ФИРДАВС: Мени бу ерга қачон, қай аҳволда олиб келишганини билмайман.
Кўзимни очсам, оти ҳам, ўзи ҳам совуқ «реанимация» хонасида ётибман.
Энига беш, бўйига уч қулоч келадиган, шифтию деворларига оппоқ кафел ёпиштирилган хона. Девордаги бир жуфт неон лампаси, хона бурчагидаги дори-дармонлар, сонсиз-саноқсиз шиша идишлар солинган ойнаванд шкаф ва хона ўртасидаги учта баҳайбат кароватни айтмаса, бу ерда диққатни тортгулик бошқа ҳеч вақо йўқ.
Мен ўртадаги кароватда кўз очдим. Чап тарафимдагиси бўш. Ўнг тарафда эса кимдир ётар, лекин у тирикми, ўликми, айтиш қийин эди.
Мен кўзимни очдиму, аввал қаерда эканлигимни англаёлмадим, анграйиб у ёқ-бу ёққа қарадим ва яна юмдим. Тепамда кимлардир ғўнғир-ғунғир қилаётгандек бўлди.
— Анави киноактёр, шекилли? — деди аёл кишининг овози. — Оти нимайди?
— Фирдавс Шарипов-да, танимадингизми? — шивирлади иккинчи аёл.
— Вой, ҳали бор экан-ку қамалибми, ўлибми кетган дейишарди, — қўшилди учинчи аёл.
Аввалига уларнинг мени таниганларига ҳайрон бўлдим. Кейин киноактёрлигимни эсладиму, бу ерга қачон ва қай аҳволда келиб қолганим ёдимга тушди…
Аниқ эсимда, бундан ўн-ўн беш кунча бурун кимдандир кинорежиссёр Солиҳовнинг мен билан қизиқаётганини, янги олаётган филмига таклиф қилиш ниятида эканлиги ҳақида эшитган ва очиғи, қулоқларимга ишонмагандим. Мени-я?!
Қадрдон студиямизга кириб бораётсам, қоровул йигитча сапчиб ўрнидан туриб. «Ўв! қаёққа?» — деб тўхтатди. «Мен актёрман», — дедим. У бошдан-оёқ менга қараб қўйди-да, турқимми, эски кўйлак-шимимми, ёқмади шекилли, бурнини жийириб «Сиздақа актёрни билмайман», — деди.
Бир кўнглим «Мен киноюлдуз бўлиб юрган пайтларимда сен иштончан бола эдинг, сўтак!» — деб ёқасидан олгим келди-ю, кечагина қамоқдан чиққан собиқ маҳбус сифатида ўзимни босдим ва «Мени кинорежиссёр Солиҳов чақиртирганди», — дедим.
У «Солиҳов Сурхондарёда, съёмкада, ҳафтанинг охирида келади», — деди.
— Директор-чи? Шамсиев ўзидами? — сўрадим ундан.
— Тўра Шамсиевич шу ердалар, лекин бугун ҳеч кимни қабул қилмайдилар, — қўлларини ёзди қоровул.
— Мени айтсанг қабул қилади, — дедим мен директорни менсимаганроқ оҳангда.
Қоровул йигитча ҳайрон бўлиб телефон рақамларини терди ва трубкани олифта ҳаракатлар билан қулоғига тутиб, илжайди.
— Светахон, қалайсиз? Ойдеккина бўлиб ўтирибсизми? Раҳмат, раҳмат. Мана, сизни ҳеч ким олиб қочиб кетмасин деб эшик олдида пойлаб ўтирибман — қоровул йигитча дўрдоқ лабларини кувача қилиб кулди-да, менга кўз қирини ташлаб қўйиб деди: — Бу ерда бир артист Тўра Шамсиевични кўришим керак деб турибди. Ҳа… Мен ҳам шунақа, у киши қабул қилмасалар керак десам, «Мени айтсанг қабул қилади», — деб тепамда турибди-да! — у шундай деб хўмрайиб менга қаради. — Отингиз нимайди?
Айтдим. Шуниси қизиқки, ўша заҳоти қоровулнинг турқи ўзгарди, трубкани менга узатди ва «Телефондан фойдаланганингиз учун юз сўм», — деб шипшиб қўйди. Мен унинг сур башарасидан юзимни буриб, трубкани олдим.
