кесиб ташлаб қўяқолайлик, зора ўтинга яраса!…»
Мен эса кулиб қўяқолардим. «Ҳа энди, бир дарахт, Худо яратган табиатнинг бир неъмати-да!» — дердим.
Мусурмон тоғани бўлса, баттар жиғибийрони чиқарди.
«Йўқ, бу Худо қарғаган дарахт! — дерди у фиғони ошиб. — Қайси куни масжиддан шомни ўқиб қайтаётсам, узоқдан худди барзанги одамга ўхшаб кўриниб кетди. Худди бошига шапка кийиб, секин … сизникига ё бизникига кириб бораётган киссавурга ўхшайдими-ей!…»
«Унақа деманг, Мусурмон ака, — дердим қўшнимни ҳовридан туширишга уриниб. — Дарахтнинг яхши-ёмони бўлмайди. Фақат ё манзарали, ё мевали бўлади холос…»
Кўшним ҳам ўзига етганча қайсар одам эди.
«Тўғри, мулла йигит! — тўнғилларди у қовоғини уюб. — Лекин, бунингизни на меваси бор, на манзараси!…»
Хуллас, мен у ёкда ўз ишларим-юмушларим билан андармон, Мусурмон тоға бўлса бу ёқда хуноби чиқиб юравердик. Дарахт эса ўсаверди ва кўп ўтмай ўзининг чигал ва сертикан шохлари билан Мусурмон тоғанинг ҳам, бизнинг ҳам эшикларимиз, деразаларимиз тепасини қоплаб олди.
Аслини олганда, Мусурмон тоға ёмон одам эмасди. Ўлгудек камтар ва камсуқум бу одам билан кўп йиллик ён қўшни бўлсакда, кунда-кунора учрашиб турсак-да, унинг ниҳоятда мураккаб ҳаётини, нақ ажалнинг огзидан омон чиққани ҳақида ҳеч нима билмасдим ва буни эшитганимда очиғи жуда ҳайратга тушгандим.
Эсимда бор, Мусурмон тоғанинг катта куёви билан бир даврада ўтирганимизда у ширакайфлик билан қайнотасининг «таржимаи ҳоли»ни уч-тўрт оғиз сўз билан «чизиб» қўяқолган эди.
Маълум бўлишича, Мусурмон тоғанинг бобоси ўрис аскарлари шаҳар аҳли уйқуда ётган пайтда Тошкентга бостириб кирган йили асир олинган ва отиб ташланган, кейинчалик худди шу нарса Мусурмон тоғанинг отасига ҳам «тамға» қилиб босилган ва у ҳам ўттиз еттинчи йили қамалиб, бедарак кетган экан. Ана ўша воқеа-ҳодисаларнинг давоми ёхуд натижаси ўлароқ, Мусурмон тоға ҳам урушдан кейин бир неча йил ўтгач қамалиб, йигитлик даврини Русия ўрмонларида ўтказган экан…
Ким билсин, балки бу гапларни унинг куёвидан эшитмаганимда, Мусурмон тоға қисматидан буткул бехабар қолармидим дея ўйлаб қоламан. Чунки, у кишининг ўзига қолса, булар ҳақида икки дунёда ҳам оғиз очмаган бўлурди…
Эндиликда бўлса, умр бўйи рўшнолик кўрмаган ана шу кекса тарих муаллими (тақдирнинг «аччиқ ҳазили»ни қаранг!) учта қизини аллақачон узатган ва ҳайҳотдек ҳовлида касалманд хотини билан тавфиқона ҳаёт кечириб юрарди.
Фақат бир нарсани сира тушунолмасдим. Мусурмон тоға қанчалар кўнгилчан ва меҳрибон одам бўлмасин, икковимизнинг уйимиз рўпарасида ўсган, оти ҳам, зоти ҳам нотайин, ана ўша бечораваш дарахтни ёқтирмас, унга сира тоби-тоқати йўқ эди.