— Тўра, бу мен. Фирдавс акангман, — дедим салом-аликни ҳам насия қилиб, — Солиҳов сўратган экан. Хабаринг йўқми?…
Афсуски, симнинг у томонидан студия директори хотинчалиш товушда нималардир деб минғирлади. Кейин «Узр, бугун қабул қилолмайман. Бошқа куни бир келинг», — деб трубкани қўйди.
Ҳанг-манг бўлиб қолдим. «Вей, сенинг олдингга келмадим-ку, номард? Шунчаки, эски таниш-билишлигимиз ҳаққи салом-алик қилгим келди холос.»
Шу хил хаёллар билан Новза тарафга кетаётсам, уч-тўртта оператор, муҳаррир йигитлар пиво ичиб гурунглашиб ўтиришган экан. Таклиф қилишди. Ичдик. Пивога ароқ аралашди. Ароққа пиво… Шундан кейин студияга қайтдикми-ей.., қоровул йигитча уларни киргизмайман дедими-ей. Мен уни тумшуғига мушт тушириб йиқитдимми-ей, қисқаси, ичкаридан Тўра Шамсиев чиқиб келгани ва менга қараб, «Агар ҳозир бу ердан кетмасангиз, қолган умрингиз ҳам турмада чириб кетади», — дегани эсимда…
Алламаҳалда уйга қайтдим. Уйга етиб келдим-у, мазам қочди. Нафасим сиқиб, ҳаво етишмай қолди. Кўкрагимда чидаб бўлмас оғриқ пайдо бўлди ва эшикни очаётиб беҳуш йиқилдим. У ёғини эслаёлмайман…
ПАРИЗОД: Навбатчиликка келсам, ҳамшира қизлар «Реанимация хонасида киноактёр ётибди», — дейишди. Талабалик пайтларимизда жуда машҳур бўлган Фирдавс Шарипов эканлигини билиб ҳайрон бўлдим. Қарадим. Ўлақолса ўхшамайди.
Жингалакка мойил сочлари оқариб кетган, озиб, қорайган юзларига ажин тўр ташлай бошлаган, қоқсуяк йигит. Бир пайтлар кўзлари катта-катта, қадди-қомати келишган, ёқимтой йигит эди.
Айниқса, яхши кўрган қизи ва ўша ерда тоғ кўчкиси тагида севгилисини қучоқлаганча тош-тупроқ остида тириклай кўмилган қаҳрамон йигитга ўшанда, биз қизлар, ҳавасимиз келар ва ошиқ-маъшуқларнинг бу аянчли қисматига ачиниб кўз ёш тўкардик.
Мана бугун юракларимизни ларзага солган ўша артист йигит мен ишлайдиган «реанимация» бўлимида, шундоққина қаршимда ётибди.
Навбатчиликни топшираётган, қабул қилиб олаётган ҳамкасб қизлар у ҳақда ғалати-ғалати гапларни айтиб беришди.
Эмишки, Фирдавснинг хотини жуда гўзал, у ҳам актриса экан. Бир куни уни жазмани билан ушлаб олибди ва икковини сўйиб ташлабди. Шундан кейин қамалиб кетган дейишади.
Қай бири чин, қай бири ёлғон, айтиш қийин. Лекин, барибир, ҳар ҳолда шундоқ маълум ва машҳур одам мана ҳозир кароватда чилпарчин бўлиб ётибди. Касали оғир. Охири нима билан тугайди, бирон нима деб бўлмайди. Бунақа соатларда эса ҳеч нарсанинг аҳамияти қолмайди. На шон-шуҳрат, на мол-давлат, на ҳусну малоҳат. Ҳаммаси бир пулга қиммат.
ФИРДАВС: Қип-қизил томошақовоққа айландим-қолдим.
«Реанимация» хонаси бир қараганда иккига бўлинганга ўхшаб кетади. Кароватлар турган хонанинг рўпараси ойнаванд девор билан ажратилган. У ерда ҳар куни оқ, кўк халат кийган қиз-жувонлар кўринишади. Нималарнидир гаплашишади, кулишади, шивир-шивир қилишади, мен тарафга тез-тез қараб қўйишади, кейин тарқалишади.
Сезаман. Кўпроқ улар мен ҳақимда гаплашадилар. Кейинги кунларда диққат марказида бўлиб қолганим сир эмас. Турган гап, мен, менинг киноларда ўйнаган ролларим ва албатта, хотинимнинг хиёнати, уни жазмани билан тутиб олганим ва ўлдирганим, кейин қамалиб кетганим ҳақидаги олди-қочдиларни гапиришади.