… Ахийри бўлмади. Қайси бир йили икковимиз уни арралаб ташладик. Уйларимизнинг олди очилиб, кун тушадиган бўлиб қолди. Лекин, Мусурмон тоғанинг бу қувончи узоққа бормади. Бир йил ўтар-ўтмас яна кўкариб чиқди. Яна кесдик. Илдизларини кавлаб, чопиб ташладик. Лекин унинг илондек чўзилиб, бир-бирига чирмашиб кетган қоп-кора илдизлари жуда чуқур томир олиб кетган экан. Ўша-ўша ҳафсаламиз совиб, ўз ҳолига ташлаб қўйгандик. Яқинда, Мусурмон тоға яна ҳасратини бошлади.
«Бу дарахтингиз яхшилик келтирмайди», — деди у бир куни гапдан-гап чиқиб. — Агар сезган бўлсангиз, ён-верида биронта дарахт унмас экан…»
Ана шу гапдан кейин ўйланиброқ қолдим. Чиндан ҳам, шу ғалати дарахт ўсабошлагандан бери, дарвозамиз ёнида на олча, на олма, на бошқа дарахт кўкарибди…
«Нега бунақа?» десам, Мусурмон тоға «Илдизларини очганимизда кўрдингиз-ку, тўрт томонга ўрмалаб ётибди. Бошқа дарахтларнинг ризқини қийиб, гуллаб-яшнаб ўсаверади-да!» дея маъюсгина кулимсиради ва қўшиб қўйди.
— Худди, Шўро ҳукуматига ўхшаб! …»
Мен ўша топда, «Хўп, Шўро ҳукуматидан тўйган экансиз-да!» деб юборай дедиму, тилимни тишлаб қолдим. Бу жабрдийда мўйсафиднинг ярасини янгилагим келмади.
… Худи ўша кунларнинг бирида уйимизга таниш табиатшунос оғайним келиб қолдию у ҳам бу дарахтни аниқлай олмади.
Фақат, «Йўқ, бу — бизнинг иқлимда ўсадиган дарахт эмас. Гапларингта қараганда, у бошқа дарахтларнинг қувватини сўриб олиб, истаган жойга мослашиб кетавераркан. Шунақа тур дарахтлар бор деб эшитгандиму, сира кўрмагандим» деди.
«Оти нима»» десам, елкасини қисиб қўйдида кулиб, «Буни дарахт десанг, асаканг кетади. Шунинг учун «Тхарад» деб атаган маъқул» деб ҳазиллашди. Маълум бўлишича, «Тхарад» дегани «Дарахт» сўзининг тескари ўқилиши экан. Кулишдик.
Мактабда ўқиб юрган кезларимиз биз болалар ҳам шунақа, тескари «гаплашиш»ни одат қилиб олгандик. Масалан, мен, «Йалақ» десам, оғайним «Рўз!» деб жавоб берарди. Бу, бизнинг «Қалай?», «Зўр» дея ҳол-аҳвол сўрашишимиз эди.
Шу-шу, болаларча шўхлик билан айтилган бу сўз ўйини ёқиб қолдию, ўзимча унга «Тхарад» деб ном қўйиб олдим…
«Тхарад» бир қараганда, ҳеч зиён-заҳмати йўқ, беозор, баъзан анчайин ожиз ва нотавон дарахтга ҳам ўхшаб кўринарди. Лекин бошқа, биз билган, ўнлаб-юзлаб дарахтлар орасида бари бир «оқ қарға»дек бўлиб ажралиб турар, ўзининг сертикан шоху бутоқларини қанот янглиғ ёзганча бўйига ҳам, энига ҳам ўсиб борарди. Кўпда ҳеч ким унга эътибор ҳам бермасди. Нима кўп, биз билган-билмаган, таниш-нотаниш дов-дарахтлар кўп. Ким ҳам уларнинг ёнига келиб, синчиклаб қараб ўтирарди, дейсиз?!…
Лекин, Мусурмон тога бундан мустасно эди. У «Тхарад»ни ёқтирмасди ва буни яшириб ҳам ўтирмасди.
Бир куни ишдан қайтаётсам, қўшним жиғи-бийрони чиқиб, дарахтнинг атрофида айланиб юрибди.
«Нима гап, Мусурмон тоға?» — десам, «Э-э!» дея беҳафсала қўл силкиди. «Ҳеч шу дарахт билан чиқишолмадингиз, тил топишолмадингиз-да!» деб ҳазиллашгандим, жаҳли чиқиб кетди.
— Бу падари лаънат, ўзимизнинг шафтолими, ўрикми бўлсаям кошкийди, — деди у бўғилиб. — На отининг, на зотининг тайини йўқ! Ҳали пешинда қарасам, ишкомнинг тагидаги сиймон йўлка дарз кетиб ёрилиб ётибди. Нимайкан десам, ана шу бадбахтнинг бош бармоқдек илдизи ҳовлимизнинг ўртасидан туртиб, тешиб чиқибди…
— Бе, шунга шунчаликми? — дедим Мусурмон тоғани тинчлантириб, — ва яна ҳазилга йўйдим. — Илдизи кўчадан ўтиб, уйингизни тагидан ҳовлингизгача чиққан бўлса, зўр экан-да?!
— Э, қўйиб берсангиз эртага томга ҳам илдиз отади, — деди Мусурмон тоға астойдил ранжиб. — Хапа бўлмангу, бунингиз дарахт эмас, нақ бало-қазонинг ўзи! Жами бошқа дарахтларнинг қонини сўради… Ўзини шу ерларнинг хўжайини деб ҳис қиладими-ей! Дуч келган томонга томир отади-я! Тағин, ғўдайиб туришини айтмайсизми?
— Майли, бир йўлини қилиб йўқотармиз, — дедим нима дейишни билмай.
— Бе, йўқотиб бўпсиз энди уни, мулла — синиқ кулимсиради Мусурмон тоға, — Агар тагидан портлатиб ё илдизига бензин қўйиб ёқиб юборилмаса… билмадим, йўқотиш қийинов!.
Мусурмон тоғанинг бир бурда юзига қалқиб чикқан ноумидлик шарпасини сезиб ажабландим. «Наҳотки, ҳафсаласи пир бўлган бўлса?» — деган хаёлларга ҳам бордим.
Мусурмон тоға кўнглимдан кечган ўйни сезди шекилли, секин қўшиб қўйди: «Ўзи эшитмасину… лекин, бу бадбахт дарахт ҳаммамиздан кўпроқ яшайдиганга ўхшайди…»
Унинг бу гапларидан ҳам ҳайрон бўлдим, ҳам кулгим қистади.
— Эшитади, эшитади, — деди Мусурмон тоға. — Ҳамма дарахтлар эшитади. Улар ҳам тирик жондек бир нарса-да, мулла. Ўсади, гуллайди, мева қилади, қарийди, қурийди, ўлади… Лекин, бу бедавонинг жони жуда қаттиқ экан…
Шу билан суҳбатимиз тугади. Орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтди. Табиийки, Мусурмон тоға ҳам, мен ҳам «Тхарад» ҳақидаги ўша кунги гап-сўзларимизни унутиб юборгандик. Мана энди бўлса, бугун, ярим кечада, айнан ана шу дарахт деразамизни тимдалаб, чертиб, ҳамманинг уйқусини бузиб турибди.
Беихтиёр ўрнимдан қўзғалиб, яна кўча тарафга юрдим. Кўча-кўйни қор босган, совуқ изғирин ҳамон забтига олар, дарахтларнинг новдаларидан тортқилаб, сўнгти заъфарон япроқларини юлқиб, чирпирак қилиб учирар, фақат қоронғулик қўйнида тош ҳайкатдек қотиб турган «Тхарад»нинг майда-майда баргларигина қилт этмаётганга ўхшар, гўё дарғазаб шамол ҳам бу бедаво дарахтни, унинг сертикан шохларини четлаб ўтаётгандек эди…
Дарахт тагига келдиму, бирдан унинг ҳам нотинч эканлигини ички бир туйғу билан ҳис қилдим, «Тхарад» ҳам алланечук бесар-безовта эди. Унинг айқаш-уйқаш шохлари ҳам аламли шивирлар, гўё танаси қақшаб оғриётгандек қисирлар, қоқсуяк қўлларга ўхшаш новдаларини чўзиб деворларни пайпаслар, тимдалар, гўё илтижо қилаётганга, унсиз фарёд чекаётганга ўхшаб кетарди.