Хотинимнинг қадам босиши бежороқ эканини у студияга ишга келган кезлариёқ сезган ва лекин бунга ўша пайтда ортиқча эътибор бермагандим. Нимаям дейсиз? Артистларнинг ҳаёти ўзи шунақа бўлади. Ярим ҳазил, ярим чин қилиб айтганда, бугун «шоҳ» бўлсанг, эртага «гадо»сан, бугун кимнингдир «эри»ни ўйнасанг, эртага «ўйнаш»ини талқин этасан! Қисматинг шунақа! Шу сабаб, мен ҳам хотинимни тушунишга ҳаракат қилардим. Лекин, у ишончимни поймол қилди.
Куз кунларининг бирида қандайдир мелодрамани суратга тушириш учун Чимён тарафга отланишди. Ўзим кузатиб қўйдим. Орадан уч-тўрт кун ўтмай, ҳаво бирдан совиб кетди. Шаҳарда шунчалик, тоғларда бешбаттар бўлса керак деган хаёлда хотинимнинг иссиқ жемфери, мўйна ёқали курткасини олиб йўлга чиқдим. Чимёнга минг азобда етиб келдим. Қарасам, жимжит. Съёмкалар уч кун олдин тўхтатилган, ҳамма уй-уйига қайтиб кетган экан. Ҳайрон бўлиб қолдим. “Унақада нега хотиним уйга бормади? Уч кундан бери қаёқда бўлиши мумкин?” — деган савол мени довдиратиб қўйди. Хоразмга кетгандир десам, ўзи у ёқдан қайтганига ҳали ўн кун бўлмади. Машинамга миниб яна шаҳарга қайтдим. Режиссёрга қўнғироқ қилсам, «Ҳаво айнигани муносабати билан ҳаммага рухсат берворганман. Янглишмасам, хотинингиз Илёсовнинг «Волга»сида кетгандай эди», деди.
Илёсов деганлари студияга яқинда келган, ёш истеъдодли артистлардан бири эди. Олифта, ҳаммага бир қарич тепадан қарайдиган йигит биринчи кўрганимдаёқ ёқмади. Суриштириб уйига бордим. «Бўстонлиқда, дачадалар», — дейишди. Юрагим қандайдир нохушликни сезиб, тоғ йўлига чиқдим. Топиб бордим. Дарё бўйидаги дарахтзор орасига жойлашган икки қаватли дача экан. Мен Илёсовни ва хотинимни шу ерда ушладим… Тўшакда бир-бирларига чирмашганча ором олиб ётганларида устиларига бостириб кирдим.
Улар буни кутишмаган эди, албатта. Важоҳатимни кўриб бақрайиб қолишди.
Хотиним чойшабга чала-чулпа ўралганча бурчакка тиқилиб олди. Илёсов аввалига қочишга уринди, кейин бунинг фойдасиз эканлигини сезди, шекилли, қўлига илингулик нарса қидириб орқага чекинди. Мен эса тикка устига бостириб боравердим. У дағ-дағ қалтираганча ойнаванд «балкон» ёнида тўхтади. Шундагина унинг қизларникидек чиройли, шаҳло кўзларида қўрқув эмас, балки, кишини ҳақоратлагувчи истеҳзо зоҳир бўлганини сездим-у, унга қараб яна уч-тўрт қадам қўйганимни биламан, хотиним «Тегманг», — деб елкамга ёпишди. Уни улоқтириб ташлаб, Илёсовга отилдим. Бир вақтлар «Қотилликда айбланади», — филмига тушиш учун махсус таэквандо курсларида шуғуллангандим. Шу қўл келди. Бир сакрашда Илёсовнинг жағини эздим. «Балкон»нинг ойнаванд деразаси қарсиллаб синди. Илёсов шиша синиқлари билан бирга сувсиз, қуриб ётган мармар «бассейн»га гурсиллаб тушди ва «оҳ» тортиб юборгани эшитилди.
Мен орқага ўгирилдим. Кўзлари даҳшатдан олайган хотиним қочишга уринди. Унинг сочларидан ғижимлаб, судраб кўчага олиб чиқдим ва машинамнинг юкхонасига тиқдим. Газни босдим…
Эртасига мени ушлашди. Илёсов кеча мармар «бассейн»га йиқилгандаёқ боши пачоқланиб тил тортмай ўлган, хотиним эса тонготар машинам юкхонасида қолиб эси кирди-чиқди бўлиб қолган экан. У шундан кейин ҳам анчагача ўзини жинни-санғига солиб юрди. Ана шу ерда унинг артистлиги қўл келди, назаримда.
Мени эса қамашди. Қамоқда эканлигимда хотиним бошқа бировга турмушга чиқиб, Хоразмга кетганини эшитдим.
ПАРИЗОД: Аксига олиб ҳар куни навбатчиликда туришимга тўғри келиб қолди.
Ҳамкасб дугоналарим ўзи билан ўзи. Матлуба турмушга чиқадиган, тўйи ҳаракатида, Зайнабнинг боласи касал, Саида бўлса отпускада, Фарғонага кетган. Кунботардан тонготаргача «реанимация» хонасида навбатчиликда ўтираман.
Баратов деган бир бемор чол бор эди. Уруш қатнашчиси. Икки оёғи тиззадан йўқ. Икки қўли ишламайди. Лекин шунга қарамай, ниҳоятда иродали эди. Миқ этмас, шифтга тикилганча ётаверарди. Кўп ўтмай уни ҳарбий госпиталга олиб кетишди.
Иккинчи бемор — Хуррамов деган ўрта ёшлардаги киши эса узоққа бормади. Уч кун ётди-ю, ўлди. Олиб чиқиб кетишди.
Ҳозирча артист Фирдавс Шарипов қолди холос. У ҳам уззукун шифтга тикилганча хаёл суриб ётади. Гаплашгим келади. Лекин ноқулай! Бир куни укол қилаётганимда гапдан-гап чиқиб, бир ўйнаган роли ҳақида сўрадим. У гапиришни истамади. Хотини билан бирга рол ўйнагани учун эслагиси келмадими, билмадим?…
ФИРДАВС: Ҳар куни рўпарамдаги катта ойна билан тўсилган хонада енгил калта оқ халат, шим ва оқ шапкача кийиб олган қиз нималардир ёзиб, чизиб ўтиради.
Ора-чора мендан хабар олади. Дори-дармон беради. Муолажа қилади. Еб-ичишим билан қизиқади. Шундан кейин яна хонасига кириб олиб, ё китоб ўқийди, ё менга тикилганча ўтираверади.
Жуда чиройли қиз. Кўзлари хумор. Қадди-қомати келишган. Жуда ёқимли жилмаяди. Кулганида ҳаммаёқ ёришиб кетгандек туюлади. Дугоналари унга «Пари» деб мурожаат қилишларидан, исми «Фарида» бўлса керак деб ўйлагандим. Йўқ, «Паризод» бўлиб чиқди. Исми жисмига муносиб. Эртаклардаги паризодларнинг ўзи! Қайси куни ўзим ҳам тикилиб қолибман. Шунчалар қора, шунчалар тиниқ, шунчалар чуқур эдики, бу кўзларнинг туб-тубига чўкиб бораётгандек эдим, назаримда.
ПАРИЗОД: Бугун бешинчи кун «реанимация»даман. Биттагина оғир касал бор. У ҳам бўлса, Фирдавс Шарипов.
Бечорани жуда қийнаб юборишди. Ҳали ётган жойида қон олишади. Ҳали ёнбошига, ҳали қўлига, ҳали қорнига сон-саноқсиз укол қилишади, билагига игна санчиб, соатлаб дори томчилатиб қўйишади. Қийналиб кетди шўрлик. Баъзан, «Мен бу ерга худди тажриба учун олиб келинган қуёнга ўхшайман», — деб маъюс кулимсираб қўяди.