Шундагина, «Тхарад»нинг ҳам қариб қолганини сездим. Энди у ҳам бошқа дарахтлар каби шамолнинг хуружию ҳужумларидан қўрққандек шох-бутоқларини кўкка чўзиб ёлборар, ўзининг тақдири шамол деб аталмиш кўзга кўринмас кучнинг шафқатсиз қўлларида эканлигини сезгандек, дағ-дағ титраб турарди…
Шу тобда, негадир унга раҳмим ҳам келиб кетди. Аммо, айни шу лаҳзаларда ўзим ҳам ожиз ва ночор эдим. Фақат, «Тхарад»нинг унсиз фарёдига қулоқ тутиш, сўзсиз ҳамдард бўлишдан бўлак нарса қўлимдан келмасди…
* * *
Эрталаб ғафлат босиб ухлаб қолибман. Шоша-пиша ишга отландим. Энди хонамга кириб боргандим ҳамки, телефонга чақиришаётганини айтишди. Ҳайрон бўлиб гўшакни қўлимга олдим. Хотиним экан. «Тез келинг!» — деди у йиғламсираган товушда. — Қўшнимиз Мусурмон тоға қазо қилибдилар…»
Паришон аҳволда уйга қайтдим. Сира ишонгим келмасди. Кеча эрталаб кўришган, одатдагидек, ҳазил-ҳузул қилиб, бирпас гурунглашгандик. Бугун бўлса, энди бу гап!.. Билиб бўлмас экан-да, одамни. Ё кечаги об-ҳаво таъсир қилдимикан? Ким билсин, балки тундаги рутубатни юраги кўтармагандир, деган хаёлда кўчамизга кириб келдим. Аммо, ҳаммаси ўйлаганимдан кўра бошқачароқ бўлиб чиқди.
Мусурмон тоға билан бизнинг эшигимиз рўпарасидаги дарахт — «Тхарад»нинг чириб кетаёзган танаси ағдарилиб ётар, уч-тўртта ёш-яланглар эса арра ва болталар билан унинг шох-бутоқларини буташмоқда эди. Ҳеч вақога тушунолмай қолдим.
Маълум бўлишича, мачитда бомдодни ўқиб қайтган Мусурмон тоға остонадаги қорни кураётган экан, туйқусдан дарахтнинг катта бир шохи синиб устига тушибди. Мусурмон тоға бояқиш ҳали ўзини ўнглаб олмасдан туриб, дарахтнинг ўзи ҳам ғирчиллаб устига йиқилибди…
Кимдир «умуртқа поғонасини эзворибди» деса, кимдир «бошини мажақлаб ташлабди» дерди. Бошқа биров эса «у ҳам эмас, бу ҳам эмас, бахтсиз тасодиф» деганга ўхшаш гап қилди.
Нимаям дейсиз, одам боласининг тақдири азалдан қочиб қутулолмаслиги-ку, тайин гап. Лекин Мусурмон тоғанинг кутилмаган ўлими қисматмикан, ёзуқмикан ёки шунчаки бахтсиз ҳодисамикан? … Ҳар нима бўлгандаям мен бу кўнгилсиз ҳодиса учун ўзимни ҳам айбдордек ҳис қилдиму, ўзимни қаерга қўйишни билмай, гангиб-каловланиб қолдим.
Қўни-қўшнилар Мусурмон тоғанинг эшиги ёнига, йўл ёқасига узун ҳарраклар ўрната бошлашди. Қандайдир чапдаст йигитлар юк машинасида тобут келтириб йўл четига қўйишди. Ичкарида хотин-халажнинг йиғи-сиғиси қулоққа чалиниб қоларди. Бирин-кетин ола-қуроқ издиҳом жанозага йиғила бошлади…
Уч-тўрт йигит «ҳой-ҳой»лашиб шох-бутоқлари чопилиб, қўли-оёғи кесилган одамга ўхшаб қолган «Тхарад»ни кўтариб, йўл чеккасидаги буталар орасига олишаётганини кўриб, мен ҳам уларга ёрдамлашгани ошиқдим.
Ва шу пайт … уни ерга ташлаётганимизда, ариқ четида бўй чўзиб турган, қизғиш новдаларини игнадек-игнадек тиканлар қоплаган пастаккина бутага кўзим тушди-ю, қотиб қолдим.
Йўлнинг бериги томонини ёриб чиққан бу ниҳол ҳам — «Тхарад» эди…