Қайси куни унинг бир жилд китобга ўхшаб қолган касаллик тарихини варақлаб ўтириб юрагим орқага тортиб кетди. Унга қўйилган ташҳис аниқ. Ўпкаси ишдан чиққан, фақат бақувват юраги, кучли дори-дармонларгина уни киприкдаги ёшдек ушлаб турибди. Жуда раҳмим келди. Ўзи бўлса… ўзиям билса керак, лекин сездирмайди. Ҳайрон қоламан. Аслида-ку, унинг оғриқларига одам тугул, фил ҳам бўкириб юбориши керак…
ФИРДАВС: Ҳамшираларнинг юз-кўзларидан, гап-сўзларидан бугун тиббиёт ходимлари байрами эканлигини сезиб қолдим. Шундан кейин, Паризод навбатдаги анализларни олиб чиқиб кетган пайтда ўрнимни худди одам ётгандек дўппайтириб қўйиб, ташқарига чиқдим. Ҳаво салқин. Реанимация биноси рўпарасидаги кичкинагина гулзор жимжит эди. Беш-олтита гул юлиб олиб, бўш шиша банкага солиб, Паризод ўтирадиган хонадаги стол устига қўйиб, яна жойимга ётиб олгунча қаро терга ботиб кетдим, юрагим ҳапқириб, ўпкам оғзимга тиқилиб қолди. Аранг ўрнимга чиқиб ётдим. Жуда ҳолдан тойганим учунми, ухлаб қолибман. Қанча ётдим билмайман, бир маҳал қарасам, Паризод рўпарамдаги ойнаванд хонада ёлғиз ўзи олдидаги гулларга тикилганча хаёлга чўмиб ўтирибди…
ПАРИЗОД: «Бугун тиббиёт ходимлари куни, байрам. Истасангиз, навбатчиликни бошқа бировга топширишингиз мумкин», — дейишди. Кўнмадим. Нега энди мени деб биров байрам завқидан, шу бир кунлик дам олиш кунидан маҳрум бўлиши керак. Қолаверса, негадир шу куни, шу кеча ҳам реанимация хонасида қолгим келди. Буни ким қандай тушунди, билмадим. Рост-да, нима менинг уйимда йиғлаб ётган болам, ё ишдан келиб, «Овқат пишдими?» — дейдиган эрим бормиди?!
Тушдан кейин, ҳамма байрам сайли ўтказиладиган шаҳар хиёбонига кетишди. Мен ва яна беш-олти киши қолдик. ҳамширалар, санитаркалар билан лабораторияда тушлик қилдик. Хонага қайтиб келсам, столим устида сув солинган шиша банка ичида беш дона қизил атиргул чўғдек бўлиб ёниб турибди. Ғалати бўлиб кетдим. Ким қолдирган, ким олиб келган бўлиши мумкин, ақлим етмади.
Ойнаванд девор орқали реанимация хонасига қарадим, Фирдавс Шарипов ҳамон ухлаб ётибди…
ФИРДАВС: Паризодни байрам билан табрикладим. У ҳайрон бўлиб қолди.
— Қаердан биласиз — сўради у киприкларини пирпиратиб.
— Сиз билмаган кўп нарсаларни биламан, — дедим жилмайиб.
— Ҳовлидан гул ўғирлаб, стол устига қўйишниямми? — деди Паризод.
— Сизни табриклагим келди, — дедим нима дейишни билмай, — бунинг устига ёлғиз ўзингиз… Худди мен бирон ёққа қочиб кетадигандек пойлаб ўтирибсиз. Қўлимдан келганда-ку, бошқача табриклардим-а?
— Қанақа? — ҳайрон бўлди Паризод.
— Масалан, — дедим мен, — битта коньякми, шампанми, тортми олиб келиб…
— Униси шарт эмас, — бош чайқади Паризод, — бу ер касалхона. Мумкин эмас.
— Нега? Йилда бир кун ҳам мумкин эмасми? — афсуслангандек дедим мен. — Эссиз, охирги марта қачон шунақа ўтирганимни эслаёлмайман.
Паризод индамади.
— Юз йил яшаш шарт эмас, — давом этдим мен, — лоақал бир соат, ярим соат бўлса-да, одамдек яшаш керак. қаердадир ўқигандим. Тошбақадек азобда судралиб икки юз йил яшагандан кўра, капалакдек эрталаб дунёга келиб, кечқурун кўз юмган ҳам маъқул экан…
— Бунақа гапларни қўйинг, Фирдавс ака, — аста шивирлади Паризод.
ПАРИЗОД: Фирдавс аканинг гапларини эшитиб ғалати бўлиб кетдим. Беихтиёр, унинг «Касаллик тарихи»даги бешафқат ёзувларни эсладим ва ўрнимдан турдим:
— Яхши, — дедим секин, — бугун байрам қиламиз, Фирдавс ака…
ФИРДАВС: Паризод сўзининг устидан чиқди. Кечаси кароватим ёнига ғилдиракчали столча олиб келди. Шампан қўйди. Ликопчаларда пирожний, олма, анор, нон, қадаҳлар…
ПАРИЗОД: Фирдавс акани таниб бўлмай қолди. У бирдан ўзгариб кетди. Юзига қон югуриб, кўзлари чақнади, лабларига табассум югурди. Аммо на унинг ўзи, на мен бу ҳолат шамнинг ўчиши олдидан бир аланга олиб ёнишига ўхшаш эканлигини билмасдик. Мен буни сезардим. Аммо…
Шампан виноси таъсир қилди шекилли, унга мен яхши кўрган йигит яқин дугонамга уйланиб кетгани, ҳам севгимдан, ҳам севгилимдан, ҳам дугонамдан жудо бўлганим ҳақида сўзлаб бердим. Нега билмайман?
Фирдавс ака эса менга тикилиб қолди ва деди:
— Номард йигит экан. Хафа бўлманг, бунақалар эслашга ҳам арзимайди…
Кейин у бошини қўллари орасига олиб чайқади ва шивирлади:
— Мен эса умр бўйи сизга ўхшаган қизни тополмай ўтдим…
— Унақа деманг, уят бўлади, — дедим унинг сочларини силаб.
У бўлса беихтиёр билакларимдан ушлаб бағрига тортди.
— Унақа қилманг, қўйворинг, — ёлвордим мен…
ФИРДАВС: Паризод бургут чангалига тушган қушча мисоли питирлай бошлади. Аранг ўзимни қўлга олдим. «Кечиринг», — дедим-у, қўйиб юбордим ва қилғилигимдан уялиб тескари қарадим…
ПАРИЗОД: — Кечиринг, — деди Фирдавс ака аста.
Чидаб туролмадим. Шартта қадаҳларга шампан қуйиб узатдим.
— Келинг, учрашиб қолганимиз учун ичамиз, — дедим шивирлаб.
Фирдавс ака ҳайрат билан менга қаради. Уялганимдан юзларим ловиллаб кетди. Кўзларимни олиб қочдим.
— Майли, лекин жуда кеч… Шуниси алам қилади…
Мен ўзимни тутолмай қолдим. Бўйнидан қучиб, лабларига лабларимни босдим. Сочларим ёйилиб кетди…
— Бу биринчи марта, биринчи ўпишишим, — дедим кўзларимга ёш тўлиб.
Фирдавс ака инграб юборди…
ФИРДАВС: Буни кутмагандим. Бу гулдек нафис, гулдек нозик, гулдек муаттар қизнинг бағримга сингиб кетиши, ғунча лабларини лабларимга босишининг ўзидан ҳайратда эдим. Сочлари мажнунтол мисоли юз-кўзларимга ёйилган, шаршара тагида чўмилаётгандек эдим гўё…
Ичимга ўт тушгандек бўлди. Нафасим қайтиб кетди. Кўз олдим қоронғилашиб, бошим айлана бошлади.
Сутдек оппоқ дарёда қайиқда сузиб кетаётгандек ҳис қилдим ўзимни.
ПАРИЗОД: Азобли тонг отди. Ким билсин, балки, у кимлар учундир такрорланмас, гўзал бир кечанинг хотимаси бўлгандир? Лекин мен учун ширин оғриқларга тўла, изтиробли тонг бўлди…
Биринчи бўлиб даволовчи врач, кейин бўлим мудири, бошқа ҳамширалар келишди. Хонага киришди. Чуқур уйқуга кетгандек ётган Фирдавс аканинг каровати тепасида тўхташди.
— Ўлдими? — деди бўлим мудири менга қарамасдан.
— Ҳа, — дедим кўз ёшларимни ичимга ютиб.
— Шунақа бўлиши керак эди, — деди даволовчи врач, — куни, соати, ҳатто дақиқаларигача тўғри келади. Ҳисоб-китобларга кўра, шу кеча вафот этиши керак эди…
Ҳамма чиқиб кетди. Мен яна бир лаҳза Фирдавс аканинг ёнида қолдим. Унинг ганчдан ишлангандек оппоқ юзларига, алланечук сирли бир табассум қотиб қолган рангсиз лабларига тикилганча қанча турдим билмайман.
«Ажаб? — дея ўйланиб қолдим шу лаҳзаларда. — Унинг ўлими қачон, қай пайтда содир бўлиши аллақачон ҳисоб-китоб қилиб қўйилган экан-да. Қизиқ, ўзи билармиди? Назаримда, биларди. Билмаса ҳам, ички бир туйғу билан ҳис қилган бўлиши керак. Акс ҳолда, унинг лабларида бахтли эмас, изтиробли табассум муҳрланиб қолган бўларди…»
* * *
Эртасига бемор Фирдавс Шариповнинг «касаллик тарихи»га унинг оғир хасталикдан сўнг вафот этгани ҳақидаги хулосалар қайд этилиб, ёпилди.
Ҳамшира қиз Паризод эса уч-тўрт кун ишга келиб, келмай юрди-ю, кейин бошқа касалхонага ишга ўтиб кетибди, деган гап тарқалди.